КРЕДИТ НИЗОЛАРИНИ СУДДА КЎРИЛИШИ

Кредит низолари билан боғлиқ ишлар ҳозирги кунда судларда кўпаймоқда.

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шу боис судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишади.

Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.

Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.

Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.

Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.

Кўчар мол-мулк ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар гарови билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, бундай гаров шартномаси гаров билан таъминланадиган шартнома Фуқаролик Кодексининг 271-моддаси учинчи қисмига мувофиқ нотариал шаклда тузилиши шарт бўлган ҳоллардагина нотариал тасдиқланишини инобатга олиш лозим.

Гаров мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар гаров бўйича муносабатлар гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган ҳолларда эса – у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини ҳисобга олишлари керак.

Айни вақтда шартномага ёки қонунга асосан гаров нарсаси гаровга олувчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров нарсаси берилган пайтдан ва агар бундай топшириш шартнома тузилгунга қадар амалга оширилган бўлса, шартнома тузилган пайтдан вужудга келади.

Гаров мажбуриятларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда шуни ҳам ҳисобга олиш зарурки, қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш олиш ҳуқуқига бошқа кредиторларга қараганда имтиёзга эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга олувчига берилган гаров нарсасига ундирувни қаратиш тартиби гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ белгиланади. Шу билан бирга, бундай шартноманинг предмети фақат кўчар мол-мулк бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, шартномада гаров нарсасига нисбатан ундирувни қаратиш шартлари белгиланмаган бўлса, бундай ҳолда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратишнинг умумий қоидаси қўлланилишидан келиб чиқиш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, кредиторнинг асосий шартнома бўйича қарздор бўлмаган гаровга берувчига талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланади.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси