УЙ-ЖОЙДАН УЛУШ АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ДАЪВО СУДДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси
1-қисмида, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши белгиланган.

Шунингдек, ушбу кодекснинг 28-моддаси 1-қисми талабига кўра, “Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади” дейилган.

Даъвогар Махмуд Маликов даъво ариза билан судга мурожаат килиб, даъво аризасида жавобгар Муниса Ярашева билан 1977 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қурганлиги, ўрталарида 3 нафар фарзандлари борлиги, оилавий келишмовчиликлар сабабли 1994 йилдан буён бирга яшамаслиги, қонуний никоҳдан ажрашганлиги, бирга яшаган даврида Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй-жойни биргаликда олганлигини, уй-жой Муниса Ярашева номига расмийлаштирилганлиги, ҳозирда уй-жойдан улушини ўзаро келишган ҳолда олишнинг имкони бўлмаётган сабабли мазкур уй-жойдан улушини ажратиб беришни сўраган.

Ушбу даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди 2023 йилда кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.

Аниқланишича, тарафлар ўзаро қонуний никоҳга кириш вақтида ёки ундан кейин ҳам никоҳ шартномаси тузишмаган.

Гарчанд, суд мажлисидаги тушунтиришида низоли уй тарафларнинг никоҳлари давомида орттирилган умумий мулк ҳисобланишлиги ҳақида важ келтирилсада, суд даъвогарнингдаъво талабида кўрсатилган Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй тарафларнинг умумий мулки ҳисобланганлигини эътироф этган ҳолда, даъвогар Махмуд Маликов жавобгар Муниса Ярашева билан суднинг 2016 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан қонуний никоҳдан ажралган сўнг, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддаси 9-қисми талабига мувофиқ  уч йил давомида мол-мулк бўйича низолашмаганлиги, суд қарорлари билан даъвогарга мол-мулк низоси бўйича умумий тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги, бироқ, даъвогар томонидан қонун билан белгиланган муддат узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини  инобатга олиб, унинг келтирган важлар билан келишмаслиги аниқланган.

Туманлараро судида ишдаги ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб ҳамда муҳокама қилиб, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган ва даъвогар томонидан суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирган.

Судлов ҳайъати томонидан апелляция шикояти асосида фуқаролик иши кўриб чиқилиб, аниқланган иш ҳолатлар ва амалдаги қонун талабларига кўра, апеляция шикоятидаги важлар биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлолмаслиги боис, суднинг ҳал қилув қарорини  ўзгаришсиз, берилган апелляция шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирилган.

Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қонунчилигимизда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланиши белгиланган.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

БИР ГУРУҲ ШАХСЛАРГА ИНСОНПАРВАРЛИК ТАМОЙИЛИ ҚЎЛЛАНИЛДИ

Суд-ҳуқуқ соҳасида конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.

Зеро, ушбу ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад шу муқаддас заминда яшаётган ҳар бир инсонни рози қилиш, уларнинг эзгу орзуларини рўёбга чиқариш, пировардида инсонпарварлик тамойилларига асосланган демократик жамиятни барпо этишдан иборатдир.

Жорий йилнинг 27 июль куни Музработ тумани 10-сонли мусиқа ва санъат мактаби биносида ўтказилган сайёр суд мажлисида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси И.Шаймановнинг раислигида туман ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган уч нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосидан, олти нафар маҳкум муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш, бир нафар маҳкумга нисбатан озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлагани, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармагани учун бошқа жазо турига алмаштириш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Суд, иш ҳужжатларини атрофлича ўрганиб чиқиб, инсонпарварлик тамойилига таяниб, Музработ туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлиб, ўрнатилган тартиб қоидаларига риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган, жазони ўташ даврида интизомий жазога тортилмаган, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етиб, тузалиш йўлига ўтганлиги,  бундан ўзларига тегишли хулоса чиқарганлиги инобатга олиниб, инсонпарварлик тамойили асосида жами тўққиз нафар маҳкумларни Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан ўталмай қолган жазо муддатидан илгари шартли озод қилинди.

Шунингдек,  сайёр суд мажлисида озодликни чеклаш тариқасидаги жазони ўташдан қасддан бўйин товлаган, суд томонидан ўз зиммасига юкланган мажбуриятларни бажармаган бир нафар маҳкумга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 481-моддаси 6-қисмига асосан тайинланган озодликни чеклаш жазоси озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо билан алмаштирилди.

