ИҚТИСОДИЙ СУДЛАРДА СУД БУЙРУҒИ БЕРИШ ТАРТИБИДА ИШ ЮРИТИШ

Суд буйруғи аризачи томонидан берилган аризани судья томонидан суд муҳокамасисиз, кредитор ва қарздорни чақиртирмасдан, уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан якка тартибда бериладиган суд ҳужжатидир.
Суд буйруғи ундирувчининг пул маблағларини ундириш тўғрисидаги ёки кўчар мол-мулкни низосиз талаблар бўйича қарздордан талаб қилиб олиш ҳақидаги аризаси юзасидан судья томонидан суд муҳокамасига тайинланмасдан чиқариладиган ҳужжат.
Суд буйруғида эса умумий тартибдаги иш юритиш каби суд муҳокамасини ўтказиш учун уни ишда иштирок этувчи тараф вакилларини хабардор қилиш, уларнинг иштирокини таъминлаш, тарафларнинг тушунтиришларини тинглаш, суд мажлиси баённомаси юритиш каби вазифаларни амалга ошириш талаб этилмайди.
Суд бўйруғи бериш асослари Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 17-бобида қайд этилган.
Суд буйруғи беришнинг асосий элементларидан бири бўлиб ундаги тарафларнинг яъни кредитор ва қарздорнинг юзага келган қарздорликни ҳужжатлар асосида тан олинганлик фактининг мавжудлигидадир.
Суд буйруғи беришда кредитор томонидан биринчи навбатда қўйидаги ҳолатларга эътибор берилиши шарт бўлиб ҳисобланади. Яъни, Иқтисодий процессуал кодексининг 135-моддасида қайд этилганидек, суд буйруғи биринчидан, солиқ қарзини ундиришни юридик шахсларнинг ва фуқароларнинг мол-мулкига қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, иккинчидан, коммунал хизматлар ва алоқа хизматлари тўлови бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида тасдиқловчи ҳужжатларга асосланган талаб билдирилган бўлса, учинчидан, ҳужжатлар асосида тан олинган дебиторлик қарзини ундириш тўғрисида талаб билдирилган бўлса, тўртинчидан, талаб тўланмаган, акцептланмаган ва акцептга сана қўйилмаган вексель нотариус томонидан протест қилинишига асосланган бўлса ва ниҳоят бешинчидан, ёзма битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб билдирилган бўлса судья томонидан якка тартибда берилади.
Албатта суд буйруғи бериш ҳақидаги ариза билан мурожаат қилишда кредитор Иқтисодий процессуал кодексининг 136-139-моддаларида қайд этилган талабларга қатъий тартибда рия қилган бўлиши лозим. Бунда кредитор, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг шакли ва мазмунига риоя қилиши, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза судга ёзма шаклда, судловга тегишлиликнинг умумий қоидалари бўйича берилганлигига, суд буйруғи кредитор ёки унинг вакили (ваколатларини тасдиқловчи ишончнома асосида) томонидан имзоланганлигига эътибор қаратиши лозим бўлади.
Суд буйруғи бериш ҳақидаги аризада қуйидагилар ариза берилаётган суднинг номи, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, кредиторнинг қонун ҳужжатларига асосланган талаби, талабга асос бўлган ҳолатлар ва уларни тасдиқловчи далиллар, ундириладиган сумманинг ҳисоб-китоби, ундирув қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулкка қаратилган тақдирда эса, ундирилаётган кўчар мол-мулкнинг тавсифи ва тўланмаган тўловлар суммасининг ҳисоб-китоби, ундирилаётган қарздорлик вужудга келган давр, илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати кўрсатилиши лозим. Шу билан бирга аризада кредиторнинг ёки унинг вакилининг телефонлари, факслари рақамлари, электрон манзили кўрсатилиши ҳам мумкин.
Кредитор суд буйруғини бериш тўғрисида ариза берганида қарздорга шу аризанинг кўчирма нусхасини топшириши шарт.
Шунингдек, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага давлат божи ҳамда почта харажатлари белгиланган тартибда ва миқдорда тўланганлигини, суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилганлигини, талабга асос бўлган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатлар илова қилинади.
