Мустаҳкам оила – жамият таянчи.

Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.

Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 12 ойида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди деганидир.

Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.

Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.

Ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.

Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда  ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…

Шунча норасида болани тирик етимга айлантирган сабаб нима? 

Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак эмасми…?!

ДИНИЙ МАЪРУЗА.

“Никоҳ” сўзининг мажозий маъноси эса оила қуришни англатади.

Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.

Ҳозирги кунда айрим эркакларда қуйидаги камчиликлар кузатилмоқда:

Баъзи эрлар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат ҳам қилишмоқда.

Баъзилар эса ўзга юртларга кетиб, узоқ вақт қарамоғидагиларни нафақасиз ташлаб қўймоқда.

Баъзи эрлар кун бўйи кўча-кўйда юриб, аҳли-аёли ва фарзандларини олдига борганда телефонидан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъул. Уларга ҳам вақт ажратиши ва уларнинг ҳаққини адо қилиши керак.

Баъзи номардлар аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.

Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.

Юқоридагиларнинг барчаси аҳли-аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши қаттиқ қораланган. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир.

Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.

ҲИМОЯ ОРДЕРИ.

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 02 сентябрь “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун асосида ҳаётга тадбиқ эилган ҳимоя ордери – хотин-қизларни жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий тазйиқ ва зўравонликдан давлат ҳимоясини тақдим этувчи, уларга нисбатан тазйиқ ўтказаётган ёки зўравонликни содир этган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади.

Бу ҳужжат хотин-қизларнинг турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнонаси, қайинопа-қайинсингил, қайиноға-қайинука, қўни-қўшни, раҳбари ёки ҳамкасблари томонидан жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя воситасидир.

Ички ишлар органларига хотин-қизларга тазйиқ ёки зўравонлик бўлганлиги ҳақида жабрланувчининг ўзидан ёки бошқа шахслардан хабар келиб тушгач 24 соат ичида, 1 ой муддатга (яна 1 ойга узайтирилиши мумкин) ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиб, зўравонга жабрдийдага тазйиқ ўтказиш ва у билан алоқалар қилиш тақиқланади ҳамда зўравон зиммасига жабрдийдага етказилган барча моддий ва маънавий зарарларни қоплаш мажбурияти ҳам юклатилади.

Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир.

Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси