ШАХСЛАРНИНГ АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИК ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу масаланинг долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 5 апрель куни “Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги”ги 190-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини алкотестер ёрдамида аниқлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Шу билан бирга, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низом 7 боб, 30 та моддадан иборат таркибда тузилган бўлиб, 1-бобда умумий қоидалар, 2-бобда  алкотестер текшируви давомида алкотестердан фойдаланиш тартиби, 3-бобда масъул ходимларнинг алкотестер текширувини ўтказишда фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 4-бобда текширилувчи шахснинг масъул ходимлар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 5-бобда тиббий текширувдан ўтказиш тартиби, 6-бобда тиббий текширув натижаларини расмийлаштириш ва 7-бобда якунловчи қоидалар кўрсатилган.

Қарорда белгиланишича, ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқланса, бироқ натижалари бўйича ушбу шахсда эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун ушбу шахс масъул ходимлар томонидан туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб борилади.

Қарорга мувофиқ, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари алкотестерлар билан тўлиқ таъминлангунга қадар шахслар туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

Бунда шуни қайд этиш лозимки, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.

Низомга кўра, қуйидагилар алкотестер текширувини ўтказиш учун асос бўлади, яъни шахснинг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши; шахснинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши); шахс нутқининг бузилганлиги; шахс қўл бармоқларининг қалтираши; шахс юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.

Алкотестер текширувидан олдин масъул ходимлар текширилувчи шахс ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби ва кўрсаткичлари билан таништиради, уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжат ва бошқа кўрсаткичлар билан таништирилмаганда ёки махсус мослама носозлигига шубҳа мавжуд бўлганда ёхуд алкотестер текширувини ўтказиш жараёнида санитария-гигиена қоидалари бузилганда, шахс алкотестер текширувидан ўтишдан бош тортиши мумкин.

Алкотестер текшируви жараёнида масъул ходим томонидан текширилувчи шахс билан мулоқотда хушмуомала, унга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонунчилик талаблари асосида бўлиши, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим.

Текширилувчи шахснинг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда, масъул ходимлар текширилувчи шахсга нисбатан алкоголли ичимликларни истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан холислар иштирокида (алкотестер мосламасининг қиёслаш сертификати рақами баённомада кўрсатилади) баённома расмийлаштиради ҳамда алкотестер текшируви натижаларини ушбу баённомага илова қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 апрелдаги 190-сон қарорига 2-иловада 2024-2025 йилларда туман (шаҳар) ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларини босқичма-босқич алкотестерлар билан таъминлаш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга кўра Сурхондарё вилоятидаги мавжуд 15 та туман, шаҳарлар жорий 2024 йилда 8 та, келгуси 2025 йилда эса 7 та алкотестер мосламалари билан таъминланиши кўрсатилган.

Келгусида судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни ва бошқа турдаги материалларни кўриб чиқишда мазкур Қарор ва Низом талабларига риоя этилиши ҳолатларига эътибор қаратилиши лозим бўлади.

ОТАБЕК ЭРГАШЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҚОНУНИЙ ЭГАЛИГИДА БЎЛГАН УЙ-ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак” деб белгиланган.

Судлар томонидан фуқароларнинг мулкдан фойдаланиши билан боғлиқ низолар кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилмоқда.  

Жумладан, судга даъвогар Ахмедов Али (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Алиев Мансурга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб,  нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан уй сотиб олганлигини, бироқ ушбу уйда жавобгар яшаётганлигини сабабли, ушбу уйдан фойдалана олмаётганлигини, жавобгарга уйни бўшатиб беришни сўраган бўлса-да, уйдан чиқмасдан келаётганлиги учун мазкур уйдан жавобгарни мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир” деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 185-моддасига кўра “шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса – рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади” деб белгиланган.

Даъвогар Ахмедов Али низоли бўлган уйнинг мулкдори ҳисобланади.

Аммо даъвогар Ахмедов Алига тегишли бўлган уй-жойдан жавобгар Алиев Мансур чиқмасдан мулкдор талабини бажармаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шерободл туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, унга кўра  жавобгар Алиев Мансур даъвогар Ахмедов Алига мулк ҳуқуқи асосида  тегишли бўлган уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш белгиланиб, даъвогарнинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари тикланди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҲАР БИР БОЛА ТУРАР ЖОЙЛИ БЎЛИШ ҲУҚУҚИГА ЭГА

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 19-моддасига кўра, ҳар бир бола турар жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Мазкур ҳуқуқ қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда амалга оширилади.

Турар жой мулкдорининг ёки турар жойни ижарага олувчининг оила аъзолари бўлган болалар улар қаерда бўлишларидан қатъий назар, турар жой мулкдори ёки турар жойни ижарага олувчиси эгаллаб турган турар жойга нисбатан ҳуқуққа эга бўлади.

Хусусан, даъвогар З.Р судга даъво аризаси билан мурожаат қилиб, жавобгар Б.О билан 2012 йил 14 февраль қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, биргаликдаги турмушлари давомида бир нафар яъни, 14.02.2012 йилда туғилган Д.Р исмли фарзанди туғилганлигини,  жавобгар билан ўзаро келишмовчиликлар натижасида 2023 йил июнь ойида ўғли билан уйдан чиқиб кетганлигини, ҳозирги пайтда ота-онасига тегишли бўлган уйда яшаб келаётганлигини, жавобгар Б.О уларни келин бўлиб тушган, илгари яшаб келган қайнотаси И.В.га тегишли бўлган уйга киритишга қаршилик қилаётганлигини, шу уйда рўйхатда туришини билдириб, ўзи ва ўғлини туманнинг Озод кўчасида жойлашган 101-уйга киритишни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар И.В томонидан келтирилган кассация шикояти Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилди.

Шикоятда биринчи инстанция суди ишни иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатларни тўлиқ аниқламасдан, моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини бузган ҳолда кўриб чиққанлигини билдириб, ушбу асосларга кўра, суднинг мазкур ҳал қилув қарорини бекор қилиш ҳамда даъвогарнинг даъвосини қаноатлантиришдан рад қилиш сўралган.

Даъвогар турмуш ўртоғи билан бир оила бўлиб, қайнотаси И.Внинг номида бўлган, туманнинг Озод кўчаси 101-уйда 2023 йил июнь ойига қадар бир нафар фарзанди билан бирга яшаган.

Судлов ҳайъатида аниқланишича, тарафлар ўртасидаги қонуний никоҳ ҳозирги кунга қадар бекор қилинмаган бўлиб, бунга кўра улар бугунги кунда ҳам эр-хотин ҳисобланишади.

Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддасига асосан уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.Турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади.

Биринчи инстанция суди юқоридаги қонун талаблари ва судда аниқланган иш ҳолатларига кўра, даъвогар З.Р.нинг жавобгар Б.О билан қонуний никоҳда эканлигини, бунга кўра улар ҳали ҳам эр-хотин ҳисобланишларини, биргаликдаги турмушларидан ўрталарида бир нафар вояга етмаган фарзанди бўлиб, даъвогар низоли уй-жойда 2012 йилдан токи  2023 йил июнь ойига қадар яшаб келганлигини, бунга кўра у жавобгарларнинг оила аъзоси ҳисобланиб, низоли уй-жойдан фарзанди билан биргаликда фойдаланишга ҳақли эканлигини, даъвогар низоли уй-жойга жавобгар томоннинг қаршиликлари сабабли кириб, яшолмаётганлигидан келиб чиқиб, даъвони қаноатлантириш ва даъвогарни бир нафар вояга етмаган фарзанди билан биргаликда низоли уй-жойга киритиш тўғрисида қонуний ва асосли хулосага келган.

Зеро, ҳар ким яшаш ва турар жойли бўлиш ҳуқуқига эгадир.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СУДДА МЕРОСХЎРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ

Ҳар бир мусулмон шахс ва оила яхши билиши лозим бўлган масалалардан бири бу – мерос масаласидир. Мерос деганда вафот этган шахс ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлар кўзда тутилади.

Мерос масаласи деярли ҳамма халқларда, қавмларда бор масала. Исломдан олдин мерос масаласи ўзига хос тарзда бўлган. Илоҳий низомга эмас, жоҳилий низомга хос бўлган.

Энди эса бир суд амалиётига назар ташласак.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди томонидан даъвогар А.Б нинг жавобгарлар Б.С ва Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идорасига нисбатан “28.12.2016 йилдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши суд мажлисида кўрилиб, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилди.

Аниқланишича, А.Б ва Б.С 1991 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришган ҳамда уларнинг биргаликдаги турмушларидан олти нафар фарзандлари бор.

Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномасига кўра, А.Б. 2010 йилда вафот этган.

Шўрчи туман ҳокимининг 2016 йилдаги тегишли қарорига асосан Шўрчи туман “Гўзаллик” шаҳарчаси ҳудудидаги 1200.0 кв.м. ер участкасига нисбатан марҳум А.Б.нинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.

Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилда берилган ва реестрга тегишли сон билан қайд этилган эр-хотиндан бирининг вафотидан кейин уларнинг бирига умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага кўра, Б.С.нинг вафот этган марҳум турмуш ўртоғи А.Б билан биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган мол-мулкнинг ½ қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи тасдиқланган.

Шунингдек, Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилда берилган ва реестрга қайд этилган Қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномага асосан марҳум А.Б.га тегишли барча мол-мулкнинг 1/7 меросхўри сифатида Б.С ва вояга етмаган фарзандлари эканлиги тасдиқланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси 1-қисмига кўра, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги қайд этилган.

Ушбу Кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар деб белгиланган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси 1-қисмида “Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.”-деб белгиланган.

Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланган даъвогар А.Б.ни жалб этиб, унинг улушини ажратмасдан ҳамда даъвогарга тегишли улушни жавобгар Б.С.га бериб юбориб хатоликка йўл қўйган бўлиб, бунинг оқибатида унинг биринчи навбатдаги меросхўр сифатидаги ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган.

Суд юқоридаги норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Хулоса қилиб айтганда, низолашувчилар ўзаро келиша олмасалар манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд низони қонунда белгиланган катъий қоидаларга таяниб ҳал қилади.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

СЕРВИТУТ:  ҚЎШНИЧИЛИК МУНОСАБАТЛАРИНИ МУСТАҲКАМЛАШНИНГ ҲУҚУҚИЙ ВОСИТАСИ

Сервитут – бу ўзганинг мулкидан чекланган тарзда фойдаланиш ҳуқуқи бўлиб, қўшнилар ўртасидаги муносабатларни тартибга солишда муҳим рол ўйнайди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 173-моддасига кўра, кўчмас мулк (ер участкаси, бошқа кўчмас мулк) эгаси қўшни ер участкасининг эгасидан, зарур ҳолларда эса – бошқа ер участкасининг эгасидан ҳам ўзганинг ер участкасидан чекланган тарзда фойдаланиш (сервитут) ҳуқуқини беришни талаб қилишга ҳақлидир.

Ўзганинг ер участкасидан пиёда ва транспортда ўта олишни таъминлаш, электр узатгич, алоқа ва қувур линияларини ўтказиш ва улардан фойдаланиш, сув билан таъминлаш учун, шунингдек кўчмас мулк эгасининг эҳтиёжларини сервитут белгиламай туриб таъминланиши мумкин бўлмаган бошқа эҳтиёжларини қондириш учун сервитут белгиланиши мумкин.

Ер участкасида сервитут белгиланиши ер участкаси эгасининг ушбу участкага эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш ҳуқуқларидан маҳрум этмайди.

Сервитут белгилашни талаб қилаётган шахс билан ўзга ер участкасининг эгаси ўртасидаги битимга мувофиқ сервитут белгиланади ва у кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни рўйхатдан ўтказиш учун белгиланган тартибда рўйхатдан ўтказилиши лозим. Сервитутни белгилаш хусусида келиша олинмаса ёки унинг шартларида муросага келинмаса, баҳс сервитут белгилашни талаб қилаётган шахснинг даъвоси бўйича суд томонидан ҳал этилади. Шунингдек, жамоат эҳтиёжлари учун зарур бўлган ҳолларда сервитут қонунга мувофиқ тегишли давлат органи томонидан ҳам белгиланиши мумкин.

Сервитут белгиланган участканинг эгаси, агар қонунда бошқа тартиб назарда тутилган бўлмаса, сервитут кимнинг фойдасини кўзлаб белгиланган бўлса, ўша шахсдан участкадан фойдаланганлик учун мутаносиб ҳақ талаб қилишга ҳақлидир.

Сервитут қўшничилик муносабатларида кўплаб муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Масалан, агар сизнинг ер участкангизга кириш имкони бўлмаса, қўшнингизнинг ер участкасидан ўтиш ҳуқуқини олишингиз мумкин. Ёки, агар сизга сув қувури ёки электр тармоғини ўтказиш зарур бўлса, қўшнингизнинг ер участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини олишингиз мумкин.

Шу билан бирга, сервитутлар қўшнилар ўртасида низоларни келтириб чиқариши ҳам мумкин. Агар сервитутнинг шартлари аниқ белгиланмаган бўлса ёки улар бузилса, бу жиддий келишмовчиликларга олиб келиши мумкин. Бундай вазиятлар жиддий низоларга олиб келиши мумкин, аммо уларни ҳал қилишнинг бир неча самарали усуллари мавжуд.

Мулоқот: Низони ҳал қилишнинг энг яхши усули – бу қўшнингиз билан очиқ мулоқот қилишдир. Ўзаро ҳурмат ва тушуниш билан муаммони муҳокама қилинг ва ҳар иккала томон учун ҳам мақбул бўлган ечимни топишга харакат қилинг.

Воситачилик: Агар ўзаро мулоқот ёрдам бермаса, учинчи томон – воситачининг ёрдамига мурожаат қилиш мумкин. Воситачи низони холисона баҳолайди ва ҳар иккала томон учун ҳам адолатли ечимни топишга ёрдам беради.

Қонуний чоралар: Агар бошқа усуллар самарасиз бўлса, қонуний чораларга мурожаат қилишга тўғри келади. Судга мурожаат қилиш орқали низони ҳал қилиш мумкин.

Олдини олиш: Низоларнинг олдини олиш учун сервитутларни расмийлаштириш ва уларнинг шартларини аниқ белгилаш муҳимдир. Шунингдек, қўшнилар билан доимий мулоқотда бўлиш ва ўзаро ҳурматни сақлаб қолиш ҳам муҳим рол ўйнайди.

Хулоса қилиб айтганда, сервитут бу – қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлашнинг муҳим ҳуқуқий воситасидир. У қўшнилар ўртасидаги манфаатларни мувозанатлашга ва низоларнинг олдини олишга ёрдам беради. Шу билан бирга сервитутларни белгилашда ва уларнинг шартларини бажаришда еҳтиёткорлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига амал қилиш зарур.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗИЛДИ

Сурхондарё вилояти судлари мутасаддилари томонидан вилоятимизнинг барча ҳудудларида истиқомат қилувчи фуқароларнинг суд-ҳуқуқ соҳасидаги мурожаатларини тинглаш, бу борадаги долзарб масалаларни ўрганиш ва уларни ҳал қилишга қаратилган сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Термиз шаҳрида жойлашган Сурхондарё вилояти Халқ қабулхонасида вилоят судлари масъуллари иштирокида аҳолининг суд-ҳуқуқ соҳасига доир мурожаатларига ечим излашга қаратилган сайёр қабул ташкил этилди.

Унда турли масалаларда ҳуқуқий маслаҳат ва кўмак сўраб келган 20 нафар нафар жисмоний ва юридик шахс вакилларининг мурожаатлари тингланди.

Мурожаатларнинг 12 таси жиноят ишлари бўйича судларига, 6 таси фуқаролик ишлари бўйича судларига ва 2 таси эса маъмурий судларга тегишлидир.

Ушбу мурожаатларни қабул натижасига кўра, 1 нафар фуқаронинг мурожаати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Олий судига кассация шикояти билан мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тушунтирилди, 2 нафар фуқаронинг мурожаати юзасидан аризаси Халқ қабулхонаси Шеробод туман бўлимига йўналтирилди, 3 нафар фуқароларнинг мурожаатларига тегишли тартибда ҳуқуқий тушунтиришлар берилди ҳамда 14 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тегишли тартибда ижобий ҳал этилди.

Қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг сайёр мажлисида бир қатор масалалар кўриб чиқилди. Унда 3 нафар маҳкум Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Сурхондарё вилоят судининг судьялари ҳамда Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси томонидан 2024 йилнинг 1-ярмида жисмоний ва юридик шахсларнинг вакилларини ҳудудларда сайёр қабуллари тегишли режа асосида вилоятимизнинг бошқа ҳудудларига ҳам ўтказиб келинмоқда.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўйича бош консультанти

ОИЛА – ЖАМИЯТНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ ҲИСОБЛАНАДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, даъвогар Т.Р.нинг жавобгар М.А.га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишини кўриб чиқилди.

