КОРРУПЦИЯ-ГЛОБАЛ ИЛЛАТ.

Жамиятнинг ривожланиб бориши билан инсонлар ўртасида рақобат юзага келган ва бунинг оқибатида инсонлар ўз манфаатларини кўзлаган ҳолда бир-бирига нисбатан ҳар хил қонуний ва қонунга хилоф усулларни қўллай бошлаган. Бу эса, ўз навбатида, коррупциянинг юзага келишига сабаб бўлган. Коррупциянинг ўзи нима? Коррупция  шахснинг ўз мансаб ва хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этишидир.

Коррупцияга ва бошқа турдаги жиноятлар ва ҳуқуқбузарликларга қарши курашиш кераклиги, уларнинг профилактикаси, қонунга хилоф ҳар қандай хатти-ҳаракатга жазонинг муқаррар эканлигини барчамиз яхши биламиз. Бу йўлда амалда кўплаб режалар, дастурлар, чора-тадбирлар ишлаб чиқилиб, зарур ишлар амалга оширилмоқда. Ахир, коррупцияни йўқ қилмасдан туриб ҳаётимизда адолат туйғусини қарор топтириб бўлмайди.

Коррупцияга қарши курашиш мақсадида 2017 йил 4 январь куни Ўзбекистон Республикасининг “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуни кучга кирди. Ушбу Қонун коррупцияга қарши курашиш учун янги босқични бошлаб, унга барҳам бериш учун муҳим шароит яратиб берди. Ушбу Қонуннинг тўлиқ амалга оширилиши учун қонуности ҳужжатлари қабул қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 2 февралдаги “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Жамиятимизда коррупция тўғрисида нотўғри фикрлар кўплаб учрайди, фуқароларимизнинг аксарияти коррупция деганда фақатгина пора бериш ва пора олишни тушунишади, холос. Ушбу ҳолат фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини янада оширишни ва уларнинг ҳуқуқий онгида бу тушунчага нисбатан фикрларнинг имкон қадар мукаммал шаклланишига шароит яратиш лозимлигини кўрсатади. Қолаверса, ҳар бир шахс ўзининг жамиятдаги ўрни, хатти-ҳаракати қанчалик муҳим аҳамият касб этишини ўзида масъулият билан ҳис этган ҳолдагина, коррупцияга қарши курашишда самарали натижага эришса бўлади.

Ҳар бир фуқаро коррупция жиноятларига гувоҳ бўлганида, бундай ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўрқмасдан хабар бериши лозим. Шунингдек, юқорида таъкидлаб ўтилган Қонун эса, коррупцияга гувоҳ бўлган шахсларнинг ҳимоя қилинишини таъминлайди. Коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларнинг давлат ҳимоясида бўлиши кафолатланган ҳамда ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Давлатимизда коррупцияга қарши курашишни янада кучайтириш мақсадида Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси тузилган бўлиб, мазкур комиссиянинг асосий вазифаларидан бири  коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги давлат дастурларининг ва бошқа дастурларнинг ишлаб чиқилиши ҳамда амалга оширилишини ташкил этишдан иборатдир. Шунингдек, ушбу комиссия коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштиради ва ҳамкорлигини таъминлаб беради. Бундан ташқари, коррупцияга қарши курашиш самарадорлигини кучайтириш мақсадида 2020 йил 29 июндаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони ва “Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги  қарорига асосан Ўзбекистон Республикаси Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, яъни коррупцияга қарши курашишдаги махсус давлат органи ташкил этилди. Мазкур Агентликнинг асосий вазифалари ва фаолият йўналишларидан бири фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган комплекс дастурларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш, коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашиш масалаларига оид ахборотларни тарқатиш ҳамда коррупцияга қарши курашиш бўйича ўқитишни ташкил этиш орқали жамиятда коррупциянинг барча кўринишларига муросасиз муносабатни шакллантириш ҳисобланади.

Коррупция деб аталмиш иллатни йўқ қилмасдан туриб эса, бирон-бир соҳанинг ривожланишига эриша олмаймиз.

Хулоса қилиб айтганда, коррупция — жамият тараққиёти учун жуда хавфли жиноят бўлиб, давлатни ич-ичидан емириб боради, халқни хонавайрон этади. Давлат ва жамиятда соғлом муҳитнинг қарор топиши, мамлакатнинг барқарорлиги, тинчлиги ва тараққиёти учун хавф солади. Адолат қарор топган демократик фуқаролик жамиятида яшамоғимиз учун нафақат давлат органлари, идораларида фаолият юритаётган ходимлар ва раҳбарлар, балки, ҳар биримиз масъул эканлигимизни унутмаслигимиз, коррупцияга қарши курашиш барчамизнинг бурчимиз эканлигини англашимиз зарур.

Барчанинг коррупцияга қарши курашиш йўлида бир мақсад сари бирлашиб, ҳаракат қилиши, давлатимиз тақдирига бефарқ қарамаслиги ҳар қандай кўринишдаги коррупциянинг барҳам топишига хизмат қилади.

Дилором Алмуратова        

 Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 2 сентябрдаги Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-561-сонли Қонуни мазмун-моҳияти.

Хусусан, 2019 йил 2 сентябрда Ўзбекистон Республикасининг “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги
ЎРҚ-561-сонли Қонуни қабул қилиниб, ушбу қонуннинг мақсади хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солади.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи қуйидаги ҳуқуқларга эга:

-ўзига нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилганлиги ёки уларни содир этиш таҳдиди тўғрисидаги ариза билан тегишли ваколатли органларга ҳамда ташкилотларга ёхуд судга мурожаат этиш;

-махсус марказларда, шунингдек бепул телефон линияси орқали текин ҳуқуқий маслаҳат, иқтисодий, ижтимоий, психологик, тиббий ва бошқа ёрдам олиш;

-ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилиш, ҳимоя ордери шартлари бузилган тақдирда эса, уларни бу ҳақда хабардор қилиш;

-содир этилган тазйиқ ва зўравонлик натижасида ўзига етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланиши ҳамда маънавий зиён компенсация қилиниши тўғрисидаги талаб билан судга мурожаат этиш.

Тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчи етказилган моддий зарарнинг ўрнини қоплаш ҳамда маънавий зиённи компенсация қилиш тўғрисидаги ариза билан судга мурожаат этганда давлат божи тўлашдан озод қилинади.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари:

-хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги гендер сиёсатини, давлат дастурларини ҳамда стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш;

-жамиятда хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликка доир муросасизлик муҳитини яратиш;

-хотин-қизларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилинишини таъминлаш;

-жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, қонунийликни мустаҳкамлаш;

-хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш, уларни аниқлаш, уларга чек қўйиш учун самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларни яратиш;

-хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва зўравонлик содир этилишига олиб келадиган сабаблар ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш чораларини кўриш;

-тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш мақсадида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ҳамкорлигини таъминлашдир.

Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколатли органлар этиб,Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, Ички ишлар органлари, меҳнат органлари, таълимни давлат томонидан бошқариш органлари ва таълим муассасалари, давлат соғлиқни сақлаш тизимини бошқариш органлари ва соғлиқни сақлаш муассасалари, Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари белгиланган.

Диёр Жумаев

Термиз туманлараро иқтисодий суди раиси

Амалдаги қонунчиликка киритилган ўзгартиришлар.

Президент Ш.Мирзиёев томонидан 2022 йил 2 февралдаги “Интеллектуал мулк объектлари тўғрисидаги қонунчилик такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ-749-сон Қонун имзоланди.

Мазкур қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2021 йил                                                  24 сентябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2021 йил 19 ноябрда маъқулланган.

1994 йил 6 майдаги «Ихтиролар, фойдали моделлар ва саноат намуналари тўғрисида»ги 1062-ХII-сон Қонун “Саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартиби” бўлими билан тўлдирилди.

Хусусан, саноат мулки объектлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик асослари белгиланди:

Тегишли патентланган саноат мулки объектини ўз ичига олган маҳсулотни ёки буюмни рухсатсиз тайёрлаш, қўллаш, импорт қилиш, сотишга таклиф этиш, сотиш, фуқаролик муомаласига бошқа йўсинда киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш, шунингдек ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулни қўллаш ёхуд ихтиро патенти билан муҳофаза қилинаётган усулда бевосита тайёрланган маҳсулотни фуқаролик муомаласига киритиш ёки шу мақсадда сақлаб туриш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Жарималар миқдорлари  ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Патент эгасининг аризаси асосида Агентлик саноат мулки объектларидан фойдаланиш ҳуқуқига риоя этилишини текширишни амалга оширади.

Тадбиркорлик субъектларига нисбатан ўтказиладиган текширувлар Ўзбекистон Республикаси Президенти  ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг  ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини  ҳимоя қилиш бўйича вакил билан келишувга кўра, қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширилади.

Жарималар ушбу модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган тартибда ўтказиладиган текширувлар асосида Агентлик томонидан солинади. Бунда текширув давомида аниқланган ҳуқуқбузарлик тўғрисида далолатнома тузилиб, у тегишинча Агентликнинг ва ҳуқуқбузар юридик шахснинг (бундан буён матнда ҳуқуқбузар деб юритилади) мансабдор шахслари томонидан имзоланади.

Ҳуқуқбузар (унинг вакили) далолатномани имзолашни рад этган тақдирда, Агентликнинг мансабдор шахси ушбу фактни кўрсатилган далолатномага илова қилинадиган видеоёзув ёрдамида ёки икки нафар холис ҳозирлигида тасдиқлаши керак.

Ундирилган жарима миқдорининг ўн фоизи Агентликнинг бюджетдан ташқари жамғармасига, қолган қисми Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетига йўналтирилади.

Жарима солиш учун асос бўлган ҳуқуқбузарлик аниқланганлиги ҳақида далолатнома расмийлаштирилган кундан эътиборан беш иш куни ичида Агентлик ҳуқуқбузарга нисбатан ушбу  Қонун 331-моддасининг биринчи қисмида назарда тутилган миқдорларда жарима солиш тўғрисида қарор қабул қилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор Агентликнинг раҳбари (унинг ўрнини босувчи шахс) томонидан имзоланади ва бир иш куни ичида ҳуқуқбузарга юборилади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима солиш тўғрисидаги қарорда назарда тутилган жарима суммаси миқдорининг етмиш фоизи ҳуқуқбузар томонидан ихтиёрий равишда тўланган тақдирда, ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод этилади.

Ҳуқуқбузар томонидан жарима суммаси ихтиёрий равишда тўланмаган тақдирда, Агентлик жаримани ундириш тўғрисидаги даъво аризасини судга белгиланган тартибда беш иш куни ичида беради.

Ҳуқуқбузар Агентликнинг жарима солиш тўғрисидаги қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.

Бундан ташқари, 2001 йил 30 августдаги «Товар белгилари, хизмат кўрсатиш белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисида»ги  267-II-сон   Қонунга товар белгилари ва товар келиб чиққан жой номлари тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жарима солиш асослари ва тартиби, шунингдек юридик шахслар томонидан жаримани тўлаш тартибини белгиловчи модда киритилди.

Жумладан, товар белгисидан, товар келиб чиққан жой номидан ёки улар билан адаштириб юборадиган даражада ўхшаш бўлган бир турдаги товарлар учун белгилардан қонунга хилоф равишда фойдаланиш –

Базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан икки бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Жарималар миқдорлари ҳуқуқбузарликларнинг ҳар бир тури бўйича алоҳида белгиланади.

Жарима солиш тўғрисидаги қарор юборилган кундан эътиборан бир ой ичида ҳуқуқбузар ушбу қарорда назарда тутилган жарима суммасини ихтиёрий равишда тўлаши мумкин.

Жарима суммаси миқдорининг 70 фоизи бир ой ичида ихтиёрий равишда тўланган тақдирда,ҳуқуқбузар жариманинг қолган суммасини тўлашдан озод қилинади.

2006 йил 18 сентябрдаги “Фирма номлари тўғрисида”ги қонун модда билан тўлдирилган, унга мувофиқ фирма номидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш юридик шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг юз бараваридан  икки юз бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Шунингдек, 1996 йил 27 декабрдаги “Адвокатура тўғрисида”ги 349-1 сонли қонунга қатор хизматларни автоматлаштириш ва техник кўмак бериш билан боғлиқ ўзгартиришлар киритилган.

Жумладан, адвокатлик бюролари, адвокатлик фирмалари ва адвокатлар ҳайъатларини руйхатдан ўтказиш энди давлат хизматлари марказлари томонидан амалга оширилади.

Икром ШАЙМАНОВ

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судининг раиси

Суд фуқаро ва тадбиркор ҳимоясида.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси 44-моддасига кўра,  ҳар бир шахснинг ўз ҳуқуқ ва эркинликларини суд орқали ҳимоя қилиш, давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари ғайриқонуний хатти-ҳаракати устидан судга шикоят қилиш ҳуқуқи кафолатланган. Ҳар бир шахс давлат органлари ҳамда бошқа органларнинг ҳар қандай ғайриқонуний қарорлари, уларнинг мансабдор шахсларининг хатти-ҳаракатларидан (ҳаракатсизлигидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ҳамда қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Суднинг асосий вазифаси ҳам фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишдан иборат.

Яъни ҳар бир шахс маъмурий органлар томонидан ўзининг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаган ҳолда, судга мурожаат қилиши ва айнан суд маъмурий органларнинг қарорлари ёки ҳаракатлари қонунларга қайд даражада мувофиқлигини кўриб чиқиб, ўз баҳосини бериши зарур.   Сабаби  қонунлар қанчалик мукаммал бўлмасин уни қўллашда турли низолар юзага келиши, қонунни талқин қилиш масаласида қарама-қаршиликлар юзага келиши табиий. 

Дунёнинг аксарият давлатларида ҳам маъмурий тизимда амалга ошириладиган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсад маъмурий органларнинг фақат қонунга мувофиқ ишлашини таъминлашдан иборатдир. Шу маънода, маъмурий судлар — давлат бошқаруви органлари, мансабдор шахслар билан фуқаролар ўртасидаги маъмурий-ҳуқуқий низоларни ҳал этиш учун ташкил этилган махсус судлар ҳисобланади.

Дунёнинг тараққий этган давлатлари тажрибаси шуни кўрсатадики, давлат ҳокимияти тармоқлари ўртасида самарали назорат ва мувозанат тизимини яратиш, давлат органлари, фаолиятида қонун устуворлигини таъминлашнинг оқилона механизмлари маъмурий тартиб-таомил ва маъмурий суд ишларини юритишнинг ташкилий-ҳуқуқий асослари ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида” Фармонида ҳам адолат ва қонун устуворлигини таъминлаш бўйича белгиланган вазифалар доирасида  маъмурий судлар фаолиятига алоҳида эътибор қаратилган.

Шу нуқтаи назардан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 январдаги “Давлат органлари билан муносабатларда фуқаролар ва тадбиркорлик субъектлари ҳуқуқларининг самарали ҳимоя этилишини таъминлаш ҳамда аҳолининг судларга бўлган ишончини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори  маъмурий  судларни фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳақиқий ҳимоячисига айлантириш, жамиятда маъмурий судларга бўлган ишончни янада ошириш, суд назоратининг таъсирчан механизмларини жорий этиш каби вазифаларни ҳал этиш мақсадини кўзлайди.

Қарорда, маъмурий судларнинг биринчи навбатдаги вазифаси фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари билан муносабатларида қонун устуворлигини таъминлаш билан бир қаторда улар ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш ҳисобланиши аниқ белгилаб берилди.

Бундан ташқари давлат органлари қарорлари устидан берилган шикоятларни кўриб чиқишда маъмурий судларнинг ролини кучайтириш мақсадида қуйидаги тартиблар жорий этилмоқда.

Хусусан, маъмурий суд ишларини юритишни «суднинг фаол иштироки» тамойили асосида амалга ошириш белгиланди.  Яъни шу вақтга қадар далилларни йиғиш ва судга тақдим қилиш  фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти зиммасида бўлган бўлса, эндиликда маъмурий судларга ишнинг ҳақиқий ҳолатларини аниқлаш учун ўз ташаббуси билан далилларни йиғиш мажбуриятини юклаш, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига эса далилларни йиғишда фақат ўз имконияти доирасида иштирок этишга шароит яратиш  учунмаъмурий судларга далилларни йиғиш мажбурияти юкланади,

Бундан ташқари амалдаги процессуал қонунларга мувофиқ маъмурий суд низони ҳал қилиб, маъмурий органнинг қарори ёки ҳаракатининг ноқонунийлигини эътироф этсада етказилган зарарни ундириб бериш ваколатига эмас эди. Яъни маъмурий суднинг ҳал қилув қарорининг олганидан сўнг яна бошқа судларга зарарни ундириш масаласида даъво киритиш, янги суд процессини ўтказиш талаб қилинарди.  

Эндиликда, ҳуқуқи бузилган фуқаро ёки тадбиркорлик субъектига оммавий-ҳуқуқий муносабатдан келиб чиқадиган низо билан бирга унга сабабий боғланишда бўлган зарарни ундириш талабини ҳам маъмурий судга билдириш ҳуқуқини тақдим этиш ҳамда бундай талабларни кўриб чиқишни маъмурий судлар ваколатига ўтказиш белгиланди.  Бинобарин қарор чиқарган маъмурий суднинг ўзи зарар масаласини кўриб  чиқиб ҳал қилиш ваколати берилиши, фуқаро ёки тадбиркорлик субъектини яна қайтадан судга мурожаат қилиш мажбуриятидан халос қилди,

Амалиётда маъмурий судларнинг оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича ҳал қилув қарорларини давлат органлари ёки ташкилотлари томонидан ижро  қилмаслик  ҳолатлари мавжуд бўлиб, бу бузилган ҳуқуқларни амалда тиклашга тўсқинлик қилар эди. 

Эндиликда суд ҳужжатларини ижро этишнинг самарали механизмларини жорий этиш мақсадида ҳал қилув қарорлари ижро қилинмаган тақдирда эса, уларнинг мансабдор шахсларига нисбатан суд жарималарини қўллаш масаласи кўриб чиқилиши, мансабдор шахсларнинг масъулиятини ошириб, пировардида фуқароларнинг бузилган ҳуқуқлари тикланишини таъминлайди.  Ҳал қилув қарори такроран ижро қилинмаганлиги учун давлат органлари ёки ташкилотларининг мансабдор шахсларига нисбатан дастлаб қўлланилган суд жаримасини оширилган миқдорда қўллаш тартиби,  суднинг мавқеи ошиши ва унга бўлган ишонч мустаҳкамланишига хизмат қилади.

 Оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича тарафлар ўртасида ярашувга эришиш механизмларини жорий қилиш  эса низони тезроқ ҳал қилиш, оптимал ечим топиб, суд жараёнини соддалаштиришни таъминлайди.  Шу маънода марафларга, қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда, оммавий-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ишлар бўйича келишув битимини тузиш ҳуқуқини бериш белгиланиши айни муддао бўлиб, тарафлар ўртасидаги низони ҳал қилишда қонунийлик тўлиқ таъминланиши билан бирга, суд томонидан тасдиқланган келишув битимини ижрога қаратилишида тарафларга қулайликлар яратади ҳамда қисқа муддатларда низоларни ҳал этилишига эришилади.

Яна бир муҳим янгилик, аризаларнинг судга тааллуқлилиги масаласида айрим муаммолар  баъзи ҳолларда ҳуқуқи бузилган фуқароларнинг ёки тадбиркорлик субьектларининг судма-суд юриб, овора бўлишларига ҳам барҳам берилади. Эндиликда Судлар тизимида “ягона дарча” тамойилини кенг жорий этиш мақсадида аризаларни судга тааллуқлилигидан қатъий назар қабул қилиш ва ваколатли судга юбориш ҳамда муайян иш доирасида барча ҳуқуқий оқибатларни ҳал қилишни таъминлаш тизимини жорий этилади. Яъни судлар томонидан даъво аризаси, ариза ҳамда шикоятни судга тааллуқли бўлмаганлиги сабабли қабул қилишни рад этиш ёки иш бўйича иш юритишни тугатишни тақиқлаш, бунда даъво аризаси, ариза, шикоят ёки ишни уларни кўриб чиқишга ваколатли судга ўтказиш, маъмурий суднинг қонуний кучга кирган ҳал қилув қарорида аниқланган ҳолатлар бошқа ишни кўраётган фуқаролик ишлари бўйича суд учун мажбурий ҳисобланишини белгиланиши, бир суд иши доирасида баъзилари маъмурий судга, бошқалари эса фуқаролик ишлари бўйича судга тааллуқли бўлган бир нечта талабни бирлаштириш тақиқланиши ҳам алоҳида мустаҳкамланди. Яъни  эндиликда суд ариза судга тааллуқли бўлмаса ҳам  уни фуқарога эмас, низони ҳал қилишга ваколатли судга юборади.

Бугунги кунда маъмурий судларда кўрилаётган аксарият ишлар ҳам  маъмурий органларнинг, улар мансабдор шахсларининг қарорлари, ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан шикоят қилиш тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш билан боғлиқ.  Ҳуқуқи бузилган ҳар қандай шахснинг  тўғри маъмурий судга мурожаат қилиши унинг ҳуқуқларини тиклашнинг энг самарали ва қисқа йўли эканлигини  халқимизга етказиб бера олсак,  қонун устуворлигини таъминлаш йўлида жуда катта қадам қўйган бўламиз.  Зеро Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясининг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида давлат органлари ва мансабдор шахсларнинг фаолияти устидан самарали суд назоратини ўрнатиш ҳамда фуқаро ва тадбиркорлик субъектларининг одил судловга эришиш даражасини ошириш асосий мақсадлардан бири этиб белгиланган.

Жамшид Хурсандов

Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди судьяси

Коррупция хавфли иллат.

Коррупция демократия ва ҳуқуқ устуворлиги асосларига путур етказиб, инсон ҳуқуқлари бузилишига олиб келади. Бозорлар фаолиятига тўсқинлик қилиб, турмуш сифатини ёмонлаштиради. Шунингдек, одамлар хавфсизлигига рахна солувчи уюшган жиноятчилик, терроризм ва бошқа таҳдидларнинг илдиз отиши учун шароит яратади.

Коррупция у ёки бу даражада барча мамлакатларда учрайди. Уни бартараф этиш бўйича дунё ҳамжамияти қатор самарали ишларни амалга ошираётган бўлса-да, сезиларли натижаларга эришиш, афсуски, машаққатли кечмоқда.

Ушбу иллатга қарши мамлакатимизда ҳам ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Жумладан,

2017 йил 4 январда кучга кирган «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги қонун билан коррупцияга барҳам беришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Мазкур ҳужжат ижроси тўлиқ ва самарали таъминланиши учун 2017 йил 2 февралда давлат раҳбарининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

Аслида бундай меъёрий ҳужжатларнинг қабул қилинишини тақозо этаётган омилларнинг борлиги ачинарли. Олиб борилган макроиқтисодий ва сиёсий-иқтисодий тадқиқотлар коррупция давлатларнинг иқтисодий ўсиши ва ривожланишига улкан тўсиқ эканини кўрсатмоқда.

Коррупциянинг тарихий илдизига назар ташлайдиган бўлсак, олис ўтмишга бориб тақалишига гувоҳ бўламиз. Яъни одамлар қабила бўлиб яшаган пайтларда маълум мавқега эга бўлиш учун қабила сардорларига совғалар бериш одатидан келиб чиққан деб тахмин қилинади. Албатта, ўша даврларда бу меъёрий ҳолат сифатида қабул қилинган. Бироқ давлат аппаратининг мураккаблашуви ва марказлашуви коррупциянинг мамлакат ривожланишида катта тўсиқ эканини кўрсатди.

Коррупцияга қарши курашган биринчи мамлакат сифатида қадимги Шумер давлати тилга олинади. Қадимги давлатларни коррупция, айниқса, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги қаттиқ ташвишга солгани бизгача сақланиб қолган манбалардан маълум. Чунки бу ҳолат давлат обрўсига жиддий путур етказарди. Дунёнинг етакчи динларида ҳам биринчи навбатда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг порахўрлиги кескин қораланади. Жумладан, Қуръони каримда «Бошқаларнинг мулкини ноҳақ йўл билан олмангиз ва бошқаларга тегишли бўлган нарсаларни олиш учун ўз мулкингиздан ҳокимларингизга пора қилиб узатмангизлар» дейилган.

XVIII асрнинг иккинчи ярмига келиб, жамият давлат бошқарув аппаратининг иш сифатига тобора кўпроқ таъсир кўрсата бошлади. Бу ўша даврда қабул қилинган қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Жумладан, 1787 йилда қабул қилинган АҚШ конституциясида пора олиш АҚШ президентини импичментга тортиш мумкин бўлган икки жиноятнинг бири сифатида кўрсатиб ўтилган. Сиёсий партиялар шаклланиши ва уларнинг жамият ҳаётидаги ўрни ошиб бориши натижасида XIX-XX асрларда ривожланган давлатларда коррупция дунёнинг бошқа мамлакатларига нисбатан анча камайди.

Ушбу иллатни тадқиқ қилган мутахассислар қуйидаги факторларни коррупцияни юзага келтирувчи асосий омиллар сифатида кўрсатади.

Икки хил маънони англатувчи қонунлар. Ушбу вазият ҳуқуқни қўлловчи мансабдор шахс томонидан қонунларни турлича қўллаш имконини яратади. Шунингдек, айрим мутахассислар жиноят ва маъмурий қонунчиликдаги «вилка» санкциялар ҳам коррупцияга қулай шароит яратиши мумкинлигини таъкидлашади.

Аҳоли орасида ҳуқуқий саводхонликнинг пастлиги. Аҳолининг қонунчиликни билмаслиги ёки тушунмаслиги мансабдор шахсга ўзининг шахсий манфаати йўлида қонунлардан фойданишга замин яратади.

Мамлакатдаги сиёсий вазиятнинг нотинчлиги. Давлатдаги нотинчлик биринчи навбатда аҳоли онгида фаровон турмушга эришишнинг асосий усули қонунга хилоф фаолият билан боғлиқ деган ахлоққа мутлақо зид нуқтаи назар шаклланишига олиб келади. Бу эса, ўз навбатида, коррупцияга кенг йўл очади.

Кўринадики, юқоридаги барча салбий омиллар тараққиёт кушандаси бўлган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг таъсирчан механизмларини ишлаб чиқиш ва зудлик билан амалга оширишни талаб қилмоқда.

Джуманазар Бабатов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДЛАРИНИНГ НАВБАТДАГИ САЙЁР ҚАБУЛИ.

Жисмоний ва юридик шахс вакилларини суд-ҳуқуқ масалаларига доир мурожаатларига самарали ечим топиш мақсадида Сурхондарё вилоят суди раиси А.Рузиқулов, раис ўринбосарлари О.Нормаҳматов, Б.Джумаев ва Ж.Хомидов ҳамда вилоят маъмурий суди раиси Р.Ғуломовларни навбатдаги  сайёр қабули Термиз шаҳар Маданият уйида ўтказилди

Фуқаролар томонидан суд-ҳуқуқ масалалари бўйича жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишлар юзасидан келиб тушган мурожаатлар таълуқлилиги бўйича рўйхатга олиниб,  ишчи гуруҳ аъзолари томонидан ҳар бир фуқаронинг мурожаатлари тингланиб, атрофлича ўрганилди.

Сайёр қабулда фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масаласига доир мурожаатлари кўриб чиқилиши билан бир қаторда, фуқароларнинг муаммоларини ҳал қилишда яқиндан ёрдам бериш орқали бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди ва бу борадаги ишлар ишчи гуруҳ аъзолари томонидан доимий узлуксиз давом эттирилиши таъкидланди.

Сайёр қабул давомида фуқароларнинг мурожаатлари тингланибгина қолмасдан, уларга ҳуқуқий маслаҳат ва тушунтиришлар ҳам берилди.

Сурхондарё вилоят суди Матбуот хизмати

ФОЙДАЛАНИЛМАГАН МЕҲНАТ ТАЪТИЛЛАРИ УЧУН ПУЛЛИК КОМПЕНСАЦИЯ ТЎЛАНИШ ТАРТИБИ.

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 151-моддасига мувофиқ, меҳнат шартномаси бекор қилинганда ходимга фойдаланилмаган барча йиллик асосий ва қўшимча таътиллар учун пуллик компен­сация тўланади.

Шунинг учун, агар ходим олти йил давомида ўзининг йиллик таътилларидан фойда­ланилмаган бўлса, у билан меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда иш берувчи унга юқорида кўрсатилган барча фойдаланилмаган таътиллар учун пуллик компенсация тўлаши шарт.

Бундан ташқари, Меҳнат кодексининг 275-моддасида белгиланганидек, иш берувчи ходимнинг пул ундиришга дойр талабларини ҳеч қандай муҳлат билан чекламай, ҳамма вақт учун қондиришга ҳақлидир.

Шунингдек, иш берувчи меҳнат шартномаси бекор қилинаётганда пуллик компенсацияни барча фойдаланилмаган асосий ва қўшимча таътиллар учун тўлашни рад этаётган бўлса, иш ҳақини ундириш бўйича низо келиб чиққанда меҳнат низоларини кўриб чиқувчи орган ходимнинг унга тўланиши керак бўлган барча фойдаланилмаган таътил кунлари учун компенсация тўлаш ҳақидаги талабларини тўлиқ ҳажмда қондиради.

Даъво муддатига келсак, шуни ҳисобга олиш керакки, даъво муддати судга ёки меҳнат низолари бўйича комиссияга мурожаат қилиш муддатлари учун қўлланилади. Фуқаролик кодексининг 150-моддасига асосан, умумий даъво муддати – уч йил. Шу билан бирга, Фуқаролик кодексининг 151-моддасида белгиланганидек, айрим турдаги талаблар учун қонунларда умумий даъво муддатига қараганда қисқартирилган ёки узайтирилган махсус даъво муд­датлари белгиланиши мумкин.

Меҳнат кодексининг 270-моддасига мувофиқ, судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш учун қуйидаги муддатлар белгиланади.

Жумладан, ишга тиклаш низолари бўйича – ходимга у билан меҳнат шартномаси бекор қилинганлиги ҳақидаги буйруқнинг нусхаси берилган кундан бошлаб бир ой, ходим томонидан иш берувчига етказилган моддий зарарни тўлаш ҳақидаги низолар бўйича зарар етказилганлиги иш берувчига маълум бўлган кундан бошлаб бир йил, бошқа меҳнат низолари бўйича ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ой.

Ушбу моддада белгиланган муддатлар узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган тақдирда, бу муддатлар суд ёки меҳнат низолари комиссияси томонидан қайта тикланиши мумкин.

Шундай қилиб, фойдаланилмаган йиллик таътиллар учун пуллик компенсация тўлаш ҳақида низолар бўйича судга ёки меҳнат низолари комиссиясига мурожаат этиш муддати ходим ўз ҳуқуқи бузилганлигини билган ёки билиши лозим бўлган кундан бошлаб уч ойдан иборат.

Шу билан бирга, Фуқаролик кодексининг 153-моддасида белгиланганидек, бузилган ҳуқуқни ҳимоя қилиш талаби даъво муддатининг ўтганлигидан қатъи назар судда кўриб чиқиш учун қабул қилинади. Даъво муддати суд томонидан фақат низодаги тарафнинг суд қарор чиқаргунича берган аризасига мувофиқ қўлланади.

Джуманазар Бабатов

Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати судьяси

Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2022 йил 28 январдаги ПФ–60-сон Фармони билан “Давлат — Жамият — Инсон” тамойилидан “Инсон — Жамият — Давлат”  тамойилига ўтилиши хусусида.

Янги Ўзбекистонда мутлақо янги миллий ҳуқуқий тизим шаклланмоқда. Яъни «Инсон, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари, айниқса, қадри — энг муҳим қадрият» деган тамойил эътироф этилмоқда. Энг асосийси: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида йиллар давомида амал қилиб келган «давлат — жамият — инсон» тамойили «инсон — жамият — давлат» тамойилига ўзгартирилмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев тақдим этган Янги Ўзбекистоннинг

2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси лойиҳасида белгилаб берилган устувор йўналишлар ва энг муҳим вазифаларнинг атрофлича таҳлили шундан далолат беради.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида 2017 йил февралида Президентимизнинг Фармони билан тасдиқланиб, 5 йил давомида ҳаётга изчил татбиқ этилган Ҳаракатлар стратегияси доирасида эришилган ютуқлар, хусусан, асосий натижаларга оид далил ва рақамлар ҳам келтирилган.

Битта рақамга эътибор қаратайлик: Ҳаракатлар стратегиясини ижро этиш учун 300 дан ортиқ қонун ва кодекс, Президентимизнинг 4 мингдан ортиқ фармон ва қарорлари қабул қилинган. Шу тариқа Ҳаракатлар стратегияси якунига келиб, Янги Ўзбекистон пойдеворининг ҳуқуқий асослари яратилди.

Янги ҳужжат — Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси энди Янги Ўзбекистоннинг пойдеворини тиклаш ва биносини қуришга қаратилган. Бу буюк бунёдкорлик жараёни 2026 йилгача бўлган даврни қамраб олади ва йилма-йил амалга ошириб борилади.

Жамоатчилик муҳокамалари шу йил 15 январда якунланадиган мазкур Тараққиёт стратегияси замирида қандай маъно-моҳият мужассам, деган савол туғилиши табиий.

Авваламбор, «Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси», деган номнинг мазмун-моҳиятига мухтасар тўхталамиз. Зеро, бу номнинг келиб чиқиши, фикримизча, бир қатор муҳим омилларга бориб тақалади.

Биринчи омил: ушбу ном Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси — Ҳаракатлар стратегиясининг мантиқий давоми эканини англатади. Агар Ҳаракатлар стратегиясида
5 та устувор йўналиш белгилаб олинган бўлса, Тараққиёт стратегиясида ҳам ушбу устувор йўналишлар давомийлиги сақлаб қолинган.

Шу билан бир қаторда, тараққиёт ўзгаришларининг янги тарихий босқичда давом эттирилиши кўзда тутилган ҳолда, Тараққиёт стратегиясига 2 та янги устувор йўналиш қўшиляпти. Булардан бири — маънавий тараққиётни таъминлаш билан боғлиқ бўлса, иккинчиси — Ўзбекистоннинг дунёда юз бераётган глобал муаммоларга муносабати негизида белгиланган янги устувор йўналишдир.

Шундай қилиб, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясида қуйидаги еттита устувор йўналиш назарда тутилган:

биринчи устувор йўналиш — инсон қадрини юксалтириш ва эркин фуқаролик жамиятини янада ривожлантириш орқали халқпарвар давлат барпо этиш;

иккинчи устувор йўналиш — мамлакатимизда адолат ва қонун устуворлиги тамойилларини тараққиётнинг энг асосий ва зарур шартига айлантириш;

учинчи устувор йўналиш — миллий иқтисодиётни ривожлантириш, унинг ўсиш суръатларини замон талаблари даражасида таъминлаш;

тўртинчи устувор йўналиш — адолатли ижтимоий сиёсат юритиш, инсон капиталини ривожлантириш;

бешинчи устувор йўналиш — маънавий тараққиётни таъминлаш, ушбу соҳани тубдан ислоҳ этиш ва янги босқичга олиб чиқиш;

олтинчи устувор йўналиш — умумбашарий муаммоларга миллий манфаатлардан келиб чиққан ҳолда ечим топиш;

еттинчи устувор йўналиш — мамлакатимиз хавфсизлиги ва мудофаа салоҳиятини кучайтириш, очиқ ва прагматик, фаол ташқи сиёсат олиб бориш.

Иккинчи омил: Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясида «Ҳаракатлар стратегиясидан — Тараққиёт стратегияси сари» тамойили илгари сурилаётгани бежиз эмас. Чунки аввало, Ҳаракатлар стратегиясидаги ҳар бир йўналишни тараққиётнинг янги босқичида мантиқий ва изчил асосда ривожлантириш ҳамда янги устувор йўналишларда муҳим натижаларга эришиш кўзда тутилмоқда.

Тараққиёт стратегиясида асосий эътибор, бир томондан, фуқаролик жамиятини ривожлантиришга доир қонунлар, кодекслар, концепция ва дастурлар қабул қилинишига қаратилган.

Иккинчи томондан, унда қонун устуворлигини таъминлаш, конституциявий ислоҳотни ҳаётга изчил татбиқ этиш, миллий иқтисодиётни ривожлантириш, кучли ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, маьнавиятни ривожлантириш, шунингдек, глобал муаммоларга Ўзбекистоннинг муносабати, хавфсизлик ва ташқи сиёсат борасидаги муҳим вазифалар қамраб олинган.

Энг асосийси, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегиясидаги 7 устувор йўналишнинг бош ғояси — инсон қадрини таъминлашдир. Чунки Президентимизнинг сайловолди дастуридаги асосий ғоя ҳам «Инсон қадри учун» тамойили эди.

Учинчи омил: инсон қадрини жойига қўйишни қонуний ва ташкилий-ҳуқуқий йўллар билан ҳаётимизнинг барча соҳаларида миллий, минтақавий ва халқаро ҳамкорлик даражаларида қандай қилиб амалга ошириш керак?

Тараққиёт стратегиясида бу долзарб саволга жуда кўплаб аниқ мақсадларга қаратилган амалий жавоблар бор.

Ҳаракатлар стратегиясининг ҳар бир устувор йўналиши бўйича ҳозирги кунга қадар 26 та концепция ва бир қатор дастурлар қабул қилинган бўлса, келгусида Тараққиёт стратегияси доирасида 13 та кодекс, 12 та қонун, яъни ҳар бир устувор йўналишда зарур қонун ҳужжатлари қабул қилиниши кўзда тутилган.

Жумладан, Тадбиркорлик кодексининг ишлаб чиқилиши — юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш ва тадбиркорлар ҳуқуқларини тўлиқ ҳимоя қилишнинг мустаҳкам қонуний асосига айланади.

Бўлажак Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисидаги кодексда фуқаролик жамиятининг ҳуқуқий мезонлари ўз аксини топади.

Ахборот кодекси — шу вақтга қадар амал қилаётган оммавий ахборот воситалари, журналистлар фаолияти, ахборот ва сўз эркинлигига бағишланган ўндан ортиқ қонун кодификация қилинган ягона ва яхлит қонун ҳужжати сифатида қабул қилинишининг натижаси бўлади.

Тўртинчи омил: Янги Ўзбекистон тарраққиёт стратегиясининг нафақат номланиши, айни чоғда унда белгиланган устувор йўналишлар ва муҳим вазифалар ҳам миллий ёки минтақавий миқёсдагина эмас, балки глобал даражада улкан аҳамиятга молик халқаро ҳужжатлар билан уйғун ва ҳамоҳанг-дир.

Бугунги кунда халқаро ҳамжамият томонидан Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги конвенция лойиҳаси ишлаб чиқиляпти. Қолаверса, 35 йилдан буён Тараққиёт ҳуқуқи тўғрисидаги декларация амал қилмоқда. Шу маънода, Ўзбекистон Президенти тақдим этаётган Тараққиёт стратегияси халқаро ҳамжамиятнинг ривожланиш тенденцияларига, бутун дунёнинг тараққиёт трендларига тўлиқ мос келади.

Жамоатчилик муҳокамалари якунлари бўйича келиб тушган таклиф ва тавсиялар асосида маромига етказилганидан сўнг давлатимиз раҳбари томонидан имзоланиши кутилаётган «Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси тўғрисида»ги фармон асосида:

биринчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегияси;

иккинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси»;

учинчидан, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини амалга ошириш бўйича миллий комиссия таркиби тасдиқланади.

Энг асосийси, Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган тараққиёт стратегиясини 2022 йилда амалга ошириш бўйича «Йўл харитаси» лойиҳасида «Давлат халққа хизмат кўрсатиши шарт» ғоясини татбиқ этишни назарда тутувчи «Халқчил давлат» миллий дастурини ишлаб чиқиш вазифаси зиммамизга юклангани бежиз эмас.

Албатта, ушбу Дастур лойиҳаси, илғор хорижий давлатларнинг тажрибасини инобатга олган ҳолда, белгиланган муддатда ишлаб чиқилади ва тақдим этилади.

«Йўл харитаси» лойиҳасида яна бир муҳим вазифа — Халқ қабулхоналарининг ҳуқуқий мақомини такомиллаштириш масаласи учун масъул этиб белгиланганмиз. Халқ қабулхоналари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш ва уларнинг давлат бошқаруви тизимидаги мақомини мустаҳкамлашга қаратилган Конституциявий қонунни қабул қилиш бўйича ишларни аллақачон бошлаб юбордик.

Халқ билан бевосита мулоқот қилиш, юртдошларимизнинг дарду ташвишлари, муаммоларини ижобий ҳал этиш бўйича мутлақо янги демократик тизим — Халқ қабулхоналари ўтган беш йилда фаолият юритиб келмоқда ва ўзини оқлади.

Бундан ташқари барча давлат органлари фаолиятида «халқ дардига кулоқ солиш», муаммоларни жойида ҳал этиш ва халқни рози қилиш бўйича самарали ишлар қилинмоқда.

Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 12-мақсади «Таъсирчан жамоатчилик назоратини амалга оширишнинг ташкилий-ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш» деб номлангани бежиз эмас.

Зеро, бу ўринда оммавий ахборот воситаларининг роли ва журналистларнинг касбий фаолияти ҳимоясини янада кучайтириш, одамларни қийнаётган муаммолар ҳамда ислоҳотларнинг ижроси аҳволини ўрганишда ижод аҳли меҳнатидан самарали фойдаланиш кўзда тутилмоқда. Буларнинг барчаси, ўз навбатида, юртимизда таъсирчан жамотчилик назоратини ўрна-тишга хизмат қилади.

Маълумки, Ҳаракатлар стратегияси доирасида юртимизда оммавий ахборот воситаларининг жамоатчилик назоратини амалга ошириш борасидаги ўрни ва аҳамияти қонунчилик негизида тубдан кучайтирилганди. Тараққиёт стратегиясида ана шу ташкилий-ҳуқуқий асосларни такомиллаштириш кўзда тутилгани янги давр талабидир.

Шу нуқтаи назардан, Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 83-мақсади «Фуқароларнинг ахборот олиш ва тарқатиш эркинлиги борасидаги ҳуқуқларини янада мустаҳкамлаш» деб аталгани ҳамда унда бир қатор муҳим вазифалар кўзда тутилгани ҳам катта аҳамиятга эга.

Бунда шахсий ва сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни интернет тармоғида ошкор қилиш билан боғлиқ дахлсизлик ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш ҳам кўзда тутилган. Бунда Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг дахлсизлик ҳуқуқлари билан боғлиқ моддаларига тегишли қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси тайёрланади.

Ўз навбатида, «Йўл харитаси» 46-бандида қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив механизмларни такомиллаштириш ҳақида сўз боради.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази ушбу вазифанинг асосий ижрочиларидан биридир.

Бунда, биринчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича тегишли халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш масаласини кўриб чиқиш тақозо этилади. Иккинчидан, қийноқларнинг олдини олиш бўйича превентив миллий механизмнинг қонуний асосларини ривожлантириш керак бўлади.

Ҳамкор ташкилотлар билан ҳар икки масала бўйича, умуман, Тараққиёт стратегияси ижроси доирасида ўзаро ҳамжиҳатликда фаол иш олиб борамиз.

Тараққиёт стратегияси лойиҳасининг 19-мақсади — адвокатура институтининг инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишдаги салоҳиятини тубдан ошириш, шунингдек, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг малакали ҳуқуқий хизматларга бўлган талабини тўлиқ қондиришдан иборат. Бунда:

адвокатура институтини тўлақонли ўз-ўзини бошқариш тизимига ўтказиш, Адвокатлар палатаси бошқарув органларининг адвокатлар ҳамжамияти олдидаги ҳисобдорлигини кучайтириш, тизимга ёш малакали кадрларни жалб қилиш;

адвокатлар малакасини ошириш тизимининг замонавий ва самарали механизмлари ва институционал асосларини шакллантириш;

адвокатлик фаолиятига замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш орқали ортиқча бюрократия ва қоғозбозликка чек қўйиш, судлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва бошқа давлат органлари билан электрон ҳужжатлар алмашинувини йўлга қўйиш;

бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш кўламини кенгайтириш, нотариат ва фуқаролик ҳолатлари далолатномаларини ёзиш органларининг хизматларидан оворагарчиликсиз, шу жумладан, масофадан туриб ва «ягона дарча» тамойили асосида фойдаланишни таъминлаш кўзда тутилмоқда.

Мухтасар айтганда, Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси лойиҳаси негизида бир қанча янги дастурлар, янги концепциялар, янги қонун ҳужжатлари қабул қилиниши назарда тутилмоқда. Бу билан мамлакатимизнинг сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва экологик ривожланишининг кейинги босқичида амалга ошириладиган ислоҳотлар кенг қамраб олинмоқда.

Шундай экан, Тараққиёт стратегиясининг тасдиқланиши ва муваффақиятли амалга оширилиши Ўзбекистонда демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ҳамда эркин фуқаролик жамиятини ривожлантириш орқали инсон қадрини улуғлашга қаратилган улкан мақсад ва вазифаларимизга эришиш имконини беради.

Баходир Джумаев

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари – фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

“Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш, Қонун устиворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустахкамлаш”

Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча жабҳаларида, шу жумладан инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш ҳамда Қонун устиворлигини таъминлаш ва қонунийликни мустахкамлаш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Судловнинг одиллигини таъминловчи ҳуқуқий майдон – умуминсоний қадриятлар ва умумэътироф этилган ҳуқуқ андозаларига асосланган, шаклан ва моҳиятан янги қонунлар қабул қилинмоқда. Уларнинг асосига қонунийлик, демократизм, одиллик, инсонпарварлик, жиноий қилмиш учун жавобгарликнинг муқаррарлиги каби одилона принциплар қўйилган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 9 январда қабул қилинган “Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш тизимини тубдан такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармони алоҳида аҳамият касб этади. Чунки, Фармонга асосан қуйидагилар жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришнинг асосий вазифалари этиб белгиланди:

биринчидан, аҳолига мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, қабул қилинаётган қонун ҳужжатлари ва давлат дастурларининг мазмуни ва моҳиятини изчил етказиш тизимини шакллантириш, фуқаролар онгида “Жамиятда қонунларга ҳурмат руҳини қарор топтириш ‒ демократик ҳуқуқий давлат қуришнинг гаровидир!” деган ҳаётий ғояни мустаҳкамлаш;

иккинчидан, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда, энг аввало, таълим-тарбиянинг тизимли ва узвий равишда олиб борилишига алоҳида эътибор қаратиш, мактабгача таълим тизимидан бошлаб, аҳолининг барча қатламларига ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни чуқур сингдириш, шахсий манфаатлар ҳамда жамият манфаатлари ўртасидаги мувозанатни сақлаш ғояларини кенг тарғиб қилиш;

учинчидан, ёш авлод онгига ҳуқуқ ва бурч, ҳалоллик ва поклик тушунчаларини ҳамда одоб-ахлоқ нормаларини чуқур сингдириб бориш, Конституциянинг муҳим жиҳатларини уларга болалигидан бошлаб ўргатиш;

тўртинчидан, аҳоли ўртасида ҳуқуқий маданиятни шакллантириш бўйича ҳуқуқий-маърифий тадбирларни халқимиз тарихи, дини, миллий қадриятларини ўргатиш билан уйғун ҳолда ташкил қилиш, шунингдек, ҳар бир фуқарода давлат рамзлари билан фахрланиш туйғуларини шакллантириш орқали мамлакатга дахлдорлик, ватанпарварлик ҳиссини кучайтириш ва бошқалар.

Башарти, ҳукмлар элнинг моли ва жонига жорий экан, бунда тўғрилик ва адолат қози ва қуззотнинг шиори бўлиши даркор. Амалиётда қўлланилаётган бу каби ўзгаришлар юридик соҳа ходимлари олдига ҳам улкан вазифаларни кўндаланг қилиб қўя бошлади. Касб малакаларини ошириш, маҳорат сирларини тинмай ўқиб, ўзлаштириш талабини қўймоқда. Биринчи навбатда улардан тўғрилик ва одиллик, сўнг билим ва тажриба сўралади. Инсон тақдирига масъул бўлган касбу кор эгаларига доимо шундай талаб қўйилган.

Ҳуқуқий давлатнинг муҳим белгиларидан бири, уни барпо этишнинг мажбурий шарти – юристлар, аҳоли, мансабдор шахслар ҳуқуқий маданиятининг юксак бўлишидир. Юристларнинг ҳуқуқий тайёргарлиги, шубҳасиз, қонунга итоаткор фуқароларникидан юқори бўлиши, ўз кўлами ва чуқурлигига кўра фарқланиб туриши, билимлар, ҳуқуқ принциплари ва нормаларининг тартиблилик хусусияти, ҳуқуқий кўрсатмаларни қўллай олиш маҳорати билан ажралиб туриши керак. Бу Ўзбекистон Конституцияси, умуман конституциявий қонун ҳужжатлари нормаларини амалиётда қўллай олиш қобилиятига ҳам тааллуқли. Юристлар учун қонунга, Конституцияга ижобий муносабатда бўлиш – ишга касбий муносабатда бўлишнинг асосидир.

Мамлакатимиз тараққиётининг янги босқичида ўз танлаган тараққиёт йўлидан олға силжимоқда. Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган. Дарҳақиқат, истиқлол йилларида мамлакатимизда суд ҳокимияти мустақиллигини таъминлаш ва нуфузини ошириш, уни илгариги жазоловчи органдан инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қиладиган, жамиятдаги демократик ўзгаришларнинг муҳим воситаси бўлган институтга айлантиришга қаратилган кенг қамровли ишлар амалга оширилди.

Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг иккинчи йўналиши қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга бағишланган бўлиб, унда фуқароларнинг одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишлари этиб белгиланган.

Ҳаракатлар стратегияси амалга оширилишини таъминлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан Конституциямизнинг еттита моддасига суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотлар билан боғлиқ принципиал ўзгартишлар киритилгани, судьяликка номзодларни танлаш ва лавозимга тайинлаш тизимини тубдан такомиллаштириш, юқори малакали судьялар корпусини шакллантириш мақсадида судьялар ҳамжамиятининг янги органи – Ўзбекистон Республикаси Судьялар олий кенгаши ташкил этилгани, Ўзбекистон Республикаси Олий суди суд ҳокимиятининг фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий судлов соҳасида ягона олий органи сифатида давр талаблари асосида янгидан шакллантирилгани, одил судловнинг мазмун-моҳиятига мутлақо тўғри келмайдиган ҳолат – судлар томонидан жиноят ишларини қўшимча терговга қайтариш амалиётига чек қўйилгани тизим ривожи йўлида муҳим қадам бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотлар изчил давом эттирилаётганининг яққол исботидир.

Шу ўринда таъкидлаш лозим, истиқлолнинг дастлабки йиллариданоқ адолатли фуқаролик жамияти барпо этиш йўлида ташланган катта қадамлардан бири, бу – ҳуқуқий-демократик жамият қуришни ўз олдига мақсад қилиб қўйган мамлакатимизда ҳокимиятлар бўлиниши ва мустақил суд ҳокимиятининг вужудга келиши бўлди. Бу бош Қомусимизнинг 106-моддасида “Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади”деган ҳуқуқий нормада ўз аксини топди.

Мамлакатимизда нафақат қонунчилик соҳасида, балки қонунларни амалиётда қўллаш, жазо тизимини тубдан қайта кўриб чиқиш соҳасида ҳам жиддий ўзгаришлар амалга оширилди.

Ўтган шу тарихан қисқа вақт мобайнида амалга оширилган ишларнинг салмоғи беқиёс.  Ҳуқуқий-демократик давлат ва фуқаролик жамияти шаклланишида суд ислоҳотлари алоҳида ўрин тутади. У давлатимиздаги уч забардаст ҳокимиятнинг бири сифатида, фуқароларимизнинг ҳуқуқлари, эркинликлари дахлсизлиги, қонун олдида барчанинг баробарлиги, мамлакат манфаати ва эл фаравонлиги йўлида қабул қилинаётган қонунлар ва ижронинг Конституцияга мувофиқлигини таъминлаш – бир сўз билан айтганда жамиятда қонун ва адолат тамойилларини барқарор тутиш кафолатидир.

Умид Рахимов

Денов туманлараро иқтисодий суди судьяси

“Судлар фаолиятини рақамлаштириш — шаффофлик ва очиқлик кафолати”

Сўнгги йилларда судлар фаолиятида замонавий ахборот технологияларини жорий этиш борасида муайян ишлар амалга оширилди.  

Жумладан, иқтисодий судларда 2014 йил 1 январдан электрон ҳужжат алмашинуви, суд статистикасини юритиш, суд амалиётини таҳлил қилиш ва судлов ишларини юритишда процессуал муддатлардан самарали фойдаланишни таъминлаш мақсадида марказлаштирилган бошқарув платформасидаги электрон маълумотлар базаси ишга туширилган.

