Термиз туманлараро иқтисодий суди судьялари иштирокида Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти, тугатишга доир иш юритиш тартиб-таомиллари, суд бошқарувчиларининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, иш юритиш доирасида юзага келаётган айрим масалалар ҳамда уларнинг ечимига бағишланган семинар ташкил этилди.
Семинарда судьялар, вилоят прокуратураси ва вилоят солиқ бошқармаси масъул ходимлари ҳамда суд бошқарувчилари иштирок этишди.
Бозор иқтисодиёти шароитида ҳар қандай корхона ёки тадбиркорлик фаолиятида молиявий қийинчиликлар юзага келиши табиий ҳолат. Бунга бир қатор омиллар: хусусан, корхонада нотўғри молиявий бошқарув сиёсати, ишлаб чиқариш харажатларининг ошиб кетиши, бозор талабининг камайиб кетиши, қарз юкининг ошиб кетиши ва бошқалар сабаб бўлиши мумкин. Мана шундай ҳолатларда қарздорлик миқдори ортиб кетиши оқибатида мажбуриятларни ўз вақтида бажариш имконияти йўқолиб, банкротлик ҳолати юзага келади.
Банкротлик – бу қарздорнинг кредиторлар олдидаги пул мажбуриятларини бажара олмаслиги ҳолати бўлиб, у фақат суд тартибида эътироф этилади. Банкротлик жараёни орқали қарздорнинг молиявий ҳолати тикланиши мумкин ёки унинг акси, фаолияти тугатилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, банкротлик – бу иқтисодий фаолиятнинг якунланиши эмас, балки айрим ҳолларда корхонани соғломлаштириш имконияти ҳамдир. Тўғри ва шаффоф ташкил этилган банкротлик жараёни тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади, кредиторлар манфаатларини таъминлайди ҳамда иқтисодиётда соғлом рақобат муҳитини шакллантиради.
Ўзбекистон Республикасининг “Тўловга қобилиятсизлик тўғрисида”ги Қонуни қарздор ва кредиторлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, шунингдек иқтисодий барқарорликни таъминлашга, юридик ва жисмоний шахсларнинг, шунингдек якка тартибдаги тадбиркорларнинг тўловга қобилиятсизлиги соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган ушбу соҳадаги асосий норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан бири ҳисобланади.
Тадбирни ташкил этишдан мақсад – тўловга қобилиятсизликка доир иш юритиш жараёнида кредиторлар ва ўзига нисбатан тўловга қобилиятсизликка доир иш юритилаётган қарздор корхоналарнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш, сохта банкротлик ёки қасддан банкротликка олиб келинганлиги ҳолатлари юзасидан айбдор шахсларнинг қонунда белгиланган тартибда жавобгарлик масалаларига алоҳида эътибор қаратиш ҳисобланади.
Семинар сўнгида билдирилган таклиф ва мулоҳазалардан келиб чиқиб, тегишли чора-тадбирлар белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси аҳолиси сонининг йилдан-йилга ошиб бориши натижасида урбанизация жараёнлари ҳам жадаллашиб, аҳоли тиғиз жойлашган ҳудудларда кўп қаватли уйларга бўлган эҳтиёж ҳам кун сайин ортиб бормоқда.
Мазкур жараёнларнинг барқарор давом этиши кўп квартирали уйларни бошқариш тизимига замон талабига мос келадиган тартиб-қоидаларни жорий этиб бориш талабини ҳам кун тартибига қўяди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 5 февралдаги “Кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ-48-сонли Қарори билан ушбу соҳани тартибга солишга қаратилган бир қатор нормалар белгилаб берилди.
Қарорга кўра, кўп квартирали уйларни таъмирлаш, реконструкция қилиш ва туташ ҳудудларни ободонлаштириш йўналишида марказлашган манбалар ҳисобидан амалга ошириладиган инвестиция лойиҳаларини саралаш ва амалга оширишда қуйидаги тартиб ўрнатилади:
-лойиҳа таклифлари Халқ депутатлари туман ва шаҳар кенгашларида муҳокама қилиниши ва фақатгина уларнинг қарори билан маъқуллангандан кейин амалга оширилиши шарт;
-шакллантирилган лойиҳа таклифлари бўйича лойиҳаолди тадқиқотлари маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, кўп квартирали уйларнинг бошқарувчилари, лойиҳа ташкилотлари билан биргаликда ҳар бир ҳудуднинг хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўтказилади;
-кўп квартирали уйларнинг туташ ҳудудидаги барча дарахт ва буталар бошқарувчилар томонидан хатловдан ўтказилиб, маълумотлар “Менинг уйим” ахборот биллинг тизимида акс эттириб борилади.
Кўп квартирали уйлардаги марказлашган ичимлик суви истеъмолчиларига дарахт ва буталарни суғориш ишларини ҳисоблагичлар ўрнатган ҳолда сутканинг ҳар қандай вақтида амалга оширишга рухсат берилади.
2026 йил 1 июлдан бошлаб эса:
Тошкент шаҳрида кўп квартирали уйларда умумий йиғилиш ўтказишни ташаббус қилиш, ўтказиш ва қарор қабул қилиш, шартномаларни тузиш, бошқарувчилар томонидан мурожаатларни қабул қилиш ва уларни кўриб чиқиш фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизимида амалга оширилади, 2027 йилдан бошлаб мазкур тартиб республиканинг барча ҳудудларига татбиқ этилади.
Мажбурий тўловлар ва кўп квартирали уйларда умумий мол-мулкни ижарага ва фойдаланишга беришдан тушадиган тўловлар ҳисоби фақат “Менинг уйим” ахборот биллинг тизими орқали юритилади.
Таъкидлаш жоизки, ўрнатилаётган мазкур тартиблар соҳага инсон омили аралашувини сезиларли даражада камайтириш ва ушбу соҳани рақамлаштириш йўлида ташланган катта қадам бўлиб, кўп квартирали уйларни бошқариш тизимини онлайн кузатиб бориш ҳамда унинг устидан жамоатчилик назоратини ўрнатишга ҳизмат қилади.
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 3-бўлимида қон-қариндошлик ва болаларнинг насл-насабини белгилаш тўғрисида қоидалар мавжуд.
Мазкур қоидаларга кўра, бир умумий учинчи шахсдан (аждоддан) келиб чиққан шахслар қариндошлар ҳисобланади. Икки шахс ўртасидаги тўғри шажара бўйича қариндошликнинг яқинлиги қариндошлик даражаси, яъни туғилиш сони билан белгиланади.
Болалар ота-онасига нисбатан тўғри шажарадаги биринчи, невара бобосига, бувисига нисбатан — иккинчи, эвара катта бобосига, катта бувисига нисбатан — учинчи даражадаги қариндош ҳисобланади ва ҳоказо.
Ака-ука, опа-сингил, уларнинг болалари, ота-онанинг ака-ука ва опа-сингиллари ҳамда уларнинг болалари, бобо ва бувиларнинг ака-ука ҳамда опа-сингиллари ва уларнинг болалари ва шунга ўхшашлар ён шажара бўйича қариндошлар ҳисобланади ва ҳоказо.
Тўғри шажара бўйича қариндошлар ён шажара бўйича қариндошларга нисбатан яқинроқдир.
Икки шахс ўртасида қариндошликнинг узоқ-яқинлигини аниқлашда, даражаларнинг сони ёки шу шахслардан бирининг ўзини ҳисобга қўшмай туриб, ундан келиб чиққан авлодлар сони ҳисобга олинади.
Ҳисоб аждодлар томон тўғри шажара бўйича улар учун умумий бўлган шахсга (аждодга) қараб ва ундан эса, авлодлар томон – улардан бошқасига қараб олиб борилади.
Туғишган ака-ука ва опа-сингил қариндошликнинг иккинчи даражасида, тоға ва амаки, амма ва хола ўз жиянлари билан қариндошликнинг – учинчи, тоғавачча, амакивачча, аммавачча ва холаваччалар эса – тўртинчи даражасида турадилар.
Ака-ука ва опа-сингиллар ёт аралашмаган ва ёт аралашган қариндош бўлиши мумкин. Ака-ука ва опа-сингиллар бир ота-онадан келиб чиққан бўлса, ёт аралашмаган, ота бир она бошқа ёки аксинча она бир ота бошқа бўлса, ёт аралашган қариндош ҳисобланади. Ёт аралашмаган қариндошликда ака-ука ва опа-сингиллар туғишган, ёт аралашган қариндошликда эса, ака-ука ва опа-сингиллар ўгай ҳисобланади.
Эр-хотиннинг илгариги никоҳларидан бўлган болалари ўзаро қариндош ҳисобланмайди.
Эр (хотин) ва унинг яқин қариндошлари билан хотин (эр) қариндошларининг бир-бирига нисбатан муносабатлари (қайин-бўйинчилик ва қуда-андачилик) ўзаро ҳуқуқ ва мажбуриятларни келтириб чиқармайди.
Боланинг шу онадан туғилганлиги (оналик) фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органи томонидан тиббий муассасанинг ҳужжатларига кўра, бола тиббий муассасада туғилмаган ҳолда эса, бошқа далилларга асосан белгиланади.
Аёлнинг никоҳ тузилгандан кейин ёки эрининг ўлими, никоҳдан ажратилганлиги ёхуд никоҳ ҳақиқий эмас деб топилганлиги туфайли никоҳ тугаганидан сўнг уч юз кун ичида туғилган боласи никоҳда туғилган бола ҳисобланади.
Агар никоҳ тугаганидан кейин уч юз кун ичида бола туғилса ва бу даврда аёл янги никоҳга кирган бўлса, бола янги никоҳда туғилган ҳисобланади. Бундай ҳолларда собиқ эр ёки унинг ота-онаси боланинг насл-насаби хусусида низолашиш ҳуқуқига эга.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган шахснинг оталиги ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс ва онанинг фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд қилиш органига биргаликда топширган аризасига биноан белгиланади.
Она вафот этганда, суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилганда, онанинг қаердалигини аниқлаш имконияти бўлмаганда ёки у оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинганда, оталик васийлик ва ҳомийлик органи билан келишилган ҳолда ўзини боланинг отаси деб тан олаётган шахснинг аризасига биноан белгиланади.
Боланинг отаси суд томонидан муомалага лаёқатсиз деб топилган бўлса, оталикни белгилаш тўғрисидаги аризани унинг номидан васийлик ва ҳомийлик органининг рухсати билан унинг ҳомийси бериши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги ариза боланинг туғилганлигини қайд этиш вақтида, шунингдек бола туғилганлиги қайд этилгандан кейин ҳам берилиши мумкин. Агар оталикни белгилаш тўғрисида бола туғилгандан сўнг эр-хотин биргаликда ариза беришининг имкони бўлмай қолиши ёки мушкул бўлишини кўрсатувчи асослар мавжуд бўлса, туғилажак боланинг ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онаси шундай аризани она ҳомиладорлик вақтида фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига беришга ҳақли.
Оталикни белгилаш рад этилганда, ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс суд тартибида шикоят қилиши мумкин.
Ўзаро никоҳда бўлмаган ота-онадан бола туғилган тақдирда, ота-онанинг биргаликдаги аризаси ёки бола отасининг аризаси бўлмаса, ушбу Кодекснинг 61-моддасида кўрсатилган ҳолларда оталик суд тартибида белгиланиши мумкин.
Оталикни суд тартибида белгилаш ота-онадан бирининг ёки боланинг васийси (ҳомийси)нинг ёхуд бола кимнинг қарамоғида бўлса, шу шахснинг аризасига, шунингдек бола вояга етганидан кейин унинг ўзи берган аризага мувофиқ амалга оширилади.
Оталикни белгилаётганда суд боланинг онаси бола туғилишига қадар жавобгар билан бирга яшаганлиги ва умумий рўзғор юритганлиги ёки улар болани биргаликда тарбиялаганликлари ёхуд таъминлаб турганликларини ёки жавобгарнинг оталикни тан олганлигини аниқ тасдиқловчи бошқа далилларни эътиборга олади.
Боланинг онаси билан никоҳда бўлмаган, лекин ўзини боланинг отаси деб тан олган шахс вафот этган тақдирда унинг оталик факти суд томонидан белгиланиши мумкин.
Оталикни белгилаш тўғрисидаги суднинг ҳал қилув қарори қонуний кучга киргандан кейин суд шу қарор нусхасини бола туғилганлиги рўйхатга олинган жойдаги фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш органига юборади.
Туғилишни ёзиш дафтаридаги туғилишга оид ёзув боланинг унда кўрсатилган ота-онадан туғилганлигини тасдиқловчи далил ҳисобланади.
Боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс унга бундай ёзув маълум бўлган ёки маълум бўлиши лозим бўлган вақтдан эътиборан бир йил мобайнида ана шу ёзув тўғрисида суд тартибида эътироз билдиришга ҳақлидир. Агар шу вақтга келиб, боланинг отаси ёки онаси деб ёзилган шахс вояга етмаган бўлса, бир йиллик муддат мазкур шахс ўн саккиз ёшга тўлган вақтдан бошлаб ҳисобланади.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексидаги қоидалар қариндошлик муносабатларининг ҳуқуқий асосларини белгилаш орқали оилавий-ҳуқуқий муносабатларни тартибга солиш ва ҳуқуқий аниқликни таъминлашга ҳизмат қилади.
Маълумки, иқтисодий суд ишларини юритишдан кўзланган асосий мақсад иқтисодиёт соҳасида корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ёхуд қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, иқтисодиёт соҳасида қонунийликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашишдан иборат.
Сўнгги йилларда мамлакатимизда иқтисодий муносабатлар ривожланиб, нафақат маҳаллий даражада, балки халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий мамлакатлар билан савдо-иқтисодий ва тадбиркорлик муносабатлари жадал суръатларда ўсиб бормоқда.
Табиийки, ушбу жараёнда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа юридик шахслар чет эл корхоналари ва ташкилотлари билан турли шартномавий-ҳуқуқий муносабатларга киришадилар ҳамда тарафлар ўртасида келиб чиққан низолар шартнома шартларидан келиб чиқиб, чет давлат судлари ҳамда арбитражлари томонидан мазмунан кўриб чиқилиши мумкин.
Шундай ҳолларда чет давлат судлари ҳамда арбитражлари томонидан мазмунан кўриб чиқилган иш юзасидан қабул қилинган қарорларни Ўзбекистон Республикасида тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризалар Ўзбекистон Республикасининг Иқтисодий процессуал кодексида ҳамда Ўзбекистон Республикасининг халқаро ва иккитомонлама шартномалари, қолаверса давлатимиз томонидан ратификация қилинган халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар асосида ҳал этилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 248-моддасига кўра, чет давлатлар судларининг ва арбитражларининг иқтисодиёт соҳасида юзага келадиган низолар ҳамда бошқа ишлар бўйича қабул қилинган ҳал қилув қарорлари, агар бундай қарорларни тан олиш ва ижрога қаратиш Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномалари ҳамда қонунчилигида назарда тутилган бўлса, улар Ўзбекистон Республикаси иқтисодий судлари томонидан тан олинади ва ижрога қаратилади.
Чет давлат судининг ва арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ҳамда ижрога қаратиш масалалари иқтисодий суд томонидан низо бўйича ҳал қилув қарори ўз фойдасига чиқарилган тарафнинг аризаси бўйича ҳал этилади.
Ушбу Кодекс мақсадлари учун чет давлат суди деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этувчи ваколатли органи тушунилади, чет эл арбитражи деганда чет давлатнинг тарафлар ўртасидаги низони ҳал этиш учун доимий ёки вақтинча асосда фаолият кўрсатадиган нодавлат ташкилоти тушунилади.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарори, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, у қонуний кучга кирган пайтдан эътиборан уч йил муддат ичида, тан олиш ва ижрога қаратиш учун тақдим этилиши мумкин.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза аризачи томонидан Қорақалпоғистон Республикаси суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларига қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи бўйича ёхуд, агар қарздорнинг жойлашган ери ёки яшаш жойи номаълум бўлса, қарздор давлат рўйхатидан ўтказилган жой бўйича берилади.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 251-моддасига кўра, агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризага қуйидагилар илова қилинади:
▶ аризачи тан олиш ва ижрога қаратишни сўраётган чет давлат судининг ҳал қилув қарори ёки унинг чет давлатнинг ёки Ўзбекистон Республикасининг ваколатли органи томонидан тасдиқланган кўчирма нусхаси;
▶ агар ҳал қилув қарори матнининг ўзида кўрсатилмаган бўлса, ҳал қилув қарорининг қонуний кучга кирганлигини тасдиқловчи расмий ҳужжат;
▶ ҳал қилув қарори қисман ижро этилганлиги тўғрисидаги ҳужжат, агар у тегишли чет давлат ҳудудида илгари ижро этилган бўлса;
▶ ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган ва суд процессида иштирок этмаган тараф ишни кўриш вақти ҳамда жойи тўғрисида ўз вақтида ва тегишли тартибда хабардор қилинганлигини англатувчи ҳужжат;
▶ вакилнинг ваколатларини тасдиқловчи ишончнома ёки бошқа ҳужжат;
▶ чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги аризанинг кўчирма нусхаси қарздорга юборилганлигини тасдиқловчи ҳужжат;
▶ агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, белгиланган тартибда ва миқдорда давлат божи ҳамда почта харажатлари тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжатлар;
▶ агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, ушбу модданинг 1-5-бандларида кўрсатилган ҳужжатларнинг белгиланган тартибда тасдиқланган давлат тилидаги таржимаси.
Чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратиш тўғрисидаги ариза, агар Ўзбекистон Республикасининг тегишли халқаро шартномаларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, иқтисодий судга келиб тушган кундан эътиборан олти ойдан ошмаган муддатда суд мажлисида кўрилади.
Ишда иштирок этувчи шахслар суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ажрими билан хабардор қилинади. Суд мажлисининг вақти ва жойи тўғрисида тегишли тарзда хабардор қилинган шахсларнинг келмаганлиги ишни кўриш учун тўсқинлик қилмайди.
Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишни рад этиш асослари мавжуд ёки мавжуд эмаслигини билдирилган талаблар ва эътирозларни асословчи далилларни текшириш йўли билан аниқлайди. Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди ишни кўришда чет давлат судининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини мазмунан қайта кўриб чиқишга ҳақли эмас.
Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодексининг 255-моддасига кўра, Ўзбекистон Республикасининг иқтисодий суди чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тўлиқ ёки қисман тан олишни ва ижрога қаратишни қуйидаги ҳолларда рад қилади, агар:
▷ ҳудудида ҳал қилув қарори қабул қилинган давлатнинг қонуни бўйича у қонуний кучга кирмаган бўлса, бундан ҳал қилув қарори қонуний кучга кирмасдан ижро этилиши лозим бўлган ҳоллар мустасно;
▷ ўзига қарши ҳал қилув қарори қабул қилинган тараф ишни кўриш вақти ва жойи ҳақида ўз вақтида ва тегишли тарзда хабардор қилинмаган ёки бошқа сабабларга кўра ўз тушунтиришларини судга тақдим эта олмаган бўлса;
▷ Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасига ёки қонунчилигига мувофиқ ишни кўриш Ўзбекистон Республикаси судининг мутлақ ваколатига тааллуқли бўлса;
▷ айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан қабул қилинган, Ўзбекистон Республикаси судининг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарори мавжуд бўлса;
▷ айни бир шахслар ўртасидаги, айни бир предмет тўғрисидаги ва айни бир асослар бўйича низо юзасидан чет давлат судида иш юритиш қўзғатилгунга қадар қўзғатилган иш Ўзбекистон Республикасининг судида кўрилаётган бўлса;
▷ чет давлат судининг ҳал қилув қарорини мажбурий ижрога қаратиш муддати ўтган ва ушбу муддат суд томонидан тикланмаган бўлса;
▷ тараф томонидан низо ваколатсиз чет давлат суди томонидан ҳал этилганлигини тасдиқловчи далил тақдим қилинган бўлса;
▷ ҳал қилув қарори чет давлатнинг ваколатли органи томонидан бекор қилинган бўлса;
▷ ҳал қилув қарори чет давлат судларининг ҳал қилув қарорларини тан олиш ва ижрога қаратиш билан боғлиқ Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг иштирокчиси бўлмаган чет давлат суди томонидан чиқарилган бўлса;
▷ чет давлат суди ҳал қилув қарорининг ижро этилиши Ўзбекистон Республикасининг суверенитетига, хавфсизлигига зарар етказса ёки қонунчилигининг асосий принципларига зид бўлса.
Чет давлат судининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижро этиш Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларида назарда тутилган бошқа асосларга кўра ҳам рад этилиши мумкин.
Таъкидлаш лозимки, бугунги кунда иқтисодий судлар чет давлат судларининг ёки арбитражининг ҳал қилув қарорини тан олиш ва ижрога қаратишда бир қатор халқаро конвенциялар, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари ва бошқа ҳужжатларни белгиланган тартибда қўллаган ҳолда мазкур тоифадаги аризаларни ҳал этиб келмоқда.
Жумладан, МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1992 йил 20 мартида Киевда тузилган “Хўжалик ишлари билан боғлиқ низоларни ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги Келишувнинг 7-моддасида МДҲга аъзо бўлган давлатлар ўзаро ваколатли судларнинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорларини тан олишлари ва ижрога қаратишлари белгиланган.
Мазкур Келишувнинг 8-моддасида ҳал қилув қарори юзасидан чиқарилган ижро ҳужжатини ижро этиш ундирувчининг илтимосномасига асосан амалга оширилиши назарда тутилган.
МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда қўлланиладиган яна бир муҳим ҳужжат бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 2002 йил 7 октябрда Кишинёвда тузилган “Фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция ҳисобланади.
Мазкур конвенциянинг 54-56-моддаларида иштирокчи давлатлар томонидан бошқа иштирокчи давлатнинг судлари ва адлия идораларининг ҳукмлари ва қарорлари тан олиниши ва ижро этилиши тартиби ҳақидаги қоидалар белгиланган.
Бундан ташқари, МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда қўлланиладиган яна бир халқаро ҳуқуқий ҳужжат бу Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги давлатлари ўртасида 1993 йил 22 январда Минскда тузилган “Фуқаролик, оила ва жиноий ишлар бўйича ҳуқуқий ёрдам ва ҳуқуқий муносабатлар тўғрисида”ги Конвенция ҳисобланади.
Ушбу ҳужжатнинг 3-бўлим 51-55-моддалари бевосита иштирокчи давлатлар томонидан бошқа иштирокчи давлатнинг судлари ва адлия идораларининг ҳукмлари ва қарорлари тан олиниши ва ижро этилиши ҳақидаги қоидаларни тартибга солишга қаратилган.
Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, иқтисодий судлар томонидан МДҲ иштирокчи-давлатлар судларининг ҳал қилув қарорларни тан олиш ва ижрога қаратишда Ўзбекистон Республикаси Иқтисодий процессуал кодекси билан бирга юқоридаги халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар нормаларининг қўлланилиши қонунчилик ҳужжатларининг тўғри ва бир хилда қўлланилишини таъминлаши билан бирга, мамлакатимизда чет эл корхона ва ташкилотларининг ҳуқуқлари қонунчиликда белгиланган тартибда суд йўли билан ҳимоя қилиниши ҳамда давлатимизнинг инвестицион жозибадорлигини оширишга ҳам хизмат қилади.
АСҚАР МАМАРАИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Мамлакатимизда китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, янги нашрлар ва таржималарни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш, кутубхоналар ва таълим даргоҳларини касбий ҳамда соҳавий адабиётлар билан таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 15 январда “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПҚ-9-сонли Қарори қабул қилинди.
Ушбу қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад этиб, 2026-2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (бир одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш белгиланган.
Мазкур Қарорнинг 7-бандига кўра, 2026 йил 1 февралдан бошлаб давлат органларининг китоб ва китобхонлик ҳақидаги рекламалари ижтимоий ахборот (реклама) сифатида тан олиниши, транспорт инфратузилмаси объектлари ва транспорт воситаларида (автобус, метро, самолёт, поездлар) симсиз ёки мобил интернет тармоғи орқали «Mutolaa» платформасидан фойдаланиш имкониятлари яратилиши, қулайлик учун QR кодлар ўрнатилиши белгиланган.
Бундан ташқари, ушбу Қарорга мувофиқ барча вазирлик ва идораларда 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда «Китоб бурчаги» ташкил этилиши, ходимлар учун ҳар ойда «Китоб ўқиш соати» йўлга қўйилиши, китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилиши, танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга Бюджет ташкилотлари ходимларини моддий рағбатлантириш махсус фонди ҳисобидан бир ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилиши белгиланган.
Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари томонидан ушбу қарорнинг қабул қилинишидан асосий мақсад аҳолининг китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш ҳисобланади.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 248-моддасида ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи учун жиноий жавобгарлик белгиланган.
Музработлик Аннарўзи Маллаевнинг (исм-шарифлар ўзгартирилган) отаси илгари овчилик фаолияти билан шуғулланган вақтида «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли 16 мм калибирли ўқотар ов қуроли бўларди. Ушбу ов қуролидан тегишли тартибда рухсатнома олган ҳолда фойдаланган. Аммо ота 1980 йилда вафот этади. Отанинг вафотидан сўнг Аннарўзи ушбу ўқотар ов қуролини ўз номига ҳужжатлаштириб, тегишли лицензия ва рухсатнома олиш ёки ҳуқуқтартибот идора вакилларига топшири керак эди.
Аксинча, у шу кунга қадар яшаш хонанинг ичидаги темир сейфда 1961 йилда Ижевск қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилган бир дона ушбу ўқотар ов қуролини тегишли лицензиясиз ва рухсатномасиз қонунга хилоф равишда сақлаб келган. Буни пайқаган тезкор-қидирув орган ходимлари 2025 йил 08 ноябрь куни Аннарўзидан қўотар ов қуролини тегишли тартибда расмийлаштириб олади.
Сурхондарё вилояти Ички ишлар бошқармаси эксперт-криминалистика маркази мутахасисларининг хулосасига кўра, Аннарўзи Маллаевдан ашёвий далил сифатида олинган ов қуроли 1961 йилда собиқ СССР нинг Ижевский қурол-яроқ ишлаб чиқарувчи заводида ишлаб чиқарилганлиги, ашёвий далил сифатида олинган 1 (бир) дона «ИЖ-58» русумли Я-2542 рақамли16 мм калибирли ов қуроли бўлиб, ушбу қурол ўт очиш яроқли бўлган ов қуроллари туркумига киришлиги аниқланган.
Аниқланган ҳолат бўйича Аннарўзи Маллаевга жиноий иш қўзғатилди, судда у айбга тўлиқ иқрорлигини билдириб, отасидан қолган ов қуроли эски бўлганлиги сабабли ов қуролидан анча йиллар олдин бир маротаба фойдаланганлиги, шундан сўнг ушбу қуролдан фойдаланмасдан ўзи турадиган хонадаги темир сейфда сақлаб келганлигини, ов қуролини ҳужжатлари йўқлигини, қилган ишидан чин кўнгилдан пушаймонлигини билдирди.
Суд унинг содир этган жиноятини ижтимоий хавфлилик даражасини, жазони енгиллаштирувчи ва оғирлаштирувчи ҳолатларини ҳуқуқий баҳолаб, қилмишига мос жазо тайинлади.
Хулоса қилиб айтганда, бу жиноят ишини баён этишдан мақсад – ҳаётда ҳар бир жиноий қилмиш жазосиз қолмаслигини таъкидлашдир.
Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг 2026 йил 13 январдаги 2-мҳ-сон буйруғи билан тасдиқланган “Нотариуслар томонидан ижро хатларини ёзиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги Низомга кўра, ижро хати нотариуслар томонидан берилиши белгиланди.
Мазкур буйруқ Ўзбекистон Республикаси Нотариал палатаси билан келишилган ва 2026 йил 1 мартдан эътиборан кучга киради.
Нотариус томонидан ижро хати нотариал идора биносида, видеоконференцалоқа орқали, электрон шаклда ёки мурожаат қилувчиларнинг хоҳишига кўра нотариал идора биносидан ташқарида (сайёр тартибда) ёзилади.
Низомнинг 25-бандига кўра, ижро хати тақдим этилган ҳужжатлар қарздорнинг ундириб олувчидан қарздор эканлиги ёки бошқа мажбуриятини шубҳасиз тасдиқласа, мажбурият бажарилмаган ёки лозим даражада бажарилмаганда даъво қилиш ҳуқуқи вужудга келган кундан бошлаб уч йилдан ортиқ вақт ўтган бўлмаса ёзилади. Агар ижро хати бериш ҳақидаги талаб учун қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлса, ижро хати шу муддат ичида берилади.
Низомнинг 26-бандига кўра, нотариуслар томонидан базавий ҳисоблаш миқдорининг бир минг бараваригача бўлган қуйидаги фуқаролик-ҳуқуқий низосиз талаблар бўйича ижро хати ёзилади: нотариал тасдиқланган битимларга асосланган талаб; ёзма ва нотариал тасдиқланган битим мавжуд бўлган тақдирда, ундирувни қарздорнинг мажбуриятлари бажарилишининг таъминоти бўлган кўчар мол-мулкка қаратиш тўғрисида талаб; ижара тўловлари, кўп квартирали уйлардаги жойларнинг мулкдорларидан мажбурий бадаллар ва тўловлар, коммунал ва алоқа хизматлари бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида талаблар.
Ижро хати, агар қонунчиликда бошқа муддат белгиланган бўлмаса, у ёзилган кундан бошлаб уч йил муддат ичида мажбурий ижро учун тақдим этилиши мумкин.
Ижро хатини тақдим этишнинг ўтказиб юборилган муддатини, шунингдек ижро хати бўйича ундиришни тиклаш қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ амалга оширилади.
Нотариус ижро хатини ёзгандан сўнг уни ундирувчи ва қарздорга (унинг оила аъзоларидан бирига) топшириши ёки уларга почта ёхуд бошқа алоқа воситалари орқали, шу жумладан ижро хати жўнатилганлиги ва қабул қилиб олинганлиги фактини қайд этиш имконини берувчи воситалардан фойдаланган ҳолда электрон почтага ёки мобил телефонга (мавжуд бўлганда) юборади.
Ундирувчининг илтимосига кўра, қарздор томонидан ўн кун ичида ижро хатини ёзган нотариусга шикоят келиб тушмаган тақдирда ижро хати Тизимда нотариуснинг QR-кодли (матрик штрихли кодли) имзоси билан тасдиқланган электрон ҳужжат тарзида қарздорнинг яшаш жойидаги, агар қарздор юридик шахс бўлса, унинг жойлашган еридаги Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросининг тегишли бўлинмасига мазкур муддат ўтгандан сўнг ижро учун юборилади.
РУФАТ БЕГИМОВ,
Сурхондарё вилоят судининг иқтисодий ишлар бўйича судьяси
Инсон дунёга келар экан, ҳаётда ўз ўрнини топиш, бахтли ҳаёт кечириш, элу-юрт орасида ҳурмат-эътибор қозонишга интилади ва албатта бунинг учун тинимсиз ҳаракат, изланиш, катта меҳнат талаб этилади. Ўзига берилган энг олий умрни бемазмун ўтказиб, бирор бир эзгу ишга қўл урмай, жамиятга фойда келтирмасдан, юрт тараққиёти ва ривожига ҳисса қўшмай яшаётган инсонларнинг учраб туриши афсусланарли ҳолдир.
Бежизга: “Бекорчидан Худо безор” дейилмаган. Инсон эртаю кеч ғанимат вақтини мана шу каби қинғир ишларга сарф қилмоқда.
Олимнинг бу ҳаракати уни жиноят кўчасига етаклади. Энди қонун олдида жавоб беради. Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, иш судда кўриб чиқилди. Суд унинг айбига иқрор ва чин кўнгилдан пушаймонлигини, қарамоғида уч нафар фарзанди борлигини инобатга олди-ю, шу билан бир қаторда содир этган жинояти учун жазо муқаррарлигини таъминлади.
Бекорчи одам ҳаётда ўз истагига эришолмаслиги аник. Ваҳоланки, бу ҳаëт доимий ҳаракатда, ўзгариш янгиланишда бўлиб, қотиб турмайдиган жараёндир.
АЗАМАТ ШОМУРОДОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Термиз туманида яшовчи Бахрулло Рўзиев (исм-шарифлар ўзгартирилган) илгари ҳам фирибгарлик жиноятини содир этгани учун унга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган эди. Аммо у бундан ўзига тўғри хулоса қилмади.
Бахрулло алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилишни ўзига касб қилиб олган. 2023 йил апрель ойида Термиз шаҳрида яшовчи Халима Норбоева билан учрашиб қолади. У аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништириб, ўзига тегишли ер майдонини сотишини билдиради. Ваҳоланки, ўша ер майдони ҳам мавжуд эмас. Мижоз бўлган Халима Норбоевани бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 4 сотих ер майдонини кўрсатиб, Халима Норбоевадан ер майдони учун 16.000.000 сўмни ҳужжатларини расмийлаштириб бериши учун деб олади. Шундан сўнг Бахрулло пулларни қўлга киритгач, ер майдони учун ҳужжатларни расмийлаштирмасдан, жуфтакни ростлайди.
Бахрулло бу жиноий ҳаракатлари учун жавобгарликка тортилмасдан қолганлигидан фойдаланиб, эгаллаган касбини давом эттиради. 2023 йил октябрь ойида Термиз шаҳрида яшовчи яна бир фуқаро Салим Сатторов билан учрашади. У ҳар доимгидек аслида ҳеч қаерда ишламасада, ўзини кадастр идораси ходими деб таништиради. Бу гал ҳам бир хил гаплар яъни, бошқа бир фуқарога тегишли Термиз тумани, “Янгиер” маҳалласи ҳудудидаги 5 сотих ер майдонини кўрсатиб, Салим Сатторовнинг ишончига кириб, ундан ер майдони учун 45.000.000 сўм миқдордаги пул маблағларини фирибгарлик йўли билан қўлга киритади.
Гарчи у ўзгалар пулларини осонгина қўлга киритиб, хурсанд бўлган бўлса-да, унинг бу хурсандчилиги узоққа чўзилмади, негаки Бахруллони бу қилмишларини уни панжара ортига етаклади.
Қирғир ишнинг қийиғи қирқ йилда ҳам чиқади деганларидек, тез фурсатларда фирибгар содир этган Бахруллонинг ҳам қилмишлари фош этилиб, унга жиноят иши қўзғатилди. Тергов ва суд жараёнларида эса унинг жиноий хатта-ҳаракатлари исботланди. Суд эса унга бу гал 6 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлади.
Ҳакалак отган ҳавойи ҳавас ва нафсни жиловлай олмаслик Бахрулло Рўзиевга қимматга тушди. Бу гал у қилмишларидан тўғри хулоса чиқарса, ажаб эмас. Чунки тўғри сабоқ кишини ҳамиша эзгу амалларга етаклайди.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Шўрчилик Махмуд Қораев (исм-шарифлар ўзгартирилган) ўттиз беш ёшни қоралаган ва тўрт фарзандни отаси, гарчи ҳеч қаерда ишламаса-да, аммо оқ-қорани ажрата билади.
Махмуд Қораевни фарзанди бетоблиги сабабли шифокорлар рўйхатига олинган ва унга шифокор тавсияси билан кучли таъсир қилувчи дорилар ичириб келинади. 2025 йилнинг баҳор фасли эди, Шўрчи туманида жойлашгани ошхоналарни бирида Махмуд овқатланиб ўтирган вақтида бир Мунаввар исмли аёл билан танишиб қолади ва у билан бир ҳафта давомида телефон орқали гаплашиб юради. Кунларнинг бирида суҳбат давомида Мунаввар ўғил фарзанди бетоб эканини ва ундан “Бензонол” номли дорини топиб беришни илтимос қилади. Уни илтимосини бажариш учун Махмуд розиб бўлиб, Шўрчи туманидаги кўп тармоқли марказий поликилиникага боради. Буни қарангки, бировни хожатини қондириш учун Махмудга фарзандини бетоблиги қўл келади. У шикофорга фарзанди касал экани ва бир-неча маротаба фарзандини қабулига олиб келганлигини айтиб, 50 дона бензонал дориси учун рецепт ёздиради. Бу ердан чиқиб туманидаги яна бир хусусий клиникага бориб, бошқа бир шифокорга фарзандининг касал экан ва уни бир неча маротаба ушбу клиникага олиб келганлигини айтиб, фарзанди номига 100 дона бензонал дори воситасини олиши учун рецепт ёздириб олади.
Иши бароридан келган Махмуд биринчи Шўрчи туманидаги дорихонадан 50 дона, сўнг эса Қумқўрғон туманидаги дорихонадан 100 дона бензонал номли дори воситасини сотиб олади. Кайфияти кўтарилган Махмуд энди Мунавварга қўнғироқ қилиб, унга “илтимоси” бажарилганини билдиради. Шунда Мунаввар топилган дориларни Қизириқ туманига олиб келиб беришини айтиб, манзилни тушунтиради. Буни қарангки, бир зумда Қизириққа етиб келган Махмуд тумандаги ошхоналарнинг бирида Мунаввар билан кўришади. Шунда у олиб келган 150 дона дорини Мунавварга беради, эвазига йўл ҳақи билан бирга 500.000 сўм пулларни Мунаввардан олган вақтида унинг бу қилмишига чек қўйилади. Улар ўтирган жойга ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари кириб келишиб, дори ва пуллар ашёвий далил тариқасида ҳужжатлаштириб олинади.
Фарзандини касаллигидан фойдаланмоқчи бўлган Махмуд Қораевни тергов органи Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2511-моддаси 5-қисмида кўрсатилган жиноятни содир этганликда айблаб, ишни судга оширди.
Судда Махмуд Қораев қилган ишини тушуниб етганлигини, айбига иқрор ва пушаймон экани, оилавий шароитини ҳисобга олиб енгиллик сўради. Уни бу қилмиши панжара ортига етаклади. Суд қилмишига яраша жазо тайинлади.
Хулоса шуки, ўйламай босилган қадам салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.
ОЙБЕК ЖУМАНОВ,
Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган 2026 | Сурхондарё вилоят суди