КОРРУПЦИЯГА ОИД ЖИНОЯТЛАР УЧУН ЖАВОБГАРЛИК.

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатини ўзининг нафсидан,
мол-дунёга бўлган хирсларидан устун қўймай туриб, юрт келажаги учун хисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият шаклланган бўлиши керак. Аммо, инсоннинг юрт келажагига хисса қўшишдек олий мақсадга эришиш йўлидаги интилишларига тўсиқ бўлувчи бир иллат бор-ки, у “Коррупция” деб аталади. Коррупция содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб, моддий наф ёки номоддий манфаат кўришдир. Дунёнинг ривожланган давлатлари қатори биз ҳам бу иллатга қарши курашмасдан туриб, давлат ва жамиятни янада ривожлантириш йўлидаги ислоҳотларни амалга оширишимиз мумкин эмаслигини ҳаётнинг ўзи исботлаб турибди. 2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги қонуни қабул қилинган бўлиб, ушбу қонуннинг асосий мақсади корруцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Коррупция ўзи нима? Бу ҳақда ҳар бир инсоннинг ўзига хос тасаввури ва тушунчаси бор. Қонунчиликда эса унга шундай таъриф берилган: “Коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдалиниши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш”. Жиноят кодексидаги коррупция билан боғлиқ жиноятлар тоифасига 167-модда (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан
талон-торож қилиш), 168-модда (фирибгарлик), 1929-модда (тижоратда пора эвазига оғдириб олиш), 19210-модда (нодавлат тижорат ташкилотнинг ёки бошқа нодавлат ташкилотнинг хизматчисини пора эвазига оғдириб олиш)ни иқтисодиёт сохасидаги коррупцияга оид жиноятлар; 205-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суистеъмол қилиш), 206-модда (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш), 208-модда (ҳокимият ҳаракатсизлиги), 209-модда (мансаб сохтакорлиги), 210-модда (пора олиш), 211-модда (пора бериш),
212-модда (пора олиш-беришда воситачилик қилиш)ни бошқарув тартибида қарши коррупцияга оид жиноятлар; 236-модда (тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш), 238-модда (ёлғон гувоҳлик бериш), 241-модда (жиноят ҳақида хабар бермаслик ёки уни яшириш)ни одил судловга қарши коррупцияга оид жиноятлар;
243-модда (жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш)ни жамоат тартибига қарши коррупцияга оид жиноятлар тоифасига киритиш мумкин.

Амалдаги Ўзбекистон Республикаси жиноят кодексида коррупция билан боғлиқ жиноятлар учун турли хил жавобгарлик доираси ва жиноий жазолар белгиланган. Хусусан, пора олиш, пора бериш ва пора
олиш-беришда воситачилик қилиш тегишли ҳолатлар мавжуд бўлганида, ўта оғир жиноятлар сифатида 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин. Пора олиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўз хизмат мавқеъидан фойдаланган ҳолда содир этиши лозим ёки мумкин бўлган муайян ҳаракатни пора бераётган шахснинг манфаатларини кўзлаб бажариши ёки бажармаслиги эвазига шахсан ўзи ёки воситачи орқали қонунга хилоф экалигини била туриб, моддий қимматликлар олиши ёхуд мулкий манфаатдор бўлиши 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки муайян ҳуқуқдан маҳрум этилган ҳолда 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 1-қисм). Пора олиш такроран, хавфли рецидивист томонидан, кўп миқдорда, тамагирлик йўли билан ёки бир гуруҳ мансабдор шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади. (ЖК 210-модда 2-қисм). Агар пора олиш жуда кўп миқдорда ёки уюшган гурух манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, 10 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади (ЖК 210-модда 3-қисм). Суд содир этилган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражасини жиддий камайтирувчи ҳолатларини эътиборга олиб, алоҳида ҳолларда жиноят кодекси махсус қисмининг моддасида назарда тутилган мазкур жиноят учун белгиланган жазонинг энг кам қисмидан ҳам камроқ ёки шу моддада назарда тутилмаган бошқа енгилроқ турдаги жазони тайинлаши мумкин. (ЖК 57-модда). Жазо тайинлаш масаласини тартибга солувчи қонун нормалари тўғри қўлланилишини таъминлаш мақсадида, Олий суд Пленуми томонидан 2006 йил 3 феврал куни “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли қарори қабул қилинган бўлиб, унда судларнинг эътиборини жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одилик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилишга қаратиш тушунтирилган.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, одил судлов ҳар қандай жиноий қилмишга ҳуқуқий бахо беради. Бугунги янгиланаётган Ўзбекистоннинг мақсади эса, коррупцияга батамом бархам беришга қаратилган. Зеро, коррупциявий қилмишларнинг ҳар қандай тури жамият ва инсоният учун ўта хавфлидир.

Одил Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

Алимент тўлашдан бош тортганлик учун жавобгарлик.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 64-моддасида ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканликлари қайд этилган.

Бугунги кунда энг долзарб ва муаммоли масалалардан бири ота-онанинг вояга етмаган фарзандлари учун алимент тўловини ўз вақтида бажармаслиги ёки бажаришдан бўйин товлаши ҳисобланади.

Ота-оналар боладан алоҳида яшаган тақдирда боланинг тарбияси ва унинг таъминоти масалалари муҳим аҳамиятга эгадир. Оила кодекси оилани мустаҳкамлаш ва вояга етмаган болалар манфаатларини қўриқлашнинг устунлиги тамойилини назарда тутади ва бошқа турдаги оилавий муносабатлар қатори алимент ундириш масаласини ҳам тартибга солади ва болаларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенглигини белгилаб беради.

Вояга етмаган болаларга алимент таъминотини ундириш зарурати туғилганда, энг аввало, мазкур масала қонун ҳужжатлари билан қандай тартибга солинганлигини билиш керак.

Алимент ота-онадан алимент келишуви тузиш орқали ихтиёрий ёки суд буйруғи ёхуд суднинг ҳал қилув қарори асосида мажбурий ундирилади.

Ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришмаган тақдирда ота ёки она алимент ундириш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Оила кодексининг 96-моддасига биноан вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан алимент ундирилади.

Суд амалиётдан бир мисол. Даъвогар С.Д. жавобгар П.А.га нисбатан алимент ундириш ҳақидаги даъво ариза билан судга мурожаат қилган. 

Кассация судлов ҳайъатининг 2019 йил 14 февралдаги ажрими билан ўзгаришсиз қолдирилган туманлараро судининг 2018 йил 13 июлдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъво қаноатлантирилган.  

Унга кўра, жавобгар А.П.дан даъвогар Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун вояга етгунига қадар 2018 йил 14 майдан бошлаб жавобгарнинг иш ҳақи ва барча даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.

Иш ҳужжатларига қараганда, тарафлар 2008 йил 15 декабрда қонуний никоҳдан ўтишган, ўрталарида икки нафар 2008 йил 14 июлда А. ва 2010 йил 9 августда Н. исмли фарзандлари туғилган.

Тарафлар 2010 йилдан буён умумий рўзғор юритмайди ҳамда уларнинг эр хотинлик муносабатлари тугаган. 

Туманлараро судининг 2018 йил 18 апрелдаги суд буйруғига асосан қарздор А.П.дан ундирувчи Д.С.нинг фойдасига икки нафар А. ва Н. исмли фарзандларининг таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилган.

Суднинг 2018 йил 14 майдаги ажрими билан юқоридаги суд буйруғи бекор қилинган. 

Судлар амалдаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида тўхтамга келган. 

Шикоятда, фарзандларининг 18 ёшгача бўлган даврдаги алимент пулларини тўлаганлиги ҳақида важлар келтирилган бўлсада, жавобгар А.П. ушбу важларини тасдиқловчи далилларни судга тақдим этмаган.

Чунки, жавобгар А.П. томонидан икки нафар фарзандининг таъминоти учун қанча миқдорда ва қачон алимент пулларини тўлаганлигини тасдиқловчи квитанция ёки бошқа асословчи ҳужжатларни илова қилмаган.

Суд буйруғи ёки суднинг ҳал қилув қарорига асосан вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотидан бўйин товлаган ота-оналарга нисбатан қонунчиликда маъмурий ҳамда жиноий жавобгарлик белгиланган.

“Маъмурий жавобгарлик тўғрисида”ги кодекснинг 47-4-моддасига кўра, моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига асосан ёки суд буйруғига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик – ўн беш сутка муддатга маъмурий қамоққа олишга ёки ушбу Кодексга мувофиқ маъмурий қамоқ қўлланилиши мумкин бўлмаган шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши назарда тутилган.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
122-моддасига асосан моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаш, яъни уларни моддий жиҳатдан таъминлаш учун суднинг ҳал қилув қарорига биноан ундирилиши лозим бўлган маблағни жами бўлиб икки ойдан ортиқ муддат мобайнида тўламаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, – икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши кўзда тутилган.

Мухтасар қилиб айтганда, алиментни ихтиёрий тўлаш учун икки томоннинг ўзаро келишуви ота-она учун ҳам вояга етмаган фарзандларнинг манфаатлари учун ҳам энг қўлай ва осон ечимдир. Чунки ота-она алимент тўлаш борасида ўзаро келишувга эришган тақдирда ўзларининг ортиқча вақтлари ва харажатларини тежаш имконига эга бўлади.

Камолиддин Муродов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди раиси

Асқар Қудратов

        Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик.

Мамлакатимизда кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни давлат томонидан тартибга солишнинг ҳуқуқий ва иқтисодий механизмларини такомиллаштириш, кичик бизнес фаолияти самарадорлигини ошириш, кичик бизнес учун қулай муҳитни яратиш, тартибга солишнинг пул-кредит механизмларидан самарали фойдаланиш, янги иш ўринлaрини ярaтиш вa aҳoлини фаоллаштириш муҳим аҳамиятга эга.

Бугунги кунда ўз бизнесини йўлга қўйиб, ўзи, оиласи, маҳалла, эл-юрт фаровонлигига муносиб ҳисса қўшаётган, иқтисодиётимиз тараққиётига хизмат қилаётган тадбиркорлар, хусусий корхоналар сафи тобора кенгаймоқда.

Юртимиз аҳолиси ўртасида кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишга қизиқиш тобора ортиб бормоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил
21 апрель кунидаги “Тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш тизимини такомиллаштириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-5087-сон қарори ҳамда 2021 йил 7 сентябрь кунидаги “Солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ПФ-6307-сон Фармони асосида бизнес юритиш шарт-шароитларни янада яхшилаш, тадбиркорликни ривожлантиришга оид ислоҳотларни изчил давом эттириш, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш механизмларини кенгайтириш, уларни зарур молиявий ва инфратузилмавий ресурслар билан таъминлаш ҳамда солиқ мажбуриятларини бажаришда тадбиркорлик субъектларига янада қулай шарт-шароитлар яратиш юзасидан бир қатор чор-тадбирлар белгиланди.

Юқорида қайд этилганлардан келиб чиқиб айтиш мумкинки, қабул қилинган мазкур ҳужжатлар хусусий мулкни ҳуқуқий ҳимоя қилишни янада кучайтиришга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга, республиканинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга йўналтирилган ва ушбу соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишидан далолат беради.

Бундан ташқари, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликка кенг эркинлик бериш, уларнинг фаолиятига аралашувни тубдан қисқартиш, ҳуқуқбузарликларнинг барвақт олди олинишини таъминлаш, уларнинг профилактикаси самарадорлигини ошириш ва ҳуқуқбузарликларга йўл қўйилмасликни энг муҳим устувор йўналиш ва давлат органларининг биринчи даражали вазифаси сифатида мустаҳкамлайди.

Шу таъкидлаш керакки, барча соҳада қўлга киритаётган залворли ютуқларимиз моҳияти ва аҳамиятида “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало, инсон манфаати учун” тамойилининг устуворлигини кўрамиз. Ишбилармонлик салоҳиятини ривожлантириб, шу орқали жамият ва давлат равнақига ҳисса қўшаётган тадбиркорларимиз ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясининг такомиллашуви замирида ҳам ана шу олижаноб мақсад мужассам. Зеро, Президентимиз таъбири билан айтганда, тадбиркорлар фаолиятига ҳар қандай ноқонуний аралашув иқтисодий ислоҳотларни чуқурлаштириш бўйича давлат сиёсатига қарши қаратилган ҳаракат ҳисобланади ва бу борада мансабдор шахсларнинг жавобгарлигини кучайтириш биринчи даражали аҳамиятга эга бўлиши лозим. Мана шу ҳақиқатни ҳар бир назорат органи ходимининг онгу шуурига чуқур сингдиришга қаратилган ишларимизни янада кучайтириш айни муддаодир.

Диёр Жумаев

                                                                           Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси   

Илхом Шайманов

Термиз туманлараро иқтисодий суди тизимни бошқариш ва хизмат кўрсатиш муҳандиси

ИШСИЗЛИКДАН ҲИМОЯЛАНИШ – ҲАР БИРИМИЗНИНГ ИЖТИМОИЙ ҲУҚУҚИМИЗ.

Меҳнат қилиш, эркин касб танлаш, адолатли меҳнат шароитларида ишлаш ва қонунда кўрсатилган тартибда ишсизликдан ҳимояланиш ҳар биримизнинг ижтимоий ҳуқуқимиз ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида мажбурий меҳнат тақиқланиши Конституциямизда белгилаб қўйилган.

Меҳнат қонунчилигида ишга қабул қилишга ўн олти ёшдан йўл қўйилиши белгилаб қўйилган. Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар меҳнатидан уларнинг соғлиғи, хавфсизлиги ёки ахлоқ-одобига зиён етказиши мумкин бўлган меҳнат шароити ноқулай ишларда, ер ости ишларида ва бошқа ишларда фойдаланиш тақиқланади.
Ишга қабул қилишга йўл қўйиладиган ёшга етган шахс, ходим сифатида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича иш берувчи билан меҳнат тўғрисидаги қонунларга риоя қилган ҳолда меҳнат шартномаси тузиши мумкин.

Меҳнат шартномасига қуйиладиган талаблар ва бошқа шартлар:

Биринчидан, бу шартнома ишга жойлашиш ниятида келган ходим ва корхона, ташкилотларда ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахслар ўртасида икки нусхада, ёзма шаклда тузилади ва ҳар иккала томон томонидан имзоланади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлини таъкидлаш учун корхона муҳри билан тасдиқланади.

Иккинчидан, меҳнат шартномасида ходим корхонага қайси вазифага, қандай лавозимга қабул қилинаётгани, иш жойи, вақти, меҳнат ҳақи миқдори, шартноманинг муддати, тарафларнинг мажбуриятлари ва бошқа шартлар кўрсатилиши лозим.

Учинчидан, меҳнат шартномаси у имзоланган пайтдан бошлаб кучга киради. Агар шартномада ишнинг бошланиш куни ҳақида шартлашилмаган бўлса, ходим меҳнат шартномаси имзоланган иш кунининг эртасидан кечикмай ишга тушиши керак.
Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади. Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.  Шу ўринда барчани қизиқтирган савол туғилиши мумкин.

Ишга қабул қилиш вақтида қандай ҳужжатлар талаб қилинади?
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексига биноан, ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахс қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши лозим:
–      паспорт ёки унинг ўрнини босадиган бошқа ҳужжатни, ўн олти ёшгача бўлган шахслар эса, – туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани;
–      меҳнат дафтарчасини, биринчи маротаба ишга кираётган шахслар бундан мустасно. Ўриндошлик асосида ишга кираётган шахслар меҳнат дафтарчаси ўрнига асосий иш жойидан олган маълумотномани;
–      ҳарбий хизматга мажбурлар ёки чақирилувчилар тегишинча ҳарбий билетни ёки ҳарбий ҳисобда турганлик ҳақидаги гувоҳномани;
–      қонун ҳужжатларига мувофиқ махсус маълумотга ёки махсус тайёргарликка эга шахсларгина бажариши мумкин бўлган ишларга кираётганда олий ёки ўрта махсус, касб-ҳунар ўқув юртини тамомлаганлиги тўғрисидаги дипломни ёхуд мазкур ишни бажариш ҳуқуқини берадиган гувоҳномани ёки бошқа тегишли ҳужжатни тақдим этади. Ишга қабул қилиш вақтида ишга кираётган шахсдан қонун ҳужжатларида кўрсатилмаган ҳужжатларни талаб қилиш тақиқланади. Агар ишга кираётган шахснинг паспорти ёки шахсини тасдиқловчи бошқа ҳужжати ҳақиқий бўлмаса, уни ишга қабул қилиш рад этилиши мумкин. 
            Ишга қабул қилиш иш берувчининг буйруғи билан расмийлаштирилади. Буйруқ чиқариш учун ходим билан тузилган меҳнат шартномаси асос бўлади. Буйруқ ходимга маълум қилиниб, тилхат олинади. Ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахс томонидан ёки унинг ижозати билан ходимга ҳақиқатда ишлашга рухсат этилган бўлса, ишга қабул қилиш тегишли равишда расмийлаштирилган ёки расмийлаштирилмаганлигидан қатъи назар, иш бошланган кундан эътиборан меҳнат шартномаси тузилган деб ҳисобланади.

Ходимнинг меҳнатга оид муносабатлари камситилганда, иш берувчи томонидан таклиф қилинган шахслар ишга қабул қилинмаганда, меҳнат шартномаси тузиш шарт бўлган шахсларни, жумладан минимал иш жойлари ҳисобидан ишга юборилган шахсларни, ҳомиладор аёлларни ва уч ёшга тўлмаган болалари бор аёлларни уларнинг ҳомиладорлиги ёки боласи борлиги важ қилиниб ишга қабул қилинмаганда, ходим ишга қабул қилиш ғайриқонуний равишда рад этилгани устидан судга шикоят тартибида мурожаат қилиши мумкин.

Хулоса қилиб айтганда, республикамизда меҳнатни муҳофаза қилиш давлат сиёсатига асосланган бўлиб, ҳар бир шахснинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кафолатланган.

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Асқар Қудратов    

     Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти  

Суд ҳокимияти органлари фаолияти рақамлаштирилади

Мамлакатимизда судлар фаолиятида замонавий технологияларни кенг жорий фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига судга мурожаат қилишни эркинлаштириш, судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлаш имконини бермоқда.

Бу борада сўнги вақтларда бир қатор самарали ишлар амалга оширилди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августдаги ПҚ-3250-сон қарори билан тасдиқланган 2017 – 2020 йилларда Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш дастурининг ижроси натижасида судларга масофадан туриб мурожаат қилиш, суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланиб иштирок этиш, судьялар ўртасида ишларни автоматик тарзда тақсимлаш, суд қарорларини Интернет тармоғида эълон қилиш, ижро ҳужжатларини электрон шаклда мажбурий ижрога юбориш тизимлари жорий этилди.

Мазкур ижобий ўзгаришлар фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг нафақат вақт ва маблағларини тежаш, балки уларнинг даъвоси бўйича ишларни тезкорлик билан кўриб чиқилиши ва ижрога қаратилишига имконини берди.

Ушбу жараёнларнинг узвийлигини таъминлаш, суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш, судлар ва бошқа идоралар ўртасида маълумот алмашинувини яхшилаш мақсадида 2020 йил 3 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПҚ-4818-сон-сонли Қарори қабул қилинди.

Унга мувофиқ суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш доирасида фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турлари кенгайтирилади, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминланади, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имконияти яратилади.

Шунингдек, судларда одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган маълумотларнинг тезкорлик билан олинишини таъминлаш учун вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотлар билан электрон маълумотлар алмашинувини кенгайтирилади (28 та давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич уланади).

Натижада, муайян ишни кўриш жараёнида зарур бўлган маълумотлар ва ҳужжатларни фуқароларни овора қилмаган ҳолда судлар томонидан бевосита давлат органлари ва ташкилотларидан электрон шаклда олинади.

Судлар томонидан жарималарни камайтириш ёки уларни қўлламаслик масалаларини кўриб чиқишда «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ва бошқа ахборот тизимларининг интеграцияси орқали фуқаронинг мулкий ҳолати ва ижтимоий аҳволи ҳақидаги ишончли маълумотлар билан таниша олади, шунингдек, судлар томонидан алимент миқдорини белгилашда туманлар кесимида ўртача ойлик иш ҳақлари тўғрисида маълумотларни ахборот тизими орқали электрон шаклда олиш имкони бўлади.

Олий суд ахборот тизими билан давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот тизимларини интеграция қилиш орқали жисмоний ва юридик шахслар ҳақидаги мавжуд маълумотлар судларнинг электрон сўрови бўйича бепул асосда тақдим этилади.

Яратилаётган қулайликлардан яна бири бу – суд мажлисларида масофадан туриб, жумладан мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтирилади, иштирокчилар суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилинади ҳамда тарафлар суд қарорларини онлайн тарзда олиш имконияти яратилади.

Албатта, рақамлаштириш фақатгина кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш ва аҳолига қулайликлар яратиш билан чекланмайди, қарор билан тасдиқланган дастурга асосан судларнинг ахборот тизимлари, маълумотлар базалари ва бошқа дастурий маҳсулотлари ахборот ва киберхавфсизлигини таъминланади, хизмат ахборотлари ва маълумотларини комплекс ҳимоя қилиш бўйича чораларни кучайтирилади.

2021 йил 1 январдан бошлаб барча судларда суд мажлисларини иш бўйича тарафларнинг илтимосномаси ва раислик қилувчининг розилиги билан аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда қайд этиб бориш ҳамда суд мажлислари баённомаларини ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш белгиланди.

Судьялар ҳамда судлар аппарати ходимларининг саводхонлигини ва малакасини ошириш, уларни ахборот технологиялари ва ахборот хавфсизлиги бўйича ўқитиш учун Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университети ва унинг филиаллари бириктирилади. Бу замонавий ахборот-технологияларидан хато-камчиликларсиз фойдаланишга, қисқа муддатда янги интерактив хизматларни кўрсатишга замин яратади.

Хулоса ўрнида такидлаш лозимки, мазкур қарор судлар фаолиятида очиқлик ҳамда шаффофликни таъминлашбилан бир қаторда, эл-юрт равнақи, халқнинг розилиги ва албатта адолатни таъминлаш учунҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилади.

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Асқар Қудратов

 Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти 

Коррупция қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари.

Халқ тилида соддагина қилиб – порахўрлик, кенг маънода коррупция, деб аталувчи ҳодиса барча ислоҳотлар илдизига болта уради. Коррупция нима ўзи?

Коррупция – бу жамиятни турли йўллар билан исканжага оладиган даҳшатли иллатдир. Мазкур иллат демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказади, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади, бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилади, ҳаёт сифатини ёмонлаштиради ва одамлар хавфсизлигига таҳдид соладиган уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа ҳодисалар илдиз отиб, гуллаши учун шароит яратиб беради.

Коррупция атамаси, энг аввало, сиёсий аппарат ходимларига нисбатан фойдаланиши одатий тусга кирган ва макроиқтисодий ривожланиш кўрсаткичига энг катта салбий тўлқинни олиб кирувчи омил айнан коррупция ҳисобланади. Унинг кўринишлари турлича бўлиши мумкин: порахўрлик, товламачилик, фирибгарлик ва бошқалар.

Коррупциянинг келиб чиқиш илдизи қаерда? Унинг келиб чиқиш сабабларини аниқлаш, коррупцияга қарши курашнинг самарали йўлларини топиш бўйича мутахассислар, турли институтлар ва халқаро ташкилотлар томонидан юзлаб, минглаб тадқиқотлар ўтказилган. Ўзига хос рейтинглар тузилиб, ҳар хил кўрсаткич ва рақамлар қайд этилган жадваллар яратилган. Ҳатто коррупциянинг хилма-хил кўринишидаги формулалари ҳам ишлаб чиқилган. Бироқ ҳанузгача, барча миллатлар учун қўл келадиган қарши курашда асқотадиган ягона ечим йўқ. Коррупция мавжуд бўлган ҳар қандай давлат бошқарувида, ҳар қандай жамиятнинг хаётида ривожланиш тараққиёт бўлмаслиги аниқ.

Коррупцияни юзага келтирувчи омиллар қуйидагилар бўлиши мумкин:

Икки хил маънони англатувчи қонунлар – ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади.

Аҳоли ҳуқуқий саводхонлигининг пастлиги – аҳоли томонидан қонунларни билмаслик ёки тушунмаслик мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга қулай шароит яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги — мамлакатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида ҳаётда юксак турмуш даражасига эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ, деган мутлақо ахлоққа зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса ўз навбатида коррупцияга қулай шароит яратади.

Ижро ҳокимиятининг бирлиги тамойилинининг бузилиши – айнан битта фаолиятнинг турли инстанциялар томонидан тартибга солиниши: аҳолининг давлатни назорат қилишдаги суст иштироки, давлат секторидаги хизмат қилаётган хизматчилар даромадларининг хусусий секторда топиш мумкин бўлган даромадлардан камлиги, иқтисодиётнинг давлат томонидан тартибга солиниши, инфляциянинг юқори даражаси, мамлакат юқори бошқарув органларининг аҳолидан узилиб қолганлиги.

Жамиятда адолат ва қонун устуворлигини олий даражага кўтариш, замонавий, самарали давлат бошқарувини жорий этиш, давлат хизматчиларида коррупциявий ҳолатларнинг барча кўринишларига нисбатан қатъий муросасизлик руҳиятини шакллантириш, халқ манфаатларини сўзсиз таъминлаш каби юксак ғояларга таянилмоқда. Ҳозирги кунда мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асослари тизимли равишда яратилмоқда.

Хусусан, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 2.4-бандида коррупцияга қарши курашишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ва коррупцияга қарши курашиш тадбирларининг самарадорлигини ошириш вазифалари белгиланганди. Уларни ижросини  таъминлаш учун 2017 йил 3 январда Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги ЎРҚ-419-сон-сонли Қонуни қабул қилинди.

Ушбу Қонунда бир қатор тушунчаларга изоҳ берилган: коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш; коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик – коррупция аломатларига эга бўлган, содир этилганлиги учун қонун ҳужжатларида жавобгарлик назарда тутилган қилмиш; манфаатлар тўқнашуви – шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлик шахснинг мансаб ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган ёки юзага келиши мумкин бўлган вазият.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги «Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чо­ра-тадбирлар тўғрисида»ги ПФ-6013-сонли Фармонига асосан, Коррупция­га қарши ку­рашиш агентлиги ташкил этилди ва унинг асосий вазифалари белгиланди. Унга мувофиқ, 2020-2021 йилларда барча давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, давлат корхоналари ва устав капиталида давлат улуши бўлган корхоналар, шу жумладан, банкларда коррупцияга қарши ички идоравий назорат тизимлари бос­қичма-босқич жорий этилади.

Суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш ва унинг нуфузини ошириш, шунингдек фуқароларнинг судга бўлган ишончини орттириш муҳим вазифадир. Бу борада, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Судьянинг дилида поклик, тилида ҳақиқат, онгида адолат бўлиши керак” дея айтган сўзлари ҳар бир судьянинг амалий фаолиятидаги дастуриламал бўлиши шарт.

Судья ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида кўнгли дили пок бўлиб, тили ҳақиқатдан ўзга нарсани сўзламаса, онгида ўз нафсини, ўз манфаатини давлат ва жамият, халқ манфаатидан устун қўйишни ўйламаса, у чинакам адолатни юзага чиқарган бўлади. Зеро, адолат – хукмрон, қонун – устувор бўлган мамлакат барқарордир.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ватанимизнинг эртаси порлоқ бўлиши, келажак авлоднинг яхши ҳаёт кечириши,  фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини тўлиқ руёбга чиқариш учун барча биргаликда коррупцияга қарши курашиши лозим.

Санжар Аллабердиев

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди раиси

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Иқтисодий судлар томонидан банкротликка оид ишларни кўришнинг ўзига хос хусусиятлари.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 1 февралдаги “Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш, суд бошқарувчилари фаолиятини такомиллаштириш чора тадбирлари тўғрисида”ги
ПҚ-4146-сонли қарорига мувофиқ 2019 йилнинг 1 июлидан:

давлат солиқ хизмати органлари солиқ ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни ундириш имконияти бўлмаганлиги сабабли ижро ҳужжатлари қайтарилган кундан бошлаб 30 кундан кечиктирмасдан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат қилади;

банкротлик тўғрисидаги иш банкротлик аломатлари мавжуд бўлган тақдирда, агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар суммаси базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз каррасини ташкил этадиган бўлса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма каррасини ташкил этадиган бўлса, суд томонидан қўзғатилиши мумкин;

тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошмаслиги лозим, алоҳида ҳолларда ушбу муддат банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этаётган шахсларнинг илтимосномасига асосан суд қарори билан уч ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин;

бенефициар ва аффилланган шахсларнинг биргаликдаги хатти-ҳаракатлари оқибатида сохта банкротлик, банкротликни яшириш ёки қасддан банкротликка олиб келиш аломатлари аниқланганлиги тўғрисида суднинг қонуний кучга кирган ҳукми мазкур шахсларни қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда субсидиар жавобгарликка тортиш учун асос ҳисобланади;

банкротлик таомиллари қўлланилган қарздорларнинг мол-мулки суд бошқарувчилари томонидан «E-IJRO AUKSION» ягона электрон савдо майдончасида электрон онлайн-аукцион орқали сотилади.

Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 24 апрелдаги 474-II-сонли “Банкротлик тўғрисида” ги Қонуни (янги тахрири)га асосан банкротлик (иқтисодий ночорлик) – иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслигидир, ушбу қонунга асосан суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс ҳисобланади, банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий суд томонидан кўриб чиқилади.

2019 йил 1 майдан давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда суд бошқарувчиларини давлат солиқ хизмати органлари ходимлари орасидан тайинлаш амалиёти бекор қилинди.

Давлат солиқ хизмати органларининг аризалари бўйича қўзғатилган банкротликнинг соддалаштирилган таомилларини ўтказишда тўртинчи тоифали суд бошқарувчиси аттестатига эга бўлган ва Ўзбекистон суд бошқарувчилари ассоциацияси аъзолари ҳисобланган шахслар суд бошқарувчиси этиб тайинланадиган, қарздор турган жойдаги туман (шаҳар) солиқ инспекциясининг қарорига асосан, ҳар бир якунланган тугатишга доир иш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан суд бошқарувчиларига энг кам иш ҳақининг йигирма баравари миқдорида, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорликни узишда тўланган қарз суммасининг 5 фоизи миқдорида суд бошқарувчиларига қўшимча ҳақ тўланадиган бўлди.

Суд бошқарувчиларининг фаолияти «фуқаролик ва иқтисодий суд ишларини юритиш» ихтисослашуви бўйича лицензияга эга бўлган ва суд бошқарувчиси аттестатини олган адвокатлар томонидан ҳам амалга оширилиши мумкинлиги белгиланди.

Суд бошқарувчиларини тайинлаш кредитор ёки банкротлик ишлари бўйича ваколатли давлат органи ёхуд Ассоциация ва унинг ҳудудий тузилмалари тақдимномаси бўйича суд бошқарувчилари фаолиятини рейтинг баҳолашни ҳисобга олган ҳолда суд томонидан амалга ошириладиган бўлди.

Мазкур фармон асосида сохта банкротлик, банкротликни яширганлик ва қасддан банкротликка олиб келганлик учун жавобгарликни кучайтириш, шунингдек, илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, 2019 йил 13 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси «Банкротлик тўғрисида»ги қонунига бир қатор ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, иқтисодий суд томонидан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисида қарор қабул қилиниши тугатишга доир иш юритишнинг бошланишига сабаб бўлади.

Тугатишга доир иш юритиш муддати тўққиз ойдан ошиши мумкин эмас. Зарурат бўлганда банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосномасига кўра ёки иқтисодий суднинг ташаббуси билан бу муддат кўпи билан уч ойга узайтирилиши мумкин.

Тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш учун қуйидаги ҳолатлар асос бўлиши мумкин:

иқтисодий суд ишини юритишда қарздор юридик шахснинг ёки унинг кредиторларининг мулкий манфаатига дахл қилувчи ишнинг мавжудлиги;

қарздор юридик шахснинг реализация қилинмаган мол-мулки мавжудлиги;

сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкротликка олиб келиш, қарздорнинг мансабдор шахслари томонидан қарздор юридик шахснинг ва унинг кредиторларининг манфаатларига қарши бошқа ҳуқуқбузарликлар ёки жиноятлар содир этилганлиги аломатлари бўйича жиноят ишининг мавжудлиги;

тугатиш бошқарувчисининг тугатиш таомилини ўтказиш натижалари тўғрисидаги ҳисоботини тасдиқлаш рад этилганлиги тўғрисидаги иқтисодий суднинг ажримида кўрсатилган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда;

банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи томонидан аниқланган қонун ҳужжатлари бузилишларини бартараф этиш зарур бўлганда.

Иқтисодий суднинг тугатишга доир иш юритиш муддатини узайтириш тўғрисидаги ажрими устидан шикоят берилиши (протест келтирилиши) мумкин.

Қайд этилган қарор ва янги қабул қилинган қонун хужжати қарздор юридик шахсларнинг кредиторлар олдидаги мажбуриятларини бажариш масъулиятини кучайтирилишига ва иқтисодиётимизнинг янада ривожланишига хизмат қилади.

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Саида Нуриева

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Фарзандини таъминлашдан бўйин товлаган отага жазо тайинланди.

Фуқаролик ишлари бўйичаШеробод туманлараро судининг 16.11.2016 йилдаги суд буйруғига асосан Сапаров Анвардан (исми шарифи ўзгартирилган) ундирувчи Алимова Бахоранинг фойдасига вояга етмаган бир нафар фарзанди 17.01.2006 йилда туғилган Сапаров Адхамнинг моддий таъминоти учун иш ҳақи ва бошқа даромадларининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундириш белгиланган бўлсада, бироқ Сапаров Анвар 16.11.2016 йилдан 01.02.2021 йилга қадар 12.505.821 сўм алимент пулларини тўлашдан бош тортиб келганлиги учун жиноят ишлари бўйича Музработ туман судининг 11.02.2021 йилдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 474-моддаси билан айбли деб топилиб, 15 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган ва жазони тўлиқ ўтаб чиққанлигидан ўзига тўғри хулоса чиқармасдан, 01.02.2021 йилдан 01.08.2021 йилга қадар 4.455.656 сўм алимент пулларини тўламасдан қасддан бўйин товлаб келган.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди А.Сапаровни Ўзбекистон Республикаси ЖК 122-моддасининг 1-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, жабрланувчиларнинг даъвоси мавжудлиги ва зарар ўрни қопланмаганлигини инобатга олган ҳолда уларга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинлади.

Жасур Худойбердиев

   Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Тулкин Абдираимов

                                                               Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУД ФАОЛИЯТИНИНГ ҲУҚУҚИЙ АСОСИ

Жорий йилнинг 27 апрель куни Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”гиЎРҚ-687-сон Қонуни қабул қилинди.

Мазкур Қонуннинг мақсади – Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг фаолиятини тартибга солишдан иборат бўлиб, унинг мақоми, ваколатлари, фаолият тартиби, Конституциявий суд судьясининг дахлсизлиги ва бошқа масалаларни қамраб олади.

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди – доимий фаолият юритувчи суд ҳокимияти органи бўлиб, қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимият ҳужжатларининг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисидаги ишларни кўради.

Конституциявий суд қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга.

Конституциявий суд Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг томонидан Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тавсия этган мутахассислар орасидан, Қорақалпоғистон Республикасининг вакилини қўшган ҳолда сайланади.

Конституциявий суднинг ҳар бир судьяси якка тартибда сайланади. Сенат аъзолари умумий сонининг кўпчилик овозини олган шахс сайланган ҳисобланади.

Конституциявий суд раис ва унинг ўринбосарини қўшган ҳолда Конституциявий суднинг тўққиз нафар судьясидан иборат бўлади.

Конституциявий суд судьясининг ваколатлари муддати биринчи марта сайланганида беш йилни, навбатдаги сайланганида ўн йилни ташкил этади.

Конституциявий суднинг судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши, қоида тариқасида, етмиш ёшни ташкил этади. Айни бир шахс икки мартадан ортиқ Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин эмас.

Конституциявий суднинг ҳужжатлари барча давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун мажбурийдир.

Конституциявий суд судьясининг мақоми. Сиёсат ва ҳуқуқ соҳаси мутахассиси бўлган, юксак маънавий фазилатларга ва зарур малакага эга бўлган, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Конституциявий суднинг судьяси этиб сайланиши мумкин.

Конституциявий суднинг судьяси сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органининг депутати, сиёсий партиянинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир фаолият тури билан шуғулланиши мумкин эмас.

Конституциявий судга мурожаат қилиш. Конституциявий судга – Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари, Ўзбекистон Республикаси Президенти, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, Қонунчилик палатаси депутатлари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат депутатлар гуруҳи, Сенат аъзолари умумий сонининг камида тўртдан бир қисмидан иборат сенаторлар гуруҳи, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий маркази, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Агар қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Ишларни кўриш асослари. Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга бўлган давлат органларининг ва мансабдор шахсларнинг мурожаати, шунингдек фуқароларнинг ва юридик шахсларнинг шикоятлари Конституциявий судда ишларни кўриш учун асос бўлади.

Мурожаатга қўйиладиган талаблар.Мурожаатда Конституцияга мувофиқлиги текширилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг номи, рақами, қабул қилинган санаси, у эълон қилинган манба, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ва қонунининг шарҳ берилиши лозим бўлган қоидалари, мурожаатни Конституциявий судда кўриб чиқишнинг ҳуқуқий асослари, қўйилган масала юзасидан мурожаат қилувчининг нуқтаи назари ва мурожаатни Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг тегишли нормаларига ҳавола қилинган ҳолдаги ҳуқуқий асослантириш, мурожаат қилувчининг номи (фамилияси, исми, отасининг исми), жойлашган ери, почта манзили ёки яшаш жойи, вакил ва унинг ваколатлари тўғрисидаги зарур маълумотлар, бундан вакиллик лавозим бўйича амалга ошириладиган ҳоллар мустасно, илова қилинаётган ҳужжатлар рўйхати кўрсатилган бўлиши керак.

Конституциявий суднинг қарорлари. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг, Ўзбекистон Республикаси давлатлараро шартномавий ва бошқа мажбуриятларининг Конституцияга мувофиқлиги ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунлари нормаларига шарҳ бериш тўғрисида кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтамлари қарор деб номланади. Конституциявий суд қарорни Ўзбекистон Республикаси номидан қабул қилади.

Конституциявий суднинг ваколатига киритилган бошқа масалалар юзасидан кўриб чиқилган ишнинг моҳияти бўйича Конституциявий суднинг якуний тўхтами хулоса деб номланади.

Конституциявий суд ишларини юритиш процессуал масалалари бўйича Конституциявий суд ажрим қабул қилади.

Конституциявий суд ўз фаолиятини ташкил этиш масалалари юзасидан ҳам қарорлар қабул қилади.

Процессуал муддатлар. Кўриб чиқилаётган иш юзасидан қарор мурожаат кўриб чиқишга қабул қилинган пайтдан эътиборан уч ойдан кечиктирмай Конституциявий суд томонидан қабул қилинади.

