ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА СУД МАЖЛИСЛАРИДА ПРОКУРОРНИНГ ПРОЦЕССУАЛ ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексига кўра, ариза берган прокурор даъвогарнинг барча процессуал ҳуқуқларидан фойдаланади ва барча процессуал мажбуриятларини ўз зиммасига олади, бундан келишув битими ёки медиатив келишув тузиш ҳуқуқи ва суд харажатларини тўлаш мажбурияти мустасно.

Прокурор берган аризасидан бутунлай ёки қисман воз кечиш, бошқа шахсларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун ўзи арз қилган талаблар бўйича судга тушунтиришлар бериш, иш мазмуни юзасидан, шунингдек ишнинг муҳокамаси вақтида келиб чиққан айрим масалалар бўйича ўз фикрини баён этиш, суд ҳужжати устидан протест келтириш ҳуқуқига эга.

Агар даъвогар рози бўлмаса, прокурор ўзи арз қилган талабларнинг асосини ёки предметини ўзгартиришга, қўшимча талаблар билдиришга, даъво талабларининг миқдорини кўпайтиришга ёхуд камайтиришга ҳақли эмас.

Прокурор томонидан даъвогарнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун тақдим этилган даъводан даъвогарнинг воз кечиши, агар бу учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига дахл қилмаса, даъво аризасини (аризани) кўрмасдан қолдиришга олиб келади.

Прокурорнинг бошқа шахс манфаатларини ҳимоя қилиш учун тақдим этган ўз даъвосидан (аризасидан) воз кечиши, ушбу шахсни ишни мазмунан кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқидан маҳрум этмайди.

Шунингдек, суд мажлисида прокурор ёки адвокат раислик қилувчининг фармойишларига бўйсунмаган тақдирда, улар огоҳлантирилади. Мазкур шахслар раислик қилувчининг фармойишларига яна бўйсунмаса, агар уларни ишга зарар етказмаган ҳолда бошқа шахс билан алмаштиришнинг имкони бўлмаса, ишни кўриш суднинг ажримига биноан кейинга қолдирилиши мумкин. Суд бир вақтнинг ўзида хусусий ажрим чиқаради, ушбу ажрим тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига юборилади.

Бундан ташқари, суд муҳокамасининг вақти ва жойи тўғрисида хабардор қилинган прокурор ёки адвокатнинг суд мажлисига узрсиз сабаблар билан келмаган тақдирда суд хусусий ажрим чиқаради, бу ҳақда тегишинча юқори турувчи прокурорга ёки Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатасининг ҳудудий бошқармаси ҳузуридаги малака комиссиясига маълум қилади.

Ишда иштирок этувчи прокурор суд музокараларидан кейин низонинг моҳияти бўйича ўз фикрини баён этади, бундан прокурорнинг бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини, эркинликларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида берган аризаси бўйича қўзғатилган ишлар мустасно.

БЕХРУЗ АВАЗОВ

Сурхондарё вилоят суди судъя катта ёрдамчиси