КОРРУПЦИЯ – ТАРАҚҚИЁТ КУШАНДАСИ

Мамлакатимизда коррупцияга қарши курашиш давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири бўлиб, унинг ҳуқуқий асослари, ташкилий тузилмаси ва амалга ошириш стратегияси белгиланди.

Бу борада Ўзбекистон Республикасининг Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Коррупцияга қарши конвенциясига қўшилиши ислоҳотларнинг дастлабки муҳим қадами бўлиб, уни амалга оширишнинг миллий механизми сифатида “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонун, Президентнинг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Ушбу қонун ва қарорлар ўз навбатида мазкур салбий иллатга қарши курашишнинг самарали омили бўлиб, муҳим аҳамият касб этади.

Демократик қадриятлар қарор топиб бораётган бир вақтда давлат хизматчилари томонидан порахўрлик, мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш билан боғлиқ жиноятларни содир этилиши ҳокимиятнинг обрўсизланишига, давлатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳуқуқий тизимига путур етишига, натижада амалдаги ҳокимиятга нисбатан норозиликка сабаб бўлади. Коррупциянинг маълум бир мамлакатда ривожланиши эса ўша давлатнинг таназзулига олиб келади.

Коррупция бу – мансаб мавқеидан шахсий мақсадларда фойдаланиш билан боғлиқ бўлган жиноят тури ҳисобланади. Оддий халқ орасида коррупция деганда кўпинча давлат амалдорларининг шахсий бойлик орттириш ҳамда давлат, жумладан халқ манфаатлари ва ресурсларига зиён етказиш мақсадидаги порахўрлиги тушунилади. Гап хусусий соҳа тўғрисида кетаётган бўлса, унда одатда йирик кўламдаги порахўрлик ёки хусусий корхона мулкини талон-торож қилиш назарда тутилади.

Аслини олганда коррупция тушунчаси анчайин кенг бўлиб, қуйи табақадан тортиб токи юқори табақа вакилларигача бўлган аҳолининг деярли барча ижтимоий қатламлари, нафақат давлат, балки хусусий соҳаларни ҳам қамраб олади.

Мазкур тушунчага айнан нима киради?

Хусусан, Ўзбекистон қўшилган Коррупцияга қарши БМТ конвенциясида келтирилган таърифга кўра, коррупция давлат амалдорларига шахсан ёки бошқа шахслар орқали лавозим мажбуриятлари доирасида қандайдир ҳаракат ёки ҳаракатсизликни амалга ошириши учун мансабдор ва бошқа шахс учун ғайриқонуний бўлган имтиёз ваъда бериш, таклиф қилиш ёки тақдим қилиш ҳисобланади.

Коррупция лотинча “corruptio” – “емирилиш” деган маънони англатади. Этимологик жиҳатдан “коррупция” атамаси “бузиш, пора эвазига оғдириш” деган маънони англатадиган “corruptio” сўзидан келиб чиққан. Юридик энциклопедия муаллифларининг таъкидлашича “коррупция-мансабдор шахслар томонидан уларга берилган ҳуқуқлар ва ҳокимият имкониятларидан шахсий бойлик орттириш учун фойдаланишда ифодаланувчи сиёсат ёки давлат бошқаруви соҳасидаги жиноий фаолиятдир”.

Коррупция ҳаракатларига: амалдор, ҳуқуқни муҳофаза қилиш, суд, солиқ, божхона, таълим, тиббиёт ёки маъмурий муассасалар, шунингдек, ҳар қандай хусусий корхонанинг мансабдор шахсига пора бериш, маҳаллий ёки чет эл амалдори ва халқаро ташкилот амалдорини пора бериш орқали сотиб олиш, давлат мансабдор шахси томонидан мулкни талон-торож қилиш, ғайриқонуний ўзлаштириш ёки ундан ташқари бошқа мақсадда фойдаланиш, шахс томонидан шахсий бойлик орттириш ёки учинчи шахснинг бойиши мақсадида ўз обрўси ёки хизмат мавқеидан фойдаланиш, коррупция ҳаракатларидан даромад олиш, ошна-оғайнигарчилик ёки уруғ-аймоқчилик мисол бўла олади.

Ушбу иллатнинг илдизлари бир неча минг йилларга бориб тақалади. Дастлаб инсонлар бирор-бир мавқега эга бўлиш учун қабила бошлиғи ёки оқсоқолга совға-саломлар ҳадя қилишган. Қимматлироқ совға бу одамни бошқалардан ажратиб турган ва унинг илтимоси ёки талаби сўзсиз қондирилган. Қадим замонлардаёқ коррупцияга қарши қаттиқ жазолар белгиланганлигига қарамасдан, бу ҳамиша ҳам кўнгилдагидек натижа бермаган. Коррупциянинг дастлабки кўринишлари қадимги Шумер давлатида ҳам мавжуд бўлган бўлиб, ушбу иллатга қарши курашиш учун илк қонунлар ишлаб чиқилган. Қадимги диний китобларимиздан “Инжил”да, хусусан мусулмон оламининг муқаддас бўлган “Қуръон” китобида ҳам коррупциянинг илк кўриниши ҳақида сўз юритилиб, унда бировнинг ҳаққига ёки молига хиёнат қилиш қаттиқ қораланган.

Мамлакатимизда ҳам бу иллатга қарши кескин курашиш чоралари кўрилмоқда. Жумладан, 2017 йил 4 январда кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни бу жараёнда муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда.

Бундан ташқари, “Давлат харидлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, “Давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида”ги, “Прокуратура тўғрисида”ги ва бошқа қонунлар ҳам бевосита жамиятимизда коррупцияга чек қўйиш, таъмагирлик, таниш-билишчилик каби иллатларга барҳам беришни назарда тутади.

“Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунда коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотлар, коррупцияга қарши курашиш соҳасида ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, унинг олдини олишга доир чора-тадбирлар, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, уларга чек қўйиш каби масалалар аниқ белгилаб қўйилган.

Шунингдек, мазкур қонунда коррупция, яъни порахўрлик, мансабдан фойдаланган ҳолда қонунни суиистеъмол қилиш, таниш-билишчилик, қариндош-уруғчилик, истеъдодли кадрларни ўсишига тўсиқ бўлиш, инсон ҳуқуқларини бузиш ҳамда таъмагирлик қилиш каби жирканч ҳолатларга йўл қўйганлик учун қатъий жазо муқаррарлигини аниқ-равшан кўриш мумкин.

Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши курашиш ва ушбу иллатни так томири билан қуритиш мақсади буйича олиб борилган ислоҳотлардан яна бир муҳим ва аҳамиятли кўриниши сифатида Ўзбекистон Республикаси Президетинининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармонига биноан бутунлай янги тузилма, яъни Ўзбекистон Республикаси коррупцияга қарши курашиш агентлигининг ташкил этилганлиги десак муболаға бўлмайди.

Агентлик коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатини шакллантириш ва амалга ошириш, давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, фуқаролик жамияти институтлари ва бошқа нодавлат сектор вакилларининг биргаликдаги самарали фаолиятини таъминлаш, шунингдек мазкур соҳадаги халқаро ҳамкорлик учун масъул бўлган махсус ваколатли давлат органи ҳисобланади.

Агентлик ўз фаолиятини қонунийлик, холислик, ҳисобдорлик, очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида бошқа давлат органлари, ташкилотлар ва уларнинг мансабдор шахсларидан мустақил равишда амалга оширади. Ўзбекистон Республикаси Президентига бўйсунади ва Ўзбекистон Республикаси Олий мажлиси палаталари олдида ҳисобдордир.

Агентлик зиммасига бир қатор вазифалар юклатилган бўлиб,  коррупция юқори бўлган соҳаларни чуқур таҳлил қилиш ҳамда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг сабаб ва шарт-шароитларини бартараф этиш, бюджет маблағларидан фойдаланиш, давлат активларини реализация қилиш ва давлат харидлари соҳасида коррупцияга қарши назорат қилиш масалалари, давлат хизматчиларининг даромад ва мол-мулкини декларация қилиш тизимини жорий қилиш ҳамда декларациядаги маълумотларнинг ҳаққонийлигини текшириш вазифалари шулар жумласига киради. Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, бугунги глобаллашув даврида давлат ва жамиятнинг иқтисодий-ижтимоий ривожланишига тўсиқ бўлиб келаётган коррупция деб аталмиш салбий иллатнинг мавжудлиги барчамиз учун фавқулодда ҳолат деб баҳоланмоғи керак ҳамда ушбу жирканч иллатга қарши курашишни нафақат ҳар бир давлат хизматчиси балки, барча катта ва кичик ёшдаги фуқароларимизнинг ҳуқуқий онги ва маданиятининг туб негизига сингдирилиши биз учун коррупциянинг уруғини қуритиш учун олға ташланган муҳим ва асосий қадам бўлади.

Н.Тўраева

Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди судьяси

ЎЗГАНИНГ МУЛКИ – БИРОВГА БУЮРМАЙДИ

Орамизда шундай инсонлар борки, улар ўзганинг ҳақига ҳиёнат қилишдан тап тортмайди. Жорий йилнинг 4 август куни жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида ўғрилик, яъни ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишда айбланган шахсга нисбатан жиноят иши кўриб чиқилди.

Хусусан, М.Р. (исм шарифлар ўзгартирилган) ўзганинг мол-мулкини яширин равишда талон-торож қилишни мақсад қилиб, 2022 йил 21 июнь соат 08:00 ларда Ангор туман “Марказ” маҳалласи ҳудудига келиб, туманнинг “Наврўз” маҳалласида яшовчи фуқаро Х.Р бошқарувидаги Матиз русумли автомашинага йўловчи сифатида миниб, шу жараёнда ўзи минган автомашинанинг орқа ўриндиғи пол қисмида турган, фуқаро Х.Рга тегишли 1.290.000 сўм миқдордаги пулларни яширин равишда олиб, талон-торож қилган.

Олиб борилган суриштирув ҳаракатлари давомида жиноят “иссиқ изидан” фош этилганлиги сабабли, ушбу шахс  ўғирланган пулларни сарфлашга улгурмаган.

Суд, фуқаро М.Рнинг айбига тўлиқ иқрорлиги ва пушаймонлигини, етказилган зарарни қоплаганлигини, жабрланувчи билан ярашганлигини, муқаддам судланмаганлигини эътиборга олиб, М.Рнинг айблилиги тўғрисидаги масалани ҳал қилмасдан, жиноят ишини ярашув асосида тугатишни лозим топди. Шу ўринда, фуқаролардан ўзларининг шахсий буюмлари ва моддий қимматликларини автомашина салонида қаровсиз қолдирмасликларини сўраймиз. Чунки бундай эътиборсизлик ғараз ниятда бўлган шахслар учун қулай вазиятни келтириб чиқаришини унутмайлик.

Б.Валиев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди судья ёрдамчиси

КОРРУПЦИЯ БИЛАН БОҒЛИҚ ЖИНОЯТЛАР ТАҲЛИЛИ

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда коррупция қарши курашиш соҳасида муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Дарҳақиқат, Сурхондарё вилоят жиноят ишлари бўйича судлари томонидан коррупцияга оид жиноят ишлари мазмунан кўриб чиқилиб, жавобгарликнинг муқаррарлиги принципи таъминланиши билан бир қаторда, ушбу тоифадаги  жиноятларнинг олдини олиш ва келиб чиқиш сабабларини бартараф қилиш юзасидан тарғибот ишлари корхона, муассаса ва ташкилотларда шунингдек, аҳоли орасида кенг қамровда олиб борилмоқда. 

