Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартарафэтишнинг ҳуқуқий асослари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Якка тартибда уй қуриш фуқароларнинг уй-жойга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади ва давлат якка тартибдаги уй-жой қурилишига ер участкаларини ажратиш, уй қуришга ссуда ва кредитлар бериш йўли билан ҳар тарафлама кўмаклашади.

Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Хуш, суд амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг қандай ҳуқуқий асослари бор деган савол туғилиши табиий.  

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас.

Бундай даъволар билан арз қилинганда, суд аризани қабул қилишни рад этади, агар иш қўзғатилган бўлса иш юритишни тугатади ва аризачига ушбу талаб билан тегишли ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.

Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъволари, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга кўчириб киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди.

Судлар ишни кўришда уйга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни (қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, олди-сотди, ҳадя шартномаси ва шу кабиларни), уйнинг ва ер участкасининг режасини тақдим этишни тарафларга таклиф қилади ёки ўз ташаббуси билан уларни талаб қилиб олади.

Шунингдек, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг
210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Уй қурилиши тамом бўлгунига ва давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар уй маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.

Уйни биргаликда қураётган эр-хотиннинг, иморат солувчининг оила аъзоларининг, шунингдек меросхўрларнинг даъвосига кўра суд қурилиши тугалланмаган уйни, агар унинг битай деб қолганлик даражасини инобатга олиб, алоҳида қилиб ажратиб бериш мумкин бўлган қисмларини кейинчалик уларнинг мазкур шахслар томонидан қурилиши охирига етказилиши техник имкониятлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин бўлса, бўлишга ҳақли.

Ҳокимият ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, суд ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги сабабли даъвогарга рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий суд орқали низолашишга ҳақли эканлигини тушунтиради.

Даъвогарнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳокимият қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги даъвоси ҳамда ҳокимиятнинг ушбу ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ҳақидаги даъвоси биргаликда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан тегишли туман ҳокимининг қарори асосида мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Баходир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш.

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш. Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш.

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида «Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида»ги келишув,
2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида «Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури» қабул қилинган эди.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.

2020 йил 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги» қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2008 йил
29 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни маъқулланиб, амалдаги Жиноят кодекси
135-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди ва ушбу модда мазмун ва моҳият жиҳатдан тубдан такомиллаштирилди.

Ушбу модданинг аввалги номи «Одамлардан фойланиш учун уларни ёллаш» деган таҳрирда белгиланган эди. Жиноят кодекси 135-моддасининг аввалги таҳририда фақатгина одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишларнинг барчасини комплекс тарзда қамраб олмас эди. Шу сабабли, у шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини тўлиқ  муҳофаза қилишга имкон бермас эди.

2019 йил мобайнида чақалоқлар савдосида воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт ходимлари эканлиги аниқланган. Шунингдек, чақалоқ сотиш сабаблари ўрганилганда, 9 таси айбини яшириш, 10 таси моддий манфаат учун эканлиги маълум бўлган.

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, бироқ чақалоқлар савдоси 38 фоиздан 43 фоизга ошган. Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева мазкур жиноятларга оид бошқа маълумотларни ҳам ошкор қилган.

Қайд этилишича, 2019 йилда Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 5 тадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 4 тадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида 3 тадан чақалоқ савдосига оид жиноят содир этилган.

Мазкур йўналишдаги жиноятлар 72 киши томонидан амалга оширилган бўлса, уларнинг 62 нафари (86 фоизи) – аёллар томонидан содир этилган.

Бу жиноят бошқа жиноятлар билан биргаликда содир этилганда, жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинади.

Мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эканлиги, жамият аъзоларининг соғлиғи, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз қилиниши, айниқса ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши эътиборга олиниб, жазо чоралари ҳам кучайтирилди.

Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш олиб бориш, фуқароларни бу борада вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбатлари, конференция, илмий амалий анжуманлар ўтказилиб келинмоқда, аҳолининг бу борада ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида фойдаланиш учун қулай бўлган ўқув услубий қўлланмалар нашр этилиб тарқатилмоқда.

Одам савдосини олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳалаларда фаолият кўрсатаётган диний- маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Қайд этиш лозимки Республикамизда фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улардаги асосий талаблардан бири – бу  хорижга юборилиши кўзда тутилаётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудида ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.

Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади.

Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;

вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;

ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;

ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир.

Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Шерзод Юлдашев

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьяси                                        

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят судининг ОАВ бўйича бош консультанти

“Судлар тўғрисида”ги қонун – судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Судлар тўғрисида”ги қонун – судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган суд–ҳуқуқ соҳасидаги  изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз томонидан 2021 йил 28 июлда “Судлар тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Ушбу қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги, “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги Низомлар қабул қилинди.

Мазкур қонун 101 моддадан иборат бўлиб, унда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки мазкур  ҳужжатда илгари қабул қилинган эски таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда белгиланмаган нормалар киритилди.

Қонунга биноан судья зиммасига ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, коррупцияни ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича ғайриқонуний аралашишларга уринишларга қаршилик кўрсатиши керак. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашига хабар қилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши, судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, судьянинг дахлсизлигини кучайтириш мақсадида белгиланган яна бир янги тартибга мувофиқ, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шартлиги, шунингдек, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилиши ҳамда эндиликда, судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, илгари судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олишга Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилган. Эндиликда, бундай ҳаракатлар фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланди.

Хулоса ўрнида, айтиш мумкинки, ушбу қонун судьянинг дахлсизлигини ва чинакам мустақиллигини таъминлашда зарурий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга одил судловнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.

Аблқосим Рузиқулов, Сурхондарё вилоят судининг раиси     

Асқар Қудратов, Сурхондарё вилоят судининг бош консультанти     

Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

Бугун, 9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди. Қурултойда Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир давомида амалдаги давлат раҳбари ўзининг келгуси 5 йилга мўлжалланган номзодлик дастури билан таништирди. Съезд якунига кўра номзод бўйича съезд қарори эълон қилинди ва делегатлардан овоз бериш сўралди. Делегатлар бир овоздан Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З. Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

 

Ҳамма одамлар ўз қадр-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар.Уларга ақл ва  виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак”
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.

Конституциямизда барча фуқароларнинг бир-хил ҳуқуқ ва эркинликларга эгалиги, ҳеч ким қийноққа  солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмаслиги, ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги, ҳар ким фикрлаш, сўз ва эътиқод эркинлиги ҳуқуқига эгалиги, ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланиши жамиятда хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуқлигини ифода этиш билан бирга барча фуқароларга бурчлари сифатида Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканликлари белгилаб берилган.  

2021 йил 22 июнь куни Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси  С.Аллабердиев, судья А.Холмуминов, фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси М.Аллаярова, туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиғи ўринбосари С.Валиева, туман ИИБ катта инспектори, подполковник И.Полвановалар иштирокида туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими биносида “Оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва жабрланганларга амалий ёрдам кўрсатиш ҳамда бу борадаги қонунчиликни тушунтириш” мавзусида туман хотин-қизлари билан  давра суҳбати ўтказилди.

Давра суҳбати давомида йиғилганларга Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорларининг мазмун-моҳияти, қайси омиллар ушбу қонун ва қарор ҳужжатларини давлат сиёсатининг устувор вазифаси даражасида қабул қилиш заруратини туғдирганлиги, шунингдек ушбу қонун ва қарорларни амалда татбиқ этиш орқали оиладаги тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини кескин камайтариш ва хотин-қизлар жабр кўришини олдини олиш, “Аёллар дафтари”га киритилган аёлларнинг муаммоларини ўрганиш, уларнинг бандлигини таъминлаш ва оиладаги мавқеларини ошириш, янги барқарор оилаларни вужудга келтириш, хотин-қизларга ҳуқуқий, моддий ва тиббий-психологик ёрдам кўрсатиш, оиладаги зўравонликларни олдини олиш ва қонун устуворлигини таъминлашга эришиш  асосий мақсад этиб белгиланганлиги тўғрисида тушунтиришлар берилди.

Шунингдек, давра суҳбатида давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидалари, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган  ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик  хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли,  ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат  юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро  муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари тўғрисида кенг тушунтириш берилди.

Тадбир давомида туман ИИБ  профилактика инспекторлари томонидан тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган икки нафар хотин-қизга ҳимоя ордери берилиши таъминланди. Бундан ташқари,  тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларнинг  саволларига  жавоб ва  тушунтиришлар берилди.

Аббос Холмуминов, Қумқўрғон туманлараро

иқтисодий суди  судьяси                                    

М.Холбеков,  Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судья ёрдамчиси                                                  

ЎЗИНГДАН ЧИҚҚАН БАЛОГА…

“Қайга борасан даъвога”, деб бежиз айтишмас экан-да. Бу нақлни маъносини яқинда бошларига бир кўнгилсизлик тушган оила вакиллари янаям теранроқ англаб етишади. Аниқроғи, ҳис қилишди-ю, уларга жуда оғир ботди. Сабаби…

Муҳриддин (исм-фамилялар ўзгартирилди) нинг пешонасига уч ёшлигидаёқ етимлик ёзилган экан. Лекин, Ҳалима опа уни ўз тарбиясига олиб, етимлигини билдирмай катта қилди. Вояга етгач, Муҳриддин кўпинча хорижга, бошқа вилоятларга ишлагани бориб келар эди.

Бу сафар ҳам Тошкент шаҳридан қайтаётиб йўлда ўгай онаси билан тортишиб қолади. Аччиқ устида Жиззах шаҳрига ишлаш учун кетмоқчи бўлди. Аммо йўлга маблағи йўқ, нима қилишни билмай турганда, бирдан онасининг синглисини шу атрофда яшаши эсига тушади. Холаси кўпинча Тошкент шаҳрида яшашини, келини уйда бўлмаслиги унга анча қўл келди.

Кечаси соат 22 лар чамаси холасининг Узун туманидаги яшаш уйига ўғринча кириб, кўзга кўринган нарсаларни, аёл ва эркакнинг кўйлаги борми, кўрпа-тўшак ва чинни идишлар борми ҳаммасини йиғиб, олиб кетишга қулай бўлиши учун дарвоза олдига тўплаб қўйди. Кейин холасининг ён қўшнисини ошхонаси очиқлигини кўрибу ергаям кирди.

Ошхонада турган нон печини олиб чиқиб, униям ўмарган нарсаларининг ичига қўшиб қўйди. Энди “ўғригина бола” нинг олдида бу ўғирланган буюмларни олиб кетиш ва сотиш муаммоси турар эди. Хайдовчига “бу ердан кўчаяпман нарсаларимни олиб кетишим керак”, деган важ кўрсатиб, ўғирланган нарсаларни Сариосиё туманидаги дўконлардан бирига олиб бориб туширди. Баҳонаси ҳам тайёр “Тошкент шаҳрига иш юзасидан кетаяпти-ю, йўл кирага пули етимаётганлиги сабабли уйидаги баъзи нарсаларни сотишга мажбур бўляпти”…

Унинг гапларига ишонган дўкон сотувчиси у сўраган  300 минг сўм пулни бериб, нон печи ва чинни идишларни олиб қолади.

“Касалини яширган билан иситмаси ошкор этди-ю”, кўп вақт ўтмай у Жиззах шаҳридаги ошхоналардан бирида ишлаб юрганида ИИБ ходимлари томонидан гумондор сифатида қўлга олинди.

Зарар қопланганлиги, даъвогар томонидан даъводан воз кечилганлиги инобатга олиниб, қонун доирасида жазо тайинланди, албатта, Аммо виждони бор одам учун шаънига “ўғри” деган тамғанинг ёпишиши энг оғир жазо аслида… 

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

Ойбек Жуманов

Сурхондарё вилоят судининг судьяси

Зуфар Нарзиев

Шифокорнинг эътиборсизлиги фожеага сабаб бўлди

Шифокорларни инсон ҳаётини сақлаб қолувчи нажот фаришталари десак муболаға бўлмайди, аммо бу соҳада ҳам ўз касбига совуққонлик билан қараб, ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик ва бепарволик қилиш оқибатида ёш инсонларнинг бевақт умри  хазон бўлишига сабабчи бўлиб қолаётган шифокорларни учратиш мумкин.

          Лола Азизова (исм, фамилиялари ўзгартирилган) турмуш ўртоғи Рустам Инотов (исм, фамилиялари ўзгартирилган) билан не-не ниятларда турмуш қурди. Аллоҳ  уларга  фарзанд кутишдек ажойиб бир неъматни ҳам ато этди, аммо минг афсуски тиббиёт ходимларининг бепарволиги сабаб унинг ҳаёти туғруқ жараёнида фожеа билан тугади.

         Аслида воқеа бундай бўлганди. Лола Азизова турмуш ўртоғи билан бир неча йиллардан буён Тошкент шаҳрида яшаётганди, ўша ерда ҳомиладорлиги бўйича ҳисобда туриб, барча тиббий кўриклардан ўтганди, пандемия бошланиб, карантин эълон қилинганлиги сабабли Олтинсой туманига қайтиб келди ва келганидан сўнг Деновда 2 маротаба, Шўрчи туманида 1 маротаба тиббий кўрикдан ўтганди, унинг соғлиги яхши эди.

