КРЕДИТ НИЗОЛАРИНИ СУДДА КЎРИЛИШИ

Кредит низолари билан боғлиқ ишлар ҳозирги кунда судларда кўпаймоқда.

Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси, «Гаров тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилоти ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шу боис судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишади.

Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.

Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 734-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.

Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.

Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.

Кўчар мол-мулк ёки мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар гарови билан боғлиқ низоларни ҳал этишда, бундай гаров шартномаси гаров билан таъминланадиган шартнома Фуқаролик Кодексининг 271-моддаси учинчи қисмига мувофиқ нотариал шаклда тузилиши шарт бўлган ҳоллардагина нотариал тасдиқланишини инобатга олиш лозим.

Гаров мажбуриятлари билан боғлиқ низоларни ҳал этишда судлар гаров бўйича муносабатлар гаров тўғрисидаги шартнома тузилган пайтдан, шартнома рўйхатдан ўтказилиши шарт бўлган ҳолларда эса – у рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келишини ҳисобга олишлари керак.

Айни вақтда шартномага ёки қонунга асосан гаров нарсаси гаровга олувчида бўлиши лозим бўлса, гаров ҳуқуқи гаров нарсаси берилган пайтдан ва агар бундай топшириш шартнома тузилгунга қадар амалга оширилган бўлса, шартнома тузилган пайтдан вужудга келади.

Гаров мажбуриятларидан келиб чиқадиган низоларни кўришда шуни ҳам ҳисобга олиш зарурки, қарздор томонидан гаров билан таъминланган мажбурият бажарилмаган тақдирда кредитор (гаровга олувчи) қонун ҳужжатларига мувофиқ гаровга қўйилган мол-мулк қийматидан қаноатлантириш олиш ҳуқуқига бошқа кредиторларга қараганда имтиёзга эга бўлади.

Гаров нарсаси бўлган мулкни гаровга олувчининг эгалигига топшириш имкониятини кўзда тутувчи ҳар қандай келишувлар ўз-ўзидан ҳақиқий эмас деб ҳисобланади, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллар, шунингдек гаров билан таъминланган мажбуриятнинг воз кечиш ҳақи ёки янгиланиши сифатида малакаланиши мумкин бўлган келишувлар бундан мустасно.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, гаровга олувчига берилган гаров нарсасига ундирувни қаратиш тартиби гаров тўғрисидаги шартномага мувофиқ белгиланади. Шу билан бирга, бундай шартноманинг предмети фақат кўчар мол-мулк бўлиши мумкинлиги ҳисобга олиниб, шартномада гаров нарсасига нисбатан ундирувни қаратиш шартлари белгиланмаган бўлса, бундай ҳолда гаровга қўйилган мол-мулкка ундирувни қаратишнинг умумий қоидаси қўлланилишидан келиб чиқиш лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, кредиторнинг асосий шартнома бўйича қарздор бўлмаган гаровга берувчига талаби гаров нарсасининг сотилишидан тушган сумма билан чегараланади.

УКТАМ МАМАДИЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШ – МУҲИМ ВАЗИФА

Коррупцияга қарши кураш мунтазам ўзгариш ва янгиланишларни талаб қилади. Шу боис, олдимизда бу қабиҳ ёвузликдан халос бўлиш учун бир қатор муҳим вазифалар турибди. Хусусан, ёш авлоднинг ҳуқуқий саводхонлиги ва  онгини ривожлантириш, ҳалоллик, поклик, тўғрилик (яхши ва ёмоннинг фарқига бориш) кўникмаларини сингдириш орқали коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш шулар жумласидандир.

Коррупцияга қарши таълимнинг долзарблиги ёш авлоднинг ушбу иллатга нисбатан фуқаролик позициясини шакллантириш зарурати билан боғлиқ.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон Республикаси глобал коррупцияга қарши кураш жараёнининг фаол иштирокчисига айланди. Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланиб бормоқда.

Табиийки, мамлакатда ҳар бир ислоҳот, ўзгаришлар танлов асосида жамият учун фойда призмаси орқали амалга оширилади. Бу коррупцияга қарши кураш жараёнларида жуда муҳим. Зеро, коррупцияга қарши кураш ва уни бартараф қилиш Ўзбекистон халқи ва давлат тузилмаларининг умумий мақсадига айланди.

Экспертлар томонидан олиб борилган илмий изланишларга кўра, инсон умри давомида оладиган барча маълумотнинг 70 фоизини 5 ёшгача бўлган даврда фаол қабул қилади ҳамда боланинг онги, асосан, 5-7 ёшда жадал шаклланиб, дунёни теранроқ англайди. Бу, жамиятга мослашадиган одамнинг маънавий дунёси, дунёқараши, билими ва салоҳияти мактаб ёшидан аввалги йилларда олган таълими билан узвий боғлиқлигини кўрсатади. Зеро, бола ҳаётининг дастлабки йилларида олинган билим ва таълим тошга ўйилган нақшдек муҳрланади.

Ўз ўрнида таъкидлаш жоизки, болада анъанавий ижтимоий қадриятларни шакллантириш ҳамда ахлоқий асосларни сингдириш муҳим тарбиявий жараён саналади. Коррупцияга қарши муросасизликни болага мактабгача ёшдан бошлаб сингдириб бориш зарур. Бунинг учун ёш авлодда коррупцияга қарши дунёқарашни, унга қарши курашиш кўникмаларини шакллантириш, ҳалол ва тўғри тарбиялаш, салбий ижтимоий ҳодисага муросасизликни тарғиб қилиш даркор. Ушбу натижага эришиш учун турли ёшдаги болалар билан ишлаш, шунингдек, суҳбатлар ва (мақол, матал, ибратли ҳикоялар) ўйин машғулотлари сонини кўпайтириш керак. Бу, ўз навбатида, коррупция ҳаракатларининг моҳиятини англаш имкониятини пайдо қилади.

Коррупцияга қарши таълим болалар ахлоқий шаклланиш жараёнининг бир қисми бўлиб, ҳалол шахсни тарбиялашнинг муҳим асосидир. Мутахассислар фикрича, коррупцияга қарши таълим унинг олдини олиш борасидаги хатти-ҳаракатларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Шунингдек, таълим соҳаси коррупциянинг олдини олиш, айниқса, болаларга коррупцияга қарши ўқув материалларини тақдим этиш орқали уларда мазкур ёвузликка нисбатан муросасизликни шакллантириш учун хизмат қилади.

Таъкидлаш жоизки, мактабгача таълим ёшидаги авлодда ғоя, кўникма, нотўғри хатти-ҳаракатлардан воз кечиш позициясини шакллантириш, ҳалол меҳнатга ўргатиш устувор вазифалардан бири саналади. Зеро, бунда болаларда коррупцияга қарши фуқаролик позицияси, дунёга нисбатан инсоний муносабат, она Ватан ва оиласига муҳаббатни шакллантириш учун зарур бўлган туйғуларни ривожлантириш муҳим аҳамиятга эга.

Коррупцияга қарши таълим болаларда бу иллатга қарши дунёқараш, ахлоқий эътиқод, ҳис-туйғуни шакллантириш ва шу билан биргаликда коррупция ҳақидаги тасаввурларни янада кенгайтиришга имкон беради.

Хулоса ўрнида айтганда, коррупциянинг жиноят эканини ва унга нисбатан тоқатсиз бўлиш ғоясини ёшлар ўртасида кенг тарғиб қилиш бош мақсадлардан бири саналади. Зеро, давлатимиз раҳбарининг таъбири билан айтганда, коррупциянинг ҳар қандай кўринишига муросасиз бўлиш – ёшларнинг кундалик ҳаёт тарзига айланиши шарт.

РАМЗ ТИЛЛАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

ИЖАРАГА ОЛУВЧИНИНГ ЕР МАЙДОНИДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини  тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.

Хусусан, даъвогар Жураева Мақсуда (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Бердиев Расулга нисбатан “Ер майдонидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат қилган.

Туман ҳокимлиги томонидан тасдиқланган лойиҳа бўйича деҳқон хўжалиги юритиш учун 0.50 гектар қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонини 30 йил муддатга ижарага бериш учун очиқ электрон танлов ўтказиш учун буюртма берилган.

“Электрон-онлайн аукционларни ташкил этиш маркази” Давлат унитар корхонаси томонидан ўтказилган электрон танлов натижасига кўра даъвогар  Жураева Мақсуда танлов ғолиби деб топилиб, бу ҳақда электрон-онлайн аукцион натижалари тўғрисида баённома тузилган.

Ушбу баённомага асосан туман ҳокимлиги ва Жураева Мақсуда  ўртасида деҳқон хўжаликларига ер участкасини ижарага бериш бўйича  ижара шартномаси тузилган ва ушбу ер майдони жойида ўлчаб, чегаралари белгилаб берилган ҳолда ижара ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилган.

 Жавобгар Бердиев Расул ушбу ижарага олинган ер майдонидан даъвогар Жураева Мақсуданинг фойдаланиши учун қаршилик кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 41-моддасига кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонунчиликда назарда тутилган тартибда тикланиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 11-моддасига кўра, ҳуқуқ бузилишидан олдинги ҳолатни тиклаш ва ҳуқуқни бузадиган ёки унинг бузилиши хавфини туғдирадиган ҳаракатларнинг олдини олиш йўли билан фуқаролик ҳуқуқлари ҳимоя қилинади.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, унга кўра  жавобгар Бердиев Расулга даъвогар Жураева Мақсуданинг ижарага олган 0.50 гектар ер майдонидан фойдаланишига тўсқинлик қилмаслик мажбурияти юклатилиб, даъвогар Жураева Мақсуданинг ер майдонидан фойдаланиш ҳуқуқлари тикланди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИ -ёхуд жиноятга жазо муқаррар!

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳаётга татбиқ этилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг самарали механизми шакллантирилди.

Таъкидлаш жоизки, бундай кенг кўламли чора-тадбирлар самараси  инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият экани бугун жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари таъминланаётганида ўз ифодасини топмоқда.

Аммо орамизда қонунларимизни четлаб ўтаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Бойсун тумани, “Қизилнавр” маҳалласида яшовчи Қахрамон Жовлиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Анвар Набиевлар ҳамда Музработ тумани “Дарбанд” маҳалласида яшовчи Зокир Шодиевлар ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “Қизилнавр” маҳалласи ҳудудидаги “Лалми” номли тоғ ёнбағрида қаровсиз юрган Нодир Зокировга тегишли бўлган 3 бош жами 16 млн. сўмлик чорва молини, Наби Аллаевга тегишли бўлган 1 бош 6 млн. сўмлик ҳўкизини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Содир этилган ўғирлик жинояти юзасидан жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд, судланувчиларнинг айби, ўзларининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, судда сўралган жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, жиноят ишида мавжуд бўлган воқеа жойини кўздан кечириш ҳақидаги баённома ва унга илова қилинган фотосуратлар, гумон қилинувчиларнинг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳақидаги баённомалар ва уларга илова қилинган фотосуратлар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди деб ҳисоблайди.

Суд судлангувчиларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, тегишли жазо чораси тайинланди.

Ҳа, жиноятга албатта жазо муқарар! Зеро, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олишдан иборатдир.

