Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори мазмун-моҳиятига бағишланган семинар бўлиб ўтди

Жарқўрғон туманида ўтказилган ушбу семинарда Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Шўрчи туманлари ички ишлар бўлими терговчи ва суриштирувчилари иштирок этиб, унда фирибгарлик жиноятини фуқаролик ҳуқуқий муносабатдан фарқлаш, бу турдаги жиноятларни юритишда суриштирув ва дастлабки тергов жараёнида йўл қўйиладиган хато ва камчиликлар хусусида сўз юритилди.

Мазкур семинарда вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси Мухиддин Маликов ўз нутқида ҳозирги бозор иқтисодиёти шароитида мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик турли хил янги усулларда содир этилаётганлиги, ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан фойдаланилган ҳолда содир этиш ҳолатлари ортиб бораётгани ушбу тоифадаги ишларни доимий таҳлил қилиш орқали жиноят содир этилишига олиб келаётган омилларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ишлаб чиқиш лозимлигини таъкидлаб, суриштирув ва дастлабки тергов жараёнларида фирибгарлик билан боғлиқ жиноят ишларини кўришда, айниқса, фуқаролик-ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиққан низоларни фирибгарлик жиноятларидан фарқлашда англашилмовчиликлар келиб чиқаётгани туфайли ҳамда қонун нормалари бир хилда ва тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги пленум қарори янги таҳрирда ишлаб чиқилганлигини билдирди.

Шунингдек, маърузачи судья Мухиддин Маликов Ўзбекистон Республикаси Олий судининг 2023 йил 23 июндаги “Фирибгарликка оид ишлар бўйича суд амалиёти тўғрисида”ги Пленум қарори мазмун-моҳияти хусусида тўхталиб, мазкур ҳужжатни қабул қилишдан кўзланган мақсад фирибгарликка оид ишларни тергов қилиш ва судда кўриш жараёнида қонун нормаларини тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаш билан бир қаторда фуқаролик ҳуқуқий муносабат билан фирибгарлик жиноятини фарқлаш зарурлигини таъкидлади. 

– Тузилган битимга асосан ўзга шахснинг эгалигига ўтказилган ёки гаров таъминоти сифатида топширилган мулк юзасидан шахснинг битим тузилишида бошқа мақсад кўзлангани ҳақидаги важлари, битим қонунга мувофиқ тузилгани аниқланган ҳолларда фирибгарлик сифатида баҳоланмаслиги лозим, – деди М.Маликов.

–Агар шахс ўзаро ихтиёрий ёзма битим, келишувлар (қарз шартномаси, тилхат, кафолат хати ва бошқалар) асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларини уни ижро этиш жараёнида айрим объектив сабабларга кўра (масалан, мулкий ночорлиги, шартнома тузишда тарафлар учун асос бўлган вазиятнинг жиддий ўзгариши, оғир касаллиги, фавқулодда ҳолат туфайли) бажара олмаса ёки ўзганинг мулкини эгаллашга нисбатан қасд мавжудлигини исботлашнинг имкони бўлмаса, бундай ҳолатлар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиққан низо сифатида баҳоланиб, фуқаролик, иқтисодий суд иши юритуви тартибида ҳал этилиши кераклигини билдирди.

Мухтасар айтганда, сўнгги пайтларда мулкка тажовуз қилиш билан боғлиқ жиноятлар орасида фирибгарлик иллати турли усулларда содир этилиши мазкур пленум қарори эса, бу тоифадаги жиноятга қонуний, асосли баҳо бериш, қилмишни тўғри квалификация қилишда жиноят таркиби ва фуқаролик ҳуқуқий муносабат ўртасидаги ягона суд амалиётида учраётган муаммоларга ечим бўлади.

МУХИДДИН МАЛИКОВ

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси