НИКОҲНИ ҲАҚИҚИЙ ЭМАС ДЕБ ТОПИШНИНГ ЎЗИГА ХОС ХУСУСИЯТЛАРИ

Оила –  авлодлар давомийлиги, қадриятлар ва урф-одатларни, халқимиз маънавий меъросининг авлоддан авлодга ўтишини таъминловчи омилдир. Оила қанча мустаҳкам бўлса жамият ҳам шунчалик мустаҳкам бўлади ва ривожланади.

Оила кодексининг 49-моддасига асосан қуйидаги ҳолатларда никоҳ ҳақиқий эмас топилади:

1) никоҳ тузиш ихтиёрийлиги бузилганда; Никоҳ тузиш учун бўлажак эр-хотин ўз розилигини эркин ифода этиш қобилиятига эга бўлиши керак. Никоҳ тузишга мажбур қилиш тақиқланади.

2) никоҳ ёшига етмасдан никоҳ тузилганда; Никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун ўн саккиз ёш этиб белгиланади. Узрли сабаблар бўлганида, алоҳида ҳолларда (ҳомиладорлик, бола туғилиши, вояга етмаган шахснинг тўла муомалага лаёқатли деб эълон қилиниши (эмансипация), никоҳга киришни хоҳловчиларнинг илтимосига кўра никоҳ давлат рўйхатидан ўтказиладиган жойдаги туман, шаҳар ҳокими никоҳ ёшини кўпи билан бир йилга камайтириши мумкин.

3) сохта никоҳ тузилганда, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирганда;

4) никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ касаллиги) борлигини иккинчисидан яширганда, агар иккинчиси судга шундай талаб билан мурожаат этса.

Ўз ўрнида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 20.07.2011 йилдаги “Судлар томонидан никоҳдан ажратишга оид ишлар бўйича қонунчиликни қўллаш амалиёти тўғрисида”ги 6-сонли Қарори
34-бандига кўра – Оила кодексининг 49-моддасида кўрсатилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш асослари қатъий бўлиб, уларни кенгайтириб талқин этишга йўл қўйилмайди. Бундай асосларга қуйидагилар киради:

Оила кодексининг 14 – 16-моддаларида белгиланган шартлар бузилиши;

-сохта никоҳ тузилиши, яъни эр-хотин ёки улардан бири оила қуриш мақсадини кўзламай никоҳ қайд қилдирса;

-никоҳланувчи шахслардан бири таносил касаллиги ёки одамнинг иммунитет танқислиги вируси (ОИВ/ОИТС касаллиги) борлигини иккинчисидан яширса.

Жумладан, агар никоҳни тузиш вақтида шахс ўз ҳаракати моҳиятини тушунмаганлиги ва уларни идора қила олмаганлиги натижасида никоҳга киришга нисбатан ўзининг ҳақиқий розилигини бермаганлиги аниқланса, никоҳ Оила кодекси 14-моддасида назарда тутилган шартлар бузилган деган асос билан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш фақат суд тартибида амалга оширилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қароридан нусха берилаётганда паспортга ёки шахсни тасдиқловчи бошқа ҳужжатга тегишли белги қўйилади. Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида суд чиқарган ҳал қилув қарори қонуний кучга киргач, ўн кун ичида ундан кўчирма никоҳ тузилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленум қарорининг 33-бандига кўра, Никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъво аризасини қабул қилишда, судья никоҳнинг ҳақиқийлиги қандай асос бўйича низолашилаётганлигини ва даъвогар Оила кодекси 51-54 моддаларига кўра, айнан даъво аризасида кўрсатилган асос бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги масалани қўзғатиш ҳуқуқига эга бўлган шахслар тоифасига кириш-кирмаслигини аниқлаши лозим. Агар аризачи бундай шахслар доирасига кирмаса, судья унинг даъво аризасини қабул қилишни Фуқаролик процессуал кодекси 194-моддаси биринчи қисмининг 1-бандига асосан рад этади.

Қонунчилигимизга мувофиқ, никоҳ ёшига етмаган шахс билан тузилган никоҳ ҳали никоҳ ёшига етмай никоҳга кирган шахснинг манфаатлари талаб қилган ҳолларда ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Иш судда ҳал қилиниш пайтигача эр ёки хотин никоҳ ёшига етган бўлса, никоҳ фақат унинг талаби билан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Эр-хотиндан бири никоҳ ёшига етмаганлиги туфайли никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги иш, агар эр-хотин (улардан бири) иш судда кўрилаётган пайтда никоҳ ёшига етмаган бўлса, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқилади.

Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлганда тузилган никоҳ ҳақиқий эмас деб топилади.  Яъни Никоҳ тузишга: лоақал биттаси рўйхатга олинган бошқа никоҳда турган шахслар ўртасида; насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва ўгай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида; лоақал биттаси руҳият бузилиши (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) сабабли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган шахслар ўртасида йўл қўйилмайди.

Агар иш ҳал қилиниш пайтигача никоҳни тузиш учун монелик қиладиган ҳолатлар тугаган бўлса, суд никоҳни ўша ҳолатлар тугаган пайтдан бошлаб ҳақиқий деб топишга ҳақли.

Фуқаролик кодексининг 16-моддасида кўрсатилган асослар бўйича никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни эр-хотин, шу никоҳнинг тузилиши натижасида ҳуқуқлари бузилган шахслар, шунингдек васийлик ва ҳомийлик органи ҳамда прокурор талаб қилишга ҳақлидир.

Муомалага лаёқатсиз деб топилган шахс билан тузилган никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ишни суд васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокида кўриб чиқади.

Мажбурлаб тузилган никоҳ жабрланувчи (унинг қонуний вакиллари) ёки прокурорнинг аризаси бўйича ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Эр-хотин сохта никоҳ қайд қилдирган ва оила қурмаган бўлсалар, никоҳ ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Сохта никоҳни ҳақиқий эмас деб топишни прокурор талаб қилишга ҳақли, эр (хотин) оила қуриш мақсадисиз никоҳга кирган ҳолларда эса, бундай талаб хотин (эр) томонидан ҳам қўйилиши мумкин.

Пленум қарорининг 34-банди 6 хатбошисида, сохта никоҳ тузган шахслар иш суд томонидан кўрилгунга қадар амалда оила қурган бўлсалар, бундай никоҳ эр-хотин ҳуқуқларини қўриқлаш мақсадида сохта деб топилиши мумкин эмас.

Шуни алохида таъкидлаш лозимки, суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ тузилган вақтидан бошлаб ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ҳақиқий эмас деб топилган никоҳ эр-хотин учун ушбу Оила Кодексида белгиланган шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтирмайди.

Никоҳи ҳақиқий эмас деб топилган шахсларнинг мулкий ҳуқуқий муносабатлари Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси билан тартибга солинади.

Никоҳнинг ҳақиқий эмас деб топилиши шундай никоҳдан туғилган ёки никоҳ ҳақиқий эмас деб топилган кундан кейин уч юз кун ичида туғилган болаларнинг ҳуқуқларига таъсир этмайди.

Суд никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаришда шундай никоҳ тузилиши билан ҳуқуқи бузилган эр (хотин)ни (инсофли эр (хотин)ни) ушбу Кодекснинг 118 ва 119-моддаларига мувофиқ хотин ёки эридан таъминот олиш ҳуқуқига эга деб топишга ҳақлидир, никоҳни ҳақиқий эмас деб топиш вақтига қадар биргаликда орттирилган мол-мулкни бўлишга нисбатан эса, Оила Кодекснинг 23, 27 ва 28-моддаларида белгиланган қоидаларни татбиқ этишга, шунингдек никоҳ шартномасини тўла ёки қисман ҳақиқий деб топишга ҳақлидир.

Инсофли эр (хотин) ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни фуқаролик қонунчилигида назарда тутилган қоидалар бўйича талаб қилишга ҳақли. Инсофли эр (хотин) никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганда, никоҳ тузиш давлат рўйхатига олинган вақтда танлаган фамилиясини сақлаб қолишга ҳақлидир.

АКМАЛ АКРАМОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

АЛИМЕНТ ТЎЛАШДАН БОШ ТОРТГАН ОТА ЖИНОИЙ ЖАВОБГАРЛИККА ТОРТИЛДИ

Ўзбекистонда оилаларни мустаҳкамлаш, ёшлар тарбиясига аҳамият бериш ва бу йўлда қайғуришга асосий вазифа сифатида ёндашилади. Бу эса ўз навбатида ҳар бир оиланинг фарзанд олдидаги бурчини янада теранроқ англашини, оилада тарбия учун зарур бўлган муҳит – аҳиллик ва якдилликни талаб қилади.

Афсуски, оиладаги бир бутунлик ҳамиша ҳам сақлаб қолинавермайди. Бу эр ва хотин ўртасидаги келишмовчиликлар сабаб юз бериши ҳаммага маълум. Булар натижасидан қанчадан-қанча норасида гўдакларнинг “тирик етим” бўлиб қолишлари, шу билан бирга, фарзанднинг моддий таъминоти учун иккинчи тарафдан алимент пули ундириш каби масалалар билан судга мурожаат қилиш ҳолатларининг кўпайиши ачинарли.

Ангор туманида яшовчи Шерхон Ботиров (исм-шарифлар ўзгартирилган) ҳам вояга етмаган фарзандининг тақдирига масъулиятсизлик билан қараб, оилавий низолар туфайли турмуш ўртоғи билан ажрашди.

Шерхон Ботировдан уч нафар вояга етмаган фарзанди таъминоти учун алимент ундириш белгиланиб, аммо фарзандларини моддий жиҳатдан таъминлашдан кўр-кўрона бош тортиб, бир неча маротаба жавобгарликка тортилди. Буни қарангки, жазодан сўнг ҳам унинг сўқир кўзлари очилмади.

Охир-оқибат унинг алиментдан қарздорлиги 28 миллион сўмдан ошди. Судда Шерхон Ботиров ишлари юришмагани сабабли алимент пулларини ўз вақтида тўлай олмаганини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон эканини маълум қилди.

Суд судланувчи Шерхон Ботировни Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасида назарда тутилган жиноятни содир қилганликда айбдор деб топ­ди ва 1 йилу 9 ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади. Шунингдек, судланувчидан жабрланувчининг фойдасига 28 миллион сўм алимент пули ундириш белгиланди.

Буни баён этишдан мақсад шуки, фарзандлар нафақат, моддий таъминотдан, балки ота тарбиясидан, меҳридан айрилиб қолмаслиги даркор. Инсон ҳақиқий бахтни фақат оилада топади. Айниқса, фарзандлар меҳри, уларнинг беғубор кулгуси ўрнини ҳеч нарса босолмайди.

Шу маънода фарзандига меҳр бериш, уни баркамол қилиб воя­га етказиш чинакам инсоний бурчдир. Бу инсоний бурчни унутиш ҳеч шубҳасиз, тегишли жавобгарликка сабаб бўлади.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судьяси

ГИЁҲВАНДЛИК – АСР ВАБОСИ

Амалдаги қонунчилигимизда “Гиёҳвандлик воситалари ёки психотроп моддалар билан қонунга хилоф равишда муомала қилишдан иборат жиноятлар” учун қатъий жазо чоралари белгиланган. Аммо жазо қанчалик оғир ва муқаррар бўлмасин, ўз қилмишининг оқибатини ўйламаган айрим инсонларнинг кўзи очилиши қийин.

Юртимизда ҳам наркотик моддаларни истеъмол қилиш ва уларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш мақсадида бир қатор амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда.

Эътиборингизни бир жиноят тафсилотига қаратмоқчимиз.

Қумқурғон туман Ички ишлар бўлими жиноят қидирув бўлинмаси тезкор ходимлари томонидан 2024 йилнинг 26 март куни соат 20:00 ларда Шўрчи тумани “Саксонкапа” маҳалласи ҳудудидан ўтувчи “Олтинсой-Шўрчи” автомабиль йўли четида ўтказилган тезкор тадбир вақтида Ғайрат Амонов (исм-фамилия ўзгартирилган) ёнида кўп миқдордаги “опий” гиёҳванд воситасини қонунга хилоф равишда ўзи истеъмол қилиш мақсадида сақлаб юрганлиги аниқланади ва тезкор ходимлар томонидан ушбу моддалар холислар иштирокида тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинади.

Сурхондарё вилоят ички ишлар бошқармаси Эксперт криминалистика бўлимининг хулосасида, фуқаро Ғайрам Амоновдан олинган модда “Опий” гиёхвандлик воситаси ва унинг соф оғирлиги 2,60 (икки бутун юздан олтмиш) граммни эканлиги маълум бўлган.

Шунингдек, суд-наркология экспертизасининг тегишли хулосасига кўра, қахрамонимиз Ғайрат Амоновни наркомания “опий” истеъмол қилиш ҳолати мавжудлиги ҳамда мажбурий тиббий даволанишга муҳтож эканлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида судланувчи ва гувоҳнинг кўрсатувларини тингланиб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд бўлган далилларни текширилиб, Ғайрат Амонов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 276-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбли деб топиб, 3 (уч) йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланиб, у дарҳол суд залида қамоққа олинди.

Таъкидлаш жоизки, жиноятга албатта жазо муқарар! Зеро, жазо маҳкумни ва бошқа шахсларни янги жиноят содир этишининг олдини олиш мақсадида қўлланилади.

ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари Шўрчи туман суди судьяси

МАИШИЙ ШОВҚИН УНИ ЖИНОЯТГА ЕТАКЛАДИ

Пора бериш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсига мазкур мансабдор шахснинг ўз хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора берган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига қонунга хилоф эканлигини била туриб бевосита ёки воситачи орқали моддий қимматликлар бериш ёки уни мулкий манфаатдор этиш – жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.

Узунлик Акмал Раимов (исм-фамилия ўзгартирилган) олий маълумотли, 3 нафар фарзандни отаси, боз устига тумандаги умумий ўрта таълим мактабининг бирида ўқитувчи бўлиб ишлайди.

Кунларнинг бирида Акмал иш юзасидан Термиз шаҳрига келади, шаҳарда дўсти-биродарлари билан кўришиб, кечки овқатланишга боради, шу куни кечаси соат 1:30 ларда маст ҳолда Термиз шаҳридаги ўқитувчилар малака ошириш институтига бориб, тунда институт қўриқчиси билан ўзаро тортишиб қолиб, шовқин қилади. Шу вақтда қўриқчи унинг маст ҳолатда эканини ва тинчланишини ҳоҳламаётганини билиб, ички ишлар бўлимига хабар беради, тунги хизматни олиб борувчи жамоат тартибини сақлаш ходимлари келиб уни олиб кетади.

Бу вақтда Акмални ички ишлар ходимлари наркология диспансерига олиб бориб, мастлик ҳолатини аниқлаш учун тиббий текширувдан ўтказишади ва унга тунги вақтда маиший шовқин қилганини тушунтириб, маъмурий баённома расмийлаштириб, жавоб бермоқчи бўлишади, Акмал эса қахрамонлик қилиб ўзининг “Redmi Note 11” русумли қўл телефонини чўнтагидан чиқариб, кузатиб турганида ходимлардан бири эса унинг бўлиб ўтган гап-сўзларни телефонига ёзиб олаётганини пайқаб қолади. Шунда ундан телефонини олиб, аудио ёзувларни ўчиришини айтиб, телефонини хотирасига кирганида, порнографик расмларни борлиги маълум бўлади.

Шу тариқа Акмални қўл телефонини кўздан кечирганида интернет тармоқларидан олинган турли порнографик фото ва видео тасмалар борлиги аниқланади. Сўнг эса ходимлар Акмални хизмат хонасига олиб бориб, телефонни ҳужжатлаштириб олишади ўзига эса ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирилиб, ҳолат юзасидан тушунтириш хати ёзиб беришни сўрайди. Акмал Раимов тушунтириш хати ёзишдан бош тортиб, шу ҳужжатларни расмийлаштиримаслик ва телефонини қайтариб бериш учун ходимга ҳозир чўнтагида бўлган 200.000 сўмни, эртага яна 800.000 сўм беришни айтиб пора таклиф қилади. Ходим томонидан унга бу ҳаракати билан пора бермоқчи бўлаётганини, пора бериш жиноят эканини, жиноий жавобгар бўлиши мумкинлигини айтса-да, Акмал Раимов қайта-қайта 1 млн. сўм пулни пора сифатида таклиф қилаверади.

Акмалнинг бу қинғир ишидан ходим раҳбариятига билдирги билан мурожаат қилади. 2024 йил 1 апрель куни вилоят Ички ишлар бошқармаси Шахсий хавфсизлик бошқармаси ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Термиз шаҳар бўлими ходимлари томонидан ўтказилган тадбир давомида Акмал Раимов ходимнинг хизмат хонасига келиб, ўзига оид маъмурий ҳужжатларни судга юбормаслик, телефонини қайтиб бериш эвазига 1.500.000 сўм қора рангли целлофан пакетга солинган пулларни ходимга берган вақтида ушланади ва ундан берилмоқчи бўлган пуллар ҳужжатлаштириб олинади.

Бу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, жиноят иши доирасида олиб борилган тергов ҳаракатлари якунланиб, иш судга оширилди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди томонидан тумандаги “Янги рўзғор” маҳалласи биносида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида Акмал Раимов Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 211-моддаси 1-қисми билан айбли деб топилиб, унинг 2 (икки) йил муддатга озодлиги чекланади.

Биргина маиший шовқин уни жиноят кўчасига етаклади.

Фикримиз якунида шуни айтиш жоизки, ҳаётда кечаётган воқеа ва ҳодисалар учун ҳар кимнинг ўзи сабабчи бўлади.

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

ЖИНОЯТЧИЛИКНИНГ БАРВАҚТ ОЛДИНИ ОЛИШ ВА ҲУҚУҚБУЗАРЛИКЛАРГА ҚАРШИ КУРАШИШ

Музработ туман ҳокимлиги фаоллар залида жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди  раиси ва туман Ички ишлар бўлими бошлиғи иштирокида жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш борасида Пробация назоратида турган шахслар билан маърифий-ҳуқуқий тадбир ўтказилди.

Маърифий-ҳуқуқий тадбирда Пробация хизмати назорат остида турган шахслар билан жиноятчиликнинг барвақт олдини олиш ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш юзасидан вояга етмаганлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш, гиёҳвандлик, ичкиликбозлик ва диний экстремизмга қарши курашиш, фирибгарлик ҳамда ўғирлик, ёшлар ўртасида ўз жонига қасд ва суиқасд қилиш ҳолатларининг олдини олиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг Пробация тўғрисидаги Қонунининг мазмун-моҳиятига алоҳида эътибор қаратилиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.

Суд-ҳуқуқ тизимида амалга ошириладиган барча ишлар замирида қонун устуворлигини таъминлаш, одил судловга эришиш каби эзгу ғоялар ётади. Айнан инсон ва адолатли суд ўртасидаги ўзаро муносабатларда қонунийликни ва адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар замирида халқимизнинг осойишта ҳамда рози бўлиб яшаш ҳуқуқи турибди.

Хусусан, ушбу куни ҳам жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан сайёр суд мажлиси ўтказилиб, туман Ички ишлар бўлими Пробация гуруҳида жазо ўтаб турган 9 нафар маҳкумларни ахлоқ тузатиш ишлари жазосини ва 1 нафар маҳкумни эса муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш жазосини ўташдан муддатидан илгари шартли озод қилиш юзасидан киритилган тақдимномалар кўриб чиқилиб, инсонпарварлик тамойилларига таяниб, Пробация гуруҳи ҳисобида туриб, ҳақиқатда меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган ва жазо ўташнинг тартиб қоиаларига риоя қилиб, тузалиш йўлига ўтган, судлар томонидан ўрнатилган тақиқ ва чекловларга тўлиқ риоя қилган, ўзининг ҳулқини ижобий томонга ўзгартирган 10 нафар назоратдаги шахслар Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 73-моддасига асосан жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилинди.

Сайёр суд мажлиси якунида раислик қилувчи томонидан иштирокчиларга ҳуқуқ ва мажбуриятларини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозимлигини, жазони ўташ даврида ўрнатилган тартиб-қоидаларни бузганлик учун уларга нисбатан қўлланилиши мумкин бўлган интизомий чораларни, шунингдек жазони ўташдан муддатидан илгари шартли равишда озод қилиниб, жазонинг ўталмаган қисми мобайнида қасддан янги жиноят содир этган шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 60-моддасида назарда тутилган қоидаларга мувофиқ жазо тайинланиш оқибатларини тушунтирди.

Мухтасар қилиб айтганда, суд-ҳуқуқ соҳасида Конституциявий талаблар асосида амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар туфайли аҳолининг ҳуқуқ ва манфаатлари тўла таъминланмоқда.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

Яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олган шахсга ҳукм ўқилди

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманида истиқомат қилувчи 34 ёшли йигит Халим Жумаев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) яшаш уйида ноқонуний майнинг қурилмаси ўрнатиб олиб, ҳар бири 1,6 кВт дан жами 3,2 кВт бўлган 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилмаларини ўзбошимчалик билан электр тармоғига тўғридан-тўғри улаб олганлик ҳолати тезкор тадбир давомида аниқланади. Электр тармоғидан ноқонуний фойдаланиш оқибатида ҳудудий электр тармоқлари корхонаси манфаатига 178.329.060 сўм миқдорда моддий зарар етказган.

Ушбу ҳолат юзасидан тезкор тадбир давомида Халим Жумаевнинг хонадонидан 2 дона “BITMAIN ANTMINER L3+” русумли майнинг қурилма, 1 дона “Kenweiiрc” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона “Shenzhen cloudic Technology” номли электр таъминловчи қурилма, 1 дона“iON” номли UPS, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Huawei” номли Wi-Fi аппарати, 1 дона “Prima” номли электр токини меёрлаштирувчи қурилма, 1 дона “Iphone Рro Мах.12” (ичидаги барча маълумотлар ўчирилган ҳолда) маркали телефон аппарати, 1 дона “Elit ва Mercury” номли UPS ҳамда 1 дона “Tenda” номли қурилма, 10,5 метр “АПР-2х8мм2” русумли электр токини ўтказувчи сим, 4 та розетка, 18,5 метр шиша толали сим, 1 дона “Драйвер”, 1 дона “VIDEO PLAYER RF CHANGEOVER” ва 2 дона “UZTELEKOM” маркали қурилмалар, 2 дона қувватлаш мосламаси, 1 дона “FSP GROUP INC” маркали қурилмалар тегишли тартибда ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинган.

Мутахассислар хулосасига кўра, ушбу фуқаро ўзбошимчалик билан электр тармоғига уланиб олиб, ноқонуний фойдаланиши натижасида, 20.11.2021 йилдан 14.06.2023 йилгача электр энергиясига 118.402.560 сўмлик, шунингдек 15.06.2023 йилдан 29.01.2024 йилгача ўғирлаган электр энергиясидан 59.926.500 сўмлик моддий зарар етказган.

Мазкур ҳолат юзасидан қўзғатилган жиноят иши жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судида очиқ суд мажлисида кўриб чиқилиб, судланувчи, фуқаровий даъвогар ва гувоҳларнинг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқилиб, ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо берилиб, суднинг ҳукми эълон қилинди.

Судланувчи Халим Жумаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1852-моддаси 3-қисми ва 169-моддаси 2-қисми “б,д” бандлари билан айбли деб топилиб, унга нисбатан узил-кесил 3 (уч) йил 6 (олти) ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди ва жазони манзил-колонияларда ўташ белгиланди.

Шунингдек, суд ҳукми билан судланувчидан Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси фойдасига 108.329.060 сўм зарар ундириш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, ушбу кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

Хулоса шуки, қонун устувор ва жазо муқаррар.

АББОС РАХМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бойсун туман суди раиси

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШНИНГ ИМКОНИЯТЛАРИНИ ЯНАДА КЕНГАЙТИРИШНИНГ УСТУВОР ЙЎНАЛИШЛАРИ

Сўнгги йилларда амалга оширилган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари суд ҳокимияти мустақиллигини ҳамда судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш билан бир қаторда фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш имконини берди. Шу билан бирга “Янги Ўзбекистон – янги суд” тамойили доирасида аҳолининг одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилишни жадаллаштиришни, соҳага илғор халқаро стандартларни жорий этишни талаб этмоқда.

2022-2026-йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларга мувофиқ, шунингдек, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, судлар фаолияти самарадорлиги ва одил судлов сифатини ошириш мақсадида, 2023-2026-йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланган бўлиб, Стратегия доирасида қуйидагилар одил судловни таъминлашнинг устувор вазифалари этиб белгиланган.

“Инсон қадри учун” ғояси асосида чинакам адолатли суд тизимини шакллантириш ҳамда унинг фаолиятини халқ манфаати ва инсон қадр-қимматини самарали ҳимоя қилишга йўналтириш, адолатли суд қарорлари қабул қилинишига эришиш орқали халқнинг, шу жумладан, тадбиркорларнинг суд тизимига бўлган ишончини мустаҳкамлаш, ҳар бир шахс суд ва судялар сиймосида ўзининг ишончли ҳимоячисини кўришига эришиш, фуқаролар ҳамда тадбиркорларга ўз ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини судларда ҳимоя қила олиши учун барча имкониятларни яратиш, суд ишларини юритишда тортишув ва тарафларнинг тенглиги тамойилларини тўлақонли рўёбга чиқариш, судларнинг холислигини амалда таъминлашга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, судлар фаолиятини тўлиқ рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини жорий этиш, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, судяларнинг мустақиллиги ва дахлсизлиги кафолатларини кучайтириш, судга ҳурматсизлик қилиш ва суд ишига аралашиш ҳолатларининг олдини олиш бўйича самарали механизмларни ишлаб чиқиш, суд қарорларининг қатъий ижросини таъминлаш, бу борада давлат органлари ва маҳаллий ҳокимликларнинг масъулиятини ошириш, судялар ва суд ходимларида юксак муомала маданиятини шакллантириш орқали судга мурожаат қилган ҳар бир фуқаро ва тадбиркорда суддан, пировардида эса давлатдан розилик ҳиссини уйғотиш ҳамда ҳалқнинг судга нисбатан ишонч ҳисини шакиллантириш орқали, 2023-2026-йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегиясини амалга ошириш бўйича ҳаракатлар дастури Президентнинг 11-сонли фармони асосида тасдиқланган.

Мазкур фармон юзасидан тегишли орган раҳбарлари шунингдек, масъул вазирлик ва идоралар раҳбарлари Ҳаракатлар дастурида назарда тутилган тадбирларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилиши учун шахсан масъул этиб белгиланган.  Олий суд томонидан Давлат хавфсизлик хизмати, Бош прокуратура, Адлия вазирлиги билан биргаликда жиноят ишлари бўйича суд қарорлари қонуний, асосли ва адолатли қабул қилинганлигини текширишнинг фуқароларга қулай ва соддалаштирилган тартибини яратиш мақсадида қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган. Туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан биринчи инстанцияда кўрилган ишларни вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апеллятсия ёки кассатсия тартибида қайта кўриб чиқиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апеллятсия ёки кассатсия тартибида кўрилган ишларни мазкур судларда тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш, юқори инстанция судлари томонидан ишни янгидан кўриш учун қуйи судларга юбориш тартибини бекор қилиш ва уларга иш бўйича якуний қарор қабул қилиш масъулиятини юклаш назарда тутилган. Мазкур фармонга асосан тузилган стратегияга 2023-2026-йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси (кейинги ўринларда – Стратегия) суд-ҳуқуқ тизимининг жадал ислоҳ қилинишини таъминлаш, шунингдек, аҳолининг одил судловга эришиш даражасини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Стратегиянинг асосий йўналишлари қуйидагилар:

-жиноят, жиноят-Процессуал ва жиноят ижроия қонунчилигини инсонпарварлик тамойиллари асосида такомиллаштириш сиёсатини изчил давом эттириш. “Хабеас корпус” институтини янада ривожлантириш орқали тергов устидан суд назоратини кучайтириш;

-Процессуал қонунчиликда адвокатнинг ваколатларини, шу жумладан далилларни тўплаш ва тақдим этиш ваколатларини кенгайтириш;

-Низоларни ҳал этишнинг муқобил усулларидан кенг фойдаланиш. Ярашув институтини қўллаш доирасини янада кенгайтириш. Суд ишлари бўйича айрим тоифадаги низоларни судгача ҳал қилиш механизмларини такомиллаштириш;

-Суд иш юритувида тарафларнинг тортишуви ва тенг ҳуқуқлилиги тамойилини амалда таъминлаш учун таъсирчан механизмларни яратиш.

Илғор хорижий тажриба асосида судларнинг молиявий мустақиллигини тўлиқ таъминлаш чораларини кўриш орқали улар фаолиятини молиялаштириш учун зарур маблағларни судлар томонидан мустақил равишда белгилаш механизмларини жорий этиш. Бу чора тадбирларнинг барчаси провардида одил судловни амалга ошириш билан бир қаторда ҳалқни судга нисбатан ишончини ҳамда қонун ва судга нисбатан хурмат муносабатини шакиллантириш, орқали фуқароларнинг давлатга нисбатан розилик ҳисини уйғотган бўламиз.

Таъкидлаш жоизки, Стратегия Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимиятини ривожлантиришнинг стратегик мақсадлари, устувор йўналишлари ҳамда истиқболли вазифаларини белгилайди, шунингдек, соҳага илғор халқаро стандартларни янада кенг жорий этиш учун асос бўлиб хизмат қилади.

ОТАБЕК ЭРОНҚУЛОВ,

Сурхондарё вилояти маъмурий суди судьяси

КОНСТИТУЦИЯ – ЯНГИ ЎЗБЕКИСТОННИНГ ҲУҚУҚИЙ ПОЙДЕВОРИ

Янгиланган Конституция мамлакат, миллат ва халқ сифатида кейинги қадамларимизни аниқлаб олишимиз учун ғоят аҳамиятли масала, адолатли жамият қуриш йўлидаги улкан қадамдир. Конституцияда Ўзбекистон – суверен, демократик, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат экани қатъий белгилаб қўйилди. Инсон ҳуқуқ ва эркинликлари қонунларимизнинг, ҳар бир вазирлик ва идора фаолиятининг мазмунига айланиши қатъий талаб сифатида белгилди. Бу ҳол давлат органлари ҳамда мансабдор шахсларнинг фақат ва фақат фуқароларнинг манфаатларини кўзлаб фаолият кўрсатишига асос бўлади.

Бинобарин, қонунлардаги зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига ҳал бўлиши шарт ва зарур. Бунга кўра, инсон ва давлат ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар, турли тушунмовчиликлар бартараф этилади.

Конституцияда камбағалликни қисқартириш, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш бўйича нормалар белгиланди. Хусусан, Конституцияда ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқи белгиланди. Ушбу норманинг амал қилиши ҳар бир фуқаро, жумладан, ёш оилаларнинг ўз бошпанасига эга бўлишини таъминлаб, кишиларнинг ҳаётдан розилик даражасини оширади. Бундан ташқари, ҳеч ким суднинг қарорисиз ва қонунга зид тарзда уй-жойидан маҳрум этилиши мумкин эмаслиги, уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорга уй-жойнинг қиймати ҳамда у кўрган зарарларнинг ўрни қонунда назарда тутилган ҳолларда ва тартибда олдиндан ҳамда тенг қийматда (бозор қийматида) қопланиши таъминланиши кафолатланди.

Аҳоли ҳаёти ва саломатлик даражасини яхшилашнинг зарурий шарти сифатида Конституцияда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича комплекс чоралар белгиланди.

Таълим олиш ҳуқуқи ва имконияти кенгайтирилади, ўқитувчилар конституциявий мақомга эга бўлади. Жумладан, фуқароларнинг олий таълим муассасаларида давлат гранти ҳисобидан ўқиш ҳуқуқи қатъий белгилаб қўйилди. Асосий қонунда фуқароларнинг бепул бошланғич касб-ҳунарга ўқитилиши ҳам белгиланди.

Конституциянинг 29 моддасига асосан, ҳар кимга малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда юридик ёрдам давлат ҳисобидан кўрсатилади.

Конституциянинг XXIII боби суд ҳокимиятига бағишланган бўлиб, 130-140 моддаларни ўз ичига олади. Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятдан, сиёсий партиялардан, фуқаролик жамиятининг бошқа институтларидан мустақил ҳолда иш юритади.

Ўзбекистон Республикасида суд тизими ва судлар фаолиятининг тартиби қонун билан белгиланади. Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради. Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган сиёсат ва ҳуқуқ соҳасидаги мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикаси вакилини қўшган ҳолда сайланади. Конституциявий суднинг судьялари қайта сайланиш ҳуқуқисиз ўн йиллик муддатга сайланади. Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди ўз таркибидан Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг раисини ва унинг ўринбосарини беш йиллик муддатга сайлайди.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий, иқтисодий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан қабул қилинган ҳужжатлар қатъий ҳисобланади ва Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида бажарилиши мажбурийдир. Ўзбекистон Республикаси Олий суди қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси ва унинг ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан беш йиллик муддатга сайланади. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, раис ўринбосари этиб сайланиши мумкин эмас.

Судьялар мустақилдирлар, фақат Конституция ва қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади. Судьялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор бўлмайди. Судьялар дахлсиздир. Давлат судьянинг ва унинг оила аъзоларининг хавфсизлигини таъминлайди.

АББОС ХОЛМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

Skip to content