ОТА-ОНАЛИК ҲУҚУҚИДАН МАҲРУМ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси демократик ҳуқуқий давлат ва адолатли фуқаролик жамияти қуриш сари интилмоқда. Бундай юксак мақсадга эришишда оилага бўлган муносабат муҳим ўрин эгаллайди. Чунки оила жамиятнинг асосий бўғини бўлиб ҳисобланади. Ҳар бир оиланинг фаровонлиги, оиладаги наслнинг соғломлиги, баркамоллиги жамият фаровонлигида, давлатнинг юксалишида кафил бўлиб хизмат қилади.

Оила ва жамият бир-бирига чамбарчас ва узвий боғлиқ бўлиб, жамиятнинг ўзи ҳам оилалардан ташкил топади. Оила ҳам ўз навбатида жамият бағрида вужудга келади, ривожланади. Айни пайтда оиланинг жамиятда ўз вазифалари мавжуд. Улар оиланинг авлод яратиш, фарзандларни тарбиялаш, уларни камолга етказиш, оиладаги иқтисодий муаммоларни ҳал этиш, оила аъзоларининг дам олишини ва саломатлигини тиклаш, табиатга, жамиятга бўлган ўзаро муносабатларни шакллантиришдан иборат.

Оиладаги ота-она ва болалар ўртасида маълум ҳуқуқий муносабат ва мажбуриятлар борки бу нарса оилани мустаҳкамлигини таъминлайди. Ушбулардан бири бу ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятларидир.

Ота-оналик ҳуқуқ ва мажбуриятлари уларни ажратиб бўлмайдиган тоифага киради. Аммо улар ўз мақсади бўйича ишлатилмаганда ота-оналик ҳуқуқини йўқотиши оқибатида маҳрум қилиниши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 79-моддасига кўра, Ота-она (улардан бири) қуйидаги ҳолларда:

-ота-оналик мажбуриятларини бажаришдан бош тортса, шу жумладан алимент тўлашдан бўйин товласа;

-узрсиз сабабларга кўра ўз боласини туғуруқхона ёки бошқа даволаш муассасасидан, тарбия, аҳолини ижтимоий ҳимоялаш муассасаси ва шунга ўхшаш бошқа муассасалардан олишдан бош тортса;

-ота-оналик ҳуқуқини суиистеъмол қилса, болаларга нисбатан шафқатсиз муомалада бўлса, жумладан жисмоний куч ишлатса ёки руҳий таъсир кўрсатса;

-муттасил ичкиликбозлик ёки гиёҳвандликка мубтало бўлган бўлса;

-ўз болаларининг ҳаёти ёки соғлиғига ёхуд эри (хотини)нинг ҳаёти ёки соғлиғига қарши қасддан жиноят содир қилган бўлса, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши мумкин.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш боланинг туғилишни қайд қилиш ёзувида ота-онаси сифатида кўрсатилган ота-оналарга нисбатан қўлланиладиган оилавий-ҳуқуқий таъсир чоралари ҳисобланади

Ота-оналар ва фарзандлар ўртасидаги ҳуқуқий муносабат, уларнинг бир-бирига бўлган меҳр-оқибати биринчи навбатда оилада намоён бўлади. Аксари ҳолларда, айрим оилаларда маиший бузуқ, спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандлик моддаларини суиистеъмол қилувчи, шунингдек бошқа салбий сабаблари билан ота-оналик номига доғ тушираётганлар ҳам йўқ эмас. Бу каби нохушликларнинг олдини олиш ёки уларга муайян таъсир чоралари кўриш мақсадида қонунчилигимизда бир қатор тарбиявий чоралар назарда тутилган

Оила Қонунчилиги талабига кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш суд тартибида амалга оширилади.

Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилишнинг қатор ҳуқуқий оқиабтлари мавжуддир. Унга кўра, Ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-она қайси болага нисбатан ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган бўлса, шу болага нисбатан бўлган қариндошлик фактига асосланган барча ҳуқуқлардан, шу жумладан ундан таъминот олиш, шунингдек болали фуқаролар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлар ва нафақалар олиш ҳуқуқларидан маҳрум бўлади.

Бироқ, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиниши ота-онани ўз боласига таъминот бериш мажбуриятидан озод қилмайди.

Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган ота-онанинг (улардан бирининг) бундан кейин бола билан биргаликда яшаш-яшамаслик масаласи суд томонидан уй-жой тўғрисидаги қонунчиликда белгиланган тартибда ҳал қилинади.

Болани ота ёки онасига беришнинг имконияти бўлмаган ёки ота-онанинг ҳар иккаласи ҳам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган тақдирда, бола васийлик ва ҳомийлик органининг қарамоғига олиб берилади.

Шу боис, ҳар бир ота-она ўзининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тўғри англаган ҳолда уни амалга оширишлари жамиятнинг ривожига янада ҳисса қўшиб, бу борада муаммолар вужудга келишининг олдини олишга хизмат хизмат қилади.

БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси