КОНСТИТУЦИЯНИНГ ЯГОНА МАНБАИ ВА МУАЛЛИФИ ХАЛҚ БЎЛИШИ КЕРАК

Бугунги кунда, мамлакатимизда сиёсий жиҳатдан жуда муҳим бўлган тарихий ҳодиса янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясини қабул қилиш юзасидан ўтказилиши белгиланган референдум нафақат Ўзбекистон фуқаролари балки бутун жаҳон ҳамжамиятининг диққат эътиборида бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилик палатаси томонидан 2023 йил 10 март куни «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини ўтказиш ҳақида»ги қарори қабул қилинган.

Қарорга биноан, «Ўзбекистон Республикаси Конституцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий Қонуни лойиҳаси бўйича Ўзбекистон Республикаси референдумини 2023 йил 30 апрель – якшанба куни ўтказиш белгиланган бўлиб, 30 апрель куни Ўзбекистон тарихида том маънода “Халқ  Конституцияси” қабул қилинган кун сифатида эътироф этилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияни “Халқ  Конституцияси” деб таъкидлашимизга асосий сабаб Ўзбекистон Республикаси Конституцияси лойиҳасини яратилишида “Конституциянинг ягона манбаи ва муаллифи халқ бўлиши керак” ғояси илгари сурилиб, даставвал халқимизнинг фикри, таклифлари ўрганилган, шундан сўнггина Конституция лойиҳаси тайёрланган.

Жумладан, биринчи босқичда Конституция лойиҳасини шакллантириш учун фуқароларимиз 60 мингдан зиёд таклиф беришди. Уларнинг тахминан ҳар тўрттасидан биттаси лойиҳадан жой олди; иккинчи босқичда Конституция лойиҳаси умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Оммавий ахборот воситалари, Интернет тармоқлари орқали лойиҳа билан 5 миллион аҳоли танишиб, 150 мингдан ортиқ таклиф ва мулоҳазалар айтилди.

Янги таҳрирдаги Конституция муқаддима, 6 бўлим, 27 боб ва 155 моддадан иборат таркибда тузилган. Демак, янги таҳрирдаги Конституция амалдаги Конституциямизга нисбатан 1 боб ва 27 моддага кенгайган.

Янги таҳрирдаги Конституция инсон ҳуқуқ ва эркинларини давлат томонидан кафолатланганлик даражасини янги босқичга олиб чиқмоқда десак муболаға бўлмайди, зеро янги таҳрирдаги Конституцияга киритилган норма ва моддаларнинг аксарияти давлат томонидан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини муҳофаза қилиш, шахсий ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда ижтимоий ҳимояни таъминлашга кенг эътибор қаратилган.    

Фикримиз исботи сифатида янги таҳрирдаги Конституция эътиборга молик бўлган  қуйидаги янги нормалар билан бойитилган:

– инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади;   

– ҳар бир инсон ўз шахсини эркин камол топтириш ҳуқуқига эга.
Ҳеч кимга унинг розилигисиз қонунчиликда белгиланмаган мажбурият
юклатилиши мумкин эмас;

– Ўзбекистон Республикасида ўлим жазоси тақиқланади.

– ҳибсга олишга, қамоққа олишга ва қамоқда сақлашга фақат суднинг қарорига кўра йўл қўйилади. Шахс суднинг қарорисиз қирқ саккиз соатдан ортиқ муддат ушлаб турилиши мумкин эмас.

Жиноят содир этганликда айбланаётган шахс унинг айби қонунда
назарда тутилган тартибда ошкора суд муҳокамаси йўли билан
исботланмагунча ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан
аниқланмагунча айбсиз деб ҳисобланади;

– давлат фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ишсизликдан ҳимоя қилиш, шунингдек камбағалликни қисқартириш чораларини кўради;

– ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга. Ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмас. Уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда қопланиши таъминланади;

– ҳар ким қулай атроф-муҳитга, унинг ҳолати тўғрисидаги ишончли
ахборотга эга бўлиш ҳуқуқига эга;

-Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият
ва давлатни ривожлантириш, соғлом, баркамол авлодни шакллантириш
ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш
ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Янги таҳрирдаги Конституцияда одил судловни амалга ошириш жараёнида ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг таъминланганлигини кўришимиз мумкин. Жумладан, янги таҳрирдаги Конституцияга фуқаролар ва юридик шахслар, агар суд орқали ҳимоя қилишнинг бошқа барча воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, судда кўриб чиқилиши тугалланган муайян ишда суд томонидан ўзига нисбатан қўлланилган қонуннинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги шикоят билан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига мурожаат қилиш ҳуқуқи мавжудлиги тўғрисидаги норма киритилган.

Хулоса қилиб айтганда, янги таҳрирдаги Конституция – инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш давлатнинг олий мақсади ҳисобланади.

Рамазон Назаров

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси