ЖИНОЯТ ҚОНУНЧИЛИГИГА КЎРА ЖИНОЯТ ТАРКИБИНИ ТУРЛАРГА АЖРАТИШ

Маълумки, жиноят қонунчилигига кўра, унинг таркибини турларга ажратиш қуйидаги учта мезонларга асосланган ҳолда амалга оширилади:

-жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра;

-жиноят таркибининг тузилиши (структураси)га кўра;

-жиноят таркибининг объектив томонининг тузилиши (оқибати)га кўра;

Бундан ташқари, жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига кўра таснифлаш асосий (оддий) таркибли жиноятлар, енгиллаштирувчи таркибли жиноятлар, оғирлаштирувчи таркибли жиноятлар ва алоҳида оғирлаштирувчи таркибли жиноятларга бўлиш мумкин.

Жиноятни квалификация қилиш содир этилган ижтимоий хавфли қилмишнинг белгиларини Жиноят Кодекси Махсус қисмининг муайян нормасида назарда тутилган. Жиноят таркиби белгиларига солиштириб, уларнинг мослигини аниқлаш ва юридик жиҳатдан мустаҳкамлашдир. 

Содир этилган жиноятни тўғри квалификация қилиш, энг аввало, одил судловни амалга ошириш ва жиноят содир этишда айбланаётган шахснинг айбига яраша жазо тайинлашнинг асосий шарти ҳисобланади ва бу ўз навбатида муҳим  ижтимоий-сиёсий ва ҳуқуқий аҳамиятга эгадир. Суд жиноят содир қилишда айбланаётган шахсга нисбатан ҳукм чиқариш вақтида, содир этилган ижтимоий хавфли қилмишда жиноят таркиби борлигини, агар  муайян жиноят таркиби бўлса, судловга тегишлилик масалалари ҳал қилиши керак. Жиноят қонуни нормасини нотўғри қўлланиши ҳукмни ўзгартиришга ёки бекор бўлишига сабаб бўлади.

Жиноятни квалификация қилиш бир неча босқичлардан  иборат бўлиб, улар қуйидагилардан иборатдир:

1) ижтимоий хавфли қилмиш содир этилган вақтда амалда бўлган жиноят қонунини  қўллаш;

2) Жиноят кодексининг муайян моддаси ёки муайян қисмини, агар қилмиш бир неча жиноятлардан иборат бўлса, содир этилган конкрет ижтимоий хавфли қилмишнинг қонунда белгиланган белгилари бўйича бир неча моддаларни қўллаш;

3) агарда жиноят охирига етказилмаган бўлса, Жиноят кодекси Махсус қисми моддалари билан бирга Умумий қисми моддасини (25-модда) ёки жиноят иштирокчиликда содир қилинган бўлса (28,29-моддалар) бу нормаларнинг белгилари солиштирилиб, Махсус қисми моддалари билан биргаликда қўллаш;

4) бу нормаларнинг белгиларини конкрет содир этилган ижтимоий хавфли қилмишга солиштириш.

Жиноятларни квалификация қилишнинг бу босқичлари фақат битта мақсадга, содир этилган ижтимоий хавфли қилмишни тўғри квалификация қилишга қаратилган бўлиб, ҳаётда содир этилган ижтимоий хавфли қилмишнинг белгиларини қонундаги (ЖК Умумий ва Махсус қисми моддаларида назарда тутилган) нормаларга солиштиришдан иборатдир.

Шахснинг  содир этган ижтимоий хавфли қилмишида муайян жиноят таркибининг асосий ва қўшимча белгилари: жиноятнинг объектини ва айрим жиноятларда жиноятнинг предметини; жиноятнинг объектив томонини (зарурий ва факультатив) белгилари; субъектив томонининг белгиларини ҳамда жиноят субъектининг белгиларини тўғри аниқланиб, ЖК муайян моддаларига тўғри  солиштирилса, жиноят тўғри квалификация қилинган ҳисобланади. Жиноятни тўғри квалификация қилишнинг ягона юридик асоси конкрет жиноят таркибидир. Агарда жиноий қилмишда қонунда назарда тутилган белгилардан кўпроқ белгилар бўлса, суд бу белгиларни жазо тайинлаш вақтида ҳисобга олиши мумкин.

Жиноятни квалификация қилиш жараёнида инсоннинг конкрет ижтимоий хавфли хулқи туфайли содир этилган актга жиноят-ҳуқуқий нуқтаи назардан баҳо берилади. Бу баҳо бериш тегишли жиноят-процессуал ҳужжатларда (ҳукмда ёки қарорда) қайд қилинганидан кейин, жиноят содир этишда айбланаётган шахсга нисбатан жиноий жазо ёки  мажбурий  хусусиятдаги бошқача таъсир чораси қўлланади.

Жиноятни нотўғри квалификация қилиш, жиноятда айбланаётган шахсга нисбатан асоссиз равишда оғир  жазо чорасини тайинланиши ёки асоссиз равишда енгил жазо чорасини тайинланишига сабаб бўлади. Бу ўз навбатида маҳкум учун ҳам, жамият учун ҳам салбий оқибатлар келтириб чиқариши мумкин.  Бундан ташқари, жиноятни нотўғри квалификация қилиш энг аввало, маҳкумнинг манфаатлари, ҳуқуқ ва эркинликларига, бошқа шахсларнинг манфаатига, умуман олганда давлат манфаатларига путур етказади.

Фарход Мирзақулов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судья катта ёрдамчиси