ҚИЛМИШ – ҚИДИРМИШ

Маъмурий назоратнинг асосий вазифаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларга якка тартибда профилактик таъсир кўрсатишдан иборатдир.

Ушбу қонун нормалари қатъий белгиланган бўлса-да, бироқ қонун талабини бузган Анорзорлик Адхам Бобоев (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳақида сўз юритамиз.

Адхам Бобоев Музработ туманида туғилган, оилали, вақтинча ишсиз, муқаддамРоссия Федерациясига ишлаш мақсадида бориб, у ерда ҳам жиноят содир этганлиги сабабли 5 йил муддатга озодликдан махрум қилиниб, жазо муддатини ўтаб келган.

Жумладан, у ўзига нисбатан 2023 йил 18 сентябрь куни суд томонидан маъмурий назорат ўрнатилганлигини била туриб 2023 йил 6 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан маъмурий назорат қоидалирини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-моддасида назарда тутилган маъмурий хуқуқбузарликни содир этганлиги учун базавий хисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида 330.000 сўм жарима жазоси тайинланади. Адхам жарима жазоси тайинланишини негадир эътиборга олмади.

Шундан сўнг Адхамга нисбатан 2024 йил 31 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан 6 (олти) ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилди, унга кўра туман Ички ишлар бўлимига келиб ҳар ойнинг 20 санасида рўйхатдан ўтиши, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслиги ва яшаш уйини тунги соат 22:00 дан эрталабки соат 06:00 га қадар тарк этмаслиги каби чекловлар ўрнатилган бўлишига қарамасдан, ушбу чекловларни қасддан менсимади. Жорий йилнинг 30 июнь куни соат 23:29 да унинг яшаш хонадони туман ички ишлар масъуллари томонидан бориб текширилганида, Адхамни яшаш уйида йўқлиги ва яшаш уйини тарк этиб маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги аниқланди.

Унинг бу ҳаракати ўзига нисбатан Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилишига сабаб бўлди.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди уни мазкур модда билан айбдор деб топиб, 3 (уч) ой муддатга озодлигини чеклади.

Суд ҳукми билан Адхам Бобоевга сутканинг муайян вақтида  яъни, кеч соат 22:00 дан эрталаб 07:00 гача бўлган вақт оралиғида яшаш уйидан чиқиши тақиқланди.

Хулоса шуки, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

ИШДАН АСОССИЗ БЎШАТИЛГАН ХОДИМ ИШГА ТИКЛАНДИ

Бош Қомусимизнинг 42-моддасида, ҳар ким муносиб меҳнат қилиш, касб ва фаолият турини эркин танлаш хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган қулай меҳнат шароитларида ишлаш, меҳнати учун ҳеч қандай камситишларсиз ҳамда меҳнатга ҳақ тўлашнинг белгиланган энг кам миқдоридан кам бўлмаган тарзда адолатли ҳақ олиш, шунингдек ишсизликдан қонунда белгиланган тартибда ҳимояланиш ҳуқуқига эга эканлиги белгилаб қўйилган.

Даъвогар Абдунаби Абдуллаев (исм-фамилия ўзгартирилган) жавобгар Денов туманидаги 43-умумий ўрта таълим мактабига нисбатан “буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ва маънавий зарарни ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича денов туманлараро судига мурожаат қилган.

Аниқланишича, Абдунаби Абдуллаев мазкур мактаби директорининг тегишли буйруғига асосан олий маълумотли мутахассис кадр келгунга қадар чақирувга қадар ёшларни бошланғич тайёрлаш ва ўқитувчиси вазифасига ишга қабул қилинган бўлиб, 03.03.2024 йилга қадар шу лавозимда ишлаб келган ва мактаб директорининг 04.03.2024 йилдаги буйруғига асосан у билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 158-моддасига асосан бекор қилинган.

Жавобгар 43-сонли умумий ўрта таълим мактаби билан ходим Абдунаби Абдуллаев ўртасида тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг 29.01.2018 йилдаги буйруғининг мазмунидан қатъий назар бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда номуайян муддатга тузилган ҳисобланади.

Тарафлар ўртасида 2018 йилда тузилган меҳнат шартномасидан кўринишича, даъвогар Абдунаби Абдуллаев номуайян муддатга Чақирувга қадар бошланғич тайёргарлик раҳбари вазифасига ишга қабул қилинган. Шундай бўлсада, жавобгар Абдунаби Абдуллаевни меҳнат шартномасининг муддати тугаганлигини асос қилиб ишдан бўшатган.

Жавобгар билан ходим Абдунаби Абдуллаев ўртасида муддатли меҳнат шартномасининг тузилиши Меҳнат кодексининг 111, 112, 113-моддалари талабларига зид ҳисобланади.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди томонидан юқоридаги норматив ҳужжат талаблари ва ишдаги аниқланган ҳолатлардан келиб чиқиб, даъвогарнинг даъво аризасини қаноатлантириш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилди.

Суднинг ҳал қилув қарори дарҳол ижрога қаратилиб, даъвогарни аввалги лавозимига ишга тиклаш учун ижро варақаси берилиши орқали ходимнинг Конституцияда белгиланган меҳнат қилиш ҳуқулари тикланди.

СУЛАЙМОН ПАНЖИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди судьяси

МУРОЖААТ СУДДА ЎЗ ЕЧИМИНИ ТОПДИ

Меҳнат ҳуқуқи – инсон ҳуқуқларининг асосий ҳуқуқи ҳисобланиб, бунда ишсизликдан ҳимояланиш, ҳеч бир камситишсиз тенг ҳақ олиш ҳуқуқи қонун томонидан ҳимоя қилинади.

Дарҳақиқат, ходимни ишга тиклаш тўғрисидаги суднинг қонуний кучга кирган қарори маъмурият учун мажбурий бўлиб, бунда ходимнинг бузилган ҳуқуқи тикланибгина қолмай, мажбуран ишга чиқмаган кунлари учун ҳақ ҳам тўланади. Ваҳоланки, ходимни ноқонуний ишдан бўшатиш мансабдор шахсларнинг маъмурий, интизомий ва бошқа турдаги жавобгарлигини келтириб чиқаради. Бундай ҳоллар содир бўлмаслиги эса дастлаб иш берувчининг ўз ходимининг меҳнат ҳуқуқи олдидаги масъулиятни англаш ҳисси билан боғлиқдир.

Эътиборингизни бир судда ўз ечимини топган бир низога қаратсак.

Сурхондарё вилоят Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекциясининг фуқаро Гулчехра Бобоева (исм-фамилия ўзгартирилган) манфаатида жавобгар Сурхондарё вилоят ОИТСга қарши кураш марказига нисбатан буйруқни бекор қилиш, ишга тиклаш ҳамда мажбурий прогул даври учун иш ҳақи ҳамда маънавий зарар учун компенсация ундириш ҳақида”ги даъво аризаси билан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судига мурожаат қилади.

Судда жавобгар вакиллари яъни, Сурхондарё вилоят ОИТСга қарши кураш маркази вакиллари Сурхондарё вилоят ОИТСга қарши кураш марказининг буйруғини асосли деб ҳисоблаб, даъвони тан олмасдан, ўз тушунтиришида Гулчехра Бобоевани иш билан таъминлаш имкони йўқлигини билдиради.

Аниқланишича, даъвогар Гулчехра Бобоева марказда Иқтисодчи лавозимида ишлаб келган. Бироқ, у билан Сурхондарё вилояти ОИТСга қарши кураш маркази ўртасида тузилган меҳнат шартномаси иш берувчининг 2024 йил 26 февралдаги 41-5Н- сонли буйруғи билан, Меҳнат кодексининг 160-моддасига асосан, ходимнинг ташаббусига кўра, 2024 йил 26-февраль кунидан бекор қилинган.

Амалдаги меҳнат қонунчилигига кўра, ходим номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномасини, шунингдек муддати тугагунига қадар муддатли меҳнат шартномасини ўн тўрт календар кун олдин бу ҳақда иш берувчини ёзма шаклда огоҳлантирган ҳолда бекор қилишга ҳақли эканлиги ва огоҳлантириш муддатининг ўтиши иш берувчи томонидан ходимнинг меҳнат шартномасини бекор қилиш тўғрисидаги аризаси олинганидан сўнг кейинги кунда бошланиши қайд этилган.

Ҳолбуки, Гулчехра Бобоевага берилган огоҳлантириш муддати 27 февраль кунидан бошланиши ҳамда 14 календарь кунлик огоҳлантириш муддати тугаган санада меҳнат шартномаси бекор қилиниши лозим бўлсада, амалда иш берувчи 14 календарь кунлик огоҳлантириш муддатини кутмасдан ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиб, қонунбузилишша йўл қўйган.

Ваҳоланки, мазкур муддат давомида Гулчехра Бобоева ишдан бўшаш ҳақидаги аризасини қайтариб олиши ва меҳнат муносабатларини давом эттириши мумкин бўлган ва меҳнат шартномаси бекор қилиниши оқибатида ходимнинг мазкур ҳуқуқи бузилишига йўл қуйилган.

Бинобарин, суд даъвогарнинг даъво талабларини қаноатлантириб, Сурхондарё вилоят ОИТСга қарши кураш марказига нисбатан буйруқни бекор қилиш ҳақидаги буйруқни ғайриқонуний деб топди ва Гулчехра Бобоевани ўз вазифасига ишга тиклаш, 2024 йил 26 февраль кунидан бошлаб 2024 йил 02 июль кунига қадар 76.203.112 сўм иш ҳақини ундан солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ушлаб қолган ҳолда ундириш ҳамда 19.000.000 сўм миқдорида маънавий зарар учун компенсация ундириш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарди.

Қонунда назарда тутилган асослар даъвогарни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имконияти бўлмаган тақдирда унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилишини шартлайди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш узлуксиз давом этадиган жараён эканлиги нуқтаи назаридан хулоса сифатида айтиш мумкинки, Янги Ўзбекисоннинг Тараққиёт стратегиясида мамлакатимиз инсон қадрини юксалтириш борасида келгуси беш йиллик учун муҳим вазифа ва мақсадларни белгилаб олган бўлиб, уларни амалга ошиши учун эса ҳар биримиз масъулдирмиз.

Таъкидлаш керакки, судда Гулчехра Бобоеванинг меҳнат ҳуқуқи тикланди ва энди у ўз касбини давом эттиради.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича

судлов ҳайъати судьяси

ЕР УЧАСТКАСИНИ ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛИШ БУ ЖИНОЯТ

Биламизки, ер-ризқ рўз манбаи ҳисобланади. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади.

Ваҳоланки, бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.

Энди эса бир жиноят тавсилотига тўхталсак.

Музработлик Тўхта Омонов (исм-фамилия ўзгартирилган) 2023 йил май ойида туманнинг “Дуоба” маҳалласи “С.Сатторов” массивида жойлашган фермер хўжалиги ер майдонига қарашли бўлган 674Қ-дала контуридаги тупроқ унумдорлиги 43-балл бонитетли бўлган ер майдонидан 0.018га ўлчамдаги суғориладиган экин ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ушбу ер майдонидан беш хонали яшаш учун уй-жой пойдевори ва уч хонали ошхона биноси ҳамда қўшимча хўжалик хоналарини қуриб олиб, Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 90-моддаси талабларини қўпол равишда бузган.

Тўхта Омонов ўзининг бу ҳаракатлари билан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни содир этган.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бўлиб ўтган очиқ судда судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган суддаги кўрсатуви, дастлабки тушунтириш хатлар, унинг терговдаги ва суддаги кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

Шу каби, суд томонидан Тўхта Омоновга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазосини тайинлади.

Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

ФИРИБГАР ТЕХНИКУМ ХОДИМИГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Муножат Сапиева (исм-фамилиялар ўзгартирилган) оиласидан ажрашган,
1 нафар фарзанди онаси. У Педагогика техникумининг бирида талабалар назоратчиси бўлим бошлиғи вазифасида ишлаб келади.

Унинг хизмат вазифаларига техникумда ўқийдиган талабаларни давоматини назорат қилиш, юриш туриши, дарс машғулотларига қатнашиши, кийим кийиш тартиби ва бошқа хизмат вазифалар кирса-да, бироқ фирибгарлик жиноятига қўл уради.

Кунларнинг бирида Муножатнинг олдига Хулкар Низомова келиб, мазкур техникумда ўқимоқчи эканлигини билдиради. Шунда Муножат ёнига келган Хулкар Низомовага контракт пулларни тўласа қолган хужжатли ишларини ўзи қилишини айтиб, ундан  5.000.000 сўм миқдоридаги пулларни олади. Бу ҳам етмаганидек, Хулкарнинг дарсларга қатнашиши керакмаслигини айтиб яна 300 АҚШ доллари миқдоридаги пулларни олади.

Кунлар ўтиб 2022 йилнинг март ойида Муножат яна Хулкарни учратиб қолади ва техникумга икки дона Термиз давлат университетида иккинчи курсдан ўқишни давом эттиришлик учун сертификат келганлигини билдиради. Шунда Хулкарга олийгоҳда ўқиш истаги пайдо бўлиб, Муножатдан йўл-йўриқ сўрайди.

Бу гал ҳам Хулкар чув тушиб, олийгоҳга ўқишни истаб Муножатга 1.000 (бир минг) АҚШ доллари беради. Шундан сўнг Муножат 2023 йилнинг август ойида Хулкарга телефон қилиб, ўқишини Тошкент шаҳридаги Низомий номидаги Педагогика университетига кўчирганлигини, эвазига эса 2.000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида пулларни беришни сўрайди. Хулкар унга сўралган пуллардан 1.000 (бир минг) АҚШ долларини беради.

Аммо, Муножат юқорида баён этилган бирорта ваъдаси устидан чиқмайди. Ваҳоланки, унинг бу ҳаракати фирибгарликка етаклайди. Шу тариқа, Хулкар Низомованинг жами 36.000.000 (ўттиз олти миллион) сўмини қўлга киритиб, пулларни ўзининг шахсий эхтиёжларига сарфлаб юборган.

Буни қарангки, Муножат ўзининг жиноий ҳаракатлари учун жиноий жавобгарликка тортилмай қолганлигидан фойдаланиб, яна ғаразли ва паст ниятларда, текин бойлик ортиришни мақсад қилади. 2022 йилнинг июнь ойида фуқаро Мансур Жаннаевни алдаб, унинг турмуш ўртоғини ўзи ишлаётган техникумга контракт асосида ўқишга киритиб қўйишини ваъда қилиб, эвазига контракт тўлаш учун ва бошқа хужжатларни қилиб ҳал этиб бериш учун жами 10.500.000 (ўн миллион беш юз минг) сўм миқдоридаги пулларини олиб, ўзининг шахсий манфаатлари йўлида сарфлаб юборади.

Хуллас, фирибгар қизга суд ҳукми ўқилди.

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг ҳукми билан унга 1 (бир) йил муддатга давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилотларда мансабдорлик ва моддий жавобгарлик юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 2 (икки) йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.

Хулоса қилиб айтганда, энг аввал ўзаро муносабатларда ёлғон ишлатишдан тийилишимиз керак ва энг муҳими, фарзандларимизни ҳам ростгўйликка, ҳушёрликка ўргатиб боришимиз даркор. Ёлғон ҳамиша зарар келтиришини, ёлғон гап талофат келтиришини ўзимиз англаб етишимиз зарур. Зотан, фирибгарликнинг асоси ёлғон сўз, ёлғон маълумотдан иборат.

ШЕРАЛИ ҚОДИРОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди судьяси

КОНСТИТУЦИЯ – ДЕМОКРАТИК ТАРАҚҚИЁТ АСОСИДИР

Бу йилда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганига 32 йил тўлди. 1992 йил 8 декабрь куни қабул қилинган мазкур тарихий ҳужжат мустақиллигимиз кафолати, давлат ва жамиятимиз тараққиётининг ҳуқуқий асоси сифатида халқимиз ҳаётида алоҳида ўрин тутади.

Конституция давлат бошқаруви ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тартибга солувчи асосий қонундир. Унда халқнинг давлат бошқарувидаги роли, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонун устуворлиги принциплари ўз ифодасини топган. Конституциянинг 2-моддасида, халқ давлат ҳокимиятининг ягона манбаи эканлиги қайд этилган. Бу тамойил ҳар бир фуқаронинг мамлакат бошқарувида фаол иштирок этиши учун ҳуқуқий кафолат яратади.

Конституциявий ислоҳотлар – тараққиётга йўл.

Бу борада сўнгги йилларда Ўзбекистонда Конституциявий ислоҳотлар жадал суръатларда амалга оширилмоқда. 2023 йилда қабул қилинган янги таҳрирдаги Конституция халқнинг орзу-умидлари ва эҳтиёжларини инобатга олган ҳолда янгиланган.

Жумладан, инсон қадрини улуғлаш, ижтимоий адолатни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида қатор қоидалар мустаҳкамлаб қўйилди. Шунингдек, янги таҳрирда иқтисодий ислоҳотларни янада чуқурлаштириш, хусусий мулкнинг дахлсизлигини кафолатлаш, тадбиркорлик фаолиятини ривожлантириш учун қонуний асослар янада такомиллаштирилди.

Конституция – тинчлик ва фаровонлик кафолати ҳисобланади.

Ўтган 32 йил мобайнида Конституция давлатимиз мустақиллигини мустаҳкамлашда, жамиятда тинчлик ва барқарорликни таъминлашда мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилди. Ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқий манфаатлари ҳимоя қилинаётгани, қонун устуворлигига қатъий риоя этилаётгани Конституциянинг амалий аҳамиятини яққол намоён этмоқда.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси бугунги кунда ҳам жамиятимизнинг барча жабҳаларини тараққий эттиришда асосий ҳужжат сифатида ўз аҳамиятини йўқотгани йўқ. Унинг нормаларига риоя қилиш, унинг қоидаларини ҳаётга татбиқ этиш ҳар бир фуқаро учун ҳам бурч, ҳам шарафдир. 32 йиллик шонли йўлда босиб ўтилган босқичлар барчамизни янги марраларга илҳомлантиради.

РУХИДДИН ПИРНАЗАРОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича Шеробод туманлараро суди судьяси

ЗЎРАВОНЛИККА БАРҲАМ БЕРАМИЗ

Дарҳақиқат сўнгги йилларда оиладаги зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизларнинг ҳуқуқий, ижтимоий ва бошқа соҳалардаги ҳимоясига оид миллий қонунчилик базаси шакллантирилди.

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрдаги ЎРҚ-561-сонли, “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонунлари,  Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4 январь кунидаги 3-сонли, 2021 йил 28 апрелдаги “Моддий ёрдам кўмакка муҳтож оилаларни, хотин-қизлар ва ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари шулар жумласидандир.

Ушбу қонунчилик ва қонуности ҳужжатларида оиладаги зўравонлик, унинг тушунчаси, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари ва бошқа қоидалар баён этиб ўтилган.

Юқоридаги қонун ҳужжатларидан “Хотин-Қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги 2019 йил 2 сентябрь кунидаги ЎРҚ-562-сонли Қонуни алоҳида аҳамият касб этади.

Чунки, мазкур қонун ҳужжатига асосан, илгари бирор-бир қонунчилик ҳужжатларида акс эттирилмаган, тартиб-қоидалар, тушунчалар акс эттирилиб, соҳадаги қонун ҳужжатларининг бўшлиқлари тўлдирилди.

Яъни, оиладаги, ёки умуман зўравонликнинг асосий тушунчалари, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг ҳуқуқлари, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, ички ишлар органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, меҳнат органларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органларининг ҳамда таълим муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органларининг ҳамда соғлиқни сақлаш муассасаларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитасининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатлари, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, нодавлат нотижорат ташкилотларининг ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишда иштирок этиши, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилишни амалга оширувчи ваколатли органлар ҳамда ташкилотларнинг ҳамкорлиги, хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларининг олдини олиш, уларни аниқлаш ҳамда уларга чек қўйишнинг умумий чора-тадбирлари, ҳимоя ордерининг мазмуни ва моҳияти, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчиларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус марказлар тўғрисидаги нормалар киритилди.

Шу каби, Қонуннинг 30-модда биринчи қисмига кўра, тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига ёрдам кўрсатган шахсларга маълум бўлиб қолган барча шахсга доир маълумотлар шахсга доир маълумотлар тўғрисидаги қонунчилик билан қўриқланади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчининг шахсига доир маълумотлари ишониб топширилган ҳамда касбий, хизмат ёки меҳнат мажбуриятларини бажариши муносабати билан бу маълумотлар ўзига маълум бўлиб қолган, ушбу маълумотларни ошкор этишга йўл қўйган шахслар қонунда назарда тутилган жавобгарликка тортилади.

Шу сабабли ҳам оилада зўравонликка йўл қўйган шахсларнинг ҳам жавобгарлик масалалари қатъийлаштирилди.

Жумладан, Қонуннинг 32-моддасига мувофиқ, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўлади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг  “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2020 йил 4-январь кунидаги 3-сонли қарори билан тасдиқланган Низомлар қоидаларида, яъни тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган хотин-қизларга ҳимоя ордерини бериш, ҳимоя ордери ижросини таъминлаш ва мониторинг олиб бориш, ҳимоя ордери бериш муддатини узайтириш, тазйиқ ва зўравонлик содир этган  ёки содир этишга мойил бўлган шахсларнинг зўравонлик  хулқ-атворини ўзгартириш бўйича тузатиш дастуридан ўтиши тартиби, ҳимоя ордерининг шакли,  ҳимоя ордери талабларини ижро этиш муддатларига амал қилиш ва ижроси устидан назорат юритишга оид тадбирларни ўтказиш, субъектларнинг ўзаро  муносабатлари, ордер нусхасини жабрланган хотин-қизга ҳамда зўравонлик содир этган шахсга бериш тартиблари белгиланган.

Ҳамма одамлар ўз қадар-қиммати ҳамда ҳуқуқларида эркин ва тенг бўлиб туғиладилар. Уларга ақл ва  виждон ато қилинган, бинобарин бир-бирларига нисбатан биродарлик руҳида муносабатда бўлишлари керак” Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 1-моддаси.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ЯККА ТАРТИБДАГИ МЕҲНАТГА ОИД МУНОСАБАТЛАР ВА УЛАР БИЛАН БЕВОСИТА БОҒЛИҚ БЎЛГАН ИЖТИМОИЙ МУНОСАБАТЛАР

Янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси 2023 йил 30 апрель куни кучга кирди.  Ушбу кодексининг асосий жиҳатларидан бири шундаки, ходимлар, иш берувчилар ва давлат манфаатларининг мувозанатини таъминлаш ҳамда уларни мувофиқлаштириш асосида якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни тартибга солади.

Якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тартибга солишнинг қуйидаги асосий принциплари мавжуд:

-меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш;

-меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш;

-меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик;

-меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги;

-ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслигидан иборат.

Шунингдек, янги таҳрирдаги ушбу Кодексдамажбурий меҳнат тақиқланиши алоҳида белгиланди.

Хусусан, мажбурий меҳнат бирор-бир жисмоний шахсдан жазони қўллаш таҳдиди остида талаб этиладиган, бажарилиши учун ушбу шахс ихтиёрий равишда ўз хизматларини таклиф қилмаган ҳар қандай ишни ёки хизматни англатади. Жазо деганда жисмоний шахснинг ихтиёрий розилиги мавжуд бўлмагани ҳолда, ушбу шахсга нисбатан уни меҳнат фаолиятини амалга оширишга мажбур қиладиган ҳар қандай моддий, жисмоний ёки руҳий таъсир чораларини қўллаш ёки қўллаш таҳдиди тушунилади.

Бундан ташқари, ушбу Кодексга кўра жамоа келишувларида, жамоа шартномасида ёки меҳнат шартномасида белгиланган муддатлар календарь сана билан, йиллар, ойлар, ҳафталар, кунлар ёки соатлар билан ҳисобланадиган вақт даврининг тугаши билан ёхуд юз бериши керак бўлган воқеани кўрсатган ҳолда аниқланади.

Меҳнат ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг юзага келиши ёки бекор бўлиши билан боғланадиган муддатларни ҳисоблаш унинг бошланиши белгиланган календарь санадан кейинги кундан эътиборан бошланади.

Йиллар, ойлар, ҳафталар билан ҳисобланадиган муддатлар муддатнинг сўнгги йили, ойи, ҳафтасининг тегишли санасида тугайди.

Агар ойлар билан ҳисобланадиган муддатнинг охири муддатнинг ўтиши бошланган ойга нисбатан кунлари кўпроқ ёки камроқ бўлган ойга тўғри келса, муддат тугайдиган ойнинг охирги куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Календарь йиллар, ойлар, ҳафталар ёки кунлар билан ҳисобланадиган муддатга ишланмайдиган кунлар ҳам қўшилади.

Агар муддатнинг сўнгги куни ишланмайдиган кунга тўғри келса, ундан кейин келадиган биринчи иш куни муддат тугайдиган кун деб ҳисобланади.

Мазкур Кодекснинг 10-моддасига кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида ходимлар учун Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигига ёки меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларга нисбатан имтиёзлироқ қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг қоидалари меҳнатга оид якка тартибдаги муносабатлар ва улар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатлар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат тўғрисидаги қонунчилигида тўғридан-тўғри тартибга солинмаган ҳолларда ҳам қўлланилади.

Мазкур кодексининг 11-моддасида меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиш соҳаси белгиланган бўлиб, меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши:

-ходим ва иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларга;

-якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатлар билан бевосита боғлиқ бўлган ижтимоий муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликда ва меҳнат ҳақидаги бошқа ҳуқуқий ҳужжатларда, меҳнат шартномасида назарда тутилган меҳнат шартларини иш берувчи томонидан таъминлашда ходимнинг меҳнат вазифасини ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда ҳақ эвазига шахсан бажариши ҳақидаги, ходим билан иш берувчи ўртасидаги келишувга асосланган муносабатлар якка тартибдаги меҳнат муносабатларидир.

Ходим билан иш берувчи ўртасидаги якка тартибдаги меҳнатга оид муносабатларни ҳақиқатда тартибга соладиган фуқаролик-ҳуқуқий хусусиятга эга шартномалар тузиш тақиқланади.

Агар Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ёки халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида меҳнат тўғрисидаги қонунчилик билан белгиланган қоидалар чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар иштирокидаги, чет эл фуқаролари, фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан ташкил этилган ёки таъсис этилган ташкилотлар ёхуд ушбу фуқаролар, шахслар иштирокидаги, халқаро ташкилотлар ва чет эл юридик шахслари иштирокидаги меҳнатга оид муносабатларга нисбатан татбиқ этилади.

Меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикаси давлат хизматчиларига, шу жумладан Ўзбекистон Республикасининг хориждаги давлат муассасаларига (дипломатик, консуллик муассасаларига ва бошқа муассасаларга) ишга юборилган ходимларига, шунингдек қонунда назарда тутилган ўзига хос хусусиятларга эга бўлган муқобил хизматни ўтаётган шахсларга нисбатан татбиқ этилади.

Контракт бўйича ҳарбий хизматни ўтаётган ҳарбий хизматчиларга, шунингдек ички ишлар ва давлат божхона хизмати органларида, Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматида, Миллий гвардиясида хизмат ўтаётган ҳарбий хизматчиларга (ходимларга) ва уларга тенглаштирилган бошқа шахсларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг махсус қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади.

Судьяларга нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг судлар тўғрисидаги қонунчиликда тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади.

Прокуратура органлари ходимларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг прокуратура органлари фаолиятини тартибга солувчи қонунчиликка зид бўлмаган қисми татбиқ этилади.

Қутқарув хизматларининг ва профессионал қутқарув тузилмаларининг меҳнат шартномаси бўйича ишлаётганлар жумласидан бўлган қутқарувчиларининг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши «Қутқарув хизмати ва қутқарувчи мақоми тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни билан тартибга солинмаган қисми бўйича татбиқ этилади.

Жиноятлар содир этганлик учун суднинг ҳукми билан ҳукм қилинганларнинг меҳнатга оид муносабатларига нисбатан меҳнат тўғрисидаги қонунчиликнинг амал қилиши Ўзбекистон Республикасининг Жиноят-ижроия кодексида назарда тутилган истиснолар ва чекловлар ҳисобга олинган ҳолда татбиқ этилади.

Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар талаби асосида янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодекси айнан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамдамеҳнат низоларини фуқаролик ишлари бўйича судларда кўрилишида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этишга ёрдам беради.

ДИЛОРОМ АЛМУРАТОВА,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ҚИЛМИШ – ҚИДИРМИШ

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 апрелдаги “Жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар устидан маъмурий назорат тўғрисида”ги 532-сонли Қонуни қабул қилинган.

Мазкур Қонунга кўра, маъмурий назоратнинг асосий вазифаси жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган айрим тоифадаги шахслар томонидан ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг олдини олиш мақсадида уларга якка тартибда профилактик таъсир кўрсатишдан иборатдир.

Фикримизни юқоридаги қонун талабини бузган Музработлик Бахром Қулаев (исм-фамилия ўзгартирилган) ҳақида юритмоқчимиз.

Бахром Қулаевга 2023 йил 18 сентябрь куни суд томонидан маъмурий назорат ўрнатилган бўлса-да, 2023 йил 6 декабрь куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан маъмурий назорат қоидалирини бузганлиги сабабли Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 206-моддасида назарда тутилган маъмурий хуқуқбузарликни содир этганлиги учун унга базавий хисоблаш миқдорининг бир баравари миқдорида яъни, 330.000 сўм жарима жазоси тайинланганидан сўнг ҳам ўзига тегишли хулоса чиқармади.

Нега дейсизми? Унга 2024 йил 31 май куни жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди томонидан 6 (олти) ой муддатга маъмурий назорат ўрнатилади ва туман Ички ишлар бўлимига келиб ҳар ойнинг 20 санасида рўйхатдан ўтиши, жамоат жойларида спиртли ичимликлар истеъмол қилмаслиги ва яшаш уйини тунги соат 22:00 дан эрталабки соат 06:00 га қадар тарк этмаслиги каби чекловлар ўрнатилади. Бахром бу чекловларни билсада, ушбу чекловларни умуман менсимасдан маъмурий назоратдан бўйин товлаб,  2024 йил 30 июнь куни соат 23:29 да ички ишлар ходимлари томонидан яшаш хонадони текширилганида, яшаш уйида йўқлиги, яшаш уйини тарк этиб маъмурий назорат қоидаларини бузганлиги аниқланган.        

Бу гал жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди уни Жиноят кодексининг 226-моддаси 1-қисми билан айбдор деб топиб, 3 (уч) ой муддатга озодлигини чеклади.

Суд ҳукми билан Бахром Қулаевга сутканинг муайян вақтида  яъни, кеч соат 22:00 дан эрталаб 07:00 гача бўлган вақт оралиғида яшаш уйидан чиқиши тақиқланди.

Хулоса шуки, қонунларга риоя қилмаслик албатта жавобгарликка сабаб бўлади.

ОДИЛ НОРМАҲМАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ҚИЛМИШИГА ИҚРОР БЎЛДИ

Фирибгарлик – алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритиш учун жиноий жавобгарлик мавжуд.

Ҳаётда фирибгар кимса иш ёки ўқиш ёхуд бирон-бир масалада кўмакка муҳтож одамга ўзининг гўёки беғараз ёрдамини таклиф этади. Қулай фурсатдан фойдаланиб, ўзганинг машаққат билан топган бойлигини эгаллашга уринади.

Музработлик Дониёр Султонов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) фирибгарлик жиноятини содир этиш ва шу йўл билан моддий наф кўришни ўз олдига мақсад қилади. Шу тариқа 2023 йилнинг 26 июль куни у ўзига олдиндан таниш бўлмаган Музработ туманида яшовчи Чарос Абдуллаеванинг 0.16 га ер майдонига қурилган тўрт хонали уйининг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириб беришни айтиб, бунинг эвазига ундан жами 2.000 (икки минг) АҚШ долларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу пулларни ўзининг шахсий эҳтиёжларига сарфлаб юборади.

Дониёрга ишонган Чарос Абдуллаева унинг ёнига бир неча бор бориб, уй кадастр ҳужжатларини тайёр бўлганини сўрайди. Аммо, Дониёр бунга қадар ҳеч бир ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, олинган 2000 АҚШ долларини сарфлаб юборади.

Шундан сўнг Чарос Абдуллаева бўлган ҳолат юзасидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга арз қилади.

Мазкур ҳолат юзасидан Дониёр Султоновга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилади.

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман судида бўлиб ўтган очиқ суд мажлисида Дониёр Султонов ўз қилмишларини тушуниб ва айбига иқрор бўлиб, жабрланувчи Чарос Абдуллаевга етказилган зарарни тўлиқ қоплаб беради.

Судда Чарос Абдуллаева судга ариза тақдим қилиб, айбланувчи Дониёр Султонов ҳозирги пайтда ўзига етказилган зарар ўрни тўлиқ қоплаб берганлигини, унга нисбтан даъвоси йўқлигини, айбланувчи билан ихтиёрий равишда ярашганлигини эътиборга олиб, Дониёр Султоновга нисбатан бўлган жиноят ишини ярашув асосида тугатишни сўрайди.    

Суд иш бўйича тарафлар ярашганлиги муносабати билан Дониёр Султоновга нисбатан бўлган жиноят ишини иш юритишдан тугатиш ҳақида ажрим чиқарди.

Хулоса шуки, фирибгарлардан эҳтиёт бўлинг.

ИКРОМЖОН ШАЙМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди раиси

Skip to content