Фарзандликка олишга оид ишларни судда кўрилиши

Оила қонунчилигида мавжуд бўлган фарзандликка олиш инсти­тути – ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни жойлаштириш шаклларидан бири ҳисобланади. Шу маънода фарзандликка олиш – болаларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида вужудга кела­диган муносабат саналади. Мазкур муносабат вояга етмаган, ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларга нисбатан ихтиёрийлик асосида пайдо бўлиб, бевосита қонунга биноан биологик ота-оналик ҳуқуқий мақомига тенглаштирилган.

Фарзандликка олиш муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормалар ота-онаси бўлмаган ёки ҳар хил сабабларга кўра улар тарбиясидан маҳрум бўлиб колган болаларга оилавий тарбияни таъминлаб, болалар ҳукуқ ва манфаатларини қўриқлашга каратилган.

Фарзандликка олиш фарзандликка олувчи (ва унинг қариндошлари) ҳамда фарзандликка олинганлар (ва уларнинг бўлғуси авлодлари) ўртасида қонунда ота-она ва болаларга нисбатан белгиланган конун ҳужжатларида махсус кўрсатилган ёки кўрсатилмаганлигидан қатъи назар, барча шахсий ва мулкий ҳуқуқ ҳамда мажбуриятларни вужудга келтиради, шунингдек фарзандликка олиш бу ҳуқуқий муносабатни вужудга келтирувчи ва бекор қилувчи ҳужжат бўлиб ҳисобланади.

Фарзандликка олишга доир низоли ишлар болалар тарбияси би­лан боғлиқ низолар туркумига кириб, оила ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар сифатида қаралади. Бундай низоларнинг суд­лар томонидан тўғри ҳал этилиши бола ҳуқуқларининг муҳофазасини таъминлашга хизмат қилади. Фарзандликка олишга доир низоли иш­лар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида даъво қўзғатиш усу­ли орқали мазмунан кўрилиб, бундай муносабатлар Ўзбекистон Рес­публикасининг Оила кодекси ва Фуқаролик процессуал кодекси нор­малари орқали ҳуқуқий тартибга солинади. Чунки мазкур низолар­нинг ҳуқуқий табиатини ўрганишда унинг моддий ва процессуал ҳуқуқий нормалардан иборат эканлигини назарда тутишга тўғри ке­лади.

Фарзандликка олишга доир низолар икки туркумга, яъни фар­зандликка олишни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги ва фарзанд­ликка олишни бекор қилиш тўғрисидаги низоларга ажратилади. Уш­бу низоларнинг тааллуқлилиги фақат судлар ваколатига тегишли бўлиб, бундай низоларни ҳал қилиш судсиз тартибда низони ҳал қилиш ваколатига эга бўлган давлат бошқарув органларига (ФҲДЁ, васийлик ва ҳомийлик органларига) тааллуқли бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 152-моддасининг 1-қисми, 7-бандида “қасддан жиноят содир этганлиги учун илгари ҳукм қилинган шахслар” фарзандликка олиши мумкин эмаслиги қайд этилган.

Бироқ, ҳозирги кунда амалиётда яқин қариндошлар (ака-ука, опа-сингил ва ҳакозо) болаларини фарзандликка олмоқдалар.

Айрим ҳолатларда болани ўзига фарзандликка олаётган яқин қариндош бўлган боланинг амакиси-аммаси ёки тоғаси-холаси содир этган жиноят учун ҳукм қилинган бўлиб чиқмоқда. Фарзандликка олиш ҳақидаги фуқаролик иши бўйича тарафлар бўлган яқин қариндошлар аввалдан келишиб, болани фарзанд қилиб олиш ниятида юриб, айрим ҳолатларда худди ҳақиқий ота-онадек болани тарбиялаб келмоқдалар.

Шу боис, яқин қариндошларга бу масала бўйича имтиёз берилса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 154-моддасида фарзандликка олиш бўйича яқин қариндошлар устунлик ҳуқуқига эга эканлиги қайд этилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар томонидан мазкур туркумдаги ишларни кўриб чиқиш жараёнида вояга етмаган болаларни фарзандликка олишда уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиб, болаларга таълим-тарбия бериш бўйича фарзандликка олаётган бўлғуси ота-оналарнинг олдидаги вазифалари ва бурчларига қай тарзда амал қилиши ҳолатларини атрофлича муҳокама қилишлари лозим бўлади.

Шерзод Элиев 

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Қарз шартномасига оид муносабатларни тартибга солишнинг қонуний асослари

Амалдаги қонунчилик талабига кўра, фуқаролар ва юридик шахсларнинг фуқаролик ҳуқуқ ва бурчларини белгилаш, ўзгартириш ёки бекор қилишга қаратилган ҳаракатлари битимлар деб юритилади. Кундалик ҳаётда инсонлар тули хил мазмунда ўзаро битимлар тузишади. Шунингдек ушбу битимлар ўзаро келишувга мувофиқ ҳар хил усулда тузилиши билан бирга қонунда назарда тутилганидек ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқаради.

Одатда, битимлар оғзаки ёки ёзма (оддий ёки нотариал тасдиқланган) шаклда тузилади. Хуш, оғзаки битимнинг тузилиши қандай ҳолларда қонуний ҳисобланади ёки низо чиққан тақдирда унинг ечими қандай ҳал этилади. Қонун ҳужжатларида ёки тарафларнинг келишувида ёзма шакл белгилаб қўйилмаган, жумладан у тузилаётган вақтнинг ўзидаёқ бажариладиган битим оғзаки тузилиши мумкин. Шахснинг хатти-ҳаракатидан унинг битим тузишга бўлган хоҳиш-иродаси билиниб турган ҳолда ҳам бундай битим тузилган ҳисобланади. Дейлик жетон, патта ёки одатда қабул қилинган бошқа белги бериш йўли билан тасдиқланган битим, агар қонун ҳужжатларида бошқача тартиб белгиланган бўлмаса, оғзаки шаклда тузилган битим ҳисобланади. Ҳаётда биз оғзаки шаклдаги битимни деярли ҳар куни тузамиз ва шу билан қаторда оғзаки шаклдаги тузилган битимлар юзасидан низо ёки муамоларга дуч келмаймиз.

Ҳаётда фуқаролар ўртасида қарз муносабатлари вужудга келади. Ўзаро бир-бирига ишонч туфайли мазкур қарз муносабатлари фуқаролар ўртасида оғзаки равишда ҳам тузилади. Бироқ, тарафлар ўртасида кейинчалик совуқчилик тушиб, низо судгача ҳам етиб боришига, судлар томонидан низони қонуний ҳал этиш учун бир қатор қийинчиликларни вужудга келтиришига сабаб бўлмоқда. Чунки, амалдаги қонунчилик талабига кўра, тарафлар ўртасидаги ҳақиқатда ҳам қарз муносабатлари бўлганлигини исботловчи бирдан бир манба ёзма шаклда тузилган қарз шартномаси ёхуд қарз берувчи томонидан муайян сумма топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат ҳисобланади. 

Хўш, бундай низолар судлар томонидан қандай ҳал этилади. Мисолларга мурожаат этадиган бўлсак, даъвогар М.Ч. жавобгар Ш.Т.га нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, ўзининг даъво аризасида 50.000.000 сўм қарз пулини ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро судининг 2021 йил
22 ноябрдаги ҳал қилув қарорига кўра, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантирилган.

Аниқланишича, жавобгар Ш.Т. даъвогар М.Ч.дан 2020 йил 14 декабрда 50.000.000 сўм миқдоридаги пул маблағини 2020 йил 28 декабрга қадар қайтариб бериш шарти билан қарзга олган. Ушбу ҳақида жавобгар Ш.Т.
2020 йил 14 декабрда тилхат ёзиб берган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 733-моддаси
3-қисмига кўра, агар қарз олувчининг тилхати ёки унга қарз берувчи томонидан муайян сумма ёки муайян миқдордаги ашёлар топширилганлигини тасдиқлайдиган бошқа ҳужжат мавжуд бўлса, қарз шартномаси ёзма шаклда тузилган ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 735-моддаси
1-қисмига кўра, қарз олувчи олинган қарз суммасини қарз шартномасида назарда тутилган муддатда ва тартибда қарз берувчига қайтариши шарт.

Биринчи инстанция суди юқоридаги қонун талаблари ва иш ҳужжатларига асосланиб, яъни тарафлар ўртасида қарз муносабати қонуний асосларда вужудга келганлиги, жавобгар Ш.Т. томонидан ёзилган тилхатга кўра жавобгар қарзга олган пул маблағларини қайтариб бериш мажбуриятини олганлигини инобатга олиб, даъвони қаноатлантириш ҳақида қонуний тўхтамга келган.    

Шу боис, апелляция судлов ҳайъатининг 2022 йил 11 январдаги ажрими билан туманлараро судининг 2021 йил 22 ноябрдаги ҳал қилув қарори ўзгаришсиз қолдирилган.

Мухтасар қилиб айтганда, қарз олди-берди муносабатлари тарафларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя этишлиги сабабли, мазкур тоифадаги ҳуқуқий муносабатларга киришишда амалдаги қонун талабларига тўлиқ риоя этилиши тарафлар ўртасида юзага келиши мумкин бўлган турли низоларнинг олдини олган бўлади.

                                                                                                  Шерзод Элиев  

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси 

«Судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш борасидаги вазифалар»

Мамлакатимизда судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш, малакали кадрларни танлаш, судьялик касбига тайёрлаш ва тайинлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, фуқароларнинг одил судловга бўлган ишончини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада охирги пайтда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 07 декабрдаги судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳамда суд тизимида коррупциянинг олдини олиш самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидаги ПФ-6127-сонли Фармони одил судловни таъминлаш  борасида қилинаётган ислоҳотларга туб бурилиш ясади.

Мазкур Фармонга кўра;

Судьялар мустақиллигини таъминлаш ва суд тизимида коррупциянинг олдини олиш бўйича давлат сиёсатининг асосий йўналишлари этиб қуйидагилар белгиланган.

  • судьяларнинг одил судловни амалга ошириш бўйича касбий фаолиятини ҳар қандай кўринишдаги ташқи таъсирлардан самарали муҳофаза қилишни таъминлайдиган ҳуқуқий механизмларни яратиш;
  • судьяликка кадрларни танлаш, тайёрлаш, лавозимга тайинлаш, шунингдек, судьялар фаолиятини баҳолашда холислик ва шаффофликни таъминлаш, ушбу жараёнларга замонавий ахборот технологияларини изчил жорий қилиш;
  • судьялар ва суд аппарати ходимлари орасида коррупция ҳолатларининг олдини олиш ва барвақт аниқлашга қаратилган тизимни йўлга қўйиш ҳамда суд тизимида аниқланган ҳар қандай коррупциявий ҳаракатни муросасиз ҳолат деб баҳолаш;
  • судьяларнинг касбий малакаси, маънавияти ва масъулиятини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш орқали юксак профессионал судьялар корпусини шакллантириш.

2021 йил 1 февралдан бошлаб суд тизимида коррупция ҳолатларининг олдини олиш, Кенгаш ва суд тизими фаолиятида очиқлик ва шаффофликни таъминлаш борасида:

  • илк бор судьялик лавозимларига номзодларни танлаш бўйича имтиҳон жараёнларини Интернет тармоғи (веб-сайт) орқали онлайн тарзда ёритиб боришни йўлга қўйиш;
  • судьялик лавозимига номзодлар ва судьяларнинг психологик портрети бўйича касбга муносиблигини баҳолашга кўмаклашувчи электрон дастурни ишлаб чиқиш ва жорий қилиш;
  • судья фаолиятининг самарадорлигини электрон рейтинг орқали очиқ ва шаффоф баҳолашни таъминлайдиган аниқ мезонларни ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш;
  • Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судлари ташкил этилиши муносабати билан 2021 йил 1 январдан ушбу судларнинг малака ҳайъатларини шакллантириш.

Фармон талабларига кўра,  судьяларнинг одил судловни амалга оширишдаги фаолиятини рағбатлантиришни йўлга қўйиш, «Ибратли судья» мукофотини, одил судловни амалга оширишда узоқ йиллар самарали меҳнат қилиб пенсияга чиққан судьялар учун «Суд фахрийси» кўкрак нишонини жорий этиш;

  • Кенгаш ҳузурида амалдаги моддий ва процессуал ҳуқуқ нормаларини тўғри қўллаш бўйича тавсиявий характерга эга бўлган маслаҳатлар ҳамда судьяларнинг одоб-ахлоқ қоидаларини муайян вазиятларда қўлланилиши юзасидан сўровларига тушунтиришлар бериш ваколатига эга бўлган жамоатчилик асосида фаолият юритувчи Судьялар клубини (кейинги ўринларда — Клуб) ташкил этиш.
  • Белгилансинки, Клуб ўз фаолиятини Кенгаш томонидан тасдиқланадиган Низом асосида амалга оширади ва унинг доимий масъул аъзолари таркиби кўп йиллик иш тажрибасига, чуқур билим ва юксак обрў-эътиборга эга бўлган амалдаги ва фахрий судьялар орасидан шакллантирилади.

Ушбу ислоҳотлар мамлакатимизда кейинги йилларда судларнинг чинаккам мустақиллигини  таъминлаш орқали одил судловга эришиш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишга  хизмат қилади.

Аблқосим Рузиқулов

Сурхондарё вилоят суди раиси

“Одам савдоси жиноятининг мазмуни-моҳияти

Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 135-моддасида: Одам савдоси, яъни одамни олиш-сотиш ёхуд одамни ундан фойдаланиш мақсадида ёллаш, ташиш, топшириш, яшириш ёки қабул қилишжиноятини содир этган шахс учун жиноий жавобгарлик белгилаб қўйилганлиги, ушбу жиноятни биринчи маротаба содир этган шахс уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги, ўғирлаш, зўрлик ишлатиш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш ёхуд мажбурлашнинг бошқа шаклларини қўллаш орқали, икки ёки ундан ортиқ шахсга нисбатан, ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан, айбдорга моддий жиҳатдан ёки бошқа жиҳатдан қарам бўлган шахсга нисбатан, такроран ёки хавфли рецидивист томонидан, бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб, хизмат мавқеидан фойдаланган ҳолда, жабрланувчини Ўзбекистон Республикасининг Давлат чегарасидан олиб ўтган ҳолда ёки уни чет элда қонунга хилоф равишда ушлаб турган ҳолда, қалбаки ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда, худди шунингдек жабрланувчининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларни олиб қўйган, яширган ёхуд йўқ қилиб юборган ҳолда, киши аъзоларини кесиб олиб, бошқа кишига кўчириш (трансплантат) мақсадида содир этилган бўлса беш йилдан саккиз йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкинлиги, агарда ушбу жиноятни ўн саккиз ёшга тўлмаганлиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган бўлса, жабрланувчининг ўлимига ёки бошқа оғир оқибатларга сабаб бўлса, ўта хавфли рецидивист томонидан содир этилган бўлса, уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса саккиз йилдан ўн икки йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2009 йил
24 ноябрь
кунидаги 12-сонли ОДАМ САВДОСИГА оид ишлар бўйича суд Амалиёти тўғрисидаги қарори мазмунини тушунтириб унга кўра Одам меҳнати ва хизматларидан меҳнат, фуқаролик қонунчилиги нормаларига мувофиқ (масалан, қурилиш ёки маиший пудрат, ҳақ эвазига хизмат кўрсатиш, йўловчи ва юк ташиш, транспорт экспедицияси ва ҳ.к. шартномалар бўйича) фойдаланилган барча ҳолларда одам эксплуатацияси мавжуд бўлмайди. Бундай ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган мажбуриятларни бажармаслик билан боғлиқ низолар фуқаролик суд ишларини юритиш тартибида ҳал этилиши лозим.

Я.Беккамов

Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди раиси

Судлар мустақиллиги кафолатлари кучайтирилмоқда.

Мамлакатимизда юртбошимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2017 йил
7 февраль куни имзоланган “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сон фармон билан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”даги иккинчи йўналиш бевосита қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, ушбу йўналишда белгилаб берилган асосий вазифаларни изчил амалга ошириш ҳамда аҳолининг турмуш даражасини ошириш борасида салмоқли ишлар амалга ошириб келинмоқда.

Айтиш мумкинки, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган энг долзарб ва устувор вазифалар ҳар йили Президентимиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига йўлланаётган Мурожаатномада, қолаверса унда белгиланган вазифаларни амалга оширишга қаратилган фармон асосида қабул қилинадиган Давлат дастурида белгилаб берилмоқда ҳамда изчиллик билан ҳаётга татбиқ қилинмоқда.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёев томонидан 2020 йил 24 июль куни имзоланган “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-6034-сонли фармон соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак ҳеч ҳам муболаға бўлмайди.

Хусусан, фармоннинг кириш қисмида судлар томонидан одил судловни таъминлаш ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиққанлиги, ноҳақ айбланган 2,3 мингга яқин киши оқланганлиги, адашиб жиноят йўлига кириб қолгани сабабли озодликдан маҳрум қилиш жазосига ҳукм қилиниши мумкин бўлган 3,5 мингдан ортиқ ёшлар ва хотин-қизларга маҳалла ва жамоатчилик кафилликлари асосида енгилроқ жазолар тайинланиб, ўз оилалари бағрида қолдирилганлиги, инсон ҳуқуқларини қўпол тарзда бузган 60 нафар ҳуқуқ-тартибот органи ходимлари жиноий жавобгарликка тортилганлиги эътироф этилган.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 24 январдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида суд-ҳуқуқ соҳасида белгиланган вазифаларни изчил амалга ошириш, фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини юксалтириш, ишларни судда кўриш сифатини ошириш ҳамда холис, адолатли ва қонуний суд қарорларини қабул қилиш учун тарафларнинг тенглиги ва тортишувчанлигини амалда таъминлаш механизмларини кенгайтириш мақсадида Фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Судьялар олий кенгаши ва судьялар ҳамжамияти билан биргаликда қонунчилик ташаббуси асосида суд тизимида 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидаги ташкилий-тузилмавий ўзгаришларни амалга оширишни назарда тутувчи қонун лойиҳаси ишлаб чиқилганлиги маълумот учун қабул қилинган:

вилоят ва унга тенглаштирилган фуқаролик ишлари бўйича, жиноят ишлари бўйича судлар ва иқтисодий судлар негизида судьяларнинг қатъий ихтисослашувини сақлаб қолган ва суд ишларини юритиш турлари бўйича алоҳида судлов ҳайъатларини ташкил этган ҳолда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар умумюрисдикция судларини ташкил этиш;

→ маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколатини маъмурий судлардан жиноят ишлари бўйича судларга ўтказиш;

→ маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишларни кўришга ихтисослаштирилган Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар марказлари ва Тошкент шаҳрида туманлараро маъмурий судларини ташкил этиш, шу муносабат билан туман (шаҳар) маъмурий судларини тугатиш, бунда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маъмурий судлари сақлаб қолиниши;

→ Амударё, Нуробод, Бойсун ва Пастдарғом туманлари иқтисодий судларини тугатиш;

→ фуқаролик ишлари бўйича Янгийўл туманлараро судини, фуқаролик ишлари бўйича Ургут, Сўх, Хатирчи, Пахтакор туманлари судларини, Пастдарғом туманлараро иқтисодий судини, жиноят ишлари бўйича Бўзатов, Тахиатош, Бандихон, Тупроққалъа туманлари судларини ташкил этиш;

→ Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий малака ҳайъатининг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари судьялари малака ҳайъатларининг қарорлари устидан Судьялар олий кенгашига шикоят қилиш ҳуқуқини бериш.

Бундан ташқари, юқоридаги Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратураси ва Адвокатлар палатасининг 2021 йил 1 январдан бошлаб қуйидагиларни жорий этишни назарда тутувчи таклифлари маъқулланмоқда:

а) суд ишларини назорат тартибида кўриш институтини тугатиш, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарларининг суднинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ҳамда қарорлари устидан назорат тартибида протест киритиш ҳуқуқини бекор қилиш;

б) жиноят ишларини судда кўриш учун тайинлаш босқичида иш юзасидан қарорларни тортишув тамойилига риоя этган ҳолда тарафлар иштирокида қабул қилиш тартибини белгилаш, жиноят ишининг умумий тартибда кўриб чиқилишига тўсқинлик қилувчи омилларни тезкорлик билан аниқлаш ва бартараф этиш имконини берувчи “дастлабки эшитув” босқичини киритиш;

в) қуйидаги тартибларни жорий этиш:

→ туманлараро, туман (шаҳар) судларининг қарорларини вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг биринчи инстанция суди сифатида чиқарган қарорларини эса Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан апелляция тартибида қайта кўриб чиқиш;

→ апелляция тартибида кўриб чиқилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида қайта кўриб чиқиш;

→ Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари томонидан кассация тартибида кўриб чиқилган ишлар бўйича чиқарилган суд қарорларини Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Бош прокурори ва улар ўринбосарлари протестига кўра кассация тартибида такроран кўриб чиқиш;

→ давлат айбловчиси айбловдан воз кечган тақдирда реабилитация асосларига кўра жиноят ишини тугатиш;

→ прокурор томонидан суднинг қонуний кучга кирган ҳукми, ҳал қилув қарори, ажрими ёки қарори бўйича ишларни, ушбу ишлар юзасидан тарафлар мурожаати мавжуд бўлган ҳолдагина, суддан чақириб олиб ўрганиш;

→ қонунда назарда тутилган ҳоллардан ташқари судларда бошқа шахсларнинг ташаббуси билан қўзғатилган фуқаролик ва иқтисодий ишларнинг кўрилишида прокурор ўз ташаббуси билан иштирок этишини истисно этиш.