Судда даъвогар Т.Р. жавобгар М.А.га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво аризасида ҳамда суд процессида тарафлар 2021 йил 15 ноябрда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, турмушидан фарзандлари йўқлигини, ўзаро келишмовчиликлар сабабли тарафлар 2023 йил декабрь ойидан буён бирга яшамасликларини, жавобгар билан ўрталаридаги муносабатларнинг ёмонлашишига оилавий келишмовчиликлар, шунча пайтдан буён фарзанд кўрмаётганлиги, бир-бирини тушунмасликларини, ушбу ҳолатларга ортиқ чидай олмаслигини баён қилган.

Суд мажлисида жавобгар М.А. даъво аризани тан олмасдан, даъвогар билан 2021 йилда турмуш қурганлигини, фарзандлари йўқлигини, фарзанд кўриш бўйича бир неча маротаба даволанганлигини, жавобгарнинг важлари асоссизлигини, ўзаро келишмовчиликларга эрининг оиласи  сабабчи эканлигини, никоҳдан ажрашишга рози эмаслигини, чунки оилани сақлаб қолиш имкони борлигини билдириб, суддан даъвони рад қилишни сўраган.

Суд тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, бир қанча асосларга кўра даъвогарнинг даъво талабини рад этишни лозим деб топди.

Хусусан, турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Бу ҳолатда никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.

Суд иш ҳолатларини муҳокама қилиб, тарафлар ўртасида вужудга келган келишмовчиликлар вақтинчалик бўлиб, уларни никоҳдан ажратиш учун асос бўла олмайди деб баҳолайди.

Мазкур ҳолатда битта ёш оилани эрта ажрашишдан сақлаб қолишга эришилди. Зеро, оила жамиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Оиланинг мустаҳкамлиги давлатнинг мустаҳкамлигига пойдевор бўлиб хизмат қилади.

БОТИР САНАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

ИШ ҲАҚИГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади деб қайд этилган.

Даъвогар туман Адлия бўлими фуқаролар Р.У, М.Б ва Т.Хларнинг манфаатини кўзлаб жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига нисбатан иш ҳақига тенглаштирилган қўшимча тўловларни ундириш ҳақидаги даъво аризалари билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 17 октябрь кунидаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан манфаати кўзланган Р.Унинг фойдасига 38.461.356 сўм, М.Бнинг фойдасига 44.957.910 сўм ва Т.Хнинг фойдасига 40.920.688 сўм, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан давлат фойдасига 5.114.884 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, манфаатдор шахс Р.У туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг участкаси вет фельдшер вазифасида, М.Б 2018 йил 21 декабридан туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ВСЭЛ мудири лавозимида ҳамда Т.Х туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг участкаси вет фельдшер вазифасида ишлаб келган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.12.2017 йилдаги “Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 декабрдаги 963-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандида “Янги йил, 8 март Хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик куни, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституция куни, Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрам куни ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрам куни учун ходимлар ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорда мукофотланади.”-деб кўрсатилган.

Мазкур Низомнинг 10-бандида  ишдаги ютуқлари учун ходимлар ойлик иш ҳақининг икки бараваригача миқдорда моддий рағбатлантирилиши, 11-бандида эса  ходимларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш учун ҳар йили бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида тўлов ташкилотлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Низомда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ходимларни рағбатлантиришни молиялаштириш манбалари ҳисобланиши белгиланган.

Бироқ, юқоридаги Низом талабларига зид равишда, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан 2021-2022 йиллар давомида Р.Уга 38.461.356 сўм қўшимча тўловлар, М.Бга 44.957.910 сўм қўшимча тўловлар ҳамда Т.Хга 40.920.688 сўм қўшимча тўловлар тўлаб берилмаган.

Жавобгар томонидан манфаати кўзланган шахсларга қўшимча устама  пуллари ихтиёрий тўлаб берилмаганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

2023 йил 30 апрель кунига қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддаси 1-қисмига кўра иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 546-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг пулга оид талабларини муддати чекланмаган ҳолда бутун давр учун қаноатлантиришга ҳақли. Ходимнинг пулга оид талаблари якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи меҳнат низолари бўйича комиссия ёки суд томонидан асосли деб топилган тақдирда тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади.

Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан апелляция шикояти берилган.

Апелляция инстанциясида жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғининг ўз тушунтиришидаги ташкилотнинг молиявий ҳолати яхши эмаслиги, ходимларни рағбатлантириш учун бюджетдан пул маблағлари ажратилмаганлиги сабабли қўшимча тўловларни тўлаб беришнинг имкони йўқлиги ҳақидаги важи Низомда белгиланган пул маблағларини ходимга тўлаб бермаслик учун асос бўлмайди.

Биринчи инстанция суди, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан манфаати кўзланган Р.Унинг фойдасига 38.461.356 сўм, М.Бга 44.957.910 сўм ва Т.Хга 40.920.688 сўм қўшимча тўловларни ундириш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важлар суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди деб ҳисоблаб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, берилган апелляция шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топган.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СУД ТОМОНИДАН ТЕГИШЛИЛИК ФАКТИ БЕЛГИЛАНДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди томонидан фуқаро Норқул Фахриддинов (исм-фамилия ўзгартирилган)нинг аризаси ижобий ҳал этилди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 54-моддасига асосан, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир деб белгиланган.

Хусусан, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судига аризачи Норқул Фахриддинов ариза билан мурожаат қилиб, унда Ангор тумани собиқ Алишер Навоий қишлоқ фуқаролар йиғинининг 1994 йил 29 март кунидаги 9-сонли томорқа ажратиш тўғрисидаги қарорида фамилияси ва исми хато ёзилиб кетилганлигини учун  ушбу қарорнинг ўзига тегишли эканлиги фактини белгилаб беришни сўраган.

Аниқланишича, Ангор туман ҳокимининг 1994 йил 04 апрель кунидаги 123-сонли қарори билан тасдиқланган, Ангор тумани собиқ “А.Навоий” қишлоқ фуқаролар йиғинининг 1994 йил 29 март кунидаги
9-сонли томорқа ажратиш тўғрисидаги қарорида Фахриддинов Норқул Бозоровичнинг фамилияси ва исми хато ёзилиб кетилган.

Шунга асосан аризачи ушбу мазмундаги ариза билан судга мурожаат қилган.

Суд томонидан иш ҳужжатларига илова қилинган далиллар ва гувоҳ кўрсатмаларидан, аризачининг аризада келтирган важлари асосли эканлиги ўз тасдиғини топиб, ариза қаноатлантирилди.

Бинобарин, Давлат инсон ҳамда фуқаронинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлайди.

РУХИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

КРЕДИТ НИЗОЛАРИНИ СУДДА КЎРИЛИШИ

Кредит низолари билан боғлиқ ишлар ҳозирги кунда судларда кўпаймоқда.

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шу боис судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишади.

Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.

Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.

Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.

Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.

Кўчар мол-мулк ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар гарови билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, бундай гаров шартномаси гаров билан таъминланадиган шартнома Фуқаролик Кодексининг 271-моддаси учинчи қисмига мувофиқ нотариал шаклда тузилиши шарт бўлган ҳоллардагина нотариал тасдиқланишини инобатга олиш лозим.

Гаров мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар гаров бўйича муносабатлар гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган ҳолларда эса – у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини ҳисобга олишлари керак.

Айни вақтда шартномага ёки қонунга асосан гаров нарсаси гаровга олувчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров нарсаси берилган пайтдан ва агар бундай топшириш шартнома тузилгунга қадар амалга оширилган бўлса, шартнома тузилган пайтдан вужудга келади.

Гаров мажбуриятларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда шуни ҳам ҳисобга олиш зарурки, қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш олиш ҳуқуқига бошқа кредиторларга қараганда имтиёзга эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга олувчига берилган гаров нарсасига ундирувни қаратиш тартиби гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ белгиланади. Шу билан бирга, бундай шартноманинг предмети фақат кўчар мол-мулк бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, шартномада гаров нарсасига нисбатан ундирувни қаратиш шартлари белгиланмаган бўлса, бундай ҳолда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратишнинг умумий қоидаси қўлланилишидан келиб чиқиш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, кредиторнинг асосий шартнома бўйича қарздор бўлмаган гаровга берувчига талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланади.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Skip to content