Амалдаги қонунчиликка йўл ҳаракати хавфсизлиги билан боғлиқ қатор ҳуқуқбузарликлар учун жиноий жавобгарлик белгиланди

Жорий йил 20 февраль куни йўл ҳаракати хавфсизлиги тизими такомиллаштирилиши муносабати билан Жиноят, Жиноят-процессуал ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритишни назарда тутувчи ЎРҚ-1033-сон Қонун қабул қилинди.

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди тергов судьяси А.Алиқулов томонидан мазкур қонуннинг мазмун-моҳиятини кенг жамоатчиликка тушунтириш мақсадида Узун туман Ички ишлар бўйими йўл ҳаракати хавфсизлиги гуруҳи биносида очиқ мулоқот тарзида давра суҳбати ташкил этилди.

Қонунда йўл ҳаракати қоидаларига риоя этмасликнинг салбий оқибатларининг олдини олишга хизмат қилувчи янги нормалар ўрин олган.

Хусусан, Жиноят кодексига тегишли ўзгартиришлар киритиш орқали транспорт воситасини такроран маст ҳолда бошқарганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Бундан ташқари, Жиноят кодексида автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва қайта тайёрлаш, шунингдек имтиҳон ўтказиш ва ҳайдовчилик гувоҳномасини бериш тартибини бузганлик, транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахснинг транспорт воситасини бошқарганлик ва сиқилган табиий газда, суюлтирилган нефть газида ёки дизель ва газсимон ёқилғи аралашмасида ишлайдиган транспорт воситаларидан фойдаланишда хавфсизлик қоидаларини бузганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Шунингдек, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексда транспортда безорилик, яъни айрим ҳайдовчилар томонидан бошқариш маданиятига риоя қилмай, транспорт воситасини кескин бошқариш ва бошқа ҳаракатларда ифодаланган “агрессив бошқариш”, “дрифт”, “шахмат” шаклида ҳаракатланиш, йўлларда тўсиқларни пайдо қилиш каби қоидабузарликлар учун маъмурий жавобгарлик белгиланди.

Хулоса қилиб айтганда мазкур Қонуннинг қабул қилиниши, йўл ҳаракати иштирокчиларини йўлларда ҳаракатланиш маданиятини оширишга, йўл ҳаракати иштирокчилари ҳаракат давомида белгиланган қоидаларга амал қилишини таъминлашга, пировардида йўл-транспорт ҳодисалари сони камайишига хизмат қилади.

А.АЛИҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман судининг тергов судьяси

КЕЧИРИМЛИЛИК ВА БАҒРИКЕНГЛИК НАМОЙИШИ

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман судининг навбатдаги сайёр суд мажлисида 41-сон манзил-колонияси маъмурияти киритган тақдимномалар кўриб чиқилди.

Сайёр судда жазо муддатини ўташ даврида меҳнатга ҳалол муносабатда бўлган, ўрнатилган тартиб-қоидаларига қатъий риоя этган, хулқини ижобий томонга ўзгартириб, содир этган жиноятининг оқибатларини тўла англаб олган ва тегишли хулоса чиқарган 1 нафар маҳкум ўталмай қолган жазо муддатидан инсонпарварлик тамойили асосида Жиноят кодексининг 73-моддасига  асосан муддатидан илгари шартли озод этилган бўлса, яна 6 нафар маҳкумларни ўталмай қолган жазо муддати Жиноят кодексининг 74-моддасига асосан енгилроқ жазо турига алмаштирилиб, манзил-колониясидан озод этилди. 

Кейинги йилларда суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар қонун устуворлигини таъминлаб, одил судловга эришишга йўналмоқда. Инсон ва одил суднинг ўзаро муносабатларидаги қонунийлик ҳамда адолатни таъминлайдиган ҳаракатлар негизида халқимизнинг осойишта ҳамда ҳаётидан рози бўлиб яшаш ҳуқуқи туради.

Суд тизими йилдан-йилга такомиллашиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатлари ишончли ҳимоя қилинаётгани, одил судлов самарали таъминланаётгани сайёр суд мажлисларида ҳам ўз ифодасини топмоқда. 

