«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили сифатида.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгиланган ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалдаги қонунларда тўлиқ ёритилган. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни мунтазам такомиллаштириб бориш давлат органларининг, шу жумладан судларнинг бевосита муҳим вазифаларидан биридир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг жадал амалга оширилиши амалдаги қонун ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш вазифасини юзага келтирмоқда. Шу боис қонунчилик ижодкорлиги бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир.

Республикамизда 2014 йил 3 декабрь куни «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Бугунги кунгача фуқаролар мурожаати 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган. Шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаган эди.

Ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг тегишли давлат органлари ва мансабдор шахсларга йўлланган мурожаатларини қонуний, адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонуннинг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.

Замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланиб, мурожаатларни киритиш имкониятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ушбу қонуннинг муҳим жиҳатидир. Умуман олганда, ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари мавжуд. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.

Шунингдек, ушбу қонуннинг амал қилиши инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ҳамда ҳуқуқий тарбиясини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида хизмат қилади.

Вохиджон Норбеков

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг раиси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

“Уч авлод учрашуви”

Жорий йилнинг 9 октябрь куни Сурхондарё вилоят суди ва Сурхондарё вилоят маъмурий суди томонидан суд тизимида доимий равишда йўлга қўйилган “Устоз-шогирдлик” анъанаси тадбири давом эттирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш-халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ҳам ўтказиб келинмоқда. Шундай учрашувлардан бири Сурхондарё вилоят судларида ҳам бўлиб ўтди.
Унда cуд тизимида ишлаган фахрийлар ва фаолият юритаётган судьялар ҳамда заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод йиғилган мазкур тадбирда Худояр Мухаммадиев, Қурбонпўлат Жўраев, Ойимжон Якубова ва Худойберди Норалиев сингари қатор фахрийлар ташриф буюришди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси Суннат Халматов сўзга чиқиб, судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида тўхталиб, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорлигини билдирди. “Одил судловни чинакамига таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни барқарор бўлишини, барча судьялардан фидоийлик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликни, шунингдек  ёш судьялар ва захирада бўлган бўлажак судьяларга фахрийлардан ўрнак олиш зарурлигини айтиб ўтди.

Сўзга чиққан меҳнат фахрийлари эса узоқ йиллик фаолияти давомида орттирган тажрибаларини судьялар ва бўлажак судьялар билан ўртоқлашиб, уларнинг иш фаолиятларига улкан зафарлар тилашди.

Тадбир давомида Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб, ўз ичига 8 та мавзуни қамраб олган “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласи суд фахрийлари, судьялар ва суд ходимларига топширилди.

Таъкидлаш жоиз судьялар томонидан мунтазам равишда узоқ йиллар давомида суд тизимида хизмат қилиб, бугунги кунда нуроний ёшга тўлган фахрийларни жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларнинг холидан хабар олиб келинади.

Тадбир якунида судьялар ва захирадаги бўлажак судьялар сўзга чиқиб, суд фахрийларига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб, ўз тажрибалари билан бўлишишгани учун миннатдорлик билдирди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 11 нафар маҳкумларнинг жазоси енгиллаштирилди.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил колонияси маъмурий биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Сайёр судда раислик қилувчи жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси О.Тоғаев 41-сон манзил колонияси маъмурияти томонидан суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисмини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги 11 нафар маҳкумга оид тақдимномалар кўриб чиқилди.

Жазони ижро этиш колониясида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тўлиқ англаб етган ҳамда колония томонидан ижобий тавсифланган 11 нафар маҳкумларнинг жазолари енгиллаштирилди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Сурхондарё вилоят суди томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ва уларни дафтардан чиқариш тизимининг 2-босқичи якулланди.

Сурхондарё вилоят суди судьялари, вилоят Маъмурий суди судьялари, туман-шаҳарларда фаолият юритаётган судлар судьялари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ва уларни дафтардан чиқариш тизимининг 2-босқичи якулланди.

Шу муносабат билан, Сурхондарё вилоят суди судьялари, вилоят Маъмурий суди судьялари, туман-шаҳарларда фаолият юритаётган судлар судьялари томонидан ҳудудлардаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман (шаҳар) бўлимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 18-25 сентябрь кунлари давомида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар бўйича сайёр қабуллар ташкил этилиб, бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилнинг 18 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Денов ва Олтинсой туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “87” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 24 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 7 нафари яъни, 89% суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

 

-жорий йилнинг 22 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Қумқўрғон туманида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “26” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 26 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 21 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, 19 та яъни 89% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

-жорий йилнинг 24 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Термиз шаҳри, Термиз, Ангор, Музработ ва Бойсун туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “139” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 51 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 17 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оидмурожаатлар бўлиб, 19 та яъни 13,6% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

-жорий йилнинг 25 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Жарқўрғон ва Шўрчи туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “87” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 50 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 45 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, 40 та яъни 45,9% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к) юзасидан кўриб чиқилган.

Шу жумладан, жами “339” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 151 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 90 нафари яъни, 26,6 % суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, шундан
85 мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к); 

Мурожаатларнинг барчаси оғзаки равишда қабул қилиниб, жойида ҳуқуқий тушунтиришлар ва тавсиялар берилиши йўли билан ҳал этилган.

Бундан ташқари, жойларда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ўтказилган сайёр учрашувларда судьялар томонидан “Сайлов қонунчилиги”, “Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» ги қонунининг мазмун мохияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги сўнги янгиликлар юзасидан давра суҳбатлари ва ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.

 

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикакси Фуқаролик кодексининг 31-моддасига кўра, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари томонидан “Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақида” судга ариза бериши мумкин.

Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан аризалар фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Амалиётдан мисол. Музработ туман прокуратураси фуқаро У.Ю.нинг манфаатини кўзлаб, фуқаро С.Ю.га нисбатан “Муомала лаёқатини чекланган деб топиш ҳақида”ги ариза билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2021 йил
14 июндаги ажримига кўра, Музработ туман прокуратурасининг аризаси кўрмасдан қолдирилган.  

Аниқланишича, фуқаро С.Ю. туман Тиббиёт бирлашмаси нарколог хонасида спиртли ичимликка ружу қўйган шахс сифатида “Д” ҳисобида туриб, даволаниб келади.

С.Ю. спиртли ичимликка ружу қўйганлиги туфайли маст ҳолатда бир неча маротаба жамоат тартибини бузган, қариндош уруғлари, қўшнилари билан жанжал қилиб, тан жароҳати етказиш ҳолатлари туфайли “спиртли ичимликка ружу қўйган шахс” сифатида туман ИИБ махсус ҳисобига олинган.

Ушбу асосларга кўра, Музработ туман прокуратураси томонидан фуқаро С.Ю.нинг муомала лаёқатини чекланган деб топиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди мазкур иш юзасидан манфаатдор шахслар, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокини таъминламасдан ва уларнинг муносабатини аниқлаш чорасини кўрмасдан, ишни кўрмасдан қолдириш ҳақида барвақт хулосага келган.   

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 август кунидаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Чунки, суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда судга келтирилиши лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Коррупцияга қарши курашиш – давр талаби.

Ҳозирги замон миллий ва халқаро ҳуқуқида тобора кўп қўлланилаётган атамалардан бири бу коррупциядир. Мамлакатимизда мустақилликнинг дастлабки кунлариданоқ коррупция иллатига қарши курашиш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Чунки порахўрлик – ҳокимият ва бошқарув асосларини емирадиган, унинг аҳоли олдидаги обрўсига путур етказадиган, фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига дахл қиладиган ҳавфли жиноий ҳодисалардан биридир.

Маълумки, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади, давлатнинг конституциявий асосларини ва қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Коррупция фуқаронинг давлат вакили билан маъмурий муносабатлари маъно-моҳиятини ўзгартиради ва жамият учун ҳам, давлат учун ҳам салбий оқибатларга сабаб бўлади. Умуман олганда, коррупция ҳодисасига сўзнинг кенг маъносида ёндашадиган бўлсак, бу шунчаки жиноят ёки ҳуқуқбузарлик эмас, балки маънавий бузилиш ҳолатидир. Шундай экан, ўйлаймизки, мазкур иллатга қарши курашда нафақат давлат органлари, балки, жамият ва умуман барча фуқароларимиз масъулдирлар.

Ҳозирда коррупция тушунчасини ёритишда бир қанча таърифлар мавжуд. БМТнинг Коррупцияга қарши конвенциясида коррупцияга энг қисқа, лекин кенг қамровли таъриф қуйидагича берилган: “Коррупция – бу шахсий наф кўриш мақсадида давлат ҳокимиятини суистеъмол қилишдир”.

“Жиноятнинг ёпиқ ва энг қабиҳ тури бор. Бу коррупция ва порахўрлик, жиноятнинг бу тури бошқарув аппаратини издан чиқарибгина қолмай, бозор асосларини ҳам барбод этиши мумкин. Коррупция, энг аввало, уюшган жиноий тузилмаларга мададкор бўлиш ёки тўғридан-тўғри ёрдам бериш учун давлат хизматининг имкониятларидан фойдаланишидир” деб бежиз таъриф берилмаган.

Бугунги кунга келиб республикамизда коррупцияга қарши курашиш ва унинг олдини олишнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси ва аниқ тизими шаклланди. Коррупция ҳолатларига йўл қўймаслик тўғрисида Сурхондарё вилоят суди томонидан мунтазам равишда профилактик суҳбатлар ва тушунтириш ишлари олиб борилмоқда.

Хулоса ўрнида шуни айтишимиз мумкинки, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашиш давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади. Зеро, бу йўналишда олиб борилаётган ислоҳотлар фуқаролар томонидан ҳам фаоллик кўрсатилсагина, кўзланган натижани бериши мумкин.

Демак, биз коррупцияга қарши курашда жамоатчилик назоратини кучайтиришимиз, барчамиз бирга ҳаракат қилмоғимиз зарур. Бунда коррупцияга қарши курашиш фаолиятининг мақсади ва объекти сифатида алоҳида олинган коррупционер эмас, балки ушбу хатти-ҳаракатларни амалга оширишга шароит яратиб берувчи ҳолатларини бартараф қилиш ва профилактик олдини олиш чораларида намоён бўлишини англаган ҳолда ҳаракат қилмоғимиз лозим бўлади.

Камолиддин Хидиров

                             Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартарафэтишнинг ҳуқуқий асослари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Якка тартибда уй қуриш фуқароларнинг уй-жойга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади ва давлат якка тартибдаги уй-жой қурилишига ер участкаларини ажратиш, уй қуришга ссуда ва кредитлар бериш йўли билан ҳар тарафлама кўмаклашади.

Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Хуш, суд амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг қандай ҳуқуқий асослари бор деган савол туғилиши табиий.  

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас.

Бундай даъволар билан арз қилинганда, суд аризани қабул қилишни рад этади, агар иш қўзғатилган бўлса иш юритишни тугатади ва аризачига ушбу талаб билан тегишли ҳокимиятга мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтиради.

Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъволари, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга кўчириб киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди.

Судлар ишни кўришда уйга бўлган мулк ҳуқуқини тасдиқловчи далилларни (қурилган уйга бўлган мулк ҳуқуқи давлат рўйхатидан ўтказилганлиги, олди-сотди, ҳадя шартномаси ва шу кабиларни), уйнинг ва ер участкасининг режасини тақдим этишни тарафларга таклиф қилади ёки ўз ташаббуси билан уларни талаб қилиб олади.

Шунингдек, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг
210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади.

Уй қурилиши тамом бўлгунига ва давлат рўйхатидан ўтказилгунига қадар уй маҳаллий ҳокимият органларининг рухсатисиз бошқа шахсга берилиши мумкин эмас.

Уйни биргаликда қураётган эр-хотиннинг, иморат солувчининг оила аъзоларининг, шунингдек меросхўрларнинг даъвосига кўра суд қурилиши тугалланмаган уйни, агар унинг битай деб қолганлик даражасини инобатга олиб, алоҳида қилиб ажратиб бериш мумкин бўлган қисмларини кейинчалик уларнинг мазкур шахслар томонидан қурилиши охирига етказилиши техник имкониятлари мавжудлигидан келиб чиққан ҳолда аниқлаш мумкин бўлса, бўлишга ҳақли.

Ҳокимият ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини даъвогарга ажратишни рад қилган тақдирда, суд ҳуқуқ тўғрисида низо мавжудлиги сабабли даъвогарга рад этиш ҳақидаги қарор устидан маъмурий суд орқали низолашишга ҳақли эканлигини тушунтиради.

Даъвогарнинг ўзбошимчалик билан қурилган иморат жойлашган ер участкасини ажратишни рад қилиш ҳақидаги ҳокимият қарорини ғайриқонуний деб топиш ҳақидаги даъвоси ҳамда ҳокимиятнинг ушбу ўзбошимчалик билан қурилган иморатни бузиш ҳақидаги даъвоси биргаликда кўриб чиқилиши ҳам мумкин.

Мухтасар қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан тегишли туман ҳокимининг қарори асосида мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Баходир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш.

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш. Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда.

Одам савдоси, хусусан чақалоқ савдосига қарши курашиш.

Бугунги кунга келиб асримизнинг жиддий муаммосига айланган одам савдосига қарши кураш халқаро, минтақавий, кўп ва икки томонлама муносабатларни талаб этмоқда. Ҳозирга қадар жиноятчиликнинг ушбу турига қарши курашиш ва унинг олдини олиш мақсадида Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг бир қатор халқаро тавсиявий ва мажбурий характерга эга ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, улар доирасида ушбу хавфга қарши дунё миқёсида тегишли чора-тадбирлар кўрилмоқда.

«Одам савдосига ва учинчи шахслар томонидан танфурушликдан фойдаланишга қарши кураш тўғрисида»ги Конвенция (1949), «Қуллик ва қул савдосини, қулликка ўхшаш институтлар ва одатларни бекор қилиш тўғрисида»ги қўшимча Конвенция (1956), «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши кураш ҳақида»ги Конвенцияни тўлдирувчи «Одамлар, айниқса, аёллар ва болалар савдосини тўхтатиш, олдини олиш ва унинг учун жазо тўғрисида»ги баённома (2000) бу борада дастурий ҳужжат вазифасини ўтамоқда.

Одам савдосига қарши курашиш юзасидан давлатлараро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида 2005 йили МДҲ доирасида «Одам савдосига қарши курашиш соҳасида ҳамкорликни кучайтириш тўғрисида»ги келишув,
2006 йилда саккиз аъзо мамлакат доирасида «Одам савдосига қарши курашнинг 2007–2010 йилларга мўлжалланган дастури» қабул қилинган эди.

Афсуски, дунё бўйлаб шунча кенг қамровли фаолият, тегишли тарғибот-ташвиқот олиб борилишига қарамай, ҳар йили миллионлаб инсонлар «замонавий қуллик», яъни одам савдоси қурбонига айланмоқда. Улар орасида аёллар, кексалар, ҳатто ёш болалар ҳам борлиги ачинарли. Ушбу жиноятнинг ривожланишига туртки бўлаётган асосий омиллардан бири одамларнинг чет элга бориш ва ишга жойлашиш ҳақида етарли маълумотга эга эмаслигидир. Ачинарлиси, ўзга давлат, бегона бир муҳитга тушиб қолганлар мўмай даромад илинжида оғир жисмоний меҳнатга ёлланмоқда, аёллар эса тубан ва фаҳш ишларга мажбур этилмоқда.

БМТ маълумотига кўра, дунёда ҳар йили тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдосининг қурбонига айланмоқда. Халқаро экспертларнинг баҳолашича, ушбу жиноятчилик натижасида олинаётган йиллик даромад миқдори 7 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган. Ташвишланарлиси, одам савдоси жиноятидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёл ва болалардир. Ҳар йили дунё бўйича 600–800 минг нафар аёл ва болалар алдов йўли билан хорижий мамлакатларга олиб кетилиб, сотиб юборилмоқда.

Одам савдоси – куч билан таҳдид қилиш ёки куч ишлатиш ёхуд бошқа мажбурлаш шаклларидан фойдаланиш, ўғирлаш, фирибгарлик, алдаш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш ёки вазиятнинг қалтислигидан фойдаланиш орқали ёхуд бошқа шахсни назорат қилувчи шахснинг розилигини олиш учун уни тўловлар ёки манфаатдор этиш эвазига оғдириб олиш орқали одамлардан фойдаланиш мақсадида уларни ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилиш. Одамлардан фойдаланиш бошқа шахсларнинг фоҳишалигидан фойдаланишни ёки улардан шаҳвоний фойдаланишнинг бошқа шаклларини, мажбурий меҳнат ёки хизматларни, қуллик ёки қулликка ўхшаш одатларни, эрксиз ҳолат ёхуд инсон аъзолари ёки тўқималарини ажратиб олишни англатади.

Ўтган асрдан йигирма биринчи асрга трансмиллий ташкилий жиноятчиликнинг учта энг хавфли тури «мерос» бўлиб ўтди. Уларнинг биринчиси – халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик руҳи, куч ишлатиш, яъни экстремистик, фундаменталистик, сепаратистик хуружлар, иккинчиси – наркобизнес ёки нарко-траффик билан шуғулланаётган жиноий уюшмалар, учинчиси – одам савдоси билан шуғулланувчи йирик-йирик жиноятчи ташкилотларнинг йилдан-йилга кучаяётганидир.

2020 йил 17 август куни президент Шавкат Мирзиёев томонидан янги таҳрирдаги «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисидаги» қонун имзоланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати томонидан 2008 йил
29 августда «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни маъқулланиб, амалдаги Жиноят кодекси
135-моддасининг янги таҳрири қабул қилинди ва ушбу модда мазмун ва моҳият жиҳатдан тубдан такомиллаштирилди.

Ушбу модданинг аввалги номи «Одамлардан фойланиш учун уларни ёллаш» деган таҳрирда белгиланган эди. Жиноят кодекси 135-моддасининг аввалги таҳририда фақатгина одамлардан фойдаланиш учун уларни ёллаш учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, халқаро ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган одам савдоси билан боғлиқ жиноий қилмишларнинг барчасини комплекс тарзда қамраб олмас эди. Шу сабабли, у шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шаъни ва қадр-қимматини тўлиқ  муҳофаза қилишга имкон бермас эди.

2019 йил мобайнида чақалоқлар савдосида воситачиларнинг 32 фоизи тиббиёт ходимлари эканлиги аниқланган. Шунингдек, чақалоқ сотиш сабаблари ўрганилганда, 9 таси айбини яшириш, 10 таси моддий манфаат учун эканлиги маълум бўлган.

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан 22 фоизга камайган, бироқ чақалоқлар савдоси 38 фоиздан 43 фоизга ошган. Сенат раиси, Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш миллий комиссияси раиси Танзила Нарбаева мазкур жиноятларга оид бошқа маълумотларни ҳам ошкор қилган.

Қайд этилишича, 2019 йилда Сирдарё ва Хоразм вилоятларида 5 тадан, Тошкент, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида ва Тошкент шаҳрида 4 тадан, Самарқанд, Фарғона, Наманган, Андижон, Навоий вилоятларида 3 тадан чақалоқ савдосига оид жиноят содир этилган.

Мазкур йўналишдаги жиноятлар 72 киши томонидан амалга оширилган бўлса, уларнинг 62 нафари (86 фоизи) – аёллар томонидан содир этилган.

Бу жиноят бошқа жиноятлар билан биргаликда содир этилганда, жиноятлар жами тариқасида квалификация қилинади.

Мазкур қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси юқори эканлиги, жамият аъзоларининг соғлиғи, ҳаёти ва бошқа ҳуқуқларига тажовуз қилиниши, айниқса ёшларнинг ахлоқига салбий таъсир кўрсатиши эътиборга олиниб, жазо чоралари ҳам кучайтирилди.

Одам савдосига қарши курашишда аҳоли, айниқса ёшлар ўртасида ушбу иллатнинг хавфи ва оқибатлари ҳақида тушунтириш олиб бориш, фуқароларни бу борада вазиятдан огоҳ этиш ҳамда хабардорлигини таъминлаш муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунда ушбу мавзуга бағишланган давра суҳбатлари, конференция, илмий амалий анжуманлар ўтказилиб келинмоқда, аҳолининг бу борада ҳуқуқий саводхонлигини ошириш мақсадида фойдаланиш учун қулай бўлган ўқув услубий қўлланмалар нашр этилиб тарқатилмоқда.

Одам савдосини олдини олиш учун кенг жамоатчилик билан ҳамкорликда тарғибот ва ташвиқот ишларини янада жадаллаштириш, маҳалаларда фаолият кўрсатаётган диний- маърифат ва маънавий-аҳлоқий тарбия масалалари бўйича маслаҳатчилар имкониятларидан самарали фойдаланиш, шунингдек хотин-қизларнинг ижтимоий муҳофазаси, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш ишларини кучайтириш зарур.

Қайд этиш лозимки Республикамизда фуқароларнинг хорижда меҳнат қилишини ташкил этишга доир ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, улардаги асосий талаблардан бири – бу  хорижга юборилиши кўзда тутилаётган фуқароларнинг муайян давлат ҳудудида ижтимоий ҳимоясининг таъминланиши, барча ижтимоий кафолатлар ва тиббий суғуртанинг мавжудлигидир.

Одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш бугунги кунда долзарб вазифалардан бири ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонунга кўра, одам савдосидан жабрланганларга зарур ёрдам кўрсатиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш, шунингдек уларнинг одам савдосига қайта жалб этилиши хавфининг олдини олиш мақсадида идентификация қилинади.

Шунингдек, қонунда одам савдосидан жабрланганларни ижтимоий реабилитация қилиш ва мослашувини таъминлаш тартиби белгиланиб, улар, жумладан, қуйидагиларни ўз ичига олади:

ихтисослаштирилган муассасаларга жойлаштириш даврида моддий ёрдам кўрсатишни;

вақтинчалик уй-жой, озиқ-овқат, санитари-гигиена воситалари билан, зарур ҳолларда эса кийим-бош, пойабзал ва бошқа зарур ашёлар билан таъминлашни;

ишга жойлашишда, таълим олишда, касбий жиҳатдан йўналтиришда ва касбга тайёрлаш ҳамда қайта тайёрлашда ёрдам кўрсатишни;

ижтимоий жиҳатдан қайта интеграцияга, шу жумладан қариндошларни излашида ёрдам кўрсатишни.

Шу билан бирга, одам савдосидан жабрланганлар тўғрисидаги ҳамда уларга нисбатан содир этилган ҳолатлар ҳақидаги ахборот, шунингдек кўрилган хавфсизлик чоралари тўғрисидаги маълумотлар ошкор этилмаслиги белгиланди.

Ўзбекистон Республикасида олиб борилаётган барча ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад – инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқларини олий қадрият сифатида эъзозлашдир.

Шундай экан, трансмиллий хусусият касб этган, яъни ҳудуд ва чегара танламас жирканч иллат – одам савдосига қарши кескин кураш олиб бориш барчамизнинг муҳим вазифамиздир.

Шерзод Юлдашев

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьяси                                        

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят судининг ОАВ бўйича бош консультанти

“Судлар тўғрисида”ги қонун – судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

“Судлар тўғрисида”ги қонун – судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Мамлакатимизда олиб борилаётган суд–ҳуқуқ соҳасидаги  изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми сифатида Президентимиз томонидан 2021 йил 28 июлда “Судлар тўғрисида”ги қонун имзоланди.

Ушбу қонун билан “Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил қилиш тўғрисида”ги, “Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида”ги, “Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида”ги Низомлар қабул қилинди.

Мазкур қонун 101 моддадан иборат бўлиб, унда белгиланган нормалар судьяларнинг чинакам мустақиллиги ва дахлсизлигини таъминлаш, судлар фаолиятининг самарадорлиги ва нуфузини ошириш, судларнинг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, фуқаролар ва юридик шахсларнинг қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун дастуриламал бўлиб хизмат қилади. Чунки мазкур  ҳужжатда илгари қабул қилинган эски таҳрирдаги “Судлар тўғрисида”ги қонунда белгиланмаган нормалар киритилди.

Қонунга биноан судья зиммасига ўз ваколатларини амалга оширишда, шунингдек хизматдан ташқари муносабатларда судьялик одоби кодекси талабларига риоя этиши, суд ҳокимияти обрўсини, судьянинг шаъни ва қадр қимматини тушириш ёки унинг беғаразлиги, холислиги ва адолатлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатдан ўзини тийиши, коррупцияни ҳар қандай кўринишларига ва одил судловни амалга ошириш бўйича ғайриқонуний аралашишларга уринишларга қаршилик кўрсатиши керак. Бундай ҳолатлар аниқланган тақдирда бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгашига хабар қилиши белгилаб қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши раисининг судьялар дахлсизлигини бузганлик ва уларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашганлик фактлари тўғрисидаги тақдимномаси прокуратура органлари томонидан бир ой муддатда кўриб чиқилиши, Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси кўрсатилган фактлар бўйича жиноят иши қўзғатилганлиги ёки қўзғатилиши рад этилганлиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига хабар бериши, судьяни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга гувоҳ ёки гумон қилинувчи сифатида сўроқ қилиш учун чақиришга фақат тегишли судьялар малака ҳайъатининг розилиги билан йўл қўйилиши белгиланди.

Шунингдек, судьянинг дахлсизлигини кучайтириш мақсадида белгиланган яна бир янги тартибга мувофиқ, судья ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилиниб ушлаб турилган тақдирда, бу ҳақда ушлаб туриш учун асос бўлган ҳужжатлар кўчирма нусхалари илова қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгашига у ушланган пайтдан эътиборан уч соатдан кечиктирмасдан хабар қилиниши шартлиги, шунингдек, судьяга нисбатан қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси фақат унга нисбатан ўта оғир жиноят ёки одам ўлимига сабаб бўлган қасддан бошқа жиноят содир этганликда айб қўйилган ҳолларда қўлланилиши мумкинлиги, мазкур қоида судья сифатида ишлаган даврида шундай жиноят содир этганликда айбланаётган собиқ судьяга нисбатан ҳам қўлланилиши ҳамда эндиликда, судьяга нисбатан жиноят иши Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишли эканлиги мустаҳкамлаб қўйилди.

Бундан ташқари, илгари судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, унинг телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёхуд олишга Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилган. Эндиликда, бундай ҳаракатлар фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг рухсати билан ёки суднинг қарорига биноан амалга оширилиши қонун билан мустаҳкамланди.

Хулоса ўрнида, айтиш мумкинки, ушбу қонун судьянинг дахлсизлигини ва чинакам мустақиллигини таъминлашда зарурий аҳамиятга эга бўлиш билан бирга одил судловнинг сифатли амалга оширилишига хизмат қилади.

Аблқосим Рузиқулов, Сурхондарё вилоят судининг раиси     

Асқар Қудратов, Сурхондарё вилоят судининг бош консультанти     

Шавкат Мирзиёев ЎзЛиДеП партиясидан президентликка номзод сифатида тасдиқланди

Бугун, 9 сентябрь куни Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг съезди бўлиб ўтди. Қурултойда Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбир давомида амалдаги давлат раҳбари ўзининг келгуси 5 йилга мўлжалланган номзодлик дастури билан таништирди. Съезд якунига кўра номзод бўйича съезд қарори эълон қилинди ва делегатлардан овоз бериш сўралди. Делегатлар бир овоздан Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Ўзбекистон Республикаси президентлигига номзод сифатида кўрсатиш таклифини қўллаб-қувватладилар.

Шавкат Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган. Миллати – ўзбек. Олий маълумотли, 1981 йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981 йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990 йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди. 1992 йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001 йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003 йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003 йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.Мирзиёев 2003 йилда Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015 йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

2016 йил 8 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисида парламент палаталарининг қўшма қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

19 октябрь куни Тошкентда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партиясининг VIII съезди бўлиб ўтди. Унда партия сиёсий кенгаши аъзоси Шавкат Миромонович Мирзиёев номзодини Президентликка тасдиқлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинди. 2016 йил 4 декабр куни бўлиб ўтган Президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси Президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди.

Ш.Мирзиёев оилали, икки қиз, бир ўғли, олти нафар набираси бор. Рафиқаси З. Мирзиёева – мутахассислиги бўйича муҳандис-иқтисодчи.

Шавкат Мирзиёев давлат ва бошқарув органларидаги кўп йиллик самарали меҳнати, юртимиз равнақи, халқимиз фаровонлигини юксалтириш ишига улкан ҳисса қўшгани учун «Меҳнат шуҳрати» ва «Фидокорона хизматлари учун» орденлари билан тақдирланган.

Skip to content