“Хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатлари” 

Ўзбекистон  Республикаси Конституциясида Ўзбекистон иқтисодиётининг негизини хилма-хил шакллардаги мулк ташкил этиши, барча мулк шаклларининг тенг ҳуқуқлилигини ва ҳуқуқий жиҳатдан баб-баравар муҳофаза этилиши, хусусий мулк бошқа мулк шакллари каби дахлсиз ва давлат ҳимоясидалиги, мулкдор мулкига ўз хоҳишича эгалик қилиши, ундан фойдаланиши ва уни тасарруф этиши белгиланган.

Шу ўринда, мулк ўзи нима?-деган саволга жавоб бериб кетсак.

Мулк ҳуқуқи шахснинг ўзига қарашли мол-мулкка ўз хоҳиши билан ва ўз манфаатларини кўзлаб эгалик қилиш, ундан фойдаланиш ва уни тасарруф этиш, шунингдек ўзининг мулк ҳуқуқини, ким томонидан бўлмасин, ҳар қандай бузишни бартараф этишни талаб қилиш ҳуқуқидан иборатдир. Мулк ҳуқуқи муддатсиздир, яъни мулк эгаси ўзига тегишли бўлган мулкдан абадий фойдаланиши, ўзининг мулк ҳуқуқини ҳохлаган вақтда тасарруф этиши мумкин. Ҳеч ким мулкдорга ўз мулкини эгаллаб туриши, ундан фойдаланиш ва тасарруф этиш учун муддат белгилаш ҳуқуқига эга эмас.

Амалдаги қонун ҳужжатларига кўра, давлат органининг мулкдорга қарашли уй, бошқа иморатлар, иншоотлар ёки экинлар жойлашган ер участкасини олиб қўйиш тўғрисидаги қарори муносабати билан мулк ҳуқуқининг бекор қилинишига қонунларда белгиланган ҳоллар ва тартибдагина йўл қўйилиши, бунда мулкдорга олиб қўйилган мол-мулкка тенг мол-мулк берилиши ва унинг кўрган бошқа зарарлари тўланиши ёки мулк ҳуқуқи бекор қилиниши билан етказилган зарар тўла ҳажмда тўланиши белгиланган бўлсада, кейинги вақтларда  мансабдор шахслар томонидан ғайриқонуний қарорлар, шу жумладан қонун ҳужжатларига мувофиқ бўлмаган ҳужжат чиқарилиши натижасида, фуқаролар ёки юридик шахсларнинг мулкий ҳуқуқлари бузилганлиги ҳолатларини кўплаб учратиш мумкин.

Албатта қонун ҳужжатларига кўра, давлат бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини ва унинг суд орқали ҳимоя қилинишини кафолатлайди. Мулкдорга етказилган зарарнинг ўрни уни етказган шахс томонидан қонун ҳужжатларига мувофиқ тўла ҳажмда қопланиши керак.

Сўнгги вақтларда судлар томонидан мулкдорга етказилган зарарнинг ўрнини уни етказган шахс томонидан қоплаб бериш орқали, бузилган хусусий мулк ҳуқуқининг тикланишини борасида кўплаб суд қарорлари чиқарилиши орқали, мулкдорларнинг ҳуқуқлари тикланиб келинмоқда.

Бу эса ўз навбатида, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини янада кучайтириш давр тақозоси эканлигини кўрсатмоқда.

Шунинг учун ҳам Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 28 январдаги ПФ-60-сонли Фармони билан тасдиқланган «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойилига асосан ишлаб чиқилган еттита устувор йўналишдан иборат 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва уни «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид давлат дастурида, мулкий ҳуқуқларнинг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда давлат органларининг мулкий муносабатларга ноқонуний аралашувини чеклаш, хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш, мулкий, шу жумладан ер участкасига бўлган ҳуқуқларни сўзсиз таъминлаш, хусусий мулк устуворлигини асосий тамойил сифатида белгилаш, шу жумладан давлат идорасининг расмий маълумотига ишониб мол-мулк сотиб олган шахснинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш тизимини жорий этиш орқали мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш борасида асосий мақсад ва  вазифалари белгилаб берилди.

Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида хусусий мулк дахлсизлиги ва ҳимояси кафолатларини кучайтириш борасида  мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Сохиб Рахимов         

  Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари судлов ҳайъати судьяси

МАСЖИТДАГИ ҚОТИЛЛИК ёхуд нафс ортидаги разолат.

Мукаддас битикларда дин пешволари, домла -имомлар хусусида жуда хаётомуз ва ибратомуз фикрлар зуҳр этилган. Инчунин, айни пайтда ҳам уларнинг дин аҳлини тўгри йўлга бошлаш борасидаги сайи- ҳаракатлари, ҳар бир чиқишлари, таргибот- ташвикот ишларини барча мўмин-у мусулмонлар эътироф этган холда, мусурмончилик коидаларига амал килишга интилади.Таассуфки, шоли курмаксиз булмаганидек, бу хаётда амал ва нафснинг йўриғида юриб, разолатга юз тутган дин  пешволарининг ҳам борлиги бағоят ачинарлидир.

Яқинда бўлган ноҳуш фожиа  юқоридаги фикримизни яна бир карра тасдиқлайди.

Шерободлик (исм- шарифлар ўзгартирилган) Зокир Маматов тумандаги”Нуртепа” маҳалласидаги жомеъ масжитида узоқ йиллар имом лавозимида фаолият юритиб келган. Табиийки, мусулмончилик одатларига кура туй – маросимлар имомларсиз утмайди. Улар одамларнинг яхши ёмон  кунларига бирдек шерик.

Айтиш жоизки, бу диний идора  хайрия- эҳсон ҳисобида фаолият кўрсатиб, фукаролардан тушган маблагларни сарҳисоб килган холда, ходимларнинг ойлик маошларига, шунингдек, жомеъ масжитнинг бошка хайрия ишларига сарфлайди. Шу боис, барча махалла имомлари тўпланган маблагларни ҳисоб – китоб қилиб, туман жомеъ масжити маъмурияти хисобхонасига топширади.

Буни карангки, кейинги пайтларда махалла имоми Зокир Маматов мазкур тартиб қоидаларни четлаб ўтиб, аниқроғи, нафс қутқусига учиб, ахолидан, шунингдек, беш холатда қонуний никоҳ уқиш хисобидан тушган маблагларни туман жомеъ масжитига топширмасдан, ўз эхтиёжи учун ишлатиб юборганлиги махсус текширувлар асносида аён булди. Шундан сўнг, бу каби ножоиз ҳатти -ҳаракатлари туфайли Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакили  томонидан З. Маматовга берилган буйруқ ва рухсатнома бекор қилиниб, у имомлик вазифасидан озод этилади.

Худди ана шу кундан бошлаб З.Маматовнинг ичида туман жомеъ масжити бош имоми Собир Аллаёров ва бош хисобчиси Шокир Назаровларга нисбатан интиқом пайдо бўлди. Орадан бир хафта ўтгач эса бу ўч алангаси уни қотиллик кўчасига етаклади.

Туман деҳқон бозоридан рўзғор пичогини харид килган З Маматов тўғри туман жомеъ масжитига йул олди. Хайриятки, шу куни бош хатиб ва унинг бош хисобчиси иш юзасидан чикиб кетишган эди. Зокир хар иккаласиням хонасидан тополмагач, масжит ноиби Асқар Бегалиевнинг хонасига кириб жахл отига минган кўйи:

  • Шу куни текширувда сен хам бор эдинг,  нега  мени бадном килиш ва ишдан олиш ниятида ҳулоса ҳужжатларига ҳаттоки, ёрдамчиларимни хам алдаб, кўл кўйдириб олибсан,- дея ўшқира бошлади.

Асқар З. Маматовнинг бу ҳолатидан таажжубланиб, унга масалани тўғри уқтирмокчи бўлди.Бироқ аламзада бўлган собиқ имом инсофга келмади. Ўртадаги ўзаро тортишув ахийри, низога айланди. Шу асно З. Маматовнинг важохати баттар қўзиб, стол устида турган чинни идишни Асқарга отиб юборди. Отилган идишдан бошига жарохат олган Асқар қон оқаётган бошини маҳкам чангаллаганича ташқарига қочиб чиқди. Уни ортидан қувиб чиққан З маматовнинг кўзи шу заҳоти  дарвоза олдида турган жомеъ масжит бош хисобчисининг ўғли, масжит котиби Шавкат Назаровга тушди:

  • Отанг каерда, отангни менга топиб бер деди у ,  –  ўша важохат билан Шавкатга.
  • Отам ишли одам булса, каерга кетганини мен каердан биламан, менга айтиб кетмайди-ку, – деди Шавкат унга жавобан.
  • Менинг ишдан кетишимга отанг айбдор, масжитнинг барча маблағини ўмариб юрган ҳам отанг билан бош имом хатибнинг ўзлари бўлади,- деди Зокир яна ўша жаҳлидан тушмай.

Қисқаси, собиқ имомнинг бу  маломатлари Шавкатнинг ҳамиятига теккан бўлиб, иккаласи ўртасидаги ўринсиз гап –сўзлар бирданига катта жанжалга айланди. Шу пайт Зокирнинг ёдига ёнидаги пичоқ тушди-да, уни  чўнтагидан шартта суғириб олиб, Шавкатнинг дуч келган жойига санча бошлади. Бу мудқиш вокеадан саросимага тушиб колган атрофдагилар Шавкатни Зокирнинг чангалидан қутқазиш учун югурди. Афсуски, кетма – кет урилган пичок зарбидан олган  оғир тан жароҳати боис, Шавкатнинг шифохонага етмасданок жони узилди…

Узоқ давом этган суриштирув ва тергов асносида З. Маматовнинг жиноий килмиши инкор этиб булмайдиган факт ва далиллар билан ўз исботини топди. Жиноят кодексининг тегишли моддаларига асосан унга нисбатан узок муддатли озодликдан махрум этиш жазоси тайинланди.

Ўйланиб қоласан, киши. Буни қарангки, бир пайтлар юзлаб мўмин -мусулмонларга диний йўл-йўриқлар кўрсатган , эътикод ва эмон хакида ваьзхонлик килган, инчунун, масжитда олд сафда туриб, намозҳонларга имомлик килган бу кимса, аввало, ўз вазифасини суиистеъмол килиб, қолаверса, нафс қуткусига учиб қинғир ишларга қул ургани етмаганидай, устига – устак қотиллик жиноятигача бориб етди. Аниқроқ айтадиган бўлсак, мукаддас гўша хисобланмиш масжитга қон тўкиб, ўз қўлини қонга бўяди. Бундан-да, ёмони, махалла-кўй, эл- улус олдида юзшувут бўлиб, қолган умрини панжаралар ортида ўтказадиган бўлди.

Шундай экан З.Маматовга ўхшаган, инсонийлик қиёфасини йўқотиб, тубанликни ихтиёр этган бундай кимсаларни эндиликда динни, шариатни таниган иймонли инсонлар деб бўладими? Йук, асло!

Олим Тогаев

жиноят ишлари бўйича Шеробод тумани судининг раиси

“АФҒОНИСТОНГА ИШГА ЖЎНАТАМАН…” 45минг долларни ўз эҳтиёжларига ишлатиб юборган замонавий “хамелион” нинг ажабтовур “саргузаштлари” ҳақида

Пул топишнинг йўллари кўп, кимдир тадбиркорлик билан рўзғор тебратса, бошқа бир юртдошимиз томорқадан унумли фойдаланади, балиқчилик, чорвачилик, паррандачилик ва бошқа соҳаларни ривожлантираётганларни ҳам истаганча топиш мумкин.

            Афсуски, осон пул топишни мақсад қилганлар ҳам учраб турибди, Жарқўрғон туманининг “Зартепа” маҳалласида яшовчи Рахматулло Қодиров (исм, шарифлар ўзгартирилган) ҳам ана шундай устамонлар тоифасидан экан, у ўрта-махсус маълумотга эга, оилали, 3 нафар фарзанди бор, жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг 2020 йил 20 июлдаги ҳукмига кўра, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг
168-моддаси 1-қисми ва 28,211-моддаси 1-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этганлиги учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 60 баравари, яъни 13 миллион 380 минг сўм жарима тўлаган.

            Бундан тўғри хулоса чиқармаган “қаҳрамонимиз” текин даромад топишнинг “ноёб” усулини ўйлаб топгани кишини таажжубга солади. 2020 йилнинг март ойи бошларида “ишбилармон” Жарқўрғон туманидаги “Гулҳовуз” маҳалласида йиғилиш ўтказади. “Машварат”да Афғонистонда қурилаётган темир йўл қуриш учун ўтказилган тендирда ғолиб бўлгани ва бунинг учун ишчи кераклигини айтади. Ойлик маош сифатида ҳар 15 кунда 10 миллион сўм пул берилиши ҳам таъкидлаб ўтилган.

Вақтим кам, ишим кўп – дейди, “табдиркор”  сўзида давом этиб, бир кун Афғонистонда бўлсам, эртаси куни Тошкентга боришга тўғри келади, шунинг учун ҳужжат ишларини амалга оширишни Элмурод Бозорбоевга ишониб топширмоқчиман, унга паспорт нусхаси, “ИНН коди”, ҳарбий гувоҳнома, 3Х4 ҳажмдаги сурат ва ҳар бир киши 1 минг 500 доллардан берса бўлгани, шундан кейин ишга борасизлар …

Хорижнинг “ял-ял” товланиб турувчи “иномарка” машинасида келган “ҳожатбарор”нинг таклифидан кейин ишга борувчилар сони кўпая бошлайди. “Иш юритувчи”га кимдир
15 миллион сўм пул, бошқалар эса 1,5 минг доллардан берган.

Қисқа даврда 30 кишидан умумий миқдори 45 минг доллар олганман, дейди Элмурод Бозорбоев.

Маблағни ўз вақтида ва айтилган пайтда Раҳматулло Қодиров олиб кетган. Аммо, ҳеч ким ишли бўлмади. Шундан кейин эса ғалава бошланди. Кунларнинг бирида Раҳматуллонинг уйига бордим. У эса “Ҳақиқатдан ҳам, мендан 45 минг доллар қарз олгани” хусусида тилхат ёзиб берди. Шундан кейин ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларга мурожаат қилдим.

Қинғир иш – кетирар ташвиш, дейди доно халқимиз. Суриштирув ва тергов давомида 45 минг долларни ўз эҳтиёжига ишлатиб юборган замонавий ”хамелион”нинг барча кирдикорлари фош этилди.

Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодесининг
168-моддаси 3-қисми “б” банди билан (Жиноят кодексининг
57-моддаси қўлланилиб) айбдор деб топилган Рахматулло Қодиров жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг
2021 йил 11 октябрдаги ҳукми билан 7 йил 6 ойга озодликдан маҳрум қилинган.

Ўтган йилнинг 7 декабрида Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан ҳолат яна бор кўриб чиқилди ҳамда жиноят ишлари бўйича Олтинсой туман судининг 2021 йил 11 октябрдаги ҳукми ўзгаришсиз қолдириш хусусида ажрим чиқарди.

                                                                        Самад Сувонқулов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Қинғир иш – келтирар ташвиш

Кишининг ўз меҳнати билан топган бойлиги, албатта ҳалол бўлади, шариат қонунига кўра еса бўладиган нарсаларни ҳам ҳалол деймиз, бировни алдаш, шахсий манфаатини кўзлаб ҳужжатларни атайин бузиб, қалбакилаштириш каби ишларни эса ғиромлик, сохтакорлик, фирибгарлик дейиш мумкин.

Тойлоқ Турсоатов ҳамда Солия Ибодуллаева (исм, шарифлар ўзгартирилган) Қумқўрғон туманидаги коллежлардан бирида масъул вазифаларда ишлашади, уларнинг олдига ўзларига илгаридан таниш бўлмаган Х.М. исмли аёл келиб ўқишга киритмоқчи эканлигини айтади, улар аёлдан 11-синфни тугатганлиги ҳақида аттестати
бор-йўқлигини сўраганида, у аттестати йўқлигини, 9-синфни тамомлаганлигини айтади, домлалар уни ўқишга қабул қила олмаслигини билдиради, аёл қайта-қайта ялинавергач, диплом тўғрлаб беришни ваъда  қилишади, эвазига Х.М.дан 200 АҚШ доллари беришини талаб қилишади, хуллас, нафси ҳакалак отган коллежнинг масъуллари “хизмат ҳақини” олаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинади.

Меҳнат қилмай, мўмай бойлик орттиришни қумсаб қолган Т.Турсоатов ва С.Ибодуллаева “режа”си панд бериб қўйди, улар Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексида назарда тутилган моддалар бўйича жиноий жавобгарликка тортилдилар.

Қинғир иш – келтирар ташвиш, деганлари шу бўлса ажаб эмас.

Самад Сувонқулов

Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

“Кунлик меҳнат марказлари тузилмаси тасдиқланди”

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 01.07.2021 йилдаги «Вақтинча, мавсумий ва бир марталик ишларда банд бўлган фуқароларнинг меҳнат фаолияти самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 410-сон қарор қабул қилинди.

Ҳужжат Президентнинг 28.04.2021 йилдаги “2021 йилда янги иш ўринларини ташкил этиш ва аҳоли бандлигига кўмаклашиш бўйича давлат дастури тўғрисида”ги ПҚ-5094-сон қарори ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинган.

Қарор билан Кунлик меҳнат марказининг намунавий тузилмаси (кейинги ўринларда – Намунавий тузилма) тасдиқланди.

Маълумот учун! Кунлик меҳнат марказларининг (кейинги ўринларда – Марказлар) асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

  • иш изловчиларни рўйхатга олиш, улар тўғрисида маълумотлар базасини юритиш, иш берувчи жисмоний ва юридик шахслардан фуқароларни вақтинча ишларга ёллаш бўйича буюртмалар олиш;
  • вақтинча ишларни бажарувчи шахсларнинг ўзини ўзи банд қилган сифатида рўйхатдан ўтиши ва электрон (қоғоз) шаклдаги маълумотнома олишига шарт-шароит яратиш;
  • иш изловчиларни корхона ва ташкилотлардаги бўш (вакант) иш ўринлари билан мунтазам таништириб бориш ҳамда доимий ишга жойлашишларига кўмаклашиш;
  • вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, касбга тайёрлаш (қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш)ни ташкил этиш бўйича хизматлар кўрсатиш;
  • манфаатдор иш берувчилар ва иш изловчилар иштирокида бўш иш ўринлари ярмаркаларини ташкил қилиш;
  • вақтинча ишлар билан шуғулланувчи шахсларга меҳнат қуроллари, шахсий ҳимоя воситалари ва махсус кийимларни ижарага бериш.

Белгиланишича, Марказлар ходимлари меҳнатига ҳақ тўлаш Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобида туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан амалга оширилади.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигига икки ой муддатда ҳудудлардаги эҳтиёждан келиб чиқиб, жойларда ДХШ асосида Марказларни ташкил этиш чораларини кўриш топширилди.

Марказларни жойлаштириш учун мавжуд бинолар туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказларига оператив бошқарув ҳуқуқи асосида берилади.

Марказнинг Намунавий тузилмасига қуйидагилар киритилди:

  • туман (шаҳар) аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази директорининг ўринбосари – Кунлик меҳнат маркази раҳбари;
  • ишга жойлаштириш бўйича мутахассис – 2 нафар;
  • туман (шаҳар) ички ишлар бўлими ходими – 1 нафар.

 Марказлар маҳаллий меҳнат бозорида айрим вақтинча ва бир марталик ишларнинг мавсумийлигини ҳисобга олган ҳолда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг қарори билан қўшимча ходимлар билан таъминланади.

Марказларга жамоат тартибини сақлаш учун туман (шаҳар) ички ишлар бўлимларининг бир нафардан масъул ходими доимий бириктирилади.

Музаффар Ҳакимов

                               Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

“Коррупцияга қарши курашиш – барчамизнинг бурчимиз”

Тараққиётининг янги босқичига қадам қўяётган Ўзбекистон учун коррупциянинг ҳар қандай шаклдаги кўриниши ислоҳотлар шиддатини сусайтириши билан хавфли.

Ислоҳотларни амалга ошириш доирасида фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини, жамоат ва парламент назоратини таъминлаш механизмлари такомиллаштирилди, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилиш ва суд органлари фаолиятининг ҳуқуқий асослари ислоҳ қилинди.

Албатта, бажарилган ишлар салмоқли. Аммо биз кечаги қилган ишимизнинг натижасига маҳлиё бўлиб қолсак, эртанги ишимизнинг якуни биз кутганчалик бўлмаслиги табиий.

Шундан келиб чиққан ҳолда иқтисодиётни янада ўстириш, халқ фаровонлигини ошириш, мамлакатда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш муҳим аҳамиятга эга. Бу эса коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилишини таъминлаш бўйича янги тизимли чоралар кўрилишини тақозо қилмоқда.

Президентимиз томонидан куни кеча имзоланган “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармон ҳам айни шу мақсадни кўзлагани билан аҳамиятли ҳисобланади.

Коррупция шундай иллатки, уни бир ёки икки идоранинг саъй-ҳаракати билан йўқ қилиб бўлмайди. Қачонки, барча фуқароларимиз, жамият унга қарши биргаликда курашиб, унинг илдизларини йўқ қилишга киришилсагина ижобий натижага эришиш мумкин.

Фармоннинг туб моҳиятига эътибор қаратадиган бўлсак, коррупцияга қарши нафақат ҳуқуқни муҳоза қилувчи идоралар ва давлат ташкилотлари, балки жамоатчилик назорати институти имкониятидан ҳам кенг фойдаланиш белгилаб қўйилганини кўришимиз мумкин.

Биринчидан, фармонда жамоатчилик назоратини олиб боришда муҳим ўрин тутувчи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш алоҳида белгиланган.

Иккинчидан, жойларда коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ишларнинг ҳолатини комплекс ўрганиш ва мавжуд муаммоларни бартараф этиш юзасидан таклифлар тайёрлаб бориш учун Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашлари, халқ депутатлари туман ва шаҳар Кенгашларининг таркибида коррупцияга қарши курашиш комиссияларини ташкил этиш тавсия қилинмоқда.

Учинчидан, аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини янада ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, ушбу соҳадаги қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш таъкидланган.

Тўртинчидан, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш назарда тутилмоқда.

Бундан ташқари, фармонда давлат хизматчиларининг ҳуқуқий онги ва маданиятини юксалтириб бориш, уларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга нисбатан муросасизлик муносабатини шакллантириш вазифаси белгилаб берилди. Бу норма, албатта, ҳар бир мансабдор шахсдан хулоса чиқаришни талаб этади.

Ваҳоланки, бугун ҳар бир давлат хизматчиси ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи давлат органлари ходимларининг феъл-атворига Ўзбекистон Республикаси қонунларига бўйсуниш ва уларни ҳурмат қилиш одобини сингдириб бориш ўта муҳим вазифадир. Фармонда назарда тутилганидек, жамиятимизда коррупцияга қарши муросасиз кураш олиб борилаётган ҳозирги даврда мансабдор шахсларнинг ҳуқуқий билими ва маданияти даражасига нисбатан алоҳида талаблар ишлаб чиқиш, қонунларга ҳурматсизлик қилган мансабдор шахслар тўғрисида асослантирилган кўрсатувлар, эшиттиришлар ташкил қилиш, мақолалар чоп этиб бориш, уларнинг қилмиши нотўғри эканлигини таъсирчан воситалар орқали кўрсатиб бериш, албатта, ўз самарасини беради.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси жамиятда адолатни таъминлашда коррупцияга қарши курашни ўзининг устувор мақсадларидан деб билади. Шу боис партия сайловолди дастурида коррупцияга қарши кураш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашнинг устувор воситаси сифатида давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ҳамда фаолиятининг шаффофлигини ошириш кўзда тутилган. Президентимиз томонидан имзоланган мазкур фармон билан партиямизнинг юқоридаги ғоялари ҳамоҳанглиги биз учун аҳамиятли бўлиб, айни вақтда фармонда белгиланган вазифаларни ҳаётга самарали татбиқ этиш бўйича масъулият ҳам юклайди.

Хулоса қилиб айтганда, мазкур фармон жамиятда адолатлилик ғояси, барчанинг қонун олдида тенглиги, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим ҳужжат ҳисобланади. Адолат устувор бўлган мамлакатда эса тараққиёт, халқ фаровонлиги, ислоҳотлар самараси таъминланади.

Музаффар Ҳакимов

Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман судининг раиси

КОРРУПЦИЯ РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

Коррупция – нафақат инсон ҳуқуқлари бузилишига, балки хавфсизликка таҳдид солувчи уюшган жиноятчиликнинг ривожланишига ҳам шароит яратувчи хавфли жиноят саналганлиги учун ҳам уни ҳозирда жамиятимиз олдида турган энг катта таҳдид сифатида баҳолаш мумкин.

Ҳар бир давлат ўз ривожланиши давомида миллий манфаатларига энг кўп зиён келтирувчи таҳдидларга қарши курашишни устувор вазифа ҳисоблаб, унга қарши қатъий чоралар кўради. Шунинг учун ҳам халқимиз азалдан коррупцияни, айниқса, унинг азалий кўринишларидан бири бўлган порахўрликни қоралаб келган.

Аммо инсоният тараққий этиб боргани сари айрим иллатлар, хусусан, корррупция ҳам ривожланиб, унинг инсониятга, жаҳон иқтисодиётига, шу жумладан, республикамиз иқтисодиётига ҳам салбий таъсири кучаяётганлиги ҳеч кимга сир эмас. Шу боис, коррупция балосидан халос бўлиш мамлакатимиз олдидаги долзарб вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда.

Таъкидлаш жоизки, жамият ҳаётида муаммоларни ҳал этишда ривожланган давлатлар тажрибасини чуқур ўрганиш, миллийлигимиз ва менталитетимизга мос келадиган усулларни тарғиб этиш орқали ижобий натижаларга эришиш мумкин.

Бугунги кунда, Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш бўйича амалга оширилаётган ишлар миллий дастур асосида тизимли амалга ошириб келинмоқда.

2017 йил 3 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинганидан сўнг, республикада коррупцияга қарши курашишнинг янги даври бошланди.

Президент Ш.Мирзиёевнинг шахсан ташаббуси остида ҳуқуқни мухофаза қилувчи органлардаги коррупцион жиноятларга қарши курашиш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар дунёнинг ривожланган давлатлари ва нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан эътироф этилмоқда.

Коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга ошириш ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар фаолиятини мувофиқлаштирувчи орган сифатида Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия тузилди.

Шунингдек, ҳукумат доирасида амалга оширилаётган ишлар доирасида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасида – Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмиталари ташкил этилди.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, ушбу иллат инсон ҳуқуқларининг бузилиши, мамлакат тараққиёти ва жамият равнақига жиддий таъсир этар экан коррупцияга қарши курашиш, бу иллатни барча соҳа ва жабҳалардан сиқиб чиқариш, юртимизни коррупциядан холи ҳудудга айлантириш биргина давлат идораси ёки жамоат ташкилотининг вазифаси эмас, балки, шу давлат фуқароси, жамият аъзоларига бирдек тегишли бўлган вазифа, масъулият ҳисобланади.

Коррупцияга қарши курашишни такомиллаштириш орқали жамиятимиздаги ўз ечимини топилишини кутиб ётган иқтисодий-ижтимоий муаммоларни ҳал этилишига ва ривожланган мамлакатлар қаторига киришимиз имкониятларини кенгайишига ҳамда иқтисодиётимизга инвестиция оқимини ортишига имкон яратади.

Шерзод Элиев

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш масалалари.

Бугунги даврда Янги Ўзбекистон “Инсон қадри устувор бўлган жамият ва халқпарвар давлат” деган муҳим ғоя негизида барпо этилмоқда. Давлатимиз Раҳбари белгилаб берган бу улуғвор мақсад асосида халқимиз янгидан-янги ислоҳотларнинг ҳақиқий муаллифига айланиб бормоқда.

Шу муносабат билан, “Ҳаракатлар стратегиясидан – Тараққиёт стратегияси сари” тамойили асосида кейинги беш йилликда мамлакатимизда амалга ошириладиган ислоҳотларнинг зарур сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва илмий-маърифий асосларини яратиб беришга қаратилган Янги Ўзбекистоннинг 2022–2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси ишлаб чиқилди.

Тараққиёт стратегияси:

– инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

– мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

– миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

– адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

– маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

– умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

– мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб боришга қаратилган 7 та устувор йўналишдаги масалаларни қамраб олади.

Стратегияда мутлақо янги ёндашув қўлланилиб, режалаштирилган ислоҳотлар натижадорлигини тараққиётнинг мақсадларига эришганлик даражаси асосида баҳолаш тизими жорий этилган.

Тараққиёт стратегияси ва уни 2022 йилда амалга ошириш бўйича “йўл харитаси”да мамлакатимизни ривожлантиришнинг 7 та устувор йўналишидан бири сифатида миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш йўналишида қуйидаги мақсадларга эришишга қаратилган 133 та чора-тадбир белгиланган. Жумладан:

– аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи ички маҳсулотни 1,6 баравар ҳамда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмини 1,4 баравар кўпайтириш;         
       – банк тизимида хусусий сектор улушини амалдаги 18 фоиздан 60 фоизгача ошириш ҳамда фонд бозори ҳажмини 7 млрд долларга етказиш;
       – қўшилган қиймат солиғини амалдаги 15 фоиздан 12 фоизгача, телекоммуникация, банк ва молия каби соҳаларда фойда солиғини амалдаги 20 фоиздан 15 фоизгача тушириш;

– иқтисодиётнинг энергия самарадорлигини 20 фоизга ошириш ва ҳавога чиқариладиган зарарли газлар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш;

– рақамли иқтисодиёт ҳажмини 2,5 баравар кўпайтириб, дастурий маҳсулотлар индустрияси ҳажмини 500 млн. долларга етказиш;

