ЎҒИРЛИК ЖИНОЯТИ -ёхуд жиноятга жазо муқаррар!

Мамлакатимизда ўтган йиллар давомида суд-ҳуқуқ соҳасида ҳаётга татбиқ этилган кенг қамровли ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқларини ҳимоялашнинг самарали механизми шакллантирилди.

Таъкидлаш жоизки, бундай кенг кўламли чора-тадбирлар самараси  инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари энг олий қадрият экани бугун жамиятимиз ҳар бир аъзосининг ҳақ-ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари таъминланаётганида ўз ифодасини топмоқда.

Аммо орамизда қонунларимизни четлаб ўтаётган фуқаролар ҳам йўқ эмас. Бойсун тумани, “Қизилнавр” маҳалласида яшовчи Қахрамон Жовлиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) ва Анвар Набиевлар ҳамда Музработ тумани “Дарбанд” маҳалласида яшовчи Зокир Шодиевлар ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-тарож мақсадида ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ бўлиб, “Қизилнавр” маҳалласи ҳудудидаги “Лалми” номли тоғ ёнбағрида қаровсиз юрган Нодир Зокировга тегишли бўлган 3 бош жами 16 млн. сўмлик чорва молини, Наби Аллаевга тегишли бўлган 1 бош 6 млн. сўмлик ҳўкизини яширин равишда ўғирлаб, воқеа жойидан яширинган.

Содир этилган ўғирлик жинояти юзасидан жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди биносида очиқ суд мажлиси бўлиб ўтди.

Суд, судланувчиларнинг айби, ўзларининг айбига иқрорлик билдириб берган кўрсатувларидан ташқари, судда сўралган жабрланувчиларнинг кўрсатувлари, жиноят ишида мавжуд бўлган воқеа жойини кўздан кечириш ҳақидаги баённома ва унга илова қилинган фотосуратлар, гумон қилинувчиларнинг кўрсатувларини ҳодиса содир бўлган жойда текшириш ҳақидаги баённомалар ва уларга илова қилинган фотосуратлар ҳамда жиноят ишида тўпланган бошқа далиллар билан тўлиқ ўз тасдиғини топди деб ҳисоблайди.

Суд судлангувчиларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 169-моддаси 2-қисми “в” банди билан айбли деб топилиб, тегишли жазо чораси тайинланди.

Ҳа, жиноятга албатта жазо муқарар! Зеро, жазо маҳкумни ахлоқан тузатиш, унинг жиноий фаолиятни давом эттиришига тўсқинлик қилиш ҳамда маҳкум, шунингдек бошқа шахслар янги жиноят содир этишининг олдини олишдан иборатдир.

АББОС РАХМАТОВ,

Жиноят ишлари туман туман суди раиси