Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.
Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги
Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
Электрон почта манзил:
f.surxondaryo@sud.uz
Фуқаролар қабулхонаси:
(+998 76) 228-19-00
Манзил:
Ўзбекистон Республикаси, Сурхондарё вилояти, Термиз шахри., 190111, С. Саодат кўчаси., 286 б уй
Интерактив хизматлар
Статистик маълумотлар
Ўзбекистон Республикаси Олий Судининг республика судлари фаолиятига доир статистик маълумотлар базаси
MY.SUD.UZ - суд хизматларидан фойдаланишнинг инновацион, ишончли ва қулай йўли
Мурожаат
Судга тўғридан - тўғри электрон шаклда мурожаат йўллаш.
Электрон тўлов тизими
Барча судларда фуқаролар томонидан амалга ошириладиган барча тўловларни тўлашнинг ягона электрон тизими.
Видеоконференц алоқа
Масофадан туриб суд мажлисида иштрок етиш
Мажлислар жадвали
Суд мажлислари жадвали билан танишиш – судларда ишларни суд мажлисида кўриб чиқишга тайинланган санаси ва вақти ҳақида онлайн тарзда хабардор бўлиб бориш имконини беради.
Давлат божи калькулятори
Бу хизмат тури судларга мурожаат қилишда тўланиши лозим бўлган давлат божи миқдорини аниқлашда яқиндан ёрдам беради.
Бизни ўраб турган атроф-муҳит ягона тизимга бирлашган бўлиб, иқлимнинг табиий жараёнлари мамлакатлар чегараларини ўзгартира олмаса-да, инсонларнинг ҳаётига ва яшаш тарзига жиддий таъсир қила олади.
Янги асрда бутун дунё бўйлаб иқлим ўзгаришлари тезлашиб, унинг айрим омиллари инсоният ривожланишини секинлаштириб, баъзи ҳолларда одамлар ҳаёти учун яроқсиз бўлган маконларнинг кенгайишига олиб келмоқда.
Хусусан, ўзимиз яшаб турган Марказий Осиё ҳудудида ҳам табиий иқлим ўзгаришлари натижасида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилиши, қурғоқчилик каби ноодатий жараёнлар тез-тез такрорланиб бормоқда. Бундай ўзгаришларнинг оқибатида ўсимлик ва ҳайвонларнинг табиий маконларини қисқариши, айрим турларининг йўқолиб кетиши ҳолатлари кузатилмоқда.
Шунинг учун кейинги даврда мамлакат даражасида иқлим ўзгаришларига жиддий эътибор қаратилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2025 йил 16 октабрдаги 648-сон қарори билан Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги ташкил этилиб, унинг Низоми тасдиқланди.
Ушбу Низомга кўра, республикада маиший, қурилиш, суюқ, заҳарли-кимёвий, тиббиёт ва электрон чиқиндиларни бошқариш соҳасини такомиллаштириш, шунингдек, уларни қайта ишлаш ва утилизатсия қилишнинг замонавий усулларини татбиқ қилиш ҳамда «нол чиқинди» тамойилини жорий этишга қаратилган чора-тадбирларни амалга ошириш Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги ҳузурида давлат муассасаси шаклида Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлигининг асосий вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Мазкур Ҳукумат қарори билан Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 2 октабрдаги 787-сон қарори билан тасдиқланган “Санитария жиҳатидан тозалаш инфратузилмаси обйектларини жойлаштириш ва улардан фойдаланиш ҳамда маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш Қоидалари”га ҳам ўзгартиришлар киритилди.
Ушбу ўзгартиришларга кўра маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш хизматларини кўрсатиш ҳақидаги шартнома (битим) томонлар келишуви ёки суд қарори асосида бекор қилинган, унинг амал қилиш муддати тугаган, хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг тўловга қобилиятсизлиги ёки фаолияти тўхтатилган ҳолларда, хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктириб берилган ҳудуд давлат-хусусий шериклик асосида бошқа хизмат кўрсатувчи ташкилотга бириктирилгунга қадар Агентликнинг таклифига мувофиқ Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари томонидан вақтинча хизмат кўрсатиш шартномаси орқали хизмат кўрсатувчи хусусий ташкилотга ёки номуайян муддатга хизмат кўрсатувчи давлат ташкилотига тўғридан-тўғри бириктириб берилишига йўл қўйилади.