Сайёр суд мажлисида раислик қилувчи томонидан маҳкумларга уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлиги, жазони ўташ тартибини бузганлик учун сақлаш режимини ашаддий бузувчи маҳкумларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чора оқибатлари, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатлари ҳақида тушунтиришлар берилди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Бу билан суд, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб етган ва ахлоқан тузалиш йўлига ўтган маҳкумларга имкон берилганлиги ҳалқимизнинг кечиримлилик ва бағрикенглик каби азалий қадриятларининг руёбга чиқарилиши билан бир қаторда жазодан озод этилган шахсларнинг жамиятда ўз ўрнини топишда, оила аъзолари, фарзандлари, шунингдек жазодан озод қилинган шахсларнинг оилаларда тинчлик-хотиржамликни таъминлаш билан бирга, эл-юрт тарақиёти учун муносиб хисса қўшишларига яна бир имкон яратди.

Жамиятимизда шахсни тарбиялаш орқали соғлом муҳит яратиш вазифаси, нафақат судларнинг, балки кенг жамоатчилик, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчи эканини унутмаслик лозим.

Икром  Шайманов

Жиноят ишлари бўйича  Музработ туман суди раиси

ИШ БЕРУВЧИНИНГ БУЙРУҒИ СУД ТОМОНИДАН ҒАЙРИҚОНУНИЙ ДЕБ ТОПИЛДИ

Маълумки, 2023 йилнинг 30 апрелга қадар амалда бўлган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 93-моддаси 1-қисмига кўра, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишув бўйича вақтинча бошқа ишга ўтказишга йўл қўйилади.

Мазкур кодекснинг 96-моддаси 1-қисмига кўра, доимий бошқа ишга ўтказиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Бошқа доимий ишга ўтказиш ҳақида буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномасига киритилган ўзгаришлар асос бўлади.

Даъвогар Шохида Ахмедова (исм ва фамилияси ўзгартирилган) жавобгар Республика “Тез тиббий ёрдам маркази” вилоят филиалига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғини бекор қилишни ва Бойсун тумани тез тиббий ёрдам кўрсатиш катта ҳамшираси вазифасига ишга тиклашни, иш ҳақлари ва маънавий зарар ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2023 йил 2 июндаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилган.

Аниқланишича, даъвогар Шохида Ахмедова анча йиллардан буён тиббиёт соҳасида ишлаб келиб, 2022 йил ноябрь ойидан бошлаб Бойсун тумани ТТЁБга катта катта ҳамшира вазифасига ишга қабул қилинган.

Иш берувчининг 2023 йил 25 январдаги тегишли буйруғига асосан Шохида Ахмедова 2023 йил 21 январдан бошлаб катта ҳамшира вазифасидан озод этилиб, ўз хоҳишига асосан навбатчи ҳамшира вазифасига ишга ўтказилган. Ушбу буйруққа Ш.Ахмедованинг аризаси асос қилиб олинган.

Иш ҳужжатларидан кўринишича, даъвогар Шохида Ахмедова томонидан ёзилган аризада айнан қайси вазифага ишга ўтказилиши аниқ баён этилмасдан, мавҳум ҳолда кўрсатилган.

Ўз навбатида, иш берувчи томонидан Шохида Ахмедованинг аризасига асосан дастлаб меҳнат шартномасига ўзгартиришлар киритмасдан, вазифасининг ўзгартилганлиги ҳақида тилхат олмасдан, бир вазифадан бошқа вазифага ўтказиб хатоликка йўл қўйган.

Судлар иш берувчининг қистови натижасида Шохида Ахмедова бошқа ишга ўтказиш ҳақида ариза ёзишга мажбур бўлганлиги, катта хамшира ва навбатчи хамшира вазифаларидаги иш ҳақлари кескин фарқ қилиши, унинг узоқ вақт давомида ушбу муассасада фаолият юритиб келганлиги ва оилавий шароити оғир бўлиб, кам иш ҳақи тўланадиган вазифага ўз хоҳиши билан ўтмаганлиги, Шохида Ахмедованинг асосий иш жойидан кетиш истаги бўлмаганлиги ҳолатларини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган.

Биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар вакили томонидан келтирилган апелляция шикояти вилоят суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилиб, суднинг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, апелляция шикояти эса қаноатлантирилмасдан  қолдирилган.

Бинобарин, Бош қомусимизнинг 54-моддасига асосан “Инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсадидир.

Шундай экан, суд Шохида Ахмедованинг мурожаатини ижобий ҳал этиш билан бир вақтда унинг бузилган ҳуқуқларини ҳам тиклади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУДЛОВГА ТЕГИШЛИЛИК

Судловга тегишлилик деганда ҳудудийлик тушунилади. Масалан, иқтисодий судларда жавобгарнинг манзили бўйича ёки икки ёки ундан юридик шахслар ўртасида тузилган шартномага мувофиқ низони кўриб чиқувчи ҳудуд тушунилади.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексининг 5-бобида батафсил маълумот берилган. Унга кўра Юридик шахсларга нисбатан даъволар улар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Юридик шахсларга нисбатан уларнинг алоҳида бўлинмалари фаолиятидан келиб чиқадиган даъволар алоҳида бўлинмалар давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Фуқароларга нисбатан даъволар улар якка тартибдаги тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Яна бир жиҳати борки, унга кўра даъвогарнинг танлови билан судни ҳудуд бўйича ўзи танлаши мумкин. Иқтисодий процессуал кодексининг 34-моддасига мувофиқ, турли ерларда жойлашган бир неча жавобгарга нисбатан даъволар даъвогарнинг танлаши бўйича жавобгарлардан бири давлат рўйхатидан ўтган жойдаги судга тақдим этилади.

Давлат рўйхатидан ўтган жойи номаълум бўлган жавобгарга нисбатан даъволар унинг мол-мулки жойлашган ердаги ёки унинг маълум бўлган охирги жойлашган еридаги судга тақдим этилиши мумкин. Шу билан бирга, кўчмас мулкка бўлган мулк ҳуқуқини тан олиш тўғрисидаги даъволар, кўчмас мулк ҳақидаги низолар, шу жумладан кўчмас мулкни бошқа шахснинг ғайриқонуний эгалигидан талаб қилиб олиш тўғрисидаги ёхуд мулкдорнинг ёки мол-мулкнинг бошқа қонуний эгасининг ҳуқуқлари эгалик қилишдан маҳрум этиш билан боғлиқ бўлмаган ҳолда бузилишини бартараф этиш ҳақидаги ва кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлар тўғрисидаги бошқа даъволар кўчмас мулк жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикасининг фуқароси бўлган ва бошқа давлат ҳудудида турган жавобгарга нисбатан даъволар даъвогар жойлашган ерда ёки жавобгарнинг мол-мулки жойлашган ерда тақдим этилиши мумкин.

Ижро этиш жойи кўрсатилган шартномадан келиб чиқадиган даъволар мажбурият ижро этиладиган жой бўйича тақдим этилиши мумкин.

Йирик инвестор бўлмаган инвесторнинг инвестиция фаолияти билан боғлиқ даъволар жавобгар жойлашган ердаги туман (шаҳар), туманлараро иқтисодий судга ёки Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига тақдим этилиши мумкин.

Ташувчига нисбатан йўловчилар, багаж ва юкларни ташиш шартномаларидан келиб чиқадиган даъволар, шу жумладан, агар жавобгарлардан бири ташувчи бўлса, транспорт ташкилотининг органи жойлашган ердаги судга тақдим этилади.

Ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Ҳакамлик судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги, шунингдек ҳакамлик судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижро этиш учун ижро варақаси бериш тўғрисидаги ариза ҳакамлик суди жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтган жойдаги ёхуд агар қарздор давлат рўйхатидан ўтган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Арбитрни тайинлаш, арбитрни рад этишни қаноатлантириш, арбитр ваколатларининг амал қилишини тугатиш хусусида қарор қабул қилиш, арбитраж судининг юрисдикцияси масаласи юзасидан қарорлар қабул қилиш, далилларни олишга кўмаклашиш, шунингдек арбитражнинг ҳал қилув қарорини бекор қилиш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги иқтисодий судга берилади.

Таъминлаш чораларини тан олиш ва ижрога қаратиш, арбитраж судида кўрилаётган даъвони таъминлаш чораларини кўриш тўғрисидаги ариза арбитраж жойлашган ердаги ёки қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жойдаги ёхуд, агар қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой номаълум бўлса, унинг мол-мулки турган жойдаги иқтисодий судга берилади.

Қарши даъволар дастлабки даъво кўрилаётган жойдаги судга тақдим этилади.

Нурали Эргашов

Сурхондарё вилоят суди девонхона катта консультанти

ЎЗ ЯШАШ ХОНАДОНИНИ ФОХИШАХОНАГА АЙЛАНТИРГАН АЁЛ

Ангор туманида яшовчи Сунбула Тулаева (исм-фамилялар ўзгартирилган) текин даромад олиш мақсадида ўз хонадонида фоҳишахона ташкил этиб, жорий йилнинг январь ойида ушбу туманда яшовчи Гулбой исмли эркак ҳамда Салима исмли аёлни ўзининг яшаш хонадонига киритиб, уларга жинсий алоқа қилишлари учун шароит яратиб, бунинг эвазига Гулбойдан 200.000 сўм миқдорда пул сўрайди. Йигит эса шу заҳотиёқ айтилган пулни беради ва улар шу ерда ўз ниятларини амалга ошириб бўлгандан сўнг, Сунбула Тулаева хонадонига ички ишлар органи ходимлари кириб келишиб, тезкор тадбир ўтказилаётганини маълум қилишади.

Ўтказилган тезкор тадбирда С.Тулаевадан 200.000 сўм пуллар холислар иштирокида ашёвий далил сифатида ҳужжатлаштириб, дастлабки тергов органи томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши қўзғатилади.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида ўтказилган суд мажлисида судланувчи Сунбула Тулаева айбига тўлиқ иқрор бўлиб, қилмишидан оила аъзоларининг хабари йўқлигини, содир этган жиноятидан пушаймонлигини билдириб, суддан қонуний енгиллик беришни сўради.

Суд судлавувчига нисбатан қилган жиноят ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, унинг аёллигини инобатга олиб ва оилавий шароитидан келиб чиқиб, қилган жиноят учун тегишли жазо чорасини тайинлади.

Хулоса қилиб айтганда, адашганларга йўл кўрсатиб, уларга меҳр қўлини чўзиш халқимизга хос фазилатдир. Бироқ, шуни унутмаслик керакки, жиноят жазосиз қолмайди.

Суюн Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

АЖРАШМАЙ ТУРИБ ЭР – ХОТИН МОЛ-МУЛКИНИ БЎЛИШИ МУМКИНМИ?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддасига кўра, эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлиш эр ва хотиндан бирининг талабига кўра, улар никоҳда бўлган даврда ҳам, никоҳдан ажралишгандан кейин ҳам, шунингдек кредитор эр ва хотиндан бирининг умумий мол-мулкдаги улушига ундирувни қаратиш учун умумий мол-мулкни бўлиш талаби билан арз қилган ҳолларда амалга оширилиши мумкинлиги белгиланган.

Шу ўринда юқоридаги “Ажрашмай туриб эр-хотин мол-мулкини бўлиши мумкинми?” деган савол туғилади.

Демак, эр-хотин никоҳ даврида ҳам низо юзага келган ҳолларда мол-мулкни суд орқали бўлиб олишлари мумкин. Бунинг учун улар тегишли фуқаролик ишлари бўйича судга даъво аризаси билан мурожаат қилишлари лозим.

Умумий мол-мулкни бўлишда суд эр ва хотиннинг ҳар бирига мулкнинг қайси қисми берилиши лозимлигини аниқлайди. Эр (хотин)га унга қарашли улушдан ошиқ қийматга эга бўлган мол-мулк бериладиган ҳолларда, хотин (эр)га тегишли пул ёки ўзга компенсация белгиланиши мумкин.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СЕКВЕСТР  ШАРТНОМАСИ – БУ НИМА?

Секвестр – бу молиялашувнинг ўзгарувчан қоидаларидан бири ҳисобланади. Секвестр, шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Бунда, учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади.

Низоли ашё суднинг қарорига кўра, секвестр тартибда сақлаш учун топширилиши мумкин. Бунда, суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестр бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Секвестр тартибида сақлашга кўчар мулклар ҳам, шунингдек кўчмас мулклар ҳам топширилиши мумкин. Бунда, молиялашувчи ва молиялашувчи бўлган томонлар ўртасида келишилган тартибга кўра мувофиқлаштирилиши керак.

Секвестрнинг амалий қўлланилиши жуда кўп йўналишларда учрайди. Масалан, шартнома шартларига биноан, хизмат кўрсатувчи бир компания ўз мижозларининг тўловларини секвестр режими остида сақлай олади.

Секвестр омонат сақлаш шартномасининг бир тури ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 900-моддасига кўра, секвестр тўғрисидаги шартнома бўйича ашёга эгалик қилиш хусусида ораларида низо чиққан икки ёки бир неча шахс низоли ашёни учинчи шахсга берадилар. Учинчи шахс низо ҳал бўлгач, ашёни суд қарори билан ёки низолашаётган ҳамма шахсларнинг келишувига мувофиқ кимга тегишли бўлса, ўша шахсга қайтариб бериш мажбуриятини олади (шартнома секвестри).

Низоли ашё суднинг қарорига кўра секвестр тартибида сақлаш учун топширилиши мумкин (суд секвестри).

Суд томонидан тайинланган шахс ҳам, шунингдек баҳслашаётган тарафларнинг ўзаро келишувига мувофиқ белгиланадиган шахс ҳам суд секвестри бўйича омонат сақловчи бўлиши мумкин. Ҳар иккала ҳолда ҳам, агар қонунчиликда бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, омонат сақловчининг розилиги талаб қилинади.

Бехруз Авазов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ҚЎШМАЧИЛИКНИ ЎЗИГА КАСБ ҚИЛИБ ОЛГАН ШАХСГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Гуландоннинг (исмлар ўзгартирилган) бемаза қилиқлари оилани барбод қилди. Уни эри яхши бўлиб кетар дея, дея бола-чақали ҳам бўлди. Болалар учтага етсада хотини ўзгармади. Рўзғорига енгил елпи қаради. Характери енгил аёлларга хослигини ташламади. Охири эри бор-э деб чопонини елкасига ташлаб уйидан чиқиб кетди.

Хотинига бу қўл келди. Ўзигаям, ўзгаларгаям “қўш тирноқ” ичида нафи тегиб юрди. Уни уйига келиб кетувчиларни  оёғи узилмади. Қўшнилар охири ўзига рўйи-рост айтди. Ёмон қилиғингни ташла, маҳаллани расво қилдинг дейишдилар. У бироз тўхтатгандек бўлди.

Манзилини “Жар” маҳалласидан “Иқлим” маҳалласига кўчирди.  Аввал опасиникига бориб турувди. У ердан ҳам оёғи кесилди. Шу ердаги акасини уйига дугоналарим, танишларим деб олиб борадиган бўлди. Шундай ҳам бўлди.

У “Мўмин”лик  Камрон билан “Оқтошлик”лик Муҳаббатни акасини уйига эргаштириб олиб борди. Ҳа, айтганча аввал бозордаги дўкондан бир шиша “Тархон” олди. Бу яхши кайф берадиган ичимликда. Уни ахир неча марта татиб кўрган. Колбаса, кола, қатиқ ҳатто чекиш учун “сара” сегаретиниям эсдан чиқармади.

Улар бозорликни кўтаришиб акаси Фирдавсни уйига борди. Ошхонага киришиб апил-тапил келтирганларни татиб кўришиб, барисини калласи қизиди.

Бизга жойни кўрсат,- деди Муҳаббат. У Камрондан олтмиш минг сўмни қуртдай санаб олдида, акасини меҳмонхонасига киритиб юборди.

Эшикни тақиллашидан, яна ким келди экан дея эшикни очганда уч-тўрт фуқаро кийимидаги нотаниш кишиларга кўзи тушди. Улар ҳам иккиланмасдан, қани бизни ичкаридаги меҳмонлар билан таништирчи деди.

Улар меҳмонхонадаги ялонғочларнинг кийимини кийишга мажбур қилди. Гуландоннинг бу қинғир иши юзасидан ҳужжат тўпланиб, иш судга оширилди. Қўшмачи Гуландонни “шўри” қуриди.

Чунки, суд унга эски ишларини ҳам эслатиб қўйди. Қилмишига яраша жазо олди. Гуландон энди қишлоғидан ташқарига чиқолмайдиган бўлиб қолди. Суд эса унга қилмишига кўра шу жазони лозим топди.

Комилжон Назаров

Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман суди раиси

РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИЛГАН ШАХСЛАРНИ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНМОҚДА

Маълумки, барча ҳуқуқлар қатори фуқароларимизнинг меҳнатга оид  ҳуқуқларини суд орқали ҳимоя қилиш кафолатини таъминлаш – бир томондан бу муносабатларнинг не чоғли  тартибга солинганлиги билан, иккинчи тарафдан эса, бундай  ҳуқуқларни амалга оширишнинг реал имконияти  билан белгиланади.  

