Юртимизда суд ҳокимиятига фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш учун суд жараёнида тортишув тамойилини тўлақонли жорий этиш, суд фаолиятини тубдан яхшилаш вазифалари белгиланган.
Хусусан, фуқаролик судига даъвогар Анварова Малика (исм-фамилиялар ўзгартирилган) даъво ариза билан мурожаат қилиб, жавобгар Ахмедов Мансур билан турмуш қурганлигини, уларнинг ўрталарида бир нафар фарзанди борлигини, ҳозирги кунда жавобгар билан бирга яшамаётганлигини, жавобгар фарзандини мажбурлаб ўзи билан олиб қолиб, бермасдан келаётганлигини учун суддан фарзандини олиб беришни сўрган.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 65-моддаси 2-қисмида “Ҳар бир бола оилада яшаш ва тарбияланиш, ўз ота-онасини билиш, уларнинг ғамхўрлигидан фойдаланиш, улар билан бирга яшаш ҳуқуқига эга, бола манфаатларига зид бўлган ҳолатлар бундан мустаснодир”-деб эътироф этилган.
Болалар ота-онаси билан яшаш ҳуқуқларига эгадирлар.
Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 75-моддаси 5-қисмига кўра, “Ота-она алоҳида яшаганда болаларнинг қаерда яшаши ота-онанинг келишувига биноан белгиланади. Ота-она ўртасида келишув бўлмаса, низо суд томонидан болалар манфаатларидан келиб чиқиб, уларнинг фикрини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилади. Бунда суд, боланинг ота-онадан, ака-ука, опа-сингилларидан қайси бирига боғланиб қолганлигини, боланинг ёшини, ота-онасининг ахлоқий ва бошқа шахсий фазилатларини, ота-онанинг ҳар бири билан бола ўртасидаги муносабатларни, болани тарбиялаш ва унинг камолоти учун шарт-шароитлар (ота-онасининг машғулот тури, иш тартиби, моддий ҳамда оилавий аҳволи ва бошқалар) яратиш имкониятини ҳисобга олади” деб белгиланган.
Суд, тарафларнинг фарзанди ёш эканлигини, боланинг тарбиясида она меҳри алоҳида ўрин эгаллашлиги учун даъвогарга фарзандини жавобгарнинг қарамоғидан олиб бериш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиб, вояга етмаган боланинг ҳуқуқлари тикланди.
Бугунги кунда суднинг ҳал қилув қарори чиқарилгандан сўнг суд қарорида кўрсатилган кредит қарздорлиги бўйича ундирилган суммага нисбатан кредит фоизи, шунингдек неустойка ҳисобланиши мумкин эмас.
Ўзбекистон Республикасининг 2024 йил 27 февралдаги “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига кредит мажбуриятларини бажариш тартибини такомиллаштириш ҳамда аҳолининг микромолиявий хизматлардан фойдаланиш имкониятларини кенгайтиришга қаратилган ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-914-сонли Қонунига асосан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 744-моддаси учинчи қисм билан тўлдирилди.
Унга кўра, “Кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан ушбу Кодекснинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида ҳамда 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади» деб белгиланди.
Мазкур Қонуннинг 1-моддаси қоидалари 2024 йил 1 январдан эътиборан юзага келган муносабатларга нисбатан ҳам татбиқ этилади. Бунда ушбу Қонун 1-моддасининг 1-банди қарз олувчининг микроқарз ёки кредит бўйича мазкур модда амалга киритилгунига қадар юзага келган, бажарилмаган пул мажбуриятларига нисбатан қўлланилади деб белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 327-моддаси биринчи қисмига кўра, бошқа шахсларнинг пул маблағларини ғайриқонуний ушлаб қолиш, уларни қайтариб беришдан бош тортиш, уларни тўлашни бошқача тарзда кечиктириш ёхуд бошқа шахс ҳисобидан асоссиз олиш ёки жамғариш натижасида улардан фойдаланганлик учун ушбу маблағлар суммасига фоиз тўланиши керак, иккинчи қисмига кўра, фоизлар миқдори кредитор яшайдиган жойда, кредитор юридик шахс бўлганида эса, унинг жойлашган ерида пул мажбурияти ёки унинг тегишли қисми бажарилган кунда мавжуд бўлган банк фоизининг ҳисоб ставкаси билан белгиланади. Қарз суд тартибида ундириб олинганида суд кредиторнинг талабини даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб қондириши мумкин. Ушбу қоидалар қонунда ёки шартномада бошқа фоиз миқдори белгиланган бўлмаса қўлланилади, 734-моддаси биринчи қисмига кўра, агар қонунда ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз берувчи (юридик шахс ёки фуқаро) қарз олувчидан қарз суммасига шартномада белгиланган миқдорда ва тартибда фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлади, 260-моддаси биринчи қисмига кўра, қонунчилик ёки шартнома билан белгиланган, қарздор мажбуриятни бажармаган ёки лозим даражада бажармаган тақдиpда кредиторга тўлаши шарт бўлган пул суммаси неустойка ҳисобланади, 261-моддаси биринчи қисмига кўра, неустойка жарима ёки пеня шаклида бўлади.
Юқоридаги қонун нормаларига асосланиб, судлар томонидан банкнинг кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан 2024 йил 1 январдан кейинги кунларга ҳисобланган фоизлар ва неустойкаларни қаноатлантириш рад этишга асос бўлмоқда.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
“Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза мазкур Қонунда назарда тутилган талабларга жавоб бериши керак.
Хусусан, Қонуннинг 5-моддасига кўра, тўловга қобилиятсизлик аломатлари вақтинча ва доимий тўловга қобилиятсизлик аломатларидан иборат бўлиб, агар тегишли мажбуриятлар юзага келган санадан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса олти ой ичида бажарилмаса, судга мурожаат этиш санасида қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича ўз мажбуриятларини бажаришга қодир эмаслиги вақтинча тўловга қобилиятсизлик, агар судга ариза бериш санасидаги ва ариза берилган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида, агарда ариза йилнинг биринчи чорагида берилган бўлса, ўтган йилнинг бошидаги ҳисобот даврида қарздорнинг мажбуриятлари унинг активлари қийматидан ошиб кетган бўлса, доимий тўловга қобилиятсизлик аломатлари ҳисобланади.
Шунингдек, Қонунга мувофиқ, мазкур қоидалар тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилаётганда, жисмоний шахслар, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорнинг тўловга қобилиятсизлиги тўғрисидаги ишлар кўриб чиқилаётганда қўлланилмайди.
Шу каби, Қонунга кўра, давлат солиқ хизмати органининг тўловга қобилиятсизлик тўғрисидаги аризалари кредитор, қарздор ва бошқа давлат органлари томонидан бериладиган аризаларга нисбатан ўзига хос ҳусусиятга эга.
Бундан ташқари, Қонун 45-моддасининг иккинчи қисмига биноан, давлат солиқ хизмати органининг ҳамда бошқа ваколатли органнинг қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризасига қонунчиликка мувофиқ солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни қайтариб олишга доир чора-тадбирлар кўрилганлиги далиллари илова қилиниши керак.
Мазкур норма шуни назарда тутадики, давлат солиқ хизмати органи Ўзбекистон Республикаси Солиқ кодексида назарда тутилган тартибда солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни қарздорнинг мол-мулки ҳисобидан ундириш юзасидан барча чораларни кўриши, қарздорнинг қарздорликни қоплаш учун мол-мулки мавжуд бўлмаган тақдирда, қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида иқтисодий судга ариза билан мурожаат этиши лозим. Қарзни қоплаш учун қарздорнинг мол-мулки мавжуд эмаслиги давлат ижрочисининг ижро ишини тамомлаш ҳақидаги қарори билан ўз тасдиғини топиши лозим.
Иқтисодий судлар амалиётида давлат солиқ хизмати органлари томонидан қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида аризалар тақдим этишда, Қонуннинг юқорида қайд этилган нормасига амал қилмаётганлигини кўриш мумкин. Жумладан, ишни кўриш жараёнида қарздорнинг солиқ қарзини қоплаш учун етарли миқдорда мол-мулки борлиги, бироқ солиқ қарзини ундириш юзасидан ижро иши тамомланмасдан, судга ариза билан мурожаат этилаётганлиги аниқланмоқда.
Бизга маълумки, Қонунда давлат солиқ хизмати органлари судга ариза билан мурожаат этишдан солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни қайтариб олишга доир чора-тадбирлар кўрилиши кераклиги ҳақида норманинг мавжудлиги, Қонуннинг асосий мақсади қарздор ташкилотни банкрот қилиш эмас, агар солиқ қарзини қоплаш учун мол-мулк мавжуд бўлмаган ҳолатда, судга ариза билан мурожаат этиш лозимлигини англатади.
Шу сабабли давлат солиқ хизмати органлари судга қарздорга нисбатан тўловга қобилиятсизлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақида аризалар тақдим этишдан олдин, албатта Қонунда белгиланган нормаларга риоя қилган ҳолда, солиқлар ҳамда йиғимлар бўйича қарзни ундиришга доир чора-тадбирлар кўриши лозим.
УМИД РАХИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллар ҳисобланади.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига мувофиқ, ходимлар қуйидаги ижтимоий таътилларни олиш ҳуқуқидан фойдаланади:
-ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари (ушбу Кодекснинг 404-моддаси);
-бола парваришлаш таътили (ушбу Кодекснинг 405-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмлари);
-ўқув таътили (ушбу Кодекснинг 385-моддасининг биринчи қисми);
-ижодий таътиллар (ушбу Кодекснинг 387-моддасининг биринчи қисми).
Ходимларга ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ижтимоий таътилларни бериш ходимнинг меҳнат стажига, у бажарадиган ишнинг жойи ва хусусиятига, иш берувчининг ташкилий-ҳуқуқий шаклига боғлиқ эмас.
Ходим ўқув таътилида (ушбу Кодекс 385-моддасининг биринчи қисми) ёки ижодий таътилда (ушбу Кодекс 387-моддасининг биринчи қисми) бўлган вақтида унинг ўртача иш ҳақи сақланиб қолади. Бундан олий таълим ташкилотларига ўқишга кирганда бериладиган иш ҳақи сақланмайдиган таътил мустасно.
Аёл туғишдан олдинги ва туғишдан кейинги таътилда бўлган вақтида (ушбу Кодекснинг 404-моддаси) унга қонунчиликда белгиланган миқдорда ҳамда тартибда ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўланади.
Бола икки ёшга тўлгунига қадар уни парваришлаш таътилида бўлган даврида болани ҳақиқатда парваришлаётган боланинг ота-онасидан бирига (васийсига), бувисига, бобосига ёки бошқа қариндошига қонунчиликда белгиланган миқдорда ва тартибда болани парваришлаш нафақаси тўланади.
Ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ нафар бола ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боланинг ота-онасидан бири (ота-онанинг ўрнини босувчи шахс) давомийлиги тўрт календарь кун бўлган ҳар йилги ижтимоий таътилда бўлган даврида унинг ушбу таътил даври учун ўртача иш ҳақи сақланиб қолади (ушбу Кодекснинг 401-моддаси).
Ушбу модданинг биринчи қисмида белгиланган ижтимоий таътиллар, бундан Кодекс 405-моддасининг биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган болани парваришлаш таътиллари мустасно, навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритилади.
Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда қуйидагилар назарда тутилиши мумкин:
-ходимларга қонунчиликда белгиланмаган бошқа ижтимоий таътилларни бериш (никоҳ тузилганлиги муносабати билан, бола туғилиши муносабати билан боланинг отасига, ходимнинг яқин қариндоши вафот этганлиги муносабати билан ва бошқалар);
-ижтимоий таътиллар давомийлигини уларнинг қонунчиликда белгиланган давомийлигига нисбатан кўпайтириш.
Жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган таътилларда бўлган ходимларнинг ўртача ойлик иш ҳақи ёки унинг бир қисми сақланиб қолиши назарда тутилиши мумкин.
Ушбу модданинг биринчи қисмида назарда тутилган ижтимоий таътилларнинг давомийлиги, шунингдек мазкур таътилларни навбатдаги ҳар йилги меҳнат таътилини олиш ҳуқуқини берадиган иш стажига киритиш тўғрисидаги масала ходимларга ушбу таътиллар берилишини белгиловчи ҳужжатларда тартибга солиниши керак.
Қонунчилик, жамоа келишувлари ёхуд жамоа шартномаси ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатлар ходимнинг ижтимоий таътилга бўлган ҳуқуқи юзага келишини қайси ҳолатлар билан боғлайдиган бўлса, шундай ҳолатларнинг пайдо бўлиши ходимга ижтимоий таътиллар бериш асосидир. Кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлган тақдирда, иш берувчи ходимга ижтимоий таътил бериши шарт.
Барча ижтимоий таътиллар вақтида, улар қонунчиликда белгиланганлигидан ёки жамоа келишувларида ёхуд жамоа шартномасида ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда назарда тутилганлигидан қатъи назар, ходимнинг аввалги иш жойи (лавозими) сақланиб қолади.
Ижтимоий таътиллар ҳар йилги меҳнат таътилидан ташқари берилади. Ходим томонидан белгиланган муддатларда фойдаланилмаган ижтимоий таътил бошқа муддатга ўтказилиши мумкин эмас. Ижтимоий таътилларни жамлаб ҳисоблашга ва пулли компенсация билан алмаштиришга йўл қўйилмайди.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, яъни ҳар йилги меҳнат таътилидан ижтимоий таътилларнинг фарқи шундаки, ҳар йилги меҳнат таътили дам олиш ва ишлаш қобилиятини тиклаш учун иш ўрни (лавозими) ҳамда ўртача иш ҳақи сақлаб қолинган ҳолда ходим ишдан озод этиладиган, ходимга ҳар йили иш йили давомида бериладиган вақт даври бўлса ходимларга оналик, болаларни парваришлаш, таълим олиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида, шунингдек бошқа ижтимоий мақсадларда бериладиган таътиллар ижтимоий таътиллар демакдир.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда интеллектуал мулк ҳуқуқи тизимини янада такомиллаштириш, интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг самарали ва таъсирчан усулларини жорий қилиш ҳамда соҳага замонавий хорижий тажрибаларни татбиқ қилиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
2024 йилнинг 10 сентябрь куни қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизими янада такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар тўғрисида”ги ЎРҚ-959-сонли қонуни ҳам мазкур соҳада мавжуд ҳуқуқий тизимни янада мустаҳкамловчи қонун ҳужжатларидан бири бўлди дейиш мумкин.
Қонун билан ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналарига оид, селекция ютуқларига оид, товар белгисига оид интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузганлик учун интеллектуал мулк ҳуқуқи эгасининг ҳуқуқлар бузилганлиги учун зарар етказувчидан етказилган зарарни қоплашни талаб қилишга бўлган ҳуқуқлари мустаҳкамланди.
Хусусан, эндиликда интеллектуал мулк ҳуқуқи соҳасида ҳуқуқлари бузилган шахс зарар етказувчидан етказилган зарарнинг ўрнини қоплаш ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан минг бараваригача бўлган миқдорда товон талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлди.
Тўланадиган товон миқдори интеллектуал мулк ҳуқуқига зарар етказувчи шахснинг айби даражаси ҳамда иш муомаласи одатларидан келиб чиқққан ҳолда суд томонидан белгиланиши тартиби жорий қилинди.
Хулоса қилиб айтганда, у шбу Қонун жисмоний ва юридик шахсларнинг интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштиришга, мазкур соҳадаги ҳуқуқбузарликлар профилактикасининг сифатини оширишга, шунингдек ҳуқуқбузарликлар сонининг камайишига ҳамда интеллектуал мулкнинг ҳимоя қилинишини кучайтиришга ва рақамли муҳитда ижодий фаолиятга бўлган ҳуқуқларни ҳимоя қилишнинг таъсирчан механизмлари тизимини шакллантириш мақсадида қабул қилинганлиги интеллектуал мулк ҳуқуқи эгаларининг ўз ҳуқуқлари самарали ҳимоя қилинишига бўлган ишончини янада оширишга хизмат қилади/
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 11-моддасига кўра, боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари, шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шартлиги белгиланган. Бундан англашимиз мумкинки, болаларни биринчи навбатда зўравонликдан ҳимоя қилишимиз, агар бунинг имкони бўлмаса зўдлик билан ваколатли органларга мурожаат қилишимиз лозим.
Шуни яхши билишимиз керакки, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонликка бепарволик ёки ҳиссий бефарқлик каби бошқа ҳаракатлар ҳам болаларга нисбатан зўравонлик деб ҳисобланади.
Болаларга нисбатан зўравонлик гувоҳи бўлган барча боланинг атрофидагилар болага қилинган шафқатсизлик учун жавобгардирлар.
UNICEF маълумотларига кўра:
Дунёда 2 ёшдан 14 ёшгача бўлган ҳар 10 боладан олтитаси ҳар куни жисмоний зўравонликка учрайди. Ҳар 5 дақиқада бир бола зўравонликдан вафот этади.
Болаларга нисбатан зўравонлик ҳар қандай шароитда юз бериши мумкин бўлса-да, шуни билишимиз керакки, бола ёки ўспириннинг зўравонликка учраши эҳтимолини оширадиган баъзи бир хавф омиллари мавжуд.
Уйдаги молиявий қийинчиликлар ва спиртли ичимликлар ёки гиёҳвандликка боғлиқлик хавф омиллари зўравонлик содир этишга сабаб бўлиши мумкин.
Бизга шубҳасиз, зўравонлик ҳолатлари болаларда жисмоний, руҳий, хулқ-атвор ва ижтимоий бузилишларни келтириб чиқаради.
Aгар болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатини билсангиз нима қилиш керак?
Aгар сиз болаларга нисбатан зўравонлик қилингани ҳолатини билсангиз ёки унга шубҳа қилсангиз, ҳудудингиздаги болаларни ҳимоя қиладиган органларга мурожаат қилинг.
Aгар жисмоний зўравонлик ёки бепарволик боланинг ҳаётини бевосита хавф остига қўяди, деб ҳисобласангиз, иккиланмасдан ички ишлар ва прокуратура органларига қўнғироқ қилинг. Aфсуски, агар сиз бепарво бўлсангиз, болаларга нисбатан зўрлик йўқолмайди.
Ўзбекистон Республикасида энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш Конституция билан кафолатланади.
Хусусан, амалдаги Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 135-моддаси “Одам савдоси” деб номланиб, мазкур моддада ушбу тоифадаги жиноятнинг содир этиш усули, турлари ва бу жиноятлар учун тайинланадиган жазолар қайд этилган.
Одам савдоси бу – одамни олиш-сотиш, ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланади. Мазкур ҳаракатларнинг содир этилиши жиноий оқибат юз берган-бермаганидан қатъий назар жиноят тугалланган деб топилади ва жиноий жавобгарликни келтириб чиқаради.
Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишда ифодаланган қилмишларни содир этганлик учун жиноий жавобгарлик юзага келади. Одам савдоси жинояти миллат, давлат ва чегара танламайди. Ушбу жиноят бир давлатнинг ҳудудида бошланиб, унинг оқибатлари бошқа давлатларнинг ҳудудида юз бериши мумкин.
Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилади. Одамни эксплуатация қилиш бошқа шахслар фоҳишабозлигидан фойдаланиш ёки бошқа кўринишдаги шаҳвоний эксплуатацияни, мажбурий меҳнат ёки хизматлар, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатлар, эрксизлик ҳолати ёки одам аъзолари ёки тўқималари олинишини англатади. Мажбурий меҳнат бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали иш бажаришга мажбурлашни англатади. Ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар асосида, фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда, суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан, қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат деб ҳисобланмайди. Қуллик – ўзига нисбатан мулк ҳуқуқига хос айрим ёки барча ҳуқуқлар амалга оширилаётган шахс аҳволи ёки ҳолатини англатади.
Эрксизлик ҳолати – шахснинг муайян омиллар мажмуи таъсири остида ўз эркига хилоф равишда ҳар қандай иш ёки хизматни бажаришга мажбур бўлганлигини англатади.
Ёллаш деганда эксплуатация қилиш мақсадида одамни бирор бир фаолият билан шуғулланишга жалб этишга қаратилган фаолият (эксплуатация объектини қидириш, тўплаш, у билан музокара юритиш ва ҳ.к) тушунилади;
ташиш – шахсни олиш-сотиш битими тузиладиган (ижро этиладиган), бошқа шахсга топшириладиган жойга ёки ундан эксплуатация мақсадида фойдаланиладиган жойга етказиб бериш (транспортда ташиш)ни англатади. Бунда етказиб бериладиган шахс одам савдосини амалга ошириш учун мўлжалланганлиги ташувчига олдиндан маълум бўлиши лозим.
Одам савдоси муаммосига қарши курашишда аҳолининг бу борадаги билимларини ошириш, оммавий ахборот воситалари орқали унинг қурбонлари билан суҳбатлар уюштириш, одам савдосининг бутун мудҳиш ҳолатларини тасвирлаб бериш ҳам самарали воситалардир. Бутун аҳоли, айниқса, ёшлар ушбу жиноий қилмишнинг қурбонига айланиб қолмасликлари учун эҳтиёт бўлишлари, хорижий мамлакатлардан таклиф этилаётган ҳар қандай иш, хизматларни шахсан ўзлари текшириб кўришлари, нотаниш шахсларнинг таклифларига ишонмаслик ҳамда уларга ўз ҳужжатларини бериб қўймаслик лозимлигини билишлари керак.
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, одам савдоси жинояти аксарият ҳолларда алдов усули билан амалга оширилаяпти. Шу сабабли жиноятларнинг олдини олиш мақсадида меҳнат жамоаларида, маҳаллаларда профилактика мақсадида йиғилишлар ўтказиш, содир этилган жиноятларнинг сабабларини ва уларнинг оқибатларини фуқароларга етказиб турилишини таъминлаш лозим.
Дарҳақиқат, Ўзбекистон Республикаси сайлов тизими ва мазкур соҳага оид муносабатлар янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 22-боби яъни, Сайлов кодекси ва соҳани бевосита тартибга солишга қаратилган бошқа қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинган.
Хусусан, Конституциямизнинг 128-моддаси биринчи қисмида эса, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эгаликлари, ҳар бир сайловчи бир овозга эга эканлиги, овоз бериш ҳуқуқи, ўз хоҳиш иродасини билдириш тенглиги ва эркинлиги қонун билан кафолатланиши кўрсатилган.
Шу каби, ушбу модданинг иккинчи қисмида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов тегишинча уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда – октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилиши белгиланган. Бундан ушбу Конституцияда назарда тутилган муддатидан илгари сайлов ўтказиш ҳоллари мустасно деб белгиланган.
Бизга маълумки, жорий йилнинг октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида, яъни 2024 йил 27 октябрь куни фуқароларимиз Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоятлар, туманлар, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига бўлиб ўтадиган сайловда иштирок этиш орқали ўзларининг сайлашдан иборат сиёсий ҳуқуқларидан фойдаланадилар.
Мазкур сайловда фаол иштирок этиш фуқароларнинг юксак ҳуқуқий онги ва маданияти даражасини белгилаб берувчи энг асосий омиллардан биридир.
Фуқаролар шу йўл билан давлат ва жамият бошқарувида ҳамда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларини демократик йўл билан шакллантиришда иштирок этишлари мумкин бўлиб, бунинг учун улар ўз навбатида сайловлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини яхши билишлари лозим бўлади.
Бундан ташқари, мамлакатимизда сўнгги йилларда ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар каби сайлов қонунчилигини ҳам такомиллаштириш, ҳар бир фуқаронинг тенг сайлов ҳуқуқи кафолатларини кучайтириш мақсадида фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини берганлик учун жавобгарликни белгилаш заруриятини юзага келтирмоқда.
Шу мақсадда 2024 йил 4 сентябрда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар ва қўшимча киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ-953-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига сайлов комиссиясининг ёки референдум ўтказувчи комиссиянинг аъзоси томонидан фуқарога бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенини берганлик, шунингдек сиёсий партияларга сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига оралиқ ёки якуний ҳисоботни тақдим этмаганлик ёки ўз вақтида тақдим этмаганлик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этганлик учун маъмурий жавобгарликни назарда тутувчи қўшимчалар киритилди.
Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси «Сайлов (овоз бериш) бюллетенларини бериш тартибини бузиш” деб номланган 5110-модда билан тўлдирилиб, унга кўра, сайлов комиссияси ёки референдум ўтказувчи комиссия аъзоси томонидан фуқароларга бир неча марта ёки бошқа шахслар номидан овоз бериш учун сайлов (овоз бериш) бюллетенларини беришдан иборат маъмурий ҳуқуқбузарлик базавий ҳисоблаш миқдорининг бир бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шунингдек, мазкур кодекс сайловда иштирок этиш учун ажратилган давлат маблағлари тўғрисидаги оралиқ ёки якуний ҳисоботни сиёсий партия томонидан Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясига тақдим этмаслик ёки ўз вақтида тақдим этмаслик ёхуд ҳисоботда била туриб нотўғри маълумотларни тақдим этишда ифодаланган маъмурий ҳуқуқбузарлик учун жавобгарлик белгиловчи 5111-модда билан тўлдирилиб, ушбу ҳуқуқбузарликнинг содир этилиши мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланди.
Шу каби, юқоридаги қонун билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик белгиланган 146-моддасининг диспозицияси “Сайлов ёки референдум ташкил қилиш, уларни ўтказиш вақтида мансабдор шахслар, сиёсий партияларнинг ёки фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг вакиллари, ташаббускор гуруҳларнинг ёки сайлов комиссияларининг ёхуд референдум ўтказувчи комиссияларнинг аъзолари томонидан овоз беришнинг яширинлигини бузиш, сайлов ёки референдум ҳужжатларини қалбакилаштириш, сайлов (овоз бериш) бюллетенларига ёки имзо варақаларига сохта ёзувлар киритиш, берилган овозларни била туриб нотўғри санаш” таҳририда баён этилди.
Таъкидлаш жоизки, ушбу қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар эса мамлакатимизда фуқароларнинг сайлов ҳуқуқи кафолатларини таъминлашда муҳим аҳамиятга эгадир.
Маълумки, ҳар бир демократик давлатнинг конституция ва қонунларида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари олий қадрият сифатида баҳоланади. Шуни унитмаслик керакки, ҳуқуқ бор жойда мажбуриятлар ҳам келиб чиқади.
Бу қоида янги Конституциямизда алоҳида бир норма сифатида ўз аксини топди.
Хусусан, янги Конституциямизнинг 20-моддасига кўра, “Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятлар билан боғлиқдир” мазмундаги норма киритилди.
Мазкур норманинг асосий мазмуни шундан иборатки, фуқаролар ва давлат бир-бири билан муносабатга киришганда турли ҳуқуқ ва мажбуриятларни олади. Масалан, фуқароларга атроф-муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш мажбурияти бўлса, давлат фуқароларнинг экологик ҳуқуқларини рўёбга чиқариш чораларини кўриши керак.
Шунингдек, ушбу моддада инсоннинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари фақат суд томонидан чекланиши ҳамда барча давлат органларининг фаолияти мақсади инсон ҳуқуқ ва эркинликларинидан келиб чиқиши белгиланди.
Бундан ташқари, ушбу моддада аввал ҳеч қайси нормада аксини топмаган “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” норма белгиланди.
Қонуннинг асосий мақсади инсон, унинг ҳуқуқ ва эркинликларини рўёбга чиқариш ва ҳимоя қилишдан иборатдир. Яъни, қонунлар кимгадир ортиқча мажбурият ёки харажат юклаши мумкин эмас. Аксинча, қонунлар воситасида жамият ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солинади, инсонлар ҳаёти барқарорлаштирилади ва бир маромда кетиши таъминланади.
Мутаносиблик принципи ҳам шу мақсадни кўзлайди. Давлат ва инсон ўртасида муносабатларни тартибга солувчи қонунчиликдаги ноаниқликлар турли тушунмовчиликларга, инсон ва фуқароларнинг ортиқча оворагарчилигига олиб келади. Конституциянинг ушбу моддасида номувофиқликлар давлат эмас, инсон фойдасига ҳал этилиши назарда тутилган.
Буни эса мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг тўла таъминланганлигининг яна бир ёрқин мисоли сифатида кўрсатишимиз мумкин. Таъкидлашимиз жоизки, мақсадимиз фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланган ҳуқуқий демократик давлат барпо этиш. Зеро, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари тўла таъминланганлиги давлатнинг конституция ва қонунлари мустаҳкам ва барқарорлигидан далолат демакдир.
УМИД РАХИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Бугунги кунда мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотлар янги босқичга чиқди. Хусусан, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини тугатиш бўйича самарали ишлар амалга оширилмоқда.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо бўлди ва ушбу ташкилотнинг 14 та халқаро-ҳуқуқий ҳужжати, жумладан, 8 та асосий конвенциясини ратификатсия қилди. Улар орасида “Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга қарши курашишга доир конвенция” ҳам бор.
Ўзбекистон Республикаси 2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг Болалар меҳнатининг оғир шаклларини тақиқлаш ва йўқ қилишга доир шошилинч чоралар тўғрисидаги Конвенцияни ратификатсия қилган.
Конституциямизнинг 44-моддасида “Болалар меҳнатининг боланинг соғлиғига, хавфсизлигига, ахлоқига, ақлий ва жисмоний ривожланишига хавф солувчи, шу жумладан унинг таълим олишига тўсқинлик қилувчи ҳар қандай шакллари тақиқланади”, деган қатъий норма билан мустаҳкамланган.
Мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатидан фойдаланганлик учун жавобгарлик масаласига оид халқаро ва минтақавий ҳужжатлар ҳамда хорижий мамлакатларнинг қонунчилигини ўрганиш муҳим аҳамиятга эга.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисида ва Жиноят кодексида вояга етмаган шахсларнинг меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги талабни бузиш, яъни вояга етмаган шахс меҳнатидан унинг соғлигига, хавфсизлигига ёки ахлоқ одобига зиён етказиши мумкин бўлган ишларда фойдаланиш учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари белгиланган.
Дарҳақиқат, пахта далаларида ёки бошқа қишлоқ хўжалиги ишларида умуман, бошқа соҳаларда ҳам болалар меҳнатидан фойдаланиш, айниқса уларни жалб қилишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш бўйича тизимли ва қатъий ислоҳотлар натижасида Ўзбекистонда болаларнинг мажбурий меҳнати тўлиқ барҳам топди.
Шу боис бу борадаги давлат сиёсати конституция даражасида мустаҳкамланди.
Хусусан, амалдаги Меҳнат кодексига мувофиқ, ёшларни меҳнатга тайёрлаш учун умумий ўрта, ўрта-махсус, касб-ҳунар таълим ташкилотларининг, касб-ҳунар мактабларининг, коллежлар ва техникумларнинг ўқувчиларини уларнинг соғлиғига ҳамда маънавий камол топишига зиён етказмайдиган, ўқитиш жараёнини бузмайдиган енгил меҳнатни ўқишдан бўш вақтида бажариши учун ишга қабул қилишга – улар ўн беш ёшга тўлиши билан ота-онадан бирининг (ота-онасининг ўрнини босувчи шахснинг) ёзма розилиги билан йўл қўйилади.
АББОС ХОЛМУМИНОВ,
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Surxondaryo viloyat sudi