“Бир суд – бир инстанция” тамойили.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, одил судлов самарадорлигига эришиш, судлар мустақиллигини амалда таъминлаш бўйича бир қатор фармон ва қарорлар қабул қилинди. Суд-ҳуқуқ тизимини босқичма-босқич ислоҳ қилиш 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида ҳам алоҳида муҳим йўналишдаги вазифалардан бири сифатида белгилаб қўйилди.

Юртимизда одил судловни таъминлаш борасида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилмоқда. Хусусан, ўтган давр мобайнида ягона суд амалиётини жорий этиш мақсадида Олий суд ва Олий хўжалик суди суд ҳокимиятининг ягона олий органи – Ўзбекистон Республикаси Олий судига бирлаштирилди. Биринчи марта Олий суд маъмурий ишлар бўйича судлов ҳайъати ва ҳудудларда маъмурий судлар ташкил этилди.

Тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини судда ҳимоя қилиш кафолатини кучайтириш мақсадида иқтисодий судлар фаолияти йўлга қўйилди.

Суд мустақиллигини таъминлаш масалалари парламентнинг доимий диққат марказида бўлиб, шу мақсадда Олий Мажлис ҳузурида Суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлашга кўмаклашиш комиссияси ташкил этилди. Судьяларни танлаш ва лавозимларга тайинлашда очиқ, ошкора ва муқобил танлов тизими яратилиб, Судьялар олий кенгаши таъсис этилди.  

Хорижий давлатлар тажрибаси асосида илк бор судья лавозимига муддатсиз тайинлаш амалиёти жорий қилинди. Суд тизими ходимларини тайёрлаш ва малакасини оширишга қаратилган Судьялар олий мактаби ташкил этилди.

Ҳуқуқий демократик давлатнинг муҳим ва ажралмас белгиси – бу қонун устуворлиги ҳисобланади. Шунингдек, ҳуқуқий давлатда инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари таъминланиши асосий вазифа саналади. Ушбу йўлда судларнинг ўрни муҳим.

Хусусан, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида, Президент томонидан 2020 йил 24 июлда қабул қилинган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Фармонга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб, вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари ташкил этилди.  

Шунингдек, туман (шаҳар) маъмурий судлари ўрнида туманлараро маъмурий судлари ташкил этилиб, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати жиноят ишлари бўйича судларга ўтказилди. Бу эса маъмурий судлар томонидан оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган маъмурий низоларни тарафларни талаб ва эътирозларини атрофлича, синчковлик билан текширган ҳолатда кўриб чиқиш, фуқаролар ва тадбиркорларни давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг ноқонуний хатти-ҳаракатлари ва қарорларидан суд орқали ҳимоялаш учун янада қулай шароит яратди.

2020 йил 19 декабрда Олий Мажлис Сенати томонидан маъқулланган қонунга кўра, суд қарорларини қайта кўриш институтининг такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Фармон ва қонунчиликка киритилган ўзгартиришлардан келиб чиқиб, судларда бир-бирини такрорловчи инстанциялар бекор қилиниб, “бир суд – бир инстанция” тамойили жорий этилди.

Суд қарорлари устидан назорат тартибида шикоят бериш институти тугатилди, апелляция ва кассация тартибида шикоят беришнинг амалдаги тартиби тубдан ўзгартирилди, апелляция ва кассация инстанцияси судлари ваколатлари кенгайтирилди.

Мазкур тамойил асосида туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят даражасидаги судлар томонидан апелляция тартибида, апелляция тартибида кўрилган суд қарорларини эса Олий суд томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш, кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича суд қарорларини Олий суд раиси, Бош прокурор ва уларнинг ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш белгиланди.

Маъмурий ишлар бўйича апелляция шикоятларини бериш муддатлари 20 кундан бир ойга қадар узайтирилди, апелляция тартибида шикоят беришнинг ўтказиб юборилган муддатларини тиклаш асослари кенгайтирилди. Кассация тартибида шикоят бериш муддатлари бир йил этиб белгиланди.

Шунингдек, киритилган ўзгартиришларга асосан, Бизнес омбудсманга биринчи инстанция судининг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ қонуний кучга кирмаган ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти қилиш ҳуқуқи берилди.  

Мамлакатимизда тадбиркорлик муҳитини шакллантириш ва ривожлантиришга алоҳида эътибор берилмоқда. Уларнинг манфаатлари ва ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасида ҳам қонунчиликка ўзгартиришлар киритиб келинмоқда. Жумладан, Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодекси 271-272-моддалари билан тўлдирилиб, суд томонидан ҳал этиладиган ишлар қаторига инвестициявий низолар бўйича ва рақобат тўғрисидаги ишлар киритилди.

Бунга кўра, инвестициявий низолар инвесторлар билан маъмурий органлар мансабдор шахсларининг инвестиция шартномаси шартларига риоя қилиниши билан боғлиқ ишлар бўлса, рақобат тўғрисидаги ишлар юридик шахслар, чет эллик юридик шахслар, хўжалик бошқаруви органлари, якка тартибдаги тадбиркорлар ва монополияга қарши орган ўртасида товар ҳамда молия бозорларида рақобат соҳасидаги муносабатлардан келиб чиқадиган низолар ҳисобланиши кўрсатиб ўтилди.

Қабул қилинадиган янги қонунлар маъмурий суд тизимидаги муаммо ва камчиликлар, ортиқча бюрократик тўсиқларни бартараф этишга хизмат қилади. Бунда, суд қарорларини қайта кўришнинг бир-бирини такрорловчи босқичларини бекор қилиш, инвесторлар ҳуқуқларини ишончли ҳимоя қилишга, суд органларининг амалдаги тузилишини замон талаблари ва халқаро стандартларга мувофиқлаштириш тизимга бўлган ишончни, очиқлик ва шаффофликни таъминлайди.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси

Коррупцияга йўл қўйган ходимларга нисбатан жазо тайинланди.

Судланувчи Хўжаназаров Тўлқин (исми шарифи ўзгартирилган) 2015 йил 02 ноябрдан 2021 йил 1 апрель кунига қадар Сурхондарё вилоят перинатал маркази бош ҳисобчиси вазифасида ишлаб келиб, мансабдор шахс бўла туриб, ғаразгўйлик ва бошқа манфаатларни кўзлаб, марказ ҳисобчиси Хўшбоқов Олимжон билан ўзаро жиноий тил бириктириб, бир гуруҳ шахслар бўлишиб, “ЎзАСБО” дастурига сохта маълумот ва ёзувлар киритиб, вилоят перинатал марказида 2019-2020 йил ва 2021 йилнинг 30 март кунига қадар марказ билан меҳнат шартномаси бекор бўлган ва марказда ишламаган фуқароларга, ишдан кетган фуқароларнинг пластик карталарини олиб қолиб, шунингдек, уларнинг хабардорлигисиз сохта ҳужжатлар асосида АТБ Қишлоққурилишбанк”нинг Сурхондарё минтақавий филиалидан “Хумо” пластик картлари очириб, жами 771.645.455 сўм иш ҳақлари ва унга тенглаштирилган тўловлар ҳисоблашиб, мавжуд “Хумо” пластик карталардан фойдаланишиб, ушбу пул маблағларини юклаб олиб, ўзларининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб, ўзганинг жуда кўп миқдордаги мулкини ўзлаштириш йўли билан талон-торож қилишган.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди Хўжаназаров Тўлқин ва бошқаларни Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва бошқа моддаларда кўрсатилган жиноятни содир этганликда айбли деб топиб, зарарни қопланмаганлиги сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.

Зуфар Нарзиев

                       Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси 

Тулкин Абдираимов

                                                               Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси 

«Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, Қонун устуворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустахкамлаш»

Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда Қонун устиворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди: биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш; иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш; учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш; тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар. Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир. Юқоридагилардан шундай хулосага келишимиз мумкин.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг яққол исботидир.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди.

Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди.

Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс. Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси.

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги қонуннинг мазмун моҳияти

Ўзбекистон Республикасининг “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни
6-моддасига асосан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Қарздор ва кредитор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.

Банкротлик аломатлари:

Қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги банкротлик аломатлари ҳисобланади.

  1. Юридик шахс: Кредиторлик қарзи базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса ва уч ой ичида тўланмаса;
  2. ЯТТ: Кредиторлик қарзи базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса ва уч ой ичида тўланмаса;
  3. Шаҳарни ташкил этувчи корхона: Кредиторлик қарзи базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса ва олти ой ичида тўланмаса.

Қўлланиладиган таомиллар:

Қарздор юридик шахснинг банкротлиги тўғрисидаги иш кўрилаётганда қуйидаги таомиллар қўлланилади:

  • Кузатув;
  • Суд санацияси;
  • Ташқи бошқарув;
  • Тугатишга доир иш юритиш.

Қарздор якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахснинг банкротлиги тўғрисидаги ишни кўриб чиқишда тугатишга доир иш юритиш таомили қўлланилади.

Бундан ташқари, қонуннинг 145-моддасига асосан қарздор ва кредиторлар иқтисодий суд томонидан банкротлик тўғрисидаги ишни кўриб чиқишнинг ҳар қандай босқичида келишув битими тузишга ва банкротлик ҳолатидан чиқишга ҳақли.

Суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс.

Суд бошқарувчисиқуйидаги асосий малака талабларига мос келиши зарур:

  • Олий маълумотли бўлиши;
  • Камида икки йил меҳнат стажига эга бўлиши;
  • Агентликда аттестациядан ўтиши.
  • Суд бошқарувчиликка талабгорлар Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Лойиҳа бошқаруви миллий агентлиги қошидаги Абу Райҳон Беруний номидаги Бизнес ва бошқарув республика олий мактабида ўқитилади, малакаси оширилади ва белгиланган тартибда гувоҳнома ва (ёки) сертификат берилади.

Суд бошқарувчилари аттестация комиссияси:

Аттестация комиссияси талабгорларни аттестациядан ва суд бошқарувчиларини қайта аттестациядан ўтказадиган коллегиал орган ҳисобланади.

Аттестат олиш учун талабгор Агентликка (Аттестация комиссиясига) қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

  • Ариза;
  • Анкета;
  • Олий маълумот тўғрисидаги дипломнинг ёхуд хорижий таълим муассасасида олинган олий маълумот тўғрисидаги ҳужжатни нострификациялаш (эквивалентлигини қайд этиш) тўғрисида ваколатли давлат органи гувоҳномасининг нусхаси;
  • Меҳнат дафтарчасининг нусхаси;
  • Тегишли тоифадаги суд бошқарувчилари дастури бўйича ўқиганлиги тўғрисидаги гувоҳнома нусхаси (аттестатнинг амал қилиш муддати тугаши муносабати билан аттестациядан ўтиш шарт эмас);
  • Ариза кўриб чиқилганлиги учун тўлов тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
  • Тегишли давлат органининг судланганликни бекор бўлиши ёки судланганликнинг олиб ташланиши тўғрисидаги маълумотномаси;
  • Паспорт нусхаси.

Талабгор аттестат олиш учун Аттестация комиссияси томонидан белгиланган махсус дастур бўйича ва муддатларда тест имтиҳони топширади.

Имтиҳон компьютер дастуридан фойдаланган ҳолда, талабгори танлаган тилда элликта тест саволларига жавоб бериш шаклида ўтказилади ва жавоблар учун талабгорга бир соат вақт ажратилади.

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

Халқ дарди билан яшамоқ – барчамизнинг олий вазифамиз.

Шеробод тумани “Катта хаёт” маҳалла фуқаролар йиғинида Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси Ж.Ибодуллаев ва судья М.Номозовлар томонидан маҳалла фуқаролари билан давра суҳбати ўтказилди.

         Давра суҳбатида 4424 нафар фуқаролар истиқомат қилувчи маҳалланинг намунали, зиёли оилалари ҳақида қисқача гапириб ўтилиб, шулар қаторида оилавий келишмовчиликлари сабабли низолар пайдо бўлаётган оилалар хусусида ҳам таъкидлаб ўтилди. Шунингдек, ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби, унинг оқибатлари, фарзандликка олиш, алимент, уй-жой низолари, никоҳ ва бошқа масалалар ҳақида ҳам сўз юритилди.

Жамиятнинг асосий ташкилоти хисобланган оила ва атроф муҳит унинг барча аъзолари, айниқса,  болалар ўсиб улғайишлари ва фаровонликка эга бўлишлари, соғлом ва хар томонлама уйғунлашган холда камолотга етиши учун у оила ғамхўрлигида, бахт, мехр-мухаббатни онгли тушуниш вазиятида ўсиши, жамиятда мустақил хаётга тўла тайёрланиши, айниқса, ўз она юртига, оиласига  муҳаббат  руҳида тарбияланиши лозим.

         Давра суҳбати очиқ мулоқат тарзида ўтказилиб, иштирокчиларни қизиқтирган саволларига жавоблар берилди.

Жасур Ибодуллаев

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди раиси

Музаффар Номозов

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

Ўғирлик жинояти тушунчаси, жавобгарлик асослари ва уни олдини олиш чоралари.

Ўзбекистон Рсспубликаси Конституциясининг 53-моддасига мувофиқ, мамлакатимиз иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этади. Мулк дахлсиздир ва у давлат томонидан муҳофаза қилинади, унга қилинган ҳар қандай тажовуз конунга хилоф деб ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 3-бўлимида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилиш кўрсатилган бўлиб, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки олти ойгача қамоқ ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан.

Ўғрилик:

а) жабрланувчининг кийими, сумкаси ёки бошқа қўл юкидаги ашёга нисбатан (киссавурлик);

б) анча миқдорда;

в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб;

г) уй-жой, омборхона ёки бошқа хонага ғайриқонуний равишда кириб содир этилган бўлса,

энг кам ойлик иш ҳақининг уч юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан.

Ўғрилик:

а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;

б) компьютер тизимига рухсатсиз кириб;

в) кўп миқдорда;

г) нефть қувурларида, газ қувурларида, нефть ва газ маҳсулотлари қувурларида содир этилган бўлса,

беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади

Ўғрилик:

а) жуда кўп миқдорда;

б) ўта хавфли рецидивист томонидан;

в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса,

саккиз йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади деб кўрсатилган

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, ҳозирги кунда мамлакатимизда суд-ҳуқуқ ислоҳотлари ўзининг авж палласида бўлиб, нафақат суд соҳасида, балки бошқа ҳуқуқ-тартибот идоралари тизимида ҳам замон талабларидан ва ҳозирги глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган бир даврда юзага келган реал вазиятдан келиб чиққан ҳолда кенг қамровли ўзгаришлар амалга оширилмоқда ва пировардида буларнинг барчаси давлатимизнинг тараққиёти, жамиятимиз ривожи ва халқимиз манфаатига хизмат қилмоғи лозим.

Абдиҳофиз Бойбилов

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди судьяси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

Оила турмуш доирасида содир этлаётган жиноятларнинг хуқуқий оқибатлари.

Барқарор тарзда равнақ топаётган мамлакатимизда тинчлик, осойишталик ва фаровонликни янада мустаҳкамлашнинг муҳим шарти сифатида оила институтини ҳар томонлама ривожлантириш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, ҳар бир оилани, ундаги соғлом маънавий муҳитни асраб-авайлаш, эр-хотин, ота-оналар билан фарзандлар, қайнона-келин, қўни-қўшнилар ўртасидаги меҳр-оқибат ҳиссини шакллантириш бўйича бир қанча дастурий чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда.

Бироқ шунга қарамай оила турмуш мунособатлари доирасида жиноятлар кузатилмоқда.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан 2019 йил 9 ойи давомида вояга етмаган фарзандини  моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун 1 нафар фуқаро, қўшнисига томорқа устидан низолашиб тан жарохати етказганлиги  сабабли бир нафар фуқаро жавобгарликка тортилган. Шунингдек 2020 йил 9 ойи давомида туман суди томонидан вояга етмаган фарзандини  моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун  5 нафар фуқаро, турмуш ўртоғини ўлдиришга қасд қилганлиги сабабли бир нафар фуқаролар жавобгарликка тортилган. Жавобгарликка тортилган барча  судланувчиларнинг 5 нафарига нисбатан озодликдан махрум қилиш жазоси, бир нафар судланувчига нисбатан тайинланган.

Мисол тариқасида Қизириқ туман “Бойбулоқ” маҳалласида яшовчи бир нафар фуқаро Ш.И. 2018 йил 19 декабрда Шеробод туман маъмурий суди томонидан жавобгарликка тортилганлигидан ўзига тегишли хулоса чиқармасдан, 2016 йил 1 мартдан 2019 йил 1 июлга қадар жами 12.749.770 сўм алимент пулларини тўлашдан қасддан бўйин товлаб келганлиги, суд мажлисида унга зарарни қоплаб бериш имкони берилгандан сўнг тўламаганлиги сабабли туман суди томонидан унга нисбатан озодликдан махрум қилиш жазоси тайинланган. Шунингдек Қизириқ туман “Бағрикенг” маҳалласида яшовчи М.П. қўшниси М.А. билан томорқа чегараси юзасидан тортишиб қолиши натижасида М.П. қўшниси М.А.ни уриб соғлиғини бузилишига сабаблчи бўлган тан жарохати етказган. туман судида жабрланувчининг ярашмаганлиги ва даъвоси борлиги саббали судланувчига нисбатан озодликни чеклаш жазоси тайинланган. 

Хулоса ўрнида шуни айтиш жоизки жиноятлар асосан фуқаролар ишсизлиги, хуқуқий маданиятнинг йўқлигидан келиб чиққан, шу сабабли фуқаролар ўртасида хуқуқий маданиятни ривожлантириш, жойларда нотинч оилалар билан яраштириш комиссияларининг ишларини жонлантириш, хуқуқбузарлик содир этиши мумкин бўлган фуқароларга хуқуқий ёрдам кўрсатиш, хуқуқбузарлик содир этиши мумкин фуқаролар билан алохида сухбатлашиш орқали оила турмуш доирасидаги жиноятларни олдини олиш мумкин.

Тулкин Абдираимов

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

Саидмурод Чориев

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди девонхона мудири

“Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Конституциявий Қонуннинг мазмун – моҳияти.

Суд тизимини изчил демократлаштириш, суд ҳокимиятининг мустақиллиги тўғрисидаги конституциявий нормага сўзсиз риоя этилишини таъминлаш мамлакатимизни янада ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларидан биридир. Мустақиллик йилларида юртимизда суднинг давлат ҳокимиятининг мустақил тармоғи сифатида қарор топишига, уни ўтмишдаги қатағон қилувчи органдан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ишончли муҳофаза этиш ва ҳимоя қилишга йўналтирилган чинакам мустақил институтга айлантиришга қаратилган изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Шу билан бирга, республикамизни ривожлантиришнинг кейинги беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси асосида суд-ҳуқуқ тизими мазмун-моҳияти тубдан ўзгартирилмоқда.

2021 йил 27 апрель куни Президентимиз томонидан имзоланган “Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди тўғрисида”ги Қонун ҳам бу соҳадаги далил қадамлардан биридир.

Маълумки, бугунги кунга қадар Конституциявий суднинг фаолияти 2017 йил 31 май куни қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди тўғрисида”ги қонун билан тартибга солиб келинаётган эди. Конституциявий судда иш юритишнинг процессуал қоидалари Конституциявий суднинг ўзи томонидан тасдиқланган Регламент билан белгилаб берилганди.

Аксарият мамлакатларнинг Конституциявий судлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида бундай қоидалар Конституциявий суд томонидан эмас балки қонун билан белгиланиши назарда тутилган. Чунки, иш юритишнинг процессуал қоидалари бевосита инсон ҳуқуқ ҳамда эркинликлари билан боғлиқ ва шунинг учун ҳам улар қонун билан белгиланиши лозим.

Янги қонунда юқорида таъкидланган масалалар ҳал этилгани билан бир қаторда, мамлакатимизда фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганлигини таъкидлаш лозим. 

Эндиликда фуқаролар ва юридик шахсларнинг фикрича, уларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларини бузаётган бўлса, Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ келмаса ҳамда судда кўрилиши тугалланган муайян ишда қўлланилган бўлса ва судда ҳимоя қилишнинг барча бошқа воситаларидан фойдаланиб бўлинган бўлса, улар қонуннинг Конституцияга мувофиқлигини текшириш тўғрисидаги шикоят билан Конституциявий судга мурожаат этишга ҳақлидир.

Шунингдек, қонунда фуқаролар ҳамда юридик шахсларга, инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий маркази, Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари – Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга Конституциявий судга мурожаат этиш ҳуқуқи берилиб, Конституциявий судга мурожаат қилувчи субъектлар доираси кенгайтирилди.

Шу билан биргаликда, Қонунда Конституциявий суднинг ваколатлари, Конституциявий суд судьясининг мақоми, суд раиси ва унинг ўринбосарини сайлаш ҳамда уларни эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш, Конституциявий суд ишларини юритиш, суд ишларини юритиш иштирокчилари, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, судга мурожаат этиш ва мурожаатни дастлабки тарзда кўриб чиқиш ҳамда ўрганиш, Конституциявий суд томонидан процессуал ҳаракатларни амалга оширишнинг тартиби ва механизми, Конституциявий суд муҳокамаси, муддатлари, суд мажлисининг баённомасини юритиш, Конституциявий суд қарорларининг ижроси масалалари аниқ белгилаб берилди.

Масалан, Конституциявий суд судьясини ишни кўришда иштирок этишдан четлаштириш талаблари белгиланди. Хусусан, кўриб чиқиш предмети бўлган ҳужжатни тайёрлашда илгари хизмат мавқеи сабабли қатнашган бўлса, ишда иштирок этаётган тарафнинг ёки бошқа шахснинг қариндоши бўлса, ишнинг пировард натижасидан шахсан, бевосита ёки билвосита манфаатдор бўлса ёҳуд унинг холислигига шубҳа туғдирадиган бошқа ҳолатлар мавжуд бўлса Конституциявий суднинг судьяси ишни кўришда қатнашишдан четлаштирилиши ифодаланди. Шу билан бирга, Конституциявий суд ишларини юритишнинг ошкоралик принципини таъминлаш мақсадида қонуннинг 50-моддасида суд мажлиси иштирокчилари ва суд залида ҳозир бўлганлар суд мажлисининг боришини қайд этишга, овозли ёзувни амалга оширишга ҳақли эканлиги, фото тасвирга олиш, видео ёзувини амалга ошириш, шунингдек, уни радио ва телевидение орқали узатиш тартиби акс этди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур қонун Конституциявий суд фаолиятини яхшилаш, мамлакатимизда фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш, Конституция ва қонун устунлигини таъминлашга хизмат қилади.

Зухриддин Мавлонов

                     Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Сайфиддин Алимардонов

 Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судья  катта ёрдамчиси

КОРРУПЦИЯ – ЖАМИЯТ ТАРАҚҚИЁТИ КУШАНДАСИ.

Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.

Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.

Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси остида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимиздаги ўз ечимини топилишини кутиб ётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз имкониятларини кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимини ортишига имкон яратади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.

Дилором Алмуратова,

Зухриддин Мавлонов

  Сурхондарё вилоят суди  фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьялари 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 8 июндаги“Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ПФ-6243-сонли Фармонининг мазмун моҳияти ва ушбу фармон билан чет эл инвесторларига берилган ҳуқуқ ва эркинликлар

Ер участкаларини ажратишнинг барча учун тенг, шаффоф ва бозор тамойилларига асосланган тартибини жорий этиш, ерга оид мулкий ва ҳуқуқий муносабатларда барқарорликни таъминлаш, ерларни муҳофаза қилиш, ер эгаларининг мулкий ҳуқуқларини кафолатлаш, шунингдек, ернинг иқтисодий қийматини белгилаш орқали уни фуқаролик ҳуқуқий муносабатлар объекти сифатида эркин муомалага киритиш мақсадида 2021 йил 1 августдан бошлаб ер участкалари хусусий секторга мулк ва ижара ҳуқуқи асосида, давлат органлари, муассасалари, корхоналари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига (кейинги ўринларда – давлат ташкилотлари) доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади;

мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик, доимий эгалик, вақтинча фойдаланиш ҳуқуқи билан ер ажратиш тартиби бекор қилинади, бунда илгари ажратилган ер участкаларига бўлган бундай ҳуқуқлар уларнинг эгаларида амалдаги тартибда сақланиб қолади;

ижарага олинган ер участкасида қонунчиликда белгиланган тартибда қурилган кўчмас мулк объектига мулк ҳуқуқи бошқа шахсга ўтган тақдирда, ушбу объектга мулк ҳуқуқи билан биргаликда у жойлашган ер участкасига бўлган ижара ҳуқуқи ҳам янги мулкдорга ўтади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар барча турдаги қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари иштирок эта оладиган, натижалари Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан тасдиқланадиган очиқ электрон танлов якунларига кўра, фақат ижара ҳуқуқи асосида ажратилади;

қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлар мулк ҳуқуқи ва ижара ҳуқуқи асосида электрон онлайн-аукцион орқали реализация қилинади;

давлат ташкилотларига ер участкалари давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг қарори билан доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади;

барча ҳолларда ер участкалари фақат бўш турган ва захирага олинган ерлардан ажратилади, айни бир ҳужжат билан ёки бир вақтнинг ўзида ер участкасини олиб қўйиш, захирага олиш, бошқа шахсга ажратиш ер бериш тартибини бузиш ҳисобланади ва қонунга мувофиқ жавобгарликка тортиш учун асос бўлади;

давлат-хусусий шериклик лойиҳалари ва ижтимоий фойдали мақсадларга эришишга қаратилган лойиҳаларни амалга оширишда ер участкалари давлат ташкилотига доимий фойдаланиш ҳуқуқи билан ажратилади, ушбу ерлар давлат-хусусий ёки ижтимоий шериклик тўғрисидаги битимнинг амал қилиш муддатига хусусий шерик, нодавлат нотижорат ташкилоти ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига ижарага берилиши мумкин;

кўп квартирали уй жойлашган ва унга туташ ер участкаси, агар кўп квартирали уйдаги жойларнинг мулкдорларига бошқа ҳуқуқ билан тегишли бўлмаса, уларга умумий фойдаланиш учун Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари томонидан доимий фойдаланиш ҳуқуқи асосида ажратилади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси 2021 йил
1 августдан бошлаб, истисно тариқасида, фақат қуйидаги ҳолларда ер участкаларини тўғридан-тўғри ижарага беришга ҳақли:

қишлоқ хўжалиги соҳасида илмий тадқиқот ва тажриба синовлар амалга ошириш учун давлат илмий-тадқиқот ва таълим муассасаларига  Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг таклифига асосан;

агросаноат кластерларига — ер участкаси норматив қийматининг икки баравари миқдоридаги пул маблағи депозитга қўйилганда, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоят ҳокимининг таклифига асосан;

энг яхши таклифни танлаш орқали аниқланадиган, қиймати камида 10 миллион АҚШ доллари эквивалентида (ер майдони ҳажмига кўра ортиб боради) бўлган йирик инвестиция лойиҳасини амалга ошириш учун — лойиҳа қийматининг камида 10 фоизига тенг маблағ аввалдан махсус ҳисобрақамга жойлаштирилганда;

чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналарга, халқаро бирлашмалар ва ташкилотларга, чет эллик юридик ва жисмоний шахсларга — ижарага олиш ҳуқуқини олганлик учун бозор қийматида ҳақ тўлаган ҳолда (халқаро бирлашмалар ва ташкилотлардан ташқари).

Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ер муносабатларига оид қуйидаги ваколатлари, улар юзасидан қарор, фармойиш ёки бошқа турдаги ҳужжат қабул қилиш ҳуқуқи 2021 йил 1 августдан бекор қилинган

ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш, фойдаланишга бериш, келгусида ажратиш учун захиралаш, бириктириш, ободонлаштириш учун бериш ёки ерларни бошқача йўл билан тасарруф қилиш, бундан мазкур Фармонга мувофиқ ер участкаларини давлат ташкилотларига доимий фойдаланишга ажратиш, очиқ танлов якунларини тасдиқлаш, ижара шартномасини имзолаш, ер участкаларини хусусийлаштириш натижаларини расмийлаштириш бўйича ваколатлар мустасно;

туман ва шаҳар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларига бўлган ҳуқуқларни белгилаш, эътироф этиш, ўзгартириш, бекор қилиш;

суғориладиган ерларни суғорилмайдиган ерлар тоифасига ёки бошқа ер тоифасига, суғорилмайдиган қишлоқ хўжалиги ерларини бошқа ер тоифасига ўтказиш;

жамоа боғдорчилиги, узумчилиги ва полизчилиги ҳамда ёрдамчи қишлоқ хўжалигини юритиш учун ер бериш;

хусусийлаштириладиган ер участкаларига нисбатан инвестиция мажбуриятлари ёки хусусий мулкни эркин тасарруф этишни чеклайдиган бошқа мажбуриятларни белгилаш.

Қонунчилик ҳужжатларида ушбу Фармонда белгиланганидан бошқача тартибда ер участкаларини ажратишни назарда тутувчи барча тартиблар, имтиёз ва истиснолар 2021 йил 1 августдан тўлиқ бекор қилинган.

Давлат ҳокимияти органлари томонидан ер участкаларини тўғридан-тўғри ажратиш ёки бошқача тарзда имтиёз ва истиснолар белгилаш ташаббуси билан чиқиш тақиқланган.

Ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилади

Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги органларига ер участкаларидан мақсадсиз фойдаланиш ҳолатлари аниқланганда Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 36-моддасига мувофиқ ушбу ер участкаларига бўлган ҳуқуқни бекор қилиш, ўзбошимчалик билан эгалланган ер майдонида ноқонуний қурилган иморатларни бартараф этиш юзасидан тўғридан-тўғри судга мурожаат қилиш ҳуқуқи берилди

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

Skip to content