Электрон маълумотлар базаси, бир томондан, судьялар ва суд аппарати ходимларига маълумотларни сақлаш, суд ҳужжатларини тузиш, чоп этиш ва процессуал муддатлардан унумли фойдаланишда қўл келмоқда. Бошқа томондан, судда ишларнинг тўғри, тезкор ва қонуний юритилишини мунтазам назорат қилинишини таъминламоқда.

Энг муҳими, ушбу ахборот тизимларидан фойдаланиш учун ҳар бир суддаги шахсий кабинетга алоҳида электрон рақамли имзо орқали кирилди.

Маъмурий судларда иш юритиш самарадорлигини ошириш, судлар ва ички ишлар фаолиятида ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, судлов тизимида маълумотларни электрон тарзда олиш орқали маъмурий ишларни судга тақдим этиш ҳамда ишни кўриб чиқиш билан боғлиқ муддатларни қисқартириш долзарб аҳамиятга эга.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 августда қабул қилинган «Судлар фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини янада жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори шу мақсадга қаратилгандир.

Давлатимиз раҳбарининг ушбу қарори ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил
3 майда қабул қилинган «Маъмурий ҳукуқбузарлик содир этган шахслар ва жабрланувчиларни марказлаштирилган ҳисобга олиш тизимини такомиллаштириш тўғрисида»ги қарорига асосан, 2018 йилдан электрон маълумотлар базаси жиноят ишлари бўйича, фуқаролик ишлари бўйича ва маъмурий судларда ҳам жорий қилинди.

Олий суд томонидан E-XSUD ва E-SUD форматларидаги ахборот тизими:

Ягона интерактив давлат хизматлари портали;

Очиқ маълумотлар портали, шу жумладан, Барқарор ривожланиш портали;

Ижро ҳужжатлари юзасидан қарз­дорликларни ундириш масалалари бўйича ягона идоралараро электрон ҳамкорлик тизими;

Электрон ҳукумат идоралараро интеграциявий платформаси билан интеграция қилинмоқда.

Шунингдек, судларни замонавий суд бинолари билан таъминлаш, суд мажлиси хоналарини зарурий техник воситалар, судлар фаолиятини ёритиб борувчи монитор ва таблолар билан жиҳозлаш ишлари изчил олиб борилмоқда.

Президентимизнинг 2020 йил 3 сентябрда қабул қилинган «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори суд органлари фаолиятини рақамлаштириш ва соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий қилиш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотларнинг янги босқичини бошлаб берди. Қарорда белгиланган вазифаларнинг ижроси судлар фаолиятининг халқаро стандартлар ва ривожланган давлатлар илғор ютуқлари даражасида янада очиқ ҳамда шаффоф бўлишини таъминлайди.

Қарор билан судлар фаолиятини рақамлаштириш бўйича 2021 йилнинг 1 январидан бошлаб, кейинги босқичларда амалга оширилиши лозим бўлган бир қатор устувор вазифа белгилаб берилган. Хусусан:

– судлар фаолиятида «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий этилади. Мазкур тизим орқали барча давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари ва адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятлар фақат электрон шаклда тақдим этилади ва бу билан судларда қоғоз шаклида иш юритишдан босқичма-босқич воз кечилади. Шунингдек, мазкур ти­зим афзалликлари орқали манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш, суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш, суд ҳужжатларини автоматлаштирилган равишда шакллантириш имконияти яратиш;

– барча судларда суд мажлислари тарафларнинг илтимосномалари ва суд мажлисида раислик қилувчи судьянинг розилиги билан, аудиоёзувдан фойдаланган ҳолда, қайд этиб борилади ва суд мажлиси баённомалари ушбу тизимдан фойдаланган ҳолда шакллантириш;

– апелляция ва кассация инс­танция судларида ишлар судьялар ўртасида автоматик равишда тақсимлаш;

– суд қарорлари тарафларга элек­трон тарзда, уларнинг илтимосномалари бўйича эса, қоғоз шаклида тақдим этиш;

– фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига янада қулайлик яратиш мақсадида,
10 га яқин интерактив хизматлар кўрсатиш йўлга қўйиш;

– мобил дастур орқали суд мажлисларида масофадан туриб, яъни суд биносига келмасдан видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконияти яратиш;

– суд ишлари давлат архивига электрон шаклда тақдим этиш;

– суд мажлиси вақти ва жойи ҳақида суд мажлиси иштирокчилари SMS хабари орқали бепул хабардор этиш;

– суд ахборот тизимлари 28 та давлат органлари ва ташкилотлари, Президент Виртуал қабулхонаси ва Бош вазирнинг Тадбиркорлик мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимлари билан уланиш.

Яратиладиган мазкур имкониятлар суд мажлисида иштирок этувчи тарафларга қўшимча афзалликлар яратади. Суд биноларига келиб-кетиш учун сарфланадиган харажатларни камайтиради. Шунингдек, фуқароларнинг вақти тежалади ва судга мурожаат қилиш тартиби осонлашади.

Мурожаатчи — у хоҳ жисмоний ёки юридик шахс бўлсин, хоҳ давлат идораси вакили бўлсин — мурожаат қилиш учун навбатда турмайди, кимнидир кутиб қолмайди. Бу, ўз навбатида, мурожаатчилар турли эҳтимолий асаббузарликлар ва оворагарчиликларга учрамайди, деганидир.

Судларда ишларни кўришда турли давлат органлари ёки нодавлат ташкилотлар билан маълумот алмашинувини қоғоз шаклида амалга оширишга барҳам берилади. Яъни иш юритиш янада соддалаштирилади.

Электрон хизматлардан ва ахборот телекоммуникацияларидан кенг фойдаланиш соҳага доир процессуал муддатларга риоя этилишини тўла таъминлаб, иш юритиш юзасидан назорат олиб борилиши самарадорлигини оширади.

Содда қилиб айтганда, судларга қилинган мурожаатни кўриб чиқиш учун тайинланган вақт, ишларнинг бошқа кунга қолдирилиши сабаблари, улар бўйича қабул қилинган суд қарорлари мазмуни, суд ҳужжатларининг ишда иштирок этувчи шахсларга юборилганлиги ва шу билан боғлиқ барча маълумотлар электрон базада яққол кўриниб туради.

Бундан ташқари ахборот тизимларининг жорий этилиши барча бўғиндаги судлар бўйича аниқ суд статистикасини юритиш, объектив ҳолатни реал вақт режимида ўрганиш ва тизимли таҳлилни амалга ошириш, шу билан бирга, кечиктириб бўлмайдиган ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларни белгилаб олиш имконини беради.

Натижада судлар фаолиятига турли хил аралашувларга йўл қўйилмайди.

Қонунийликни таъминлашга ва соҳада эҳтимолий коррупциянинг олдини олишга қўшимча кафолатлар яратилади.

Хулоса қилиб айтганда, Президентимизнинг суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш бўйича қарорида белгилаб берилган вазифаларнинг амалга оширилиши судлар фаолиятида очиқлик ва шаффофликнинг янада таъминланишига хизмат қилади.

Шу билан бирга, бу янгиликлар судларга мурожаат қилиш, суд мажлисларида иштирок этиш ва суд ҳужжатларидан нусха олиш тартиби соддалаштирилишига олиб келади. Буларнинг барчаси, шубҳасиз, фуқароларнинг ортиқча овора бўлишининг олдини олади ва юртдошларимизнинг судларга бўлган ишончи ортишига замин яратади.

Зойир Рустамов

Денов туманлараро иқтисодий суди раиси

Skip to content