СУДДА МЕРОСХЎРНИНГ ҲУҚУҚЛАРИ ТИКЛАНДИ
Ҳар бир мусулмон шахс ва оила яхши билиши лозим бўлган масалалардан бири бу – мерос масаласидир. Мерос деганда вафот этган шахс ўзидан кейин қолдирган моддий бойликлар кўзда тутилади.
Мерос масаласи деярли ҳамма халқларда, қавмларда бор масала. Исломдан олдин мерос масаласи ўзига хос тарзда бўлган. Илоҳий низомга эмас, жоҳилий низомга хос бўлган.
Энди эса бир суд амалиётига назар ташласак.
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди томонидан даъвогар А.Б нинг жавобгарлар Б.С ва Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идорасига нисбатан “28.12.2016 йилдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида”ги даъво аризаси билан судга мурожаат этган бўлиб, мазкур даъво аризаси бўйича қўзғатилган фуқаролик иши суд мажлисида кўрилиб, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантирилди.
Аниқланишича, А.Б ва Б.С 1991 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришган ҳамда уларнинг биргаликдаги турмушларидан олти нафар фарзандлари бор.
Шўрчи туман ФҲДЁ бўлими томонидан берилган ўлим гувоҳномасига кўра, А.Б. 2010 йилда вафот этган.
Шўрчи туман ҳокимининг 2016 йилдаги тегишли қарорига асосан Шўрчи туман “Гўзаллик” шаҳарчаси ҳудудидаги 1200.0 кв.м. ер участкасига нисбатан марҳум А.Б.нинг мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи эътироф этилган.
Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилда берилган ва реестрга тегишли сон билан қайд этилган эр-хотиндан бирининг вафотидан кейин уларнинг бирига умумий мол-мулкдаги улушга бўлган мулк ҳуқуқи тўғрисидаги гувоҳномага кўра, Б.С.нинг вафот этган марҳум турмуш ўртоғи А.Б билан биргаликдаги никоҳи давомида орттирилган мол-мулкнинг ½ қисмига нисбатан мулк ҳуқуқи тасдиқланган.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1118-моддаси 1-қисмига кўра, мерос очилган пайтда ҳаёт бўлган фуқаролар, шунингдек мерос қолдирувчининг ҳаётлик пайтида ҳомила ҳолида бўлган ва мерос очилгандан кейин тирик туғилган болалари васият ва қонун бўйича меросхўр бўлишлари мумкинлиги қайд этилган.
Ушбу Кодекснинг 1135-моддасига кўра, мерос қолдирувчининг болалари (шу жумладан фарзандликка олинган болалари), эри (хотини) ва ота-онаси (фарзандликка олувчилар) тенг улушларда қонун бўйича биринчи навбатдаги ворислик ҳуқуқига эга бўладилар. Мерос қолдирувчининг вафотидан кейин туғилган болалари ҳам биринчи навбатдаги ворислар жумласига кирадилар деб белгиланган.
Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1151-моддаси 1-қисмида “Агар меросхўрлар орасида турган жойи номаълум шахслар бўлса, қолган меросхўрлар, васиятномани ижро этувчи (мерос бошқарувчиси) ва нотариус уларнинг турган жойини аниқлаш ҳамда уларни ворисликка чақириш юзасидан зарур чораларни кўришлари шарт.”-деб белгиланган.
Шўрчи туман 1-сон давлат нотариал идораси томонидан 2016 йилдаги қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани беришда биринчи навбатдаги меросхўр ҳисобланган даъвогар А.Б.ни жалб этиб, унинг улушини ажратмасдан ҳамда даъвогарга тегишли улушни жавобгар Б.С.га бериб юбориб хатоликка йўл қўйган бўлиб, бунинг оқибатида унинг биринчи навбатдаги меросхўр сифатидаги ҳуқуқи ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилган.
Суд юқоридаги норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириб, қонун бўйича меросга бўлган ҳуқуқ тўғрисидаги гувоҳномани ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.
Хулоса қилиб айтганда, низолашувчилар ўзаро келиша олмасалар манфаатдор шахснинг аризасига асосан суд низони қонунда белгиланган катъий қоидаларга таяниб ҳал қилади.
БАХТИЁР МУСТАФАЕВ,
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси