ҚУРИЛИШ ПУДРАТИ ШАРТНОМАСИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН НИЗОЛАР

Қурилиш пудрати шартномасидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этишда иқтисодий судлар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Ер кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Шаҳарсозлик кодекси, Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодекси, «Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа қонун ҳужжатлари, шунингдек шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини қўллаши лозим.

Қурилиш пудрати шартномаси буюртмачи ва пудратчи ўртасидаги муносабатларни тартибга солувчи асосий ҳужжат ҳисобланади.

Қурилиш пудрати шартномасининг шартларини баҳолашда судлар ФК 364-моддасининг биринчи қисмига мувофиқ, агар тарафлар ўртасида шартноманинг барча муҳим шартлари юзасидан шундай ҳолларда талаб қилинадиган шаклда келишувга эришилган бўлса, шартнома тузилган деб ҳисобланишини инобатга олишлари лозим. Шу муносабат билан, агар қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартлар назарда тутилмаган бўлса ҳамда ушбу шартларни белгилаш имконияти бўлмаса, бундай шартнома тузилмаган деб ҳисобланади.

Агар ишни кўриш жараёнида шартномада бундай шартларнинг мавжуд эмаслиги аниқланса, суд низо юзасидан қурилиш ишларини бажаришда расмийлаштирилган ҳужжатлар асосида қарор қабул қилади ва унинг асослантирувчи қисмида қурилиш пудрати шартномаси тузилмаганлигини кўрсатиб ўтади.

Қурилиш пудрати шартномасида муҳим шартларнинг мавжуд бўлмаганлиги ва шунга кўра шартнома тузилмаган деб ҳисобланиши, агар бундай ишларнинг бажарилганлиги ҳолати тақдим этилган далиллар билан исботланса, бажарилган ишлар қийматини ундириш тўғрисидаги талабни рад этишга асос бўлмаслигига қаратилсин. Бироқ, бундай қурилиш пудрати шартномаси шартлари ва (ёки) қонун ҳужжатларида назарда тутилган жавобгарлик чорасини (неустойка, фоизлар ундириш, зарарни қоплаш) қўллаш тўғрисидаги талабни қаноатлантириш рад этилади.

Агар қонун ҳужжатларида қурилиш пудрати шартномаси фақат электрон дўкон, танлов, тендер, ягона етказиб берувчи билан амалга ошириладиган давлат харидлари натижалари асосида тузилиши назарда тутилган бўлиб, шартнома савдолар ўтказилмасдан тузилган бўлса, бундай битим Фуқаролик Кодексининг 116-моддасига асосан ўз-ўзидан ҳақиқий эмасдир.

Фуқаролик Кодексининг 108 ва 109-моддалари мазмунига кўра, қурилиш пудрати шартномаси оддий ёзма шаклда тузилади ва ушбу шаклга риоя қилмаслик унинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди, бироқ тарафларни битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини гувоҳларнинг кўрсатувлари билан тасдиқлаш ҳуқуқидан маҳрум қилади. Бунда, агар қурилиш пудрати шартномаси ёзма шаклда тузилмаган бўлса, тарафлар битимнинг тузилганлигини, мазмунини ёки бажарилганлигини ёзма ёхуд бошқа далиллар билан тасдиқлашлари мумкин.

Агар қўшимча ишлар қиймати сметада кўрсатилган қурилиш умумий қийматининг ўн фоизидан ошса ва буюртмачи лойиҳа-смета ҳужжатларига ўзгартиш киритишга қарши бўлса, пудратчи шартномадан бош тортишга ва бажарган ишларига мутаносиб равишда шартнома баҳосини тўлашни ёхуд ФК 382-моддасининг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда шартнома баҳосини қайта кўриб чиқишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бунда, қурилиш пудрати шартномаси тендер савдоси натижаси бўйича тузилган бўлса ва тендер комиссияси шартномага ўзгартишлар киритишни рад этса, пудратчи шартномадан воз кечиш ва буюртмачидан етказилган зарарни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлади. Бу қоида буюртмачи томонидан тендер комиссиясига тегишли ҳужжатлар тақдим этилмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Агар пудратчи буюртмачини қўшимча ишларни бажариш ва қурилишнинг смета қийматини ошириш зарурлиги тўғрисида олдиндан огоҳлантирмаган, аммо буюртмачи пудратчи томонидан қўшимча бажарилган ишларни қабул қилган бўлса, бу ҳолат буюртмачининг бундай ишлар ҳақини тўлашга розилигини англатмайди. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликлар жиддий ва бартараф этиб бўлмайдиган даражада бўлса, буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли. Агар ишдаги пудрат шартномаси шартларидан четга чиқишлар ёки бошқа хил камчиликларни бартараф этиш мумкин бўлса ва буюртмачи пудратчидан белгиланган оқилона муддатда уларни бартараф этишни талаб қилган бўлса, бироқ улар пудратчи томонидан бартараф этилмаган ҳоллардагина буюртмачи шартномани бажаришдан бош тортишга ва келтирилган зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.

Ч.Аролов

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ТАДБИРКОРЛАР ҲУҚУҚИЙ ҲИМОЯСИНИНГ ТАКОМИЛЛАШУВИ

Юртимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бугун ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда. Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Сўнгги йилларда мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва бунёдкорлик салоҳиятини қўллаб-қувватлаш орқали аҳолига муносиб ҳаёт шароитларини яратиш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, бандликни таъминлаш бўйича кенг кўламли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Шу билан бирга, олиб борилган таҳлил натижалари жойларда аҳолини тадбиркорликка жалб қилиш ва бу орқали янги иш ўринларини яратиш, бандликни таъминлаш, ўз меҳнати билан даромад топиш истагида бўлган фуқароларга амалий ёрдам кўрсатиш, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланиш ишлари талаб даражасида эмаслигини кўрсатмоқда.

Меҳнаткаш халқимизнинг қадимий касб-ҳунар анъаналари, ишбилармонлик салоҳияти оилавий тадбиркорлик, ҳунармандчилик, касаначилик ва бошқа тадбиркорлик фаолияти турларини кенг оммалаштириш, экин майдонларидан унумли фойдаланган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш учун катта тажриба ва захира мавжудлигидан далолат беради.

Ҳар бир оиланинг тадбиркорлик билан шуғулланиши ва барқарор даромад манбаига эга бўлиши учун шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 7 июнь кунидаги «Ҳар бир оила-тадбиркор» Дастурини амалга ошириш тўғрисида”ги ПҚ-3777-сон қарори қабул қилинди.

Хусусан, мазкур қарор асосида асосида оилавий бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.

Қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай
шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Шунингдек, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди. Хулоса ўрнида айтганда, ривожланиш стратегиямизнинг реал натижаларида, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.

Зухриддин Мавлонов

                                                                        Сурхондарё вилоят суди судьяси

МУЛК ДАХЛСИЗ ВА У ҚОНУН ҲАМДА ДАВЛАТ ҲИМОЯСИДА

Сўнгги йилларда фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ҳар қандай инсон учун энг муҳим мулк, аввало бу унинг уй-жойидир. Фуқароларнинг уй-жойга бўлган ҳуқуқлари, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясида, Иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактда, шунингдек, бошқа халқаро ҳужжатларда ҳам белгиланган бўлиб, ушбу халқаро ҳужжатларда белгиланган қоидалар Ўзбекистон Республикасининг Конституциясида ҳам ўз аксини топган.

Қолаверса, “Хусусий мулкни ҳимоя қилиш ва мулкдорлар ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида” Қонуннинг 7-моддасида “Мулкдорнинг давлат органлари билан ўзаро муносабатларида мулкдор ҳуқуқларининг устуворлиги принципи амал қилади, унга мувофиқ қонун ҳужжатларидаги хусусий мулк ҳуқуқини амалга ошириш билан боғлиқ ҳолда юзага келадиган барча бартараф этиб бўлмайдиган зиддиятлар ва ноаниқликлар мулкдорнинг фойдасига талқин этилади” деб белгиланган.

Бироқ, ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали фуқароларнинг хусусий мулкка бўлган ҳуқуқларини бузиб, ўз уй-жойидан мажбурий кўчириш ҳолатлари акс этган видео хабарлар кўпайиб бормоқда.

Ваҳоланки, Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрь кунидаги 911-сонли “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мулк ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш ҳамда ер участкаларини олиб қўйиш ва компенсация бериш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг 1-бандига кўра,

а) давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун, шунингдек, ҳудудларни комплекс ривожлантириш, шу жумладан, муайян ҳудуднинг архитектура қиёфасини ўзгартириш ва яхшилашга қаратилган давлат дастурлари ҳамда инвестиция ва ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга бўлган лойиҳаларни амалга ошириш доирасида ер участкаси ёки унинг бир қисмини олиб қўйиш ер эгасининг розилиги билан ёки ердан фойдаланувчи ва ижарачи билан келишган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари Кенгашлари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорларига биноан амалга оширилади;

б) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ёки туман (шаҳар) ҳокимликларининг олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарори адлия органларининг ижобий хулосаси мавжуд бўлгандагина қабул қилинади;

в) ер участкасини олиб қўйиш ташаббускори ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектининг мулкдори ўртасида тузиладиган ерни олиб қўйиш муносабати билан компенсация бериш тўғрисидаги келишув мажбурий тарзда нотариал тасдиқланади;

г) кўчмас мулк объектини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарорни қабул қилишга олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объекти мулкдорига келишувда, низо мавжуд бўлган ҳолларда эса суд қарорида, белгиланган компенсация тўлиқ тақдим этилгандан сўнг йўл қўйилади;

д) Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва ҳокимликларнинг ер участкаларини ажратиб бериш тўғрисида аввал қабул қилинган қарорини бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш, шу жумладан, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, ҳокимликлар ёки бошқа давлат органи томонидан маъмурий тартиб-таомилларга риоя этилмаганлиги сабабли бекор қилиш ёки унга ўзгартириш киритиш йўли билан ер участкаларини олиб қўйиш тақиқланади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 ноябрдаги 911-сон қарори билан тасдиқланган “Ер участкалари олиб қўйилиши ва олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектлари мулкдорларига компенсация бериш тартиби тўғрисида” Низомнинг 5-бобида мулкдор ва ташаббускор ўртасида юзага келадиган низо бўйича келишувга эришилмаган тақдирда — ушбу низо суд тартибида кўриб чиқилиши ҳамда ушбу низо бўйича суднинг қарори қонуний кучга киргунга қадар ер участкаси олиб қўйилиши тўғрисидаги қарор ҳамда олиб қўйилаётган ер участкасида жойлашган кўчмас мулк объектларини бузиб ташлаш тўғрисидаги қарор қабул қилинишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.

Агарда мулк эгаси суд қароридан норози бўлса, юқори турувчи суд инстанциясига шикоят келтириши мумкин. “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Қонуннинг 36-моддасига асосан ижро ҳаракатлари, ижро ҳужжати ёки уни беришга асос бўлган ҳужжат юзасидан, шунингдек рўйхатга олинган мол-мулкни баҳолаш натижалари юзасидан низолашилаётганда — масала мазмунан узил-кесил кўриб чиқилгунига қадар ижро иши юритишни тўхтатиб турилади. Хусусий мулк билан боғлиқ масалаларда масъул мансабдор шахслар юқорида қайд этилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга қатьий риоя қилиши лозим бўлади. Зеро, хусусий мулк қонун ва давлат ҳимоясида.

Зухриддин Мавлонов

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Талабалар иштирокида “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати ўтказилди

2022 йил 20 сентябрь куни жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Термиз давлат университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларининг олдини олишга қаратилган “Ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка қарши биргаликда курашамиз!” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.    

Тадбирни Термиз Давлат университети Ёшлар билан ишлаш ва маънавият-маърифат ишлар бўйича бўлим бошлиғи Бобур Тошқобилов кириш сўз билан очди.

Тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси Икром Шайманов сўзга чиқиб, бугунги кунда Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони билан вояга етмаганлар ҳамда ёшлар ўртасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларни барвақт олдини олиш, уларни ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, ёшларни соғлом ва комил инсон қилиб ўстириш,  том маънода ўсиб келаётган ёш келажак авлодни ҳақиқий юрт фарзандлари қилиб тарбиялаш мақсадида барча зарурий шарт-шароитлар яратиб берилганини, ҳозирда барча жабҳада ёшлар масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинаётган бўлсада, афсуски, давлатимиз томонидан шундай шароитлар яратиб берилган бўлишига қарамасдан ҳамда вилоятда олиб борилаётган тарғибот ишларига қарамасдан сўнги пайтларда олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ёшлар ўртасида жиноятчилик бирмунча ўсганлиги, улар томонидан жиноятлар содир этилаётганлиги барчани бирдек ташвишга солаётганлигини таъкидлаб, талабалар орасида жиноятчилик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган фикрларини билдириб, жиноятнинг келиб чиқиш сабаблари ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар, уларни содир этилишига омил бўлган сабабларни судда кўрилган жиноят ишлари мисолида таништириб ўтди.

Шунингдек, давра суҳбатида Сурхондарё вилоят прокуратурасининг жиноий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўлими бошлиғи Аббос Разиков сўз олиб, тадбирда кўзланган асосий мақсад, талаба-ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириш, жамиятда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчиликка нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳасида мазкур иллатга қарши курашиш эканлигини, шунингдек, мамлакатимизда жадал суръатларда олиб борилаётган ҳуқуқий ислоҳотлар шароитида ҳар бир инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликларини самарали ҳимоя қилиш ҳамда қонун устуворлигини таъминлаш муҳим эканлигини таъкидлаб ўтди.

Шу каби, тадбирда жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг судьялари Абдихофиз Бойбилов, Шерзод Юлдашевлар ҳам иштирок этишди ва улар томонидан талабаларга нисбатан чиқарилган суд ҳукмлари ва хусусий ажримлари таништирилиб, уларнинг  муҳокамаси кенг таҳлил қилинди.

Талабаларга ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жиноятчилик ва коррупция ҳолларига қарши барқарор муҳит шакллантириш, адолатли таълим тамойилларини жорий қилиш масалалари юзасидан атрофлича тавсия ва маслаҳатлар берилди.

Тадбир якунида талабалар ўзларини қизиқтирган мавзу ва тегишли муаммолар бўйича саволларга соҳа мутахассисларидан жавоб олдилар.

Икром Шайманов

                               Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди раиси

СУДЛАР ТОМОНИДАН ОТАЛИКНИ БЕЛГИЛАШГА ОИД ИШЛАРНИ
КЎРИШДА ҚОНУНЧИЛИКНИНГ ҚЎЛЛАНИЛИШИ

Давлат томонидан оналик ва болаликнинг муҳофаза қилиниши, болалар ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларининг, ота-онанинг келиб чиқиши ва фуқаролик ҳолатидан қатъий назар, ҳимояланиши  каби конституциявий принципни таъминлаш судларнинг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади.

Оила кодексининг 61-моддасига кўра, ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилганда, оталик онанинг ва ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг биргаликдаги аризасига мувофиқ (боланинг онаси вафот этган, у суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган, унинг яшаш жойини аниқлаш имкони бўлмаган ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум этилган ҳолларда- ўзини боланинг отаси деб тан олган шахснинг аризасига мувофиқ) фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органи томонидан белгиланади.

Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, Оила кодексининг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги масала суд томонидан боланинг ота-онасидан бирининг, васий (ҳомий)си ёки бола қарамоғида бўлган шахснинг ёхуд вояга етганидан сўнг боланинг ўзи берган аризага мувофиқ даъво ишини юритиш тартибида ҳал этилади.

Оталикни белгилаш тўғрисидаги иш бўйича тараф вояга етмаган шахс бўлса, суд унинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида унинг ота-онаси, фарзандликка олувчилари ёки васийсини қонуний вакил сифатида ишда иштирок этишга жалб этиши шарт деб белгиланган.

Оталикни белгилаш ҳақидаги ариза суднинг иш юритувига фақат бола туғилганлиги фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида қайд этилганидан сўнг ва отаси ҳақидаги ёзув оила қонунчилигига биноан амалга оширилган туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома тақдим этилганда қабул қилиниши мумкин. Фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органларида боланинг туғилганлиги қайд этилмаган бўлса, суд аризани қабул қилишни рад этади. Бундай ҳолда суд манфаатдор шахсга туғилишни қайд этиш учун фуқаролик ҳолати далолатномаларини ёзиш органига мурожаат қилиш ҳуқуқини тушунтириши шарт.

Қонунда мазкур тоифа ишлар бўйича даъво муддати назарда тутилмаган бўлиб, оталик бола туғилганидан сўнг исталган вақтда белгиланиши мумкин.

Шуни назарда тутиш лозимки, қонунда оталикни белгилаш тўғрисидаги низоларни ҳал этиш чоғида суд эътиборга олиши зарур бўлган муайян шартлар белгиланган. Бу шартлар қуйидагилардир:

-боланинг онаси ва жавобгарнинг бола туғилишига қадар биргаликда яшаганликлари ва умумий рўзғор юритганликлари;

-боланинг онаси ва жавобгар болани биргаликда тарбия қилганликлари ёки таъминлаб турганликлари;

-жавобгар оталикни тан олганлигини ишончли тасдиқловчи бошқа далиллар мавжудлиги. 

Оталикни белгилаш тўғрисидаги талабларни қаноатлантириш учун кўрсатиб ўтилган шартлардан биттаси иш бўйича аниқланиши етарли. 

Жавобгар томонидан оталик тан олинганлигини тасдиқловчи бошқа далиллар сифатида суд ишончли деб топган ҳар қандай фактик маълумотлар (хатлар, телеграммалар, фотосуратлар, анкеталар, турли инстанцияларга ёзилган аризалар, аудио-, видеоёзувлар, экспертлар хулосаси), у боланинг отаси эканлигини тан олганлигини тасдиқловчи бошқа ҳаракатлар, шунингдек, гувоҳларнинг кўрсатувлари бўлиши мумкин. Бундай иқрорлик онанинг ҳомиладорлиги даврида ҳам (масалан, болалик бўлишни хоҳлаш, бўлажак боланинг онаси ҳақида ғамхўрлик), бола туғилганидан сўнг ҳам ифода этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик-процессуал кодекси
80-моддасига мувофиқ суд-тиббий экспертизаси, одам ДНКси суд-биологик экспертизаси хулосалари исботлаш воситаларидан бири ҳисобланади ва шу сабабли улар иш бўйича тўпланган бошқа далиллар мажмуи бўйича баҳоланиши лозим. Юқорида баён этилганлардан келиб чиқиб, ушбу тоифадаги ишларни кўриш орқали конституциявий принцип ҳамда амалдаги қонунчилик нормаларини таъминлаш судларнинг устувор вазифалари бири эканлиги яққол намоён бўлмоқда.

Рамазон Назаров

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

СУДЬЯЛАР ВА СУД ҲОКИМИЯТИ МУСТАҚИЛЛИГИНИ КАФОЛАТЛОВЧИ АСОСИЙ СТАНДАРТЛАР ВА ҲАЛҚАРО ҲУҚУҚ НОРМАЛАРИ

Давлатимиз мустақилликка эришгандан буён ўтган қисқа давр ичида тараққиёт ва ҳуқуқий демократик давлат қуриш сари далил қадам қўйилди. Муҳтарам президентимиз Ш.Мирзиёев томонидан охирги уч йил давомида олиб борилган ислоҳотлар эса давлатимизни ҳалқаро хамжамиятнинг тўла қонли аъзоси бўлишига ҳисса қўшди.

Бизга маълумки ҳар қайси давлат, ҳар бир жамият ҳаётига алоқадар бирор-бир масала йўқки, хоҳ у ижтимоий-иқтисодий, хоҳ сиёсий-ҳуқуқий соҳада бўладими, халқаро ҳуқуқ билан тартибга солинмаган бўлса. Бугун халқаро ҳуқуқ, унда белгиланган тамойиллар ва нормалар давлатлар, минтақалар чегараларидан ўтиб, Сиз-у бизнинг ҳаётимизга шу қадар яқин кириб келганки, унинг таъсири ва ролини бир қарашда сезмаймиз, баъзан эса бунга унча эътибор қилмаймиз. Халқаро ҳуқуқ қонунчилигига назар ташласак, судья, адвокат, терговчи, журналист ёки шифокор бўладими, барча касб эгаларининг соҳаси бўйича, ҳатто давлат хизматчиси сифатида иш вақтида ва иш вақтидан ташқари нималарга амал қилиши зарурлиги, касб-этикаси ҳақида устувор қоидалар қабул қилинган.

Одил судловни амалга ошириш соҳасида БМТ томонидан бир қатор ҳалқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар ишлаб чиқилган. Инсон ҳуқуқлари бўйича ҳалқаро шартномалар судьялар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари учун одил судловни амалга ошириш соҳасидаги халқаро стандартларни белгилаб беради.

Одил судловга оид халқаро стандартлар ҳақида халқаро ҳуқуқ нормаларига тўхталадиган бўлсак, «Миранда қоидаси», «Бангалор принциплари», «Судьялар мавқеи тўғрисида Европа хартияси», «Инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро билл», «Милан қоидалари», «Ювенал юстиция», «Каракас декларацияси», «Пекин қоидалари», «Ар-Риёд принциплари», «Банкок декларацияси», «Вена декларацияси», «Инсонийлик мезонлари» каби ўзига хос номланган халқаро шартномаларнинг барчаси инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро ҳуқуқнинг асосини ташкил этади. Ушбу халқаро-ҳуқуқий ҳужжатлар судлар фаолиятида ҳам муҳим ўрин тутади.

Ҳалқаро ҳуқуқда судлар фаолияти билан бевосита боғлиқ учта муҳим халқаро ҳужжатни алоҳида қайд этиш лозим. Булар, БМТнинг асосий шартномаларидан бири бўлмиш Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ва унга қўшимча 2 та протоколи, «Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида»ги Резолюцияси ҳамда  «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари».

Аввало шуни айтиш керакки, 167 та давлат тасдиқлаган Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт БМТ томонидан ҳозирги кунга қадар қабул қилинган 9 та асосий шартномадан биридир. Мазкур халқаро ҳужжатлар «асосий шартнома» деб эътироф этилиши бежиз эмас. Чунки халқаро ҳуқуқда инсон ҳуқуқлари бўйича юзлаб шартномалар қабул қилинган, лекин асосий шартномалар 9 тани ташкил қилади.

Ушбу асосий шартномалар, жумладан, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳозирги замон халқаро ҳуқуқ тизимининг бош ҳуқуқий манбаи бўлиб, бошқа халқаро ҳужжатлар шу асосда қабул қилиниши лозим. Шу билан бирга, ушбу халқаро шартномаларга аъзо давлатлар ўз ҳудудида айнан ана шу асосий шартномаларнинг бажарилиши бўйича БМТга даврий ҳисоботларни тақдим этиб боради.

Бундан ташқари Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳозирги замон инсон ҳуқуқлари тарихида ўзининг аҳамияти ва муҳимлиги билан Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясидаги нормалар ижросини таъминлаш ҳамда инсон ҳуқуқлари соҳасида давлатларнинг сўзсиз ҳисобдорлиги ва жавобгарлигини белгилаб берган ягона бош шартномадир.

Шу маънода давлат ичида Конституция қандай устувор юридик кучга эга бўлса, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пакт ҳам халқаро ҳужжатлар иерархиясида шундай олий юридик мақомга эга бўлган фундаментал халқаро шартнома ҳисобланади.

«Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида»ги Резолюция ҳам халқаро ҳуқуқда судлар фаолияти бўйича қабул қилинган махсус халқаро ҳужжатлардан биридир. Айтиш жоизки, суд ҳокимияти мустақиллиги ва холислигини таъминлаш билан боғлиқ нормалар кўплаб халқаро ҳужжатларда у ёки бу тарзда кўзда тутилган. Аммо ушбу Резолюция ҳозирги кунда суд ва судьяларнинг мустақиллиги қандай таъминланиши керак деган саволга атрофлича жавоб берган ягона халқаро ҳужжат ҳисобланади.

Ушбу шартномага Ўзбекистон 1997 йил 30 августда қўшилган. «Суд органларининг мустақиллигига оид асосий принциплар тўғрисида»ги Резолюциянинг асосий нормалари Конституциямизда ва «Судлар тўғрисида»ги қонунда ўз ифодасини топган.

Ўз навбатида, «Судьяларнинг хулқ-атворига оид Бангалор принциплари» жаҳон суд-ҳуқуқ соҳасида ХХI асрда қабул қилинган энг асосий ҳужжатлардан биридир. Энг муҳими, «Бангалор принциплари» судьянинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, умум­эътироф этилган касб одоби қоидалари, профессионал фаолиятда, ишда ва ишдан ташқари вақтда нималарга амал қилишига оид минимал стандарт қоидалар белгилаб берилган ягона халқаро ҳужжатдир.

«Бангалор принциплари»да судьялар фаолияти ва хулқ-атворига оид қуйидаги 6 та муҳим қоида белгиланган. Булар — мустақиллик, объективлик, ҳалоллик, касб одоби қоидаларига риоя этиш, суд мажлисининг барча иштирокчиларига нисбатан тенг муомалада бўлиш, компетентлик ва интилувчанликдир.

«Бангалор принциплари»га мувофиқ судья учун одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолият бошқа мажбуриятларга нисбатан устувор ҳисобланади. Судьялар ўз вазифаларини юқори профессионал даражада одилона, тезкор ва виждонан бажариши шарт. Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, ушбу халқаро ҳужжатлар дунё мамлакатлари суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ривожига катта ҳисса қўшиб келмоқда. Улар инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишда, шунингдек, суд ва судьяларнинг мустақилигини таъминлашда муҳим халқаро-ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бахриддин Диёров

Сурхондарё вилоят суди суд статистикасини

тизимли таҳлил қилиш бўлими бош консультанти

КОРРУПЦИЯ – ИЛЛАТИ

Коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг барча соҳалари ривожланишига жиддий путур етказади, тарққиётни секинлаштиради, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади, ҳуқуқ ва манфаатлар бузилишига сабаб бўлади. Бугунги кунда бутун жаҳон миқёсида ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан бирига айланган. Айни пайтда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг барча ҳуқуқий асослари яратилган. Бу борада ҳар биримиздан ҳушёрлик ва масъулиятлилик талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг «Коррупция билан ҳеч қачон мақсадимизга эриша олмаймиз» деган гапларида улкан маъно мужассам. Дарҳақиқат, коррупция бор жойда ҳақиқат ва адолат, ҳеч қайси бир соҳанинг ривожланишига, олдимизга қўйган мақсадимизга эриша олмаймиз. Коррупция – қонуннинг қўпол равишда бузилишидир. Коррупцияга йўл қўйганнинг куни қисқа.

Коррупция бу шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупция даражасининг юқорилиги мамлакатнинг халқаро миқёсда обрўсини туширадиган, инвестициявий муҳитга салбий таъсир кўрсатадиган омилдир. Шу боис коррупция билан муроса қилиб бўлмайди.

Мамлакатимиз ушбу иллатга қарши курашишни жаҳон талаблари асосида ташкил этиш мақсадида 2008 йилда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 2003 йил 13 октябрдаги «Коррупцияга қарши» Конвенциясини ратификация қилди, шунингдек, «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «Коррупцияга қарши» Конвенциясига Ўзбекистон Республикаси қўшилиши тўғрисида»ги Қонун қабул қилинди. Шу билан бирга, давлатимиз 2010 йил март ойида Иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти доирасида қабул қилинган коррупцияга қарши курашнинг Истанбул режасига (2003 йил 10 сентябрь) қўшилди.

Бундан ташқари, сўнгги йилларда бу иллатга қарши курашиш, унинг келиб чиқишига шароит яратиб бераётган омилларни бартараф этиш, олдини олиш, уни таг-томири билан йўқ қилиш учун давлатимиз жиддий бел боғлади. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва унинг асосида бир қатор қонуности ҳужжатлари қабул қилиниб ижрога қаратилган. Шу ўринда ҳар бир давлат органи томонидан бу иллатга қарши курашиш мақсадида дастурлар ва чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб амалга оширилмоқда. Хусусан, Адлия вазирлигида коррупция биринчи рақамли душман деб эълон қилинган. Тизимни коррупциясиз соҳага айлантириш борасида мисли кўрилмаган ишлар амалга оширилиб, самарали натижаларга эришилмоқда. “Коррупцияга қарши курашиш менежмент тизими” халқаро стандарти асосида вазирликнинг 10 дан зиёд ички ҳужжати тубдан янгиланди, вазирликда коррупцияга қарши курашиш бўлими ташкил этилди. Вазирликнинг телеграм мессенжеридаги “Huquqiy axborot” каналида ҳамда “Facebook” ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Коррупцияни бирга енгамиз” мавзусида ижтимоий сўровлар ўтказилиб борилади.

Айни вақтда Адлия вазирлигида антикоррупциявий комплаенс тизимини жорий этиш чоралари кўрилмоқда. Мақсад – соҳада пора олиш учун мутлақо имкон қолдирмаслик. Идоравий комплаенс тизими ўзида юқори даражадаги касбий ва ахлоқий қоидалар ижросини таъминлаш, қонунчиликка ва ички тартиб қоидаларига риоя этилмасликка оид хатарларни камайтириш ҳамда жиддий моддий зарар етказилишини бартараф этиш ва мавқеи йўқотилишини бартараф этиш мақсадида амалдаги қонун ҳужжатлари ва ички идоравий ҳужжатларнинг бузилишига йўл қўймаслик бўйича профилактик чора-тадбирлар ва олдини олувчи ҳаракатлар мажмуини назарда тутади.

Антикорруциявий комплаенснинг ижобий томони шундаки, у коррупцияга бўлган мойилликни пасайтиради, ходимлар томонидан коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар хавфи, ходимларнинг шахсий манфаати ёки бойиш учун ташкилотнинг моддий ресурсларидан фойдаланиш натижасида ташкилот обрўига ва иқтисодига зарар етказиш каби хавфларни бартараф этишга мўлжалланган дастур ҳисобланади.

Бундан ташқари, Адлия вазирлигида ушбу иллатни батамом йўқ қилиш мақсадида кичик, аҳамайятсиз кўринарли жиҳатларга ҳам эътибор қаратилмоқда. Масалан, биргина оддий маиший масала ҳисобланган ўзбекона меҳмондўстлик ҳам ноқонуний ҳаракатлар учун замин яратиши мумкин. Тизим ходимлари ҳудудларга хизмат сафарига борганда уни меҳмон қилиш арзимаган нарса бўлиб кўриниши мумкин, лекин бунинг оқибатида бошқа нохуш ҳолатлар масалан, меҳмон қилиш учун пул йиғиш, ноқонуний ишларга давъат қилиш, йўл қўйилган камчиликларга кўз йўмиш кабиларнинг келиб чиқишига сабаб бўлиши мумкин. Шу сабабли адлия органлари ходимларига ҳудудларга хизмат сафари давомида тизимдаги ва бошқа идоралар ходимлари билан умумий овқатланиш жойларига бориш тақиқланди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, фуқароларимизнинг фаоллиги кузатилмаса, коррупция ҳуқубузарликлари, тамагирлик каби ҳолатлар ҳақида тегишли давлат идораларини огоҳлантирмаса, хабар бермаса ушбу иллатдан бутунлай қутилишнинг иложи йўқ. Коррупцияга қўл уриш натижасида айрим ғаразли мақсадга эга шахсларнинг бу каби иллати сабабли ҳалол ва ўз меҳнат фаолиятига содиқлик билан сидқидилдан хизмат қилиб келаётган ходимларнинг ҳам номига доғ тушиши ачинарли ҳолатлардан яна биридир. Ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг содир этилишида, уларнинг кўпайишида ва ўз вақтида барҳам берилмаслигига ўзимизнинг бефарқлигимиз, лоқайдлигимиз сабаб бўлиб келмоқда. Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда бу тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган (“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 28-моддаси). Давлатимизнинг фаровонлиги, халқимизнинг эртанги куни, келажагимиз йўлида бир мақсад сари бирлашсаккина бу иллатнинг илдизини қуритишга эриша оламиз. Барчамиз коррупциянинг ҳар қандай кўринишига қарши курашишни аввал ўзимиздан бошлашимиз, бунга қарши маънан ва ҳуқуқий тайёрланишимиз, ушбу иллатнинг жамиятимиз келажаги учун хавфлилик даражасини тушуниб етишимиз зарур. Фуқароларимизнинг яъни ҳар бир шахснинг ўзи унинг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини тушунганида ва ўзида масъулият ҳис этган ҳолдагина коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади. Ҳар бир фуқаро қўрқмасдан ўз ҳуқуқларини тўлақонли амалга ошириши, ҳар қандай қонуний йўл билан уларнинг бузилишига йўл қўймаслиги, мансабдор шахсларнинг хатти-ҳаракатларига бефарқлик билан қарамаслиги, адолатсизлик бўлаётган пайтда шароитга бўйсуниш орқали вазиятга индамай кетмаслиги ва ўзининг мажбуриятларини сидқидилдан бажариши орқали нафақат коррупцияга, балки ҳар қандай жиноятга мукаммал қарши курашиш имкони юзага келади.

Одилбек Бегимқулов

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман суди раиси

ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ҚУРИЛГАН ҚУРИЛМАЛАРНИ БАРТАРАФ ЭТИШНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ хусусий мулк дахлсиз ва давлат ҳимоясидадир.

Якка тартибда уй қуриш фуқароларнинг уй-жойга бўлган талаб-эҳтиёжларини қондиришга хизмат қилади ва давлат якка тартибдаги уй-жой қурилишига ер участкаларини ажратиш, уй қуришга ссуда ва кредитлар бериш йўли билан ҳар тарафлама кўмаклашади.

Уйга бўлган мулк ҳуқуқи билан боғлиқ низоларга доир ишларнинг тўғри ҳал этилиши фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда якка тартибда уй қуришнинг белгиланган тартибига қатъий риоя этилишини таъминлашда, муҳим аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади.

Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.

Ўзбошимчалик билан иморат қуриш натижасида ҳуқуқлари бузилган шахснинг ёки тегишли давлат органининг даъвоси билан бундай иморат суднинг қарорига биноан иморатни қурган шахс томонидан ёки унинг ҳисобидан бузиб ташланиши лозим.

Хуш, суд амалиётида ўзбошимчалик билан қурилган қурилмаларни бартараф этишнинг қандай ҳуқуқий асослари бор деган савол туғилиши табиий.  

Қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини эътироф этиш тўғрисидаги, шу жумладан ана шундай уйга нисбатан олди-сотди, ҳадя, айирбошлаш, мерос олиш билан, шунингдек уйни бўлиш билан боғлиқ даъволар, ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс ёки бошқа манфаатдор шахс томонидан тақдим қилинганидан қатъи назар, судларга тааллуқли эмас.

Айни вақтда шуни ҳам назарда тутиш зарурки, қонун ўзбошимчалик билан уй қурган шахснинг ва бошқа манфаатдор шахснинг даъволари, агар талаб мулк ҳуқуқи билан боғлиқ бўлмаган, хусусан қурилиш материалларига бўлган ҳуқуқни эътироф этиш, уйга кўчириб киритиш, уйдан фойдаланиш тартибини белгилаш тўғрисида берилган бўлса, судлар томонидан кўриб чиқилишини истисно этмайди.

Шунингдек, белгиланган тартибда ажратиб берилган ер участкасида қурилган янги уйга бўлган мулк ҳуқуқи Фуқаролик кодексининг 210-моддасига асосан давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан эътиборан вужудга келади. Мухтасар қилиб айтганда, ўзбошимчалик билан қурилган иморатга нисбатан мулк ҳуқуқини қонуний асосларда қўлга киритиши, кадастр идораси томонидан давлат рўйхатидан ўтказилиши, мулкдор ўз ҳуқуқларини амалга оширишда бошқа шахсларнинг ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузмаслиги, ҳар ким қонуний асосларда мулкдор бўлиши мақсадга мувофиқ ҳисобланади.

Ш.Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.

Суд ҳужжатини ижро этмаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сонли Қонуни 2022 йил 12 апрелдан кучга кирган бўлиб, мазкур қонунга кўра, бир нечта Кодексларга ўзгартиришлар киритилди.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси қуйидаги тартибда 232-1-моддаси билан тўлдирилди.

«2321-модда. Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш

Суд ҳужжатларини ва бошқа органлар ҳужжатларини мажбурий ижро этиш жараёнига аралашиш, яъни ижро ҳужжатининг ижро этилишига тўсқинлик қилишни ёки давлат ижрочисига турли шаклда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказишни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, —

базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатдан тўрт юз саксон соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки бир йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ўша қилмишлар мансабдор шахс томонидан содир этилган бўлса, — муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки юз бараваридан уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади».

2022 йил 11 апрелдаги ЎРҚ-762-сонли Қонунига Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 1982-моддаси амалда қуйидаги таҳрирда баён этилган.

1982-модда. Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик

Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик, яъни қарздорнинг даромадлари ва мулкий аҳволи ҳақида нотўғри маълумотлар берганлик, ижро ҳужжатини йўқотганлик, ундирувни қарздорнинг иш ҳақидан ҳамда унга тенглаштирилган тўловлардан ушлаб қолиш учун юборилган ижро ҳужжатларини ижро этиш, уларнинг ҳисобини юритиш ва уларни сақлаш тартибини бузганлик, шунингдек қарздор ўзининг янги иш, ўқиш жойи, пенсия ва бошқа даромадлар олиш жойи ҳақида маълум қилмаганлиги, —

фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга эса — ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Мухтасар қилиб айтганда, юқоридаги қонуннинг қабул қилиниши суд қарорларнинг ижро этилиши жараёнида жисмоний ёки юридик шахслар зиммасига пул маблағлари ва бошқа мол-мулкни ўзга шахсларга бериш ёхуд улар фойдасига муайян ҳаракатларни амалга ошириш ёки бундай ҳаракатларни амалга оширишдан ўзини тийиш мажбуриятини юклаш каби муносабатларни тартибга солишда масъулиятини оширишга хизмат қилади.

Ш.Элиев

Сурхондарё вилоят суди судьяси

МАМЛАКАТ ТАРАҚҚИЁТИ ВА ЖАМИЯТ РАВНАҚИГА ЖИДДИЙ ТАЪСИР ЭТУВЧИ БУ – КОРРУПЦИЯДИР

Жамиятда шундай иллатлар борки, у маълум бир соҳага эмас, балки бутун жамият тараққиётига тўғаноқ бўлади. Давлатни ич-ичидан емирадиган ана шундай иллат – коррупция ва порахўрликдир. Айнан шу иллат сабабли кўплаб давлатларнинг инқирозга юз тутгани ҳам тарихдан маълум.

Коррупция бир давлат эмас, балки бутун бир минтақа ёки жаҳон тараққиётига таҳдид солувчи иллатдир. Чунки у демократия ва ҳуқуқ устуворлигига путур етказади, инсон ҳуқуқларининг бузилишига олиб келади, иқтисодиётни издан чиқаради, уюшган жиноятчиликнинг кенг ёйилишига шароит яратиб беради.

Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.

Қонун ҳужжатларида коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган: «Коррупция – давлат органлари ходимлари моддий ёки мулкий йўсинда, ғайриқонуний шахсий наф кўриш мақсадида, ўз хизмат мавқеидан фойдаланишида ифодаланадиган ижтимоий ҳодисадир»​.

Аслида коррупция бирор мансабдор шахснинг қонунчилик ва ахлоққа зид равишда ўзининг бошқарув ваколатлари ва ҳуқуқларидан шахсий манфаатлар мақсадида фойда олишидир.

Иқтисодчи Бэрдхеннинг фикрига кўра, макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин.

Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.

Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Юқорида таъкидланганидек, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланиб, фуқароларнинг фаоллиги, ижтимоий ҳодисаларга бефарқ эмаслиги ҳамда ҳар бир давлат хизматчисининг ўз фаолияти жамоатчилик назоратида эканини чуқур ҳис этиши коррупцияга қарши курашишнинг муҳим шартидир.

                                                                                                Жамшид Хомидов

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

иқтисодий ишлар бўйича судлов ҳайъати раиси

      

Skip to content