       Лола Азизованинг ой-куни етгандан сўнг, уни онаси, қайнонаси ва турмуш ўртоғи  биргаликда Олтинсой тумани туғруқ бўлимига олиб келишди. Шифокорлар Саид Авазов ва ( исм, фамилиялари ўзгартирилган), Адиба Ҳафизова ( исм,фамилиялари ўзгартилган, акушер гениколог) лар Лола Азизованинг аҳволи яхши эканлигини, худо ҳоҳласа эсон-омон фарзандини қўлига олиши мумкинлигини айтгандан сўнг  хотиржам бўлишди.

        Шифокорлар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизовалар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг алмашув картасида унинг қон гуруҳи кам учрайдиган ОaB (I) Rh-манфий резус факторли эканлиги кўрсатилган бўлсада, бунга эътибор қаратмасдан, ушбу тоифадаги қон захирасини топиш чораларини кўрмаганлиги,  зудлик билан беморнинг умумий қон, биохимик ва сийдик таҳлили натижаларини олиб, мутахассисларни чақиртириб, беморни кўрикдан ўтказмаганлиги, кўрик ва таҳлил натижаларидан келиб чиққан ҳолда туғруқ режасини ишлаб чиқмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизовага нотўлиқ ташхис қўйилганлиги оқибатида  Лола Азизовада туғруқдан сўнг қон ивимаслиги туфайли қон кетиши тўхтамаслиги ҳолати кузатилишига, беморда бачадонни олиб ташлаш операциясини ўтказиш жараёнида ўз вақтида ушбу гуруҳ ва резус фактордаги қон захираси тайёрлаб қўйилмаганлиги, ушбу турдаги қон топилгунига қадар қон плазмаси қуйилмаганлиги натижасида ҳомиладор Лола Азизованинг ички қон кетишидан вафот этишига сабабчи бўлган.

         Балки шифокорлар томонидан ҳомиладор Лола Азизованинг қон гуруҳи резус манфийлигига эртароқ эътибор қилиб, зарур чоралар кўрилганида балки бир инсоннинг тақдири сақлаб қолинган бўлармиди.

          Суд, судланувчилар Саид Авазов ва Адиба Ҳафизоваларнинг айбига иқрор, қилмишидан пушаймонлигини, марҳуманинг қонуний вакилининг давоси йўқлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолатлар деб топиб, уларнинг ҳаракатларида жазони оғирлаштирувчи ҳолатлар йўқ деб ҳисоблаб, Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 116-моддаси 3-қисми билан, шу Кодекснинг 45-моддасини қўллаб, 1 йил муддатга муайян ҳуқуқдан, яъни тиббиёт соҳасидаги вазифаларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиб, 2 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлади.

 Жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг раиси         Илҳом Абраев

Сурхондарё вилоят судининг жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўйича бош консультанти      Нилуфар Тўраева

Президент халқ қабулхонаси: қонунийлик ва адолат

Президент Халқ қабулхоналари томонидан Қашқадарё вилоятида ўтказилган оммавий қабулларда Қашқадарё вилояти суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг аппеляция тартибидаги очиқ суд мажлисида ноҳақ айбланиб, жарима жазоси тайинланган 2 нафар шахсга доир иш ҳам кўриб чиқилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Улар 2015 йилда тазйиқлар остида берилган гувоҳликлар, асоссиз кўрсатмалар бўйича Сурхондарё вилоят судининг ҳукми билан жиноий жавобгарликка тортилган. Яъни, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилганликда, пора олиш ва беришда воситачиликни амалга оширганликда айбланиб судланган.  

Уларнинг мурожаатлари асосида олиб борилган қўшимча текширувлар, суд жараёнлари натижасида айбсизлиги ўз исботини топди ва реабилитация қилиш йўли билан оқланди.

Миришкор тумани «Айзабод» маҳалласида истиқомат қилувчи Юлдуз Нормуродова ҳам катта умидлар билан оммавий қабулга келди. Маълум бўлишича, унинг тўнғич ўғли 21 ёшида 15 йилга озодликдан маҳрум этилган. Айни пайтгача жазо муддатининг 6 йилини ўтаган фарзандига енгиллик беришни сўраб, Олий судга мурожаат қилди. Унинг аризаси Олий судда кассация тартибида кўриб чиқилиши аёлга умид бахш этди.

Хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида юзага келган низоли ишларни кўришда имкон қадар тарафларни келиштиришга эътибор қаратилмоқда. Савдо-саноат палатаси Қашқадарё вилоят бошқармасининг даъвогар Шўртан газ-кимё мажмуаси қошидаги Қурилиш-монтаж-таъмирлаш бошқармаси унитар корхонаси манфаатини кўзлаб жавобгар “RAVON STRОY CITY” масъулияти чекланган жамиятидан 2 миллиард 878 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш юзасидан суд ташаббуси бўйича томонлар ўртасида низо бартараф этилиб, келишув битими тузилишига эришилди.

Хитойлик инвестор томонидан киритилган даъво аризаси эса қаноатлантирилиб, инвестор иштирокидаги Ўзбекистон-Хитой қўшма корхонаси фойдасига 13 миллиард 174 миллион сўмдан зиёд маблағни ундириш тўғрисида иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъатининг ҳал қилув қарори қабул қилиниб, инвесторнинг ҳуқуқлари тикланди.

Қарши шаҳрилик Дилафрўз Хўжамуродова уйи йўқлиги сабабли 12 йилдан буён оилавий ётоқхонада яшайди. 4 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи вафот этиб, оила ташвиши, фарзандлар тарбияси ёлғиз ўзининг зиммасига тушган аёл оммавий қабулга яшаб турган турар-жойини ўз номига расмийлаштириб беришда ёрдам сўради. Дилафрўз Хўжамуродова ҳамда оилавий ётоқхонада яшаб келаётган яна 2 нафар аёлнинг мурожаати ижобий ҳал этилди.

Оммавий қабуллар жараёнида Олий судга 886 та мурожаат тушган бўлса, уларнинг 278 таси жойида ҳал этилди, 280 га яқинига асослантирилган тушунтиришлар берилди. Ижро учун назоратга олинган 239 та мурожаатдан 134 таси бўйича аризалар Олий суд томонидан кассация тартибида ҳал қилиш учун қабул қилиниб, тегишли судлов ҳайъатига кўриб чиқиш учун ўтказилди. 18 та фуқаронинг аризаси вилоят судининг апелляция инстанциясида кўриш учун қабул қилинди. 14 та мурожаат бўйича даъво аризаси биринчи инстанция судининг иш юритувига қабул қилиниб, назоратга олинди. 141 нафар шахс жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди. 29 нафар шахсга нисбатан алимент ундириш юзасидан суд буйруғи чиқарилди.

Оммавий қабулларда Бош прокуратурага 360 нафар фуқаро турли масалаларда мурожаат қилган бўлса, шундан 62 та масала жойида ҳал қилинди. Мурожаатларнинг асосий қисми тергов ва суриштирув, суд қарорлари ижроси, ижтимоий-иқтисодий, уй-жой, моддий ёрдам, коммунал соҳа юзасидан бўлди. Иш масаласида мурожаат қилган 21 нафар фуқаронинг 4 нафари ўзига маъқул бўлган корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилган бўлса, 17 нафари касбга ўқитишга йўналтирилди.

Ички ишлар вазирлиги томонидан қабул жараёнларида 155 нафар фуқаро билан мулоқотлар ўтказилиб, улар томонидан билдирилган 49 та масала жойида ижобий ҳал этилди, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган 101 та мурожаат кўриб чиқилиши назоратга олинди.

«Кўҳна воҳа томорқа хизмати» МЧЖ раҳбари Обиджон Худойбердиев эса божхона хизмати масъулларига хориждан олиб келинган мандарин маҳсулотини ўз омборига божхона таъминлов суммасисиз туширишда амалий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Маҳсулотни сифатли сақлаш учун жамиятга қарашли омборда шароит мавжудлиги ҳисобга олиниб, мурожаат қаноатлантирилди.

Ғузор туманида яшовчи Дилфуза Мейланованинг 8 йиллик муаммоси ечим топди. 2012 йилда уй шароитида туғилган фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаётган аёлнинг муаммоси адлия органлари томонидан ўрганилиб, фарзандига туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома расмийлаштириб берилди.

Оммавий қабуллар давомида 50 дан ортиқ фуқаро ишга жойлаштирилди, 30 га яқин мурожаатчига имтиёзли кредит, 25 нафарига даволаниш учун ордер ажратилди. Эҳтиёжи бўлган фуқароларга ногиронлик аравачалари, протез-ортопедия буюмлари топширилди.

Умумлаштириб айтганда, Қашқадарё воҳаси бўйлаб кечган жонли мулоқотлар асносида 1 минг 655 киши кўтарган 1 минг 678 та масала ўрганилиб, уларнинг 572 таси жойида ҳал этилди. 524 та мурожаат бўйича ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтириш берилди, қўшимча вақт ва ўрганиш талаб қиладиган 582 та мурожаат бўйича аниқ муддат ва масъуллар белгиланиб, назоратга олинди.

Skip to content