Шу билан бирга, мамлакатимизнинг инвестицион жозибадорлигини ошириш ҳамда инвесторларнинг ҳуқуқлари ҳар томонлама ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида фармонда Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида инвестициявий низоларни ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш бўйича Судлов таркиби тузилиши ҳақидаги таклиф маъқулланди.

Мазкур Судлов таркибига инвестиция киритилган санада йигирма миллион АҚШ доллари эквивалентидан кам бўлмаган миқдорда инвестицияни амалга оширган жисмоний ёки юридик шахслар, яъни йирик инвесторлар ва давлат органлари ўртасида юзага келадиган инвестициявий низолар ҳамда рақобатга оид ишларни кўриш ваколати берилиши, бунда инвестициявий низолар бўйича йирик инвесторларнинг, рақобатга оид ишлар бўйича тарафларнинг хоҳишига кўра, ушбу тоифадаги ишлар бевосита Судлов таркиби томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши, қолган инвестициявий низолар инвесторларнинг хоҳишига кўра, Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар суди томонидан биринчи инстанция суди сифатида кўрилиши мумкинлиги назарда тутилган.

Ҳудди шунингдек, фармон асосида Ўзбекистон Республикаси Олий суди тузилмасида Олий суд бошқармалари фаолиятини ташкиллаштириш ва мувофиқлаштириш вазифаси юклатилган Ўзбекистон Республикаси Олий суди аппарати раҳбари лавозимининг жорий этилиши, қолаверса Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси, Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик бошқармаси ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар тузилмасида матбуот хизматларининг ташкил этилганлиги судларнинг одил судловни таъминлаш борасидаги фаолиятларини такомиллаштириши билан бирга, соҳага оид қонунчиликни таҳлил қилган ҳолда, мавжуд муаммоларни барвақт аниқлаш ҳамда оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда судлар фаолияти ҳақида жамоатчиликни ва фуқароларни доимий равишда тезкорлик билан хабардор қилиб бориш имконини беради.

Фармоннинг 7-бандига асосан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси зиммасига 2020 йил 1 декабрга қадар Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Судьялар олий кенгаши, Олий суди, қуйи суд тизими судьялари, Судьялар олий мактаби ва уларнинг аппарати ходимлари, Олий суд ҳузуридаги Судлар фаолиятини таъминлаш департаменти ва унинг ҳудудий бўлимлари ходимлари иш ҳақлари ва қўшимча тўловларини тўлиқлигича Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан молиялаштиришга ўтказилишини ҳамда иш ҳақлари миқдорларини оширилишини назарда тутувчи таклифлар киритиш вазифаси юклатилганлиги судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш ҳамда уларни ижтимоий ҳимоя қилишга қаратилган чора-тадбир бўлиб ҳисобланади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, юқоридаги фармоннинг қабул қилиниши Президентимиз раҳбарлигида 2020 йил 30 июнь куни ўтказилган одил судловни таъминлаш ва коррупцияга қарши курашиш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида юртбошимиз томонидан илгари сурилган “бир суд – бир инстанция” тамойилини амалиётга жорий этишга қаратилган бўлиб, унинг амалга оширилиши ортиқча суд босқичларини бекор қилиш орқали фуқароларнинг одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш, судларнинг ҳамда судьяларнинг мустақиллигини мустаҳкамлаш ва пировардида юридик ва жисмоний шахслар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларининг кучли ҳимоясини таъминлашда муҳим омил қилиб белгиланганлиги сабабли, бу омил ҳозирги кунда ўз самарасини кўрсатмоқда.   

Собиржон Кадиров

Термиз туманлараро иқтисодий суди судьяси

Банкротлик тушунчаси, судга мурожаат қилиш ҳуқуқи, уни амалга ошириш тартиб-таомиллари ва қонундаги жавобгарлик.

Дунёдаги иқтисодиёти барқарор ўсаётган давлатлар тажрибасига эътибор берсак, иқтисодиётни ривожлантириш ва кафолатли ҳимоя этишга қаратилган илғор ҳуқуқий асослар базаси мустаҳкамлигига амин бўласиз. Мамлакатимиз иқтисодиётини ривожлантириш, эркин ва соғлом рақобат муҳитини яратиш, иқтисодий ва тижорат соҳасида бозор муносабатларини тараққий этиш ва тартибга солиш учун қонунчилик ва амалиётда бошқа ҳуқуқий инстутлар қаторида банкротлик каби институтнинг мавжудлиги  ўзига хос аҳамиятга эга.

Савол туғилади. Банкротлик ўзи нима? Уни амалга ошириш тартиб-таомиллари қандай? Сохта банкротлик ва банкротликни яшириш нимада ифодаланади ва бу ҳаракатлар учун қонунда қандай жавобгарлик белгиланган? Банкротликка оид муносабатлар қайси қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади? Мақолада юқорида қайд этилган саволларга жавоб топишга ҳаракат қиламиз.

Банкротлик сўзи италянча “bankarotta”, яъни banka-ўриндиқ (курси), rotta-синган сўзларидан ташкил топган бўлиб, “синган курси” маъносини англатади. Шимолий Италия шаҳарлари – Генуя ва Венецияда барча битимлар махсус биноларда амалга оширилган. Ҳар қайси уруғ, оила савдо уйларида ёғочдан ясалган курсига эга бўлиб, уруғ бошлиғи ёки унинг вакили шу курсида ўтириб битимлар тузган. Агар уруғ бошлиғи молиявий мажбуриятларини бажара олмай қолса, унинг курсиси одамлар кўз ўнгида синдирилган.

Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонунининг 3-моддасида асосий тушунчалар берилган бўлиб, иқтисодий суд томонидан эътироф этилган, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини тўла ҳажмда қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини тўла ҳажмда бажаришга қодир эмаслиги – банкротлик (иқтисодий ночорлик)   деб аталади.

Шунингдек, қонунда банкротликка оид ишларни юритишда ишлатиладиган атамаларга тушунчалар берилган. Жумладан, бир турдаги кредиторлар — қарздорга нисбатан бир хил талабларга эга бўлган ва уларни қаноатлантиришда бир-бирига нисбатан имтиёзга эга бўлмаган кредиторлар гуруҳи;

келишув битими – тарафларнинг суд низосини ўзаро ён бериш асосида тугатиш тўғрисидаги битими;

кредиторлар – қарздор пул мажбуриятлари бўйича ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбуриятини бажариш бўйича қайси юридик ёки жисмоний шахс олдида жавобгар бўлса, айни шу юридик ёки жисмоний шахслар (қарздор қайси фуқаронинг ҳаёти ёки соғлиғига зарар етказилганлиги учун жавобгар бўлса, айни шу фуқаро, шунингдек ўз иштирокидан келиб чиқадиган мажбуриятлар бўйича қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) бундан мустасно);

кредиторлар йиғилиши (кредиторлар қўмитаси) вакили – банкротлик тўғрисидаги ишда иштирок этишига кредиторлар йиғилиши ёки кредиторлар қўмитаси томонидан ваколат берилган шахс;

кузатув – иқтисодий суд томонидан қарздор юридик шахсга нисбатан унинг мол-мулки бут сақланишини таъминлаш, қарздорнинг молиявий аҳволи таҳлилини ўтказиш мақсадида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза қабул қилинган пайтдан эътиборан кейинги таомилга қадар қўлланиладиган банкротлик таомили;

мажбурий тўловлар – давлат бюджетига ва давлат мақсадли жамғармаларига тўланадиган солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар;

мораторий – қарздор юридик шахс томонидан пул мажбуриятлари ва (ёки) мажбурий тўловлар мажбурияти бажарилишини тўхтатиб туриш;

пул мажбурияти – қарздорнинг фуқаролик-ҳуқуқий шартномаси бўйича ҳамда қонун ҳужжатларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра кредиторга муайян пул суммасини тўлаш мажбурияти;

суд бошқарувчиси (муваққат бошқарувчи, санация қилувчи бошқарувчи, ташқи бошқарувчи, тугатиш бошқарувчиси) – банкротлик таомилларини ўтказиш мақсадида иқтисодий суд томонидан тайинланадиган шахс;

судгача санация қилиш – қарздор юридик шахснинг муассислари (иштирокчилари) ёки унинг мол-мулки эгалари, кредиторлар ва бошқа шахслар томонидан қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклаш ҳамда банкротлигининг олдини олиш мақсадида кўриладиган чора-тадбирлар;

суд санацияси — қарздор юридик шахсга нисбатан молиявий жиҳатдан соғломлаштириш ва унинг кредиторлар олдидаги қарзини узиш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини санация қилувчи бошқарувчига ўтказмаган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

ташқи бошқарув — қарздор юридик шахсга нисбатан уни молиявий жиҳатдан соғломлаштириш мақсадида қарздорнинг ишларини бошқариш ваколатларини ташқи бошқарувчига ўтказган ҳолда иқтисодий суд томонидан қўлланиладиган тўлов қобилиятини тиклаш таомили;

тугатишга доир иш юритиш — кредиторларнинг талабларини мутаносиб равишда қаноатлантириш, қарздорнинг мажбуриятлардан озод этилганлигини ҳамда тугатилганлигини эълон қилиш мақсадида иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган таомил;

тўлов қобилиятини тиклаш таомили — иқтисодий суд томонидан қарздорга нисбатан қўлланиладиган, суд санациясини ёки ташқи бошқарувни ўз ичига оладиган ҳамда қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга қаратилган ташкилий-хўжалик ва бошқа чора-тадбирларни амалга оширишни назарда тутувчи таомил;

шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхона – ходимлари уларнинг оила аъзоларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда тегишли аҳоли пункти аҳолисининг камида ярмини ташкил этувчи ёки ходимларининг сони камида уч минг киши бўлган ёхуд давлатнинг мудофаа қобилияти ва хавфсизлиги сақлаб турилишини таъминловчи ёки табиий монополиялар субъекти бўлган юридик шахс;

қарздор — пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган юридик шахс ёки якка тартибдаги тадбиркор ёхуд пул мажбуриятлари бўйича кредиторларнинг талабларини қондиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир бўлмаган, якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахс, агар пул мажбуриятлари ва мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятлар аввалги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиққан бўлса;

қарздор муассисларининг (иштирокчиларининг) ёки қарздор мол-мулки эгасининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда қарздорнинг муассислари (иштирокчилари) ёки қарздор мол-мулкининг эгаси ваколат берган шахс;

қарздор ходимларининг вакили – банкротлик таомили ўтказилаётганда ўз манфаатларини ҳимоя қилиш учун қарздорнинг ходимлари ваколат берган шахс;

қишлоқ хўжалиги корхонаси – қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги), фермер хўжалиги ва юридик шахс ташкил этган ҳолдаги деҳқон хўжалиги, шунингдек фаолиятининг асосий тури товар қишлоқ хўжалиги маҳсулотини етиштиришдан иборат бўлган бошқа юридик шахслар деб таъриф берилган.

Қонуннинг 4-моддасида банкротлик аломатлари нималардан иборатлиги белгилаб қўйилган. Яъни, қарздорнинг пул мажбуриятлари бўйича кредиторлар талабларини қаноатлантиришга ва (ёки) мажбурий тўловлар бўйича ўз мажбуриятини бажаришга қодир эмаслиги:

агар тегишли мажбуриятлар ва (ёки) тўлов мажбуриятлари юзага келган кундан эътиборан уч ой ичида қарздор томонидан бажарилмаган бўлса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхоналар томонидан эса — олти ой ичида бажарилмаган бўлса;

агар қарздор юридик шахсга нисбатан жами талаблар базавий ҳисоблаш миқдорининг камида уч юз бараварини ташкил этса, қарздор шаҳарни ташкил этувчи корхона ҳамда унга тенглаштирилган корхонага нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг камида беш минг бараварини ташкил этса, қарздор якка тартибдаги тадбиркорга ёки якка тартибдаги тадбиркор мақомини йўқотган жисмоний шахсга нисбатан эса базавий ҳисоблаш миқдорининг камида йигирма бараварини ташкил этса, қарздорнинг банкротлик аломатлари ҳисобланади.

Банкротлик тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш иқтисодий судларга таааллуқлидир.

Пул мажбуриятларини бажармаганлиги муносабати билан қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат этиш ҳуқуқига қарздор, кредитор ва прокурор эга.

Қарздор ва кредитор банкротлик тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги аризада қарздорнинг тўлов қобилиятини тиклашга ёхуд тугатишга доир таомилларни қўллаш зарурлигини кўрсатиши мумкин.

Мажбурий тўловлар бўйича мажбуриятларни бажармаганлиги муносабати билан қарздорнинг банкротлиги тўғрисида иш қўзғатиш ҳақидаги ариза билан иқтисодий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига қарздор, прокурор, давлат солиқ хизмати органлари, шунингдек устав фондида давлат улуши бўлган ва (ёки) пул мажбуриятлари бўйича Ўзбекистон Республикаси олдида қарзи бўлган юридик шахсларга нисбатан банкротлик тўғрисидаги ишлар бўйича давлат органи ва унинг ҳудудий органлари эга.

Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуннинг 49-моддасига кўра банкротлик тўғрисидаги иш иқтисодий судининг мажлисида қарздорни банкрот деб топиш тўғрисидаги ариза иш юритишга қабул қилинганлиги ҳақида ажрим чиқарилган кундан эътиборан икки ойдан ортиқ бўлмаган муддатда кўриб чиқилиши, банкротлик тўғрисидаги ишни кўриш алоҳида ҳолларда икки ойдан ошмаган муддатга узайтирилиши мумкин.

Банкротликка оид муносабатлар Ўзбекистон Республикаси Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси, Ўзбекистон Республикаси “Банкротлик тўғрисида”ги Қонуни, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Банкротлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида назарда тутилган маълумотларни эълон қилишни тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2009 йил 11 июндаги 160-сон қарори, “Сохта банкротлик, банкротликни яшириш ва қасддан банкотликка олиб келиш аломатларини аниқлаш қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги  2013 йил 14 август кунидаги 224-сон қарори, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Банкротлик таомилларини янада соддалаштириш ва суд бошқарувчилари фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 2019 йил 1 февралдаги ПҚ-4146-сон қарорлари билан тартибга солинади.

  Ўзбекистон Ресбуликаси ЖКнинг 180-моддаси диспозицияси  мазмунига кўра,   хўжалик юритувчи субъектнинг ўз мажбуриятларини иқтисодий жиҳатдан бажара олмаслиги ҳақида била туриб, ҳақиқатга тўғри келмайдиган эълон бериши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлишда ифодаланган ҳаракатлари сохта банкротлик ҳисобланиб, ушбу ҳаракатларни  содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоси белгиланган.

Хўжалик юритувчи субъектнинг ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумот ва ҳужжатларни тақдим этиш, бухгалтерлик ҳисоботларини бузиб кўрсатиш йўли билан иқтисодий жиҳатдан ўзининг тўловга қодирлигининг йўқотганлигини ёки иқтисодий ночорлигини бошқача тарзда қасддан яшириши кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлиши банкротликни  яшириш ҳисобланиб, ЖКнинг 181-моддаси 1-қисмига кўра,  юқоридаги ҳаракатларни содир этганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазо санкциялари белгиланган .

Ўзбекистон Республикаси ЖК 1811-моддасида эса якка тартибдаги тадбиркор томонидан ёки юридик шахс мансабдор шахси, муассиси (иштирокчиси) ёхуд мол-мулкининг мулкдори томонидан шахсий манфаатларини ёки бошқа шахсларнинг манфаатларини кўзлаб содир этилган қасддан банкротликка олиб келиш, яъни тўловга қобилиятсизликни қасддан юзага келтириш ёки ошириш, ушбу якка тартибдаги тадбиркорнинг ёки юридик шахснинг барқарор иқтисодий ночорлигига (банкротлигига) олиб келса, кредиторларга кўп миқдорда зарар етказилишига сабаб бўлса, қасддан банкротликка олиб келиш жиноятини содир этган деб топилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг бир юз эллик бараваридан икки юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз соатдан уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд икки йилдан уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки икки йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки икки йилдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиш белгиланган.

Қонунга мувофиқ, сохта банкротлик, банкротликни  яшириш, банкротликка олиб келиш жиноятини содир этган шахс томонидан етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланган тақдирда, озодликни чеклаш ва озодликдан маҳрум қилиш тариқасидаги жазо қўлланилмайди. Биринчи марта жиноят содир этган шахс, агар у жиноят аниқланган кундан эътиборан ўттиз кунлик муддатда етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаган бўлса, жавобгарликдан озод этилади.

Қонунчиликда банкротлик институтини жорий этилганлиги, санация, ташқи бошқарув каби соғломлаштириш чораларини қўллаш орқали биринчидан, иқтисодий ночор аҳволга тушган хўжалик субъекти учун бундай аҳволдан чиқишга имконият берилади, иккинчидан, хўжалик субъектларининг банкрот деб топилиши натижасида тўлов интизоми мустаҳкамланади, яъни кредитор корхоналар олдидаги қарзларни, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлай олмаётган хўжалик субъекти тугатилиб, унинг мол-мулки сотилади ва ушбу қарзлар имкон қадар қопланади, учинчидан, бир корхонадан қарзни ололмаслиги натижасида бошқа корхонага қарзни тўлай олмаслик каби занжирсимон қарздорликка чек қўйилади, тўртинчидан, кредиторлик ва дебиторлик қарзларнинг ошиб кетишига ­барҳам берилади, бешинчидан, қарзга ботган хўжалик субъектининг узоқ вақтдан буён сотилмай турган товарлари, бошқа мол-мулки бозор баҳосида, ҳатто ўз таннархидан кам баҳода бўлса-да, мажбурий тартибда сотилади, олтинчидан, хўжалик субъектлари ўртасидаги рақобат кучаяди, улар имкон қадар фойда билан ишлашга, доимий изланишга мажбур бўлишади.

Аббос Холмуминов

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси 

“Хотин-қизлар ва эркаклар тенг ҳуқуқи”

Маълумки, сўнгги тўрт йилда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларга эришиш, жамият ва давлат ишларини бошқаришда уларнинг тенг иштирок этишини таъминлаш, хотин-қизларни ижтимоий-ҳуқуқий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, шунингдек, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасининг Гендер тенгликни таъминлаш масалалари бўйича комиссияси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатида Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси ташкил этилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2021 йил 28 майдаги СҚ-297-IV-сонли қарори билан 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида гендер тенгликка эришиш стратегияси тасдиқланган.

Гендер стратегиясининг мақсади ва вазифалари:

Гендер стратегиясининг асосий мақсади — ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳақиқий тенглигини таъминлашдан иборат.

Гендер стратегиясининг асосий вазифалари қуйидагилар ҳисобланади:

-хотин-қизларнинг ер ва мулкка нисбатан эгалик қилиш имкониятларини кенгайтириш;

-жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, маданият, таълим, илм-фан ҳамда спорт муносабатларида хотин-қизларнинг эркаклар билан тенг иштирок этишларини қўллаб-қувватлаш, қарор қабул қилишда уларнинг етакчилик қилишлари учун тенг имкониятларни яратиш;

-хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш, уларнинг жамиятдаги ўрни билан боғлиқ салбий қарашларни ўзгартириш;

-аҳоли бандлиги соҳасида хотин-қизлар ва эркаклар учун кафолатланган тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни, шунингдек, муносиб иш ўринларини яратиш, аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш, хотин-қизларнинг тижорат банкларидан кредит олишга бўлган имкониятларини кенгайтириш;

-хотин-қизлар ва эркакларни бутун умри давомида ўқишга бўлган имкониятларини рағбатлантириш, уларнинг оилани режалаштириш борасидаги тиббий маданиятини ошириш ва репродуктив саломатлигини мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини юксалтириш;

-одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш, тазйиқ ва зўравонликни олдини олиш, уларни аниқлаш ва барҳам бериш бўйича самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;

-оилани мустаҳкамлаш, оилавий муносабатларда барча оила аъзоларининг масъуллигини ошириш, эрта никоҳ, яқин қариндошлар ўртасидаги никоҳ, эрта туғруқ ҳамда оилавий ажралишларнинг олдини олиш;

-гендер тенглик тамойилларини илгари суришда, хотин-қизлар ва эркакларнинг ҳуқуқ ҳамда имкониятларини тенг амалга оширишда бюджетни режалаштириш, гендер масалаларини бюджет жараёнларига интеграциялаш, гендер статистикаси юритилишини такомиллаштириш;

-гендер тенглик, аёллар тадбиркорлиги, хотин-қизлар ва эркакларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик ҳолатларини баҳоловчи халқаро рейтинг ва индексларда Ўзбекистоннинг ўрнини яхшилаш бўйича комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш;

-2030 йилгача бўлган даврда барқарор ривожланиш соҳасидаги гендер тенгликни таъминлаш ва барча хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва имкониятларини кенгайтириш миллий мақсадларига эришишда парламент, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини ошириш;

-гендер тенглик соҳасидаги халқаро шартномалардан келиб чиқадиган мажбуриятларнинг бажарилишини таъминлаш, Ўзбекистон Республикасининг миллий манфаатларига мос бўлган халқаро шартномаларни ратификация қилиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш.

