ИШ ҲАҚИГА ТЕНГЛАШТИРИЛГАН ҚЎШИМЧА ТЎЛОВЛАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 42-моддаси 2-қисмига кўра, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори инсоннинг муносиб турмуш даражасини таъминлаш зарурати ҳисобга олинган ҳолда белгиланади деб қайд этилган.

Даъвогар туман Адлия бўлими фуқаролар Р.У, М.Б ва Т.Хларнинг манфаатини кўзлаб жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимига нисбатан иш ҳақига тенглаштирилган қўшимча тўловларни ундириш ҳақидаги даъво аризалари билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 17 октябрь кунидаги ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Унга кўра, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан манфаати кўзланган Р.Унинг фойдасига 38.461.356 сўм, М.Бнинг фойдасига 44.957.910 сўм ва Т.Хнинг фойдасига 40.920.688 сўм, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан давлат фойдасига 5.114.884 сўм давлат божи ундирилиши белгиланган.

Аниқланган ҳолатларга кўра, манфаатдор шахс Р.У туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг участкаси вет фельдшер вазифасида, М.Б 2018 йил 21 декабридан туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг ВСЭЛ мудири лавозимида ҳамда Т.Х туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлимининг участкаси вет фельдшер вазифасида ишлаб келган.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 04.12.2017 йилдаги “Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 4 декабрдаги 963-сон қарори билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси ва унинг тизимига кирувчи ташкилотлар ходимларини моддий рағбатлантириш шартлари ва тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 9-бандида “Янги йил, 8 март Хотин-қизлар куни, Наврўз байрами, Хотира ва қадрлаш куни, Мустақиллик куни, Ўқитувчи ва мураббийлар куни, Конституция куни, Рўза ҳайит (Ийд ал-Фитр) диний байрам куни ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрам куни учун ходимлар ойлик иш ҳақининг бир баравари миқдорда мукофотланади.”-деб кўрсатилган.

Мазкур Низомнинг 10-бандида  ишдаги ютуқлари учун ходимлар ойлик иш ҳақининг икки бараваригача миқдорда моддий рағбатлантирилиши, 11-бандида эса  ходимларга қишлоқ хўжалик маҳсулотлари сотиб олиш учун ҳар йили бир марта базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида тўлов ташкилотлар томонидан ўз маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу Низомда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, Ветеринария хизмати ва чорвачиликни ривожлантириш жамғармаси маблағлари, қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа маблағлар ходимларни рағбатлантиришни молиялаштириш манбалари ҳисобланиши белгиланган.

Бироқ, юқоридаги Низом талабларига зид равишда, туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан 2021-2022 йиллар давомида Р.Уга 38.461.356 сўм қўшимча тўловлар, М.Бга 44.957.910 сўм қўшимча тўловлар ҳамда Т.Хга 40.920.688 сўм қўшимча тўловлар тўлаб берилмаган.

Жавобгар томонидан манфаати кўзланган шахсларга қўшимча устама  пуллари ихтиёрий тўлаб берилмаганлиги сабабли судга мурожаат қилишга мажбур бўлган.

2023 йил 30 апрель кунига қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 154-моддаси 1-қисмига кўра иш берувчи ўзининг молиявий ҳолатидан қатъи назар, ходимга бажарган иши учун ҳақни белгиланган меҳнат ҳақи шартларига мувофиқ ушбу Кодекснинг 161-моддасида кўрсатилган муддатларда тўлаши шарт.

Бинобарин, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 546-моддасига кўра, иш берувчи ходимнинг пулга оид талабларини муддати чекланмаган ҳолда бутун давр учун қаноатлантиришга ҳақли. Ходимнинг пулга оид талаблари якка тартибдаги меҳнат низосини кўриб чиқувчи меҳнат низолари бўйича комиссия ёки суд томонидан асосли деб топилган тақдирда тўлиқ миқдорда қаноатлантирилади.

Мазкур ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими томонидан апелляция шикояти берилган.

Апелляция инстанциясида жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими бошлиғининг ўз тушунтиришидаги ташкилотнинг молиявий ҳолати яхши эмаслиги, ходимларни рағбатлантириш учун бюджетдан пул маблағлари ажратилмаганлиги сабабли қўшимча тўловларни тўлаб беришнинг имкони йўқлиги ҳақидаги важи Низомда белгиланган пул маблағларини ходимга тўлаб бермаслик учун асос бўлмайди.

Биринчи инстанция суди, даъвогарнинг даъво талабини қаноатлантириб, жавобгар туман ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бўлими ҳисобидан манфаати кўзланган Р.Унинг фойдасига 38.461.356 сўм, М.Бга 44.957.910 сўм ва Т.Хга 40.920.688 сўм қўшимча тўловларни ундириш ҳақида қонуний ва асосли хулосага келган.

Апелляция инстанцияси суди шикоятда келтирилган важлар суднинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлмайди деб ҳисоблаб, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2023 йил 17 октябрдаги ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, берилган апелляция шикоятни қаноатлантирмасдан қолдиришни лозим топган.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди судьяси