Мазкур манзил-колонияда ўтказилган сайёр суд мажлисида ҳам халқимизнинг кечиримлилик, бағрикенглик каби юксак фазилатлари кенг намоён бўлди.

Сайёр суд мажлисида манзил-колониясидан озод этилган маҳкумларнинг 6 нафари эндиликда ўз оиласи бағрида яшаб, ўталмай қолган жазо муддатини тегишли тартибда пробация хизматида ўтайди.

ТЎЛҚИН ТЎРАҚУЛОВ,

Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди раиси

КОРРУПЦИЯ – РИВОЖЛАНИШИМИЗГА ТЎСИҚ

Термиз давлат университетида вилоят суди судьялари, прокуратура, адлия органлари ва ички ишлар бошқармаси масъуллари иштирокида Президентимиз раислигида жорий йилнинг 5 март куни ўтказилган Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида белгилаб берилган вазифалар ижроси таъминлаш мақсадида очиқ мулоқот ўтказилди.

Очиқ мулоқотда университетнинг “Спорт фаолияти ва бошқаруви” факультети ўқитувчи ва талабалари иштирок этиб, кун тартибидаги мавзу юзасидан масъулларнинг фикр ва тушунтиришлари тингланди.

Давлатимиз раҳбари раислигида ўтказилган мазкур йиғилишда коррупцияга қарши курашиш бўйича махсус ваколатли органлар, қолаверса, бошқа вазирлик ва идоралар йўл қўйган камчиликлар кўрсатиб ўтилиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари асосан коррупцияни аниқлаш ва жазолаш билан ишлаб, коррупцион омилларни таг-томири билан йўқотадиган превентив, яъни, коррупцион ҳуқуқбузарликларнинг олдини-олишга қаратилган чораларни эътиборсиз қолдираётгани алоҳида таъкидланди.

Коррупция – бу ислоҳотлар йўлидаги энг катта тўсиқ ва ғов экани, у халқнинг давлатга, Конституция ва қонунларга бўлган ишончига путур етказиши, барқарор ривожланиш ва хавфсизлик учун жиддий таҳдидга айланиши, коррупцияга қарши курашишда фақат давлатнинг саъй-ҳаракати билан кутилган натижага эришиб бўлмаслиги, бу бутун жамиятимизнинг иши экани ҳам қайд этилди.

Жаҳонда бу иллат ижтимоий ҳаётнинг барча соҳаларида давлатларнинг ривожига тўсқинлик қиладиган, одил судлов самарадорлигига салбий таъсир кўрсатадиган ва охир-оқибат фуқароларнинг суд тизими ва давлат идораларига бўлган ишончига путур етказадиган омиллардан бирига айланаётгани сир эмас. Янги Ўзбекистонда эса судьяларнинг мустақиллиги, фақат Конституция ва қонунга бўйсуниши, уларнинг одил судловни амалга оширишга доир фаолиятига ҳар қандай тарзда аралашишга йўл қўйилмаслиги ва бундай аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Коррупция – тараққиёт кушандаси, хавфсизликка таҳдид туғдирувчи хавфли жиноятдир. Бу иллатга қарши курашиш барчамизнинг вазифамиз бўлиши зарур.

Ушбу бўлиб ўтган очиқ мулоқотда коррупциянинг олдини олиш юзасидан таклиф ва фикр-мулоҳазалар эшитилди ҳамда унга қарши курашиш бўйича тегишли чора-тадбирлар белгиланиши лозимлиги таъкидланди.

ИЛХОМ АБРАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

СУВДАН ОҚИЛОНА ФОЙДАЛАНИШ ДАРКОР

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг навбатдаги ялпи мажлисида «Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексини тасдиқлаш тўғрисида»ги Қонун сенаторлар томонидан муҳокама қилинди.

Таъкидланишича, сўнги йилларда сув муносабатларининг ижтимоий-иқтисодий асослари ўзгариб бораётгани сувга оид қонунчиликни қайта кўриб чиқиш заруратини вужудга келтирмоқда.

Мазкур Қонун билан тасдиқланаётган Ўзбекистон Республикасининг Сув кодексида эса сув муносабатлари соҳасидаги асосий ҳуқуқий ҳужжатлар тизимлаштирилган.

Дарвоқе, сувга доир муносабатларни тартибга солиш соҳасида Вазирлар Маҳкамаси, вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатлари, вазифа ҳамда функцияларига аниқлик киритиш назарда тутилган бўлиб, бу борада сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий қилиш шартлари, сув олиш тартибини бузганлик учун жавобгарлик масалалари, сувга доир муносабатларда халқаро ҳамкорликнинг асосий йўналишлари белгилаб берилмоқда.

Бундан ташқари, ушбу Қонун мамлакатнинг сув хавфсизлигига эришишига хизмат қилади. Унда сув тақчиллиги кучайиб бораётган даврда барча иқтисодиёт тармоқлари ҳамда атроф муҳитнинг сувга бўлган эҳтиёжини қондириш, сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, сув инфратузилмаси ва суғориладиган ерлар ҳолатини яхшилаш каби масалалар қамраб олинган.

Шу айтиш керакки, соҳа бўйича давлат органларининг бир-бирини такрорловчи ваколатлари билан боғлиқ масалалар ҳал қилиниб, сув етказиб берувчилар ва истеъмолчиларининг бу борадаги масъулияти ортади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Мухтасар айтганда Сув кодексининг қабул қилиниши сувдан оқилона фойдаланиш, сув ресурсларини самарали бошқариш ва муҳофаза қилишни таъминлайди.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

ЎҒРИ БОЛАЛАР

Содир этилган ҳар қандай жиноят жамият учун хатарли иллат ҳисобланади. Ана шу иллатнинг вояга етмаганлар томонидан содир этилиши шу юртнинг эртанги фаровон ҳаётини ўйлаган, нурли келажаги учун қайғурган, тинчлиги ва осойишталигига ўзини дахлдор, деб билган кишини ташвишлантирмаслиги асло мумкин эмас.

Биламизки, билиб-билмай жиноят кўчасига кириб қолаётган вояга етмаган шахслар йўқ эмас.

Вояга етмаган Гулмурод Эркинов ҳамда Жонибек Жўраевлар (исм-фамилиялар ўзгартирилган) жиноятга қўл уришди, жумаладан, Гулмурод ва Жонибек бир гуруҳга бирлашиб, 2024 йил 05 сентябрь куни тахминан соат 19:45 ларда Ангор тумани ҳудудида фуқаро Карим Рашидовнинг “Некция” русумли транспорт воситасини кўриб қолиб, мазкур автомашинанинг буюмлар солиш учун мўлжалланган қисмидан 600 АҚШ доллари ва 11.000.000 сўм пул маблағларини ўғирлаб кетади. Ўғирлик ортидан тушган пулларни эса ўзларининг шахсий эҳтиёжлари учун ишлатиб юборади.

Жабрланувчи Карим Рашидовнинг мурожаатидан сўнг ўғрини аниқлаш, жиноятни фош этиш юзасидан тезкор чора-тадбирлар кўрилди. Жиноятни очиш эса кўп вақт олмади. Кўп ўтмай ўғрилар ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Тергов ҳаракатлари олиб борилди. Етказилган зарар тўланди, судланувчилар жабрланувчидан кечирим сўради.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди ўтказилган суд мажлиси жараёнида айбдолр судланувчилар қилмишига яраша жазосини олди.

Таъкидлаш жоизки, ҳар бир инсоннинг бу оламда яшашдан мақсади, орзу-ниятлари бор. Ўз умрини ўзининг яхши хислатлари билан энг аввало ўзига, яқинларига ҳамда атрофдагиларга сарфлашга ярамайдиган, қилмишидан тўғри хулоса чиқармаган, шахснинг ҳолига вой.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди тергов судьяси

СУДЛАР КОРРУПЦИЯДАН ХОЛИ ТИЗИМГА АЙЛАНАДИ

Муҳтарам Президентимиз жорий йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида коррупцияга қарши курашиш доимий жараён эканини таъкидлаб, бу борадаги долзарб масалаларни ва келгуси вазифаларни аниқ ҳамда равшан кўрсатиб ўтдилар.

Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси Бахтиёр Исломов раҳбарлигида ҳам мазкур муҳим ва долзарб масалага бағишланган йиғилиш ўтказилди. Мазкур йиғилишда давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан Коррупцияга қарши курашиш миллий кенгаши йиғилишида белгилаб берган вазифалар атрофлича ўрганиб чиқилди.

Шу тариқа Сурхондарё вилоят судида юқорида таъкидланган ҳар иккала муҳим тадбирда таъкидланган масалалар юзасидан судья ҳамда суд аппарати ходимлари иштирокида йиғилиш бўлиб ўтди. Йиғилишда узоқ ҳудудларда жойлашган туманлараро, туман ва шаҳар судлари судьялари ҳамда ходимлари видеоконференцалоқа воситасида иштирок этди.

Вилоят суди раиси йиғилишнинг мазмун-моҳияти, мақсади ва аҳамияти ҳақида батафсил тушунтириш берди. Муҳтарам Президентимиз шу йилнинг 5 март куни Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишидаги маърузасидан келиб чиқадиган вазифалар, хусусан суд тизимига боғлиқ масалаларга атрофлича тўхталди. Шунингдек, Олий суд раиси раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда таъкидланган йўналишлар борасида бирма-бир тушунтиришлар берилди.

Бундан ташқари, Олий суд раисининг Мурожаатномаси ҳар бир судья ва суд ходимининг иш столида бўлиши лозимлиги, уни қайта-қайта ўқиб мағзини уқиш кераклиги таъкидланди.

Шунингдек, вилоят суди раиси ўринбосарлари ва судьялари кун тартибидаги масалалар юзасидан сўзга чиқиб, фикр-мулоҳазалар, мунозара ва таклифлар берилди.

Йиғилиш якунида коррупцияга қарши муросасиз курашиш юзасидан тегишли чора-тадбирлар белгилаб олинди.

АБЛҚОСИМ РУЗИҚУЛОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси

МЕҲНАТ ШАРТНОМАСИНИНГ ТУШУНЧАСИ ВА ТАРАФЛАРИ

Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг VI-бобида меҳнат шартномасига таъриф берилган бўлиб, ушбу кодекснинг 72-моддасига кўра, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида муайян мутахассислик, малака, лавозим бўйича ишни ички меҳнат тартибига бўйсунган ҳолда тарафлар келишуви, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишувдир.

Ходим ва иш берувчи меҳнат шартномасининг тарафлари бўлиб ҳисобланадилар.

Меҳнат шартномасини тузиш ҳақидаги келишувдан олдин қўшимча ҳолатлар (танловдан ўтиш, лавозимга сайланиш ва бошқалар) бўлиши мумкин. Ходим ўриндошлик асосида ишлаш тўғрисида қонунчиликда белгиланган тартиблар асосида меҳнат шартномалари тузиши мумкин.

Шунингдек, меҳнат шартномасининг мазмуни тарафлар келишуви бўйича, шунингдек меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланади.

Меҳнат шартномаси тарафларининг келишуви билан қуйидагилар белгиланади:

-иш жойи (корхона ёки унинг бўлинмаси);

-ходимнинг меҳнат вазифаси – мутахассислиги, малакаси, у ишлайдиган лавозим;

-ишнинг бошланиш куни;

-меҳнат шартномаси муайян муддатга тузилганда унинг амал қилиш муддати;

-меҳнат ҳақи миқдори ва меҳнатнинг бошқа шартлари.

Меҳнат шартномасини тузиш пайтида ходимларнинг қонун ҳужжатлари ва бошқа норматив ҳужжатлар билан белгиланган меҳнат ҳуқуқлари ва кафолатлари даражаси пасайтирилиши мумкин эмас.

Меҳнат шартномаси фақатгина ёзма шаклда тузилади ва меҳнат шартномасининг шакли Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати томонидан белгиланган тартибда тасдиқланадиган намунавий шартномани ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилади.

