Медиация низони мақбул ҳал қилиш усули

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2018 йил
3 июль куни имзоланган Ўзбекистон Республикасининг “Медияация тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрири 5 та боб ва 34 та моддадан иборат.

Медиация бу келиб чиққан низони тарафлар ўзаро мақбул қарорга эришиши учун уларнинг ихтиёрий розилиги асосида медиатор кўмагида ҳал қилиш усули.

медиатор — медиацияни амалга ошириш учун тарафлар томонидан жалб этиладиган шахс;

медиатив келишув — медиацияни қўллаш натижасида медиация тарафлари томонидан эришилган келишув;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш тўғрисидаги келишув — тарафларнинг тузилган пайтдан эътиборан медиация тартиб-таомили амалга ошириладиган келишуви;

медиацияни қўллаш тўғрисидаги келишув — низо келиб чиққунига қадар ёки у келиб чиққанидан сўнг тарафларнинг низони медиация тартиб-таомилини амалга оширган ҳолда ҳал этиш зарурлиги тўғрисида тузилган келишуви.

Тарафлар ва медиатор медиация иштирокчиларидир. Жисмоний шахслар ҳам, юридик шахслар ҳам медиация тарафлари бўлиши мумкин.

Медиация икки ва ундан ортиқ тарафлар ўртасида бўлиши, шунингдек бир ёки бир нечта медиатор томонидан амалга оширилиши мумкин.

Тарафлар медиацияда шахсан ёки ўз вакили орқали қонун ҳужжатларига мувофиқ иштирок этади.

Медиация тарафлари:

медиаторни ихтиёрий равишда танлашга;

медиатордан воз кечишга;

медиациянинг исталган босқичида унда иштирок этишдан воз кечишга;

медиация тартиб-таомилини амалга оширишда қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда шахсан ёки ўз вакиллари орқали иштирок этишга ҳақли.

Медиация тарафлари ўз ўрталарида тузилган медиатив келишувни ушбу келишувда назарда тутилган тартибда ва муддатларда бажариши шарт.

Медиация тарафлари қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва уларнинг зиммасида ўзга мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Медиаторнинг фаолияти профессионал ёки нопрофессионал асосда амалга оширилиши мумкин.

Профессионал асосдаги медиатор фаолиятини Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан тасдиқланадиган медиаторларни тайёрлаш дастури бўйича махсус ўқув курсидан ўтган, шунингдек Профессионал медиаторлар реестрига киритилган шахс амалга ошириши мумкин.

 Медиатор:

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида бир вақтнинг ўзида ҳам тарафларнинг барчаси билан, ҳам тарафларнинг ҳар бири билан алоҳида-алоҳида учрашувлар ўтказишга, уларга низони ҳал этишга доир оғзаки ва ёзма тавсиялар беришга;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириши муносабати билан сарфлаган харажатларининг ўрни қопланишини талаб қилишга ҳақли.

Медиатор:

медиация бошлангунига қадар медиация тарафларига медиациянинг мақсадини, шунингдек уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтириши;

медиация тартиб-таомилини амалга ошириш чоғида фақат медиация тарафларининг розилиги билан ҳаракат қилиши;

низо юзасидан ўзаро мақбул келишувга эришишга тарафларни ишонтиришнинг қонуний воситалари ва усулларидан фойдаланиши;

ўзининг мустақиллиги ва холислигига таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳолатлар мавжуд бўлса ёки юзага келса, бу ҳақда тарафларга маълум қилиши шарт.

Медиатор қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Медиатор тарафлар олдида медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижасида етказилган зарар учун қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Медиация тарафларнинг хоҳиш-истаги асосида қўлланилади.

Медиация суддан ташқари тартибда, низони суд тартибида кўриш жараёнида, суд ҳужжатини қабул қилиш учун суд алоҳида хонага (маслаҳатхонага) киргунига қадар, шунингдек суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилиши мумкин.

Медиация низони ҳакамлик судида кўриш жараёнида ҳам ҳакамлик судининг қарори қабул қилингунига қадар қўлланилиши мумкин.

Медиация суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнида қўлланилган тақдирда фаолиятини профессионал асосда амалга оширувчи медиаторнинг албатта иштирок этиши талаб этилади.

Медиацияда иштирок этганлик факти айбни тан олиш далили бўлиб хизмат қилиши мумкин эмас.

Медиацияни қўллаш чоғида медиатор:

айни бир низо бўйича бирор-бир тарафнинг вакили бўлишга, бундан қонун ҳужжатларида назарда тутилган ва унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;

бирор-бир тарафга юридик, маслаҳат ёрдами ёки бошқа ёрдам кўрсатишга;

агар у медиацияни амалга ошириш натижасидан шахсан (бевосита ёки билвосита) манфаатдор бўлса, шу жумладан тарафлардан бири бўлган шахс билан қариндошлик муносабатларида бўлса, медиатор фаолиятини амалга оширишга, бундан унинг иштирок этишига ҳар иккала тарафнинг ўзаро розилиги бўлган ҳоллар мустасно;

тарафларнинг розилигисиз низонинг моҳияти бўйича ошкора баёнотлар беришга ҳақли эмас.

Медиация тартиб-таомилини амалга ошириш натижалари бўйича тарафлар келиб чиққан низо ёхуд мажбуриятларни бажариш шартлари ва муддатлари хусусида ўзаро мақбул қарорга эришган тақдирда, тарафлар ўртасида ёзма шаклда медиатив келишув тузилади.

Давлат органи ёки бошқа орган томонидан қайси шахснинг манфаатларини кўзлаб даъво тақдим этилган бўлса, ўша шахс мазкур давлат органининг ёки бошқа органнинг иштирокисиз медиатив келишув тузишга ҳақли.

Медиатив келишув уни тузган тарафлар учун мажбурий кучга эга бўлиб, ушбу келишув унда назарда тутилган тартибда ҳамда муддатларда тарафлар томонидан ихтиёрий равишда бажарилади.

Медиатив келишув бажарилмаган тақдирда тарафлар ўз ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини сўраб судга мурожаат этишга ҳақли. Медиатив келишув бажарилмаслигининг оқибатлари тарафлар томонидан ушбу келишувнинг ўзида белгилаб қўйилиши мумкин.

Сохиб Рахимов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

ОИЛА МУСТАҲКАМЛИГИНИ ТАЪМИНЛАШГА БАРЧА МАСЪУЛ

Бугун Ўзбекистонда олиб борилаётган жамики ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад — мамлакатимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг бахтли яшашини таъминлашдан иборатдир.

Оилаларнинг, айниқса, ёш оилалар бахтли яшаши учун қулай шарт-шароит яратиш, хусусан, уларни уй-жой билан таъминлаш, турли ижтимоий ёрдам ва имтиёзлар бериш орқали қўллаб-қувватлаш мақсадида амалга оширилаётган ишлар ўта муҳим бўлиб, келгусида ўз ижобий натижасини бериши шубҳасиз.

Аммо таъкидлаш керакки, инсоннинг бахтли яшаши фақат моддий таъминот билангина ўлчанмайди. Ҳаётий мисоллар,  таҳлилларга суяниб айтадиган бўлсак, бахтли яшашнинг яна бир энг муҳим омили — маънавият, ахлоқ масаласидир.

Зеро, адиб Тоҳир Малик қайд этганидек, «… бахт тушунчасининг моддий томонидан кўра маънавий томони ортиқроқ»дир.

Дарҳақиқат, оиласидан ажрашиб, фарзандлари меҳр-муҳаббатидан жудо бўлган бой одамни бахтли деб бўлмаганидек, камхаржроқ бўлса-да оиласи, фарзандлари қобил, ўзаро меҳр-муҳаббатли оила  аъзоларини бахтсиз, дея олмаймиз.

Айни пайтда  турмушда дуппа-дуруст ака-ука, ота-бола ёки эр-хотин ўртасида турли низоларнинг вужудга келаётганини кўриб, ҳайрон қоласан киши.  Ҳатто, ўзаро низолашув натижасида бири иккинчисининг жонига қасд қилиш,  бир сиқим пул эвазига ўз фарзандидан воз кечиб, гўдагини  тирик етим қилиш ҳоллари ҳам одатга айланиб бормоқда. Буларнинг асл сабаби нимада, нега бағрикенгликда оламга ибрат бўлган халқимиз орасида бундайлар сони кундан-кунга кўпайиб бормоқда?!

Мулк илинжида “бой ўғил”нинг ўз отасини руҳий касаллар шифохонасига жойлаштирганини, шифохонадан чиққач, бир хонали уйда бошқа фарзанди (қизи)га кўрсатмасдан сақлаганига ёки бошқа бир “бой ўғил”нинг бир нечта уйи бўла туриб, ўз онасини уйдан ҳайдаб юборганини қандай тушуниш лозим? Булар ақл бовар қилмайдиган ишлар, тўғрими? Аммо, минг афсуски, бу каби жирканч ҳодисаларга кам бўлса-да дуч келяпмиз.

Ёки ҳавас қилса, арзигудек турмуш ўртоғи, фарзандлари бўла туриб, уларни тарбиялаш, йўлга солиш, уйлантириш-узатиш каби  фараҳли ташвишлар билан яшаш ўрнига, оиласини сабабсиз ташлаб, ўзи бошқасига уйланиб кетган отага, оиласига хиёнат қилиб, фарзандларини  хору зорликка ташлаб,  бошқа эрнинг этагини тутиб кетаётган, “она” деган мўътабар номга  номуносиб аёлни ким деб аташ мумкин?! 

Нега оила аъзоси бўлган эр-хотин ёки фарзандлар ўз жонига қасд қилиш орқали ҳаётига якун ясамоқда? Оилавий низоларнинг бу каби  оқибатларига нималар  сабаб бўлмоқда?

Ушбу саволларнинг биронтасига сабаб моддий томонда деб жавоб бера олмаймиз ва шунингдек, муаммони моддий жиҳатдан, яъни пул ва бойлик билан ҳал этиб ҳам бўлмаслиги барчага аён. Ахир Иккинчи жаҳон уруши йилларида, аҳоли оч-наҳор қолганида ҳам бу каби қабиҳликларга борилмаган эди-ку!  Буларнинг бари омма орасида кенг тарқалиб бораётган маънавий инқирознинг оқибатларидир.

Такрор бўлса-да, таъкидлаш лозим. Муаммо бой ўғилнинг маънавий қашшоқлиги, яъни унинг ўз вақтида олмаган меҳри ва тарбиясидаги бўшлиқда, ажрашаётган ота-онанинг масъулиятсизлигида, бир сўз билан айтганда, бош масала шахс маънавияти ва ахлоқи  билан боғлиқ эканлигидадир.

Ҳеч кимга сир эмас, жамиятда маълум бир масалада ўзгаришга эришишда жамоатчиликнинг фикри, муносабати ва саъй-ҳаракати жуда муҳим омил ҳисобланади. 

Оилаларда маънавий муҳитни яхшилаш, ота-оналар масъулияти ва оиладаги муносабатлар масаласига, айниқса, муаммоли, нотинч оилалар билан ишлашга хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази, маҳалла фаоллари, нуронийлар ҳамда ёшлар ташкилоти вакиллари – кенг жамоатчилик томони-дан алоҳида эътибор қаратилиши лозим.

Тўғри, бу бирдан ҳал бўлиб қоладиган масалалар эмас. 

Шунинг учун фикримизча, биринчидан, мустаҳкам, рисоладагидек оилалар вужудга келиши масаласига доимий эътибор қаратиш, лозим бўлса, вақтинча, аҳоли орасида ушбу масалада қатъий тўхтамга келингунга қадар хотин-қизлар қўмиталари, «Оила» илмий-амалий тадқиқот маркази ҳамда маҳалла фаоллари ва бошқалар томонидан жиддий жамоат назорати ўрнатилиши керак.

Бунда асосий эътиборни мактаб ва Олий ўқув юртларида ёшлар маънавиятини шакллантириш ҳамда уларни оилага тайёрлаш масаласига қаратиб, айни пайтда бу борада олиб борилаётган ишлар, дарсларни таҳлилий ўрганиб, уларни такомиллаштириш борасида тегишли чоралар кўриш керак.

Шунингдек, масалан, ФХДЁларда оила қуриш истагида мурожаат қилган ёшлар билан ишлаш тартибини йўлга қўйиш, керак бўлса, бунинг учун ФХДЁ масъулиятини ошириш, уларга қўшимча ваколатлар бериш, дин идоралари вакиллари иштирокида ёшларга амалдаги оила қонунчилиги талаблари билан биргаликда, шариат  қоидалари, хусусан, эр-хотинлик, эр-хотиннинг бурчи, хотиннинг эрдаги ҳаққи, эрнинг хотиндаги ҳаққи, уларнинг бўлажак фарзандлари олдидаги бурчи масалаларини батафсил тушунтириш, турмуш қурмоқчи бўлган ёшлар бу масалада бирор тўхтамга келгандан сўнг уларнинг никоҳ тўйларига оқ йўл тилаш ва бу борада  дуч келиниши мумкин бўлган барча қийинчиликларга ҳамжиҳатлик билан барҳам бериш лозим. Чунки оила ҳамон жамиятнинг бир бўлаги экан, унинг соғлом бўлиши ҳам жамият аъзоларининг Ватан манфаати, миллат тақдири олдидаги муқаддас бурчига айланиши керак!

Иккинчидан, омма орасида одоб-ахлоқ, нафс тарбияси, яхшилик ва ёмонлик, гуноҳ ва савобнинг сифатлари ҳамда инсон ва унинг масъулияти борасида тегишли мутахассислар, адиблар, олим ва файласуфлар, имом-хатиблар иштирокида кенг қамровли ва тизимли ҳамда таъсирчан тарбиявий иш олиб бориш лозим кўринади ва бунда оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари имкониятларидан кенг фойдаланиш керак.

Тинч ва аҳил яшаб, фарзандларини яхши тарбиялаб, умргузаронлик қилиб келаётган ота-оналар, уларнинг ҳаёт йўли ҳамда бошқалар бахти учун холис ёрдам қўлини чўзаётган инсонлар тўғрисида маълумотлар бериб борилиши ҳам жамоатчилик, айниқса, ёшлар маънавияти ва ахлоқига ижобий таъсир этувчи муҳим омил бўлиши мумкин.  

Шунинг учун бугун оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари орқали  жамоатчилик содир этилаётган оилавий низо ва жиноятлардан хабардор қилиб борилаётганлиги каби, оилалардаги ижобий ҳолатларни ҳам ёритиб бориш лозим кўринади. Зеро, ўқувчи, хусусан, ёшларнинг масалага муносабатини шакллантиришда биргина салбий ҳолатларни кўрсатиш эмас, балки ўрнак оладиган ҳолатларни ҳам улар ҳукмига ҳавола қилиш мақсадга мувофиқдир. Бунда асосий эътиборни оила мустаҳкамлиги нимага олиб келиши, шунингдек, ажралишлар оқибати инсон ҳаётига қандай таъсир этишини аниқ мисолларда, масалан, ажрашган оила аъзолари, ота-она ва фарзандларнинг жиноят кўчасига кириб кетганлиги каби ҳолатларни кўрсатиш лозим ва бу яхши самара бериши табиий.

Нотинч, ажрашиб яшаётган оила аъзолари, уларнинг ота-оналари билан Олий суд ва Хотин-қизлар қўмитаси томонидан очиқ мулоқот ўтказилиб, аёллар ва вояга етмаган болалар жазо ўташ муассасасидан олинган видеолавҳаларни намойиш этиш, улардан айримларининг тақдирини баён қилиб, ажралиш оиладаги барча муаммолар бошланиши эканлигини тушунтириш орқали республика бўйича минглаб оилаларни тиклашга муваффақ бўлингани бунинг исботидир.

Қачонки оила аъзолари ўзаро тотув ва иноқ бўлса, улар ўртасидаги муносабатлар азалий қадриятларимизга асосланган бўлса, у оила бахтли бўлади ва жамият таянчига айланади, бахтсиз, нотинч-носоғлом оила жамият учун муаммолар манбаидир. 

Муқаддас ҳадисда “Мўминлар бир-бирларини севишда ва бир-бирларига марҳамат кўрсатишда бир тан — бир жонга ўхшайдилар. Таннинг бир аъзоси хасталанган пайтда бошқа аъзолар уни даволашга ҳаракат қилади”, деб такидланади.

Оила бахти – жамият бахти, оила муаммоси – жамият аъзолари, яъни сиз ва бизнинг муаммоимиздир!

Агарда ҳар қандай оила муаммосига  “бу менинг муаммом эмас, менга нима” қабилида эмас, аксинча, “бу бизнинг муаммомиз” деб қарасак, бирини ака, бошқа бирини ука, опа-синглим десак, зарур маънавий кўмак берсак, оиладаги фарзандларни ўз фарзандимиз қаторида кўрсак ва кимгадир моддий ва кимгадир маънавий кўмак қўлимизни чўзсак, адашганга тўғри йўлни кўрсатсак ёки далда берсак, натижа ўта ижобий бўлиши, юқорида қайд этилган, бугун оммавий ахборот воситаларида бот-бот ёритилаётган оилавий низолар, бир-бирини уриб жароҳатлаш, жонига қасд қилиш ҳолатлари, қолаверса, бутун жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятлар кескин камайишига олиб келиши шубҳасиз.

Шунингдек, адиб Тоҳир Малик: “Зиммангиздаги инсоний вазифаларни адо этинг — бахтнинг ўзи сизни излаб топади. Инсоний вазифаларни адо этиш учун эса кучли ирода талаб этилади. Ҳа, бизнинг бахтимиз ўз ҳаётимизни ирода қилувчи ўз иродамизга боғлиқ. Шу боис бахтиёр бўлишни истаган кимса иродасини тарбия қилиши шарт” деб уқдирганидек, ҳар қандай инсон ўз иродасини тарбия қилиши жамиятимиздаги салбий ҳолатларга барҳам бериб, нафақат ўзининг, балки бутун жамият аъзоларининг бахтли бўлишига олиб келади. Ана шундагина жамият аъзоларининг бахту саодати йўлида давлатимиз томонидан олиб борилаётган улкан ишларга ҳамоҳанг иш олиб борган, жамият олдидаги бурчимизни мукаммал бажарган бўламиз.

Отабек Каримов

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг раиси

Мантия – судьялар ғурури рамзи

Баъзан суд мажлисларига кирганда ёки чиққанимда мени кўрган одамлар эгнимдаги судьялар махсус кийимига ҳайрат билан қараётганликларига гувоҳ бўламан. Қизиқишини енга олмаганлар ёнимга келиб, бу қандай кийим эканлиги, нима учун бу кийимни кийиб юрганлигимни сўрашади.

Дарҳақиқат, нима учун ҳозирги вақтда судьялар суд мажлисларини мантия кийиб ўтказишмоқда, мантия тарихи қандай, у қандай ҳолатларда кийилади?

Имкон қадар бу саволларга жавоб беришга ҳаракат қиламан.

Судьялар мантияси Ғарбий Европада Ўрта асрларда пайдо бўлиб, ўша даврлардан бизга қадар ўзгаришсиз қолган махсус кийимлардан бири ҳисобланади.

Ғарбий Европа мамлакатларидан Англияда ушбу анъана                            1635 йилдан бошланган. Унга кўра, қишда судья оқ жўн билан қора кўйлак, ёзда бинафша ранг ва тўқ қизил ранг кийиши керак бўлган. Мантиялар қарийб 1694 йилгача, узоқ йиллар давомида давлатни бошқарган қиролича Мария II нинг вафоти муносабати билан аза тариқасида буткул қора уст-бошга ўтгунига қадар, турли хил рангда бўлган.

Айнан, Англия судьялари ҳозирги вақтга қадар судья уст-бошини кийиш қоидаларини ўзгартирмасдан анъаналарга содиқ қолиб келмоқда. Англияда бугунги кунгача судьялар уст-бошининг ажралмас қисми сифатида париклар сақланиб қолган. Яқин йилларгача парикларни мамлакатнинг барча судьялари таққан. 2008 йилдан бошлаб эса, уларни фақат жиноят ишларини кўрувчи судьялар тақишга мажбур. Фуқаролик ва маъмурий суд иш юритувларини эса, фуқароларни асоссиз қўрқувга солмаслик ва қонун хизматкорларининг улуғворлиги билан ваҳимага солмаслик учун париксиз олиб боришга рухсат этилган экан.

Германияда судьялар нуфузига қараб – қора ва қизил мантиялар кийишади. Қўйи инстанциялар қора уст-бошга эга бўлиб, ажратувчи белгиси бахмал канти ҳам ҳам қора. Судьяларнинг нуфузи қанчалик юқори бўлса – унинг уст-бошида қизил ранг кўпроқ, кантдан бошлаб тугал уст-бошгача. Федерал Конституцион суд судьялари жабони эслатувчи оқ шарфли очиқ-қизил мантия кийишади. Фавқулодда тантанали вазиятларда уст-бошга унча баланд бўлмаган цилиндр шаклдаги қизил шапка қўшилади.

Италиялик судьялар фавқулодда тантанали вазиятларда кундаликли қора мантияларини оқ ёқали тантанали қизилига алмаштиришади. Безаклардан тилло ёки кумуш аксельбантларни фойдаланишади.

Францияда яқин кунларгача судьялар шапкача-ермолкалар кийишган бўлса, ҳозирда қўшимчалардан фақат чап елкадан ташланган оқ шарф қолди. Уларда ҳам иерархиясига қараб қора ёки қизил рангли мантия кийилади.

Испанияда ҳаммаси қатъий: қонун хизматкорларининг қора мантиялари кўкракка тақилган давлат герби билан тўлдирилган, ажратувчи белгилардан юқори суд инстанцияларида занжирли медальон бор холос.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди аъзолари очиқ-кўк ипакдан ишлов берилган, елкасида Европа иттифоқи нишони билан безалган ёрқин мантия кийишади. Кўринишни оқ тантанали шарф якунлаб туради.

АҚШ Олий суд судьялар тўпиқларигача ёпиб турувчи кенг енгли, тепасидан йиғилган, ва ундан фақатгина ёқаликлари кўриниб турувчи                V-шаклли мўйинтириқли қора мантия кийишади. Эркакларда бўйинбоғ, аёлларда эса чулки бўлиши шарт. Қўшимча равишда классик пойабзал кийилади. Қўйироқ судларда судьялар костюмларида қора ва қизил, қизил ва оқ рангларнинг уйғунлигини учратиш мумкин.

Ўзбекистон судьяларининг ҳам махсус кийими борми?

2019 йил октябрь ойига қадар Ўзбекистон судьяларининг махсус кийими мавжуд эмас эди.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг бевосита ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида,  Ўзбекистон судьялари ҳам профессионал вазифаларини махсус кийимларда амалга ошириш имконияти пайдо бўлди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг 5 та устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимой ривожланиш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатига судьяларнинг махсус кийими тавсифи ва намуналарини ишлаб чиқиш топширилган эди.

Чунки, Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонунининг 95-моддасида судья одил судловни махсус кийимда амалга ошириши, кийим тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланиши белгиланган.

Шунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2019 йил 12 октябрдаги қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси судьяларининг махсус кийими ва намунаси тасдиқланган.

Бизнинг сенаторлар икки хил рангдаги мантияларни тасдиқлашди – тўқ олча рангли мантия Конституциявий суд судьялари учун ва тўқ-кўк ранг –  бошқа суд судьялари учун. Шунингдек, жамланмага ипак боғич ва манишка киради.

Ўзбекистон судьялари учун судья мантиялар шакли АҚШ, Германия, Франция, Буюк британия ва Россия каби давлатларнинг мантияларни ҳаётга татбиқ қилиш тажрибалари асосида ишлаб чиқилган.

Судьянинг махсус кийими давлат рамзларидан бири бўлиб, суд процесси иштирокчиларига судьянинг алоҳида мақомини эслатиб туради.

Судьянинг махсус кийими-мантия, кўкракпўшт-манишка, ипак бўйинбоғ-пластрон ҳамда  нишондан иборат. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди судьялари учун мўлжалланган мантия тўқ олча рангда, умумий юрисдикция судлари судьялари учун мўлжалланган мантия эса, тўқ кўк рангда матодан тайёрланади.

Мантиянинг умумий узунлиги бўй ўлчамига қараб мосланади. Ердан 25-30 см юқорида туради. Мантиянинг елка қисми судьяга алоҳида қатъият ва кўркамлик бағишлайдиган махсус елкапўшт-пелерина билан қопланган.

Мантиянинг енгидаги манжет маркази оқ рангли ипак билан тўқилган кашта билан қопланган. Ушбу каштанинг вертикал ва горизонтал симметрияли мураккаб геометрик нақшини яратишда юртимизда нақш мактабларининг энг илғор анъаналари жамлаб олинган ва ягона нақш намунаси шакллантирилган.

Мантия билан бирга кийиладиган кўкракпўшт-манишка эса, икки қаватли оқ рангли матодан тайёрланган бўлиб, судьялар махсус кийимининг асосий қисмларидан ҳисобланади.

Махсус кийимнинг асосий қисмларидан яна бири мантия рангига мос бўлган ипак бўйинбоғ-пластрон ҳисобланади. Бу  ипак бўйинбоғ судьяга расмийлик ва салобат бағишлаб туради.

Юқорида қайд этилганлардан ташқари судьянинг махсус кийими таркибида ипак бўйинбоғ – пластронга тақиладиган махсус нишон ҳам бор. Нишон-Ўзбекистон Республикаси гербида тасвирланган  саккиз қиррали миллий нақшлар билан бойитилган доирадан иборат. Бу судьяга янада мукамаллик бағишлайди.

Судьялар махсус кийими, жумладан, мантия таркибининг етмиш фоизини жун ташкил этадиган асл матодан тайёрланиб, бунда фасллар эътиборга олинган.

Судьялик мантиясининг фойдаланиш муддати 5 йилдан иборат.

Эркак ва аёлларнинг мантияси тикилиш жиҳатдан бир хил, фақат умумэътироф этилган қоидага кўра, эркакларнинг мантияси чапдан ўнга, аёлларники эса, ўнгдан чапга тақилади.

Судьяларнинг махсус кийими судья ўзининг профессионал вазифасини бажариш жараёнида, яъни суд мажлислари, Пленум мажлисларида кийилади.

Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга. Суд раислари, раис ўринбосарлари айни вақтда судьялардир. Шу сабабли лавозимидан қаътий назар барча судьялар бир хил кийимда профессионал вазифаларини бажаришади. Оддий қилиб айтганда, Олий суднинг раиси ҳам, туман суди раиси ҳам бир хил мақомга эга – кийими ҳам бир хил. Махсус кийим фақатгина суд мажлисларида кийилади. Сайёр судларда ҳам, апелляция, кассация,  ҳатто Пленум мажлисларида ҳам мантиядан фойдаланилади. Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистонимиз судьялари махсум кийими  ҳар жиҳатдан мукаммал, кўркам ва ўзига хос бўлиб, Ўзбекистон Республикаси “Судлар тўғрисида”ги қонуни талабларини амалга татбиқ этишга, одил судловни амалга ошириш борасида умумэътироф этилган халқаро тамойилларни қонунчилигимизга жорий қилишга, халқимизнинг суд ҳокимиятига бўлган ишончини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Отабек Каримов

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман суди раиси

ТАДБИРКОРЛАРГА КЕНГ КЎЛАМЛИИМКОНИЯТЛАР ЯРАТИЛМОҚДА

Бугунги кунда шахсан муҳтарам президентимиз Ш.Ш.Мирзиёев томонидан, тадбиркорларга кенг кўламли имкониятлар яратилмоқда, шунинг бараворида тадбиркорлар томонидан икки томонлама ҳуқуқий муносабатларга киришда бир талай қийинчиликларга учрамоқда, баъзи тадбиркорлар қонунларни тушунмаганлиги натижасида ўзининг ҳамкори бўлган тадбиркорлар билан шартнома тузмасдан ишларни ёки бўлмаса маҳсулотларини оғзаки равишда келишув асосида, ўзаро ишончга биноан етказиб ёки бажариб берган, ишни бажарган ёки маҳсулотни етказиб берган тадбиркор қулида бирон бир хужжатлари мавжуд бўлмаганлиги сабабли, бажарган ишлари ёки бўлмаса етказиб берилган маҳсулотлари бўйича қарздорликларини ундиролмасдан бир талай тўсиқларга учрамоқда.

Мазкур ҳолатларни олдини олиш юзасидан Ўзбекистон Республикасининг хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисидаги 1998 йил 29 августдаги 670-I-сон-сонли қонунида кўрсатиб ўтилган.

Қонуннинг мақсади хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида юзага келадиган муносабатларни тартибга солишдан иборат. Ушбу Қонун хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилишнинг ҳуқуқий асосларини, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқи ва мажбуриятларини, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ва давлат бошқарув органларининг шартнома муносабатлари соҳасидаги ваколатларини белгилайди.

Тарафлардан бири шартлашилган муддатда тадбиркорлик фаолияти соҳасида товарларни бериш, ишларни бажариш ёки хизматлар кўрсатиш мажбуриятини оладиган, иккинчи тараф эса товарларни, ишларни, хизматларни қабул қилиб олиш ва уларнинг ҳақини тўлаш мажбуриятини оладиган келишув хўжалик шартномаси дейилади.

Хўжалик шартномаси шартнома шартларига ҳамда қонунчиликнинг талабларига мувофиқ равишда, бундай шартлар ва талаблар бўлмаган ҳолларда эса иш муомаласи одатларига мувофиқ бажарилиши лозим.

Хўжалик шартномасининг бажарилиши неустойка, гаров, қарздорнинг мол-мулкини ушлаб қолиш, кафиллик, кафолат, закалат ҳамда қонунчилик ёки шартномада назарда тутилган бошқача усуллар билан таъминланиши мумкин.

Хўжалик шартномаларини тузиш, бажариш, ўзгартириш ва бекор қилиш вақтида тарафлар ўртасида келиб чиқадиган низолар, шунингдек етказилган зарарни қоплаш тўғрисидаги низолар қонунчиликда белгиланган тартибда иқтисодий суд томонидан, шартномада назарда тутилган ҳолларда ёки тарафларнинг келишувига биноан — ҳакамлик суди томонидан кўриб чиқилади. Қонун талабларидан келиб чиқиб, тадбиркорлар ўзининг безнис ҳамкори бўлган тадбиркрлар билан ҳуқуқий муносабатларга киришда шартнома тузиш керакли, келажакда ўртада келишмовчилик муносабатлар келиб чиққан тақдирда судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари пайдо бўлади.

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

Ислоҳот: Одил судлов – инсон манфаатлари ҳимоясидир

Янги Ўзбекистон шароитида давлат бошқаруви ва маҳаллий давлат ҳокимияти тизимининг самарадорлигини ошириш, улар фаолиятини натижадорликка йўналтириш орқали аҳоли фаровонлигини таъминлаш асосий масалалардан бири бўлиб, маъмурий ислоҳотларни изчил давом эттириш йўлида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил
29 январь кунидаги «Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-107-сон қарори қабул қилиниши, алоҳида аҳамиятга эга.

Президентимизнинг мазкур қарорида давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда маъмурий суд ишларини юритишни халқаро стандартлардан келиб чиққан ҳолда такомиллаштиришга оид чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Ҳақиқатдан ҳам, амалиётда юзага келаётган ҳолатлар таҳлили маъмурий судларда иш ҳолатларини исботлаш мажбурияти тарафларнинг ўзига юклатилгани уларни тенгсиз ҳолатга келтираётганини кўрсатмоқда. Шунингдек, кўп ҳолатларда фуқаролар ёки юридик шахслар манфаатида чиқарилган суд ҳужжати давлат органлари ёки мансабдор шахслар томонидан ижро этилмасдан қолаётганининг гувоҳи бўлаётган эдик.

Ушбу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда ҳужжатда давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантиришга қаратилган муҳим чоралар белгиланди.

Жумладан, мазкур қарорга кўра, келгусида қуйидаги тартиблар жорий этилади:

маъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади, ҳуқуқи бузилганларга эса далилларни йиғишда фақат ўз имкониятидан фойдаланиш шароити яратилади;

давлат органлари қарорлари натижасида етказилган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқи берилади;

маъмурий судларнинг ҳал қилув қарорлари давлат органлари томонидан ижро қилинмаганда, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималари қўлланади.

Шунингдек, мазкур қарор билан шундай тартиб белгиланмоқдаки, энг аввало фуқароларни ва тадбиркорларни судда ортиқча сарсон бўлишининг олдини олиш мақсадида судлар томонидан даъво ариза, ариза ва шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, мазкур ҳолатда даъво ариза, ариза, шикоят ёки ишларни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш йўли орқали ягона дарча тамойилини судларга жорий этиш белгиланмоқда.

Шу билан бирга, мазкур қарор асосида аризалар судга тааллуқли бўлмаганда уларни кўриб чиқиш ваколатли судга ўтказилиши бир суд доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик судга тааллуқли бўлган ишларни бирлаштириш тақиқланиши белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур қарор билан, жамиятда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш, уларни фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш мақсадида қуйидагилар белгиланди:

тарафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорини у қонуний кучга кирган кундан бошлаб бир ой давомида ижро қилиш ҳамда бу ҳақда маъмурий судга хабар бериш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича суд ҳужжати ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан суд жаримасини қўллаш;

давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган иш бўйича ҳал қилув қарорининг такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш.

Бир сўз билан айтганда, мазкур чора-тадбирларнинг амалга оширилиши давлат органлари фаолиятини қонуний асосда юритилишини, фуқаро ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва манфаатлари самарали ҳимоя этилишини таъминлашга, маъмурий суд иш юритувини халқаро стандартларни инобатга олган ҳолда такомиллаштиришга, энг муҳими, маъмурий судларни ҳақиқий халқ судига айлантиришга хизмат қилади. Ислоҳотлардан кўзланган мақсад эса, адолат ва қонун устуворлиги таъминлаш, “Инсон қадри учун” тамойили асосида халқимизнинг фаровонлигини янада ошириш, тадбиркорликни жадал ривожлантириш, инсон ҳуқуқлари ва манфаатларини сўзсиз таъминлашга қаратилган.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Мустаҳкам оила – жамият таянчи

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун республика бўйича ўтган 2021 йил давомида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди деганидир.

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

Ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда  ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…

Шунча норасида болани тирик етимга айлантирган сабаб нима? 

Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак эмасми…?!

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.

Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир. Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

АМАЛГА  ОШМАГАН  САВДО

Мустақил ҳаётга қадам қўйган ҳар бир инсонда эзгу мақсад ва мустаҳкам эътиқод бўлмаса ёмон. Қандай йўл билан бўлса-да, мўмай пул топиб, кайфу-сафода кун ўтказиш бу – инсонга берилган бетакрор ва гўзал умрни барбод қилишдан бошқа нарса эмас. Эндигина 20 ёшни хатлаган Н.Норқулова (исм-шарифлари ўзгартирилган) ана шу йўлга кириб қолганлардан бири эди.

Н.Норқулова ғаразли мақсадда таниши Бирлашган Араб амирлигининг Шаржа шаҳрида яшовчи А.Ш. билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Ангор туманида яшовчи Д.А. исмли қизни Ўзбекистон Республикаси давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда Шаржа шаҳрига олиб бориб, у ерда Д.А.дан шахвоний мақсадларда фойдаланишни режалаштирган. Режасига асосан 2021 йил 15 июнь куни Н.Норқулова ўзига тегишли қўл телефонининг “WhatsApp” интернет месенджери орқали таниши А.Ш.нинг қўл телефонига Д.А.нинг хорижга чиқиш паспорти ва бошқа маълумотларини юборади. 2021 йил 17 июнь куни А.Ш. юборилган паспорт маълумотлари асосида Д.А.нинг номига 2021 йил 22 июнь куни соат 09:40 да “Тошкент-Шаржа” йўналиши бўйича учувчи самолётга
03-рақамли электрон авиачипта сотиб олиб, жиноий шериги Н.Норқулованинг қўл телефонига ташлаб берган. Д.А. ушбу электрон авиачипта билан Шаржа шаҳрига учиб кетиш вақтида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан тўхтатиб қолинди.

2021 йил 2 октябрда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг очиқ суд мажлисида мазкур жиноят иши кўрилиб, судланувчи Н.Норқуловага жиноят кодекси 135-моддасининг тегишли қисмлари билан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.

Одил Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Сурхондарё вилоят судига суд аппарати ходимлари захираси шакллантирилинаётганлиги тўғрисида эълон

Сурхондарё вилоят судига суд аппарати ходимлари захираси шакллантирилинаётганлиги сабабли, вилоят суди қуйидаги лавозимларга номзодларни захирага олиш юзасидан танлов эълон қилади.

Лавозимлар:

Судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус.

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

Малакали, хорижий тилларни биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

Ариза;

Номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

диплом (дипломдан кўчирма)нинг нотариал тасдиқланган нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;

номзоднинг паспорт нусхаси;

меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно).

Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.

Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:

76-221-87-57

       jib.sur.mh@sud.uz

Сурхондарё вилоят судининг кадрлар бўлими.

Skip to content