Гендер стратегиясини амалга оширишнинг устувор йўналишларидан бири  сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлашдир.

Сайлов ҳуқуқларини амалга оширишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш зарур:

-сиёсий партияларнинг сайлов жараёнларига хотин-қизлар ва эркакларни тенг асосда жалб қилиш, хотин-қизларни тайинланадиган раҳбарлик лавозимларига тавсия қилишга оид фаолиятини рағбатлантириш;

-сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига сайловларда номзод кўрсатишда хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар таъминланганлигини мониторинг қилиш;

-хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш орқали уларга нисбатан жамиятда шаклланган салбий қарашларни ўзгартириш;

-хотин-қизлар ва эркакларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқларига тўлиқ риоя этилишини таҳлил қилиб бориш;

Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссиясининг, сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича вилоят, туман, шаҳар, округ, участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда хотин-қизлар ва эркаклар вакилларининг тенглигини таъминлаш.

Ушбу ислоҳотлар Ўзбекистон Республикасида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида хотин-қизлар ҳамда эркаклар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликлардан ҳимоя қилиш масалалари бўйича мустаҳкам ҳуқуқий асослар яратилишига хизмат қилади.

Сохиб Рахимов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

“Соддалаштирилган тартибда иш юритиш”

Ҳаммамизга маълумки мамалакатимизда суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар босқичма-босқич, изчил давом эттирилмоқда.

Ислоҳотлар фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилмоқда.

Бу ислоҳотлар қонунларга, кодексларга киритилаётган ўзгартиришларда ҳам ўз аксини топмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг 2021 йил 16 сентябрдаги 716-сонли Қонуни билан Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодекси 25-1-боб билан тўлдирилди.

Бу боб “Соддалаштирилган тартибда иш юритиш” деб номланади.

Соддалаштирилган тартибда иш юритиш фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини тез, қулай, ортиқча оворагарчиликсиз амалга оширишларига хизмат қилади.

Хуш соддалаштирилган тартибда иш юритишнинг ўзига хос хусусиятлари нималардан иборати?

Аввало қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўрилиши ҳақида тўхталсак.

Агар даъво баҳоси юридик шахсларга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 бараваридан, якка тартибдаги тадбиркорларга нисбатан 10 бараваридан, жисмоний шахсларга нисбатан эса 5 бараваридан ошмаса, бундай даъво аризалар бўйича ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши лозим.

Даъвогарнинг илтимосномасига кўра ва жавобгарнинг розилиги билан   бошқа ишлар ҳам соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин.

Қандай ишлар соддалаштирилган тартибда кўриб чиқилиши мумкин эмас.

  1. Давлат сири, тижорат сири, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларига доир бошқа сирлар ошкор қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ишлар.
  2. Қўшимча ҳолатларни аниқлаш, қўшимча далилларни текшириш, гувоҳлар кўрсатувларини эшитиш зарур бўлган ишлар.
  3. Билдирилган талаб бошқа талаб билан боғлиқ бўлса учинчи шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари бузилиши мумкин бўлса
  4. Қарши даъво берилган бўлса ва у мазкур даъво билан кўриб чиқилмаса.
  5. Бир нечта талаб бўлиб, бири соддалаштирилган тартибда, бошқаси умумий тартибда кўриб чиқиладиган бўлса.

Бундай даъволарни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш мумкин бўлмайди.

Суд ариза келиб тушгач аризани иш юритишга қабул қилиш ва иш қўзғатиш ҳақида ажрим чиқаради, ажримда ишни кўриш санасини кўрсатади.

Иш мазкур ажрим чиқарилган кундан эътиборан 20 кундан ошмаган муддатда судья томонидан якка тартибда кўриб чиқилади.

Ишни соддалаштирилган тартибда кўриб чиқиш муддати узайтирилмайди.

Суд ишни суд муҳокамасини ўтказмасдан, тарафларни чақирмасдан ва уларнинг тушунтиришларини эшитмасдан кўриб чиқади.

Суд тақдим қилинган хужжатларни, важларни текширади, далиллар билан танишади ва ҳал қилув қарори қабул қилади.

Ҳал қилув қарори устидан апелляция шикояти берилиши мумкин. Агар апелляция шикояти берилмаган бўлса, қабул қилингандан 10 кун ўтгач ҳал қилув қарори қонуний кучга киради. Эътиборлиси, умумий тартибда кўрилган ишлар бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган сўнг 30 кундан кейин қонуний кучга киради.

Ҳал қилув қарори суд томонидан бериладиган ижро варақаси асосида ижро қилинади. Демак ижрога қаратиш муддати ҳам ўз-ўзидан қисқармоқда.

Иш бўйича ҳал қилув қарори апелляция, кассация тартибида, қайта кассация, янги очилган ҳолат бўйича қайта кўриб чиқилиши мумкин.

Берилган апелляция шикояти судга келиб тушган кундан эътиборан 15 кун ичида кўриб чиқилади.

                                                                                   Мансур Абдурахманов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Моддий ва маънавий зарар тушунчаси, уни ундириш асослари.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясида ҳуқуқий муҳофазанинг алоҳида объекти сифатида фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги, шаъни ва қадр-қисммати белгилаб қўйилган. Бундай ҳимоянинг ҳуқуқий усулларидан бири эса, фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига етказилган зарарни тўлашдир.

Зарар деганда, ҳуқуқбузарлик натижасида жабрланувчига тегишли мол-мулк, мулкий ҳуқуқ ҳажмининг камайишида ёки йўқотилишида намоён бўладиган моддий зарар ёки номоддий неъматнинг (жисмоний шахснинг ҳаёти ёки соғлиги) шикастланиши ёинки ундан маҳрум бўлиниши тушунилади. Шу сабабл, зарар модий ёхуд жисмоний характер касб этади. Моддий зарар кўрган жабрланувчи жисмоний шахс ҳам, юридик шахс ҳам бўлиши мумкин. Жисмоний зарар бўйича жабрланувчи фақат фуқаро бўлади.

Фуқаронинг ҳаёти ёки соғлигига етказилган зарар, шунингдек, маънавий зарар ўзига хос хусусиятларга эга.

Етказилган зарар тўлиқ ҳажмда, бой берлган фойдани ҳам қўшиб ҳисобга олган ҳолда ундирилади.

Шахснинг бузилган ҳуқуқини, нобуд бўлган ёки шикастланган мол-мулкини тиклаш учун қилган ёки қилиши лозим бўлган ҳаракатлари ҳақиқий (реал) зарар ҳисобланади.

Қонунда етказилган зарарни тўлиқ ҳажмда қоплаш умумий қоидасидан истисно назарда тутилиши мумкин.

Умумий қоидага кўра, зарарни тўлаш мажбурияти бевосита зарар етказувчига юкланади. Айни пайтда қонунда етказилган зарарни тўлаш  мажбурияти зарар етказган шахсгагина эмас, балки унинг хатти-ҳаракатлари учун масъул ёхуд хатти-ҳаракатларини назорат қилиши шарт бўлган шахсларга ҳам юкланиши мумкин.

Зарар етказганлик учун жавобгарликни қўллаш асоси сифатида зарар етказувчининг айби мавжуд бўлши керак. Айб зарар етказувчининг ўз қилмиши ва унинг оқибатларига руҳий-психик муносабати ҳисобланади.

Зарар етказувчи айбининг шакли қонун ҳужжатларида бевосита белгилаб қўйилган ҳоллардагина ҳуқуқий оқибатларга эга бўлади.  Қолган ҳолатларда қасд ёки эҳтиётсизликдан қатъи назар, қилмиш тўлақонли айб асосида содир қилинган ҳисобланади, яъни айбнинг ҳар қандай шаклида етказилган зарар тўлиқ ҳажмда ундирилади.

Зарар етказган шахс, агар бунда ўзининг айби йўқлигини исботлаб берса, яъни форс-мажор ҳолатлар рўй берган ёхуд учинчи шахсларнинг айби мавжуд бўлса, жавобгарликдан озод қилинади. Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 333-моддасида ҳам айбсизликни исботлаш бури зарар етказган шахс зиммасига юкланади. Ушбу ҳолатда айбсизлик презумпцияси намоён бўлади, яъни зарар етказган шахс қонунда белгиланган тартибда ўзининг айбсизлигини исботлаб бермагунича, айбдор ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 985-моддасининг биринчи қисмига биноан, ғайриқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) туфайли фуқаронинг шахсига ёки мол-мулкига, шунингдек, юридик шахсга етказилган зарар, жумладан, бой берилган фойда зарарни етказган шахс томонидан тўлиқ ҳажмда қопланиши лозим.

Шунингдек, жабрланувчиларнинг бири, уларнинг яқин қариндошлари ёки боқувчиси вафот этган тақдирда фуқаролик қонунчилигига асосан зарарлар тўлиқ қопланади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси 100-моддасининг саккизинчи қисмида фуқарога етказилган манавий зарарни қоплаш борасида умумий меъёр белгиланган. Маънавий зарарни қоплаш масаласига оид нормалар мазкур Кодекснинг 1021, 1022-моддаларида ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2000 йил 28 апрелда қабул қилинган “Маънавий зарарни қоплаш ҳақидаги қонунларни қўллашнинг айрим масалалари тўғрисида”ги 7-сонли қарорида баён этилган.

Умумий қоидага кўра, маънавий зарар уни етказувчининг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан қопланади.

Маънавий зарарни қоплашга асос бўлувчи ҳолатлардан энг муҳими ноқонуний ҳаракат (ҳаракатсизлик) содир этган шахснинг айби мавжудлигидир.

Маънавий зарарни қоплаш имконияти унинг муддати билан боғлиқ.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 149-моддасига кўра, даъво муддати фуқаро ўзининг бузилган ҳуқуқини даъво қўзғатиш йўли билан ҳимоя қилиши мумкин бўлган муддатдир. Умумий даъво муддати мазкур Кодекснинг  150-моддасига асосан уч йил қилиб белгиланган. ФКнинг 163-моддасида даъво муддати жорий қилинмайдиган талаблар белгиланган бўлиб, улардан бири-шахсий номулкий ҳуқуқларни ва бошқа номоддий неъматларни ҳимоя қилиш ҳақидаги талаблардир. Маънавий зарар фуқаронинг шахсий номулкий ҳуқуқлари ва бошқа номоддий бойликлари бузилиши оқибаида етказилади.

Демак, маънавий зарарни  қоплаш тўғрисидаги талабларга даъво муддати жорий қилинмайди.

Фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига моддий зарар етказилиши билан унга маънавий зарар ҳам етказилиши табиийдир.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 1021-моддасига мувофиқ, маънавий зарарни етказувчи шахснинг айби бўлган тақдирда, зарар етказувчи томонидан тўланиши лозим, маънавий зарар уни етказувчининг айбидан қатъи назар, зарар фуқаронинг ҳаёти ва соғлигига ошиқча хавф манбаи томонидан етказилган бўлса қопланади, 1022-моддасига кўра, маънавий зарар пул билан қопланади, маънавий зарарни қоплаш миқдори жабрланувчига етказилган жисмоний ва ва маънавий азобларнинг хусусияти, маънавий зарар етказилган ҳақиқий ҳолатлар ва жабрланувчининг шахсий хусусиятлари ҳисобга олинган ҳолда суд томонидан баҳоланади, маънавий зарар тўланиши лозим бўлган мулкий зарардан қатъи назар, қопланади.

Дилором Алмуратова

                       Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Коррупция – келажакка таҳдид.

Коррупция оддий халқ вакилларининг юқори амалдорларга ёҳуд давлат амалдорларининг ўзаро бир-бирларига бўлган муносабатидан келиб чиқади. Бу салбий холатнинг хар қандай кўриниши жамиятнинг ҳалокат ёқасига олиб бориши муқаррардир.

Коррупция балоси дунёнинг исталган жойида авж олган энг катта муаммолардан биридир. Коррупция— иқлим ўзгариши, қашшоқлик, очлик, ишсизлик ва озиқ-овқат, ёқилғи нарҳларининг кўтарилиши каби дунё муаммоларини ортда қолдириб, хамманинг дардига айланган.

Ҳозирги ривожланиш даврида, минтақалар ва давлатлараро хамкорлик тезлашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда хам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Шунингдек бугун, каттами-кичикми, бойми-камбағалми, биронта давлатни коррупциядан холи худуд, деб айтолмаймиз.

Коррупция чегара билмайди, у жамиятнинг барча жабҳаларига кириб бориб, қадриятлар тизими, одоб-ахлоқ меъёрларини бузади. Фуқароларнинг эркинлик ва демократик тамойилларига, адолатга, давлатга бўлган ишончига путур етказади. Бир сўз билан айтганда, ушбу иллатни бартараф этмасдан туриб, хеч қандай жамият барқарор ривожланиши мумкин эмас

Шу сабабдан, мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда.

Хусусан “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика комиссиясининг ташкил этилиши, коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастурининг тасдиқланиши, юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлардан бўлди.

Коррупциянинг хар қандай кўринишларига қарши курашишни биз энг аввало, ўзимиздан бошлашимиз даркор. Бунинг учун эса шахснинг ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти етарли даражада шаклланган бўлиши керак.

Дархақиқат, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг 16,17,18-моддаларида коррупцияга қарши курашишда аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш, давлат органлари ва бошқа ташкилот ходимларининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, таълим муассасаларида коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги ҳуқуқий таълим ва тарбия масалалари ўз ифодасини топган.

Мухтасар қилиб айтганда, ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданияти юксак бўлган ва ҳуқуқий таълим ва тарбия жиҳатдан етук бўлган инсонлар салбий иллат бўлмиш коррупцияга йўл қўймайдилар.

Дилором Алмуратова

           Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Skip to content