– иқтисодиётга 120 млрд, шу жумладан 70 млрд доллар миқдорида хорижий инвестицияларни жалб этиш, экспорт ҳажмини 30 млрд
долларга етказиш;

– деҳқон ва фермерлар даромадини камида 2 баравар ошириш, қишлоқ хўжалигининг йиллик ўсишини камида 5 фоизга етказиш;
       – сув ресурсларини бошқариш тизимини тубдан ислоҳ қилиш
ва сувни тежаш бўйича алоҳида давлат дастурини амалга ошириш,
ҳар йили камида 7 млрд м3 сувни тежаш;
       – чорвачилик озуқа базасини кенгайтириш ва ишлаб чиқариш ҳажмини 1,5-2 баравар кўпайтириш;

– мева-сабзавотчиликни ривожлантириш, интенсив боғлар майдонини 3 баравар ва иссиқхоналарни 2 баравар кўпайтириб, экспорт салоҳиятини 1 млрд долларга ошириш;

– шароити “оғир” бўлган 14 та туманларда тадбиркорликни ривожлантириш учун пасайтирилган солиқ ставкаларини ўрнатиш;
       – “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қилинг” дастури доирасида маҳаллий сайёҳлар сонини 12 млн нафардан ошириш ҳамда хорижий туристлар сонини 9 млн нафарга етказиш.

Яна шуни айтиш жоизки, олиб борилган ислоҳотлар натижалари таҳлили уларнинг юқори самарадорлигини кўрсатмоқда. Ислоҳотларнинг қисқа ва ўрта муддатли мақсадлари изчил амалга оширилиб, белгиланган мезонларга эришилди. Ўзбекистоннинг кўплаб халқаро рейтинглардаги ўрни жадал юксалиб бораётгани ҳам бунинг яққол далилидир.

Пировардида, шуни айтиш керакки, ислоҳотлар бунинг учун зарур шарт-шароитлар яратилаётгани боис изчил амалга оширилмоқда. Бунга мисол тариқасида давлат мулкини хусусийлаштиришга ёндашувни келтириш мумкин. Уни хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароит мавжуд бўлмаганда ёки инвестиция салоҳияти паст бўлганида амалга ошириш ўта мулоҳазасиз иш бўларди. Бироқ ислоҳотларнинг биринчи босқичида бунинг учун шароитлар яратилди ва иккинчи босқичда хусусийлаштириш ислоҳотларнинг долзарб йўналишига айланди.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси

ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЎЗГАРИШЛАР

Ўзбекистон Республикасининг 2022 йил 11-январдаги “Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 245 ва 2458-моддаларига ўзгартишлар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-744-сонли Қонуни қабул қилинган.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил 17 ноябрда қабул қилинган ва Сенат томонидан 2021 йил 15 декабрда маъқулланган.

Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг 1994 йил 22 сентябрда қабул қилинган 2015-ХII-сонли Қонуни билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига  ўзгартишлар киритилган:

Кодекснинг 245-модданинг биринчи қисмидаги «43» рақами «43 (бундан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари мустасно)» деган сўзлар билан, «1972» рақами «1972, 1973» рақамлари билан, «2002» рақами «2002 (бундан тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг бузилиши ҳоллари мустасно)» деган сўзлар билан, «2411 — 2418 ва 24110» деган сўзлар «2415 ва 2417» деган сўзлар билан алмаштирилди.

Шунингдек, Кодекснинг 2458-модда қуйидаги таҳрирда баён этилди:

«2458-модда. Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил ҳамда унинг девони ходимлари

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга ушбу Кодекснинг 43 (тадбиркорлик субъектларининг мурожаатлари қисмида), 2002 (тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари бузилиши қисмида), 2411-2414, 2416, 2418, 24110-моддалари-да назарда тутилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар тааллуқлидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил номидан маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқишга ҳамда жарима тарзидаги маъмурий жазоларни қўллашга унинг ўринбосарлари ва Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспекторлари ҳақлидир».

Асқар Қудратов

Сурхондарё вилоят суди жамоатчилик ва ОАВ билан алоқалар бўлими бош консультанти

“Коррупциянинг жамият ва давлат учун ижтимоий хавфли хусусиятлари”

Инсон умри давомида жамиятда ижтимоий фойдали фаолият билан шуғулланар экан, бу жараёнда унинг шахсий манфаатлари билан халқ манфаатлари тўқнаш келиши табиий ҳолатдир. Бундай вазиятда миллат келажагини, давлат ва жамият манфаатларини ҳамда виждонини ўзининг нафсидан, мол-дунёга бўлган хой-ҳавасларидан, умуман, ўз манфаатларидан устун қўймай туриб Ватан равнақига ҳисса қўшиб бўлмайди. Бунинг учун инсонда юксак маънавият ва унинг негизида юксак ҳуқуқий маданият шаклланган бўлиши керак.

Бироқ, инсоннинг ана шундай олий мақсадларга бўлган интилишига тўсиқ бўлувчи ва унга хавф солувчи бир иллат борки, у “коррупция” деб аталади.  Коррупция халқона тилда содда қилиб айтганда, инсонни ўз нафси йўлида хизмат ёки мансаб мавқеидан фойдаланиб моддий наф ёки номоддий манфаат кўришидир.

Ушбу иллатга қарши кескин курашмай туриб давлат ва жамиятни ривожлантириш мумкин эмаслигини кундалик хаётнинг ўзи исботлаб берди. Шу боисдан, 2017 йил 3 январда “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул килинди. Ушбу қонуннинг асосий мақсади ҳам коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни  тартибга солишдан иборатдир.

Коррупция (лот. Corrumpere — бузмоқ) термини одатда мансабдор шахслар томонидан унга берилган мансаб ваколатлари ва ҳуқуқлардан ўзларининг шахсий манфаатларини кўзлаб қонунчилик ва аҳлоқ қоидаларига  зид равишда фойдаланишини англатади.

 Мазкур қонунда коррупция тушунчасига қуйидагича таъриф берилган бўлиб, коррупция – шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан фойдаланиб ўзиниг шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий манфаат олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишдир.

Ушбу қонуннинг қабул қилиниши билан коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилди. Унга кўра жамиятда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, коррупцияга қарши муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупцияни олдини олишга доир чора тадбирларни амалга ошириш, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, унга имкон берувчи сабаблар ва шарт шароитларни бартараф этиш, коррупцияга оид ҳуқубузарликларни содир этганлиги учун жавобгарликнинг муқарралиги принципини таъминлашдан иборатдир.

Шунга кўра коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини амалга оширувчи давлат органлари билан  унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика Идоралараро комиссияси ташкил этилди.

Коррупция нафақат суд тизими, балки жамият танасидаги ярага айланиб улгургани  ҳеч кимга сир эмас. Судлар адолат қўрғонига айланиши шарт қилиб қўйилган экан,  тизимда бу балонинг ҳатто ҳиди сезилмаслиги керак.

Руҳий  тарбия омиллари ҳар қандай иллатга, жумладан, коррупцияга қарши курашда муҳим фактор ҳисобланади. Зеро, ҳар қандай иллатга қарши курашишни инсон аввало ўзидан бошламоғи лозим.  Қолаверса, донишманд ҳамзамонимиз тўғри таъриф берганидек,  ҳалоллик вакцияси, бу – харомдан хазар деганидир!

Жамоатчилик, айниқса маҳалла аҳли, қишлоқ фуқаролар йиғинлари, фуқаролар билан бўладиган очиқ мулоқотларда коррупция-порахўрлик иллатининг зарарли оқибатларини тушунтириб, тарғибот ишларини амалга оширишда тизимли дастурлар қабул қилиб, унда қонунларни ҳурмат қилиш, акс ҳолда жазо муқаррар эканлигини тушунишлари лозим.

Судлар томонидан одил судловни амалга ошириш соҳасида  фаолият олиб борувчи судья ва суд ходимларининг ҳам коррупцияга оид жиноятларни  содир этишлари ачинарли ҳолат албатта. Шу каби салбий ҳолатларни олдини олиш, судьянинг суд ҳокимиятининг мустақиллиги принципига бўлган ишончини янада орттириш, суд ҳокимятини нуфузини ошириш, фуқароларнинг судга бўлган ишончини орттиришни таъминлаш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилда судьялар билан тарихий учрашув ўтказган. Бу учрашув давомида Президентимизнинг “Судьянинг дилида поклик, тилида ҳақиқат, онгида адолат бўлиши керак” дея айтган сўзлари ҳар бир судьянинг амалий фаолиятидаги дастуриламал бўлиши шарт.

Қайсики судья ўз хизмат вазифаларини бажариш чоғида кўнгли дили пок бўлиб, тили ҳақиқатдан ўзга нарсани сўзламаса, онгида ўз нафсини, ўз манфаатини давлат ва жамият, халқ манфаатидан устун қўйишни ўйламаса, у чинакам адолатни юзага чиқарган бўлади.

Суд ишларини юритишда шаффофликни таъминлаш, миллий электрон суд тизимининг жорий этилиши эса адолатни таъминлашнинг мезонларидан ҳисобланади. Адолат – хукмрон, қонун – устувор бўлган мамлакат барқарордир. Зеро, соҳибқирон Амир Темур давлатни бошқаришда “Куч-адолатда” тамойилига қатъий амал қилган. Адолат ҳар нарсадан устун бўлган Темурийлар давлатининг қудрати дунёни ларзага келтирганига тарих гувоҳлик беради.

Шундай экан, коррупция мавжуд бўлган ҳар қандай давлат бошқарувида, ҳар қандай жамиятнинг хаётида ривожланиш тараққиёт бўлмаслиги аниқ. Зеро Коррупция – миллатнинг заволи дейилиши бежизга эмас.

Албатта, жонажон Ўзбекистонимизнинг равнақи, истиқболи бахту-камоли учун ҳар биримиз бу иллат билан муросасиз курашишимиз шарт ва зарур.

Бир сўз билан айтганда, суд тизимини мутлақо коррупциясиз соҳага айлантиришга эришиш учун ҳаммамиз барча чора ва имкониятларни ишга солишимиз лозим.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

Skip to content