ҲАЛ ҚИЛУВ ҚАРОРИ ЧИҚАРИЛГАНИДАН СЎНГ ПЕНЯ ВА ФОИЗ ҲИСОБЛАШ ТЎХТАТИЛИШИ ТАРТИБИ

Банклар ва бошқа кредит ташкилотларидан кредит олган аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари томонидан айрим сабабларга кўра кредит тўловларини тўлаш кечиктирилган ёки улар қисман тўланган ҳолларда ёки ҳал қилув қарори чиққандан кейин ҳам фоизлар ва пеня ҳисоблаш каби кредит қарздорлигини узишнинг амалдаги тартибини такомиллаштириш зарурати Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган очиқ мулоқотида асосий вазифалардан бири сифатида белгилаб берилган эди.

Амалда 2023 йил 31 декабрь ҳолатигача ҳал қилув қарори чиқарилгандан кейин ҳам қарздорлик бўйича мажбуриятлар жавобгар томонидан бажарилмай келганда пеня ва фоизлар ҳисобланиши давом этар эди, ҳаттоки суд қарори билан қарздорлик тўлиқ ундириб берилган, ундирув гаров таъминотига қаратилган бўлса ҳам.

Ушбу ҳолат бирмунча адолатсиз бўлиб, кредит ташкилотлари, хусусан банкларнинг қўшимча маблағларни ундиришига ва тадбиркорларга анчагина қийинчиликлар туғдиришига олиб келар эди.

2023 йилнинг 18 август куни ўтказилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти доирасида билдирган таклифларига асосан ҳамда белгиланган устивор вазифаларни бажариш юзасидан Ўзбекистон Президентининг 2023 йил 2023 йил 4 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Президентининг тадбиркорлар билан 2023 йилдаги очиқ мулоқотида белгиланган вазифаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-292-сон қарори билан кўплаб тизимли муаммолар ҳал этилди, шу жумладан бизнес юритишни соддалаштириш, солиқ юкини камайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш учун қулай молиялаштириш тизими ва инфратузилма яратиш ҳамда мулк ҳуқуқини таъминлаш бўйича изчил ишлар амалга оширилиши белгилаб берилди.

Жумладан, ушбу Қарорнинг 10-бандида 2024 йил 1 январдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш бўйича суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, мазкур кредитлар бўйича фоизлар ва неустойка ҳисобланиши тўхтатилиши, тўлов миқдори кредит мажбуриятларини бажариш учун етарли бўлмаганда, маблағларни, биринчи навбатда, мутаносиб равишда муддати ўтган асосий қарз ва фоиз қарздорликларини, иккинчи навбатда жорий тўлов учун ҳисобланган фоизлар ва асосий қарзни, кейинги навбатларда неустойка ва ижро харажатларини қоплашга йўналтириш тартиби ўрнатилиши белгилаб берилди.

Ўз навбатида мазкур қарор ижросини таъминлаш, қонунчиликка ўзгартиришлар киритишни тақазо қиларди.

Шунга мувофиқ, 2024 йил 27 февраль куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонуни эълон қилинди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига (кейинги ўринларда Кодекс) амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорлик субъектига ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаган тақдирда, биринчи навбатда асосий қарзнинг узилишини, шунингдек ажратилган кредитлар бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда, фоизлар ва неустойкани ҳисоблаш тўхтатилишини назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилилди.

Шунингдек, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига микроқарзнинг энг юқори миқдори эллик миллион сўмдан юз миллион сўмгача оширилишини назарда тутувчи ўзгартириш киритилди.

Жумладан, Қонуннинг 1-моддасининг иккинчи банди билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси қуйидаги мазмундаги учинчи қисм билан тўлдирилди:

“Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади”.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида “бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак.

Фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилиши” белгиланган.

Кодекс 734-моддасининг биринчи қисмида эса “агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлиши” мустаҳкамланган.

2024 йил 27 февраль куни эълон қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонунининг 5-моддаси билан ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан, яъни 2024 йилнинг 27 февраль куни кучга кириши белгиланиши билан, қонун қабул қилувчи, қонуннинг орқага қайтиш кучи каби ажойиб имкониятдан фойдаланиб, киритилаётган меъёрлар 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилишини белгилаб берди.

Энди мазкур Қонунга асосан ҳал қилув қарори чиққанидан кейин 2024 йил 1 январь кунидан бошлаб пеня ва фоизлар ҳисобланиши тўхтатилади.

Бу эса ўз навбатида, кредит олувчилар учун қўшимча қулайликлар, тадбиркорлик субъектларига айланма маблағларни тежаш ва кўпайтириш, қулай тадбиркорлик муҳитини яратишга ва аҳолининг кредит ва микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини янада кенгайтиришга ва оширишга хизмат қилишига қатъий ишонч билдириб қолсак бўлади.

МАРС МАМАЮСУПОВ,

Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси