Мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш ва суд тизимида шаффофликни таъминлаш ислоҳотлари

Бугунги кунда коррупция нафақат алоҳида бир давлат, балки бутун дунё миқёсида энг катта муаммолардан бири сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистон ҳам бу иллатга қарши курашни миллий тараққиётнинг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгилаб олган.
Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши, махсус агентликлар ва парламент қўмиталари ташкил этилди. Бу тузилмалар коррупцияга қарши давлат сиёсатини мувофиқлаштириш, қонунчиликни такомиллаштириш ва амалий назоратни кучайтиришга хизмат қилмоқда. Коррупция нафақат иқтисодий, балки ижтимоий ва сиёсий барқарорликка ҳам таҳдид солувчи иллат сифатида баҳоланмоқда. Ўзбекистон Республикасида коррупцияни олдини олиш давлат сиёсатининг энг муҳим вазифаларидан бири сифатида белгиланган. “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун ва унга асосланган миллий стратегиялар коррупцияга қарши курашнинг ҳуқуқий пойдеворини яратди.
Коррупцияга қарши кураш фақат давлат идоралари фаолияти билан чекланиб қолмайди. Жамиятда ҳам бу иллатга нисбатан муросасизлик кайфиятини шакллантириш муҳим аҳамият касб этмоқда. Оммавий ахборот воситалари, ижтимоий тармоқлар ва фуқаролик жамияти институтлари коррупция ҳолатларини очиқлашда фаол иштирок этмоқда.
Президентимизнинг ташаббуси билан коррупцияга қарши курашда фуқароларнинг бевосита иштирокини таъминлаш учун турли платформалар яратилди. Бу эса жамиятда адолат ва ҳалоллик тамойилларини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Суд тизими коррупцияга қарши курашнинг энг муҳим бўғини ҳисобланади. Чунки, адолатли суд ҳокимияти бўлмаса, коррупцияга қарши кураш самарали бўлиши мумкин эмас. Шу боис, мамлакатимизда суд тизимини ислоҳ қилиш, уни очиқ ва шаффоф қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Сўнгги йилларда суд мажлисларини онлайн трансляция қилиш, суд қарорларини интернетда эълон қилиш, судяларнинг фаолиятини жамоатчилик назорати остида олиб бориш каби механизмлар жорий этилди. Бу эса фуқароларнинг суд тизимига бўлган ишончини оширмоқда.
Суд тизимида коррупцияга мутлақ муросасизлик тамойили белгиланган. Ҳар қандай коррупция ҳолати судялар ва суд ходимлари учун энг оғир жазога сабаб бўлмоқда. Бу орқали суд ҳокимиятининг мустақиллиги ва ҳалоллиги таъминланмоқда.
Коррупцияга қарши кураш ва суд тизимида шаффофликни таъминлаш Ўзбекистон тараққиётининг энг муҳим йўналишларидан биридир. Муросасизлик, очиқлик ва шаффофлик тамойиллари жамиятда адолатни қарор топтириш, халқнинг давлатга бўлган ишончини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Таъкидлаш керакки, коррупцияга қарши кураш фақат давлатнинг эмас, балки бутун жамиятнинг вазифаси бўлиб қолмоқда. Ҳар бир фуқаро ҳалоллик ва адолат тамойилларига амал қилса, мамлакатимизда коррупцияга қарши кураш янада самарали бўлади.
БЕХРУЗ СИДИҚОВ,
Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг тергов судьяси
















