Нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тушунчаси

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
790-моддасида нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда 792-моддасида эса тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тўғрисида сўз боради.

Унга кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар қонундан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён – банклар) орқали амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг шакллари қуйидагича:

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилганда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.

Шартномадаги тарафлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақли.

Тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига қонунчиликда назарда тутилган муддатларда, агар банк ҳисобварағи шартномасида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса ёки у банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида белгиланган бўлмаса, ўтказиш мажбуриятини олади.

Тўлов топшириқномасида маблағларни олувчи сифатида кўрсатилган шахс банкдан тўловни амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бундай ҳуқуқ қонунда ёки мижознинг банк билан тузган шартномасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўлов топшириқномасининг ҳамда у билан бирга тақдим этиладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мазмуни ва шакли банк қоидаларида белгилаб қўйилган талабларга мос келиши керак.

Мижознинг топшириғи унинг ҳисобварағида маблағлар бўлган тақдирдагина, агар мижоз билан банк ўртасидаги шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ижрога қабул қилинади.

Мижознинг тўлов топшириқномасини қабул қилган банк тегишли пул суммасини топшириқномада кўрсатилган шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун уни маблағ олувчининг банкига ушбу Кодекснинг 792-моддаси биринчи қисмида белгилаб қўйилган муддатларда ўтказиши шарт.

Банк мижознинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисобвараққа пул маблағларини ўтказиш операцияларини бажариш учун бошқа банкларни жалб қилишга ҳақли.

Банк мижознинг талабига кўра, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, топшириқнинг бажарилганлиги ҳақида унга дарҳол хабар бериши шарт.

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли даражада бажарилмаган тақдирда, банк бунинг учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.

Тўлов топшириқномаси бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишда иштирок этадиган банклар ушбу топшириқни берган шахс олдида солидар жавобгар бўладилар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар ўртасида фарқ шундаки, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширсалар, тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тушунилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси