ЎЗ ФАРЗАНДИНИ СОТМОҚЧИ БЎЛГАН АЁЛ

Ўзбекситон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид кўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари Одам савдосидан жабрлаганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини вазифа қилиб кўйди.

Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенсиясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги Протоколни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.

Бош Қомусимиз ҳисобланган Конституциямизда энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш мазкум қомусимиз билан кафолатланади.

Шунга қарамасдан, республикамизда бир қанча одам савдоси жиноятлари кузатилмоқда.

Хусусан, Наргиза Олимова (исм шарифи ўзгартирилган) ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида, моддий манфаатдор бўлиш учун 2021 йил 4 июнь куни соат 13:30да Термиз шаҳар “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар ёнида вояга етмаган фарзанди, 2020 йил 6 май куни туғилган қизи Олимова Шоира Алишер қизини ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини англаб туриб, ўзига олдиндан таниш бўлмаган Термиз шаҳар Гулистон маҳалласи Хоразм кўчаси 131-рақамли уйда яшовчи Алишерова Шохида Алишеровнага 1.200 (бир минг икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларга тенг бўлган 12.600.000 (ўн икки миллион олти юз минг) сўм эвазига сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан бирга ушланган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2021 йил 25 ноябрдаги ҳукмига кўра, Н.Олимова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси                      3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини кўлланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.

Шерзод Юлдашев

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси