Коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёҳуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Бу салбий холатнинг хар қандай кўриниши жамиятнинг ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.
Коррупция балоси дунёнинг исталган жойида авж олган энг катта муаммолардан биридир. Коррупция— иқлим ўзгариши, қашшоқлик, очлик, ишсизлик ва озиқ-овқат, ёқилғи нарҳларининг кўтарилиши каби дунё муаммоларини ортда қолдириб, хамманинг дардига айланган.
Ҳозирги ривожланиш даврида, минтақалар ва давлатлараро хамкорлик тезлашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда хам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Шунингдек бугун, каттами-кичикми, бойми-камбағалми, биронта давлатни коррупциядан холи худуд, деб айтолмаймиз.
Коррупция чегара билмайди, у жамиятнинг барча жабҳаларига кириб бориб, қадриятлар тизими, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади. Фуқароларнинг эркинлик ва демократик тамойилларига, адолатга, давлатга бўлган ишончига путур етказади. Бир сўз билан айтганда, ушбу иллатни бартараф этмасдан туриб, хеч қандай жамият барқарор ривожланиши мумкин эмас
Шу сабабдан, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.
Хусусан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг ташкил этилиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг тасдиқланиши, юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлардан бўлди.
Коррупциянинг хар қандай кўринишларига қарши курашишни биз энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлиши керак.
Дархақиқат, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16,17,18-моддаларида коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилот ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари ўз ифодасини топган.
Мухтасар қилиб айтганда, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Коррупцияга қарши курашиш бўйича қабул қилинган қатор қонунчилик ҳужжатлари ижроси бўйича амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар натижасида бир қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларида халқаро стандартларга асосан коррупцияга қарши курашиш фаолиятини бошқариш тизими жорий этилиб, коррупцияга қарши курашиш бўйича ички идоравий ҳужжатлар қабул қилинди.
Шу билан бирга, бугунги кунда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини баҳолаш механизмлари мавжуд эмаслиги соҳада амалга оширилаётган тадбирларга ягона мезон асосида холисона баҳо бериш ва уларнинг натижадорлигини янада оширишга тўсқинлик қилмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятига оид самарадорлик кўрсаткичларини белгилаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимини жорий этиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 12 январь кунидаги “Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-81-сонли қарори қабул қилинди.
Қарорнинг 1-бандида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш қуйидаги бешта йўналиш бўйича белгиланган индикаторлар асосида амалга оширилиши кўрсатиб ўтилди:
1) давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш бўйича механизм ва ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ҳамда амалиётга татбиқ этилганлиги;
2) коррупциявий хавф-хатарларни аниқлаш, баҳолаш ва уларни камайтириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
3) давлат ташкилотлари раҳбарларининг коррупцияга қарши муросасиз муносабатни кўрсатувчи хатти-ҳаракатларининг мавжудлиги;
4) ходимларнинг коррупцияга қарши курашишга оид ички тартиб-таомиллардан хабардорлиги ҳамда ушбу соҳада билим ва кўникмаларини ошириш бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилганлиги;
5) коррупцияга қарши курашиш бўйича тегишли соҳа ёки тармоқ кесимида аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, ушбу иллатга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган тарғибот тадбирларининг самарадорлиги.
Қарорнинг 2-бандида 2022 йил 1 февралдан бошлаб рейтинг баҳолаш тизими, эксперимент тариқасида қарорнинг 1-иловасида кўрсатилган ва ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари фаолиятига, 2022 йил 1 июлдан бошлаб эксперимент натижаларини инобатга олган ҳолда рейтинг баҳолаш тизими барча давлат ташкилотлари фаолиятига жорий этилиши назарда тутилмоқда.
Таъкидлаш лозимки, қарорнинг 1-иловасида ўз фаолиятида коррупцияга қарши менежмент тизимини жорий этаётган давлат ташкилотлари рўйхатида жами 26 та вазирлик, давлат қўмиталари, агентликлар ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари келтирилган бўлиб, улар қаторида Адлия вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Давлат солиқ, божхона ва статистика қўмиталари, Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ҳамда бошқа ташкилотларни кўришимиз мумкин.
Шунингдек, қарорда рейтинг баҳолаш Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан «E-Anticor.uz» электрон платформаси орқали ташкил этилиши, коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги 0 баллдан 100 баллгача рейтингда баҳоланиб, фаолият самарадорлиги «яхши», «қониқарли» ва «қониқарсиз» тоифаларга ажратилиши, рейтинг баҳолаш натижалари электрон платформада ҳисоблаб чиқилиши ва ҳар йили 1 мартга қадар кенг жамоатчилик учун оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб борилиши, ҳар йили олдинги йилнинг 1 январидан баҳоланиш ўтказилаётган йилнинг 1 январига қадар бўлган давр рейтинг баҳолаш тизими билан қамраб олиниши, рейтинг баҳолаш натижаларининг холислигини текшириш мақсадида камида 30 фоизи фуқаролик жамияти институтлари вакилларидан иборат бўлган Рейтинг баҳолашни мустақил амалга оширувчи экспертлар гуруҳи шакллантирилиши тартиби белгиланган.
Давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган мазкур қарорнинг 2-иловасига асосан Коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган бўлиб, ушбу низомда коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлигини рейтинг баҳолаш тартиби, асосий тушунчалар, рейтинг кўрсаткичлари ҳамда баҳолаш якуни бўйича кўриладиган чора-тадбирлар ўз аксини топган.
Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашга Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан биргаликда рейтинг баҳолаш якунларига кўра «яхши» деб баҳоланган давлат ташкилотларининг коррупцияга қарши курашиш борасидаги ижобий тажрибасини оммалаштириш бўйича чора-тадбирларни белгилаш, «қониқарли» деб баҳоланган давлат ташкилотларига уларнинг коррупцияга қарши курашиш борасидаги фаолиятини янада яхшилаш бўйича тавсиялар киритиш ва уларни амалга оширишда кўмаклашиш ҳамда «қониқарсиз» деб баҳоланган давлат ташкилотларида коррупцияга қарши курашишда аниқланган камчиликларни бартараф этиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги фаолиятини яхшилашга қаратилган чора-тадбирлар дастури ишлаб чиқилишини таъминлаб, унинг ижроси юзасидан тегишли раҳбарларнинг ҳисоботларини ҳар чоракда Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгашнинг йиғилишларида эшитишдан иборат чора-тадбирларни кўриб бориш вазифалари юклатилган.
Хулоса қилиб айтганда, давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг коррупцияга қарши курашиш фаолиятидаги самарадорлик кўрсаткичларини аниқлаш ва уларни илғор халқаро стандартлар асосида баҳолаш тизимининг жорий этилиши давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш борасида амалга оширилаётган изчил ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланиб, мамлакатимизда ушбу салбий иллатга қарши курашишни кучайтириш ва шу йўл билан фуқаролар ва юридик шахслар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларнинг кучли ҳимоясини таъминлаш ҳамда инсон қадрини улуғлашга қаратилган.
Ханжар Хакимов
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Янги Ўзбекистонда жамиятнинг пойдевори сифатида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, унинг хавфсизлигини ва уйғунлигини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кўрилган чоралар хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шак-шубҳасиз риоя қилиш, маънавий-ахлоқий асосларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлар ва шу соҳага оид қонун ҳужжатлари асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
Зеро, гендер зўравонлик – бу глобал муаммо бўлиб, жамиятда бундай зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмасдан, таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратишда ҳисса қўшишимиз зарур бўлади.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Янги Ўзбекистонда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.
Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 21 апрель кунидаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сон қарори ҳамда 2021 йил 7 сентябрь кунидаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ПФ-6307-сон Фармони асосида бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.
Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.
Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.
Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Фуқаролик процессуал кодекси янги таҳрирда амалга киритилиши муносабати билан Олий суд Пленумининг 2020 йил 19 декабрь кунидаги «Cудлар томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида»ги 35-сон қарори қабул қилинди.
Жумладан, Судларга фуқаролик иши бўйича далилларни қуйидагилардан олиниши мумкинлиги тушунтирилади:
Тарафлар, учинчи шахслар ва улар вакилларининг тушунтиришлари оғзаки тарзда ҳам, ёзма кўринишда ҳам берилиши, шунингдек видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиш йўли билан олиниши мумкин.
Судлар томонидан қуйидагилар гувоҳ бўла олмаслиги назарда тутилиши лозим:
фуқаролик иши бўйича вакил ёки жиноят иши бўйича ҳимоячи сифатида қатнашган шахс – вакил ёки ҳимоячи вазифасини бажарганлиги муносабати билан унга маълум бўлган ҳолатлар тўғрисида;
жисмоний ва руҳий нуқсонлари сабабли фактларни тўғри идрок қилишга ёки улар тўғрисида тўғри кўрсатувлар беришга лаёқатсиз шахс.
Шу билан бирга ишда иштирок этувчи шахсларга нисбатан қариндошлиги, хизмат бўйича ёки бошқа қарамлиги ёхуд шахсий адовати борлиги шахснинг ишда гувоҳ сифатида қатнашишига тўсқинлик қилмайди.
Тарафлар, ишда иштирок этувчи бошқа шахслар илтимосига ёки суднинг ташаббусига кўра, ишни кўраётган суд жойлашган жойдан бошқа ерда яшовчи гувоҳлар суд топшириғи тартибида ёки видеоконференцалоқа воситаларидан фойдаланиш орқали сўроқ қилинишлари мумкин.
Судларга иш учун аҳамиятга эга бўлган ҳолатлар тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган рақамли, график ёзув шаклида бажарилган, шу жумладан факс, электрон ёки бошқа алоқа воситасида ёхуд ҳужжатнинг ҳақиқийлигини аниқлаш имконини берадиган ўзга усулда олинган ҳужжатлар ва материаллар ёзма далиллар ҳисобланиши тушунтирилади. Бир қатор ҳужжатлар (ФҲДЁ органлари томонидан бериладиган гувоҳномалар, нотариал ҳужжатлар, векселлар) белгиланган талабларга мувофиқ бўлмаганда (муайян ҳимоя даражасига эга бўлган махсус бланкалар, муҳр, штамплар) суд томонидан ёзма далиллар сифатида қабул қилиниши мумкин эмас. Ишда иштирок этувчи шахслар томонидан тақдим этилган чет давлатда олинган ҳужжатлар, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда легализация қилинган ҳоллардагина суд томонидан ёзма далил деб тан олиниши мумкин ва уларга умумий асосларда баҳо берилади.
Процессуал қонун талабларига мувофиқ, далилларни тақдим этиш ва исботлаш мажбурияти тарафларга юклатилган. Шу билан бирга судлар назарда тутишлари лозимки, қонунда далилларни тақдим этиш мажбуриятини тақсимлашга оид умумий қоидалардан ташқари, айрим тоифадаги ишлар учун махсус қоидалар ҳам белгиланган. Жумладан, Меҳнат кодексининг 111-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномасини бекор қилиш ёки ходимни бошқа ишга ўтказишнинг асослилигини исботлаш масъулияти иш берувчига юклатилади, зарар етказишда айби йўқлигини тасдиқловчи далилларни тақдим этиш мажбурияти эса Фуқаролик кодексининг 985-моддасига мувофиқ жавобгарга юклатилади.
Судларнинг эътибори иш учун аҳамиятга эга бўлган, лекин суд томонидан ҳаммага маълум деб топилган ҳолатлар исботлашни талаб этмаслигига қаратилади. Жиноят иши бўйича қонуний кучга кирган суд ҳукми устидан ҳукм чиқарилган шахс ҳаракатларининг фуқаролик-ҳуқуқий оқибатларига оид ишни кўриб чиқаётган суд учун фақат шу ҳаракатлар содир этилган-этилмаганлиги ва улар мазкур шахс томонидан содир этилганлиги-этилмаганлиги масалалари бўйича мажбурийдир. Ҳал қилув қарорида, ҳукмга ҳавола қилинишидан ташқари, тарафлар томонидан тақдим этилган ва суд томонидан тўпланган ҳамда даъво мазмуни бўйича хулосага келишда суд асосланган далиллар кўрсатилиши лозим. Етказилган зарар миқдорига доир ҳолатлар умумий асосларда исботланиши лозим.
Судлар шуни назарда тутишлари лозимки, бир тараф томонидан бошқа тараф ўз талаб ёки эътирозларини асослаётган фактларнинг тан олиниши, фактлари тан олинган тарафни бу фактларни исботлаш мажбуриятидан озод қилади. Шу билан бирга, агар бундай фактларга нисбатан судда шубҳа пайдо бўлса, улар умумий асосларда исботланиши лозим.
Зухриддин Мавлонов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1145-моддасига кўра, Меросхўр ўзига тегиши лозим бўлган меросни ёки унинг бир қисмини (улушини) олиш ҳуқуқига, агар у кейинчалик меросдан воз кечмаса, ворислик ҳуқуқидан маҳрум этилмаса ва уни меросхўр этиб тайинлаш тўғрисидаги васият фармойиши ҳақиқий эмас деб топилиши натижасида мерос олиш ҳуқуқини йўқотмаса, мерос очилган вақтдан эътиборан эга бўлади.
Мазкур кодекснинг 1146-моддасига кўра, мерос очилган жойдаги нотариус меросхўрнинг илтимосига кўра унга меросга бўлган ҳуқуқи тўғрисида гувоҳнома бериши шарт.
Меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳнома мерос очилган кундан эътиборан олти ой ўтганидан кейин берилади.
Қонун бўйича мерос олинганида ҳам, васиятнома бўйича мерос олинганида ҳам, агар нотариус тегишли мол-мулкка ёхуд бутун меросга нисбатан гувоҳнома беришни сўраб мурожаат этган шахслардан бошқа меросхўрлар йўқлиги тўғрисида маълумотларга эга бўлса, гувоҳнома юқорида кўрсатилган муддат тугамасидан олдин берилиши мумкин.
Фуқаролик кодексининг 1147-моддасида, Меросхўр мерос очилган кундан эътиборан исталган вақтда меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш меросхўр томонидан мерос очилган жойдаги нотариусга ариза бериш орқали амалга оширилади.
Агар ишончномада вакил орқали меросдан воз кечиш ваколати махсус назарда тутилган бўлса, меросдан шу тарзда воз кечилиши мумкин.
Меросдан воз кечиш кейинчалик бекор қилиниши ёки қайтариб олиниши мумкин эмас.
Фуқаролик кодексининг 1148-моддасида, Агар меросхўр васиятнома бўйича ҳам, қонун бўйича ҳам ворисликка чақирилса, у ана шу асосларнинг бири ёки ҳар иккаласи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан воз кечишга ҳақли.
Меросхўр улушнинг ортиши ҳуқуқи бўйича ўзига тегишли бўлган меросдан, мероснинг қолган қисмига ворисликдан қатъи назар, воз кечишга ҳақли.
Меросхўр меросдан воз кечганида васиятнома бўйича ёки қонун бўйича меросхўрлар жумласидан бўлмиш бошқа шахслар фойдасига воз кечаётганини кўрсатишга ҳақли.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳоллардан ташқари мероснинг муайян қисмидан воз кечилишига, меросдан изоҳотлар билан ёки шартлар қўйиб воз кечилишига йўл қўйилмайди.
Фуқаролик кодексининг 1149-моддасида, Васият мажбурияти юзасидан ҳуқуқ олувчи васият мажбуриятидан воз кечишга ҳақли. Қисман воз кечишга, изоҳотлар билан, шартлар қўйиб ёки бошқа шахснинг фойдасига воз кечишга йўл қўйилмайди.
Ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқ айни бир пайтнинг ўзида ҳам меросхўр, ҳам васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ҳисобланган шахснинг меросдан воз кечиш ҳуқуқига боғлиқ бўлмайди.
Агар васият мажбуриятини қабул қилиб олувчи ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқдан фойдаланган бўлса, зиммасига васият мажбурияти юклатилган меросхўр бу мажбуриятни бажаришдан озод бўлади.
Фуқаролик кодексининг 1150-моддасида, Меросни қабул қилиб олган қонун бўйича меросхўрлардан исталган бири мероснинг тақсимланишини талаб қилишга ҳақли.
Меросни тақсимлаш меросхўрларнинг келишувига кўра ўзларига тегишли улушларга мувофиқ, келишувга эришилмаган тақдирда эса, суд тартибида амалга оширилади.
Ушбу модданинг қоидалари барча мерос ёки унинг бир қисми меросхўрларга улушларда муайян мол-мулк кўрсатилмасдан васият қилинган ҳолларда меросни васиятнома бўйича меросхўрлар ўртасида тақсимлашга нисбатан қўлланилади.
Фуқаролик кодексининг 1151-моддасида, Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.
Агар турган жойи аниқланиб, мерос олишга чақирилган-у, лекин ҳозир бўлмаган меросхўр меросдан воз кечмаган бўлса, қолган меросхўрлар меросни тақсимлаш ниятлари тўғрисида уни хабардор қилишлари шарт. Агар ҳозир бўлмаган меросхўр хабар қилинган пайтдан эътиборан уч ой ичида қолган меросхўрларни меросни тақсимлаш ҳақидаги келишувда иштирок этиш истаги тўғрисида хабардор қилмаса, қолган меросхўрлар ҳозир бўлмаган меросхўрга тегишли бўлган улушни ажратиб, ўзаро келишувга кўра мерос тақсимотини амалга оширишга ҳақлидирлар. )
Агар ҳозир бўлмаган меросхўрнинг турган жойи мерос очилган кундан эътиборан бир йил мобайнида аниқланмаса ва унинг меросдан воз кечиши тўғрисида маълумотлар бўлмаса, қолган меросхўрлар мерос тақсимотини ушбу модданинг иккинчи қисми қоидалари бўйича амалга оширишга ҳақлидирлар.
Ҳомила бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр бўлса, меросни тақсимлаш бундай меросхўр туғилганидан кейингина амалга оширилиши мумкин.
Агар ҳомила ҳолида бўлган, бироқ ҳали туғилмаган меросхўр тирик туғилса, қолган меросхўрлар унга тегишли бўлган мерос улушини ажратган ҳолдагина меросни тақсимлашни амалга оширишга ҳақлидирлар. Мерос тақсимотида чақалоқнинг манфаатларини ҳимоя қилиш учун васийлик ва ҳомийлик органининг вакили таклиф этилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 1152-моддасида.Агар мерос таркибига кирадиган корхонанинг меросни қабул қилиб олган барча меросхўрлари келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, бундай мерос натура ҳолида тақсимланмайди ва меросхўрларга тегишли бўлган улушларга мувофиқ уларнинг умумий улушли мулкига айланади.
ФК.нинг 1153-моддасида, Мерос очилгунга қадар уч йил мобайнида мерос қолдирувчи билан биргаликда яшаган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан уй-жой, квартира ёки бошқа турар жойни, шунингдек уй-жой ашёлари ва рўзғор буюмларини олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Мерос қолдирувчи билан мол-мулкка нисбатан умумий мулк ҳуқуқига эга бўлган меросхўрлар мерос тақсимланишида мерос таркибидан умумий мулк бўлган мол-мулкни асл ҳолида олишда имтиёзли ҳуқуққа эга бўладилар.
Ушбу модданинг биринчи ва иккинчи қисмларида кўрсатилган имтиёзли ҳуқуқлар амалга оширилганда мерос тақсимотида қатнашаётган бошқа меросхўрларнинг мулкий манфаатларига риоя этилиши лозим. Агар мазкур ҳуқуқларни амалга ошириш натижасида меросни ҳосил қилувчи мол-мулк бошқа меросхўрларга тегишли улушларни бериш учун етарли бўлмаса, имтиёзли ҳуқуқни амалга ошираётган меросхўр уларга тегишли пул ёки мол-мулк товонини тўлаши лозим.
ФК.нинг 1154-моддасида, Меросхўр меросдан воз кечган ёхуд ушбу Кодекснинг 1119-моддасида кўрсатилган ҳолатлар бўйича меросхўрлар орасидан чиқиб кетган тақдирда мероснинг унга тегадиган қисми ворисликка чақирилган қонун бўйича меросхўрларга ўтади ва улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
Агар мерос қолдирувчи барча мол-мулкни ўзи тайинлаган меросхўрларга васият қилган бўлса, мероснинг меросдан воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўрга тегишли бўлган қисми қолган васиятнома бўйича меросхўрларга ўтади ва, агар васиятномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, улар ўртасида меросдаги улушларига мутаносиб равишда тақсимланади.
агар воз кечган ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетган меросхўр ўрнига бошқа меросхўр тайинланган;
меросхўр меросдан муайян шахс фойдасига воз кечган;
қонун бўйича ворисликда меросхўрнинг воз кечиши ёки меросхўрлар қаторидан чиқиб кетиши ворисликка кейинги навбатдаги меросхўрларни чақиришга сабаб бўлган ҳолларда қўлланилмайди.
Фуқаролик кодексининг 1155-моддасида Мерос ворислар ўртасида тақсимланишидан олдин мерос қолдирувчининг вафоти олдидан хасталиги туфайли қилинган зарур харажатлар, мерос қолдирувчини дафн этиш харажатлари, меросни эгаллаш, муҳофаза қилиш, бошқариш ва васиятномани ижро этиш, шунингдек васиятномани ижро этувчи ёки меросни бошқарувчига ҳақ тўлаш билан боғлиқ харажатларни қоплаш тўғрисидаги талаблар мерос ҳисобидан қондирилиши лозим. Бу талаблар мерос қиймати ҳисобидан бошқа барча талаблардан, шу жумладан ипотека ёки бошқа гаров билан таъминланган талаблардан олдин имтиёзли равишда қондирилиши лозим.
Фуқаролик кодексининг 1156-моддасида, Мерос қолдирувчининг кредиторлари васиятномани ижро этувчига (меросни бошқарувчига) ёки меросхўрларга мерос қолдирувчининг мажбуриятларидан келиб чиқадиган ўз талабларини қўйишга ҳақлидирлар. Бу ҳолда меросхўрларнинг ҳар бири ўзига теккан мол-мулкнинг қиймати доирасида солидар қарздорлар сифатида жавобгар бўладилар.
ФК.нинг 1157-моддасида, [СПиТ:
1.Ворислик ҳуқуқи / Эгасиз қолган мол-мулк]
Агар қонун бўйича ҳам, васиятнома бўйича ҳам меросхўрлар бўлмаса ёхуд меросхўрлардан ҳеч қайсиси ворислик ҳуқуқига эга бўлмаса ёхуд уларнинг ҳаммаси меросдан воз кечган бўлса, мерос мол-мулк эгасиз деб ҳисобланади. Мерос мол-мулк мерос очилган жойдаги маҳаллий давлат ҳокимияти органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органининг аризаси бўйича мерос очилган кундан эътиборан уч йил ўтганидан кейин суднинг қарори асосида эгасиз деб топилади. Мерос мол-мулк, агар уни қўриқлаш ва бошқариш билан боғлиқ харажатлар унинг қийматидан ошиб кетса, кўрсатилган муддат ўтишидан олдин эгасиз деб топилиши мумкин.
Эгасиз мол-мулк у турган жойдаги фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мулкига ўтади, бу орган мол-мулкдан воз кечган тақдирда, давлат мулкига ўтади.
Судларга мерос мулкка бўлган ҳуқуқ ва уни бўлиш ҳақидаги даъво аризалар билан мурожаат қилинганда, қўйидаги хужжатлар талаб қилиб олиниши лозим.
1.Мерос қолдирувчининг вафот этганлиги тўғрисида гувоҳнома ёки унинг нусхаси;
5. Мерос мулкининг рўйхатга олинганлиги ва қиймати кўрсатилган далолатнома; мерос мулкининг вафот этган шахсга тегишлилиги ҳақида кадастр хужжатлари, олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, алмаштириш шартномалари, омонат дафтарчалари, ҳисобварағидан кўчирмалар ва бошқа) ҳақидаги ҳужжатларни олади.
Даъво аризалар бўйича давлат божи, мерос мулки ёки даъвогарнинг улуши қийматидан келиб чиқиб белгиланади. Даъво ариза бўйича тўланмаган ёки кам тўланган давлат божи ҳал қилув қарори чиқаришда мерос мулкини қийматидан келиб чиққан ҳолда, ҳар бир ворисдан уларнинг улушларига тенг миқдорда ундирилади. Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси талабига кўра, мерос қабул қилиш учун муддат татбиқ қилинмайди.
Фуқаролик кодексининг 1147-моддасига мувофиқ, қонун ёки васият бўйича меросхўр ўзининг ворисликка чақирилганини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб олти ой ичида меросхўрлар жумласига кирадиган навбатдаги бошқа шахслар фойдасига меросдан воз кечишга ҳақли. Меросдан воз кечиш, бир неча меросхўрлар фойдасига бўлганда, меросхўр, уларнинг ҳар бирига тегадиган улушни белгилаб бериши шарт. Акс ҳолда, меросдан воз кечган вориснинг мерос мулкидаги улуши барча меросхўрлар фойдасига кечилган ҳисобланиб, уларга тенг тақсимланади. Меросдан воз кечишга қонунда белгиланган муддат ўтганидан сўнг йўл қўйилмайди.
Ворисликка чақирилган Меросхўр меросдан воз кечиш ўрнига ўз улушини бошқа меросхўрга ҳадя қилиш орқали ўтказиш лозим бўлади.
Судлар, мерос мулкидан меросхўрларнинг улушини белгилашда фоиз (25 %, 33 %, 50 %, 66 % ва ҳ.к.) ҳисобида эмас, балки қисм, улушлар (1/4, 1/3, 1/2, ва ҳ.к.)да ҳисоблашлари лозим.
Судларга асосан фуқаролар мерос улушни натура ҳолда бўлиб бериш, улушини тақсимлаб ундириш, васиятномадаги имзо марҳумга тегишли эмаслиги сабабли ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги даъволар билан судга мурожаат қилишади.
Суд бундай тоифадаги ишларни кўришда судга оид қурилиш техника экспертизаси, хатшунослик экспертизаси ва бошқа тоифадаги экспертизалар тайинлаш йўли билан ишларни ҳал қилиш мумкин.
Джуманазар Бабатов
Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси
“Транспорт ва молия соҳаларидаги айрим ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун маъмурий жазолар либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-734-сонли Қонуннинг моҳияти ва аҳамияти шундаки, киритилган ўзгартиришларга кўра, ҳайдовчилар транспортни бошқаришда телефондан қулоқчинлар орқали ва қўлларини ишлатмасдан гаплашиш имконини берадиган ускуналар орқали фойдаланиши мумкин.
Шунингдек, ушбу Қонун билан 2022-йил 1-мартидан бошлаб ҳайдовчи ёнида паспорти ёки ID-картаси бўлганида транспортни бошқариш, рўйхатдан ўтказганликка оид ҳужжатларни, ишончномани, суғуртани ёнида олиб юриши талаб этилмаслиги белгиланган.
Шунингдек, транспорт салонининг олд қисмига монитор (дисплей) ўрнатганлик учун жавобгарлик бекор қилинди. Валюталарни ноқонуний олганлик учун жарима миқдори БҲМнинг 10 бараваридан 20 бараваригача этиб белгиланди. (илгари қатъий БҲМнинг 20 баравари эди).
Автомобилда йўловчиларни лицензиясиз ташиганлик учун фуқароларга жарима БҲМнинг 30 баравари этиб белгиланди. (илгари БҲМнинг 20 бараваридан 100 бараваригача эди).
Ички ишлар вазирлиги ахборотни (транспортни бошқариш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар, рўйхатдан ўтказилганлик тўғрисидаги, транспортга эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ёки уни тасарруф этиш ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжатлар, суғурта полислари ҳақидаги ахборотни) ички ишлар органлари ёки консуллик муассасалари берган биометрик паспорт (идентификатсияловчи ID-карта) асосида планшетлар ва компютерлар воситасида фойдаланган ҳолда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан текшириш тартибини Маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ягона электрон иш юритиш тизими доирасида 2022-йил 1-мартга қадар бўлган муддатда жорий этади.
Маъмурий судларнинг биринчи босқич судининг қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан ишда иштирок этувчи шахслар, аризачи, жавобгар, учинчи шахслар томонидан апелляция шикояти беришга, прокурор апелляция протест келтиришга хақли, суднинг ҳал қилув қарори устидан тарафлар тўлик ёки қисман шикоят қилишлари мумкин.
Апелляция шикояти вилоят маъмурий судининг апелляция судлов хайъатига берилади, апелляция шикояти ҳал қилув қарори қабул қилган биринчи босқич суди орқали берилади.
Агар вилоят маъмурий суди ишни биринчи босқич судида кўриб ҳал қилув қарори қабул қилган бўлса, ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти шу суд орқали Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов хайьатига тақдим қилинади.
Ҳал қилув қарорини қабул қилган суд апелляция шикоятини ва протестни келиб тушган кундан бошлаб беш кунлик муддатда апелляция инстанция судига иш билан биргаликда юбориши шарт.
Эски таҳрирда қонунда апелляция шикояти ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан этиборан йигирма кун ичида берилар эди.
13.01.2021 йилда кучга кирган янги таҳрирдаги қонунга кўра апелляция шикояти бир ой муддат ичида берилиши назарда тутилди.
Апелляция шикояти беришни ўтказиб юборилган муддати эски тахрирдаги қонунда тарафнинг илтимосномасига кўра қарор қабул қилинган кундан икки ойдан кечиктирмасдан берилган апелляция шикояти асосли деб топилганда тикланиши лозим эди, янги таҳрирдаги қонунга кўра тарафнинг илтимосномаси бўйича ўтказиб юборилган муддат апелляция инстанция суди томонидан узрли деб топилган бўлса тикланиши мумкинлиги белгиланган, яъни янги тахрирдаги қонун билан муддатини тиклаш учун икки ойлик чегара муддат қонундан чиқариб ташланди.
Апелляция инстанция суди беш кун муддат ичида судья томонидан тайинланиб бу ҳақда тарафларга хабар қилинади, уларнинг иштирокида апелляция иш кўриб чиқилиб, тарафларни, прокурорни музокара сўзлари эшитилиб, судлов хайъати маслахат уйига кириб қонуний қарорни қабул қилиб, сўнгра маслаҳат уйидан чиқиб ишда қатнашган тарафларни иштирокида раислик этувчи қарорни эълон қилади.
Раислик этувчи қарорни элон қилгандан сўнг тарафларга мазкур қарорни устидан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига бир йил мобайнида шу суд орқали кассация тартибида шикоят қилишга, прокурор эса протест келтиришга ҳақли эканлиги тушунтирилади, шунингдек, тарафларга апелляция судлов хайъатининг қарорини беш кун ичида гибрет почта орқали тарафларга қарор нусхаси юборилиши тушунтирилади. Раислик этувчи тарафларга мазкур иш юзасидан қабул қилган қарорни мазмун моҳиятини қисқача тушунтириб ўтилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан биринчи босқич суди ишлари юзасидан апелляция ва протестларга асосан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг маъмурий судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади.
Янги таҳрирдаги қонунлардаги ўзгаришларга кўра ишларни назорат тартибда кўриш бекор қилинди.
Кассация шикояти (протести) бевосита Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъатига берилади. Кассация шикояти (протести) апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкин. Ўтказиб юборилган кассация шикояти (протести) бериш муддати шикоят (протест) бераётган шахснинг илтимосномасига кўра кассация инстанция судининг судьяси томонидан, башарти илтимоснома кассация шикояти (протести) бериш муддати ўтган кундан эътиборан уч ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва ўтказиб юборилган муддат суд томонидан узрли деб топилса, тикланиши мумкин. Кассация шикояти (протести) беришнинг ўтказиб юборилган муддатини тиклаш ёки уни тиклашни рад этиш ҳақида ажрим чиқарилади.
Ўзбекистон Республикасининг маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекснинг 224-моддасида кўрсатилган шахслар ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтириш ҳақидаги ариза билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва уларнинг ўринбосарларига мурожаат қилишга ҳақли. Ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест киритиш ҳақидаги ариза кассация шикояти (протести) бериш муддатида, ушбу муддат тугаган тақдирда, қарор қабул қилинган кундан эътиборан бир ой муддат ичида берилиши мумкин.Ушбу модданинг иккинчи қисмида кўрсатилган муддатлар ўтгандан кейин берилган аризалар кўриб чиқилмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ёки уларнинг ўринбосарлари ушбу Кодекснинг 244-моддаси биринчи қисми 4-бандида назарда тутилган асослар бўлган тақдирда, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд ҳужжатлари устидан ишни кассация тартибида такроран кўриш тўғрисида протест келтиришга ҳақли. Ишни кассация тартибида такроран кўриш умумий асосларда амалга оширилади.
Сурхондарё вилоят судига суд аппарати ходимлари захираси шакллантирилинаётганлиги сабабли, вилоят суди қуйидаги лавозимларга номзодларни захирага олиш юзасидан танлов эълон қилади.
Лавозимлар:
Судья катта ёрдамчиси, судья ёрдамчиси, девонхона мудири, архив мудири, архивариус.
Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:
Малакали, хорижий тилларни биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши лозим.
Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:
Ариза;
Номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;
диплом (дипломдан кўчирма)нинг нотариал тасдиқланган нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома;
номзоднинг паспорт нусхаси;
меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно).
Ариза ва унга илова қилинган ҳужжатлар электрон шаклда юборилиши ҳам мумкин.
Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:
Ўзбекситон Республикасининг «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида»ги Қонуни ва «Одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштиришга оид кўшимча чора тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонлари Одам савдосидан жабрлаганларга шошилинч тиббий, психологик, ижтимоий, юридик ва бошқа хил ёрдам бериш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш соҳасида давлат дастурлари ҳамда бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни ташкиллаштириш, шунингдек, уларнинг ижросини назорат қилиш, одам савдосига ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларни таҳлил қилиш, баҳолаш, мониторинг қилиш ва самарадорлигини ошириш, ушбу соҳадаги жиноятларни аниқлаш, тергов қилиш, олдини олиш ва уларга чек қўйиш амалиётини вазифа қилиб кўйди.
Ўзбекистон одам савдосига қарши курашишга оид қатор халқаро ҳужжатларни, жумладан, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашиш тўғрисида”ги Конвенсиясини, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ушбу Конвенциясини тўлдирувчи «Одам савдоси, айниқса, аёллар ва болалар савдосини олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақида»ги Протоколни ратификация қилди, «Одам савдосига қарши курашиш тўғрисида» Қонун қабул қилинди ва халқаро ҳуқуқ нормаларини миллий қонунчиликка имплементация қилишга доир тегишли ўзгартиришлар киритди.
Бош Қомусимиз ҳисобланган Конституциямизда энг олий қадрият инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа табиий ҳуқуқлари бўлиб, уларни таъминлаш мазкум қомусимиз билан кафолатланади.
Шунга қарамасдан, республикамизда бир қанча одам савдоси жиноятлари кузатилмоқда.
Хусусан, Наргиза Олимова (исм шарифи ўзгартирилган) ўзининг ғаразли ниятини амалга ошириш мақсадида, моддий манфаатдор бўлиш учун 2021 йил 4 июнь куни соат 13:30да Термиз шаҳар “Гулистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган кўп қаватли уйлар ёнида вояга етмаган фарзанди, 2020 йил 6 май куни туғилган қизи Олимова Шоира Алишер қизини ўн саккиз ёшга тўлмаганлигини англаб туриб, ўзига олдиндан таниш бўлмаган Термиз шаҳар Гулистон маҳалласи Хоразм кўчаси 131-рақамли уйда яшовчи Алишерова Шохида Алишеровнага 1.200 (бир минг икки юз) АҚШ доллари миқдоридаги пулларга тенг бўлган 12.600.000 (ўн икки миллион олти юз минг) сўм эвазига сотаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан далилий ашё билан бирга ушланган.
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг 2021 йил 25 ноябрдаги ҳукмига кўра, Н.Олимова Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди билан ЖКнинг 57-моддасини кўлланиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазосига судланган.
Шерзод Юлдашев
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2025 | Сурхондарё вилоят суди