ОШХОНА ИШ БОШҚАРУВЧИСИГА ҲУКМ ЎҚИЛДИ

Ўғирлик қилиш учун қонунларимизда жавобгарлик муқаррар эканлиги барчамизга маълум.

Бироқ, айрим фуқаролар бу турдаги жиноят учун жиноий жавобгарлик борлигини ёдидан чиқариб қўяди. Фикримизни бир жиноят тавсилотига қаратсак.

Деновлик Анвар Бўтаев (исм-фамилия ўзгартирилган) жиноят содир этиш йўлига кириб, ўғирлик яъни, ўзганинг мулкини яширин равишда талон-тарож қилиш, иқтисодиёт асосларига қарши жиноятлар туркумига кирувчи умумий фойдаланишдаги электр, иссиқлик, газ ёки водопровод тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш ёхуд электр, иссиқлик энергияси, табиий газ, совуқ ёки иссиқ сувни ҳисобга олиш асбобларига, шу жумладан, уларнинг пломбаларига қасддан шикаст етказиш ёхуд бундай ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашишда ифодаланган жиноятни қасддан содир этган.

Жумладан, Анвар Бўтаев 2022 йилдан ҳозирги кунга қадар Денов тумани “Водий” маҳалласи ҳудудида жойлашган умумий овқатланиш ошхонасини оғзаки келишув асосида бошқариб келиб, жиноят содир этиш йўлига кириб, ғараз ва паст ниятларни кўзлаб, Ўзбекистон Республикасининг “Ичимлик суви таъминоти ва оқова сувларни чиқариб юбориш тўғрисида”ги ЎРҚ-784-сонли Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 15.07.2014 йилдаги “Коммунал хизматлар кўрсатиш қоидаларини тасдиқлаш” тўғрисидаги 194-сонли Қарори талабларига зид равишда, ўзи бошқариб келаётган умумий овқатланиш ошхонасига 2023 йилнинг ноябрь ойининг бошларида “Сурхондарё “Сувтаъминот” корхонаси туман бўлими билан ҳеч қандай шартнома имзоламай, сув ҳисоблагич ўрнатмасдан, шу маҳалла ҳудудидан ўтувчи Д-100 ммлик ичимлик суви қувурига ноқонуний равишда Д-15 ммлик қувур орқали ичимлик суви тармоғига тижорат мақсадларида, яъни ошхонага овқат қилиш, идишларни ювиш ва бошқа мақсадлар учун ўзбошимчалик билан уланиб, ўғирлик яъни умумий фойдаланишдаги водопровод тармоқларига тижорат мақсадларида ўзбошимчалик билан уланиб олиб, фойдаланиб келганлиги оқибатида “Сурхондарё Сувтаъминот” корхонасига жами 15 млн 200 минг сўмлик мол-мулкини ўғирлик йўли билан талон-торож қилган.

Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди томонидан ўтказилган очиқ суд мажлисида Анвар Бўтаев айбига иқрор бўлиб, қилмишидан чин-кўнгилдан пушаймонлиги ва ҳозирда етказилган 15.200.000 сўм зарарни тўлиқ тўлаб берганлиги билдириб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўраб кўрсатув берди.

Суд, судланувчи, даъвогар вакилининг кўрсатувини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб, иш материалларида мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, унга жазо тайинлашда оилавий шароитини, илгари судланмаганлигини, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини, зарарнинг қопланганлигини, қарамоғида 3 нафар фарзанди борлигини эътиборга олиб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 2-қисми санкцияси доирасида ахлоқ тузатиш иши жазоси тайинлади.

Хулоса ўрнида айтганда, ўғри кимсаларнинг қилмишини баён этишдан мақсад шуки, бу ҳаётда ҳеч қандай жиноий қилмиш жазосиз қолмайди. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишланг азиз фуқаролар.

МУРОТАЛИ АБДИМЎМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди раиси

“ОИЛА СУДЬЯЛАРИ”

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йилнинг 21 декабрь куни “Оилаларни мустаҳкамлаш ва хотин-қизларнинг фаоллигини ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-401-сонли қарор имзоланди.

Мазкур Қарорга мувофиқ, 2024 йилнинг 1 январидан фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судларда оилавий низоларни кўришга ихтисослашган судьялар корпуси шакллантирилиши белгилан эди.

Шунингдек, 2024 йилнинг 1 февралидан эса тажриба тариқасида фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар, Наманган туманлараро ва Тошкент шаҳар Мирзо Улуғбек туманлараро судларининг 2 нафардан судьяларини оилавий низоларни кўриш бўйича ихтисослаштирган ҳолда ушбу судларда “Оила судьялари” ташкил этилди.

Ушбу қарорнинг аҳамияти шундаки, у имкон қадар оилалардаги ажримларни камайтиришга қаратилган. Ўтган даврларда ажралишлар сони ошиб бормоқда. Бизга маълумки, суд бу жабҳадаги охирги қадам, чунки, ёшлар ажрашиш учун ариза беришга келдими, демак, уларнинг қайси биринидир ёки иккаласининг ҳам тарбиясида қандайдир оқсоқлик бор. Суд шу заҳоти улардаги ана шу жиҳатларни тузатиб қўя олмайди, албатта. Лекин, мазкур йўналишда ихтисослашган оила судьялари ёшларга ёки уларнинг ота-оналарига тушунтиришлар бериш орқали ажримларнинг олдини олишга кўмаклашади.

Шу боисдан давлатимиз раҳбарининг қарорида бекорга оила судьяларининг фаолиятини йўлга қўйишга эътибор берилгани йўқ. Сабаби, шу оилаларда келажакда олимлар, спортчилар, маъданият ва фан арбобларининг тарбияланиши ёки жиноятчи, гиёҳванд ёинки ўғрилар етишиб чиқиши мумкин. Маърифатли оиланинг фарзандлари давлат ва жамиятни ривожлантиради. Маърифатсиз оилада эса, аксинча.

Таъкидлаш жоизки, ихтисослашган оила судьялари орқали ёшлардаги ёки уларнинг ота-оналаридаги камчиликлар бартараф этилиб, келгусида уларнинг ҳаётлари янада чиройли давом этади, деб умид билдирамиз.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СОДДАЛАШТИРИЛГАН ТАРТИБДА ИШ ЮРИТИШ ТУШУНЧАСИ

Маълумки, соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги иш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексида назарда тутилган даъво ишини юритишнинг умумий қоидаларига кўра ва ушбу Кодекснинг 251-бобида белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан кўриб чиқилади.

Агар даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан ўн бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса беш бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши лозим.

Агар ушбу модданинг учинчи ва бешинчи қисмларида кўрсатилган ҳолатлар мавжуд бўлмаса, даъвогарнинг илтимосномасига кўра, жавобгарнинг розилиги билан бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилиши мумкин.

Агар ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида қуйидаги ҳолатлар белгиланадиган бўлса, суд ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриш ҳақида ажрим чиқаради:

1) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш давлат сирининг, тижорат сирининг ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирнинг ошкор этилишига олиб келиши мумкин бўлса;

2) қўшимча ҳолатларни аниқлаш ёки қўшимча далилларни текшириш, шунингдек далилларни улар турган жойда кўздан кечириш ва текшириш, экспертиза тайинлаш ёки гувоҳларнинг кўрсатувларини эшитиш зарур бўлса;

3) билдирилган талаб бошқа талаблар билан боғлиқ бўлса, шу жумладан учинчи шахсларга тааллуқли бўлса ёки мазкур иш бўйича қабул қилинган суд ҳужжати билан учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса;

4) ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш чоғида ушбу бобда белгиланган қоидалар бўйича кўриб чиқилиши лозим бўлмаган қарши даъво берилган бўлса.

Ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўришга ўтиш тўғрисидаги ажримда умумий тартибга ўтиш учун асослар кўрсатилади. Ажрим чиқарилганидан кейин ишни кўриш бошидан бошланади.

Ўзаро боғлиқ бўлган бир нечта талаб билдирилган бўлиб, улардан бири ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган талабларга тааллуқли бўлган, бошқалари эса уларга тааллуқли бўлмаган тақдирда, барча талаблар даъво ишини юритишнинг ушбу Кодексда белгиланган умумий қоидалари бўйича кўрилиши лозим.

Ишни кўриш муддати ишни даъво ишини юритишнинг умумий қоидалари бўйича кўриб чиқиш тўғрисида ажрим чиқарилган кундан эътиборан ҳисобланади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризаси ушбу Кодекснинг 189-моддасида назарда тутилган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиладиган иш бўйича даъво аризасига ушбу Кодекснинг 191-моддасида назарда тутилган ҳужжатлар илова қилинади.

Аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш тўғрисида суд ажрим чиқаради, ажримда иш соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўрилишини ҳамда иш кўриб чиқиладиган санани кўрсатади.

Суд аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақидаги ажримда жавобгарга даъво аризасига доир ёзма фикрини ҳал қилув қарори қабул қилингунига қадар тақдим этиши зарурлигини кўрсатади.

Суд ажрим билан бир вақтда жавобгарга даъво аризасининг (аризанинг) кўчирма нусхасини ва унга илова қилинган ҳужжатларнинг кўчирма нусхаларини дарҳол почта орқали ёки электрон ҳужжат тарзида ахборот тизими орқали юборади.

Жавобгар даъво аризасига доир ёзма фикрини судга ўзи асосланаётган ҳужжатлар ва далилларни илова қилган ҳолда тақдим этишга ҳақли.

Ёзма фикрга унинг кўчирма нусхаси даъвогарга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат илова қилинади. Даъво аризасига доир ёзма фикр жавобгар ёки унинг вакили томонидан имзоланади. Вакил томонидан имзоланган ёзма фикрга унинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат илова қилинади.

Жавобгар томонидан даъво аризасига доир ёзма фикр тақдим этилмаганлиги даъво аризасини соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқишга тўсқинлик қилмайди.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилаётган иш аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан йигирма кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд соддалаштирилган иш юритиш тартибидаги ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақиртирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Суд тарафлар томонидан тақдим этилган ҳужжатларда баён қилинган тушунтиришларни, эътирозларни ва (ёки) важларни текширади, далиллар билан танишади ҳамда ҳал қилув қарорини қабул қилади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг 23-бобида назарда тутилган умумий қоидаларга кўра, мазкур бобда белгиланган ўзига хос хусусиятлар ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан қабул қилинади.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори, агар апелляция шикояти (протести) берилмаган бўлса, қабул қилинганидан кейин ўн кун ўтгач қонуний кучга киради.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори суд томонидан ушбу Кодекс V бўлимининг қоидаларига кўра бериладиган ижро варақаси асосида ижро этилиши лозим.

Апелляция шикояти (протести) берилган тақдирда ҳал қилув қарори, агар у бекор қилинмаган бўлса, апелляция инстанцияси судининг қарори қабул қилинган кундан эътиборан қонуний кучга киради.

Соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилган иш бўйича ҳал қилув қарори ушбу Кодекснинг IV бўлимида назарда тутилган қоидаларга асосан апелляция ва кассация тартибида, шу жумладан кассация инстанцияси судида такроран, шунингдек янги очилган ҳолатлар бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин».

Хулоса ўрнида, даъвонинг баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, ЯТТларга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, даъво аризалари бўйича ишлар соддалаштирилган иш юритиш тартибида кўриб чиқилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ДАВЛАТ ЎҚИТУВЧИЛАРНИНГ ШАЪНИ ВА ҚАДР-ҚИМАТИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШГА ҒАМХЎРЛИК ҚИЛАДИ

Дарҳақиқат, устоз шогирдини ердан юксакликка кўтаради, устозларнинг  машаққатли меҳнатлари, шогирдига берган билимлари ва йўл-йўриқлари, устознинг берган ўгитлари ва тажрибалари, оқилона маслаҳатларини  бир умрга қадрласа арзийди.

Педагог-ўқитувчиларнинг меҳнатини қадрлаш уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш мақсадида қонунларда бир қатор ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳам бу борада ўзгартириш киритилган бўлиб, унга кўра, Ўзбекистон Республикасида ўқитувчининг меҳнати жамият ва давлатни ривожлантириш, соғлом баркамол авлодни шакллантириш ҳамда тарбиялаш, халқнинг маънавий ва маданий салоҳиятини сақлаш ҳамда бойитишнинг асоси сифатида эътироф этилади.

Давлат ўқитувчиларнинг шаъни ва қадр-қиматини ҳимоя қилиш, уларнинг ижтимоий ҳамда моддий фаровонлиги, касбий жиҳатдан ўсиши тўғрисида ғамхўрлик қилади. 

Бугунги кунда педагог устозларни меҳнатини қадрлаш, уларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни касбий маҳоратини ошириш борасида бир қатор имкониятлар яратилмоқда.

Хусусан, педагог ходимларнинг хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг жиноят кодекси ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига қўшимча ва ўзгартириш киритиш ҳақидаги ЎРҚ-826-сонли Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. 

Мазкур Қонунга кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 1482-моддасига 3-қисм билан тўлдирилди.

Унга кўра, “Меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно, таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан худди шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса,-базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки уй йилгача ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланади.

Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 51-моддаси биринчи қисмига кўра, меҳнатга бирон-бир шаклда маъмурий тарзда мажбурлаш, бундан қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно-базавий ҳисоблаш миқдорининг эллик бараваридан юз бараваригача мидорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модда иккинчи қисм билан тўлдирилди.

Унга кўра, “Худди шундай ҳуқуқбузарлик таълим ташкилотининг педагог ходимига нисбатан содир этилган бўлса,- базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”

Мазкур Кодекснинг 1975-моддасида таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришига тўсқинлик қилиш учун жавобгарлик назарда тутилган.

Ушбу модданинг биринчи қисмига қуйидаги ўзгартириш киритилди: “Таълим ташкилоти педагог ходимининг касбий фаолиятига таълим олувчиларнинг билимини тўғри ва холис баҳолашига таъсир кўрсатиш билан ифодаланган тарзда қонунга хилоф равишда аралашиш ёки таълим ташкилоти педагог ходимининг хизмат вазифаларини бажришга тўсқинлик қилиш учун фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг етти бараваридан ўн бараваригача, мансабдор шахсларга ўн бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади”

Шунингдек, мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган жазо чораси ҳам кучайтирилди. Унга кўра фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан ўн беш бараваригача, мансабдор шахсларга ўн беш бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима солишга ёки ўн беш суткагача маъмурий қамоққа олишга сабаб бўлади.

283-моддасининг 7-қисмига ушбу Кодекснинг 1975моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик содир этилган тақдирда таълим муассасаси педагог ходимининг касбий фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашиш ёки ўз хизмат вазифаларини бажаришга тўсқинлик қилиш, “таълим муассасасининг педагог ходими” деган сўзлар “таълим ташкилоти педагог ходими” деган сўзлар билан алмаштирилди. 

Хулоса қилиб айтганда, педагог ходимларга кўрсатилаётган ғамхорликлар келгусида уларнинг касбий маҳоратини оширишга, сифатли таълим беришга имконият яратиб, жамиятга билимли кадрларни етказиб бериш билан жамиятнинг ривожига ҳисса қўшади деган умиддамиз.

ЖАМШЕД БОБОЕВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти

“ИНСОН ҚАДРИ, УНИНГ ҲУҚУҚ ВА ЭРКИНЛИКЛАРИ,ҚОНУНИЙ МАНФААТЛАРИ УЧУН”

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари учун” китоби инсон ҳуқуқларига бағишланган бўлиб, бу асар мамлакатда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, эркинликларни таъминлаш ва қонуний манфаатларни ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ёритади.

Ушбу китобнинг марказий мавзуси инсон қадриятларини ҳимоя қилишдир. Мирзиёевнинг фикрича, ҳар бир инсоннинг қадр-қиммати, ҳуқуқлари ва эркинликлари олий қадриятдир. Китобда мамлакатда амалга оширилган ва режалаштирилган ислоҳотлар, шу жумладан, суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, коррупцияга қарши кураш ва иқтисодий эркинликларни кенгайтириш бўйича чора-тадбирлар келтирилган.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу китобида ислоҳотлар жараёнида эришилган натижалар ва келажак режалари ҳақида батафсил маълумот берилади. Хусусан, суд-ҳуқуқ тизимини модернизация қилиш, фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини ошириш ва давлат бошқарувини очиқ ва шаффоф қилиш масалалари муҳим ўрин тутади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Инсон қадри, унинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатлари учун” китоби Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш йўлидаги муҳим қадамдир. Бу асар мамлакатда ҳуқуқий маданиятни оширишга, инсон ҳуқуқларини мустаҳкамлашга ва жамиятда адолат ва эркинликни таъминлашга қаратилган. Бу асар нафақат Ўзбекистон, балки бошқа мамлакатлар учун ҳам қимматли тажриба ва билим манбаи бўлиб хизмат қилади.

РУХИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Шеробод туманлараро суди судьяси

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ РАҲБАРИЯТИ ТЕРМИЗДА СУД-ҲУҚУҚ МАСАЛАЛАРИГА ДОИР САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ

Сўнгги йилларда аҳоли мурожаатлари билан ишлашда янгича тизим яратилиб, жойларда сайёр қабуллар ташкил этилаётгани фуқароларни ўйлантираётган кўплаб масалаларнинг ижобий ечим топишига сабаб бўлмоқда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди томонидан Сурхондарё вилоятининг Термиз шаҳрида ташкил этилган навбатдаги сайёр қабулда юртдошларимизнинг суд-ҳуқуқ йўналишидаги мурожаатлари эшитилди.

Олий суд раисининг ўринбосари Шуҳрат Полвонов раҳбарлигида бўлиб ўтган оммавий қабулда фуқароларнинг жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларга оид жами 62 та мурожаатлари кўриб чиқилди.

Мазкур мурожаатларнинг 26 таси жиноят, 25 таси фуқаролик, 8 таси иқтисодий ва 3 таси маъмурий иш бўйича мурожаатларни ташкил қилади.

Мурожаатларнинг 26 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган бўлса, 36 та мурожаатлар жойида ўз ечимини топди.

Сайёр қабул жараёнида жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар, Термиз ва Ангор туман судлари томонидан сайёр суд мажлислари ўтказилиб, унда Пробация хизматида назорат остида турган жами 23 нафар шахслар суд томонидан тайинланган жазолардан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 73-моддасига асосан муддатидан илгари  шартли равишда жазодан озод этилди.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2 нафар фуқаронинг Ўзбекистон Республикасида яшаганлик факти тасдиқланиб, фуқаролик паспорти топширилди.

Қабул жараёнида мурожаатлари ижобий ҳал этилган барча фуқаролар томонидан ўз миннатдорчиликларини билдирди.

Хусусан, фуқаро Умиджон Тукаев 1985 йил 23 октябрда Тожикистон Республикасида туғилганлиги, 1997 йилда оила аъзолари билан доимий яшаш учун Ўзбекистонга кўчиб келганлиги, шундан буён бир неча маротаба ИИБ Миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлимига Ўзбекистон Республикасини олиш мақсадида мурожаат қилганида, унга рад жавоби берилганлиги, 20 йилдан ортиқ Ўзбекистон Республикасида яшаб келаётганлиги, бошқа давлат фуқаролигини эга эмаслиги, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролиги тўғрисидаги Қонунга кўра, 2005 йил 1 январга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаш жойи бўйича рўйхатга олинган ҳамда муқаддам чет давлат фуқаролигида бўлмаган шахс ҳохиш билдирган тақдирда Ўзбекистон Республикасининг фуқароси деб тан олиш кўрсатилганлиги боис Термиз туман Адлия бўлими унинг манффатини кўзлаб, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига даъво аризаси киритган.

Мазкур даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди одилона кўриб чиқилганлиги, суднинг тегишли ҳал қилув қарори билан 1985 йил 23 октябрь куни Тожикистон Республикасида туғилган Тукаев Умиджон Буриевични 1997 йилдан бошлаб ҳозирги кунга қадар Ўзбекистон Республикасида доимий яшаб келганлиги факти белгиланганлиги боис фуқаро Умиджон Тукаев суд тизимида фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини рўёбга чиқариш ва жамиятда адолатни қарор топдиришда ҳамда ўз муаммоларини ижобий ҳал этишда кўмаклашгани учун суд раҳбариятига миннатдорчилик билдирди.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик

ва оммавий ахборот воситалари билан

алоқалар бўйича бош консультанти

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДЛАРИ МУТАСАДДИЛАРИ ТОМОНИДАН НАВБАТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛ ҚИЗИРИҚ ТУМАНИДА ЎТКАЗИЛДИ

Сурхондарё вилояти суди ҳамда Сурхондарё вилоят маъмурий судлари раҳбарларининг жорий йилнинг май-июнь ойларида туман (шаҳар)ларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвали тасдиқланган бўлиб, ушбу жадвалга асосан жойларда вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан суд-ҳуқуқ масалаларига доир сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.

Хусусан, Сурхондарё вилоят судларининг навбатдаги сайёр қабули Қизириқ туманида ташкил этилди.

Қизириқ туманида ташкил этилган сайёр қабулда Сурхондарё вилоят суди раиси А.Рузиқулов, вилоят маъмурий суди раиси Р.Ғуломов, вилоят суди раисининг ўринбосарлари О.Нормаҳматов ва Ж.Хомидов ва вилоят суди судьяси З.Хўжамуротовлар иштирокида ўтказилган сайёр қабулда Қизириқ ва Бандихон туман фуқароларининг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабул давомида жами 20 та мурожаат бўлди. Уларнинг 10 нафари жиноят, 6 нафари фуқаролик, 3 нафари иқтисодий ва 1 нафари маъмурий иш бўйича мурожаат қилган (10 та оғзаки, 10 та ёзма).

Мурожаатларнинг 4 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 16 таси қаноатлантирилган. аксарият ҳолларда суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши муддат ва жараён талаб қилади.

Бандихон туман ички ишлар бўлими Пробация хизмати назоратида жазо ўтаётган 3 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги ҳамда бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Бандихон туман судининг очиқ суд мажлисида ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

Бу каби сайёр қабуллар вилоят судлари мутасаддилари томонидан вилоятимизнинг бошқа ҳудудларида ҳам ўтказиб келинмоқда.

МУРОДАЛИ ЮЛДОШЕВ,

Сурхондарё вилоят суди девонхона мудири

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДИНИНГ НАВБАТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛИ БОЙСУН ТУМАНИДА ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Сурхондарё вилояти суди ҳамда Сурхондарё вилоят маъмурий судлари раҳбарларининг жорий йилнинг май-июнь ойларида туман (шаҳар)ларда ўтказиладиган сайёр қабуллар жадвали тасдиқланган.

Мазкур жадвалга асосан жойларда вилоят судлари раислари ва ўринбосарлари томонидан суд-ҳуқуқ масалаларига доир сайёр қабуллар ўтказиб келинмоқда.         

Жумладан, Сурхондарё вилоят судларининг навбатдаги сайёр қабули Бойсун туманида ташкил этилди.

Сайёр қабулда Сурхондарё вилоят маъмурий суди раиси Р.Ғуломов, вилоят суди раисининг ўринбосарлари О.Нормаҳматов ва Ж.Хомидов, вилоят суди судьяси М.Абдурахманов, жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси А.Рахматов, фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман судининг раиси Л.Усаров иштирок этиб, улар томонидан фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалалари юзасидан мурожаатлари тингланди.

Сайёр қабул давомида 34 та мурожаат бўлди. Шундан қонунга мувофиқ келадиганлари ижобий ҳал қилинди, қолганларига ҳуқуқий тушунтириш берилди. Чунки, аксарият ҳолларда суд-ҳуқуқ масалаларидаги мурожаатлар ҳал этилиши муддат ва жараён талаб қилади.

Мурожаатларнинг 11 таси жиноят, 13 таси фуқаролик, 5 таси иқтисодий, 5 таси маъмурий ишлар юзасидан мурожаат бўлиб, (18 та оғзаки, 16 та ёзма), ушбу аризалар тегишли инстанцияларнинг иш юритувига қабул қилиб олинди.

Мурожаатларнинг  18 таси бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган, 16 тасининг шикоятлари тегишли инстанцияларнинг иш юритувига қабул қилиниб ҳуқуқий тушунтириш бериш йўли билан ҳал этилди.

Туман ички ишлар бўлими Пробация хизмати назоратида жазо ўтаётган 3 нафар фуқаро сайёр қабулда қилмишидан пушаймонлиги, тегишли хулоса чиқарганлиги, тузалиш йўлига қатъий ўтганлиги ҳамда бундан буён соғлом турмуш тарзида ҳаёт кечиришини билдириб, жазонинг ўталмай қолган қисмидан озод қилишни сўради.

Сайёр қабул давомида жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг сайёр мажлиси ташкил этилди. Сайёр судда ҳар бир ҳолат алоҳида кўриб чиқилиб, мурожаатлар ижобий ҳал этилди.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик

ва оммавий ахборот воситалар билан

алоқалар бўйича бош консультанти




ШАХСЛАРНИНГ АЛКОГОЛЛИ ИЧИМЛИК ИСТЕЪМОЛ ҚИЛГАНЛИГИНИ АНИҚЛАШ ТАРТИБИ ТЎҒРИСИДАГИ НИЗОМ ТАСДИҚЛАНДИ

Мамлакатимизда жамоат тартибини сақлаш ва хавфсизлигини таъминлаш, ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашишнинг замонавий усулларини жорий этиш орқали ҳуқуқ-тартибот ва қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда аҳолининг тинчлиги ва осойишталигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ушбу масаланинг долзарб аҳамият касб этиб бораётганидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 2024 йил 5 апрель куни “Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақидаги”ги 190-сонли қарори қабул қилинди.

Қарорга кўра, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини алкотестер ёрдамида аниқлаш тартибини жорий этиш тўғрисидаги таклифи маъқулланган.

Шу билан бирга, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларида алкотестер ёрдамида шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлигини аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланган.

Низом 7 боб, 30 та моддадан иборат таркибда тузилган бўлиб, 1-бобда умумий қоидалар, 2-бобда  алкотестер текшируви давомида алкотестердан фойдаланиш тартиби, 3-бобда масъул ходимларнинг алкотестер текширувини ўтказишда фуқаролар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 4-бобда текширилувчи шахснинг масъул ходимлар билан ўзаро муносабатларидаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари, 5-бобда тиббий текширувдан ўтказиш тартиби, 6-бобда тиббий текширув натижаларини расмийлаштириш ва 7-бобда якунловчи қоидалар кўрсатилган.

Қарорда белгиланишича, ички ишлар органлари ходимлари ёки Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий хизматчилари ва (ёки) ходимлари томонидан ҳуқуқбузарлик содир этганлик ҳолатини аниқлаш мақсадида ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларига олиб келинган шахсларнинг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилади.

Маъмурий ҳуқуқбузарлик содир этганликда гумон қилинаётган шахс алкотестер ёрдамида текширувдан ўтказилиб, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқланса, бироқ натижалари бўйича ушбу шахсда эътирозлар мавжуд бўлган тақдирда, унинг организмида алкоголь мавжудлиги аниқлаш мақсадида тиббий текширувдан ўтказиш учун ушбу шахс масъул ходимлар томонидан туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига олиб борилади.

Қарорга мувофиқ, Ички ишлар органларининг навбатчилик қисмлари алкотестерлар билан тўлиқ таъминлангунга қадар шахслар туман (шаҳар) даволаш-профилактика муассасасига қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб борилади.

Бунда шуни қайд этиш лозимки, транспорт воситалари ҳайдовчиларининг алкоголли ичимлик истеъмол қилганлиги Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 1 декабрдаги 975-сон қарори билан тасдиқланган Йўл-патруль хизмати ходимларининг йўл ҳаракати қатнашчилари билан ўзаро муносабатлари ҳамда махсус мосламалардан фойдаланиши тартиби тўғрисидаги низомга мувофиқ аниқланади.

Низомга кўра, қуйидагилар алкотестер текширувини ўтказиш учун асос бўлади, яъни шахснинг оғиз бўшлиғидан алкоголь ҳиди келиши; шахснинг бир ҳолатда тўғри тура олмаслиги (чайқалиб туриши); шахс нутқининг бузилганлиги; шахс қўл бармоқларининг қалтираши; шахс юз териси рангининг сезиларли ўзгарганлиги.

Алкотестер текширувидан олдин масъул ходимлар текширилувчи шахс ва холисларни алкотестернинг ишлаш тартиби ва кўрсаткичлари билан таништиради, уларнинг талабига асосан қиёслаш сертификати (нусхаси)ни кўрсатади.

Ушбу бандда кўрсатиб ўтилган ҳужжат ва бошқа кўрсаткичлар билан таништирилмаганда ёки махсус мослама носозлигига шубҳа мавжуд бўлганда ёхуд алкотестер текширувини ўтказиш жараёнида санитария-гигиена қоидалари бузилганда, шахс алкотестер текширувидан ўтишдан бош тортиши мумкин.

Алкотестер текшируви жараёнида масъул ходим томонидан текширилувчи шахс билан мулоқотда хушмуомала, унга нисбатан хатти-ҳаракатлари тушунарли ва қонунчилик талаблари асосида бўлиши, шунингдек, санитария-гигиена қоидаларига қатъий риоя этилиши лозим.

Текширилувчи шахснинг оғиз бўшлиғидан чиқарилган ҳаводаги этанол буғлар концентрацияси кўрсаткичи 0,135 миллиграмм ва ундан юқори бўлган ҳолларда, масъул ходимлар текширилувчи шахсга нисбатан алкоголли ичимликларни истеъмол қилганлиги ҳолати юзасидан холислар иштирокида (алкотестер мосламасининг қиёслаш сертификати рақами баённомада кўрсатилади) баённома расмийлаштиради ҳамда алкотестер текшируви натижаларини ушбу баённомага илова қилади.

Вазирлар Маҳкамасининг 2024 йил 5 апрелдаги 190-сон қарорига 2-иловада 2024-2025 йилларда туман (шаҳар) ички ишлар органларининг навбатчилик қисмларини босқичма-босқич алкотестерлар билан таъминлаш жадвали тасдиқланган бўлиб, унга кўра Сурхондарё вилоятидаги мавжуд 15 та туман, шаҳарлар жорий 2024 йилда 8 та, келгуси 2025 йилда эса 7 та алкотестер мосламалари билан таъминланиши кўрсатилган.

Келгусида судлар томонидан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид ишларни ва бошқа турдаги материалларни кўриб чиқишда мазкур Қарор ва Низом талабларига риоя этилиши ҳолатларига эътибор қаратилиши лозим бўлади.

ОТАБЕК ЭРГАШЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҚОНУНИЙ ЭГАЛИГИДА БЎЛГАН УЙ-ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ ҲУҚУҚИ ТИКЛАНДИ

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 66-моддасига кўра, “Мулкдор ўзига тегишли бўлган мол-мулкка ўз хоҳишича эгалик қилади, ундан фойдаланади ва уни тасарруф этади. Мол-мулкдан фойдаланиш атроф-муҳитга зарар етказмаслиги, бошқа шахсларнинг, жамият ва давлатнинг ҳуқуқларини ҳамда қонуний манфаатларини бузмаслиги керак” деб белгиланган.

Судлар томонидан фуқароларнинг мулкдан фойдаланиши билан боғлиқ низолар кўриб чиқилиб, қонуний ҳал этилмоқда.  

Жумладан, судга даъвогар Ахмедов Али (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жавобгар Алиев Мансурга нисбатан даъво аризаси билан мурожаат қилиб,  нотариал тасдиқланган олди-сотди шартномасига асосан уй сотиб олганлигини, бироқ ушбу уйда жавобгар яшаётганлигини сабабли, ушбу уйдан фойдалана олмаётганлигини, жавобгарга уйни бўшатиб беришни сўраган бўлса-да, уйдан чиқмасдан келаётганлиги учун мазкур уйдан жавобгарни мажбурий тартибда чиқаришни сўраган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 164-моддасига кўра, “Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир” деб белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик Кодексининг 185-моддасига кўра “шартнома асосида мол-мулк олувчида мулк ҳуқуқи, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, ашё топширилган пайтдан бошлаб вужудга келади. Агар мол-мулкни бошқа шахсга бериш ҳақидаги шартнома давлат рўйхатидан ўтказилиши ёки нотариал тасдиқланиши керак бўлса, мол-мулкни олувчида мулк ҳуқуқи шартнома рўйхатдан ўтказилган ёки тасдиқланган пайтдан бошлаб, шартномани ҳам нотариал тасдиқлаш, ҳам давлат рўйхатидан ўтказиш зарур бўлганида эса – рўйхатдан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади” деб белгиланган.

Даъвогар Ахмедов Али низоли бўлган уйнинг мулкдори ҳисобланади.

Аммо даъвогар Ахмедов Алига тегишли бўлган уй-жойдан жавобгар Алиев Мансур чиқмасдан мулкдор талабини бажармаган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шерободл туманлараро судининг тегишли ҳал қилув қарори билан даъвогарнинг даъво талаблари қаноатлантирилиб, унга кўра  жавобгар Алиев Мансур даъвогар Ахмедов Алига мулк ҳуқуқи асосида  тегишли бўлган уй-жойдан мажбурий тартибда чиқариш белгиланиб, даъвогарнинг уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқлари тикланди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Skip to content