МЕРОС ҲУҚУҚИ

Дарҳақиқат, мерос ҳуқуқи фуқароларнинг хусусий мулк ҳуқуқи билан чамбарчас боғлиқдир. Хусусий мулк эгасининг ўз мулкига нисбатан эркинлиги, манфаатлари ва ҳуқуқлари муҳофазаси Конституциямиз ва миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Амалдаги Фуқаролик кодекси меъёрларига мувофиқ, вафот этган фуқаронинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари фақат икки ҳолатда қонун бўйича ворисларига ўтади. Биринчидан, фуқаро мулкининг ўзи вафот этгандан кейинги тақдирини олдиндан белгилаган, яъни васиятнома қолдирган ҳолларда васиятнома асосида унинг мол-мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонун бўйича ворисларига ўтишини кўзда тутса, иккинчидан, вафот этган фуқаро васиятнома қолдирмаган ҳол билан боғлиқдир.

Фуқаролик кодексига кўра, ворислик васият ва қонун бўйича амалга оширилади. Қонун бўйича ворислик васият мавжуд бўлмаса ёхуд бутун мероснинг тақдирини белгиламаса, шунингдек ушбу Кодексда белгиланган бошқа ҳолларда амалга оширилади. Мерос очилган пайтда мерос қолдирувчига тегишли бўлган, унинг ўлимидан кейин ҳам бекор бўлмайдиган барча ҳуқуқ ва мажбуриятлар мерос таркибига киради.

Мерос очилиши ҳақида сўз борганда, фуқаронинг ўлими ёки фуқарони вафот этган деб топиш мерос очилишига ягона асос бўлишини таъкидлаш жоиз. Мероснинг очилиши маълум бир вақт билан белгиланади. Жумладан, мерос қолдирувчининг ўлган куни, у вафот этган деб эълон қилинганда эса, агар суднинг қарорида муддат кўрсатилган бўлмаса, вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги суднинг қарори кучга кирган кун, мерос очилган вақт ҳисобланади.

Мерос очилган пайтда тузилиб бўлган юридик шахслар, шунингдек, давлат ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳам васият бўйича меросхўр бўлишлари мумкин. Демак, қонун бўйича меросхўрлар доирасига асосан мерос қолдирувчи билан қариндошлик муносабатларида бўлган ва мерос қолдирувчининг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз шахслар кирса, васият бўйича меросхўрларни тайинлаш мерос қолдирувчининг мутлақ ҳуқуқи ҳисобланади ва фақатгина унинг хоҳиш-иродаси билан эркин танланади.

Шунингдек, Фуқаролик кодексида васият бўйича ворисликнинг умумий қоидалари белгиланган бўлиб, унга кўра, фуқаронинг ўзига тегишли мол-мулкни ёки бу мол-мулкка нисбатан ҳуқуқини вафот этган тақдирда тасарруф этиш хусусидаги хоҳиш-иродаси васият деб эътироф қилинади. Васиятнома шахсан тузилиши лозим. Васиятноманинг вакил орқали тузилишига йўл қўйилмайди. Фуқаро ўзининг барча мол-мулкини ёки унинг муайян қисмини қонун бўйича меросхўрлар доирасига кирадиган, шунингдек, кирмайдиган бир ёки бир неча шахсга, шу билан бирга, юридик шахсларга, давлатга ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига васият қилиши мумкин.

Васият қилувчи қонун бўйича меросхўрлардан биттасини, бир нечтасини ёки ҳаммасини изоҳ бермаган ҳолда меросдан маҳрум қилишга ҳақли. Қонун бўйича меросхўрни меросдан маҳрум этиш, агар васиятномадан бошқа мазмун келиб чиқмаса, бу васият қилувчининг тақдим этиш ҳуқуқи бўйича ворислик қиладиган авлодларига нисбатан тадбиқ этилмайди.

Мерос қолдирувчи ҳар қандай мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Мерос қолдирувчи васият қилаётган пайтида ўзига тегишли бўлмаган мол-мулк тўғрисидаги фармойишни ўз ичига оладиган васиятнома тузишга ҳақли. Агар мерос очилган пайтга келиб, бундай мол-мулк унга тегишли бўлиб қолса, тегишли фармойиш ҳақиқий ҳисобланади. Мерос қолдирувчи васиятнома тузилганидан кейин уни истаган пайтда бекор қилиш ва ўзгартириш борасида эркин бўлиб, бунда бекор қилиш ёки ўзгартириш сабабларини кўрсатишга мажбур эмас.

Мажбурий улуш олиш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр бирон-бир асос бўйича меросдан оладиган ҳамма нарса, шу жумладан, оддий уй жиҳозлари ва рўзғор буюмларидан иборат мол-мулкнинг қиймати ҳам, бундай меросхўр фойдасига қилинган васият мажбуриятининг қиймати ҳам мажбурий улушга қўшилади.

Меросдан мажбурий улуш ҳуқуқига эга бўлган меросхўр учун васиятномада белгиланган ҳар қандай чеклашлар ва шартлар унга тегадиган мероснинг фақат мажбурий улушдан ортиқча қисмига нисбатан ҳақиқийдир.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

очерк

Дарҳақиқат, гиёҳвандлик нафақат бу иллат билан шуғулланувчиларга, балки бутун жамиятга таҳдид солади. Гиёҳвандлик – аср вабоси деб бежизга айтилмаган.

Инсоннинг бебаҳо бойлиги бу соғлиги ҳисобланади. Уни асраш эса ҳар биримизга омонат қилиб берилган. Ислом динида ҳам инсон жони, ақли ва сиҳат-саломатлигини сақлаш, муҳофаза этиш энг муҳим мақсадлардан бўлиб ҳисобланади.

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсон камолотига, имон-эътиқодига хавф-хатар солиш билан бир қаторда мустақил мамлакатимиз ривожланиши ва тараққиётига ҳам ўта салбий таъсир кўрсатади.

Жумладан, Термизлик Охун Бойматов (исм-фамилия ўзгартирилган) шаҳридаги хусусий мактабгача таълим муассасаларнинг бирида ишчи вазифасида ишлаб келади. У гиёҳвандлик моддаси сотиб, мўмай даромад қилишни ўзига режа қилади ва дастлаб тезкор тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 500.000 сўмга сотиб ўтказади. Мижоздан олган пулини Охун чўнтагига солади-ю жуфтакни рослайди. Аммо тезкор ходимлар томонидан ушбу гиёҳванд моддани шартли шахсдан далилий ашё сифатида ҳужжатлатлаштириб олинади.

Охун ўзининг ушбу ҳаракатини ҳеч ким сезмади ва билмади деган ҳаёл билан эртаси кунига давом эттирилган тезкор-тадбир давомида шаҳарнинг “Гулистон” маҳалласи ҳудудида тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 250.000 сўмга сотади-ю, яна пулларни олиб ўз йўналишини бўйича кетади. Лекин тезкор ходимлар ушбу гиёҳванд модда шартли шахсдан тезкор ходимлар томонидан далилий ашё сифатида ҳужжатлаштириб олиб, Охунни кузатишни давом этади.

Охуннинг бу галги оғу савдоси иш бермади чоғи…

Тезкор ходимлар томонидан давом эттирилган кейинги тезкор-тадбирда Охун яна ўша “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган автомашина ювиш шаҳобчаси ёнида тадбирга мижоз сифатида жалб қилинган шахсга гашиш гиёҳвандлик воситасини 250.000 сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади ва қочишга уринади. Бироқ, ўйлаган режасига амалга ошмайди.

Шу билан бирга унинг ёни кўздан кечирилганида шартли шахсга хатланиб берилган пуллар чўнтагида эканлиги ҳамда бошқарувида бўлган Кобалт русумли автомашина холислар иштирокида кўздан кечирилганида, автомашина салонидан 2 дона гугурт қутиларга жойланган 12 бўлак гашиш гиёҳвандлик моддаси борлиги, уларни сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, пуллар ва гиёҳвандлик моддаси холислар иштирокида келгусида текшириб кўриш учун далилий ашё тариқасида олинади.

Оғуфуруш касбини эгаллаган ва эндигина 25 ёшни қаршилаган Охун Бойматовга суд 6 (олти) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаб, жазо муқаррарлигини таъминлади.

Шу каби, суд ҳукми билан унга нисбатан жазони ўташ жойларида наркомания (гашиш) касаллигига қарши мажбурий тиббий даволаш чорасини ҳам қўллади.Таъкидлаш лозимки, инсон ҳаётига хавф туғдирадиган, айниқса, ёшлар ҳаётига раҳна солиши мумкин бўлган гиёҳвандликка қарши курашиш ҳар биримизнинг муҳим ишларимиздан бўлмоғи лозим. Зеро, миллатимиз, динимиз, яшаётган жамиятимиз учун  зарарли бўлган гиёҳвандлик иллатини йўқотиш  ва бу иллатни тарқалишини олдини олиш ҳар биримизнинг бурчимиздир.

ТОХИР БЕКПУЛАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

БОСҚИНЧИГА ЖАЗО ТАЙИНЛАНДИ

очерк

Босқинчилик бу – ўзганинг мол-мулкини талон-торож қилиш мақсадида ҳужум қилиб, ҳаёт ёки соғлиқ учун хавфли бўлган зўрлик ишлатиб ёхуд шундай зўрлик ишлатиш билан қўрқитиб содир этиладиган жиноятдир. Ушбу жиноят ўзининг содир этилиш усули, келиб чиқиши мумкин бўлган оқибатига кўра, мулкка қарши жиноятлар сирасидаги – энг хафвлисидир.

Эндигина 27 ёшни қаршилаган Ботир Орзиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) қарангки босқинчилик жиноятини содир этишга улгурди. У бунгача яна икки маротаба ўғирлик жиноятини ва бир маротаба босқинчилик жиноятини содир этиб, суднинг қора курсисида ўтириб, тавба қилмасдан, текин даромад топиш илинжида бўлди.

Ботир кунларнинг бирида текин йўл билан бойлик орттириш мақсадида, бошқарувида бўлган “Ваз-21011” русумли автомашинаси билан ҳаракатланиб кетаётган бўлади шунда ўзига таниш бўлмаган Мақсуданини йўлнинг четки қисмида ёлғиз турганлигини кўриб қолади. Ботир бошқарувида бўлган автомашинасини Мақсудани ёнига бориб тўхтатади. Ботир автомашинасидан тушади-ю, Мақсудани ёнида бўлган нарса ва буюмларни кўриб, уни қўрқитиш йўли билан эгаллашни ўзига мақсад қилади.

Мақсуда ҳохламасада, уни автомашинасига мажбурий равишда миндириб, бошқа бир маҳалладаги ички кўчага Мақсудани олиб бориб, уни ўлдириб юбориш билан қўрқитади.

Шундан сўнг Ботир Мақсудага ҳужум қилиб, қўллари билан унинг юз, кўкрак ва танасининг бошқа соҳаларига тан жароҳати етказади ҳамда Мақсуданинг “Redmi-Note 5” русумли қўл телефон аппаратини босқинчилик йўли билан олиб, ҳодиса жойидан яширинади.

Шу вақтда Мақсуда узоқда бир уйнинг ёниб турган чироғини кўриб шу томонга қочиб кетади ва ўша уйга бориб уй эгасига бўлиб ўтган ҳолатларни айтиб беради. Уй эгаси зудлик билан Ички ишлар органига хабар беришади.

Хабарни эшитган ички ишлар ходимлари тезда етиб келиб, терговга қадар суриштирув ҳаракатларини бошлаб юборишади. Тезкор-суриштирув ҳаракатлари натижасида Ботир Орзиевдан босқинчилик йўли билан олинган Мақсуданинг “Redmi-Note 5” русумли қўл телефон аппарати тегишли тартибда расмийлаштириб олинади.

Бировнинг мулкини босқинчилик йўли билан қўлга киритиш қонунларимизда оғир жиноят ҳисобланади. Нега, қахрамонимиз Ботир буни билмадими дейсизми? Текин даромад, ўзгалар мол-мулкига кўз олайтириш, босқинчилик қилиш ҳеч қачон яхшилик билан тугаган эмас. Суд Ботир Орзиевнинг қилмишлари лойиқ жазони тайинлади. У энди умрини 10 йилу 6 ойини панжара ортида ўтказади.

АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судьяси

Никоҳнинг тугатилиши асослари ва тартиби қандай?

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексида никоҳнинг тугатилиши асослари ва тартиби белгилаб ўтилган.

Унга кўра, эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида никоҳ тугайди.

Никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин.

Никоҳдан ажратиш суд тартибида, ушбу Кодекснинг 42 ва 43-моддаларида назарда тутилган ҳолларда эса, фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида амалга оширилади.

Хотинининг ҳомиладорлик вақтида ва бола туғилганидан кейин бир йил мобайнида эр хотинининг розилигисиз никоҳдан ажратиш тўғрисида иш қўзғатишга ҳақли эмас.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ишлар суд томонидан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида даъво ишларини ҳал қилиш учун белгиланган тартибда кўриб чиқилади.

Суд ишнинг кўрилишини кейинга қолдириб, эр-хотинга ярашиш учун олти ойгача муҳлат тайинлашга ҳақли.

Суд эр-хотинга ярашиш учун муҳлат тайинлаб, ишнинг кўрилишини кейинга қолдирган тақдирда, эр-хотиннинг бирга яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини, агар улар бирга яшамаётган бўлса, ҳар бирининг яшаш жойидаги фуқаролар йиғинининг яраштириш комиссиясини эр-хотинни яраштириш бўйича тегишли чоралар кўриш учун уч кундан кечиктирмасдан ёзма равишда хабардор қилиши керак.

Суд оилавий (маиший) зўравонликдан жабрланган шахснинг талабига кўра ярашиш учун муҳлат тайинламайди.

Агар суд эр ва хотиннинг бундан буён биргаликда яшашига ва оилани сақлаб қолишга имконият йўқ деб топса, уларни никоҳдан ажратади.

Вояга етмаган болалари бўлмаган эр-хотин никоҳдан ажратишга ўзаро рози бўлсалар, улар никоҳдан фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида ажратилади.

Эр-хотин ўртасида меҳнатга лаёқатсиз муҳтож эр ёки хотинга моддий таъминот бериш тўғрисида ёки уларнинг биргаликдаги умумий мулки бўлган мол-мулкни бўлиш тўғрисида низо бўлган тақдирда эр-хотин ёки улардан бири никоҳдан ажратиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этишга ҳақли.

Агар эр-хотиндан бири:

-суд томонидан бедарак йўқолган деб топилган бўлса;

-суд томонидан руҳияти бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса;

-содир қилган жинояти учун уч йилдан кам бўлмаган муддатга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, ўртада вояга етмаган болалари борлигидан қатъи назар, эр-хотиндан бирининг аризасига кўра улар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида никоҳдан ажратилади.

Агар болалар ҳақида, эр-хотиннинг биргаликдаги умумий мол-мулкини бўлиш ҳақида ёки ёрдамга муҳтож, меҳнатга лаёқатсиз эр (хотин)га таъминот бериш учун маблағ тўлаш ҳақида низо мавжуд бўлса, улар никоҳдан суд тартибида ажратилади.

Никоҳдан суд тартибида ажратилаётганда эр ва хотин вояга етмаган болалари ким билан яшаши, болаларга ва (ёки) меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож эр ёки хотинга таъминот бериш учун маблағ тўлаш тартиби, бу маблағнинг миқдори ёхуд эр-хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишга доир келишувни кўриб чиқиш учун судга тақдим қилишлари мумкин.

Ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган масалалар бўйича эр ва хотин ўртасида келишув бўлмаган тақдирда, шунингдек ушбу келишув болалар ёки эр-хотиндан бирининг манфаатларига зид эканлиги аниқланган тақдирда суд:

-никоҳдан ажратилгандан кейин вояга етмаган болалар ота-онасининг қайси бири билан яшашини аниқлаши;

-вояга етмаган болаларга таъминот бериш учун ота-онанинг қайси биридан ва қанча миқдорда алимент ундирилишини аниқлаши;

-эр ва хотиннинг (улардан бирининг) талабига кўра уларнинг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкни бўлиши;

-эр (хотин)дан таъминот олишга ҳақли бўлган хотин (эр)нинг талабига кўра ана шу таъминот миқдорини белгилаши шарт.

Мол-мулкни бўлиш учинчи шахсларнинг манфаатига дахлдор бўлган ҳолларда суд мол-мулкни бўлиш талабини алоҳида иш юритиш учун ажратади.

Никоҳдан ажратиш тўғрисидаги иш кўриб чиқилаётганида тўйни ўтказишга кетган сарф-харажатларни ундириш ҳақидаги талаблар қаноатлантирилмайди.

Суд никоҳдан ажратиш ҳақида ҳал қилув қарорини чиқариш пайтида никоҳдан ажратиш тўғрисидаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органининг гувоҳномаси берилаётганда эр-хотиннинг ҳар иккаласи ёки улардан бири тўлайдиган давлат божи миқдорини белгилаши лозим. Агар суд бу божни эр-хотиннинг ҳар иккаласидан ундиришни лозим деб топса, уларнинг ҳар бири тўлайдиган бож миқдорини белгилайди.

Никоҳга кириш вақтида ўз фамилиясини ўзгартирган эр (хотин) никоҳдан ажратилгандан кейин ҳам шу фамилияда қолишга ҳақли ёхуд унинг хоҳишига биноан суд томонидан никоҳдан ажратиш тўғрисидаги қарор чиқарилаётганда унга никоҳгача бўлган фамилияси қайтарилиши мумкин.

Таъкидлаш лозимки, никоҳ турли сабабларга кўра тугатилиши мумкин, яъни, эр-хотиндан бирининг вафоти ёки суд улардан бирини вафот этган деб эълон қилиши оқибатида, никоҳ эр-хотиндан бири ёки ҳар иккаласининг аризасига мувофиқ никоҳдан ажратиш йўли билан, шунингдек суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган эр ёки хотиннинг васийси берган аризага мувофиқ тугатилиши мумкин. Никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органида никоҳдан ажратилганлик рўйхатга олинган кундан бошлаб тугатилган ҳисобланади, суд томонидан вафот этган деб эълон қилинган ёки бедарак йўқолган деб топилган эр (хотин) қайтиб келган ва тегишли суд қарорлари бекор қилинган ҳолларда, никоҳ эр-хотиннинг биргаликдаги аризасига кўра фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органи томонидан тикланиши мумкин, агар эр (хотин) янги никоҳга кирган бўлса, никоҳни тиклаш мумкин эмас.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СОЛИҚҚА ОИД НИЗОЛАРНИ ҲАЛ ЭТИШ ТИЗИМИ ТАКОМИЛЛАШТИРИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 63-моддасида фуқаролар қонун билан белгиланган солиқлар ва йиғимларни тўлаши шартлиги, солиқ ва йиғимлар адолатли бўлиши ҳамда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига тўсқинлик қилмаслиги кераклиги белгиланган.

Бугунги кунда иқтисодий судлар томонидан кўриб ҳал этилаётган низоларнинг аксарият қисмини солиқ идоралари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасида солиқ соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ташкил қилмоқда.

Тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда солиқ ва бошқа соҳалардаги тизимли муаммоларни доимий равишда ўрганиб бориш ҳамда бартараф қилиш, солиқ низоларини судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш мақсадида тизимли ишлар амалга оширилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан ҳар йили тадбиркорлар билан анъанавий тарзда ўтказилаётган очиқ мулоқотларда ҳам соҳадаги тизимли муаммолар ўз ечимини топмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 20 август куни тадбиркорлар билан ўтказилган тўртинчи очиқ мулоқоти доирасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, шунингдек, тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келаётган солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда низоларни ҳал қилиш учун сарфланадиган вақт ва харажатларни камайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Солиққа оид низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2025 йил 11 июлдаги ПҚ-223-сон қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ҳузурида солиқ, иқтисодиёт, молия ва ҳуқуқ масалалари бўйича экспертлардан иборат Солиққа оид низолар бўйича эксперт кенгаши ташкил этилди.

Қуйидагилар эксперт кенгаши фаолиятининг асосий йўналишлари этиб белгиланди:

 тадбиркорлик субъектлари ва солиқ органлари ўртасида юзага келган солиққа оид низоларни кўриб чиқиш ва улар юзасидан хулосалар бериш;

 солиқ қонунчилигига оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг қўлланишини ўрганиш, шунингдек, ҳуқуқни қўллаш амалиёти сифатини ошириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш;

 солиққа оид низоларни кўриб чиқишда бизнес ҳамжамияти, давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда илмий ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорлик ўрнатиш.

Эксперт кенгаши доимий фаолият юритувчи коллегиал орган сифатида ташкил этилади ва Савдо-саноат палатаси Эксперт кенгашининг фаолиятини ташкил этиш бўйича ишчи орган ҳисобланади. Эксперт кенгашининг мажлислари бир ойда камида икки марта ўтказилади.

Эксперт кенгашига солиққа оид низоларни кўриб чиқишда қуйидаги ваколатлар берилиши назарда тутилган:

 солиқ органларининг қарорларидан норози бўлган тадбиркорлик субъектларининг мурожаатларини кўриб чиқиш, бундан жиноят иши доирасида ёки суд тартибида кўриб чиқилаётган солиққа оид низолар мустасно;

 мурожаатларни кўриб чиқиш натижаси юзасидан хулоса қабул қилиш;

▶ қабул қилинган хулосаларни мажбурий тартибда кўриб чиқиш учун солиқ, божхона ва тегишли давлат органларига юбориш ҳамда бу ҳақда тадбиркорлик субъектини хабардор қилиш.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, мазкур Қарорнинг қабул қилиниши солиқ соҳасида солиқ органлари ва тадбикорлик субъектлари ўртасида вужудга келаётган низоли ҳолатларни судгача ҳал этишнинг самарали механизмлари жорий этилишини кучайтиришга ҳамда тадбиркорлик субъектларини, қолаверса мамлакатнинг иқтисодий барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади.

АСҚАР МАМАРАИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси

Skip to content