ОДИЛ СУДЛОВ – АДОЛАТЛИ ЖАМИЯТ ПОЙДЕВОРИ

Жамиятимизда одил судлов тизимида амалга оширалаётган ислоҳатлар замирида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқ ва эркинликлари тикланмоқда. Хусусан, электр, иссиқлик энергияси, газ, водопроводдан фойдаланиш қоидаларини бузиш каби маъмурий ва жиноий ҳаракатларга ҳуқуқий баҳо беришда суриштирув ва тергов органларининг йўл қўйган хато ва камчиликлари  бартараф этилмоқда.

Дастлабки тергов органи томонидан айбланувчи Машраб Аллаев (исм фамилиялар ўзгартирилган) Бойсун туманидаги “Элбек Бахром” фермер хўжалиги иш бошқарувчиси вазифасида ишлаб келиб, “Хўжамайхона-Бойсун” магистрал ичимлик суви қувури тармоғига ноқонуний равишда ўзбошимчалик билан уланиб, ўзи бошқариб келаётган фермер хўжалигига қарашли бўлган дала ер майдонларига сувни ишлатиб, 17.03.2023 йилда ўтказилган рейд тадбирига асосан берилган хулосасига кўра, “Сурхондарё сув таъминоти” МЧЖ манфаатларига жами 116.457.360 сўмлик кўп миқдорда зарар етказилганликда айбланган.

Бироқ, жиноят ишни судда кўриш жараёнида тўпланган далилларда айбланувчи Машраб Аллаевнинг айбсизлиги тўлиқ, ҳар томонлама ва холисона текширилиб, уни оқлаш учун асослар етарли бўлгани сабабли жиноят ишлари бўйича Бойсун туман судининг 2024 йил 5 январь кунидаги ҳукми билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 1852-моддаси 3-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбсиз деб топилиб, унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаганлиги сабабли Жиноят-процессуал Кодексининг 83-моддаси 2-қисми билан оқлов ҳукми чиқарилган.

Мазкур суднинг ҳукмига нисбатан туман прокурори томонидан келтирилган апелляция тартибидаги протестда, суд томонидан иш бир томонлама кўрилганлиги, шу сабабли жиноят ишини Жиноят-процессуал кодекси 416-417-моддалари тартибида айблов хулосасини тасдиқлаган прокурорга юбориш лозимлиги, айбланувчи томонидан сувни ҳисобга олиш асбобларининг йўқ  қилинганлигига ҳуқуқий баҳо берилмаганлиги сабабли суд ҳукмини бекор қилиб, судланувчига айблов ҳукми чиқариш сўралган.

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2024 йил 12 июнь кунидаги ажрими билан биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз, келтирилган апелляция протести қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Тарафларга келгусида ушбу ажрим юзасидан тафтиш тартибида шикоят ёки протест келтириш ҳуқуқи тушунтирилиб, фуқаронинг қонуний ҳуқуқлари одил судлов томонидан тикланди.

Зеро, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 20-моддасида “Инсон билан давлат органларининг ўзаро муносабатларида юзага келадиган қонунчиликдаги барча зиддиятлар ва ноаниқликлар инсон фойдасига талқин этилади” деб кўрсатилган. Шу жиҳатдан мазкур нормаларга амал қилган ҳолда “Одил судлов – адолатли жамият пойдевори” таъмойили асосида фуқароларнинг қонун билан бузилган ҳуқуқлари тўлиқ тикланмоқда.

БОТИР НОРМУРОДОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ФАРЗАНД УЧУН ТАЪМИНОТ ФАҚАТГИНА 18 ЁШГАЧА ТЎЛАНАДИМИ?

Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конститусиясида жамиятимизнинг асосий бўғинларидан бири ҳисобланувчи оила, болалар ва ёшлар тўғрисидаги асосий тамойиллар белгилаб берилган. Конститутсиямизнинг
77-моддасида ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбур эканлиги белгилаб қўйилган.

Мамлакатимиз қонунчилигига мувофиқ ота-оналарнинг фарзандларига таъминот бериш мажбуриятига нисбатан “алимент” деб номланувчи махсус юридик атама қўлланилади. Оила кодексининг 96-моддасида белгиланишича, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилади.

Аксарият инсонлар фарзанд учун таъминот бериш дейилганида фарзанд вояга етгунига қадар тўланадиган алимент пулини кўз олдиларига келтирадилар. Миллий қонунчилигимизга кўра эса, ота-оналар нафақат фарзандлари вояга етгунига қадар балки вояга етган бўлса-да, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар. Бу ҳақидаги норма Оила кодексининг 97-моддасида белгиланган бўлиб, унга кўра ота-оналарнинг Вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам, вояга етган, меҳнатга лаёқатсиз, ёрдамга муҳтож болаларига таъминот беришдаги мажбуриятлари ҳам тенгдир.

Мазкур нормадан кўринадики, ота-оналар фарзандлари меҳнатга лаёқатсиз ва ёрдамга муҳтож бўлган ҳолларда улар вояга етган бўлсалар ҳам таъминот беришга мажбур ҳисобланадилар.

Шунингдек, ота-оналар фарзандлари таъминоти учун зарур бўладиган фавқулодда қўшимча ҳаражатларда ҳам иштирок этишга мажбур ҳисобланадилар.  Фарзанднинг тан жароҳати олиш, касаллик ҳолатларида ёки таълим олиши учун зарур бўладиган қўшимча ҳаражатларни шулар жумласига киритиш мумкин. Мазкур ҳолатлар ҳам Оила кодексида алоҳида норма билан тартибга солинган бўлиб, ушбу кодекснинг 103-моддасига кўра Ота-она фавқулодда ҳолатлар (боланинг оғир шикастланиши, касал бўлиши ва бошқалар) туфайли келиб чиққан, боланинг таъминоти учун зарур бўлган қўшимча харажатларда иштирок этиши шарт.

Қўшимча харажатларда иштирок этишдан бош тортган ота (она)дан суд уларнинг оилавий ва моддий аҳволини ҳисобга олиб, қўшимча харажатларни қисман пул билан тўланадиган қатъий суммада ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Бундан кўринадики, ота-оналик нафақат кишига берилган олий бахт, балки фарзандга гўзал тарбия бериш, уни ҳар томонлама соғлом ва баркамол қилиб вояга етказишдек бурчларга эга бўлишни ҳам англатади.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ФУҚАРОНИ МУОМАЛА ЛАЁҚАТИ ЧЕКЛАНГАН ЁКИ МУОМАЛАГА ЛАЁҚАТСИЗ ДЕБ ТОПИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик протсессуал кодексининг 310-моддасида спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги) туфайли муомалага лаёқатсиз деб топиш ҳақидаги иш унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари берган аризалар бўйича қўзғатилиши мумкинлиги қайд этилган.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ариза мазкур фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги аризада спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилувчи шахс ўз оиласини моддий жиҳатдан оғир аҳволга солиб қўяётганлигидан далолат берувчи ҳолатлар баён этилиши керак.

Фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги аризада шахснинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёхуд ақли заифлиги), шунинг оқибатида у ўз хатти-ҳаракатларини англай олмаслигидан ёки бошқара олмаслигидан далолат берувчи ҳолатлар баён қилиниши керак.

Судя аризани олгач, ишни суд муҳокамасига тайёрлаш тартибида фуқаронинг руҳий ҳолати бузилганлиги (руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги) тўғрисида етарли маълумотлар мавжуд бўлса, унинг руҳий аҳволини аниқлаш учун суд-психиатрия экспертизасини тайинлайди.

Фуқаро суд-психиатрия экспертизасини ўтишдан бош тортганда суд уни мажбурий тарзда экспертизага юбориш тўғрисида ажрим чиқариши мумкин.

Суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, ушбу Кодекс 186-моддасининг қоидалари қўлланади.

Суд фуқарони муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишни прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органининг вакили иштирокида кўриб чиқади. Иши кўриб чиқилаётган фуқаро, агар унинг соғлиғи ҳолати имкон берса, суд мажлисига чақирилади.

Суднинг фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори васийлик ва ҳомийлик органининг муомала лаёқати чекланган шахсга ҳомий тайинлаши, муомалага лаёқатсиз шахсга эса, васий тайинлаши учун асос бўлади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топганда суд ҳал қилув қарори кучга кирганидан сўнг уч кун ичида бу ҳақда мазкур шахс яшаб турган жойдаги ҳомийлик ва васийлик органига хабар қилади ва унинг устидан ҳомий ёки васий тайинлаш учун ҳал қилув қарорининг кўчирма нусхасини юборади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган ёки муомалага лаёқатсиз деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш ёки уни муомала лаёқатидан маҳрум этиш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, шунингдек Фуқаролик процессуал Кодекснинг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқаради ёки қонунчиликда назарда тутилган ҳолларда, суд васий, шунингдек мазкур моддада санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан, суд-психиатрия экспертизасининг хулосасига асосланиб, соғайган фуқарони муомалага лаёқатли деб топиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ЭНДИЛИКДА СУД ТИЗИМИДА ТЕРГОВ СУДЬЯСИ ЛАВОЗИМИ ЖОРИЙ ЭТИЛМОҚДА

Ўзбекистон Республикаси Президенти 2024 йил 10 июнда “Тезкор-қидирув ҳамда тергов фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонни имзолади.

Барчага маълумки, суд ҳокимиятининг асосий вазифаси – фуқароларнинг қонунчиликда кафолатланган ҳуқуқлари ва эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, тадбикорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таҳминлашга қаратилган.

Мамлакатимизда “Инсон қадри учун” тамойили асосида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янги босқичга кўтариш ва мустаҳкамлашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда.

Шунингдек, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳимоясининг кафолатларини кучайтириш орқали аҳолининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимига бўлган ишончини ошириш давлатимизнинг асосий мақсадларидан биридир.

Суд-тергов амалиётида инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш бўйича самарали механизмлар тўлиқ ишга солинмаганлиги, жиноят содир этганликда айбланаётган шахснинг эркинлик ва шахсий дахлсизликка оид конституциявий ҳуқуқларини суд орқали таъминлаш чораларини кучайтириш заруратини келтириб чиқарди.

Қабул қилинган Президент Фармонига асосан ишни судга қадар юритиш босқичида Тергов судьяси лавозими жорий этилиши белгиланди.

2025 йил 1 январдан бошлаб жиноят ишлари бўйича туман ва шаҳар судларида тергов судьяси лавозими жорий этилади.

Тергов судьясига жиноят материалларини, санкциялар ва мажбурлов чораларини қўллаш масаласини кўриб чиқиш ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатлари берилади.

Шунингдек, тергов судьяси қамоққа олиш ёки уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш, қамоқда сақлаш ёки уй қамоғи муддатини узайтириш, паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилишини тўхтатиб туриш, мурдани эксгумация қилиш, почта-телеграф жўнатмаларини хатлаш, тинтув ўтказиш, телефонлар ва бошқа телекоммуникация қурилмалари орқали олиб бориладиган сўзлашувларни эшитиб туриш, улар орқали узатиладиган ахборотни олиш, мол-мулкни хатлаш каби санкцияларни бериши мумкин.

Тергов судьяси айбланувчини лавозимидан четлаштириш, шахсни тиббий муассасага жойлаштириш, айбланувчининг тиббий муассасада бўлиши муддатини узайтириш, ушлаб туриш муддатини қирқ саккиз соатга қадар узайтириш, гувоҳ ва жабрланувчининг (фуқаровий даъвогарнинг) кўрсатувларини олдиндан мустаҳкамлаш каби мажбурлов чораларини қўллаши мумкин бўлади.

Жиноят ишлари бўйича судга қадар иш юритув даврида тергов судьяси томонидан процессуал қарорларга берилган санкциялар фақатгина апелляция инстанциясида Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди томонидан якка тартибда қайта кўриб чиқилиши тартибини белгиланади.

Президентнинг ушбу фармони суд тизими тузилмасини ислоҳ қилишга, қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатларини суд йўли билан самарали ҳимоя қилишга хизмат қилади.

РАҲМАТИЛЛА ҒУЛОМОВ,

Сурхондарё вилоят маъмурмий суди раиси

ФУҚАРОНИ БЕДАРАК ЙЎҚОЛГАН ДЕБ ТОПИШ ВА ФУҚАРОНИ ВАФОТ ЭТГАН ДЕБ ЭЪЛОН ҚИЛИШ ТАРТИБИ

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик протсессуал кодексининг 305-моддасида фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ариза манфаатдор шахс томондан бедарак йўқолган фуқаронинг охирги маълум бўлган яшаш жойидаги судга берилиши белгиланган.

Суд фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги аризани кўриб чиқишга қонунчиликда белгиланган муддатлар ўтганидан сўнг киришади.

Аризада фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки уни вафот этган деб эълон қилиш аризачига қандай мақсадлар учун зарур эканлиги кўрсатилиши, шунингдек фуқаронинг бедарак йўқолганлигини тасдиқлайдиган ёхуд бедарак йўқолган шахсга ўлим хавфини солган ёки у муайян бахтсиз воқеа туфайли ҳалок бўлган деб тахмин қилишга асос бўладиган ҳолатлар баён қилиниши керак.

Судя ишни суд муҳокамасига тайёрлашда бедарак йўқолган шахс тўғрисида кимлар (қариндош-уруғлари, бирга ишловчилар ва бошқалар) маълумот бера олиши мумкинлигини аниқлайди, шунингдек бедарак йўқолганнинг маълум бўлган сўнгги яшаш жойи ва иш жойидаги тегишли ташкилотлардан (ички ишлар органларидан, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларидан) бедарак йўқолган шахс тўғрисида бор маълумотларни сўраб олади.

Судя аризани қабул қилиб олгач, айни вақтда васийлик ва ҳомийлик органига бедарак йўқолганнинг мол-мулкини сақлаш, шунингдек уни бошқариш учун шахсни тайинлашни таклиф қилиши мумкин.

Фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ёки фуқарони вафот этган деб эълон қилиш ҳақидаги ишлар албатта прокурорнинг иштирокида кўрилади.

Суднинг фуқарони бедарак йўқолган деб топиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори бедарак йўқолган шахснинг мол-мулки турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органининг бу мулкка нисбатан бошқарувчи тайинлаши учун асос бўлади.

Суднинг фуқарони вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ҳал қилув қарори фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органининг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтарига мазкур фуқарони вафот этган деб ёзиб қўйиш учун асос бўлади.

Бедарак йўқолган деб топилган ёки вафот этган деб эълон қилинган фуқаро қайтиб келган ёки унинг турган жойи аниқланган тақдирда, суд ўзининг илгариги ҳал қилув қарорини янги ҳал қилув қарори билан бекор қилади. Янги ҳал қилув қарори тегишинча мол-мулкка нисбатан бошқарувни ёки фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш дафтаридаги фуқаронинг вафотига доир ёзувни бекор қилиш учун асос бўлади.

Хулоса ўрнида, фуқарони бедарак йўқолган деб топиш ёки вафот этган деб эълон қилиш тўғрисидаги ишлар фуқаролик ишлари бўйича судлар томонидан қонунчиликда белгиланган муддатларда кўриб чиқилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судя катта ёрдамчиси

ЖИНОЯТГА ЖАЗО МУҚАРРАР

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримига кўра, Хаким Махмудовга (исм фамилиялар ўзгартирилган) нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлаш ҳақидаги жиноят ишлари бўйича биринчи босқич судининг ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Жумладан, Хаким Махмудов илгари ҳам бир неча маротаба ўғирлик жиноятларини содир этганлиги учун ўта ҳавфли рецидивист деб топилган ва тайинланган жазоларни тегишли тартибда ўтаб чиққан бўлса-да, бироқ 2021 йил 3 декабрь куни ўзганинг мулкини ўғирлаш мақсадида, Узун туманида жойлашган масжид олдига бориб, шу ерда турган Узун туманида яшовчи Нарзулла Боевга тегишли “Ласетти” русумли автомашинанинг ҳайдовчи томондаги олди эшиги қулфини ўзи билан бирга олиб юрган қайчи билан бузиб очиб, автомашина қутисида бўлган 15.180.000 сўм пулларини яширин равишда талон-торож қилиб, воқеа жойидан яширинган.

Судланувчи судда жиноятни ўзини бошқараолмаган ҳолатда содир қилгани ҳақида важлар келтирса-да, унинг важлари жазодан қутулиб қолишига ёрдам бермади.   

Шундай экан, ўзганинг мулкини қонунга хилоф равишда қўлга киритиш, жумладан ўғирлик қилиш учун қонунларимизда жавобгарлик муқаррар эканлигини доимо ёдда сақлаш зарур.

Т.БЕКПУЛАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ОТАДАН ВОЯГА ЕТМАГАН ФАРЗАНДИ УЧУН АЛИМЕНТ УНДИРИШ ҲАҚИДАГИ МАСАЛА СУД ТОМОНИДАН КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг 77-моддаси 1-қисмида, “Ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ва ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхўрлик қилишга мажбурдирлар.” деб белгиланган.

Даъвогар Фозилова Зарина (фамлияси ва исми ўзгартилган) судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, суддан жавобгар Амиров Отабеккадан (фамлияси ва исми ўзгартилган) икки нафар фарзандининг таъминоти учун фарзанди вояга етгунига қадар алимент ундириб беришни сўраган.

Тарафларнинг ўртасида икки нафар 2021 йил ва 2023 йилда туғилган вояга етмаган фарзандлари бор.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 97-моддасида, вояга етмаган болаларига алимент тўлаш ва уларга таъминот беришда ота-онанинг мажбуриятлари тенгдир.

Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексининг 99-моддаси биринчи қисмига кўра, агар вояга етмаган болаларига таъминот бериш ҳақида ота-она ўртасида келишув бўлмаса, уларнинг таъминоти учун алимент суд томонидан ота-онанинг ҳар ойдаги иш ҳаққи ва (ёки) бошқа даромадининг бир бола учун – тўртдан бир қисми; икки бола учун – учдан бир қисми; уч ва ундан ортиқ бола учун – ярмиси миқдорида ундирилади.

Тарафлар вояга етмаган фарзадининг таъминоти ҳақида ўзаро келишувга эриша олмаган. Суд томонидан даъвогарнинг даъвосини қаноатлантириб, Фозилова Заринанинг фойдасига 2021 йилда туғилган Алишер ва 2023 йилда туғилган  Мадинанинг моддий таъминоти учун Амиров Отабекдан унинг барча иш ҳақи ва даромадларининг 1/3 қисми миқдорида ҳар ойда алимент ундириш белгиланди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҲАР БИР ФУҚАРО – КОРРУПЦИЯГА ҚАРШИ КУРАШИШИ ЗАРУР

Коррупция жамиятни емирувчи иллат бўлиб, у ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ривожланишга, демократия асосларига ва қонун устуворлигига тўсқинлик қилади.

Коррупция сўзи – лотинча “пора бериб сотиб олиш” маъносини англатиб, мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқ ва имкониятлардан шахсий бойлик орттириш мақсадида фойдаланишни ифодаловчи сиёсий ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолият тушунилади. Коррупция жиноят қонунчилигида ўзи мустақил жиноят таркиби бўлмай, балки бир қатор мансабга оид жиноятларни қамраб олувчи умумлашган тушунчадир.

Хусусан, унинг таркибига мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, ҳокимият ҳаракатсизлиги, пора олиш, бериш ва бошқа бир қатор жиноятлар киради.

Таъкидлаш лозимки, коррупция, энг аввало, инсон ҳуқуқларини таъминлашга монелик қилиб, ижтимоий тенгсизликни келтириб чиқаради. Эркин бозор иқтисодиётининг ривожланишига, ҳаёт даражасининг пасайишига олиб келади. Шу билан бир қаторда коррупция фуқароларнинг давлат бошқаруви идораларига бўлган ишончи йўқолишига олиб келиб, уюшган жиноятчиликнинг авж олишига замин яратади ва инсонларнинг хавфсизлигига таҳдид солади.

Яъни ҳар қандай салбий ҳолат сингари коррупция ҳам жамият ривожига тўсқинлик қилмоқда. Шу боиси мамлакатимизда коррупцияга қарши  кексин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Жумладан, бунинг асоси сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунни ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 июндаги “Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисидаги ”ги Фармоннинг қабул қилиниши, коррупцияга қарши кураш бўйича идоралараро комиссиясининг  ташкил этилиши, шунингдек коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат Дастурининг тасдиқланиши мамлакатимизда коррупциявий ҳуқуқбузарликлар ва жиноятларнинг олдини олишга қаратилган чора–тадбирлар, вазифаларни амалга оширишни таъминлашга хизмат қилади.

Шу ўринда алоҳида таъкидлаш лозимки, сўнгги йилларда Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуслари билан мамлакатимизда коррупцияга қарши курашишнинг давлат сиёсати даражасига кўтарилгани эътирофга молик.

Таъкидлаш жоиз, коррупция ҳар қандай давлат ва жамиятнинг сиёсий-иқтисодий ривожланишига жиддий путур етказади. Давлатнинг конституциявий асосларини, қонун устуворлигини заифлаштиради, пировардида, инсон ҳуқуқ ва эркинликларининг поймол бўлишига олиб келади.

Шу боис, коррупция мураккаб ижтимоий ҳодиса бўлиб, унга қарши курашиш учун алоҳида чораларни қўллаш самарали ҳисобланмайди, коррупцияга қарши курашишда давлат ва жамиятнинг ўзаро жипслиги талаб этилади.

Коррупция – тараққиёт кушандаси экан бунга қарши барчамиз  курашиб, бу борада ўз хиссамизни қўшишимиз, буни ўзимизнинг хатти ҳаракатларимиз, билимимиз ва тарғибот қилишимиз, ҳаммамиз бир ёқадан бош чиқариб фаолият юритишимиз лозим.

Шундай экан, ўзимизга хулоса қилишимиз, келажакни коррупциясиз биргаликда қуришимиз, бунинг учун аввало ўзимизни ўзимиз тарбия қилишимиз, коррупциянининг ҳар қандай кўришнишини бартараф қилиш учун биргаликда курашишимиз зарурдир. Қабул қилинган фармон ва қонун эса давлат ва жамият тараққиётига салбий таъсир этувчи мазкур иллатга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизми сифатида хизмат қилади.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, коррупцияга сезиларли зарба бериш учун, энг аввало, жамиятдаги барча фуқаролар ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари билан бир қаторда, унга шахсан риоя қилиш ва бошқалардан ҳам шуни талаб қилиш ҳамда мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан жамоат назоратини кучайтириш лозимдир.

НИГОРА ХАСАНОВА

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судья ёрдамчиси

ТАРИХГА НАЗАР. ТУРКИСТОН ГЕНЕРАЛ-ГУБЕРНАТОРЛИГИ ДАВЛАТИДА СУД ТИЗИМИ ҚАНДАЙ БЎЛГАН ВА У ҚАНДАЙ НОМЛАНГАН?

Тарихчи Баҳодир Эшовнинг Ўзбекистонда давлат ва маҳаллий бошқарув тарихи номли иккинчи китобида баён этилишича, 1867 йилда Туркистон генерал-губернаторлиги ташкил этилади. Унинг генерал-губернатори ўз қўлида ҳарбий ва фуқаролик ҳокимиятини бирлаштирган. Генерал-губернатор бир вақтнинг ўзида подшо ноиби, ҳарбий округ қўшинлари қўмондони, Еттисув казак қўшинлари атамани, бош миршаб ва бош прокурор вазифаларини ҳам ўтаган. Генерал-губернатор император томонидан тайинланган ва вазифасидан озод этилган. У ҳарбий вазирга буйсунган.

Россия императори Александр III томонидан 1886 йил 12 июнда “Туркистон ўлкасини бошқариш тўғрисида”ги Низом тасдиқланган.

Туркистон генерел-губернаторлиги бошқарув тизими марказий, вилоят, уезд (туман), участка (волост), шаҳар, қишлоқ ва овул бошқаруви шаклларидан иборат бўлган.

1886 йилги “Низом”га кўра, Туркистон ўлкасини бошқариш қуйидагича бўлинган:

1. Бош бошқарма.

2. Турли тармоқларнинг алоҳида қисмларини бошқариш.

3. Маҳаллий маъмурий бошқарув: вилоят-уезд-волост-қишлоқ.

4. Суд бошқаруви.

Туркистон генерел-губернатори ҳузурида кенгаш, махсус топшириқларни бажариш учун амалдорлар, таржимон ва девонхона мавжуд бўлган.

1867 йилги “Муваққат Низом”га кўра Туркистон ўлкасининг суд ва полиция тизими – ҳарбий суд, империянинг умумий қонунлари асосида суд ва халқ судидан иборат бўлган бўлса, 1886 йилги “Низом”га кўра, уларга ўзгартиришлар киритилиб, қуйидагича бўлган: судлов палатаси, округ судлари, қўшимча мировой (сулҳпарвар) судьялар, фахрий мировой судьялар.

Маҳаллий аҳолининг судлари алоҳида тартибга асосан тузилиб, халқ судлари деб номланган. Халқ судлари алоҳида рус судларига тегишли ишлардан ташқари содир этилган ишларни, бироқ халқ судига тегишли бўлган ҳамда рус ҳужжатлари асосида бўлмаган фуқаролик ишларини кўриб чиққан. Ҳалқ судлари  халқ томонидан сайланиб қўйилган бийлар томонидан амалга оширилган. Улар ҳарбий губенатор томонидан тасдиқланган. Ўтроқ аҳоли учун қози судлари амал қилган бўлиб, улар аҳоли томонидан сайланган ҳамда ҳарбий губернатор томонидан тасдиқланган.

РУФАТ БЕГИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ НИМА ВА УНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ОРГАН ҚАЙСИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилнинг 5 июнь кунида манфаатлар тўқнашуви тўғриисдаги қонун имзоланди ушбу қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.

Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;

Ушбу қонун Ўзбекистон Республикасида муҳим аҳамиятга эга бўлиб қонун билан қуйидаги соҳалар тартибга солинади яъни ушбу қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.

Ушбу Қонуннинг амал қилиши:

-ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;

-ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.

Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эканлиги белгиланган ва унга қуйидаги ваколатлар берилган.

-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;

-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;

-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;

-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;

-манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;

-давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;

-манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;

-махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;

-маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.

Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.

СОХИБ РАХИМОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

Skip to content