Шунингдек, жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан
2022 йилнинг 6 ойи давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари юзасидан умумлаштириш ўтказилган.

Жорий йилнинг 6 ойи давомида Сурхондарё вилояти жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан жами 148 нафар шахсга нисбатан 99 та коррупция билан боғлиқ жиноят ишлари кўрилган.

Шундан, 93 та жиноят иши бўйича 142 нафар шахсларга нисбатан ҳукм чиқарилган бўлиб, 132 нафар шахсга жазо тайинланган.

2022 йилнинг 6 ойида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича жиноятларнинг турлари ЖК моддалари кесимида таҳлил қилинганида;

-ЖКнинг 167-моддаси билан 58 та жиноят иши 100 нафар шахсларга нисбатан;

-ЖКнинг 168-моддаси билан 7 та жиноят иши 7 нафар шахсларга нисбатан;

-ЖКнинг 205-моддаси билан 3 та жиноят иши 3 нафар шахсларга нисбатан;

-ЖКнинг 206-моддаси билан 1 та жиноят иши 2 нафар шахсларга нисбатан;

-ЖКнинг 210-моддаси билан 7 та жиноят иши 7 нафар шахсларга нисбатан;

-ЖКнинг 211-моддаси билан 23 та жиноят иши 29 нафар шахсларга нисбатан кўрилганлиги аниқланди.

2022 йилнинг 6 ойида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича судланган шахслар тоифаси ўрганилганида, 30 ёшгача бўлганлар 42 нафарни, 60 ёш ва ундан юқори бўлганлар 5 нафарни, аёллар 21 нафарни ташкил қилади.

2022 йилнинг 6 ойи давомида коррупция билан боғлиқ кўрилган жиноят ишлари бўйича судланган шахслар тоифаси ўрганилганда,

-3 нафар ҳокимлик ходимлари,

-1 нафар солиқ хизмати ходимлари,

-3 нафар почта хизмати ходимлари,

-14 нафар халқ таълими вазирлиги қуйи тизим ходимлари,

-3 нафар мактабгача таълим вазирлиги қуйи тизим ходимлари,

-12 нафар соғлиқни сақлаш муассаса ходимлари,

-16 нафар банк тизими ходимлари,

-6 нафар Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлим ходимлари,

-10 нафар «Сурхондарёдонмахсулотлари» акциядорлик жамияти ходимлари,

-2 нафар ўзини-ўзи бошқариш орган ходимлари,

-67 нафар бошқа соҳа ходимлари ташкил қилади.

Коррупция ва миллий тараққиёт масаласи — юрт тақдири, мамлакат келажаги учун ҳар қачонгидан муҳим ва долзарб аҳамият касб этади. Мухтасар айтганда, коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноят. Бу иллатга қарши курашиш тегишли органларнинггина эмас, барчанинг иши бўлиши зарур. Шундагина биз ушбу хавфни бартараф этган бўламиз.

Ж.Худойбердиев

Сурхондарё вилоят судинингжиноят ишлари бўйича судьяси

ЭЛЕКТРОН ТИЖОРАТ – БУ НИМА?

Ўзбекистон Республикасининг “Электрон тижорат тўғрисида”ги Қонуни 2022 йил 29 сентябрь куни муҳтарам Президентимиз томонидан имзоланди.

Янги таҳрирдаги «Электрон тижорат тўғрисида»ги қонун «Рақамли Ўзбекистон – 2030» стратегиясида белгиланган мақсадлар асосида ишлаб чиқилган бўлиб, унда электрон шартномаларни тузишнинг аниқ тартиби белгиланмоқда.

Электрон тижоратдаги электрон ҳужжатлар қоғозда расмийлаштирилган ва ўз қўли билан имзоланган ҳужжатларга тенглаштирилади.

Электрон тижоратда сотувчилар қуйидагилардан иборат:

-электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни ва хизматларни) чакана ва (ёки) улгуржи сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи юридик шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорлар;

-электрон савдо майдончасида товарларни (ишларни, хизматларни) чакана сотиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ўзини ўзи банд қилган шахслар.

Соҳада тўловлар қуйидаги усулларда амалга оширилади:

-нақд пул маблағлари билан – нақд пул маблағлари тўлов воситаси тарзида виртуал терминаллар (E-POS) орқали қабул қилинганлигини тасдиқлайдиган ҳужжатларни ҳамда сотувчи ва сотилган товар тўғрисидаги ахборотни ўзида акс эттирадиган ҳужжатларни харидорга тақдим этиш орқали;

-пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш орқали–пул маблағларини банк ҳисобварағидан ўтказиш воситасида, шу жумладан шахсий кабинет орқали ёки тўлов ташкилотининг тизими орқали ўтказиш;

-электрон пуллардан фойдаланган ҳолда–электрон пуллар тизимида очилган электрон ҳамёндаги пул маблағларини ўтказиш воситасида.

Савдо майдончаларининг операторлари, тўлов хизматларини етказиб берувчилар ва товарларни етказиб бериш хизматларини кўрсатувчи юридик шахслар ўз ахборот тизимларига ёки банк ҳисобрақамларига “эскроу” хизматини жорий этиши мумкин.

Товарлар учун харидор томонидан тўловни амалга ошириш чоғида “эксроу” хизматини кўрсатувчи тўланган пул маблағларини харидор товарлар олинганлигининг тасдиғи олингунига қадар сақлаш ҳуқуқига эга.  

Агар товар етказиб берилмаса ёки тавсифга мос келмаса, “эксроу” хизматини кўрсатувчи пул маблағларини харидорга қайтаради ёки, агар товар хоридор томонидан қабул қилинган бўлса, пул маблағлари сотувчининг ҳисобварағига ўтказилади. Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач кучга кириши белгиланган.

С.Бўтаев

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг раиси

ҚАНДАЙ ҲОЛАТЛАР НИКОҲ ТУЗИШГА ТЎСҚИНЛИК ҚИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексига кўра, никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлар рўйхати қатъий белгилаб қўйилган. Уларнинг мавжудлиги никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолат деб баҳоланади.

Масалан, никоҳга кирувчилардан бири (эркак ёки аёл)нинг бошқа никоҳда бўлиши никоҳ тузишга тўсқинлик қилади. Яъни, Ўзбекистонда ҳар бир фуқаро фақат якка никоҳда бўлиши мумкин. Якка никоҳлик тамойили бизнинг жамиятимиздаги мавжуд бўлган юксак ахлоқ-одоб қоидаларидан келиб чиқади.

Никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлардан яна бири насл-насаб шажараси бўйича тўғри туташган қариндошлар ўртасида, туғишган ва угай ака-укалар билан опа-сингиллар ўртасида, шунингдек фарзандликка олувчилар билан фарзандликка олинганлар ўртасида никоҳ тузишга йўл қўйилмайди.

Бошқа қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш қонун билан ман килинмаган. Масалан, амакивачча, тоғавачча, холавачча, аммаваччалар ва бошқа қариндошлар ўртасида никоҳ тузиш мумкин. Мусулмон ҳуқуқи бўйича хар хил оилада турилган болаларни бир она эмизиши туфайли сут қариндошлиги вужудга келади. Маҳаллий халқларда ҳозиргача бу қоидага амал қилинади. Бошқа аёлдан туғилган болани эмизган аёл болага иккинчи она ҳисобланади. Демак, гудак бошқа онанинг сутини эмса, бу бола уша сут берган аёлнинг фарзанди билан турмуш қуриши мумкин бўлмайди. Никоҳ тузишга тўсқинлик қиладиган ҳолатлардан яна бири никоҳ тузувчи шахслардан лоақал биттаси руҳий касаллиги ёки ақли заифлиги туфайли суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса ҳам никоҳ қайд этилмайди, чунки бундай шахслар ўз ҳаракатларининг оқибатига жавоб бера олмайдилар ва никоҳга киришда онгли хоҳиш билдира олмайдилар. Бу қоида никоҳланувчиларнинг эркин ва ўз хоҳишлари билан никоҳ тузиш лозимлиги тамойилидан келиб чикади.

Ш.Элиев

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

ДИНИЙ РАСМ-РУСУМЛАРГА БИНОАН, НИКОҲ ТУЗИШ ҚАНДАЙ ҲУҚУҚИЙ АҲАМИЯТГА ЭГА ?

Никоҳ луғатда «Қўшилиш», «Яқинлик»  маъноларини англатади. Шаъриатда эса никоҳ «Эр кишининг никоҳида шаъран монеълик бўлмаган яъни, аёл кишидан ҳузур олишини ҳалол қилишдир» дейилган.  Оллоҳ ер юзидаги инсон наслининг давомли бўлишига никоҳни шарт ва сабаб қилган.  Оила тушунчаси Конституциямизга ҳам киритилиб, унинг жамият бошқарувидаги мақоми қатъий белгилаб қўйилган, Оила кодексининг 13-моддасига кўра, никоҳ фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органларида тузилади.

Диний расм-русумларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга эмас.  Бироқ ҳуқуқий аҳамияти шундан иборатки, диний расм-русмларга биноан тузилган никоҳ ҳуқуқий аҳамиятга эга бўлмаса ҳам ушбу никоҳ асосида эр-хотиннинг никоҳ муносабатларига киришиб оила қуриши ўзлари учун айрим ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқарса, баъзи ҳуқуқларини амалга оширишда тўсқинликлар келтириб чиқаради.

Аввало оилада фарзанд туғилиши билан ота-она бўйнига бирдек масъулият юкланади. Оила қонунчилигига кўра, ота-она ўз болаларининг тарбияси ва камолоти учун жавобгарлиги, улар ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилишлари шартлиги белгиланган.  Ушбу мажбуриятларни бажармаганлик оқибатида низо келиб чиқса, биринчи навбатда судларда бола манфаатларидан келиб низолар ҳал этилиши ҳуқуқий аҳамиятлидир. Бунда эр-хотиннинг қонуний никоҳда ёки шаърий никоҳда эканлиги ҳуқуқий аҳамият касб этмайди.

Масалан, оила қонунчилига кўра, ота-она ўз болаларини тарбиялашда бошқа барча шахсларга нисбатан устун ҳуқуқга эга эканлиги, ота-оналар бошқа шахслар олдида болаларини шахсан тарбия қилишда устун ҳуқуқга эгалиги ва болаларини қонунга асосланмаган ҳолда ушлаб турган ҳар қандай шахсдан қайтарилишини талаб қилиши, вояга етмаган болаларига таъминот бериш мажбуриятини ихтиёрий равишда бажармаган ота (она)дан суднинг ҳал қилув қарорига ёки суд буйруғига асосан алимент ундирилиши, ота-оналик мажбуриятини бажармаган тақдирда ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум этиш этиш ва ҳоказо.  

Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузишнинг ҳуқуқий ҳуқуқий аҳамиятга эга эмаслиги уларнинг мулкий ҳуқуқларини рўёбга чиқаришда юзага келадиган муаммоларда кўринади.

Масалан, никоҳ давомида орттирилган мулкларини бўлиш, мерос масаласи, боқувчиси вафоти натижасида кўрилган зарарни ундириш ва ҳокозо ҳуқуқлари суд тартибида ҳал этилгандан сўнг вужудга келади.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддасига кўра, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.  Эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлади.

  Диний расм-русумларга биноан никоҳ тузган шахслар эр-хотин ҳисоблансада, улар қонуний никоҳда бўлмаганлиги боис, уларнинг мулкий ҳуқуқлари судлар томонидан умумий мулк ҳуқуқидаги улушлари дорасида аниқланганидан кейин амалга оширилиши мумкин. Шу боис, оилавий муносабатларни тартибга солиш эркак ва аёлнинг ихтиёрий равишда никоҳланиб тузган иттифоқи, эр ва хотиннинг шахсий ҳамда мулкий ҳуқуқлари тенглиги, ички оилавий масалаларнинг ўзаро келишув йўли билан ҳал қилиниши, оилада болалар тарбияси, уларнинг фаровон ҳаёт кечириши ва камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиш, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш устуворлиги тамойиллари асосида амалга оширилиши лозим.

Сохиб Рахимов

Сурхондарё вилоят суди  судьяси

МАСТ ҲОЛДА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ БОШҚАРГАН ҲАЙДОВЧИ ЖАЗОГА ТОРТИЛДИ

Йўлларда ҳайдовчилар ва пиёдалар ўртасида қўпол ва бошқа турдаги қоидабузарликларни олдини олиш, йўл ҳаракати қоидаларига оғишмай риоя этилишини таъминлаш мақсадида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда.

Аммо қўштирноқ ичидаги айрим ҳайдовчилар томонидан қоида бузарликлар содир этилаётгани ачинарли ҳолат, Ангор туманида истиқомат қилувчи фуқаро Ж.Ч 2022 йил 27 сентябрь куни ўзига тегишли бўлган «Спарк» русумли автомашинасини йўлнинг қатнов қисмидаги чизиқлар билан белгилаб қўйилган талабларга риоя этмасдан Ангор тумани, “Ат-Термизий” кўчасида маст ҳолда бошқариб келаётганида, Сурхондарё вилоят ИИБ ЙҲХБ ЙПХО ЙПХ инспектори томонидан тўхтатиб текширилганда, транспорт воситасини маст ҳолда бошқариб юрганлиги аниқланган.

ЙПХ инспектори томонидан қоида бузар Ж.Чга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 128-моддаси 1-қисми ва 131-моддаси 1-қисмида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, Ангор туман ИИБ ЙҲХГ инспектори томонидан тўпланган маъмурий иш жиноят ишлари бўйича Ангор туман судига тақдим этилган.

Ҳуқуқбузар Ж.Ч суд мажлисида содир этган ҳуқуқбузарлик оқибатларини тушуниб етганлигини маълум қилди.

Суд томонидан ҳуқуқбузар Ж.Ч нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 34-моддаси тартибида тайинланган жазоларнинг оғирроғи, узул-кесил жазо барча транспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан
1 йил 6 ой муддатга маҳрум қилиб, базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш баравари, яъни 7.500.000 сўм жарима жазоси тайинланди.

Судларни вазифаси фақат жазо тайинлаш ёки содир этилган ҳуқуқбузарликлар ва уларга тайинланаётган жазоларни ошкор қилиш орқали айрим шахсларни изза қилиш эмас, албатта. Мақсад – ҳуқуқбузарликларни келгусида содир этилишини олдини олиш ва профилактика қилишдан иборатдир.

О.Жаппоров

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди архивариуси

                   

ОДИЛ СУДЛОВДА ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИНИ ҲИМОЯ ҚИЛИШ ДАРАЖАСИНИНГ ЯНГИ БОСҚИЧИ

Барчамизга маълумки, мамлакатимизда сўнгги йилларда суд-ҳуқуқ тизимини янада такомиллаштириш, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш ҳамда судьялар ҳамжамияти ролини ошириш бўйича изчил ишлар олиб борилмоқда. Амалга оширилган ишлар натижасида одил судлов жараёнида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш даражаси янги босқичга чиқди.

2021 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги қонуни янгидан қабул қилинганлиги айни шу мақсадларни ўзида мужассамлаштирган бўлиб, соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларнинг мантиқий давоми бўлди, десак муболаға бўлмайди.

Мазкур Қонун расмий эълон қилинган кундан, яъни 2021 йил 29 июль кунидан қонуний кучга кирди.

Жумладан, “Судлар тўғрисида”ги янги қонуннинг эски таҳрирдаги қонундан асосий фарқлари ва ўзига хос хусусиятларининг айрим жиҳатлари ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Ушбу Қонун 14 боб, 101 моддадан иборат бўлиб, унда асосан судларнинг тузилмаси, туман (шаҳар), туманлараро, вилоят ва унга тенглаштирилган судлар, Олий суд, суд ҳайъатлари, Олий суд Раёсати ва Пленуми ваколатлари доираси, судья мустақиллигини асосий кафолатлари, судьяларнинг ҳуқуқий мақоми,  судьялик лавозимига номзод ва судьяга қўйиладиган талаблар, шунингдек судьяларни, судларнинг раислари ва раис ўринбосарларини тайинлаш (сайлаш) тартиби, суд тизимида ташкилий-таркибий ўзгартиришлар, судьялик ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари ва тартиби, судьяларнинг моддий таъминоти ва уларни ижтимоий ҳимоялаш чоралари қатъий белгилаб қўйилди.

Шунингдек, мазкур қонун судлар фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлашда муҳим асос бўлиб хизмат қилади. Қонунга кўра, барча судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади. Суд мажлиси залида ҳозир бўлган шахслар, оммавий ахборот воситалари вакиллари суд мажлиси залида қонунда белгиланган тартибда фотосуратга олиши, видео ва аудио ёзувни амалга ошириши мумкин. Одил судловни амалга оширишда ҳар бир кишига малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади.
       Ҳужжатда, Ўзбекистонда суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади. Олий суд қуйи судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга этиб белгиланди. Шу билан бирга, 35 ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкинлиги белгиланди. Судья биринчи марта 5 йиллик муддатга, навбатдаги 10 йиллик муддатга ва лавозимда бўлишнинг муддатсиз даврига белгиланган тартибда сайланади ёки тайинланади. Олий суд судьяси лавозимида бўлишнинг энг юқори ёши 70 ёшни, бошқа судлар судьялари учун 65 ёшни ташкил этади. Илк бор судьялик лавозимига тайинланадиган номзодлар Судьялар олий кенгаши ҳузуридаги Судьялар олий мактабида мажбурий тартибда ўқиши шарт. Судьялик лавозимига номзод бўлиши мумкин бўлмаган шахслар рўйхати белгиланди.

Шунингдек, Қонун билан қуйидагилар белгиланди:

судьяга нисбатан интизомий иш қўзғатиш тартиби, судьяга нисбатан қўлланиладиган интизомий жазо чоралари, шунингдек  интизомий жазо чораларини қўллаш тўғрисидаги қарор устидан шикоят қилиш тартиби;

судьянинг ваколатларини тўхтатиб туриш ва тугатиш асослари;

судьялар малака ҳайъатларини ташкил этиш тартиби;

судьяларнинг ва улар оила аъзоларининг моддий ҳамда ижтимоий таъминоти ва бошқалар.

Қуйидагилар тасдиқланди:

Ҳарбий судлар фаолиятиии ташкил этиш тўғрисида низом;

Судьяларнинг малака даражалари тўғрисида низом;

Суд тизими ходимларининг мансаб даражалари тўғрисида низом.

Қонунда судяларга зарур шарт-шароитлар яратиш, уларнинг ижтимоий ҳимояси масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, уй-жойга муҳтож бўлган судья маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан Вазирлар Маҳкамаси белгилаган тартибда суд жойлашган ерда хизмат турар жойи билан таъминланади. Судья унга доимий яшаш учун белгиланган тартибда турар жой берилгунга қадар турар жой арендаси, ижараси (иккиламчи ижараси) билан боғлиқ харажатлари компенсация қилиниши ҳуқуқига эга.

Ваколатлари муддати тугаган судьяларнинг ўртача ойлик иш ҳақи уларни янги ваколатлар муддатига қайта сайлаш ёки қайта тайинлаш тўғрисидаги масала ҳал қилинаётган даврда ёхуд бошқа иш берилгунга қадар, лекин кўпи билан уч ойгача сақлаб қолинади. Судьяларга уларнинг ваколатлари муддати тугаганидан кейин улар судьялик лавозимига сайланишга ёки тайинланишга қадар эгаллаб турган аввалги иши (лавозими) берилади, бундай иш (лавозим) мавжуд бўлмаганда эса аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилади. Таъкидлаш жоизки, мазкур қонунда белгиланган нормалар суд ҳокимиятининг мустақиллигини таъминлаш, фуқароларнинг судлар фаолиятига ишончини мустаҳкамлаш ҳамда судлар фаолиятини очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш, судьяларни  ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий жиҳатдан ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади.

О.Нормаҳматов

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари

ЎРГАНГАН КЎНГИЛ – ЎРТАНСА ҚЎЙМАС

Фирибгарлик – алдаш, инсоннинг ишончини суиистеъмол қилиш эвазига амалга ошириладиган тубан жиноятлардан ҳисобланади. Бу одамлар ўртасида, компаниялар ўртасида рўй бериши мумкин бўлган хавфли жиноятдир. Ташқи муҳитдан югурик сув мисоли оқиб кирадиган минг бир иллатлар тури борки, уларнинг лоақал биттаси ҳам инсон руҳиятида қолиб кетса, унинг ҳаёт тарзи давомида у чуқур илдиз отиб ўрнашиб олиб, жиноят содир этиш кўчасига киришга йўллайди.

Жорий йилнинг апрель ойида Р.Фарходов К.Равшанов (исм шарифлар ўзгартирилган) билан танишиб қолади. Р.Фарходов ўзининг қабих режасини амалга ошириш мақсадида К.Равшановнинг уйига боради. У гўёки ўзини чорва молларининг олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, унинг 4 бош қора молини 41.000.000 сумга келишиб ва пулларни 1 ой муддат ичида беришни ваъда қилиб К.Рнинг молларини олиб кетади. Аммо айтилган муддат тугагач, Р.Фарходовдан ҳам ваъда қилинган пуллардан ҳам дарак бўлмайди.

Бундан ташқари, Р.Фарходов ўзининг содир этган жинояти учун жиноий жавобгарликка тортилмай қолганлигидан фойдаланиб
2022 йилнинг май ойида Ангор туман «Юқори Таллашқон» маҳалласида яшовчи фуқаро Т.Тўрабоев билан танишиб қолиб, гўёки чорва моллари олди-сотдиси билан шуғулланишини айтиб, Т.Тўрабоев ва унинг шериги Ангор тумани «Юқори Хўжақия» маҳалласида яшовчи фуқаро Ғ.Эргашевга тегишли бўлган 23 бош қўйларини 36. 800.000 сўмга насия шарти асосида сотиб олади ва 16.800.000 сўм миқдоридаги қисмини бериб, қолган 20.000.000 сўм миқдоридаги қисмини 7 кун муддат ичида беришини ваъда қилиб, айтилган муддат келганда мазкур пулларни Т.Тўрабоев ҳамда Ғ.Эргашевларга бермасдан  пулларни ўзининг шахсий ҳаражатларига ишлатиб юбориб, қасддан фирибгарлик жиноятини содир этган.

Мазкур жиноят иши тўпланган ҳужжатлар жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди томонидан кўриб чиқилиб, судланувчи Р.Фарходовга нисбатан жазо тайинлашда суд, унинг айбига тўлиқ иқрорлиги, қилмишидан чин кўнгилдан пушаймонлиги, жиноят оқибатида етказилган зарар қопланганлигини жазони енгиллаштирувчи ҳолат деб, жиноятни ғараз ниятда содир этганлиги жазони оғирлаштирувчи ҳолат деб баҳолади.

Судланувчи Р.Фарходовга яна бир бор имкон берилиб, унга нисбатан ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. Шу ўринда, боболаримизнинг “нима эксанг шуни ўрасан” деган мақоллари нақадар тўғри эканлиги яна бир бор исботини топади.

Б.Чаршанбиев

                  Жиноят ишлари бўйича Ангор  туман суди девонхона мудири

ЖИНОЯТ ПРОЦЕССИДА ШАХСНИ РЕАБИЛИТАЦИЯ ЭТИШ АСОСЛАРИ ВА УНИНГ ҲУҚУҚИЙ ОҚИБАТЛАРИ

Жиноят процессидаги реабилитация институти ҳақида сўз юритишдан аввал “реабилитация” сўзининг маъноси ва ушбу тушунча қайси соҳаларда қўлланилиши ҳақида хабардор бўлиш мақсадга мувофиқдир.

“Реабилитация” сўзи лотинча “rehabilitatio” сўзидан олинган бўлиб, “тиклаш” деган маънони англатади. Реабилитация тушунчаси юридик соҳадан ташқари, тиббиёт ва ижтимоий соҳадан ҳам қўлланилади.  

Хусусан, тиббий реабилитация деганда – организмнинг бузилган фаолиятини, беморлар ва ногиронларнинг меҳнат қобилиятини тиклашга қаратилган тиббий, педагогик, психологик чора-табирлар мажмуи тушунилади.

Ижтимоий реабилитация деганда эса – ногиронлик, миграция, одам савдоси, ишсизлик ва бошқа шу каби муаммолар оқибатида шахс ёки шахслар гуруҳининг йўқолган ёки чекланган ижтимоий ҳуқуқларини тиклашга қаратилган чора-тадбирлар мажмуи тушунилади.

Тарихдан маълумки, шўролар давридаги қатағон қурбонлари шунингдек, ўз ватанларидан мамлакатнинг олис жойларига мажбурий равишда кўчирилган айрим халқлар ҳам реабилитация этилган.

Реабилитация ҳуқуқий давлат, адолатли фуқаровий жамият қуришнинг муҳим шартларидан ҳисобланади.

Жиноят процессида шахсни реабилитация этиш деганда ‑ жиноят содир этишда асоссиз гумон қилинган ёхуд айбланган шахснинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр қимматининг тикланиши тушунилади.

Маълумки, жиноят процессида шахс тўла ёки қисман реабилитация этилиши мумкин. Шахс Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг (кейинги ўринларда ЖПК) 83-моддасида назарда тутилган асосларга кўра айбсиз деб топилиб, жиноий жавобгарликдан батамом озод қилинган ҳолларда у тўла реабилитация этилган ҳисобланади.

ЖПКнинг 83-моддасига кўра, гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи қуйидаги ҳолларда айбсиз деб топилади ва реабилитация этилиши лозим:

1) иш қўзғатилган ва тергов ҳаракатлари ёки суд муҳокамаси ўтказилган иш бўйича жиноий ҳодиса юз бермаган бўлса;

2) унинг қилмишида жиноят таркиби бўлмаса;

3) унинг содир этилган жиноятга дахли бўлмаса.

Шунингдек, ЖПКнинг 303-моддасига кўра, шахсни қисман реабилитация этиш учун қуйидагилар асос бўлади:

1) шахснинг қамоқда ёки уй қамоғида сақлаб турилганига қараганда камроқ муддатга озодликдан маҳрум этишга ёки озодликни чеклашга ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазога ҳукм қилинганлиги;

2) ҳукмдан айбловнинг қисман чиқариб ташланганлиги ва бунинг натижасида қонунга кўра қамоқда ёки уй қамоғида сақлаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш мумкин эмаслиги;

3) озодликдан маҳрум қилиш ёки озодликни чеклаш муддатининг юқори суд томонидан ҳақиқатда ўталган муддатга қараганда камайтирилганлиги ёхуд бошқа енгилроқ жазо тури билан алмаштирилганлиги;

4) жиноий жазо тайинламай ҳукм чиқарилган ҳолларда ушлаб туриш, қамоққа олиш ёки уй қамоғининг, тиббий муассасага жойлаштиришнинг асоссизлиги.

Шахс тўла реабилитация этилган ҳолларда, унда мулкий, маънавий зиённи тўлиқ қоплашни ва бошқа ҳуқуқларини тўлиқ тиклашни талаб қилиш ҳуқуқи пайдо бўлади.

Қисман реабилитация этиш эса айбланувчига ёки маҳкумга етказилган мулкий зиённинг асоссиз қисми қопланишига ва маънавий зиён оқибатларининг асоссиз қисми бартараф қилинишига сабаб бўлади.

Реабилитация этилган шахсга қуйидаги мулкий зиёнлар қопланиши лозим бўлади:

1) реабилитация этилган шахс ўзига нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида маҳрум бўлган иш ҳақи ва меҳнатдан топиладиган бошқа даромадлар;

2) пенсия ва нафақалар, башарти уларни тўлаш тўхтатиб қўйилган бўлса;

3) пуллар, пул жамғармалари ва уларга тўланадиган фоизлар, давлат заёми облигациялари ва уларга чиққан ютуқлар, акциялар ва бошқа қимматли қоғозлар, шунингдек суднинг ҳукми, ажримига (қарорига) асосан мусодара қилинган ёхуд давлат фойдасига ўтказилган ашёлар ёхуд бошқа мол-мулкнинг қиймати;

4) суриштирув, дастлабки тергов органлари ёки суд томонидан олинган ва йўқотилган мол-мулк қиймати;

5) суд ҳукмини ижро қилиш чоғида ундирилган жарималар ва суд чиқимлари;

6) юридик ёрдам кўрсатилиши учун шахс томонидан адвокатлар бюросига, ҳайъатига ёки фирмасига тўланган пул, шунингдек унга нисбатан содир этилган қонунга хилоф ҳаракатлар натижасида қилинган бошқа харажатлар.

Реабилитация этилган шахс вафот этган тақдирда юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнларни (пенсия ва нафақалардан ташқари) ундириш ҳуқуқига унинг меросхўрлари, пенсия ва нафақаларни ундириш ҳуқуқига эса боқувчисини йўқотганлик пенсияси билан таъминланиши лозим бўлган шахслар жумласига кирувчи оила аъзолари эга бўладилар.

Юқорида кўрсатиб ўтилган мулкий зиёнлар (пенсия ва нафақалардан ташқари) молия органлари томонидан, пенсия ва нафақалар эса Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси бўлимлари томонидан давлат бюджети ҳисобидан қопланади.

Бундан ташқари,  реабилитация этилган шахс қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани, эҳтиёт чораси сифатида қонунга хилоф равишда қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши қонунга хилоф равишда тўхтатиб турилгани, ишда айбланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилингани туфайли вазифасидан қонунга хилоф равишда четлаштирилгани ёхуд тиббий муассасага қонунга хилоф равишда жойлаштирилгани натижасида унга етказилган мулкий зарарни ундириш ҳамда маънавий зиён оқибатлари бартараф этилишини талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Шунингдек, қонунга хилоф равишда ҳукм қилингани, қонунга хилоф равишда тиббий муассасага жойлаштирилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қонунга хилоф равишда қамоққа олингани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, қонунга хилоф равишда ушлаб турилгани туфайли ишдан (лавозимидан) озод қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи тариқасида иштирок этишга жалб қилиниши муносабати билан лавозимидан қонунга хилоф равишда четлаштирилган шахс олдин ишлаган ишига (лавозимига) тикланиши лозим. Корхона, муассаса, ташкилот тугатилган ёки қонунда назарда тутилган бошқа асослар уни олдинги ишлаб турган ишига (лавозимига) тиклаш имкониятини бермаган тақдирда, унга аввалгисига тенг бошқа иш (лавозим) берилиши лозим.

Шу билан бирга, реабилитация этилган шахснинг қонунга хилоф равишда эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақланган ёки уй қамоғида бўлган вақти, жазо ўтаган вақти, лавозимидан четлаштирилганлиги туфайли ишламай юрган вақти, тиббий муассасада сақланган вақти умумий меҳнат стажига ва ихтисослик бўйича иш стажига қўшилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани, эҳтиёт чораси тариқасида қамоқда сақлангани ёки уй қамоғига жойлаштирилгани, ушлаб турилгани ёки тиббий муассасага жойлаштирилгани туфайли ўқув юртидан ҳайдалган шахс илтимосига кўра ўқишга тикланиши шарт.

Қонунга хилоф равишда ҳукм этилгани ёки тиббий йўсиндаги мажбурлов чоралари қўлланилгани туфайли уй-жойдан фойдаланиш ҳуқуқидан маҳрум бўлган шахсга илгари у эгаллаб турган уй-жой қайтарилади, башарти уни қайтариб беришнинг имкони бўлмаса, ўша аҳоли пунктининг ўзида аввалгисига тенг қулайликларга эга бўлган уй-жой берилади.

Қонунга хилоф равишда ҳукм қилинганлиги ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинганлиги муносабати билан паспортининг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тўхтатиб турилган шахсга янги паспорт (ҳаракатланиш ҳужжати) бериш йўли билан паспортнинг (ҳаракатланиш ҳужжатининг) амал қилиши тикланади.

Шунингдек, шахс ушлаб турилганлиги, қамалганлиги ёки уй қамоғида турганлиги, лавозимидан четлаштирилганлиги, тиббий муассасага жойлаштирилганлиги ёки ҳукм қилинганлиги тўғрисидаги маълумотлар матбуотда эълон қилинган, радио, телевидение ёки бошқа оммавий ахборот воситалари орқали тарқатилган бўлса, реабилитация этилган шахснинг, у вафот этган бўлса, қариндошларининг, суд, прокурор, терговчининг ва суриштирувчининг талабига кўра тегишли оммавий ахборот воситалари унинг реабилитация этилганлиги тўғрисида бир ой ичида хабар беришлари шарт.

Мулкий зиён тўланишини манфаатдор шахслар терговчи, прокурор ёки суддан 2 йил мобайнида, бошқа ҳуқуқларни тиклашни 1 йил мобайнида талаб қилишлари мумкин. Хулоса сифатида айтиш мумкинки, асоссиз жиноий жавобгарликка тортилган ёки ҳукм қилинган шахснинг реабилитация этилиши нафақат ўша шахс, унинг оиласи ва яқин қариндошлари учун ҳам, балки бутун жамиятимиз учун ҳам адолат тантанаси бўлиб ҳисобланади.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

Skip to content