Конституциявий суднинг фаолиятини молиялаштириш Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида сатрда назарда тутилади.

Жамшид Хомидов

        Сурхондарё вилоят суди раисининг ўринбосари

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Тил-миллат кўзгуси.

Ҳар бир миллатнинг Ватани каби яна бир буюк бойлиги бор. Бу ҳам бўлса унинг тили. Айнан тил инсонларни бир миллатга мансуб халқ сифатида бирлаштиради. Тил ҳар бир миллат ўзлигининг ажралмас белгиси, халқни-халқ,  миллатни-миллат қиладиган рамзлардан бири асрлар оша аждодлардан-авлодларга бевосита мерос бўлиб етиб келадиган ўзаро муомала воситасидир.

Мамлакатимизда 1989 йилнинг 21 октябрида ўзбек тилига давлат тили мақомининг берилиши истиқлолимиз сари қўйилган дадил қадамлардан бири сифатида тарихда муҳрланган эди. Айни пайтда она тилимизга бўлган эътибор ҳар қачонгидан ҳам юқори поғонага кўтарилиб, унинг бой хазинасини қайта тиклаб ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

Биз одатда ҳар йили 21 октябрь – тил байрами куни она тилимиз ҳақида гапириб уни нишонлашга ўрганиб қолганмиз. Бироқ, тилимизнинг софлиги учун ҳар куни хушёр бўлишимиз тақозо этилади.

Бугунги кунда биз барча меъёрий хужжатларни она тилимизда юритиб барча ўқув қўлланмаларни адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни хам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маъданияти, урф-одати, жумладан, она-тилига хурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлишга катта эътибор берилмоқда.

Тилга қиёс берар экан, бобакалонимиз  Алишер Навоий  “Лайли ва Мажнун” достонида шундай деган:

Айтиб совумас таронасен сен,

Олиб қуримас хизонасен сен.

Ушбу мисраларнинг маъноси шуки, тил ишлатилгани сари ва муомалада бўлгани сари янада бойиб, сайқалланиб борадиган неъмат. Тил миллатнинг тарихи, бугуни хамда келажагидир. Тилнинг энг асосий манбаи-сўз. Бироқ, шу тилда сўзлашувчи халқ унга нисбатан эътиборли ва масьулиятли муносабатда бўлмаса, сўзларни нотўғри талаффуз қилса, ўз она тили, луғати сўзга бой бўла туриб, нутқида бошқа миллат тилидан кириб келган сўзларни ишлатса, мумтоз сўзлар маънолари изоҳланмаса, бора-бора бу тил унитилиши, йўқолиб кетиши хеч гап эмас. Шунинг учун хам биздан олдин яшаб ўтган мутафаккир олимлар тилимизни устида ишлаб, луғатлар тузиб келажак авлодларга етказишга харакат қилишган.

Бугунги кунда биз барча меъёрий хужжатларни она тилимда юритиб барча ўқув қўлланмаларни, адабиётларни она тилида ўқимоқдамиз. Шуни хам таъкидлаш жоизки, юздан ортиқ миллат ва элат вакиллари ўзаро тинч-тотув ва бирдамликда яшаб келаётган мустақил юртимизда уларнинг миллий маданияти, урф-одати, жумладан, она-тилига хурмат-эҳтиром билан муносабатда бўлишга катта эътибор берилмоқда.

Тил меъёрларсиз яшай олмайди. Аммо бу меъёрлар ижтимоий тараққиёт билан боғлиқ ҳолда ўзгариб, ривожланиб такомиллашиб боради. Она тилига гапирганда унинг меъёр ва қоидаларига амал қилиш талаб этилади. Тилимизда илмий тил, адабий тил, шева, лаҳжа ва бошқа тушунчалар мавжуд. Маърузалар, тадбирлар, кино ва театр саҳналари хаммага тушунарли бўлган адабий тилда бўлиши, шева қўшмасдан гапириш тил меъёрларига киради. Баъзан жамоат жойлари, жамоат транспортида ёшларни русча, ингилизча сўзларни қўшиб қориб ўзаро гаплашганида она тилимизга бўлган эътиборсизлик холатларини кўриб ачиниб кетамиз. Ахлоқий меъёрларга тўғри келмайдиган сўз ва иборалар билан тилимизни булғаш, луғатимизда таржимаси бўла туриб, бошқа тилдан кириб келган сўзларни ишлатиш хам муомала маданияти қоидаларига зиддир. Ўзбек тили шу қадар бой тилки, унда ўзга тиллардаги бир сўзнинг бир нечта синоним таржималари бор. Масалан: “лицо” юз-чехра, ораз, ранг, афт, ангор, бет, башара ва хоказо…Бунга ўхшаган мисолларни кўплаб келтириш мумкин.

Ҳақиқатдан, миллатнинг қиёфаси унинг тил бойлиги билан намоён бўлади. Бир замонлар дунёга тил борасида хам хукмронлик қилган бизнинг маданиятимиз юксак ривожланган давлатлар тараққиёти ва глобаллашувида “ютилиб” кетмаслиги учун тилимизни янада бойитиб, соф холда келажак авлодларга қолдиришга изчил ҳаракат қилишимиз керак.

Тил миллат-кўзгусидир. Унда халқимизнинг асрлар силсиласидан, мустабидлик тўфонларидан сабр-матонат билан босиб ўтган хаёт йўли, маданияти, тарихи, савияси, ақл-заковати акс этади. Тилимизни инсон учун мухим омил, азиз, қадрли ва муқаддас билиб, уни покиза ва озода сақлаш луғатимизни кўрки бўлган сўзлар мохиятини чуқур англаш, миллий қадриятларимизни ҳамда тил бойлигимизни бор бутунича келажак авлодларга етказиб бериш барчамизнинг бурчимиздир.

Дилором Алмуратова

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси  

Skip to content