Маълумки,  мамлакатимизда  ривожланган мамлакатлар тажрибасидан келиб чиқиб шахс ҳуқуқларини чеклашга қаратилган процессуал мажбурлов чораларини одил судлов йўли билан белгилашга қаратилган ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан, шахсни лавозимидан четлаштириш тўғрисидаги масаланинг муҳимлиги, бу фуқаронинг меҳнат қилиш ҳуқуқининг таркибий қисми бўлганлиги боис қонун бу масалани  ҳам суднинг тегишли қарори асосида амалга оширилишини назарда тутади. Аммо, қонун бир вақтнинг ўзида суд ажрими асосида  айбланувчи, судланувчини лавозимидан четлаштириш тарзидаги процессуал мажбурлов чорасини  суриштирувчи, терговчи, прокурорнинг қарори билан “бекор қилиниши” мумкинлигини ҳам инкор қилмайди. Фақат бундай ҳолларда суриштирувчи, терговчи, прокурор судни хабардор қилиб қўйиши талаб қилинади.

Реабилитация қилинган шахсларни, айниқса ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш бўйича суд амалиётида  турли ёндашувлар мавжуд.  Бу борадаги суд амалиёти амалдаги қонунлар, қонун ости ҳужжатлари ва шу билан бирга  2019 йил 4 февралдаги Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан барча судларга  юборилган 11-9-10-сонли  хат  ва 2020  йил 26 ноябрда  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорига таяниб шаклланган.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 111-моддасида, меҳнат шартномаси ғайриқонуний равишда бекор қилинган ёки ходим ғайриқонуний равишда бошқа ишга ўтказилган ҳолларда, у иш берувчининг ўзи, суд ёки бошқа ваколатли орган томонидан аввалги ишига тикланиши лозим, деб белгиланганлиги сабабли реабилитация қилинган шахслар  ишга тиклаш масаласида аксарият ҳолларда фуқаролик ишлари бўйича судларга мурожаат қилишмоқда.  Аммо бундай тоифадаги ишларни фуқаролик ишлари бўйича судлар айрим ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси нормаларига таяниб ҳал этса, бошқа ҳолларда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-процессуал кодекси нормалари асосида ҳал этаётганлигини кўришимиз мумкин.

Бугунги кунда амалда бўлган  Ўзбекистон Республикаси Олий судининг  2020  йил 26 ноябрдаги РС-54-20-сонли “2019 йил ва 2020 йил 9 ойи давомида реабилитация билан боғлиқ ишга тиклаш, иш ҳақи, моддий ва маънавий зарарни ундириш тўғрисидаги фуқаролик ишлари бўйича суд амалиётини умумлаштириш натижалари ҳақида”ги Раёсат қарорида …фуқаролик ишлари бўйича республика судлари томонидан реабилитация билан боғлиқ ишга тиклашга оид низоларни ҳал этиш амалиёти юзасидан ўтказилган умумлаштириш натижалари бу борада ягона суд амалиёти асосан тўғри йўлга қўйилганлигини, …моддий ва процессуал қонун талабларига риоя қилинаётганлиги, айрим ҳолларда моддий ҳуқуқ нормалари бузилганлиги ва процессуал хатоликларга йўл қўйилганлиги қайд этилган бўлиб, қарорда  реабилитация этилган шахснинг ҳуқуқларини тиклаш ва етказилган мулкий зиённи қоплаш Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддаларида назарда тутилган тартибда реабилитация тўғрисида қарор чиқарган суд, прокурор ёки терговчини ажрими ёхуд қарори асосида амалга оширилиши  лозимлиги қайд этилган бўлсада, аммо ишлар асосан фуқаролик ишлари бўйича судларда кўриб чиқиб ҳал этилмоқда.

Юқоридаги таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бугунги кунда биринчи навбатда реабилитация қилинган шахслар, айниқса реабилитация қилинган ҳарбий хизматчиларни ишга тиклаш билан боғлиқ суд амалиётини бир хиллаштириш мақсадида аввало мазкур соҳадаги қонун ҳужжатларини унификациялаш, шу билан бир қаторда Ўзбекистон Республикаси Олий судининг тегишли Пленум қарорини ишлаб чиқиб қабул қилишни тақозо қилади.Мазкур муносабатларнинг кенг қамровлилиги ва ўзига хослигидан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикасининг “Реабилитация қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини тиклаш тўғрисида” қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб қабул қилиниши лозим.

Рамз Тиллаев

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди судьяси

ВЕЛОСИПЕД ЎҒРИСИ ҚЎЛГА ТУШДИ

Бу дунёда ҳалол ишламасдан, текин ва осон пул топиб, бировлрнинг ҳисобига яшайдиганлар, афсуски орамизда учраб туради.

Ботир (исми ўзгартирилган) шундайлардан бири эди, яъни қаерда текин пул излаб, ризқини ҳалол топишни ўйламас эди. У олдин ҳам ўғрилик жинояти билан бир неча марта судланган бўлса-да, ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, яна шу йўлга киришга жазм қилди.

Тайинли иши ва пули бўлмаган Ботир кўнгли майишатни истаб, эрталаб кўчага пул дардида чиқди. Доим ҳам пул топиб кўрмаган Ботир бу сафар ҳам нафсини қондиришнинг қинғир йўлларпини излаб, йўлинин бозор томонга бурди.

Бозорга бориб, атрофни кузатиб, айланиб юрди. Ўғирлик эски касби бўлганлиги сабабли атрофни шошмасдан кузатиб, ўзига қулай пайт ва жойни излади. Бунақа ишларга кўзи пишиб кетганлиги сабабли шошмасдан ҳаракат қилди. Кун тушга яқинлашганда ўз ўлжасини аниқлади шекилли, бир жойда қўниб топиб, тўхтаб қолди.

Унинг ўлжаси эгаси вояга етмаган боланинг қаровсиз қолдирилган велосопеди эди. Ботир пайт пойлаб турдида кўзлаган ўлжасини одамларнинг кўзини шамғалат қилиб турдида велосопедни олиб кетди.

У ўғирланган молни тезроқ сотиб қутулишни ўйлаб, ўзига нотаниш бўлган велосопед таъмирлайдиган устахонага бориб, ўзини бечораҳол кўрсатиб, пул зарур бўлганлиги сабабли ўғлига тегишли бўлган велосопедни сотишга мажбур бўлганлигини айтиб, велосопедни сотди.

Ишнинг осон битганидан хурсанд бўлган Ботир пулларни ўз нафсини қондиришга ишлата бошлади.

Бели оғримасдан топилган пулни ишлатиши ҳам осон бўлди. Пулни маишатга ишлатиб, бир ҳафтага бормасдан пулнинг ҳам охири кўриниб қолди.

Биринчи жинояти ҳозирча аниқланмаганидан ҳаволанган Ботир пули қолмагач яна қинғир йўл билан пул топиб, нафсини қондириш йўлини излай бошлади.

Бу сафар чекка туманга бориб, ўз ниятини амалга оширмоқчи бўлди. Аввалги иши хамирдан қил суғургандай осон битганидан, шунингдек, ўзининг маҳортига ишонган Ботир бу сафар ҳам ишни тез тугатишга ва ўз туманига қайтишни ўйлаб, маҳаллани айланиб юрар экан, савдо мажмуаси ёнида турган велосопедни ва унга ортилган юкларни кўрди.

Ўлжасини мўлжаллаб уни узоқдан кузатиб турдида, эгасининг келмаганидан фойдаланиб, гўёки ўзини велосопед эгаси сифатида кўрсатиб, велосопедни олиб кетди.

Иккала ишнинг ҳам осон тугаганидан хурсанд бўлган Ботир ўзига ортиқча баҳо бера бошлади.

Гўёки қўлга тушмас ўғридек ҳис қила бошлади.

Лекин “бузоқнинг югургани сомонхонагача” деган гап бор. Ботир арқоннинг узун ташланганидан билмас эди. Кейинги ўғрилигидан кўп ўтмасдан тезкор-қидирув ходимларининг сайи-ҳаракатлари натижасида Ботирнинг қилмишлари ошкор бўла бошлади ва уни суднинг қора курсисига олиб борди.

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди унга юқоридаги қилмишлари учун озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Қилмиш – қидирмиш деб шуни айтадилар. Ўз нафсига қул бўлиб, ҳалол ризқ топмасдан, бировларнинг ҳаққини ейишнинг жазосини бу дунёнинг ўзида олди.

Я.Беккамов

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

Skip to content