Бунда фаолияти давомида алоҳида кўчмас мулкдан фойдаланадиган юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар мазкур кўчмас мулк жойлашган ҳудудга бириктирилган хизмат кўрсатувчи ташкилот билан ушбу Қоидаларнинг 21-бобида белгиланган тартибда қаттиқ маиший чиқиндиларни тўплаш ва олиб чиқиб кетиш бўйича шартнома тузади.
Хулоса қилиб айтганда, экология инсон тақдирига – ҳаёт тарзи ва ривожланишига доимий боғлиқ бўлган муҳим омил ҳисобланади. Демак, аждодларимизнинг хоки ётган ушбу муқаддас макондан оқилона фойдаланиш, асраб авайлаш, уни ифлослантирмасдан яроқли ҳолатда келажак авлодларга қолдириш ҳар биримизнинг бурчимиз эканлигини унутмаслик зарур.
Қабул қилинган фуқаролар мурожаатларининг 2 таси жиноят, 6 таси фуқаролик, 1 таси иқтисодий ва 1 таси маъмурий судловга тааллуқлидир.
Сайёр қабулда вилоят судлари мутасаддилари томонидан 10 нафар фуқароларнинг оғзаки мурожаати тингланиб, уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан 4 нафар фуқаронинг алимент ундириш тўғрисидаги аризалари кўриб чиқилиб, уларнинг аризалари қаноатлантирилди ва Мажбурий ижро бюросининг тегишли ҳудудий бўлимига юборилди.
Бу каби сайёр қабуллар суд тизимининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ҳамда судларга бўлган ишончни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳасида мамлакат ижтимоий тараққиётига доир бир қатор устувор йўналишлар белгиланган бўлиб, улар орасида оилани мустаҳкамлаш ва хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш асосий вазифалардан бири сифатида қайд этилган. Жумладан, Стратегиянинг 25-мақсади айнан хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш ҳамда гендер тенгликни қарор топтиришга қаратилган.
Мазкур мақсад доирасида оилавий низоларни ҳал этиш, низоли оилаларни соғлом муҳитга қайтариш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Зеро, ҳар қандай жамиятнинг пойдевори бўлган оила мустаҳкам ва тинч бўлсагина, юрт тараққиёти ва халқ фаровонлигига эришиш мумкин. Шу боис, Янги Ўзбекистон шароитида низоли оилалар муаммосини бартараф этиш – давлат сиёсатининг муҳим йўналишига айланди.
“Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг янги лойиҳаси Ватанимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги, мамлакатимизда кечаётган янгиланиш жараёнларининг тобора илдамлашувида янги истиқболларни очмоқда.
Оилаларда муроса ва тотувлик – «Ўзбекистон–2030» стратегиясининг устувор мақсадларидан бири ҳисобланади.
Сўнги йилларда юртимизда оилалардаги низоли ҳолатларни эрта аниқлаш ва бартараф этиш борасида изчил чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Дарҳақиқат, ҳар бир маҳалла ва ҳудудда тегишли идоралар ва жамоат тузилмалари ҳамкорлигида “нормал муҳитдан чиқиб қолган” оилаларни рўйхатга олиш ва улар билан индивидуал ишлаш тизими йўлга қўйилди.
Шу каби, ҳудудларда махсус гуруҳлар “нотинч” оилалар билан суҳбатлар, маслаҳатлар ўтказиб, зарур ҳолларда психологик ёрдам ва ҳуқуқий кўмак бериб келмоқда. Шунингдек, маҳаллалар даражасида хотин-қизлар фаоллари фаолиятини баҳолаш мезонлари такомиллаштирилгани эътиборга молик. Шу нуқтаи назаридан бугунги кунда низоли оилалар билан ишлаш давлат ва жамоат ташкилотлари томонидан комплекс ва тизимли амалга оширилмоқда.
Ушбу “Ўзбекистон–2030” стратегияси доирасида низоли оилалар муаммосини ечиш юзасидан аниқ мақсад ва кўрсаткичлар белгилангани ушбу саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқмоқда.
Низоли оилаларни соғломлаштириш – фақат рақамгина эмас, балки минглаб аёллар ва болаларнинг тақдири, уларнинг хонадонига тинчлик ҳамда бахт олиб келиш демак. Стратегияда белгиланган мазкур кўрсаткичлар тўғри ва вақтида қўйилган чора деб баҳолаш мумкин. Зеро, у давлат органларини аниқ натижага йўналтириб, масъулиятни оширади.
Яна бир ҳолат, низоли муҳитда ўсиб келаётган болаларнинг келгусида ўша низони қайта такрорлаш эҳтимоли юқори бўлади. Демак, ҳар бир муросага эришилган оила нафақат бугунги кун учун, балки келажак авлоднинг барқарор ва соғлом ривожланиши учун қўйилган муҳим қадам ҳисобланади.
Хулоса ўрнида айтишимиз мумкинки, бу каби чора-тадбирлар ижтимоий барқарорликни таъминлаш, хотин-қизлар хавфсизлигини кафолатлаш ва оила институтини мустаҳкамлашга хизмат қилади.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган фармонга мувофиқ, “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни турли кўринишдаги зўравонликдан асрашга қаратилган муҳим дастурий чора-тадбирлар мажмуасини белгилайди.
Стратегиянинг асосий мақсади – болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликларини таъминлаш, шунингдек, жамиятда муросасизлик муҳитини шакллантиришдир. Ҳужжатда болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ва рақамли зўравонликка қарши қатъий чоралар кўриш назарда тутилган.
Фармонга кўра, мамлакатда профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат орқали ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли вазиятга тушган болаларни вақтинча тарбияга олиш тизими шакллантирилади. Шу билан бирга, болаларни муассасаларга жойлаштириш ўрнига уларнинг жамиятга мослашуви учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади.
Стратегияда ота-оналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Болаларни тарбиялашда қийинчиликка дуч келган оилалар учун махсус хизматлар йўлга қўйилади. Бу орқали ота-оналарга маслаҳат, психологик ёрдам ва ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими кенгайтирилади.
Қонунчилик соҳасида ҳам муҳим қадамлар белгиланган. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган.
Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.
Бунда:
-профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши ҳавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;
-зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;
-профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;
-профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;
-дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади;
-жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланди.
Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ўз позициясини мустаҳкамламоқда. Мамлакат Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга қўшилди. Бу ташаббус орқали халқаро тажрибалардан фойдаланиш, илғор амалиётларни жорий этиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтириш имконияти яратилади.
Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, жамият учун бу стратегиянинг аҳамияти катта. Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялаш демакдир. Президент фармони билан тасдиқланган стратегия мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб берди.
Мазкур фармон билан тасдиқланган стратегия нафақат болаларни зўравонликдан асраш, балки келажакда маънавий етук ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг ижтимоий барқарорлиги ҳамда тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.
БЕҲРУЗ СИДИҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси
Биламизки, оила бу – жамиятнинг муқаддас таянчи, инсоний қадриятлар бешигидир. Афсуски, айрим ҳолларда бу муқаддас даргоҳга нисбатан бепарволик, масъулиятсизлик кузатилаётган ҳолатлар эса ачинарли. Энг аянчлиси, оилавий ажримдан сўнг вояга етмаган фарзандлар тақдирига бефарқ қараб, уларнинг қонуний моддий таъминотидан бўйин товлаётган ота-оналар ҳам учрамоқда.
Фикримизни ана шундай бир ҳолатга қаратсак.
Шеробод туманида яшовчи Алишер Сатторов (исм-фамилияси ўзгартирилган) шулар жумласидандир. У турмуш ўртоғи билан ажрашганидан сўнг, 2023 йил июнь ойида чиқарилган суд буйруғига асосан икки нафар вояга етмаган фарзандини алимент билан таъминлаши шарт эди. Бироқ, ота ўз фарзандлари олдидаги бурчини унутиб, суд қарори талабларини қасддан бажармасдан келган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюроси Шеробод туман бўлими давлат ижрочилари томонидан тегишли маъмурий баённома расмийлаштирилади ва иш суд органларига юборилади. Очиқ суд мажлисида мазкур ҳолат атрофлича кўриб чиқилиб, қарздор ота қарийб 30 миллион сўм алимент қарздорлигини тўлашдан бўйин товлагани учун унга 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
Қайд этиш жоизки, Алишер Сатторов қонун олдида сўнгги марта огоҳлантирилди. Агар у бу жазодан тегишли хулоса чиқармай, алимент тўлаш мажбуриятини бажаришдан бош тортишда давом этса, келгусида унга нисбатан жиноий жавобгарлик масаласи қўзғатилиши мумкинлиги қатъий равишда тушунтирилди.
Фарзанд – омонат. Унинг тақдирига бепарво қараш эса нафақат қонунга, балки инсонликка ҳам зиддир.
Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг 2025 йил 20 октябрдаги ЎРҚ-1089-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодекси 4-кичик бўлим билан тўлдирилди.
Мазкур Кодекснинг 38-39-бобларида ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ бўлган ишларни юритишнинг умумий қоидалари ва ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори юзасидан низолашиш тўғрисидаги ишларни юритиш тартиби белгиланган.
Унга кўра, Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан кўриб чиқиладиган, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ ишлар жумласига:
1) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги;
2) ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш ҳақидаги аризалар бўйича ишлар киради.
Судлар ушбу Кодекснинг 346-моддасида санаб ўтилган ишларни ушбу Кодекснинг 38-40-бобларида кўрсатилган истисно ва қўшимчалар билан бирга фуқаролик суд ишларини юритишнинг умумий қоидаларига биноан кўриб чиқади.
Фуқаролик ишлари бўйича суднинг ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори билан боғлиқ иш бўйича ажрими устидан хусусий шикоят (протест) берилиши мумкин.
Ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ушбу қарорни олган кундан эътиборан ўттиз кун ичида фуқаролик ишлари бўйича судга ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза бериш йўли билан низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли низога доир ҳал қилув қарори юзасидан ҳуқуқлари ва мажбуриятлари ҳақида ҳакамлик суди ҳал қилув қарорини қабул қилган, ишда иштирок этишга жалб қилинмаган шахслар ҳам низолашиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган жойдаги фуқаролик ишлари бўйича судга берилади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берилганлиги ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ижроси юзасидан иш юритишни фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан низо бўйича иш юритиш тугаллангунига қадар тўхтатиб туради.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ёзма шаклда, шу жумладан электрон ҳужжат тарзида берилади ва ҳал қилув қарори юзасидан низолашаётган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ёки унинг вакили томонидан имзоланади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада қуйидагилар кўрсатилган бўлиши керак:
1) ариза берилаётган фуқаролик ишлари бўйича суднинг номи;
2) низолашилаётган ҳал қилув қарорини қабул қилган ҳакамлик судининг номи ва таркиби, унинг жойлашган ери;
3) ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), яшаш жойи ёки турган жойи (почта манзили), шунингдек, агар ариза вакил томонидан берилаётган бўлса, вакилнинг фамилияси, исми, отасининг исми, яшаш жойи;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори қабул қилинган сана;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза билан мурожаат этган ҳакамлик муҳокамаси тарафи ҳакамлик судининг низолашилаётган ҳал қилув қарорини олган сана;
6) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талаб ва мазкур қарор қандай асослар бўйича низолашилаётганлиги.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризада телефонлар, факслар рақамлари, электрон почта манзиллари ва бошқа маълумотлар кўрсатилиши мумкин.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
2) ҳакамлик битимининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси;
3) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги талабни асослаш учун тақдим этиладиган ҳужжатлар;
4) белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ва почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза жавобгарлар сонига қараб кўчирма нусхалари билан бирга фуқаролик ишлари бўйича судга берилади, бундан электрон ҳужжат тарзида юбориладиган ариза мустасно.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик муҳокамаси тарафининг вакили томонидан берилган бўлса, унга ишончнома ёки вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи бошқа ҳужжат илова қилиниши керак.
Агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодекс 349-моддасининг биринчи ва учинчи қисмларида назарда тутилган талаблар, шунингдек ушбу модда қоидалари бузилган ҳолда берилган бўлса, фуқаролик ишлари бўйича суд ушбу Кодекснинг 194-моддасида назарда тутилган қоидаларга биноан бундай аризани қабул қилишни рад этади.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.
Судья ишни ҳакамлик муҳокамаси тарафининг илтимосномасига биноан суд муҳокамасига тайёрлаётганда ҳал қилув қарори фуқаролик ишлари бўйича судда низолашилаётган ишнинг материалларини ҳакамлик судидан ушбу Кодексда далилларни талаб қилиб олиш учун назарда тутилган қоидаларга биноан талаб қилиб олиши мумкин.
Фуқаролик ишлари бўйича суд ҳакамлик муҳокамаси тарафларини суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилади. Суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида белгиланган тартибда хабардор қилинган мазкур шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриб чиқиш учун тўсқинлик қилмайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш учун ушбу Кодекснинг 352-моддасида назарда тутилган асослар мавжудлигини ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асослаш учун судга тақдим этилган далилларни текшириш йўли билан аниқлайди.
Суд ишни суд мажлисида кўриб чиқаётганда ҳакамлик суди аниқлаган ҳолатларни текширишга ёхуд ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори, агар ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисида ариза берган ҳакамлик муҳокамаси тарафи қуйидагиларни исботловчи далилларни тақдим этса, фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан бекор қилиниши керак:
1) ҳакамлик битимининг қонунда назарда тутилган асосларга кўра ҳақиқий эмаслигини;
2) ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг ҳакамлик битимида назарда тутилмаган ёки унинг шартларига тўғри келмайдиган низо бўйича чиқарилганлигини ёхуд унда ҳакамлик битими доирасидан четга чиқувчи масалалар бўйича хулосалар мавжудлигини. Агар ҳакамлик судининг ҳакамлик битими билан қамраб олинадиган масалалар бўйича хулосаларини бундай битим билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосаларидан ажратиб олиш мумкин бўлса, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг фақат ҳакамлик битими билан қамраб олинмайдиган масалалар бўйича хулосалари бўлган қисми бекор қилиниши мумкин;
3) ҳакамлик суди таркибининг ёки ҳакамлик муҳокамасининг «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 14, 15, 16 ва 25-моддалари қоидаларига мувофиқ эмаслигини;
4) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори «Ҳакамлик судлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни 10-моддасининг биринчи ва учинчи қисмлари талаблари бузилган ҳолда чиқарилганлигини;
5) ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори ҳакамлик муҳокамаси тарафларидан қайси бирига қарши қабул қилинган бўлса, ўша тараф ҳакамлик судьяларини сайлаш (тайинлаш) тўғрисида ёки ҳакамлик суди мажлисининг вақти ва жойи ҳақида зарур тарзда хабардор қилинмаганлигини ҳамда шу сабабли у ҳакамлик судига ўз тушунтиришларини тақдим эта олмаганлигини.
Агар ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилган низо қонунга мувофиқ ҳакамлик муҳокамасининг предмети бўлмаса, ҳакамлик судининг ҳал қилув қарори суд томонидан бекор қилиниши лозим.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ҳакамлик суди ҳал қилув қарорининг бекор қилинганлиги ҳакамлик муҳокамаси тарафларининг, агар ҳакамлик судига мурожаат этиш имконияти йўқолмаган бўлса, ҳакамлик битимига мувофиқ ҳакамлик судига янгидан мурожаат этишига ёки ушбу Кодексда назарда тутилган қоидаларга биноан фуқаролик ишлари бўйича судга мурожаат этишига тўсқинлик қилмайди.
БЕХРУЗ АВАЗОВ,
Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Сурхондарё вилоят суди