АББОС РАХМАТОВ,

Жиноят ишлари туман туман суди раиси

ШЕРОБОДДА СУД ТИЗИМИДА КОРРУПЦИЯ БИЛАН БОҒЛИҚ ҲОЛАТЛАРНИНГ ОЛДИНИ ОЛИШ МАСАЛАЛАРИГА БАҒИШЛАНГАН ОЧИҚ МУЛОҚОТ ЎТКАЗИЛДИ

Сурхондарё вилоят суди судьялари иштирокида жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди, фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди ва Шеробод туманлараро иқтисодий суди судьялари ва ушбу судларда фаолият кўрсатаётган ходимларнинг ота-онаси ҳамда яқин қариндошлари билан яқиндан танишиб, уларнинг оилавий шароитини ўрганиш, фарзандининг ишдаги ва ишдан ташқари бўлган вақтининг биргаликдаги кунлик назоратини олиб бориш лозимлиги, фарзанд келажагига бефарқ қарамасдан биргаликда  ҳамкорлик ўрнатиш, суд ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларини содир этилмаслиги, коррупцион ҳолатлар юзасидан барвақт хабар бериш лозимлиги, шунингдек суд ходимларининг доимий малакасини ошириб боришда назорат ўрнатиш юзасидан ҳар бир суд ходимининг ота-онаси ва уларнинг яқин қариндошлари билан ўзаро давра суҳбати ташкил этилди.

Мулоқотда судья, суд ходимлари ва уларнинг яқин қариндошларига сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида катта ўзгаришлар амалга оширилаётгани, судьяларга қўйилаётган талаблар нечоғлик маъсульятли экани, судьяларнинг аксарияти суд ходимлари орасидан тайинланишини, бугунги кунда суд ходимларининг маънавияти, одоби ва масъулияти алоҳида эътиборда экани ҳамда суд ходимларнинг хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланмасликлари ҳақида сўз юритди.

-Халқимиз азал-азалдан болажон халқ ва ўз тақдирини фарзандларининг фаровон ҳаёти ва эртанги куни билан белгилайди. Айниқса, суд тизимида фаолият юритаётган ходимларнинг ота-оналари ўз жигарбандининг танлаган касби билан фахрланса арзийди. Шунингдек, уларнинг зиммасига ана шу фахр туйғусини масъулият билан ҳис қилиш талаби ҳам қўйилмоқда. Бугунги тадбирда ҳам ходимларнинг оила аъзолари билан мулоқотда бўлдик, суд тизимида ишлаётган ҳар бир ходим у қайси лавозим ёки вазифада бўлмасин, коррупцияга қарши иммунитетга эга бўлиши зарурлигини ҳаётий мисоллар билан далилладик, дейди вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси Уктам Мамадиев.

Мулоқотда туман (туманлараро) суди раислари ҳам сўзга чиқиб, ҳозирги кунда суд ходимлари ўртасида коррупцион ҳолатларни содир этмаслик борасида фикрлани тингланиб, улар томонидан амалга оширилаётган чора-тадбирлар хусусида фикрлари тингланди.

Бугунги кунда коррупцияга қарши кураш мақсадларига фақат жиноят-ҳуқуқий воситалар билан эришиб бўлмаслигини ҳаётнинг ўзи кўрсатмоқда. Ўйлаймизки, бундай маънавий бузилиш ҳолатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

БАХОДИР ДЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ПЕНСИОНЕРНИНГ ТЎЛАНМАСДАН ҚОЛИНГАН ПЕНСИЯ ПУЛЛАРИ УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Даъвогар А.Б.нинг жавобгар Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасининг туман бўлимига нисбатан “Тўланмасдан қолинган пенсия тўловларини ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, мазкур даъво аризаси бўйича фуқаролик иши қўзғатилиб, суд мажлисида кўриб чиқилди.

Аниқланишича, А.Б да 2015 йил 01 майда ёшга доир пенсия олиш ҳуқуқи вужудга келган бўлсада, илк бор Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлимига 01.03.2017 йилда ёшга доир пенсияга чиқиш учун мурожаат қилган.

Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 йилдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасига кўра, Фуқаролар пенсия олиш ҳуқуқи пайдо бўлганидан сўнг исталган пайтда пенсия тайинлашни сўраб мурожаат этишлари мумкин.

Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Денов туман бўлимининг 03.03.2017 йилдаги қарорига асосан даъвогарга 27 йил 4 ой 23 кун стаж билан 545 857 сўм 28 тийин миқдорида ёшга доир пенсия тайинланган ҳамда қайта ҳисобланиб кўпайтириб келинган.

Иш бўйича 16.11.2023 йилда олинган мутахассислик хулосасида, фуқаро А.Б.га туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсия тайинлашда хато-камчиликларга йўл қўйилганлиги, фуқарога туман Пенсия жамғармаси бўлими томонидан пенсия кам тўлаб берилганлиги кўрсатилган.

Ўзбекистон Республикасининг 03.09.1993 йилдаги “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги Қонунининг  59-моддасида “Пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланади.

Пенсияни тайинловчи ёки тўловчи органнинг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади.”-деб кўрсатилган.

Ишдаги аниқланган ҳолатларга қараганда, жавобгар Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси туман бўлими томонидан даъвогар А.Б.га 01.03.2017 йилдан 01.03.2023 йилгача 20.802.799 сўм пенсия кам тўлаб берилган.

Суд юқоридаги норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, даъвогарга тўлаб берилмаган пенсия пулларини ундириб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш сари интилмоқда. Бундай юксак мақсадга эришишда оилага бўлган муносабат муҳим ўрин эгаллайди. Чунки оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир оиланинг фаровонлиги, оиладаги наслнинг соғломлиги, баркамоллиги жамият фаровонлигида, давлатнинг юксалишида кафил бўлиб хизмат қилади.

Оила ва жамият бир-бирига чамбарчас ва узвий боғлиқ бўлиб, жамиятнинг ўзи ҳам оилалардан ташкил топади. Оила ҳам ўз навбатида жамият бағрида вужудга келади, ривожланади. Айни пайтда оиланинг жамиятда ўз вазифалари мавжуд. Улар оиланинг авлод яратиш, фарзандларни тарбиялаш, уларни камолга етказиш, оиладаги иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, оила аъзоларининг дам олишини ва саломатлигини тиклаш, табиатга, жамиятга бўлган ўзаро муносабатларни шакллантиришдан иборат.

Оиладаги ота-она ва болалар ўртасида маълум ҳуқуқий муносабат ва мажбуриятлар борки бу нарса оилани мустаҳкамлигини таъминлайди. Ушбулардан бири бу ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларидир.

Ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятлари уларни ажратиб бўлмайдиган тоифага киради. Аммо улар ўз мақсади бўйича ишлатилмаганда ота-оналик ҳуқуқини йўқотиши оқибатида маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

-ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

-узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

-ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

-муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

-ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш боланинг туғилишни қайд қилиш ёзувида ота-онаси сифатида кўрсатилган ота-оналарга нисбатан қўлланиладиган оилавий-ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланади

Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабат, уларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати биринчи навбатда оилада намоён бўлади. Аксари ҳолларда, айрим оилаларда маиший бузуқ, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик моддаларини суиистеъмол қилувчи, шунингдек бошқа салбий сабаблари билан ота-оналик номига доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу каби нохушликларнинг олдини олиш ёки уларга муайян таъсир чоралари кўриш мақсадида қонунчилигимизда бир қатор тарбиявий чоралар назарда тутилган

Оила Қонунчилиги талабига кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг қатор ҳуқуқий оқиабтлари мавжуддир. Унга кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Бироқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Шу боис, ҳар бир ота-она ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри англаган ҳолда уни амалга оширишлари жамиятнинг ривожига янада ҳисса қўшиб, бу борада муаммолар вужудга келишининг олдини олишга хизмат хизмат қилади.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ЧИҚАРИЛГАНИДАН СЎНГ ПЕНЯ ВА ФОИЗ ҲИСОБЛАШ ТЎХТАТИЛИШИ ТАРТИБИ

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда ёки ҳал қилув қарори чиққандан кейин ҳам фоизлар ва пеня ҳисоблаш каби кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган очиқ мулоқотида асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган эди.

Амалда 2023 йил 31 декабрь ҳолатигача ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин ҳам қарздорлик бўйича мажбуриятлар жавобгар томонидан бажарилмай келганда пеня ва фоизлар ҳисобланиши давом этар эди, ҳаттоки суд қарори билан қарздорлик тўлиқ ундириб берилган, ундирув гаров таъминотига қаратилган бўлса ҳам.

Ушбу ҳолат бирмунча адолатсиз бўлиб, кредит ташкилотлари, хусусан банкларнинг қўшимча маблағларни ундиришига ва тадбиркорларга анчагина қийинчиликлар туғдиришига олиб келар эди.

2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида билдирган таклифларига асосан ҳамда белгиланган устивор вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-292-сон қарори билан кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди, шу жумладан бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Жумладан, ушбу Қарорнинг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши, тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилиши белгилаб берилди.

Ўз навбатида мазкур қарор ижросини таъминлаш, қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни тақазо қиларди.

Шунга мувофиқ, 2024 йил 27 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонуни эълон қилинди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (кейинги ўринларда Кодекс) амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини, шунингдек ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблаш тўхтатилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилилди.

Шунингдек, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига микроқарзнинг энг юқори миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Жумладан, Қонуннинг 1-моддасининг иккинчи банди билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

“Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади”.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида “бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилиши” белгиланган.

Кодекс 734-моддасининг биринчи қисмида эса “агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши” мустаҳкамланган.

2024 йил 27 февраль куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонунининг 5-моддаси билан ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни 2024 йилнинг 27 февраль куни кучга кириши белгиланиши билан, қонун қабул қилувчи, қонуннинг орқага қайтиш кучи каби ажойиб имкониятдан фойдаланиб, киритилаётган меъёрлар 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилишини белгилаб берди.

Энди мазкур Қонунга асосан ҳал қилув қарори чиққанидан кейин 2024 йил 1 январь кунидан бошлаб пеня ва фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.

Бу эса ўз навбатида, кредит олувчилар учун қўшимча қулайликлар, тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тежаш ва кўпайтириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга ва аҳолининг кредит ва микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга ва оширишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдириб қолсак бўлади.

МАРС МАМАЮСУПОВ,

Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Эндиликда кредитни ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда фоиз ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилади. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 февраль кунида имзоланган ЎРҚ-914 сонли Қонуни билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра:

Агар амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

-асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

-жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

-неустойка (жарима, пеня);

-кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.

Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан белгиланган тартибда фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тушунчаси

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
790-моддасида нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда 792-моддасида эса тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тўғрисида сўз боради.

Унга кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар қонундан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён – банклар) орқали амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг шакллари қуйидагича:

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилганда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.

Шартномадаги тарафлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақли.

Тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига қонунчиликда назарда тутилган муддатларда, агар банк ҳисобварағи шартномасида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса ёки у банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида белгиланган бўлмаса, ўтказиш мажбуриятини олади.

Тўлов топшириқномасида маблағларни олувчи сифатида кўрсатилган шахс банкдан тўловни амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бундай ҳуқуқ қонунда ёки мижознинг банк билан тузган шартномасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўлов топшириқномасининг ҳамда у билан бирга тақдим этиладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мазмуни ва шакли банк қоидаларида белгилаб қўйилган талабларга мос келиши керак.

Мижознинг топшириғи унинг ҳисобварағида маблағлар бўлган тақдирдагина, агар мижоз билан банк ўртасидаги шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ижрога қабул қилинади.

Мижознинг тўлов топшириқномасини қабул қилган банк тегишли пул суммасини топшириқномада кўрсатилган шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун уни маблағ олувчининг банкига ушбу Кодекснинг 792-моддаси биринчи қисмида белгилаб қўйилган муддатларда ўтказиши шарт.

Банк мижознинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисобвараққа пул маблағларини ўтказиш операцияларини бажариш учун бошқа банкларни жалб қилишга ҳақли.

Банк мижознинг талабига кўра, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, топшириқнинг бажарилганлиги ҳақида унга дарҳол хабар бериши шарт.

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли даражада бажарилмаган тақдирда, банк бунинг учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.

Тўлов топшириқномаси бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишда иштирок этадиган банклар ушбу топшириқни берган шахс олдида солидар жавобгар бўладилар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар ўртасида фарқ шундаки, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширсалар, тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тушунилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Skip to content