КОРРУПЦИЯГА ОИД ЖИНОЯТЛАР УЧУН ЖАВОБГАРЛИК.

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатини ўзининг нафсидан,
мол-дунёга бўлган хирсларидан устун қўймай туриб, юрт келажаги учун хисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият шаклланган бўлиши керак. Аммо, инсоннинг юрт келажагига хисса қўшишдек олий мақсадга эришиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлувчи бир иллат бор-ки, у “Коррупция” деб аталади. Коррупция содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб, моддий наф ёки номоддий манфаат кўришдир. Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори биз ҳам бу иллатга қарши курашмасдан туриб, давлат ва жамиятни янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишимиз мумкин эмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг асосий мақсади корруцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Коррупция ўзи нима? Бу ҳақда ҳар бир инсоннинг ўзига хос тасаввури ва тушунчаси бор. Қонунчиликда эса унга шундай таъриф берилган: “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдалиниши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”. Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан
талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 1929-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 19210-модда (нодавлат тижорат ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотнинг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш)ни иқтисодиёт сохасидаги коррупцияга оид жиноятлар; 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш),
212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибида қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш)ни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар;
243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган. Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора
олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида, ўта оғир жиноятлар сифатида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеъидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф экалигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 1-қисм). Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. (ЖК 210-модда 2-қисм). Агар пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гурух манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 3-қисм). Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда жиноят кодекси махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин. (ЖК 57-модда). Жазо тайинлаш масаласини тартибга солувчи қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Олий суд Пленуми томонидан 2006 йил 3 феврал куни “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда судларнинг эътиборини жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одилик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратиш тушунтирилган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий бахо беради. Бугунги янгиланаётган Ўзбекистоннинг мақсади эса, коррупцияга батамом бархам беришга қаратилган. Зеро, коррупциявий қилмишларнинг ҳар қандай тури жамият ва инсоният учун ўта хавфлидир.

Одил Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси