“Ўзбекистон Республикаси Судьялар Олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунига 2021 йил 21 сентябрда киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар.

Жорий йилнинг 20 октябрь куни Ангор туман 3-сектор ҳудудида жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси К.Хидировнинг ташаббуси билан, маҳаллаларда ижтимоий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳоли ўртасида ҳуқуқбузарлик ва жиноятларнинг барвақт олдини олиш ҳамда амалдаги қонунчиликдаги ўзгартириш ва қўшимчалар юзасидан давра муҳбати ўтказилди. 

Ўтказилган давра суҳбатида жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси К.Хидиров, Ангор туман ИИБ масъул ходимлари ҳамда фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари вакиллари иштирок этдилар.

Семинарда сўз олган туман суди раиси К.Хидиров, 2021 йил 20 сентябрь кунидаги «Ўзбекистон Республикаси судьялар олий кенгаши тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида” ЎРҚ-717-сонли Қонуни қабул қилинди унга кўра, Судьялар фаолияти очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳоланади.

“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги Қонун Президент томонидан имзоланди.

“Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришларга кўра, Кенгаш:

➖ судьялар орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиб, уларни барвақт аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

➖ суд тизимида аниқланган ҳар бир коррупция ҳолатини кўриб чиқади ва принципиал баҳолайди.

Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга кўра, Кенгаш судьялар фаолиятини очиқ ва шаффоф электрон рейтинг дастури асосида баҳолаш мезонларини аниқлаш бўйича чора-тадбирлар кўради.

Қонун билан Кенгаш раиси ўринбосари ваколатларига ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, Кенгаш раиси ўринбосари:

Судьялар дахлсизлигини таъминлаш ва коррупциянинг олдини олиш бўйича суд инспекциясининг фаолиятига раҳбарликни амалга оширади, унинг фаолияти самарадорлигини таъминлаш учун жавобгар бўлади;

Ахборот-коммуникация технологияларини жорий этишга, шунингдек ахборот хавфсизлигини таъминлашга доир ишларни ташкил этади.

Қонунга киритилган қўшимчаларга кўра, Кенгаш раиси судьяларнинг дахлсизлигини бузганлик ва одил судловни амалга оширишга аралашганлик ҳолатлари юзасидан прокуратура органларига тақдимнома киритиши мумкин.

Прокуратура органларига киритилган тақдимнома 1 ой муддатда кўриб чиқилади ва Кенгаш жиноят иши қўзғатилганлиги тўғрисида ёки уни қўзғатиш рад этилганлиги ҳақида Бош прокуратура томонидан хабардор қилинади.

Давра суҳбати якунида аҳолининг маънавий ва интеллектуал савиясини юксалтириш борасида олиб бораётган ишларнинг самарадорлигини ошириш, хотин-қизларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш шунингдек, хотин-қизлар орасида жиноятларнинг олдини олишга қаратилган кенг қамровли ҳуқуқий тарғибот тадбирларини амалга оширишга келишиб олинди.

Давра суҳбати асносида иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволлари ҳамда масалалари бўйича керакли маълумот олдилар.

Камолиддин Хидиров

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди раиси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

“Кредит ва қарздорликни ундириш билан боғлиқ низоларни кўриш бўйича суд амалиёти”

 Маълумки Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ва
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг 22.12.2006 йилда “КРЕДИТ ШАРТНОМАЛАРИДАН КЕЛИБ ЧИҚАДИГАН МАЖБУРИЯТЛАР БАЖАРИЛИШИНИ ТАЪМИНЛАШ ТЎҒРИСИДАГИ ФУҚАРОЛИК ҚОНУН ҲУЖЖАТЛАРИНИ ҚЎЛЛАШНИНГ АЙРИМ МАСАЛАЛАРИ ҲАҚИДА” ги қарори қабул қилинган.

 Кредит шартномасидан келиб чиқадиган мажбуриятлар ижросини таъминлаш усули ҳисобланган кафиллик, гаров шартномадаги ва кафолатдаги тарафлар ҳамда учинчи шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси   «Гаров тўғрисида»ги, «Гаров реестри тўғрисида»ги, «Ипотека тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг қонунлари, банклар ва банк фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг бошқа қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

Банк ёки бошқа кредит ташкилоти (кейинги ўринларда — кредит ташкилоти) ва қарз олувчи ўртасида кредит шартномасидан келиб чиқадиган ҳуқуқий муносабат кредит ташкилотининг кейинчалик, келишилган муддатларда, кредит бериш (кредит линиясини очиш) мажбуриятини ва қарз олувчининг олинган кредитни қайтариш ва у бўйича фоизларни тўлаш мажбуриятини ўз ичига олади.

Бунда кредит ташкилотининг қарз олувчига кредит суммасини бериш (ҳисобвараққа ўтказиш) бўйича реал шартномавий мажбуриятлари шартнома тузилган пайтдан бошлаб, қарз олувчининг фоизларни тўлаш, кредитни қайтариш бўйича шартномавий мажбуриятлари эса, агар тарафлар келишувида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, кредит суммаси реал олинган пайтдан бошлаб вужудга келади.

Шу муносабат билан судлар кредит ташкилотлари ва қарз олувчиларнинг тарафларни кредит шартномасини бажаришга мажбурлаш тўғрисидаги даъволарини кўришда тарафларнинг тузилган ушбу шартнома бўйича ҳуқуқ ва мажбуриятлари вужудга келган пайтни инобатга олишлари лозим.

Кредит шартномаси суд тартибида тарафлардан бирининг талаби билан бошқа тараф томонидан шартнома шартлари жиддий равишда бузилганда ёки вазият жиддий ўзгарганда, шунингдек қонун ёки шартномада назарда тутилган бошқа ҳолларда ўзгартирилиши ёки бекор қилиниши мумкин.

Юқори фоиз ставкаларини белгилаш, кредитни қайтариш ёки фоиз тўлашни кечиктирганлик учун жарима қўллаш, кредит валютаси курсининг ўзгариши кредит ўзгартирилиши ёки бекор қилинишига олиб келадиган вазиятнинг жиддий ўзгариши деб ҳисобланиши мумкин эмас.

Судлар кредит суммаларини муддатидан олдин ундириш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит шартномасини муддатидан олдин бекор қилиш тўғрисидаги талабнинг йўқлиги кредит суммаси ва фоизларни муддатидан олдин ундириш ҳақидаги талабларни қаноатлантиришни рад этиш учун асос ҳисобланмаслигини эътиборга олишлари лозим.

Қарз олувчилар (қарздорлар)нинг кредитларни қайтармаганлик учун кредит ташкилотлари олдидаги жавобгарлиги доирасини аниқлашда судлар қарз таркибига кредитнинг ёки унинг бир қисмининг суммаси, кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит шартномасида белгиланган ҳажмда бошқа тўловлар (комиссиялар) киришидан келиб чиқишлари зарур.

Кредитдан фойдаланганлик учун фоизлар, кредит ташкилоти томонидан қарз олувчи (қарздор) банкнинг пул маблағларидан амалда фойдаланган бутун даври учун, ҳатто актив (кредит/қарз) ўстирмаслик мақомига ўтказилган тақдирда ҳам, пул мажбуриятларини кечиктириш даврини қўшган ҳолда ҳисобланиши мумкин.

Кредит маблағларини ундириш тўғрисидаги талаблардан келиб чиқадиган низоларни кўришда судлар шуни назарда тутишлари лозимки, гаров, кафиллик шартномалари ҳамда кафолат, ўз-ўзидан ҳақиқий бўлмаган битимлардан ташқари, уларни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида тегишли даъволар мавжуд бўлган тақдирдагина ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

Мажбуриятнинг бажарилишини таъминлаш тўғрисидаги келишувнинг ҳақиқий эмаслиги асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келмайди.

Асосий мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслиги унинг бажарилишини таъминлайдиган мажбуриятнинг ҳақиқий эмаслигига олиб келади.

ФКнинг 114-моддаси иккинчи қисмига кўра қарз (кредит) шартномасининг ҳақиқий эмаслиги оқибатларини қўллашда судлар қарз маблағларидан фойдаланган тараф кредитордан олган маблағларини қайтариши, шунингдек улардан фойдаланган ҳамма даври учун ФКнинг 327-моддасига мувофиқ фоизлар тўлаши лозим эканлигини ҳисобга олишлари керак.

Кредит суммалари ва фоизларни қайтариш тўғрисидаги даъво қаноатлантирилганда бир вақтнинг ўзида кредит шартномасида назарда тутилган ва Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонун ҳужжатларига зид бўлмаган неустойка ҳам ундирилиши мумкин, агар уни ундириш талаб қилинган бўлса.

Кредит шартномасида тарафлар томонидан кредитни қайтаришни кечиктирганлик (кредит мажбуриятини бузганлик) учун юқори фоиз тури сифатида белгиланган жавобгарлик узлуксиз жорий санкция ҳисобланади.

Судлар инобатга олишлари лозимки, кредит мажбуриятларининг ижроси кечиктирилган давр учун неустойка (пеня ва жарима шаклида) ёки мажбуриятларнинг бажарилишини ўз вақтида таъминламаганлик учун оширилган фоизлар белгиланишидан фарқли ўлароқ, кредит шартномасида мазкур шартнома бўйича мажбуриятларнинг бажарилиши муддати кредит ташкилоти томонидан узайтирилган тақдирда кредитдан фойдаланганлик учун фоиз устамасининг оширилиши (кўпайтирилиши) назарда тутилиши мумкин.

Кредит шартномаси бўйича асосий қарзни (ёки асосий қарзнинг бир қисмини) қайтариш муддати узайтирилган даврдаги банк фоизлари устамасининг оширилиши қарздор томонидан мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун тўланадиган неустойка ёки оширилган фоизлар шаклидаги жавобгарлик бўлмай, судлар томонидан унга кредит маблағларидан фойдаланганлик учун шартномавий тўлов шакли сифатида қаралиши лозим.

Муқаддам кечиктирилган мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун (мажбуриятларнинг бажарилиши узайтирилган қисми ижроси кечиктирилганлиги учун) жавобгарлик чоралари судлар томонидан кредит шартномасида белгиланган шартлар бўйича қўлланилади. Агар кредит шартномасида мажбуриятларни ўз вақтида бажармаганлик учун жавобгарлик чоралари кўрсатилмаган бўлса, кредит ташкилотлари ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ жавобгарлик чораларини қўллашни талаб қилишга ҳақлидир.

ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, агар қонун ҳужжатларида ёки қарз шартномасида бошқача тартиб назарда тутилган бўлмаса, қарз олувчи қарз суммасини вақтида қайтармаган ҳолларда ФКнинг 734-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар тўланган бўлишидан қатъи назар, қарз қайтариб берилиши керак бўлган кундан бошлаб то у қарз берувчига қайтариб берилган кунгача бу сумма юзасидан ФКнинг 327-моддаси биринчи ва иккинчи қисмларида назарда тутилган миқдорда фоизлар тўланиши керак.

Кредит шартномасининг муддатидан олдин бекор қилиниши кредит ташкилотини кредит шартномасини бекор қилиш пайтидан бошлаб қайтариш кунига қадар пул маблағларидан фойдаланилган бутун давр учун ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизларни олиш ҳуқуқидан маҳрум қилмайди.

Агар шартномада қарз тўловининг кечиктирилганлиги муносабати билан фоизлар миқдори оширилиши белгиланган бўлса, қарз маблағларидан фойдаланганлик учун тўлов оширилган ставка миқдори ФКнинг 327-моддаси иккинчи қисмига мувофиқ шартномада белгиланган бошқа фоизлар миқдори деб ҳисобланиши лозим.

ФКнинг 736-моддаси биринчи қисмида назарда тутилган фоизлар фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораси ҳисобланади. Кўрсатилган, қарз суммасини қайтаришни кечиктириш муносабати билан ундириладиган фоизлар, агар қонун ҳужжатларида ёки шартномада бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, пул маблағларидан фойдаланганлик учун қайтариш кунига ҳисобланган фоизларсиз ушбу суммага ҳисобланади.

Агар даъвогар томонидан ФКнинг 327-моддасига асосан фоизларни ундириш ва айнан шу қонунбузилиши учун неустойка ундириш ҳақида талаблар билдирилган бўлса, суд ўз хоҳишига кўра фуқаролик-ҳуқуқий жавобгарлик чораларидан бирини қўллаши ва талабни ёки фоизлар ундириш қисми бўйича, ёхуд неустойка ундириш қисми бўйича қаноатлантириши мумкин.

Судлар эътиборга шуни олишлари лозимки, агар қарз шартномасига кўра қарз берувчи қарз олувчидан фоизлар олиш ҳуқуқига эга бўлса, лекин шартномада фоизлар миқдори белгиланмаган бўлса, фоизлар Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг қарз суммаси берилган кундан қайтарилган кунгача бўлган даврда белгиланган қайта молиялаш ставкаси миқдорлари бўйича ундирилиши керак.

ФКнинг 327-моддасида назарда тутилган фоизлар кредит маблағларининг тегишли суммасига ва шу маблағлардан фойдаланганлик учун фоизларга тўланади.

Суднинг бошқа шахсларнинг пул маблағларидан фойдаланганлик учун фоизларни қарздордан ундириш тўғрисидаги қарори фоизлар ҳисобланган пул суммаси, шунингдек тегишинча даъво қўзғатилган кундаги ёки қарор чиқарилган кундаги банк фоизининг ҳисоб ставкасига қараб ҳисобланган фоизлар суммаси ҳақидаги маълумотларни ўз ичига олиши керак.

Кредит шартномаси шартларининг кредит ташкилоти томонидан бузилганлиги муносабати билан юзага келган зарарни ундириш юзасидан қарз олувчиларнинг даъволари бўйича низоларни кўришда судлар шуни инобатга олишлари лозимки, мажбуриятлар бузилиши оқибатларига: даъвогар томонидан олинмай қолган мулк ва пул маблағлари; кўрилган зарарлар (шу жумладан бой берилган фойда); даъвогар амалдаги қонун ҳужжатлари ва шартномага мувофиқ умид қилишга ҳақли бўлган бошқа мулкий ҳуқуқлар киритилиши мумкин. Даъвогар зарарни ундириш учун мажбуриятларнинг бузилиши ҳолатини, йўл қўйилган бузилиш ва юзага келган зарар ўртасида сабабий боғланиш мавжудлигини, шунингдек талаб қилинаётган зарарлар (олинмай қолган фойда) миқдорини исботлаши керак.

Судлар зарарни қоплашда мажбуриятларни бажариш имконсизлиги ёки бажармаслик оқибатида етказилган зарарлар миқдорининг ошишида кредитор ёки қарз олувчининг айби бор-йўқлигини, улар томонидан мажбуриятлар бажарилмаслигидан келиб чиққан зарарни камайтириш чоралари кўрилган-кўрилмаганлигини текширишлари лозим.

Қонун ҳужжатларининг мазмунига кўра, қонун бўйича ҳар қандай ҳақиқий мажбурият гаров билан таъминланиши мумкин. Фуқаролик муомаласидан чиқарилмаган, Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатларига мувофиқ ундирув қаратилишига йўл қўйиладиган ҳар қандай мол-мулк (корхона, бино, иншоот, жиҳоз, бошқа ишлаб чиқариш жамламалари, қимматбаҳо қоғозлар, пул маблағлари, мулкий ҳуқуқлар ва ҳоказо) гаров нарсаси бўлиши мумкин.

Шу билан бирга, гаров ҳуқуқи шартнома билан гаровга қўювчининг мулки (тўла хўжалик юритиши)га келгусида қўшиладиган мол-мулкига ҳам татбиқ этилиши мумкин.

Қарздорнинг ўзи ҳам, учинчи шахс ҳам гаровга қўювчи бўлиши мумкин.

Судлар гаровга қўйилган мол-мулк ҳисобидан кредитни қайтариш ва фоизларни тўлаш тўғрисидаги даъволарни кўришда кредит ташкилоти ва гаровга қўювчи ўртасида мустақил гаров шартномаси шаклига эга ёки кредит шартномасига таркибий қисм бўлиб кириши мумкин бўлган ёзма гаров шартномаси мавжудлигини аниқлашлари керак. Охирги ҳолатда кредит шартномасининг таркибидаги гаров мажбурияти ФКнинг 271-моддаси ва «Гаров тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 10-моддасида белгиланган гаровнинг зарур ҳуқуқий шартларини ўз ичига олиши лозим.

Кредит шартномасининг таркибига киритилган гаров мажбурияти, агар қонун ҳужжатларида бундай шартномаларни рўйхатга олиш назарда тутилган бўлса, тегишли мол-мулк гарови шартномасини рўйхатга олиш тартиби каби рўйхатга олиниши керак.

Мансур Абдураҳманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

“Тил- миллат кўзгусидир”

Тил-муқаддас ва эъзозланган тушунча, ҳар бир инсон учун ўз онаси каби азиз ва мўътабар.

Инсон ўз она тили ёрдамида янги тушунчалар ва муносабатларни англай бошлайди. Она тили бизга она сути билан сингдирилади.

Дунёнинг барча давлатлари ўз она тилларини асраб-авайлашга интилишади, шунинг учун ҳар қандай давлат ўзининг маданий мероси ва она тилини алоҳида ҳурмат қилади.

Миллатларни ажратиб турувчи асосий белгилардан бири бу тил экан, ҳар бир инсон ўз она тилини билиши, уни улуғлаши ва шу билан бирга бошқа миллатларнинг она тилига ҳам ҳурмат билан қараши лозим.

Шундагина тилнинг, миллатнинг қадри ва обрўйи, нуфузи ошади.

Юқори ривожланган давлатлар даражасига эришиш учун Ўзбекистон фуқаролари халқаро тилларни билишлари мумкин, лекин шуни унутмаслик керакки, ўзбек тили дунёдаги барча расмий тиллар қатори суверен тил мақомини олган экан. Ҳар бир Ўзбекистон фуқароси давлат тилини билиши шарт. Хеч ким ҳеч қачон ўз она тилига бўлган ҳурматни йўқотмаслиги керак. Тилга ҳурмат-бу халққа ҳурмат.

Ўзбек тилининг Ватанимизда давлат тили сифатида амал қилишининг ҳуқуқий асослари қонунан белгилаб қўйилган. Ўзбекистон Республикасининг “Давлат тили ҳақида”ги қонуни уч тамойилга: умумийлик, мажбурийлик ва ҳуқуқий кафолатга  асосланади.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда барча соҳаларда бўлгани каби тилимиз тараққиётида ҳам муҳим ўзгаришлар юз бермоқда. Ўзбек тилининг халқаро миқёсда обрўйи ошиб, фаол мулоқот воситасига айланиб бормоқда. Турли даражадаги расмий учрашув ва музокараларда тилимиз кенг қўлланилаётганлиги бунинг яққол далилидир.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақоми ва нуфузини ошириш борасида ҳар бир соҳада ниҳоятда муҳим ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Жумладан, суд тизимида ҳам суд биноларининг пешлавҳалари, бинонинг ички ва ташқи ёзувлари тўлиқ лотин алифбосида бўлиши, ижтимоий тармоқдаги барча саҳифалар давлат тилидаги қонун ҳужжатларига амал қилиниши таъминланган.

Шу билан бир қаторда, суд тизимида  суд ҳужжатлари матнини тайёрлашда тил тўғрисидаги қоидаларга қатъий риоя этилишини таъминлаш мақсадида Термиз Давлат университетида фаолият кўрсатаётган  филологларни таклиф қилган ҳолда судьялар ҳамда суд ходимлари билан амалий машғулотлар ўтказилиши йўлга қўйилган.

Хулоса қилиб айтганда, тил-жамиятнинг асосий таянчи, инсоний мулоқот-муносабатларнинг бирламчи воситасидир.

Шундай экан, тилимизни эъзозлаш, унинг давлат тили сифатидаги мақомини юксалтириш ҳамиша долзарб маънавий бурчимиз бўлиб қолади.

Дилором Алмуратова

        Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

“Хокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноятининг олдини олиш чоралари”

Барчамизга маълумки инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва бурчлари олий қадрият ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси ва давлат бир-бирига нисбатан бўлган ҳуқуқлари ва бурчлари билан ўзаро боғлиқдирлар. Фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқ ва эркинликлари дахлсиздир, улардан суд қарорисиз маҳрум этишга ёки уларни чеклаб қўйишга ҳеч ким ҳақли эмас.

Бугунги мавзуимиз “Хокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш жиноятининг олдини олиш” бўлиб, ушбу жиноят Термиз шаҳрида 2020 йилга нисбатан 2021 йилга 300% ўсганлигини кузатиш мумкин.

Ушбу модданинг мақсади ҳуқуқ-тартибот ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ҳисобланади. Қонун чиқарувчи жамиятда фуқаролар риоя этиши мажбур бўлган муайян тартибни белгилаб беради. Шу муносабат билан баъзи бир масъул мансабдор шахсларга, хусусан ҳокимият вакилларига мажбурий кўрсатмалар бериш бўйича муайян ваколатлар берилган.

Жамият ва давлат манфаатлари, давлат ҳокимияти ва бошқарув органлари, жамоат бирлашмаларининг бир меъёрда фаолият юритиши, ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг шахсияти ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш объекти ҳисобланади.

Объектив томондан жиноят хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш орқали содир этилади. Қаршилик кўрсатиш фаол ёки пассив шаклларда бўлиши мумкин. Қонун мазмунига кўра, фақатгина фаол қаршилик кўрсатиш жиноий жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

Фаол қаршилик кўрсатиш жисмоний зўрлик ишлатиш ёки шундай зўрликни қўллаш билан таҳдид қилиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Жисмоний қаршилик кўрсатиш шаклида амалга ошириладиган фаол қаршилик кўрсатиш ўзининг хизмат ёки фуқаролик мажбуриятларини бажараётган шахсларнинг баданига қасддан шикаст етказиш, уриш, дўппослаш, боғлаш, қамаб қўйиш ёки уларнинг эркинлигини бошқача усулда чеклаб қўйиш.

Агар қаршилик кўрсатиш жараёнида жабрланувчига ўртача оғирликдаги ёки оғир тан жароҳати етказилган бўлса, айбдорнинг қилмишини жиноятлар мажмуи бўйича ЖК 219-моддаси 1-қисми ва ЖК 105-моддаси ёки 104-моддаси билан квалификация қилинади.

Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш деганда, айбдорнинг ўзининг хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан реал жисмоний мажбурлов ўтказиш ниятини билдирувчи сўзлари ва ҳаракатлари тушунилади.

Агар айбдор ўлдириш ёки куч ишлатиш билан қўрқитаётган бўлса, унинг ҳаракатларини жиноятлар жами бўйича Жиноят кодексининг
112-моддаси ва 219-моддаси 1-қисми билан квалификация қилиш лозим.

Ҳокимият вакили давлатнинг бирон-бир ҳокимият органининг номидан иш кўриб, муайян вазифаларни доимий ёки вақтинча амалга оширувчи ва ўз ваколатлари доирасида кўпчилик ёхуд барча фуқаро ёки мансабдор шахслар учун мажбурий бўлган ҳаракатларни содир этиш ёки фармойишлар бериш ҳуқуқига эга бўлган шахс.

219-модда мазмуни бўйича ҳокимият вакиллари қаторига ижро этилиши мажбурий бўлган қонуний кўрсатмалар бериш ҳуқуқи берилган масъул мансабдор шахслар киритилади. Булар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи, назорат қилувчи органлар ходимлари: прокурорлар, ички ишлар ходимлари, МХХ, солиқ хизмати ходимлари ва ҳоказо, шунингдек, қонунга асосан, ҳуқуқ-тартиботни қўриқлаш бўйича асосий ёки қўшимча вазифаларни амалга оширувчи шахслардан иборат. Бу сабабга кўра, ҳокимият вакили ҳисобланмайдиган масъул мансабдор шахсга қаршилик кўрсатиш, агар у ўз фуқаровий бурчини бажармаётган бўлса, шарҳланаётган жиноят таркибини ташкил этмайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходими бу қонунда белгиланган тартибда қуйидаги вазифани бажарувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароси: прокурор; терговчи; суриштирувни амалга оширувчи шахслар; тезкор-қидирув фаолиятини амалга оширувчи шахслар; жамоат тартибини муҳофаза қилишни ва ижтимоий хавфсизликни, суд (судьялар)нинг ҳукмлари, ажримлари, қарорлари, тергов органлари ва прокурор қарорларининг ижросини   таъминлашни амалга оширувчи ички ишлар органи ходими; Миллий хавфсизлик хизмати органи ходими; солиқ ҳуқуқбузарликлари бўйича департамент ходими; суд ижрочиси; божхона хизмати ходими, шунингдек, қонун бўйича ҳуқуқ-тартиботни муҳофаза қилиш асосий ёки асосий вазифалардан бири ҳисобланувчи органларда хизмат вазифасини бажарувчи бошқа шахслар.

Ҳокимият вакиллари функцияларини бажараётган ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, жазони ижро этиш муассасалари ходимларига қаршилик кўрсатиш билан боғлиқ қилмиш тегишли белгилар бўлган ҳолларда ЖК 220-моддаси ёки 221-моддаси бўйича квалификация қилинади.

Фуқаровий бурчини бажараётган шахс деганда, давлат ҳокимияти ёки бошқарув органлари, жамиятга ёрдам бераётган, ўзининг конституциявий ёки бошқа қонуний мажбуриятларини бажараётган ҳар қандай шахс тушунилади. Бошқача айтганда, фуқаролик бурчини бажариш, бу  фуқаролар томонидан қонун ва жамият, давлат ва бошқа шахсларнинг манфаатлари доирасида ҳар қандай ҳаракатларни амалга ошириш. Кўп ҳолларда ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахслар жабрланувчи бўлиб қолади ва қонунга асосан шундай шахс деб тан олинади.

Ҳокимият вакили ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахснинг хизмат мажбуриятлари ҳуқуқий тартибот ва ижтимоий хавфсизликни таъминлаш ва ҳимоя қилишга қаратилганлиги сабабли, ҳокимият вакилининг кўрсатмаси ёки фуқаронинг ҳаракати қонун ва ҳуқуқ доирасида бўлиши лозим. Мазкур хизмат мажбуриятлари ҳокимият вакилларига тегишли қонун ҳужжатларининг алоҳида тоифасидан келиб чиқади.

Жамоат тартибини қўриқлаш бўйича фаолият номуайян шахслар доираси манфаатларига тааллуқли ҳуқуқбузарликлар (шу жумладан жиноятлар)нинг олдини олиш ва уларга қарши курашишга (кўчада, майдонларда, боғларда, транспорт магистралларида, вокзалларда, аэропортларда ва бошқа жойларда жамоат ҳуқуқ-тартиботини таъминлашга, паспорт тизими бўйича  белгиланган қоидаларга риоя этилишини назорат қилишга, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига кўмаклашувчи вазиятларни аниқлаш  ва ҳоказоларга) қаратилган қонуний фаолият.

Ижтимоий хавфсизликни таъминлаш бўйича фаолият номуайян шахслар доираси ҳаётий муҳим манфаатларининг турли таҳдидлардан зарурий ҳимояланганлик даражасини сақлаб туришга (ночор ёки бошқача ҳолатда қолган, ҳаёти ёки соғлиғи хавф остида қолганларга ёрдам кўрсатишга, йўл ҳаракати хавфсизлиги қоидаларига риоя этилишини назорат қилишга, ўқотар қурол, ўқ-дорилар, портловчи моддалар билан муомала қилиш қоидаларига риоя этилишини назорат қилиш ва ҳоказоларга) йўналтирилган қонуний фаолият.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахс фаолиятининг қонунийлиги ва ҳаққонийлиги шарҳланаётган жиноят объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.

Ҳаққонийлик деганда, ҳуқуқ субъекти фаолияти ёки фаолият натижаларининг ижтимоий ҳаёт ҳодисаларига мос бўлиши тушунилади. Ҳаққонийлик нафақат ҳуқуқ субъектларининг юриш-туришида, балки ҳуқуқни қўллаш ҳужжатларида ҳам ифодаланади. Ҳаққонийлик ҳуқуқ кўрсатмаларидан бирор-бир тарзда чекинмасликни назарда тутади. Унинг акси ҳуқуққа хилофлилик ҳисобланади.

Жиноятни тўғри квалификация қилиш учун қуйидагиларни аниқлаш лозим:

-биринчидан, қаршилик кўрсатиш хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга йўналтирилганлигини;

-иккинчидан, қаршилик кўрсатиш хизмат вазифаси ёки фуқаролик бурчини ижро этиш вақтида содир этилганлигини аниқлаш.

Мазкур ҳолатлар аниқлангандан кейингина айбдорнинг қилмиши ЖК 219-моддаси бўйича квалификация қилинади. Қонунга хилоф ҳаракатларни амалга ошираётган ҳокимият вакили ёки шахсга қаршилик кўрсатиш жиноят деб топилмайди.

Ҳокимият вакиллари ва фуқароларнинг айнан қонуний ҳаракатлари жиноят-ҳуқуқий жиҳатдан ҳимояланади.

Жиноят хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш бошланган вақтдан бошлаб, оқибат келиб чиқишидан қатъи назар, тугалланган ҳисобланади. Бунда қаршилик кўрсатиш натижасида хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахс ҳаёти ёки соғлиғига шикаст етказилган ёки бошқа ижтимоий хавфли оқибатлар келиб чиққан ҳолларда, айбдорнинг қилмиши жиноятлар мажмуи сифатида квалификация қилинади.

Жиноятнинг субъектив томони айбнинг қасд шакли билан тавсифланади. Қаршилик кўрсатиш, яъни хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш фақат тўғри қасд шаклида содир этилиши мумкин.

Айбдор шахс хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатаётганлигини англайди ва буни хоҳлайди.

Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатаётганлигини англамаган шахс томонидан бундай қаршилик кўрсатишнинг содир этилишида мазкур жиноят таркиби мавжуд бўлмайди.

Ўн олти ёшга тўлган ақли расо шахс жиноят субъекти ҳисобланади.

ЖК 219-моддаси 2-қисми хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилганлик учун жавобгарликни назарда тутади.

Мазкур модданинг шарҳланаётган қисмидаги жиноят объектив томондан биринчи қисмда назарда тутилган қилмишдан бир қатор ўзига хос хусусиятлари билан фарқ қилади. Агар модданинг 1-қисмига кўра, жавобгарлик хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга фаол қаршилик кўрсатиш учун белгиланса,
2-қисмида эса мазкур шахсларни қандай шаклда бўлмасин, ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилган шахс жавобгарликка тортилади.

Мажбурлаш бу ҳокимият вакили ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан уларни ўз мажбуриятларини бажаришдан бош тортиш ёки мажбурловчи шахс фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этишга эришиш мақсадида жисмоний ёки руҳий таъсир этиш. Қаршилик кўрсатишда қўлланиладиган жисмоний мажбурлашдан фарқли равишда мажбурлаш вақтида қўлланиладиган куч ишлатиш бошқа мақсадни кўзлайди.

Мажбурлаш вақтида қўлланиладиган жисмоний зўрлик ишлатиш деганда, жисмоний азоб берадиган ҳамда жабрланувчининг иродасига хилоф равишда унинг жисмоний эркинлигини чеклайдиган ҳаракатлар содир этиш, шунингдек, уриш, дўппослаш ва бошқа ҳаракатлар орқали шахс баданига ўртача оғирликдаги шикаст етказиш тушунилади.

Руҳий мажбурлаш деганда, айбдор томонидан сўз ёки ўзининг ниятини бошқача шаклда ифодалаш орқали ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахсга маънавий зарар етказиш, унинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига зарар етказиш тушунилади. Агар ҳокимият вакили ёки ўзининг фуқаролик бурчини бажараётган шахсга нисбатан куч ишлатиш натижасида уларга оғир тан жароҳати етказилса, айбдорнинг ҳаракатлари жиноятлар жами билан квалификацияланиши лозим. Зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш мажбурлаш тушунчаси доирасига кирганлиги сабабли айбдорнинг қилмиши ЖК 112-моддаси бўйича қўшимча квалификиция қилинмаслиги лозим.

Мажбурлашнинг мақсади хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахслар томонидан мажбурловчи фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этилишига эришиш мақсадида уларга таъсир ўтказиш ҳисобланади.

Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларнинг мажбурловчи фойдасига ноқонуний ҳаракатлар содир этишлари ва бевосита қонуний ваколати доирасига кирувчи мажбуриятларни бажармаслиги ҳокимият вакилининг хизмат вазифасини бажариш ёки шахснинг фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечиши ҳисобланади.

 Ҳокимият вакили ва шахсга нисбатан куч ишлатиш билан мазкур шахслар томонидан ўзининг хизмат вазифаларини бажариш ўртасида сабабий боғлиқланишнинг мавжудлиги ЖК 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган қилмиш объектив томонининг зарурий белгиси ҳисобланади.

Хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилишга йўналтирилган мажбурлов ҳаракатлари содир этилган вақтдан бошлаб, оқибат келиб чиқишидан қатъи назар, жиноят тугалланган ҳисобланади.

Субъектив томондан ЖК 219-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноят тўғри қасд билан содир этилади. Бунда хизмат вазифасини бажараётган ҳокимият вакилининг қонуний фаолиятига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсларни қандай шаклда бўлмасин ўзининг хизмат вазифасини бажариш ёки фуқаровий бурчини бажаришдан воз кечишга, шунингдек, қонунга хилоф ҳаракатлар содир этишга мажбур қилишга йўналтирилган махсус мақсаднинг мавжудлиги жиноят субъектив томонининг зарурий белгиси  ҳисобланади.

Ўн олти ёшга тўлган ҳар қандай шахс жиноят субъекти бўлиши мумкин.

Келгусида ушбу турдаги жиноятни олдини олиш мақсадида маҳалла фуқаролар йиғини ва ҳудудлардаги профилактика инспекторлари томонидан кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини жадаллаштириш мақсадга мувофиқдир.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

                                                                                  Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Президентликка номзодга қўйиладиган талаблар: Ўзбекистоннинг миллий сайлов қонунчилиги ва халқаро стандартлар.

Мамлакатимизда давлат ва жамиятни модернизация қилишга йўналтирилган туб ислоҳотларнинг устувор вазифалари ва асосий йўналишларидан бири – инсон ҳуқуқларини ҳар томонлама ва кенг таъминлашдан иборат.

Амалга оширилаётган тизимли ва дадил ислоҳотлар самарасида миллий сайлов қонунчилиги ва амалиёти демократик талаблар ва умумэътироф этилган халқаро стандартларга уйғунлаштирилиб, фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини янада фаолроқ ва эркинроқ ифода этиши учун кафолатлар кенгайтирилмоқда.

Сўнгги беш йилда эркин ва адолатли сайловларнинг қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш, такомиллаштириш ва ривожлантириш борасида улкан амалий тажриба тўпланди. Бу  Президент сайлови билан боғлиқ қонунчилик нормалари ва талабларида ҳам ўзининг ёрқин ифодасини топган.

Халқаро талаблар ва миллий қонунчилик

Конституциямизнинг 1-моддасига асосан Ўзбекистон – суверен демократик республика. Демократик республикада  давлат ҳокимияти органлари, хусусан, Президент даврийлик асосида ўтказиладиган сайловларда муайян муддатга сайланади.

Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 21-моддасида,  Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг
25-моддасида даврийлик принципи асосда сайловлар ўтказиш,  
Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилотининг Инсонийлик мезонлари бўйича конференциясининг Копенгаген кенгаши ҳужжатининг 7.1, 7.7-бандларига асосан халқ иродаси давлат ҳокимиятининг асоси бўлиб хизмат қилиши учун иштирок этувчи давлатлар қонунда белгиланганидек оқилона вақт оралиғида эркин сайлов ўтказиши белгиланган. Европа Кенгашининг Венеция комиссияси томонидан қабул қилинган Сайловларга оид йўл йўриқ тамойилларда ҳам сайловлар даврийлик принципи асосда мунтазам ўтказилишига оид тамойил белгиланган. Яъни оқилона вақт оралиғида сайлов
ўтказиш – демократиянинг муҳим белгиси.

Шу маънода, мамлакатимизда ҳам Ўзбекистон Республикаси Президенти беш йил муддатга сайланади. Ушбу беш йиллик муддат жаҳондаги умумий тенденцияга мос бўлиб, БМТга аъзо 193 мамлакатдан 95 тасида давлат раҳбарлари 5 йил муддатга сайланади. Франция, Германия, Венгрия, Греция, Ҳиндистон, Словакия, Словения,  Жанубий Корея каби мамлакатларни бунга мисол келтириш мумкин.

Миллий қонунчилигимизда Президентликка номзодларга қўйиладиган талаблар жаҳон стандартларига тўла мос. Сайловларга оид йўл йўриқ тамойилларда  умумий сайлов ҳуқуқи муайян
шарт-шароитларга кўра чекланиши мумкинлиги қайд этилади. Бундай чекловлар сифатида ёш, фуқаролик, мамлакат ҳудудида муайян вақт яшаш муддати (ўтроқлик), жиддий ҳуқуқбузарлик учун ҳукм қилинганлик кабилар кўрсатиб ўтилган.

Конституциявий қурилишнинг халқаро амалиётида давлат раҳбарининг ваколат муддатини чеклаш институти мавжуд.

Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ Президент бўлиши мумкин эмаслигига оид қоида биринчи марта дунё конституционализмида АҚШ Конституциясига йигирма иккинчи тузатиш билан 1947 йил 21 мартда киритилган.

Жаҳонда давлат раҳбарлари ваколат муддатларини чеклашнинг беш тури бўлиб, улар:

-умуман чекловнинг йўқлиги: Озарбойжон, Беларусь, Боливия, Исландия, Италия, Кипр, Коста-Рика (чекловчи қоидалар йўқ), Венесуэлла (чексиз қайта сайланиш учун махсус рухсат берувчи қоидалар мавжуд);

-узлуксиз муддатларни чеклаш (максимал муддатни ўрнатмасдан): Перу, Сан-Марино, Уругвай, Чили, Швейцария;

-муайян муддатни ўрнатиш (икки муддат): Албания, Жазоир, Венгрия, Греция, Ирландия, Косово, Македония, Польша, Португалия, Руминия, Сербия, Тунис, Туркия, АҚШ, Хорватия, Черногория, Жанубий Африка;

-муайян узлуксиз муддатни белгилаш (икки муддат): Австрия, Аргентина, Арманистон, Болгария, Босния ва Герцеговина, Бразилия, Германия, Грузия, Исроил, Қозоғистон, Латвия, Литва, Молдова, Россия, Словакия, Словения, Украина, Финляндия, Франция, Чехия, Эстония;

-қайта сайланишнинг тўлиқ тақиқланиши: Жанубий Корея, Мальта, Мексика.

Ўзбекистон қонунчилигида  қайд этилган узлуксиз муддатларни белгилаш (икки муддат) тури мустаҳкамланган.

Демократик институтларга асосланган бу қоида мафкуралар ва фикрлар хилма -хиллигини, сиёсий плюрализмни, ҳокимиятни суиистеъмол қилишнинг олдини олиш, ўзаро тийиб туриш ва мувозанат тизимининг самарали ишлашини, давлат ҳокимияти тузилмаларининг ваколатлари мувозанатини ва ниҳоят, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни, жамиятда қонун устуворлигини таъминлашнинг муҳим конституциявий кафолати ҳисобланади.

Сиёсий-ҳуқуқий адабиётларда сайланиш ҳуқуқи пассив сайлов ҳуқуқи деб номланади. Сайлов кодексининг 61-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозимига номзодлар – пассив сайлов ҳуқуқи талабгорлари қуйидаги тўрт талабга жавоб беришлари шарт:

-биринчидан, ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги (ёш цензи);

-иккинчидан, давлат тилини яхши билиши (тил цензи);

-учинчидан, бевосита сайловгача камида ўн йил Ўзбекистон ҳудудида муқим яшаётган бўлиши (ўтроқлик цензи);

-тўртинчидан, Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши (фуқаролик цензи).

Конституцияда номзодларга бундай талабларнинг қўйилиши бежиз эмас, албатта.

Масалан, Сайлов кодексининг 4-моддасида мустаҳкамланган умумий сайлов ҳуқуқининг муҳим принципи – номзод ўттиз беш ёшдан кичик бўлмаслиги талабидир. Яъни, сайлов куни ўттиз беш ёшга тўлган Ўзбекистон Республикаси фуқароси президент лавозимига сайланиш ҳуқуқига эга. Aйнан мана шу ёшда инсон аниқ фуқаролик ва сиёсий позицияларга, зарур ҳаётий тажрибага, жамиятда маълум эътиборга ва обрўга эга бўлган шахс сифатида ҳар томонлама шаклланади.

Хорижий мамлакатлар қонунларида Президентликка сайланувчиларнинг ёши турлича: Колумбияда 30 ёшдан, Австрия, АҚШ, Бразилия, Мексика, Чили, Кипр, Индонезия, Исландия, Ҳиндистон, Польша, Россия, Португалияда 35 ёшдан,  Арманистон, Чехия, Эстония, Германия, Ироқ, Молдова, Покистон, Жанубий Корея, Филиппинда
40 ёшдан, Италияда эса 50 ёшдан этиб белгиланган.

Тил билган – эл билади.

Конституциямизга мувофиқ фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эгадир.

Шу билан бирга, президентликка номзод давлат тилини яхши билиши талаби белгиланган. Ва бу тўла асосланган чинакам демократик талаб. Маълумки, давлат тили жамият ва миллатнинг асосий рамзи ҳисобланади. Президентликка номзод ўз мамлакати фуқароларининг дунёқарашини, тафаккурини, халқининг орзу-умидларини яхши англайдиган ва бундай интилишларни давлат фаолиятида амалга ошира оладиган шахс бўлиши керак.

Шу боис Президент бўладиган шахс халқ билан эркин мулоқот қила олиши, ўз фикрини аҳолига тушунарли тилда баён этиши, давлат тилида ёзилган ҳужжатлар билан мустақил ишлаш имкониятига эга бўлиши керак.

Номзодларга тилни билиш бўйича талаб МДҲга аъзо олтита давлат (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Тожикистон, Туркманистон, Украина) конституцияларида қайд этилган.

Халқ билан ҳамнафаслик.

Ўтроқлик цензи ҳақида. Маълумки, Конституция ва Сайлов кодексида шундай талаб қўйилганки, унга кўра, бевосита сайловгача камида 10 йил республика ҳудудида муқим яшаган Ўзбекистон фуқароси президентликка номзод бўлиши мумкин. Нега айнан камида ўн йил деган саволга жавоб шуки, энг аввало, мамлакат президенти тақдири ва ҳаёти ўз халқининг тақдири ва ҳаёти билан узвий боғлиқ бўлган шахс бўлиши лозим. Ўн йил – бу бир одам учун халқ билан ҳамнафас яшаши, мамлакат ва унинг минтақаларининг ижтимоий-иқтисодий, ижтимоий-сиёсий ривожланишининг аҳволи ва истиқболларини яхши билиши учун етарли давр. Қолаверса, 10 йил – бу сайловчилар учун номзод билан яқиндан танишиш ва унинг амалий ишлари асосида эркин танлов қила олиш учун зарур давр. Шуни ҳам айтиш керакки, 10 йиллик ўтроқлик цензи – бу кўплаб демократик мамлакатларнинг сайлов амалиётида энг кўп қўлланиладиган муддат ҳисобланади.

АҚШ Конституциясига биноан, президентлик сайлови пайтида, AҚШ Президенти лавозимига номзод 35 ёшда ёки ундан катта, AҚШда туғилган ҳамда у ерда сўнгги 14 йил ичида доимий яшаган бўлиши шарт.

Давлат иши  ва сиёсий ҳуқуқлар.

Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши керак деган талабга тўхталиб ўтсак. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг
32-моддасига мувофиқ жамият ва давлат ишларини бошқаришда бевосита ҳамда ўз вакиллари орқали иштирок этиш ҳуқуқига фақат Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари эга. Бу борада фақат Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ҳам фаол ҳуқуққа, яъни сайлаш ҳуқуқига, ҳам пассив ҳуқуққга, яъни сайланиш ҳуқуқига эга.

 “Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида”ги Қонуннинг 4-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасида фуқаролик шахснинг давлат билан ўзаро ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги йиғиндисида ифодаланадиган ҳамда инсон қадр-қиммати, асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини эътироф этиш ҳамда ҳурмат қилишга асосланадиган доимий сиёсий-ҳуқуқий алоқасини белгилайди.

Айрим мамлакат­ларда фақат туғилиш орқали фуқароликка эга бўлган шахсларгина Президент бўлиб сайланиши мумкин. 

АҚШ, Колумбия, Мўғилистон, Филиппин, Финляндия шундай мамлакатлар сирасидан. Бу мамлакатларда фуқароликка кейинчалик эга бўлганлар Президентликка сайланиш ҳуқуқига эга эмаслар.

Маънавий-ҳуқуқий талаб.

Шунингдек, Сайлов кодексининг 61-моддасига мувофиқ  қасддан содир этилган жинояти учун илгари судланган фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод этиб рўйхатга олинмайдилар.

Халқаро ҳуқуқ амалиётида бу қоидага, биринчи навбатда,
маънавий-ҳуқуқий талаб сифатида қаралади. Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Президенти лавозими ғоят юксак  мақомга эга. Бу шахс юрт тақдири, шу мамлакатда ҳаёт кечираётган миллионлаб одамларнинг фаровон ҳаёти учун масъулдир. Шунинг учун номзод муносиб
хулқ-атвори, интизоми, масъулияти, оддий ҳаётда ҳам, кундалик ҳаётда ҳам, давлат фаолиятида ҳам  қонунга бўйсунишда барчага намуна бўлиши керак.

Шуни таъкидлашни истардимки, бу талаб халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган нормалари ва тамойилларига, демократик мамлакатларнинг сайлов амалиётига тўлиқ жавоб беради.

Давлат раҳбариниг умумий ва тўғридан – тўғри сайлови кўзда тутилган Австрия, Озарбойжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Кипр, Молдова, Туркия, Тожикистон каби мамлакатларда   конституциялар ва қонун ҳужжатларида жиноят содир этганлик, шу жумладан оғир, ўта оғир ёки ҳарбий жиноятлар учун ҳукм қилинганларнинг, судланганлик ҳолати тугалланмаган ёки олиб ташланмаган шахсларнинг сайланиш ҳуқуқини чеклаш белгиланган.

Мамлакат конституциявий қонунчилигида президентликка номзодга нисбатан бошқа талаблар ҳам бор.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 61-моддасига кўра, диний ташкилотлар ва бирлашмалар давлатдан ажратилган, шу сабабали диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари номзод этиб рўйхатга олинмайди. Шунингдек, давлат диний бирлашмаларнинг фаолиятига аралашмагани каби диний ташкилотлар ва уларнинг хизматчилари ҳам давлат сиёсатига аралашмайди.

Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русумлар ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалари (диний жамиятлар, диний ўқув юртлари, масжидлар, черковлар, синагогалар, монастирлар ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади.

Диний ташкилотлар ва бирлашмаларнинг профессионал хизматчилари – диний ташкилотларда меҳнат шартномалари (контрактлари) бўйича ишлаётган фуқаролардир. Улар ўз хизмат вазифасига кўра ибодат, расм-русумлар ва маросимларни адо этиш билан махсус шуғулланадилар. Бундай шахсларнинг номзод этиб рўйхатга олинмаслиги улар эгаллаб турган касбнинг ўзига хослигидан келиб чиқади.

Бундан диний хизматчиларнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисобламаслик керак. Чунки шахс агар президентликка сайланмоқчи бўлса, эгаллаб турган лавозимидан бўшаши лозим ва шундан кейин номзод этиб рўйхатга олиниши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, шунга ўхшаш ва бошқа бир қатор чекловли талаблар бошқа демократик мамлакатлар қонунчилигида ҳам мавжуд.

Масалан, номзод икки фуқароликка эга бўлмаслиги ва шу билан бошқа давлат олдидаги сиёсий мажбуриятлари бўлмаслиги белгиланмоқда.

Баъзи араб давлатларида номзодларга келиб чиқиши ҳам шу давлатдан бўлиши, номзоднинг ота-онаси ҳам шу юртда туғилган бўлиши, турмуш ўртоғи ҳам шу давлат фуқароси бўлиши, мамлакат ҳаётидаги у ёки бу муҳим воқеада қатнашганлигини ҳужжатлар билан тасдиқлаши, кўчар ва кўчмас мол-мулки ҳақидаги декларациясини тақдим этиши,  феъл-атвори яхши бўлиши, муайян динга эътиқод қилишига оид талаблар белгиланган.

Мўғулистонда президентлик сайлови пайтида номзоднинг катта қарзи бўлмаслиги керак, шу жумладан, кредит ва солиқ қарзлари даромадидан ошиб кетмаслиги керак (суд қарори билан белгиланади).

Шу билан бирга, Руминияда конституция ва сайлов қонунчилиги президент сайловида иштирок этиш учун бошқа чекловларни ҳам белгилаб қўйган: сиёсий партияларга аъзо бўлиши тақиқланган шахслар президент сайловида иштирок этишига рухсат этилмайди.

Бундан ташқари, Туркияда давлат раҳбари лавозимига судялар, давлат хизматчилари ва қуролли кучлар вакиллари сайлана олмайдилар.

Сайловда иштирок этиш учун улар ўз лавозимларини тарк этишлари лозим. Мексикада эса президентликка номзод сайловдан камида 6 ой аввал давлат котиби ёки унинг ўринбосари, бош прокурор, губернатор сифатида фаолият олиб бормаган бўлиши керак.

Музаффар Ҳакимов

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди раиси

                                                                                  Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

«Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги Қонун фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг муҳим омили сифатида.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 35-моддасида белгиланган ҳар бир шахс бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда ариза, таклиф ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқи амалдаги қонунларда тўлиқ ёритилган. Фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашни мунтазам такомиллаштириб бориш давлат органларининг, шу жумладан судларнинг бевосита муҳим вазифаларидан биридир.

Мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг жадал амалга оширилиши амалдаги қонун ҳужжатларини ҳам такомиллаштириш вазифасини юзага келтирмоқда. Шу боис қонунчилик ижодкорлиги бу борада алоҳида аҳамиятга эгадир.

Республикамизда 2014 йил 3 декабрь куни «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида»ги қонун қабул қилинди.

Бугунги кунгача фуқаролар мурожаати 2002 йил 13 декабрда қабул қилинган “Фуқароларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири асосида тартибга солинар эди. Аммо ушбу қонунда юридик шахсларнинг мурожаати борасида қоидалар белгиланмаган. Шунингдек, электрон мурожаатлар ҳам назарда тутилмаган эди.

Ушбу янги қонуннинг қабул қилиниши фуқаролар ва юридик шахсларнинг тегишли давлат органлари ва мансабдор шахсларга йўлланган мурожаатларини қонуний, адолатли ва ўз вақтида кўриб чиқилишига асос бўлиб хизмат қилади.

Ушбу қонуннинг мақсади – фуқароларнинг давлат органларига мурожаат этиши тартибини янада такомиллаштиришдан, шунингдек, юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ҳуқуқий бўшлиқни тўлдиришдан иборат.

Замонавий ахборот-коммуникация воситалари ва технологияларидан фойдаланиб, мурожаатларни киритиш имкониятининг ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамланиши ушбу қонуннинг муҳим жиҳатидир. Умуман олганда, ушбу ҳужжатда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, шунингдек, юридик шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатлари мавжуд. Ушбу қонун лойиҳасининг қабул қилиниши давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ушбу соҳадаги ишини сифат жиҳатидан юқори даражага кўтариш имконини беради.

Шунингдек, ушбу қонуннинг амал қилиши инсон ва фуқароларнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти ҳамда ҳуқуқий тарбиясини ривожлантиришнинг муҳим омили сифатида хизмат қилади.

Вохиджон Норбеков

Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман судининг раиси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

“Уч авлод учрашуви”

Жорий йилнинг 9 октябрь куни Сурхондарё вилоят суди ва Сурхондарё вилоят маъмурий суди томонидан суд тизимида доимий равишда йўлга қўйилган “Устоз-шогирдлик” анъанаси тадбири давом эттирилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 16 сентябрдаги тегишли баёнига асосан, жорий йилнинг 4-10 октябрь кунлари “Кексаларни эъзозлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш-халқимизга хос эзгу фазилат” ғояси остида “Кексалар ҳафталиги” ҳам ўтказиб келинмоқда. Шундай учрашувлардан бири Сурхондарё вилоят судларида ҳам бўлиб ўтди.
Унда cуд тизимида ишлаган фахрийлар ва фаолият юритаётган судьялар ҳамда заҳирадаги бўлажак судьялардан иборат уч авлод йиғилган мазкур тадбирда Худояр Мухаммадиев, Қурбонпўлат Жўраев, Ойимжон Якубова ва Худойберди Норалиев сингари қатор фахрийлар ташриф буюришди.

Сурхондарё вилоят маъмурий суди судьяси Суннат Халматов сўзга чиқиб, судьяларга яратилган шарт-шароитлар, имкониятлар борасида тўхталиб, суд фахрийларига кўрсатилаётган эътибор учун ўз миннатдорлигини билдирди. “Одил судловни чинакамига таъминлаш, қонун устуворлиги ва адолатни барқарор бўлишини, барча судьялардан фидоийлик ва қатъиятлиликни бўшаштирмасликни, шунингдек  ёш судьялар ва захирада бўлган бўлажак судьяларга фахрийлардан ўрнак олиш зарурлигини айтиб ўтди.

Сўзга чиққан меҳнат фахрийлари эса узоқ йиллик фаолияти давомида орттирган тажрибаларини судьялар ва бўлажак судьялар билан ўртоқлашиб, уларнинг иш фаолиятларига улкан зафарлар тилашди.

Тадбир давомида Судьялар ассоциацияси раиси Убайдулла Мингбоев қаламига мансуб, ўз ичига 8 та мавзуни қамраб олган “Адолат инсонпарварликнинг олий нуқтаси” номли рисоласи суд фахрийлари, судьялар ва суд ходимларига топширилди.

Таъкидлаш жоиз судьялар томонидан мунтазам равишда узоқ йиллар давомида суд тизимида хизмат қилиб, бугунги кунда нуроний ёшга тўлган фахрийларни жамиятдаги ўрни ва ижтимоий фаоллигини ошириш мақсадида уларнинг холидан хабар олиб келинади.

Тадбир якунида судьялар ва захирадаги бўлажак судьялар сўзга чиқиб, суд фахрийларига узоқ умр, мустаҳкам соғлиқ тилаб, ўз тажрибалари билан бўлишишгани учун миннатдорлик билдирди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 11 нафар маҳкумларнинг жазоси енгиллаштирилди.

Жорий йилнинг 6 октябрь куни жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди томонидан 41-сон манзил колонияси маъмурий биносида сайёр суд мажлиси ўтказилди.

Сайёр судда раислик қилувчи жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси О.Тоғаев 41-сон манзил колонияси маъмурияти томонидан суд томонидан тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазосининг ўталмай қолган қисмини Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 74-моддасига асосан енгилроғи билан алмаштириш тўғрисидаги 11 нафар маҳкумга оид тақдимномалар кўриб чиқилди.

Жазони ижро этиш колониясида ўрнатилган тартиб-қоидаларга риоя қилган, меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, қилмишининг ҳуқуқий оқибатини тўлиқ англаб етган ҳамда колония томонидан ижобий тавсифланган 11 нафар маҳкумларнинг жазолари енгиллаштирилди.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Сурхондарё вилоят суди томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ва уларни дафтардан чиқариш тизимининг 2-босқичи якулланди.

Сурхондарё вилоят суди судьялари, вилоят Маъмурий суди судьялари, туман-шаҳарларда фаолият юритаётган судлар судьялари томонидан “Аёллар дафтари”га киритилган ёрдамга муҳтож хотин-қизларга амалий ёрдам бериш ва уларни дафтардан чиқариш тизимининг 2-босқичи якулланди.

Шу муносабат билан, Сурхондарё вилоят суди судьялари, вилоят Маъмурий суди судьялари, туман-шаҳарларда фаолият юритаётган судлар судьялари томонидан ҳудудлардаги Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш туман (шаҳар) бўлимлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорликда жорий йилнинг 18-25 сентябрь кунлари давомида “Аёллар дафтари”га киритилган ҳуқуқий ёрдамга муҳтож хотин-қизлар бўйича сайёр қабуллар ташкил этилиб, бир қанча ишлар амалга оширилди.

Хусусан, жорий йилнинг 18 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Денов ва Олтинсой туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “87” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 24 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 7 нафари яъни, 89% суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

 

-жорий йилнинг 22 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Қумқўрғон туманида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “26” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 26 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 21 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, 19 та яъни 89% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

-жорий йилнинг 24 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Термиз шаҳри, Термиз, Ангор, Музработ ва Бойсун туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “139” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 51 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 17 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оидмурожаатлар бўлиб, 19 та яъни 13,6% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к);

-жорий йилнинг 25 сентябрь куни вилоят суди ва вилоят Маъмурий суди судьялари Шеробод, Қизириқ, Бандихон, Жарқўрғон ва Шўрчи туманларида Маҳалла ва оилани қўлаб-қувватлаш бўлими биносида ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари” га киритилган ҳамда суд-ҳуқуқ соҳасига оид масалалар юзасидан ҳуқуқий ёрдамга мухтож бўлган жами “87” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 50 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 45 нафари суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, 40 та яъни 45,9% мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к) юзасидан кўриб чиқилган.

Шу жумладан, жами “339” нафар хотин-қизлар билан сайёр учрашув ўтказилди. Шундан 151 нафар “Аёллар дафтари” га киритилган хотин-қизларга ўзларига қизиқтирилган саволлар ва мурожаатларига ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қабул килинган хотин-қизларнинг 90 нафари яъни, 26,6 % суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатлар бўлиб, шундан
85 мурожаат оилавий масалалар (Никоҳдан ажратиш, алимент ундириш, мол-мулкни олиш ва ҳ.к); 

Мурожаатларнинг барчаси оғзаки равишда қабул қилиниб, жойида ҳуқуқий тушунтиришлар ва тавсиялар берилиши йўли билан ҳал этилган.

Бундан ташқари, жойларда ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш бўйича “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар билан ўтказилган сайёр учрашувларда судьялар томонидан “Сайлов қонунчилиги”, “Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида» ги қонунининг мазмун мохияти ҳамда Ўзбекистон Республикаси қонунчилигидаги сўнги янгиликлар юзасидан давра суҳбатлари ва ҳуқуқий тарғибот ишлари амалга оширилди.

 

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақидаги ишларни судда кўришнинг ўзига хос хусусиятлари

Ўзбекистон Республикакси Фуқаролик кодексининг 31-моддасига кўра, спиртли ичимликларни ёки гиёҳвандлик воситаларини суиистеъмол қилиш натижасида ўз оиласини оғир моддий аҳволга солиб қўяётган фуқаронинг муомала лаёқати суд томонидан фуқаролик процессуал қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда чеклаб қўйилиши мумкин. Унга ҳомийлик белгиланади. Бундай фуқаро майда маиший битимларни мустақил тузиш ҳуқуқига эга. У бошқа битимларни ҳомийнинг розилиги билангина тузиши, шунингдек иш ҳақи, пенсия ва бошқа даромадлар олиши ҳамда уларни тасарруф этиши мумкин. Бироқ бундай фуқаро ўзи тузган битимлар бўйича ва етказган зарари учун мустақил равишда мулкий жавобгар бўлади.

Спиртли ичимликлар, гиёҳвандлик моддалари ва психотроп моддаларни суиистеъмол қилиши натижасида унинг оила аъзолари, васийлик ва ҳомийлик органлари, прокурор, даволаш муассасалари ва бошқа давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамда жамоат бирлашмалари томонидан “Муомала лаёқати чекланган деб топиш ҳақида” судга ариза бериши мумкин.

Мазкур тоифадаги ишлар юзасидан аризалар фуқаро яшаб турган жойдаги, агар бу шахс даволаш муассасасига жойлаштирилган бўлса, мазкур муассаса жойлашган ҳудуддаги судга берилади.

Фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишларни юритиш билан боғлиқ суд харажатлари аризачидан ундирилмайди.

Агар суд ариза фуқаронинг оила аъзолари томонидан инсофсизлик қилиб, асоссиз равишда фуқаронинг муомала лаёқатини чеклаш мақсадида атайлаб берилган деб топса, суд харажатларини оила аъзоларидан ундиради.

Амалиётдан мисол. Музработ туман прокуратураси фуқаро У.Ю.нинг манфаатини кўзлаб, фуқаро С.Ю.га нисбатан “Муомала лаёқатини чекланган деб топиш ҳақида”ги ариза билан судга мурожаат қилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро судининг 2021 йил
14 июндаги ажримига кўра, Музработ туман прокуратурасининг аризаси кўрмасдан қолдирилган.  

Аниқланишича, фуқаро С.Ю. туман Тиббиёт бирлашмаси нарколог хонасида спиртли ичимликка ружу қўйган шахс сифатида “Д” ҳисобида туриб, даволаниб келади.

С.Ю. спиртли ичимликка ружу қўйганлиги туфайли маст ҳолатда бир неча маротаба жамоат тартибини бузган, қариндош уруғлари, қўшнилари билан жанжал қилиб, тан жароҳати етказиш ҳолатлари туфайли “спиртли ичимликка ружу қўйган шахс” сифатида туман ИИБ махсус ҳисобига олинган.

Ушбу асосларга кўра, Музработ туман прокуратураси томонидан фуқаро С.Ю.нинг муомала лаёқатини чекланган деб топиш ҳақида судга ариза билан мурожаат қилган.

Биринчи инстанция суди мазкур иш юзасидан манфаатдор шахслар, прокурор, васийлик ва ҳомийлик органининг иштирокини таъминламасдан ва уларнинг муносабатини аниқлаш чорасини кўрмасдан, ишни кўрмасдан қолдириш ҳақида барвақт хулосага келган.   

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг 2021 йил 12 август кунидаги ажримига кўра, биринчи инстанция судининг ажрими бекор қилиниб, иш мазмунан кўриб чиқиш учун биринчи инстанция судига юборилган.

Чунки, суд фуқарони муомала лаёқати чекланган деб топиш тўғрисидаги ишни албатта мазкур фуқаронинг, прокурор ҳамда васийлик ва ҳомийлик органи вакилининг иштирокида кўради. Агар фуқаро суд мажлисига келмаса, у мажбурий тартибда судга келтирилиши лозим.

Шуни таъкидлаш лозимки, қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳолларда, суд фуқаронинг ўзи, унинг ҳомийси, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 310-моддасида санаб ўтилган ташкилотлар ва шахслар берган аризага биноан фуқаронинг муомала лаёқатини чеклашни ва унга нисбатан белгиланган ҳомийликни бекор қилиш тўғрисида ҳал қилув қарори чиқариши мумкин.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси,

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ бўйича бош консультанти

Skip to content