Коммунал хизматлар учун ҳақ тўлаш бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар билдирилганида суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эса, истеъмолчи билан тузилган шартноманинг, қарздор тан олган қарз юзага келган давр кўрсатилган қарз ҳисоб-китобининг, пеня ҳисобланиши тўғрисидаги ва истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақида огоҳлантириш кўрсатилган, қарзни узиш тўғрисидаги талабнинг, истеъмолчини тегишли коммуникация тармоқларидан узиш ҳақидаги ёхуд етказиб беришни технологик ёки авария захираси даражасигача чеклаш тўғрисидаги далолатноманинг кўчирма нусхалари илова қилинади.
Юқорида қайд этилган ҳолатларга эътибор қаратилгандан сўнг, суд буйруғини бериш тўғрисидаги ариза учун судга даъво билан умумий тартибда мурожаат қилинганда низолашилаётган суммадан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилган ставканинг эллик фоизи миқдорида давлат божи тўланади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризани қабул қилиш рад этилган тақдирда, ундирувчи тўлаган давлат божи ундирувчи томонидан қарздорга умумий тартибда даъво тақдим этилганда тўланиши лозим бўлган давлат божи ҳисобига ўтказилади.
Судья томонидан юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олингандан сўнг, Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилганидек, қарздор кредиторнинг талабларига қарши эътирозини суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси унга топширилган пайтдан эътиборан ўн кунлик муддатда судга тасдиқловчи ҳужжатларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.
Қарздорнинг эътирозни белгиланган муддатда тақдим этмаганлиги, шунингдек унинг билдирилган талабга розилиги суд буйруғини бериш учун асос бўлади.
Суд буйруғини бериш тўғрисидаги аризага эътироз қарздор ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган эътирозга ишончнома илова қилинади.
Иқтисодий процессуал кодексининг 143-моддасида қайд этилган эътирознома ўн кун муддат ичида судга ёзма ёки электрон тарзда келиб тушмаса, судья томонидан суд буйруғи кредиторга (аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга топширилган кундан эътиборан) ўн кун ўтгач (суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси ёки электрон ҳужжат тарзида) берилади.
Суд буйруғи судья томонидан икки нусхада имзоланади, улардан бири ишнинг йиғма жилдида қолади, бошқаси суднинг гербли муҳри билан тасдиқланади ва кредиторга берилади. Қарздорга суд буйруғининг тегишли тарзда тасдиқланган кўчирма нусхаси юборилади.
Суд буйруғи электрон ҳужжат тарзида ҳам юборилиши мумкин.
Юқорида қайд этилган ҳолатлар инобатга олинган ҳолда қарздор томонидан билдирилган талабга нисбатан эътироз билдирилмаган бўлса, судья томонидан бериладиган суд буйруғида суднинг номи, жойлашган ери ва буйруқ берилган сана, ишнинг рақами, судьянинг фамилияси, исм-шарифининг бош ҳарфлари, талаб нима ҳақдалиги, кредиторнинг, қарздорнинг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи, ундирилиши лозим бўлган пул суммаларининг миқдори ёки ундирув қаратилаётган, қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти сифатида турган кўчар мол-мулк, унинг тавсифи ва баҳоси, ундирилаётган қарз ҳосил бўлган давр, неустойка, агар у тўланиши лозим бўлса ва қарздор томонидан тан олинган бўлса, ундирилиши лозим бўлган давлат божининг ва почта харажатларининг суммаси кўрсатилган бўлиши керак.
Суд буйруғи у берилганидан сўнг ўн кунлик муддат ўтгач қонуний кучга киради.
Суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга ва у суд ҳужжатларини ижро этиш учун белгиланган тартибда ижро этилиши лозим.
Ўз навбатида суд буйруғи ижро ҳужжати кучига эга эканлиги қайд этилар экан, судлар томонидан ушбу суд ҳужжатини қабул қилишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси ҳамда 2013 йил 5 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг “Суд буйруғи бериш тўғрисидаги ишларни кўришда иқтисодий судлар томонидан процессуал қонун нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 254-сонли қарори талабларига қаътий риоя қилиниши лозим бўлади.
АБДУЛЛА САФАРОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси