АҲОЛИ САЛОМАТЛИГИ ВА АЁЛЛАРНИНГ ЖАМИЯТДАГИ РОЛИНИ ОШИРИШ

Сўнги йилларда мамлакатимиз ҳаётининг ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларида босқичма-босқич амалга оширилаётган демократик ислоҳотлар энг муҳим ва долзарб масалаларини қамраб олганлиги туфайли нафақат халқимиз, ҳатто халқаро жамоатчиликнинг ҳам юксак эътибори ва эътирофига сазовор бўлмоқда.

Олиб борилаётган ишлар замирида инсон қадрини улуғлаш, соғлом, илмли ва юқори савияли авлодни тарбиялаш, жамиятда аёлларнинг ролини ошириш ва уларга тўлақонли шарт-шароитлар яратиш каби мақсадлар ётибди.

Бу борадаги энг катта қадам сифатида 2023 йил 30 апрель куни умумхалқ овоз бериш орқали ўтказилган референдумни кўрсатиш мумкин. Референдум натижасида аҳолининг орзу истакларини акс эттирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қабул қилинди. Мазкур Конституция Янги Ўзбекистонни барпо этишнинг конституциявий асосларини мустаҳкамлашга хизмат қилади деб ишонаман.

Давлатимиз олдига қўйган муҳим вазифалар ҳар бир фуқарога ўз салоҳиятини ривожлантириш учун барча имкониятларни яратиш, кучли иқтисодиётни шакллантириш, адолат, қонун устуворлиги, хавфсизлик ва барқарорликни таъминлаш ҳисобланади.

Бу вазифаларни ҳар томонлама ва мукаммал амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2023 йил 11 сентябрь кунги ПФ-158-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ўзбекистон-2030» стратегияси ишлаб чиқилди.

Унда қуйидаги асосий ғоялар ўз аксини топган:

-барқарор иқтисодий ўсиш орқали даромади ўртачадан юқори бўлган давлатлар қаторидан ўрин олиш;

– аҳоли талабларига ва халқаро стандартларга тўлиқ жавоб берадиган таълим, тиббиёт ва ижтимоий ҳимоя тизимини ташкил қилиш;

– аҳоли учун қулай экологик шароитларни яратиш;

– халқ хизматидаги адолатли ва замонавий давлатни барпо этиш;

– мамлакатнинг суверенитети ва хавфсизлигини кафолатли таъминлаш.

Стратегиянинг муҳим йўналишларидан бири сифатида аҳоли саломатлиги ва аёлларнинг жамиятдаги ролини ошириш эканлиги кўрсатилган.

Аҳоли саломатлигини таъминлаш учун қандли диабет ва юрак-қон томир касалликларига мойиллиги бор фуқароларга тушунтириш-тарғибот ишларини олиб бориш, хавф гуруҳига мансуб аёлларни хавфли ўсма касаллигини эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувидан ўтказиш, эрта ва қариндошлар ўртасидаги никоҳларнинг олдини олиш, туғишлар ўртасидаги мақбул оралиққа риоя қилиш, ирсий касалликлар профилактикаси долзарблигини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш бўлиб, буларнинг барчаси соғлом турмуш тарзини шакллантиришга ва касалликларни барвақт аниқлаш юзасидан чора-тадбирлар белгиланган.

Бундан ташқари, хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш тизимини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий фаоллигини ошириш ва гендер тенгликни таъминлаш мақсадида «Соғлом оила — соғлом жамият!» шиори остида тадбирлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Стратегия доирасида «Оқила аёллар» ҳаракати фаоллигини оширилиб, оилавий зўравонликка нисбатан муросасиз муҳитни шакллантирилади ҳамда хотин-қизларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича тизимли чоралари кўрилади.

«Ўзбекистон-2030» стратегияси доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларнинг ижроси ва белгиланган мақсадли кўрсаткичларга эришиш ҳолати юзасидан аҳолига холис ва тўлиқ маълумот етказиш  вазифаси Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси ва Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигига юкланган.

Ҳулоса қилиш мумкинки, президентимизнинг сиёсий иродаси туфайли юртимизда инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хотин-қизларнинг жамиятдаги ролини оширилиши натижасида, уларга ижтимоий-иқтисодий ва сиёсий соҳаларда ўзларининг истеъдодлари ҳамда имкониятларини намоён этишга имкон яратилмоқда.

Мансур Абдурахмонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси