ШАХСЛАРНИНГ АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИК ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ
Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ушбу масаланинг долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 5 апрель куни “Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги”ги 190-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини алкотестер ёрдамида аниқлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.
Шу билан бирга, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.
Низом 7 боб, 30 та моддадан иборат таркибда тузилган бўлиб, 1-бобда умумий қоидалар, 2-бобда алкотестер текшируви давомида алкотестердан фойдаланиш тартиби, 3-бобда масъул ходимларнинг алкотестер текширувини ўтказишда фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 4-бобда текширилувчи шахснинг масъул ходимлар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 5-бобда тиббий текширувдан ўтказиш тартиби, 6-бобда тиббий текширув натижаларини расмийлаштириш ва 7-бобда якунловчи қоидалар кўрсатилган.
Қарорда белгиланишича, ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.
Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқланса, бироқ натижалари бўйича ушбу шахсда эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун ушбу шахс масъул ходимлар томонидан туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб борилади.
Қарорга мувофиқ, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари алкотестерлар билан тўлиқ таъминлангунга қадар шахслар туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.
Бунда шуни қайд этиш лозимки, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.
Низомга кўра, қуйидагилар алкотестер текширувини ўтказиш учун асос бўлади, яъни шахснинг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши; шахснинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши); шахс нутқининг бузилганлиги; шахс қўл бармоқларининг қалтираши; шахс юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.
Алкотестер текширувидан олдин масъул ходимлар текширилувчи шахс ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби ва кўрсаткичлари билан таништиради, уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.
Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжат ва бошқа кўрсаткичлар билан таништирилмаганда ёки махсус мослама носозлигига шубҳа мавжуд бўлганда ёхуд алкотестер текширувини ўтказиш жараёнида санитария-гигиена қоидалари бузилганда, шахс алкотестер текширувидан ўтишдан бош тортиши мумкин.
Алкотестер текшируви жараёнида масъул ходим томонидан текширилувчи шахс билан мулоқотда хушмуомала, унга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонунчилик талаблари асосида бўлиши, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим.
Текширилувчи шахснинг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда, масъул ходимлар текширилувчи шахсга нисбатан алкоголли ичимликларни истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан холислар иштирокида (алкотестер мосламасининг қиёслаш сертификати рақами баённомада кўрсатилади) баённома расмийлаштиради ҳамда алкотестер текшируви натижаларини ушбу баённомага илова қилади.
Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 апрелдаги 190-сон қарорига 2-иловада 2024-2025 йилларда туман (шаҳар) ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларини босқичма-босқич алкотестерлар билан таъминлаш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга кўра Сурхондарё вилоятидаги мавжуд 15 та туман, шаҳарлар жорий 2024 йилда 8 та, келгуси 2025 йилда эса 7 та алкотестер мосламалари билан таъминланиши кўрсатилган.
Келгусида судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни ва бошқа турдаги материалларни кўриб чиқишда мазкур Қарор ва Низом талабларига риоя этилиши ҳолатларига эътибор қаратилиши лозим бўлади.
ОТАБЕК ЭРГАШЕВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси