ОТА-ОНАНИНГ БОЛАЛАРГА ТАЪЛИМ-ТАРБИЯ БЕРИШГА ОИД ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ НИМАЛАРДАН ИБОРАТ?

Болаларни вояга етгунларига кадар тарбиялаш бўйича ота-оналарнинг мажбурияти Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида белгиланган.

Ота-она зиммасига вояга етмаган болаларга таълим-тарбия бериш борасида фақат мажбурият юкланмай, шунингдек, уларга бу муҳим масалани амалга оширишга доир ҳуқуқлар ҳам берилган. Болага тарбия бериш ота-онанинг бирдан-бир шахсий ҳуқуқи ҳисобланади. Ушбу ҳуқуқдан ота-оналар қонунда махсус назарда тутилган ҳоллардагина маҳрум бўлишлари мумкин.

Тарбиялаш борасида ота-онага берилган ҳуқуқнинг том маъноси – болани шахсан тарбиялаш учун уларга берилган имкониятдан иборат. Бу ишда ота-она болага тарбия бериш услуби ва усулларини эркин ҳолда танлайдилар, бу масалани ҳал қилишда ўзгаларнинг ўзбошимчалик билан аралашишига йўл кўйилмайди.

“Бола ҳуқуқлари тўғрисида”ги БМТ Конвенцияси 14-моддасининг
2-бандига биноан, ушбу Конвенцияга қўшилган давлатлар ўзларининг миллий шароитлари, анъаналарини ҳисобга олган ҳолда ва ўз моддий имкониятларидан келиб чиқиб, ота-она ва болаларни тарбияловчи бошка шахсларга ёрдам беришлари керак эканлиги назарда тутилади. Бу муҳим масалани тўғри ва самарали ҳал қилиш борасида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати томонидан тегишли ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган ва зарур бўлган чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахсларнинг болаларга таълим-тарбия беришга оид ҳуқуқ- мажбуриятлари ва масъулиятлари Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги қонунида белгилаб берилган. “Ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар, – дейилади Қонуннинг 30-моддасида, – ўзларининг вояга етмаган болалари учун таълим шаклларини, умумтаълим муассасаси тури ва ўқитиш тилини танлаш, таълим муассасаси маъмуриятидаги ўқув юртлари уставларида белгиланган зарур шарт-шароитлар яратилишини, болага ҳурмат билан муносабатда бўлишни талаб қилиш, таълим муассасасини бошқаришда иштирок этиш ҳуқуқларига эгадирлар”.

Шу билан бирга, улар болаларнинг жисмоний ва руҳий жиҳатдан соғлом бўлиши тўғрисида ғамхўрлик қилишлари, боланинг қадр-қимматини ҳурматлашлари, болада меҳнатсеварлик, яхшилик ва мурувват, Ватанга садоқат, ёши улуғларга, давлат тили ва она тилига, оилага, миллий тарихий қадриятлар ва маданият қадриятларига нисбатан ҳурмат туйғусини тарбиялашлари, уларга қонунлар, ҳуқуқлар ва инсон эркинликларини ҳурмат руҳида эъзозлашни ўргатишлари, болаларнинг таълим муассасаларида ўқишлари учун ёки белгиланган талаблар ҳажмида уйда тулақонли таълим олишлари учун зарур шарт-шароитларни яратишлари шарт.

Бола тарбияси ва унинг камол топишида ота-оналар ўз ҳуқуқларидан тўла фойдаланишлари ва шу билан бирга, зиммаларига юклатилган мажбуриятларни бажариш масъулиятини ҳам тенг амалга оширишлари керак. «Бола ҳуқуқлари тўғрисида»ги БМТ Конвенциясининг 18-моддаси 1-бандига биноан ушбу мажбурият уларнинг қаерда бўлишидан қатъи назар ота-она учун умумий ва мажбурий ҳиисобланади. Вояга етмаган болаларнинг таълим олишига монелик қиладиган ота-оналар ёки уларнинг ўрнини босувчи шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўлишлари белгиланган. Демак, ота-оналар вояга етмаган ўз болаларининг тарбияси ва уларнинг камол топиши учун жавобгар ҳисобланиб, уларнинг (ўз болаларининг) соғлиги, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлокий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари керак. Хулоса қилиб айтганда, ота-оналар ўзларининг вояга етмаган болаларини шахсан тарбиялаш ҳуқуқидан келиб чиқиб, уларни ғайриқонуний тарзда ушлаб турган бошқа ҳар қандай шахсдан талаб қилиб олишда устун ҳуқуқга эгадирлар.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди судьяси