ОИЛА – ЖАМИЯТНИНГ АЖРАЛМАС ҚИСМИ ҲИСОБЛАНАДИ

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судида очиқ суд мажлиси ўтказилиб, даъвогар Т.Р.нинг жавобгар М.А.га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги фуқаролик ишини кўриб чиқилди.

Судда даъвогар Т.Р. жавобгар М.А.га нисбатан никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъво аризаси билан мурожаат қилиб, даъво аризасида ҳамда суд процессида тарафлар 2021 йил 15 ноябрда қонуний никоҳдан ўтиб турмуш қурганликларини, турмушидан фарзандлари йўқлигини, ўзаро келишмовчиликлар сабабли тарафлар 2023 йил декабрь ойидан буён бирга яшамасликларини, жавобгар билан ўрталаридаги муносабатларнинг ёмонлашишига оилавий келишмовчиликлар, шунча пайтдан буён фарзанд кўрмаётганлиги, бир-бирини тушунмасликларини, ушбу ҳолатларга ортиқ чидай олмаслигини баён қилган.

Суд мажлисида жавобгар М.А. даъво аризани тан олмасдан, даъвогар билан 2021 йилда турмуш қурганлигини, фарзандлари йўқлигини, фарзанд кўриш бўйича бир неча маротаба даволанганлигини, жавобгарнинг важлари асоссизлигини, ўзаро келишмовчиликларга эрининг оиласи  сабабчи эканлигини, никоҳдан ажрашишга рози эмаслигини, чунки оилани сақлаб қолиш имкони борлигини билдириб, суддан даъвони рад қилишни сўраган.

Суд тарафларнинг тушунтиришларини эшитиб, иш ҳужжатлари билан танишиб чиқиб, бир қанча асосларга кўра даъвогарнинг даъво талабини рад этишни лозим деб топди.

Хусусан, турмушда кечадиган вақтинчалик келишмовчиликлар ва тасодифий сабабларга кўра эр-хотин ўртасида келиб чиққан ихтилофлар, шунингдек эр-хотиндан бирининг ёки ҳар иккаласининг жиддий важлар келтирмаган ҳолда никоҳ муносабатларини давом эттиришни хоҳламаслиги никоҳдан ажратиш учун етарли асос бўла олмайди.

Бу ҳолатда никоҳдан ажратишга асослар бўлмаганда, суд даъвони рад этади.

Суд иш ҳолатларини муҳокама қилиб, тарафлар ўртасида вужудга келган келишмовчиликлар вақтинчалик бўлиб, уларни никоҳдан ажратиш учун асос бўла олмайди деб баҳолайди.

Мазкур ҳолатда битта ёш оилани эрта ажрашишдан сақлаб қолишга эришилди. Зеро, оила жамиятнинг ажралмас қисми ҳисобланади. Оиланинг мустаҳкамлиги давлатнинг мустаҳкамлигига пойдевор бўлиб хизмат қилади.

БОТИР САНАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси