Ўзбекситон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид кўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари Одам савдосидан жабрлаганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини вазифа қилиб кўйди.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенсиясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги Протоколни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Бош Қомусимиз ҳисобланган Конституциямизда энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш мазкум қомусимиз билан кафолатланади.
Шунга қарамасдан, республикамизда бир қанча одам савдоси жиноятлари кузатилмоқда.
Хусусан, Наргиза Олимова (исм шарифи ўзгартирилган) ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида, моддий манфаатдор бўлиш учун 2021 йил 4 июнь куни соат 13:30да Термиз шаҳар “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар ёнида вояга етмаган фарзанди, 2020 йил 6 май куни туғилган қизи Олимова Шоира Алишер қизини ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини англаб туриб, ўзига олдиндан таниш бўлмаган Термиз шаҳар Гулистон маҳалласи Хоразм кўчаси 131-рақамли уйда яшовчи Алишерова Шохида Алишеровнага 1.200 (бир минг икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларга тенг бўлган 12.600.000 (ўн икки миллион олти юз минг) сўм эвазига сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан бирга ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2021 йил 25 ноябрдаги ҳукмига кўра, Н.Олимова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини кўлланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкин. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак. Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак. судья аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.
Суднинг фуқаpони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғpисидаги ҳал қилув қаpоpи васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса васий тайинлаши учун асос бўлади. Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.
Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди. Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.
Руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги оқибатида ўз ҳаракатларининг аҳамиятини тушуна олмайдиган ёки уларни бошқара олмайдиган фуқарони суд қонун ҳужжатларида белгилаб қўйилган тартибда муомалага лаёқатсиз деб топиши мумкин ва бундай фуқарога васийлик белгиланади. Муомалага лаёқатсиз деб топилган фуқаро номидан битимларни уни васийи амалга оширади. Фуқаронинг муомалага лаёқатсиз деб топилишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд уни муомалага лаёқатли деб топади ва унга белгиланган васийликни бекор қилади.
Спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади. Фуқаронинг муомала лаёқати чекланишига сабаб бўлган асослар бекор бўлса, суд унинг муомала лаёқатини чеклашни бекор қилади. Фуқарога белгиланган ҳомийлик суд қарори асосида бекор қилинади.
Фазлиддин Аллаёров
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси
Бугунги кунда фуқаролар томонидан ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдонларини қайтариш ва ноқонуний қурилишларни буздириш ҳақида кўплаб низолар мавжуд. Бундай низоларнинг келиб чиқишининг сабаблари фуқароларнинг ҳуқуқий билим даражаси етарли эмаслиги, бирор бир қурилиш қилиш ёки ерни сотиб олиб, уни ҳужжатларини расмийлаштириш ҳақидаги ҳуқуқий билимга эга эмас. Ноқонуний қурилган қурилишларни буздириш тартиб-таомили “Ноқонуний қурилган қурилишларни буздириш тўғрисида”ги Конститутциявий қонунда кўрсатилган.
Бу ўринда айтиб ўтиш жоизки, қандай қурилишшлар ноқонуний қурилиш ҳисобланади деган савол ҳам кун тартибидаги масалалардан бири, демак ФПКнинг 212-моддасида фандай мулклар ноқонуний қурилган ҳисобланиши санаб ўтилган:
Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ушбу мақсадлар учун ажратилмаган ер участкаларида;
Бунга керакли рухсатномаларни олмасдан ёки архитектура ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларини сезиларли даражада бузган ҳолда қурилган иморат.
Юқоридагиларга шарҳ берадиган бўлсак, масалан тадбиркорлик учун берилган ерга турар жой қуриб олса бу ноқонуний ҳисобланади. Бундай ҳолатда қурилма мажбурий тартибда бузилади.
Ҳозирги кунда бундай ҳолатлар кўплаб учраб туради. Бу каби ердан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари фуқаролик судларида кўриб чиқилиб, агар ноқонуний деб топилса, мажбурий тартибда буздирилади.
Ўзбошимчалик билан иморат қурганлик жазо тайинланади, обйектнирўйхатдан ўтказмасдан ва рухсатномасиз қурганлик. Қурилиш нормалари ва қоидаоларини бузганлик, ишларни бажариш ва топширишда техник шартларни, обйектни ишга тушириш қоидаларини бузганлик учун жарималар солинади (МЖТКнинг 99-моддаси).
Ноқонуний эгаллаб олинган ерлар ва ноқонуний қурилишлар устидан кимлар даьво қилиши мумкин? Солиқ органлари эьтироз билдиришлари, қўшнилар даьво билан чиқишлари ва ҳудуд ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганда эса Ҳокимятлар, прокуратура ёки ноқонуний қурилма ҳуқуқларига даҳл қилаётган бошқа фуқаролар даьво тартибида фуқаролик судларига мурожаат қилишлари мумкин. Ноқонуний қурилишларни сотиш, ҳадя қилиш ва мэрос қолдириш мумкин эмас.
Ҳаётий фаолият хавфсизлигига таҳдид солмаса ҳамда қурилиш нормалари ва қоидаларига мос келса;
Бирор кимнинг ҳуқуқ ва манфаатларини бузмаса.
Ноқонуний қурилма юқоридаги ҳар иккала шартга ҳам мос келиши керак.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 31-моддасига кўра, юридик ва жисмоний шахсларнинг ер участкасига бўлган ҳуқуқи жойнинг ўзида чегаралар белгиланганидан, ер участкаларининг планлари (чизмалари) ва тавсифлари тузилиб, ер участкаларига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатига олинганидан кейин вужудга келади.
Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 23-моддасига кўра, ер участкаларини эгалик қилиш, фойдаланиш учун, ижарага ва мулк қилиб бериш (реализация қилиш) ер ажратиш тариқасида амалга оширилиши, ер участкаларини ажратиб бериш Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри, туманлар, шаҳарлар хокимлари томонидан қонун ҳужжатларида белгиланадиган тартибда амалга оширилиши белгиланган бўлиб, ушбу кодекснинг 41-моддаси 2-бандига кўра, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ер участкалари ижарачилари ва мулкдорларининг бузилган ҳуқуқлари қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда тикланиши керак.
Мазкур кодекснинг 90-моддасида “Ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар. Қуйидаги ҳолатларда ҳам айбдор шахслар қонунда белгиланган тартибда жавобгар бўладилар: ерлардан белгиланган мақсадда фойдаланмаганликда; ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаб олганликда; қишлоқ хўжалиги ерларини ва бошқа ерларни яроқсиз ҳолга келтирганликда, уларни кимёвий ва радиоактив моддалар, ишлаб чиқариш чиқиндилари ва оқова сувлар билан ифлослантирганликда; ерларнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатадиган объектларни жойлаштирганликда, қурганликда, лойиҳалаштирганликда, фойдаланишга топширганликда; ерлардан фойдаланишнинг табиатни муҳофаза қилишга оид талабларини бажармаганликда; вақтинча эгаллаб турилган ерларни қайтариш муддатини бузганликда ёки ерларни белгиланган мақсадда фойдаланишга яроқли ҳолатга келтиришга оид мажбуриятларни бажармаганликда; ер эгалари, ердан фойдаланувчилар, ижарачиларга ва мулкдорларга қарашли ер участкаларининг марза белгиларини йўқ қилганликда; давлат ер кадастри маълумотларини бузиб кўрсатганликда; ўзбошимчалик билан пичан ўрганликда ва чорва моллар боққанликда; ёввойи ўтлар ва зараркунандаларга қарши кураш чораларини кўрмаганликда; ерлардан хўжасизларча фойдаланганликда, ерларнинг ҳолатини яхшилаш ҳамда тупроқни сув ва шамол эрозиясидан ва тупроқ ҳолатининг ёмонлашувига олиб келадиган бошқа жараёнлардан сақлаш мажбуриятларини бажармаганликда; ер участкалари бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқишнинг белгиланган муддатлари ва тартибини бузганликда. суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаганликда” деб кўрсатилган.
Ғолиббек Хидиров
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди раиси
Суд ҳокимиятининг мустақиллигини амалда таъминлаш, одил судлов сифати ва самарадорлигини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигига эришиш, шунингдек уларнинг ролини ошириш мақсадида юртимизда бир қатор ижобий ўзгаришлар амалга оширилмоқда ва бу ўзгаришлар ҳуқуқий хужжатлар билан мустаҳкамланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 июлдаги “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли Фармони бу борадаги катта қадам бўлди.
Инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш вазифаси судлар зиммасига юклатилгани сабабли, уларнинг мустақил, холис ва адолатли фаолият юритишига алоҳида эътибор қаратиш лозимдир.
Мамлакатимизда судларнинг ҳақиқий мустақиллигини таъминлаш, суд кадрларини танлашнинг демократик ва шаффоф механизмини шакллантириш бўйича тизимли ишлар жорий этилмоқда. Ягона суд амалиётини таъминлаш мақсадида 2017 йилда Олий суд ва Олий хўжалик суди фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий суд иш юритуви соҳасида суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда ноқонуний аралашувларнинг олдини олиш, бу борада очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизимини яратиш учун Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.
Судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш йўлида муҳим чоралар кўрилмоқда, хусусан сайёр суд мажлислари ва сайёр қабуллар ўтказиш мунтазам йўлга қўйилиб, оммавий ахборот воситалари билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилмоқда ва очиқ суд мажлисларида жамоатчиликнинг иштироки таъминланмоқда.
Фармон талабига мувофиқ, 2021 йил 1 январдан вилоятлар миқёсидаги фуқаролик, жиноят ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ҳолда ягона умумюрисдикция судлари ташкил этилди. Бу жисмоний шахслар ва юридик шахслар вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг судларга мурожаат этишини соддалаштириш ҳамда сарсон-саргардонликни олдини олишга қаратилгандир.
“Бир суд – бир инстанция” тамойили халқаро тажрибада синалган, умумэътироф этилган дунёда энг мақбул суд тизими ҳисобланади. Бу тамойилга кўра, суд иш юритувига келиб тушган ҳар қандай иш уч босқичда якунига етади. Шу уч босқичда ҳар қандай иш ўзининг қонуний ечимини топади ва назорат тартибида ишларни кўриш амалиётидан тўлиқ воз кечилади.
Суд мустақиллигини амалда таъминлаш мақсадида, прокурорнинг айрим ҳуқуқлари чекланди. Ҳозирги кунда прокурор суднинг ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ва қарори бўйича ишларни фақат ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаат этган тақдирда, суддан чақириб олиб, ўрганиши мумкин. Бошқа ҳолларда прокурор ишларни чақириб олишга ҳақли эмас.
Шу билан бирга, прокурорнинг фуқаролик ва иқтисодий ишларни кўришдаги иштироки ҳам қатъий чегараланди. Агар ишлар бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган бўлса, қонунда назарда тутилган истиснолардан ташқари, прокурор ўз ташаббуси билан ишларни кўришда қатнаша олмайди. Бошқача айтганда, фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг ўртасидаги низоларни ҳал этишда прокурорнинг иштироки истисно этилди.
Мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлигини янада ошириш, чет эл ва маҳаллий инвестор ва инвестицияларини янада кўпроқ жалб этиш, инвесторларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини кафолатли ҳимоя қилиш, уларнинг ишончини мустаҳкамлаш мақсадида, Олий суд тизимида ихтисослаштирилган судлов таркиби фаолияти йўлга қўйилди ҳамда унинг зиммасига йирик инвесторларнинг (20 миллион доллардан кўп инвестиция киритган) ва давлат органлари ўртасидаги инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш вазифаси юклатилди.
Энди йирик инвесторлар, ўз хоҳишига кўра, бевосита Олий суд Судлов таркибга ёки умумий тартибда вилоят судларига мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлди. Бошқа инвесторлар эса, ўз хоҳишига кўра, бевосита Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судига ёки умумий тартибда туманлараро иқтисодий судларга мурожаат қилиши мумкин.
Инвестициявий низолар бўйича судлов таркибнинг ташкил этилиши натижасида инвесторлар ўз низоларини ҳал қилиш учун турли суд инстанциялари сарсон бўлиб юришининг олди олинди. Бундай кафолатли суд ҳимояси чет эллик инвесторларнинг ишончини мустаҳкамлаш орқали мамлакатимизнинг инвестициявий жозибадорлиги янада ошишини таъминлайди.
Судлар фаолиятига ахборот коммуникация технологияларини янада кенг жорий этиш долзарб вазифаси ҳисобланади ва буни руёбга чиқариш учун судлар фаолиятига «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Бу комплекс ёрдамида қуйидаги имкониятлар яратилади:
1. Давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлик тузилмалари ҳамда адвокатлар судларга фақат электрон шаклда мурожаат қилиш (инсон омили камайиб, ишлаш тизими осонлашади);
2. Фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари жиноят ишлари бўйича ва маъмурий судларга ахборот тизими орқали электрон мурожаат қилиш (бу ҳаражатларни қисқариши ва қоғозвозликни олдини олади);
3. Мурожаатлар ҳолатини онлайн тарзда кузатиб бориш (ҳар бир мурожаат ўз вақтида, сифатли кўриб чиқилиши ва бу жараёнда мурожаатчини иштирок этиш имконини беради);
4. Судлар томонидан тарафларга маълумотларни электрон шаклда юбориш (тез ва сифатли ахборот (маълумот) имконини беради);
5. Суд ҳужжатларини ахборот тизимидан фойдаланган ҳолда автоматлаштирилган равишда шакллантириш.
Олий суднинг my.sud.uz интерактив хизматлар порталида «Суд хабарномаси» хизмати жорий қилиш орқали, ишда иштирок этувчи шахслар суд хабарномаларини инсон омилисиз олиш имконияти яратилди.
Судларда иштирок этувчи шахсларга суд ҳужжатларини электрон шаклда, шунингдек, «SMS» (2021 йил 1 октябрдан) хабар ҳамда электрон почта манзилига юбориш орқали уларни хабардор қилиш тизимини йўлга қўйилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, мазкур Фармон судьяларнинг чинакам, ҳақиқий мустақиллигини таъминлашга, одил судлов даражасини ошишига, иқтисодий процессуал қонунчиликнинг умумэътироф этилган халқаро меъёр ва қоидаларга мувофиқлашувига, суд ишларининг ҳолисона ва адолатли ҳал этилишига, суд қарорлари қабул қилиниши билан унинг ижро қилиниши ўртасидаги муддатлар сезиларли даражада қисқаришига ҳамда ҳуқуқий аниқлик принципи амал қилишига мустаҳкам кафолат бўлди. Суд тизимида ахборот технологияларни кенг жорий этилиши фуқароларга ва тадбиркорлик субъектларига судга мурожаат қилишда кенг қулайликлар билан бирга, уни ҳал этиш жараёнида бевосита иштирок этиш имконини беради.
Тўра Алимардонов
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси
Жорий йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”гиЎРҚ-687-сон Қонуни қабул қилинди.
Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг мақоми, ваколатлари, фаолият тартиби, Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги ва бошқа масалаларни қамраб олади.
Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди – доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.
Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.
Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.
Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.
Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.
Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этади.
Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади. Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.
Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.
Конституциявий суд судьясининг мақоми.Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.
Конституциявий суднинг судьяси сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати, сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.
Конституциявий судга мурожаат қилиш.Конституциявий судга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.
Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.
Ишларни кўриш асослари.Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.
Мурожаатга қўйиладиган талаблар.Мурожаатда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш, мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно, илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.
Конституциявий суднинг қарорлари.Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.
Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади.
Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади.
Конституциявий суд ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилади.
Процессуал муддатлар. Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.
Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.
Тўра Алимардонов
Сурхондарё вилоят суди иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати судьяси
Оила-инсон тафаккурининг олий маҳсули. Зотан, бу мўъжаз маскан умримизга мазмун, ҳаётимизга файз берибгина қолмай, жамият равнақи, юрт тараққиётида муҳим ўрин тутади. Айни чоғда оиладаги тотувлик ва аҳиллик кишининг онгу шуурида ҳаётга муҳаббат, касбга садоқат, атрофдагиларга нисбатан ҳурмат ва эътибор сингари юксак инсоний фазилатларни ҳам шакллантиради.
Аммо сўнгги йилларда турли сабабларга кўра, оила ажримларининг ошиб бораётганига гувоҳ бўляпмиз. Мисол учун республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 12 ойида 277,4 минг никоҳ қайд этилган бўлса, 28,7 минг оила ажрашган. Бу янги тузилган ҳар 10 оиладан биттасида ажрим рўй берди деганидир.
Судга ажрим учун ариза топшираётган эр-хотин танлаган қарори ҳам ўзига, ҳам жамиятга, айниқса, унинг сафига энди қўшилган кичик ёшдаги фарзандининг тақдирига салбий таъсир қилишини англайди. Аммо англаш бошқа, натижа эса амалда бошқача тус олмоқда.
Оилавий ажримлар масаласи бугун ё кечанинг гапи эмас. Бу борада ёзилмаган гап, уни босиб чиқармаган газета, мавзу янграмаган кўрсатув қолмади, ҳисоб. Мутасаддилардан сўрасангиз, “лойиҳалар амалга ошириляпти, яраштириш комиссиялари ишлаяпти”дан нарига ўтишмайди. Лекин мурғак қалбнинг тирик етим бўлиши замонавий жамиятда одатий ҳолга айланиб бормоқда.
Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ажрашиш арафасида турган, ажрим қайд этилган оилаларнинг муаммолари бир-бирига ўхшамайди. Аммо ҳар бири ўз ечимига эга, ажримга қадар оилани сақлаб қолишнинг имконияти анча юқори бўлган.
Ажрашишларнинг аксарият қисмига урф-одатлар, қайнонанинг келинга солиқ солиши, куёвнинг эса келин томондан мулк таъма қилиши, келинларнинг ота уйига “гап ташиши”, телефон ва ижтимоий тармоқлар, ёшларнинг на фикрлаш, на пул топиш борасида мустақил эмаслиги, йигитларнинг ўз сўзини ўтказишга ҳаракат қилиши, қизларнинг эса “хўп”дан йироқлиги, диний билимдан бехабарлик, ўзаро ҳурмат тушунчасининг йўқолиши, бесабрлик, айбини тан олмаслик каби ҳолатлар сабаб бўлмоқда.
Ачинарлиси, никоҳ бекор қилинар экан унинг қийинчиликлари асосан аёлнинг зиммасига тушади. Чунки аксар ҳолларда у яшаб турган уйидан болалари билан чиқиб кетиши ҳамда ўзи ва болаларнинг таъминотини ўйлашга мажбур бўлади. Маълумотларга кўра, ажрашган аёлларнинг бешдан тўрт қисми бугун қайта турмуш қурмасдан ёлғиз ҳаёт кечиряпти. Бунинг оқибатида ҳозирги кунда Республика бўйича 220 минг нафар вояга етмаган болалар тўлиқ бўлмаган оилада ота меҳрига зор бўлиб улғаймоқда…
Бунга ёш оилалар вакилларининг никоҳга бўлган масъулиятсизлиги, фарзанд тақдирига бўлган лоқайдлик бир сабаб бўлса, ёш оилаларга маслаҳат бериб, уларга бош бўлиш ўрнига ғурур ва кибрга берилган, боласининг айбларини хаспўшлайдиган ота-оналардаги шошқалоқлик яна бир сабаб бўлмоқда. Аслида оила ҳақидаги қадриятлар ёшлар онгига болаликданоқ сингдирилиши керак эмасми…?!
ДИНИЙ МАЪРУЗА.
“Никоҳ” сўзининг мажозий маъноси эса оила қуришни англатади.
Инсон оилани ўзига жуфт танлаш билан бошлайди. Муносиб умр йўлдоши танлаш инсон ҳаётидаги энг муҳим ҳаёт мамот масалаларидан бири ҳисобланади. Насл насабнинг қандай давом этиши, фарзандларнинг тарбияси, одоб ахлоқи, соғлик саломатлиги ҳатто, яқин қариндошлар билан борди келдининг сақланиб қолиши ҳам бўлажак умр йўлдошига боғлиқ. Оила мустаҳкам бўлиши учун оилада эр ва хотин шариатимиз кўрсатмаларига мос ҳолда ўз мажбуриятларни тўлиқ адо қилишлари шарт.
Ҳозирги кунда айрим эркакларда қуйидаги камчиликлар кузатилмоқда:
Баъзи эрлар, хотинини нафақа билан таъминламаётгани етмагандек, “Сен ҳам пул топсанг нима бўлади?”, деб маломат ҳам қилишмоқда.
Баъзи эрлар кун бўйи кўча-кўйда юриб, аҳли-аёли ва фарзандларини олдига борганда телефонидан бошини кўтармайди. Ваҳоланки, эр оила аҳлининг тарбиясига масъул. Уларга ҳам вақт ажратиши ва уларнинг ҳаққини адо қилиши керак.
Баъзи номардлар аслида ўзининг зиммасида бўлган – болаларининг нафақасини ҳам хотинининг бўйнига юклаб қўяди. Натижада аёл на эрли бўлмай, на эридан ажраша олмай, йиллар давомида сарсон-саргардон қолиб кетмоқда. Ожизаларнинг ҳақлари поймол бўлмоқда. Шуни таъкидлаб айтамизки, мана шу ҳолатда аёл гуноҳ йўлга кирса, зинога қўл урса, у билан бирга номард эр ҳам баб-баробар гуноҳкор бўлади.
Баъзи ҳолатларда узоқ муддат чет элларда юрадиган кишилар, у ерларда фаҳш ишларга ўралашиб, касбининг баракасини қочириб, турли касалликларни юқтириб келмоқдалар. Гоҳида бедаво касалликларни уларни кутиб турган пок аёлларига юқтириб, ўзларига ҳам, жуфтларига ҳам жабр қилишмоқда.
Юқоридагиларнинг барчаси аҳли-аёлга нисбатан зулм ҳисобланади. Динимизда киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам зулм қилиши қаттиқ қораланган. Хусусан, жуфти ҳалоли, умр йўлдоши ва фарзандларининг онасига жабр қилиш ундан ҳам ёмонроқдир.
Хулоса қиладиган бўлсак, эр – оиланинг раҳбари. Агар эр зиммасидаги вазифаларини рисоладагидек бажарса, ўз-ўзидан аёли ва фарзандлари унга ҳурмат ва итоатда муомалада бўлади. Оқибатда оилада дўстлик, аҳиллик, муҳаббат ҳукм суради, оила мустаҳкамланади, қут-баракали бўлади.
ҲИМОЯ ОРДЕРИ.
Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 02 сентябрь “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонун асосида ҳаётга тадбиқ эилган ҳимоя ордери – хотин-қизларни жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий тазйиқ ва зўравонликдан давлат ҳимоясини тақдим этувчи, уларга нисбатан тазйиқ ўтказаётган ёки зўравонликни содир этган шахсларга нисбатан таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат ҳисобланади.
Бу ҳужжат хотин-қизларнинг турмуш ўртоғи, севган йигити, қайнота-қайнонаси, қайинопа-қайинсингил, қайиноға-қайинука, қўни-қўшни, раҳбари ёки ҳамкасблари томонидан жисмоний, руҳий, жинсий ва иқтисодий тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя воситасидир.
Ички ишлар органларига хотин-қизларга тазйиқ ёки зўравонлик бўлганлиги ҳақида жабрланувчининг ўзидан ёки бошқа шахслардан хабар келиб тушгач 24 соат ичида, 1 ой муддатга (яна 1 ойга узайтирилиши мумкин) ҳимоя ордери расмийлаштириб берилиб, зўравонга жабрдийдага тазйиқ ўтказиш ва у билан алоқалар қилиш тақиқланади ҳамда зўравон зиммасига жабрдийдага етказилган барча моддий ва маънавий зарарларни қоплаш мажбурияти ҳам юклатилади.
Никоҳланувчиларнинг аввало, иш билан банд бўлишга интилиши, иккинчидан, оиласини моддий таъминлаш мақсадида ишлаш учун узоққа кетишга оид истаклари кейинчалик бошқа омиллар таъсирида оиланинг бузилишига олиб келган, дейиш мумкин. Эр-хотинни иш билан таъминлаш, оила бюджетини қўшимча даромад эвазига мустаҳкамлаш сингари муаммоларни бартараф этиш у қадар мушкул эмас, яъни ечимини топиш мумкин бўлган масаладир.
Хулоса қилиб айтганда, оилани асраб-авайлаш, унинг мустаҳкамлигини таъминлаш, ажрашиш арафасидаги оилаларни яраштириш энг эзгу амаллардан ҳисобланади. Шундай экан, оилавий ажрашишларнинг олдини олиш, эр-хотинни ўзаро муросага келтириш борасида нафақат судлар, балки кенг жамоатчилик ҳам алоҳида жонбозлик кўрсатиши жамиятимиз ривожига муносиб улуш қўшиши шубҳасиздир.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Мамлакатимизда тадбикорлик фаолиятининг тўсқинликсиз амалга оширилишини таъминлаш, бизнес юритиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш ва республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда.
Бунга мисол сифатида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тадбиркорлик субъектлари учун маъмурий ва солиқ юкини янада камайтириш, бизнеснинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6314-сонли фармони ва “Тадбиркорлик субъектларининг хорижий валютадаги кредит мажбуриятларини бажариш билан боғлиқ юкини камайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5268-сонли қарорини келтириш мумкин.
Таъкидлаш жоизки, Президентнинг юқоридаги фармони ва қарори билан тадбиркорларга бир қатор енгилликлар яратиб берилди.
Хусусан, ПФ-6314-сонли фармонга кўра 2021 йил 1 октябрдан бошлаб қатъий белгиланган миқдордаги жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи тўловчиси бўлган якка тартибдаги тадбиркорлар томонидан солиқ органларига солиқ ҳисоботини топшириш мажбурияти, шу билан бирга алоҳида тайёр импорт истеъмол товарларининг божхона декларацияси расмийлаштирилган санадан кейин 12 ой ўтгач сотувга қўйилиши ҳамда чакана савдода реализация қилинишига қўйилган таъқиқ бекор қилинди.
Фармон билан 2022 йил 1 январдан 2023 йил 1 январга қадар республика туманларида (Тошкент шаҳри бундан мустасно) фаолият юритувчи якка тартибдаги тадбиркорлик субъектларига белгиланган ижтимоий солиқ ставкаси икки бараварга пасайтирилган ҳолда базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 фоизи миқдорида белгиланди. Шу билан бирга 2022 йил 1 январдан бошлаб назорат қилувчи органлар тадбиркорлик субъектлари фаолиятини белгиланган тартибда тасдиқланган саволнома бўйича текшириши, Савдо-саноат палатаси аъзоси бўлган тадбиркорлик субъектининг фаолиятини текширишда ушбу тадбиркорлик субъекти розилиги билан Савдо-саноат палатаси ходимлари иштирок этиши, текширишларни рўйхатга олиш китобининг ҳисоби электрон тарзда Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан юритилиши, тадбиркорлик субъектлари фаолиятида текширувларни ўтказишда қонунбузилишларга йўл қўйилишини олдини олиш бўйича профилактика тадбирлари белгиланган тартибда ўтакзилгандан сўнг йўл қўйилиши тартиби жорий этилди.
Бундан ташқари, фармонга кўра 2022 йилдан бошлаб тадбиркорлик субъектларига маъмурий босим даражасини аниқлаш ва енгиллаштириш, шунингдек ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган Тадбиркорлик фаолияти эркинлиги индекси жорий этилиши, индекс Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил томонидан “Ягона давлат назорати” ахборот тизими орқали текширув натижалари асослилиги ҳамда қонунийлиги, профилактик тадбирлар ва текширувлар мутаносиблиги, тадбиркорларнинг текширув натижаларидан қониқиш даражаси каби кўрсаткичлар асосида тузилиши белгиланди.
Президентнинг ПҚ-5268-сонли қарорида эса тижорат банкларидан хорижий валютада олинган кредитлар миллий валютага ўтказилганда амалдаги компенсация тақдим этиш тўғрисидаги шартномалари мавжуд бўлган тадбиркорлик субъектларининг эквиваленти 1 миллион АҚШ долларидан, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,75 бараваридан ошмайдиган кредитларнинг асосий ставкадан ошадиган, лекин 5 фоизли пунктдан кўп бўлмаган қисми бўйича фоиз харажатларини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси томонидан компенсация тақдим этилиши, 2021 йил 1 ноябрдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси номидан чет эл валютасида тадбиркорлик лойиҳаларини молиялаштириш учун халқаро молия институтлари ва хорижий ҳукумат молия ташкилотлари маблағлари ҳисобидан жалб қилинган кредитлар (қарзлар) лойиҳада иштирок этувчи молия ташкилотларига 10 йилдан кам бўлмаган муддатга ёки улар жалб қилинган муддатга қайта кредитланиши белгиланди.
Мазкур ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш бўйича суд амалиётини такомиллаштириш, судларда тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда адвокатлар иштирокини кенгайтириш, солиқ ва божхона имтиёзларини қўллаш, тадбиркорликни молиявий қўллаб-қувватлаш борасида муҳим ишлар олиб борилмоқда.
Хулоса қилиб айтганда, юртимизда тадбиркорлик субъектларига қаратилган юксак эътибор иқтисодиётни янада либераллаштириш, тадбиркорларнинг жамият тараққиётидаги ўрнини янада мустаҳкамлаш, ишбилармонларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳамда самарали фаолиятини таъминлаш ва пировардида аҳоли фаровонлигининг таъминланишига хизмат қилади.
Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатини ўзининг нафсидан, мол-дунёга бўлган хирсларидан устун қўймай туриб, юрт келажаги учун хисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият шаклланган бўлиши керак. Аммо, инсоннинг юрт келажагига хисса қўшишдек олий мақсадга эришиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлувчи бир иллат бор-ки, у “Коррупция” деб аталади. Коррупция содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб, моддий наф ёки номоддий манфаат кўришдир. Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори биз ҳам бу иллатга қарши курашмасдан туриб, давлат ва жамиятни янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишимиз мумкин эмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг асосий мақсади корруцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Коррупция ўзи нима? Бу ҳақда ҳар бир инсоннинг ўзига хос тасаввури ва тушунчаси бор. Қонунчиликда эса унга шундай таъриф берилган: “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдалиниши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”. Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 1929-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 19210-модда (нодавлат тижорат ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотнинг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш)ни иқтисодиёт сохасидаги коррупцияга оид жиноятлар; 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш), 212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибида қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш)ни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар; 243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.
Амалдаги Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган. Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида, ўта оғир жиноятлар сифатида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеъидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф экалигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 1-қисм). Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. (ЖК 210-модда 2-қисм). Агар пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гурух манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 3-қисм). Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда жиноят кодекси махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин. (ЖК 57-модда). Жазо тайинлаш масаласини тартибга солувчи қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Олий суд Пленуми томонидан 2006 йил 3 феврал куни “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда судларнинг эътиборини жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одилик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратиш тушунтирилган.
Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий бахо беради. Бугунги янгиланаётган Ўзбекистоннинг мақсади эса, коррупцияга батамом бархам беришга қаратилган. Зеро, коррупциявий қилмишларнинг ҳар қандай тури жамият ва инсоният учун ўта хавфлидир.
Одил Нормаҳматов
Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси
Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари қайд этилган.
Бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалалардан бири ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини ўз вақтида бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши ҳисобланади.
Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа турдаги оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.
Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак.
Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади.
Ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 96-моддасига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.
Кассация судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туманлараро судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилган.
Унга кўра, жавобгар А.П.дан даъвогар Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун вояга етгунига қадар 2018 йил 14 майдан бошлаб жавобгарнинг иш ҳақи ва барча даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.
Тарафлар 2010 йилдан буён умумий рўзғор юритмайди ҳамда уларнинг эр хотинлик муносабатлари тугаган.
Туманлараро судининг 2018 йил 18 апрелдаги суд буйруғига асосан қарздор А.П.дан ундирувчи Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.
Суднинг 2018 йил 14 майдаги ажрими билан юқоридаги суд буйруғи бекор қилинган.
Судлар амалдаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган.
Шикоятда, фарзандларининг 18 ёшгача бўлган даврдаги алимент пулларини тўлаганлиги ҳақида важлар келтирилган бўлсада, жавобгар А.П. ушбу важларини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган.
Чунки, жавобгар А.П. томонидан икки нафар фарзандининг таъминоти учун қанча миқдорда ва қачон алимент пулларини тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа асословчи ҳужжатларни илова қилмаган.
Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.
“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 122-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.
Мухтасар қилиб айтганда, алиментни ихтиёрий тўлаш учун икки томоннинг ўзаро келишуви ота-она учун ҳам вояга етмаган фарзандларнинг манфаатлари учун ҳам энг қўлай ва осон ечимдир. Чунки ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришган тақдирда ўзларининг ортиқча вақтлари ва харажатларини тежаш имконига эга бўлади.
Камолиддин Муродов
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси
Асқар Қудратов
Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти
Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда.
Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрель кунидаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сон қарори ҳамда 2021 йил 7 сентябрь кунидаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ПФ-6307-сон Фармони асосида бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.
Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Шу таъкидлаш керакки, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.
Диёр Жумаев
Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси
Илхом Шайманов
Термиз туманлараро иқтисодий суди тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди