Фирибгарлик – алдаш, инсоннинг ишончини суиистеъмол қилиш эвазига амалга ошириладиган тубан жиноятлардан ҳисобланади. Бу одамлар ўртасида, компаниялар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган хавфли жиноятдир. Ташқи муҳитдан югурик сув мисоли оқиб кирадиган минг бир иллатлар тури борки, уларнинг лоақал биттаси ҳам инсон руҳиятида қолиб кетса, унинг ҳаёт тарзи давомида у чуқур илдиз отиб ўрнашиб олиб, жиноят содир этиш кўчасига киришга йўллайди.
Жорий йилнинг апрель ойида Р.Фарходов К.Равшанов (исм шарифлар ўзгартирилган) билан танишиб қолади. Р.Фарходов ўзининг қабих режасини амалга ошириш мақсадида К.Равшановнинг уйига боради. У гўёки ўзини чорва молларининг олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, унинг 4 бош қора молини 41.000.000 сумга келишиб ва пулларни 1 ой муддат ичида беришни ваъда қилиб К.Рнинг молларини олиб кетади. Аммо айтилган муддат тугагач, Р.Фарходовдан ҳам ваъда қилинган пуллардан ҳам дарак бўлмайди.
Бундан ташқари, Р.Фарходов ўзининг содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмай қолганлигидан фойдаланиб 2022 йилнинг май ойида Ангор туман «Юқори Таллашқон» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Тўрабоев билан танишиб қолиб, гўёки чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Т.Тўрабоев ва унинг шериги Ангор тумани «Юқори Хўжақия» маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Эргашевга тегишли бўлган 23 бош қўйларини 36. 800.000 сўмга насия шарти асосида сотиб олади ва 16.800.000 сўм миқдоридаги қисмини бериб, қолган 20.000.000 сўм миқдоридаги қисмини 7 кун муддат ичида беришини ваъда қилиб, айтилган муддат келганда мазкур пулларни Т.Тўрабоев ҳамда Ғ.Эргашевларга бермасдан пулларни ўзининг шахсий ҳаражатларига ишлатиб юбориб, қасддан фирибгарлик жиноятини содир этган.
Мазкур жиноят иши тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи Р.Фарходовга нисбатан жазо тайинлашда суд, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарар қопланганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни ғараз ниятда содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.
Судланувчи Р.Фарходовга яна бир бор имкон берилиб, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шу ўринда, боболаримизнинг “нима эксанг шуни ўрасан” деган мақоллари нақадар тўғри эканлиги яна бир бор исботини топади.
Б.Чаршанбиев
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди девонхона мудири
Жиноят процессидаги реабилитация институти ҳақида сўз юритишдан аввал “реабилитация” сўзининг маъноси ва ушбу тушунча қайси соҳаларда қўлланилиши ҳақида хабардор бўлиш мақсадга мувофиқдир.
“Реабилитация” сўзи лотинча “rehabilitatio” сўзидан олинган бўлиб, “тиклаш” деган маънони англатади. Реабилитация тушунчаси юридик соҳадан ташқари, тиббиёт ва ижтимоий соҳадан ҳам қўлланилади.
Ижтимоий реабилитация деганда эса – ногиронлик, миграция, одам савдоси, ишсизлик ва бошқа шу каби муаммолар оқибатида шахс ёки шахслар гуруҳининг йўқолган ёки чекланган ижтимоий ҳуқуқларини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.
Тарихдан маълумки, шўролар давридаги қатағон қурбонлари шунингдек, ўз ватанларидан мамлакатнинг олис жойларига мажбурий равишда кўчирилган айрим халқлар ҳам реабилитация этилган.
Реабилитация ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаровий жамият қуришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.
Жиноят процессида шахсни реабилитация этиш деганда ‑ жиноят содир этишда асоссиз гумон қилинган ёхуд айбланган шахснинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр қимматининг тикланиши тушунилади.
Маълумки, жиноят процессида шахс тўла ёки қисман реабилитация этилиши мумкин. Шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг (кейинги ўринларда ЖПК) 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра айбсиз деб топилиб, жиноий жавобгарликдан батамом озод қилинган ҳолларда у тўла реабилитация этилган ҳисобланади.
ЖПКнинг 83-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим:
1) иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;
2) унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;
3) унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса.
Шунингдек, ЖПКнинг 303-моддасига кўра, шахсни қисман реабилитация этиш учун қуйидагилар асос бўлади:
1) шахснинг қамоқда ёки уй қамоғида сақлаб турилганига қараганда камроқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ёки озодликни чеклашга ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганлиги;
2) ҳукмдан айбловнинг қисман чиқариб ташланганлиги ва бунинг натижасида қонунга кўра қамоқда ёки уй қамоғида сақлаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш мумкин эмаслиги;
3) озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш муддатининг юқори суд томонидан ҳақиқатда ўталган муддатга қараганда камайтирилганлиги ёхуд бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштирилганлиги;
4) жиноий жазо тайинламай ҳукм чиқарилган ҳолларда ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғининг, тиббий муассасага жойлаштиришнинг асоссизлиги.
Шахс тўла реабилитация этилган ҳолларда, унда мулкий, маънавий зиённи тўлиқ қоплашни ва бошқа ҳуқуқларини тўлиқ тиклашни талаб қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.
Қисман реабилитация этиш эса айбланувчига ёки маҳкумга етказилган мулкий зиённинг асоссиз қисми қопланишига ва маънавий зиён оқибатларининг асоссиз қисми бартараф қилинишига сабаб бўлади.
1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;
2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;
3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;
4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;
5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;
6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.
Реабилитация этилган шахс вафот этган тақдирда юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнларни (пенсия ва нафақалардан ташқари) ундириш ҳуқуқига унинг меросхўрлари, пенсия ва нафақаларни ундириш ҳуқуқига эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлган шахслар жумласига кирувчи оила аъзолари эга бўладилар.
Юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнлар (пенсия ва нафақалардан ташқари) молия органлари томонидан, пенсия ва нафақалар эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Бундан ташқари, реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.
Шунингдек, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим. Корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим.
Шу билан бирга, реабилитация этилган шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.
Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, ушлаб турилгани ёки тиббий муассасага жойлаштирилгани туфайли ўқув юртидан ҳайдалган шахс илтимосига кўра ўқишга тикланиши шарт.
Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилгани туфайли уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахсга илгари у эгаллаб турган уй-жой қайтарилади, башарти уни қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, ўша аҳоли пунктининг ўзида аввалгисига тенг қулайликларга эга бўлган уй-жой берилади.
Қонунга хилоф равишда ҳукм қилинганлиги ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги муносабати билан паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахсга янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) бериш йўли билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади.
Шунингдек, шахс ушлаб турилганлиги, қамалганлиги ёки уй қамоғида турганлиги, лавозимидан четлаштирилганлиги, тиббий муассасага жойлаштирилганлиги ёки ҳукм қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинган, радио, телевидение ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган бўлса, реабилитация этилган шахснинг, у вафот этган бўлса, қариндошларининг, суд, прокурор, терговчининг ва суриштирувчининг талабига кўра тегишли оммавий ахборот воситалари унинг реабилитация этилганлиги тўғрисида бир ой ичида хабар беришлари шарт.
Мулкий зиён тўланишини манфаатдор шахслар терговчи, прокурор ёки суддан 2 йил мобайнида, бошқа ҳуқуқларни тиклашни 1 йил мобайнида талаб қилишлари мумкин. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган ёки ҳукм қилинган шахснинг реабилитация этилиши нафақат ўша шахс, унинг оиласи ва яқин қариндошлари учун ҳам, балки бутун жамиятимиз учун ҳам адолат тантанаси бўлиб ҳисобланади.
Мамлакатимизда иқтисодий суд ишларини юритишнинг асосий вазифаларидан бири — иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.
Бугунги кунда бизнес вакиллари, тадбиркорлар ва фермерларнинг қонуний манфаатлари устуворлигини таъминлаш, уларнинг эркин фаолият кўрсатиш учун ҳар томонлама имконият яратиш, муаммоларини жойида бартараф этиш давлат органлари, жамоат ташкилотлари фаолиятининг энг асосий йўналишларидан бирига айланди.
Шу билан бирга, даъво ишларини кўриш жараёнида айрим давлат органларининг ўз ишига совуққонлик билан қараши оқибатида фермер хўжалигининг оғир меҳнат эвазига етиштирилган мўл ҳосили нобуд бўлишига йўл қўйилаётгани ҳам кузатилмоқда. Бунда миллионлаб зарар етказилган ҳолатлар ҳам аниқланиб, сарф-харажатлар, бой берилган фойда айбдор ташкилотлардан сўзсиз ундириб берилмоқда.
Контрактация шартномаси Ўзбекистон Республикаси Фуқоролик кодексида батафсил баён этилган.
Контрактация шартномасига мувофиқ, қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштирувчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш ёки сотиш учун бундай маҳсулотни харид қиладиган шахсга –– тайёрловчига шартлашилган муддатда топшириш (топшириб туриш) мажбуриятини олади, тайёрловчи эса бу маҳсулотни қабул қилиш (қабул қилиб туриш), унинг ҳақини шартлашилган муддатда муайян баҳода тўлаш (тўлаб туриш) мажбуриятини олади.
Агар ушбу Кодексда бошқача тартиб белгиланган бўлмаса ёки у мажбурият моҳиятидан келиб чиқмаса, контрактация шартномасига нисбатан маҳсулот етказиб бериш шартномаси тўғрисидаги қоидалар, тегишли ҳолларда эса давлат эҳтиёжлари учун товарлар етказиб беришга доир давлат контракти тўғрисидаги қоидалар қўлланади.
Агар маҳсулот етиштирувчи ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган мажбуриятларини бажармаганлиги оқибатида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти контрактация шартномасида назарда тутилган миқдор ва ассортиментда олинмаслиги олдиндан маълум бўлиб қолса, тайёрловчи шартномани бекор қилишни ёки ўзгартиришни ва зарарни қоплашни талаб қилишга ҳақли.
Агар контрактация шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, тайёрловчи етиштирувчи жойлашган ерда ундан қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қабул қилиши (қабул қилиб туриши) ва олиб кетишни таъминлаши (таъминлаб туриши) шарт.
Тайёрловчи қишлоқ хўжалиги маҳсулотини олиб кетишни ёки қабул қилиб олишни таъминламаган тақдирда етиштирувчига қишлоқ хўжалиги маҳсулотининг қийматини ва уни келтириш харажатларини тўлайди.
Контрактация шартномасига мувофиқ, олинган қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлайдиган тайёрловчи етиштирувчининг талабига кўра қишлоқ хўжалиги маҳсулотини қайта ишлаш чиқиндиларини тарафлар келишган нархда етиштирувчига қайтариши шарт деб белгиланган. Хулоса қилиб айтганда, иқтисодиёт соҳасида фаолият юритувчи корхона, муассаса, ташкилот ҳамда фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш иқтисодий судларнинг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади.
Бердибой бироз кўча айланиб, улфатлари билан ширингуфторлик қилиб, кечки пайт уйига қайтди. Уйга кириб ҳовлида уй-ишларини қилиб юрган келинига кўзи тушди. У бир паст қаққайиб турдида ўзича келинини камситиб, сўка бошлади.
Шунча ҳақоратли ширин гапларни эшитсада, келини у томон бурилиб ҳам қарамади. Уни бундай “нордон” гапларини келини Дилором кун ора эшитиб “аллергияси” ҳам чиқмай қолган.
Бундай бўлишини қайноғаси сира ҳам кутмаган чоғи, келинидан кўз ёш қилиб, тиз чўкиб ялинишга тушди. Бу вақт эса суд ўз қарорини чиқариб бўлган эди. Бердибой Ғуломовга тилини тиёлмагани учун ўн баравар, қўлини ножўя ҳаракатига тўрт баравар белгиланган жарима тайинланди.
Коррупция – барча жамоатчилик институтларини нормал фаолият юритиши ва механизмига путур етказади, давлат ва жамият ҳаётининг барча жабхаларида туб ислоҳотларни амалга оширишга тўсқинлик қилади. Инсон ҳуқуқ ва эркинликларни бузилишига олиб келади, жамиятда давлат ҳокимиятига нисбатан ишончсизликни вужудга келтиради ва мамлакат хавфсизлигига хавф туғдиради.
Давлат органлари фаолиятининг лозим даражада шаффоф эмаслиги, коррупция сабабларини пухта ва тизимли равишда таҳлил этилмаслиги, коррупция масалаларида, криминоген ҳолат юзасидан соҳада профилактика ишларини олиб боришда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва бошқа давлат органларини – фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги лозим даражада эмаслиги – коррупцияни янада ривожланишига кўмаклашади.
Коррупция мурракаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун бирёқлама чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди. Ушбу фаолият комплекс-мажмуавий тарзда амалга оширилишини талаб этади.
Коррупцияни олдини олиш бўйича чораларни амалга ошириш – соҳа субъектларининг ўзаро мувофиқ фаолиятига асосланган давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан ҳисобланади.
Мамлакатимиз мустақилликка эришган илк даврдаёқ – коррупцияга қарши курашиш масаласига умумдавлат миқёсидаги вазифа сифатида қаралиб, унинг олдини олиш, соҳасидаги қонунчилик базасини яратиш бўйича изчиллик билан, мунтазам равишда – туб ислоҳотлар олиб борилмоқда ҳамда самарали ва мақсадга йўналтирилган чоралар кўрилмоқда.
Жумладан, мамлакатимизда – коррупцияни самарали олдини олиш, давлат қурилиши ва бошқарувининг барча соҳаларида демократик ислоҳотларни ўтказиш, хавфсизлик ва барқарорликни сақлашга қаратилган ва Конституцияга асосланган – мустаҳкам норматив-ҳуқуқий база шакллантирилди.
Мазкур ҳуқуқий база – 18 та – Кодекс; 50 дан ортиқ – Қонун ва 100 дан ортиқ – қонуности ҳужжатларини ўз ичига қамраб олади.
Бюджет ташкилотларининг асоссиз, мақсадсиз харажатларини олдини олиш, ҳисоб-китоб интизомига сўзсиз амал қилиниши устидан назорат қилиш – асосий вазифалари ҳисобланган махсус молия органи – Молия вазирлиги ҳузурида Ғазначилик бошқармаси ташкил этилди.
Жиноят кодекси, Жиноят-прцессуал кодекси, “Судлар тўғрисида”, “Прокуратура тўғрисида”ги Қонунларнинг қабул қилиниши – коррупцияга қарши курашиш борасидаги ҳуқуқий механизмларни мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан – коррупция соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни самарали олдини олиш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалий рўёбга чиқаришга имкон берувчи коррупциявий қилмишларни аниқлаш ҳамда уларни олдини олиш борасида фаолият олиб борилмоқда.
Суд ҳокимиятининг мустақиллиги, судьяликка номзодлар захираси шакллантирилишининг демократик асослари, судья кадрларни танлаш ва жой-жойига қўйиш ишларида очиқлик ва ошкораликни таъминлаш, судьялар корпуси барқарорлиги ва самарадорлигини мустаҳкамлаш мақсадида – Президентимизнинг 2017 йил 21 февралдаги Фармонига мувофиқ – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилди.
Бош прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар тузилмасида – коррупцияга қарши кураш хамда ички хавфсизлик бўйича махсус бўлинмалар ташкил этилиб, хозирда улар самарали фаолият олиб бормоқдалар.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан коррупция соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни самарали олдини олиш ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципини амалий рўёбга чиқаришга имкон берувчи коррупциявий қилмишларни аниқлаш ҳамда уларни олдини олиш борасида фаолият олиб борилмоқда.
Коррупцияга қарши курашда муҳим институционал механизм сифатида жиноий даромадларни легаллаштириш ва бошқа коррупциявий ҳуқуқбузарликларни олдини олиш, уларни аниқлашга қаратилган комплекс чора-тадбирларни тизимли равишда амалга ошириш мақсадида – Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаменти ташкил этилди.
Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасида биринчилардан бўлиб жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашишга ва миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мувофиқлаштиришга қаратилган комплекс ҳуқуқий чора-тадбирлар назарда тутилган – “Жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштиришга ва терроризмни молиялаштиришга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни қабул қилди.
Бундан ташқари, “Ўзбекистон Республикасида жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Парламент назорати тўғрисида”ги, “Ички ишлар органлари тўғрисида”ги ва “Коррупцияга қарши кураш тўғрисида”ги Қонунлар коррупцияга қарши курашишда анча аҳамиятли ҳужжатлар ҳисобланади.
Президентимиз 2020 йил 24 январь куни Олий Мажлига қилган Мурожаатномасида “Жамиятимизда коррупция иллати ўзининг турли кўринишлари билан тараққиётимизга ғов бўлмоқда. Бу ёвуз балонинг олдини олмасак, ҳақиқий ишбилармонлик ва инвестиция муҳитини яратиб бўлмайди, умуман, жамиятнинг бирорта тармоғи ривожланмайди” деб таъкидлаб ўтган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўрисида”ги Фармони қабул қилиниб, мазкур Фармонга асосан Ўзбекистон Республикасида коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Агентлиги ташкил қилинди.
Шунингдек, юртбошимиз томонидан 2021 йил 6 июль куни коррупцияга қарши курашиш бўйича яна бир мухим ҳужжат, яъни “Коррупцияга қарши муросасиз муносабатда бўлиш муҳитини яратиш, давлат ва жамият бошқарувида коррупциявий омилларни кескин камайтириш ва бунда жамоатчилик иштирокини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонга имзоланди. Ушбу ҳужжатга асосан мамлакатимизда қоррупцияга қарши курашиш бўйича ҳамда ошкоралик ва шаффофликни таъминлаш мақсадида қатор вазифалар белгиланди. Бу саъй-ҳаракатларнинг бари келажак истиқбол йўлидаги жонкуярликлардир. Шу маънода, “Сен менга тегма, мен сенга тегмай”, “Нима бўлса бўлар, менга нима? Ўзим тинч бўлсам бўлди-да”, деган фикр билан яшамасак, инсоннинг энг катта душмани – лоқайдлик, бефарқликка берилмасак, бир мақсад йўлида бирлашиб, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамасак, бу – ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишда кўплаб қонун ҳамда қонуности ҳужжатлари қабул қилинмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори бунга мисол бўла олади. Ушбу қарорда, ҳимоя ордерини бериш тартиби, ҳимоя ордерининг ижросини таъминлаш тартиби, амал қилиш муддатини узайтириш тартиби, амал қилиш муддатини тугатиш тартиби, ҳимоя ордери бериш фаолияти устидан мониторинг олиб бориш тартиблари келтирилган.
Ҳимоя ордери бу — тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи, хотин-қизларга тазйиқ ўтказаётган ёки уларга нисбатан зўравонлик содир этган шахсга ёхуд бир гуруҳ шахсларга нисбатан ушбу Қонунда белгиланган таъсир кўрсатиш чоралари қўлланилишига сабаб бўладиган ҳужжат.
Ушбу ордерни бериш учун, тазйиқ ва зўравонлик қурбонининг мурожаати, жисмоний ёки юридик шахсларнинг хабарлари, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари ва (ёки) ижтимоий тармоқлар орқали тарқалган хабарлар, давлат органларидан ва бошқа ташкилотлардан олинган материаллар, тазйиқ ёки зўравонлик содир этиш ёхуд уларни содир этишга уриниш ҳолатларининг ваколатли органлар ва ташкилотлар ходимлари томонидан бевосита аниқланиши, ҳолатларда ҳимоя ордерини бериш учун асос ҳисобланади.
Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ва ташкилотлар жабрланган хотин-қизлар бўйича маълумотга эга бўлгач белгиланган шаклдаги хабарномани дарҳол ички ишлар органларига тақдим этади. Хабарнома қонун ҳужжатларига мувофиқ ички ишлар органлари навбатчилик қисмидаги дафтарда қайд этилади. Тазйиқ ва зўравонлик тўғрисида ҳабар берган шахслар ва тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизлар тўғрисидаги шахсга доир маълумотлар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда қўриқланади. Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмида белгиланган тартибда қайд этилган мурожаатлар ва хабарлар дарҳол профилактика инспекторига тақдим этилади.
Шунингдек, профилактика инспектори ички ишлар органлари навбатчилик қисмлари томонидан тақдим этилган мурожаатлар ва хабарларни 24 соат мобайнида ўрганиб чиқади ҳамда ўрганиш давомида, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахслар ҳамда бошқа шахслар билан ҳолат юзасидан суҳбат ўтказади. жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахснинг турмуш тарзи, тазйиқ ва зўравонлик содир этилишининг келиб чиқиши сабаблари ва шарт-шароитларини ўрганади, жабрланувчи ва зўравонлик содир этган шахсларни ижтимоий реабилитация қилиш ва ижтимоий мослаштириш чора-тадбирларини амалга оширади.
Профилактика инспектори мурожаат ва хабарларни ўрганиш якуни бўйича, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланган тақдирда — ҳимоя ордерини расмийлаштиради. Ҳимоя ордери ўттиз кун муддатгача берилади ва ушбу ордер расмийлаштирилган пайтдан эътиборан кучга киради. Зўравонлик содир этган шахсларга ҳимоя ордери берилганлиги тўғрисида жабрланувчининг розилиги билан фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларини, шунингдек, бошқа тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларни хабардор қилади, тазйиқ ва зўравонлик ҳолатлари аниқланмаган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ тегишли чораларни белгилайди ҳамда бу ҳақда фуқаролар йиғини раиси, котиби, хотин-қизлар билан ишлаш ва оилаларда маънавий-ахлоқий қадриятларни мустаҳкамлаш бўйича мутахассис иштирокида далолатнома расмийлаштиради, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексида назарда тутилган жиноят белгилари аниқланган тақдирда ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиш билан бир вақтда иш материалларини жиноий жавобгарлик масаласини ҳал қилиш учун тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органга юборади. Ўн саккиз ёшга тўлмаган жабрланувчиларнинг ҳимоя ордерини бериш тўғрисидаги аризаси уларнинг қонуний вакили ёки васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқилади. Шахс ҳимоя ордерини олишни ва уни имзолашни рад этганда, профилактика инспектори холислар иштирокида далолатнома тузади ҳамда уни ушбу хатти-ҳаракатни давом эттирган тақдирда қонун ҳужжатларига мувофиқ жавобгарликка тортилиши тўғрисида расмий огоҳлантиради ва бу ҳақда жабрланувчини хабардор қилади.
Инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатли ҳимоя қилиш, қонун устуворлигини таъминлашга қаратилган ислоҳатлар изчил давом эттирилмоқда. Сўнги йилларда суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ этиш борасида дадил масалалар юзасидан бир қанча қонун, фармон ва қарорлар қабул қилинди.
Адолат бу – давлатчиликнинг мустаҳкам пойдеворир. Адолат ва қонун устиворлигини таъминлашда эса суд ҳокимияти ҳал қилувчи ўринни эгаллайди. Шу нуқтаи назардан қарайдиган бўлсак бу борада ҳали қиладиган ишларимиз жуда кўп. Бу албатта, “Бир суд – бир инстанция” тамойили суд қарорларининг адолатли, қонуний ва барқарорлигини тайинлашда бош мезон ҳисобланади.
Хабарингиз бор илгари вилоят судлари чиқарган қарор устидан берилган шикоятлар шу судларнинг ўзида кўриб чиқилар эди. Энликда бир-бирини такрорлайдиган суд босқичлари қисқартирилиб, одил судловга хос бўлмаган ишларни назорат тартибида кўриш амалиёти бекор қилинди.
Бундан ташқари, яна бир муҳим масала фуқаролик, иқтисодий ва жиноят ишлари бўйича вилоят даражасидаги учта судлар битта суд сифатида бирлаштирилганлиги аҳоли ва тадбиркорларга катта қулайликларни яратилди.
Шунингдек, суд муҳокамасига қадар судда ишларни дастлабки эшитиш амалиёти янги тартиб сифатида жорий этилди. Бунда ишни тўхтатиш ёки тугатишга асос етарли бўлса, суд ишини аввалгидай тергов ёки прокурорга қайтармасдан, ўзининг якуний қарорини қабул қилади.
Яна бир муҳим янгилик – инвесторлар ҳуқуқларини муносиб ҳимоя қилиш мақсадида Олий судда инвестициявий низолар ва рақобатга оид ишларни кўриш бўйича махсус судлов таркиби ташкил этилди.
Энди инвесторлар, ўз ҳохишига кўра низони ҳал қилиш учун тўғридан-тўғри олий судга мурожаат қилиши мумкин. Суд тизимида рақамлаштириш янада кенгайтирилиб фуқароларимизга суд биносига келиб юрмасдан, “онлайн” тартибда мурожаат қилиш имконияти яратилди. Шунингдек, фуқаролар ўз аризаларини кўриб чиқиш жараёнини масофадан туриб онлайн тартибда кузатиб боришлари мумкин. Яна шуни айтиш жоизки, келгусида жазони ижро этиш тизимида инсонпарварлик тамойилини кенг қўллаш борасида ишлар давом эттирилиб, халқаро стандартлардан келиб чиқиб, манзил-колониялар босқичма-босқич қисқартирилиши кўзда тутилган.
Ҳозир ким кўп, иш сўровчи кўп. Шунга яраша ҳожатбарорлар ҳам етарлича топилади. Рахима деган қиз ҳам иш қидириб, суриштириб юриб Бобурга учрашиб қолди. У ҳам йўқ демай, майли суриштираман, чиқиб қолса хабар бераман, деб қўл телефон номерини олиб қолди.
Бобурга анчагина пул керак бўлиб боши қотиб юрганда, бирданига уч, тўрт ой илгари иш қидириб юрган Рахима деган қиз эсига тушиб қолди. Ён дафтаридаги ёзиб олиб қолган телефон номерига чиқди. Йўқ у ҳам кўп куттирмади. Ало деб телефонини олди. Бир келгинда, иш чиқиб қолди. Иш керакмасми бир зумда етиб келди.
Мана шу болалар поликлиникасидан тозаликбонлик иш чиқиб қолди. Катталар билан гаплашиб ишга қўйдираман, эвазига тўрт юз доллар берасан, -деди. Яхши мен уйдагилар билан гаплашай, акажон албатта менга иш керакда, бекорчилик жонга тегди, деб уйига кетди.
Орадан икки, уч кун ўтгач у Бобурга телефон қилиб, ака унча чиқмаяпти, ҳозирча икки миллион бор, нима қилай. Борини олиб келаверчи, қолганини ишга киргач берасан, деб уни чақиради.
Қушдай учиб келган Рахимани Бобур табассум билан ўз хонасида кутиб олади. Ҳалиги олиб келган иккитани олиб энди сумкасига солмоқчи бўлган ҳам эдики, бегона кишилар эшигини очиб ичкарига кириб келишди. Ўзларини таништириб, шу ерни ўзида ҳужжат қилишди. Бобур Халилов бира тўла бойимоқчи эди, унинг ишига депортамент ходимлари панд берди. Энди у тегишли жазосини олиб сабоқ чиқаради. Унинг бу фирибгарлиги бир зумда тиббиётчилар орасида тарқаб миш-мишга айланди.
Мамлакатимизда жамиятнинг пойдевори сифатида оила институтини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, оила манфаатларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий асосларини кучайтириш, унинг хавфсизлигини ва уйғунлигини қўллаб-қувватлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Кўрилган чоралар хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини ошириш, уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига шак-шубҳасиз риоя қилиш, маънавий-ахлоқий асосларни ва оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш учун пойдевор яратмоқда.
Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Қонунлари ва шу соҳага оид қонун ҳужжатлари асосида хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ишончли ҳимоя қилинишини таъминлаш борасидаги ишлар самарадорлигини ошириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати таркибида аёллар ҳуқуқларини таъминлаш ва камситишнинг ҳар қандай шаклига барҳам бериш бўйича миллий қонунчиликда халқаро стандартларни уйғунлаштириш билан шуғулланувчи янги Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил қилинди.
Бундан ташқари, меҳнатга оид ҳуқуқларнинг кафолатлари ва қўллаб-қувватлашни янада кучайтириш, уйдаги зўравонлик қурбонларига ёрдам бериш мақсадида Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган шахсларни реабилитация қилиш ва мослаштириш ҳамда ўз жонига қасд қилишнинг олдини олиш республика маркази ва Хотин-қизлар тадбиркорлиги маркази, Ҳукумат ҳузуридаги “Оила” илмий-амалий тадқиқот маркази каби янги тузилмалар ташкил топди.
Айни шу чора-тадбирларнинг узвий давоми сифатида жорий йилнинг 22 ноябрь куни Ўзбекистон Республикасида “Биз зўравонликка қаршимиз” шиори остида фаол ҳаракатлар кампаниясига старт берилиши келгусида ўз жонига қасд қилишга мойил хулқ-атворни ҳамда жамиятдаги ва оиладаги маънавий-ахлоқий муҳитга салбий таъсир кўрсатувчи бошқа ҳолатларни қўзғата оладиган оилавий ва шахслараро низоларнинг, депрессив вазиятларнинг эрта олдини олиш, шунингдек, ушбу жараёнда кенг жамоатчилик иштирок этишини таъминлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш тизимини йўлга қўйишда, юзага келадиган низоли вазиятларни, шу жумладан оилавий-маиший зўрлик ишлатиш сабабларини ўрганиш ва уларни бартараф этиш чораларини кўриш, жамиятда оилавий-маиший тусдаги зўрлик ишлатишнинг ҳар қандай кўринишига нисбатан, биринчи навбатда, яқин қариндошлар томонидан муросасиз муносабат муҳитини, шу жумладан жазо муқаррарлигини таъминлаш, оғир ижтимоий аҳволдаги шахсларни қўллаб-қувватлаш орқали қарор топтириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни ошириш, оилавий ва шахслараро муносабатлар соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш, ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш жараёнларига дахлдорлик ҳиссини кучайтириш ижтимоий реабилитация қилиш ва мослаштириш, шунингдек, оилавий-маиший зўрлик ишлатишнинг олдини олиш тизимини такомиллаштириш каби устувор йўналишларнинг амалга ошишига ҳисса қўшади. Зеро, гендер зўравонлик – бу глобал муаммо бўлиб, жамиятда бундай зўравонликка ҳеч қандай ҳолатда ҳам кўз юмиб турмасдан, таълим ва оммавий ахборот воситалари орқали ҳар қандай кўринишдаги зўравонликни инкор этадиган, унга тоқат қила олмайдиган муҳит яратишда ҳисса қўшишимиз зарур бўлади.
Иқтисодий судлар амалиётида қабул қилинган ҳамда қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини қайта кўриш амалиёти мавжуд.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси асосий тартибга солувчи норматив ҳуқуқий-ҳужжат ҳисобланади.
Бундан ташқари, қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал тартибни амалга оширишда тавсиявий ҳарактерга эга бўлган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 2003 йил 25 июлдаги Қарори ҳам мавжуд.
Бунда, янги очилган ҳолатлар деганда, очилган фактик ҳолатлар аслида мавжуд бўлиб, бироқ суднинг ишни кўриш вақтида ҳисобга олиши мумкин бўлмаган, аризачига ва судга номаълум бўлган ёки маълум бўлиши мумкин бўлмаган, суд ҳужжатлари қабул қилингандан кейингина маълум бўлган ҳолатларни тушуниш лозим.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида ариза берувчи шахслар қуйидагилар ҳисобланади:
ишда иштирок этувчи шахслар;
иштирок этувчи шахсларнинг ҳуқуқий ворислари;
суд жаримаси солинган шахслар;
Ишда иштирок этувчи прокурор (иштирок этган иши юзасидан).
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш ҳақида аризасини кўриш тартиби:
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза ушбу суд ҳужжатини қабул қилган судга суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан бир ойдан кечиктирмай, ишда иштирок этувчи шахслар томонидан берилади.
Ариза беришнинг ўтказиб юборилган муддати, ариза билан мурожаат қилган шахснинг илтимосномаси бўйича, агар илтимоснома қайта кўриш учун асос бўладиган ҳолатлар очилган кундан эътиборан олти ойдан кечиктирмай берилган бўлса ва суд муддатни ўтказиб юбориш сабабларини узрли деб топса, суд томонидан тикланиши мумкин.
2) ишда иштирок этувчи шахсларнинг номлари (фамилияси, исми, отасининг исми), уларнинг жойлашган ери (почта манзили) ёки яшаш жойи;
3) аризачи янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришни талаб қилаётган суд ҳужжатини қабул қилган суднинг номи, ишнинг рақами, суд ҳужжати қабул қилинган сана, низо предмети;
4) аризачининг ҳужжатларга ҳавола қилинган фикри бўйича суд ҳужжатини қайта кўриш учун асос бўладиган янги очилган ҳолат;
5) ариза бераётган шахснинг талаби;
6) илова қилинаётган ҳужжатларнинг рўйхати.
Аризага қуйидагилар илова қилинган бўлиши керак:
1) янги очилган ҳолатларни тасдиқловчи ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари;
2) ариза ва ҳужжатларнинг кўчирма нусхалари ишда иштирок этувчи бошқа шахсларга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
3) суд ҳужжатини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш тўғрисидаги ариза вакил томонидан имзоланган тақдирда, уни имзолаш ваколатини тасдиқловчи ҳужжат.
Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриш учун асослар қуйидагилардан иборат:
1) суд ҳужжати қабул қилинган пайтда мавжуд бўлган, лекин аризачига маълум бўлмаган ва маълум бўлиши мумкин бўлмаган, иш учун муҳим ҳолатлар;
2) экспертнинг била туриб ёлғон хулоса берганлиги, гувоҳнинг била туриб ёлғон кўрсатувлар берганлиги, била туриб нотўғри таржима қилинганлиги суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланган бўлса ва мазкур иш бўйича қонунга хилоф ёки асосланмаган суд ҳужжати қабул қилинишига сабаб бўлган бўлса;
3) ишда иштирок этувчи шахснинг ёки унинг вакилининг ёхуд судьянинг мазкур ишни кўриш чоғида содир этилган, суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ажрими билан аниқланган жиноий қилмишлари;
4) иқтисодий суднинг, фуқаролик ишлари бўйича суднинг, жиноят ишлари бўйича суднинг ёки маъмурий суднинг мазкур иш бўйича суд ҳужжатини қабул қилишга асос бўлган суд ҳужжати ёхуд бошқа органнинг шундай ҳужжати бекор қилинганлиги. Қонуний кучга кирган суд ҳужжатларини янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўришда процессуал муддатларга эътибор қаратиш муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади.
М.Холбеков
Сурхондарё вилоят суди судьякатта ёрдамчиси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2024 | Сурхондарё вилоят суди