Меҳнат шартномаси бир хил кучга эга бўлган камида икки нусхада тузилади ва ҳар бир тарафга сақлаш учун топширилади.

Меҳнат шартномасида албатта тарафларнинг манзиллари кўрсатилиши керак.

Меҳнат шартномаси ходим ва ишга қабул қилиш ҳуқуқига эга бўлган мансабдор шахснинг имзолари билан мустаҳкамланиб, имзоланган муддати қайд этиб қўйилади. Мансабдор шахснинг имзоси имзонинг ҳақиқий ва ваколатли эканлигини таъкидлаш тариқасида корхона муҳри билан (муҳр мавжуд бўлган тақдирда) тасдиқланади.

Меҳнат шартномалари номуайян муддатга, беш йилдан ортиқ бўлмаган муайян муддатга ва муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб тузилиши мумкин.

Агар меҳнат шартномасида унинг амал қилиш муддати кўрсатилмаган бўлса, меҳнат шартномаси номуайян муддатга тузилган деб ҳисобланади.

Номуайян муддатга тузилган меҳнат шартномаси ходимнинг розилигисиз муайян муддатга, шунингдек муайян ишни бажариш вақтига мўлжаллаб қайта тузилиши мумкин эмас.

Муддатли меҳнат шартномалари:

-бажарилажак ишнинг хусусияти, уни бажариш шартлари ёки ходимнинг манфаатларини ҳисобга олган тарзда, номуайян муддатга мўлжалланган меҳнат шартномаларини тузиш мумкин бўлмаган ҳолларда;

-корхона раҳбари, унинг ўринбосарлари, бош бухгалтер билан, корхонада бош бухгалтер лавозими бўлмаган тақдирда эса, бош бухгалтер вазифасини бажарувчи ходим билан;

-қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда тузилиши мумкин.

Таъкидлаш жоизки, меҳнат шартномаси ходим билан иш берувчи ўртасида норматив ҳужжатлар билан белгиланган шартлар асосида ҳақ эвазига бажариш ҳақидаги келишув ҳисобланади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Сурхондарё вилоят судида 8 март – Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди

Мамлакатимизда онани, хонадонларимиз файзи бўлган хотин-қизларни улуғлаш давлатимиз белгилаб олган сиёсатнинг муҳим йўналишига айланган.

Барчамизга маълумки, Президентимиз ташаббуси билан оила институтини мустаҳкамлаб, хотин-қизларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, қобилият ва салоҳиятини рўёбга чиқариш, оналик ва болаликни ҳимоя қилишга қаратилаётган юксак эътибор жамиятда аёлларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини кучайтиришда ўз самараларини бермоқда.

Маълумотларга кўра, айни пайтда Сурхондарё вилоятида 1,5 миллион ортиқ хотин-қиз яшайди, яъни 49 фоиздан ортиғи хотин-қизлардир.   Вилоятимизда мунис онахону бувижонлар, дилбар опа-сингилларнинг жамиятдаги ўрнини мустаҳкамлаб, уларнинг қалбида чечак отаётган орзу-истакларини рўёбга чиқариш юзасидан кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Давлат ва жамоат ташкилотларида хизмат қилаётган, далада ишлаётган хотин-қизлар меҳнати алоҳида эътироф этилмоқда. Ватанимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш орзуси билан олий таълим муассасаларида касб ўрганаётган хотин-қизларнинг контракт тўловларини тўлашга ёрдам кўрсатилмоқда. Изланиб, турли соҳаларда илмий иш қилишни, олима бўлишни кўнглига туккан хотин-қизларнинг магистратурада ўқишни давом эттириши учун ҳам контракт пуллари тўлаб берилаётир. Кам таъминланган оилалар ва ёрдамга муҳтож хотин-қизларга моддий, маънавий кўмак берилмоқда.

8 март –Халқаро хотин-қизлар куни муносабати билан Сурхондарёда бошланган турли тадбирлар ҳам мўътабар онахону момоларимизга, дилбар опа-сингилларимизга кўрсатилаётган юксак эътиборнинг  амалдаги ифодасидир.  

Баҳорнинг илк айёми, гўзаллик шодиёнаси арафасида меҳнат жамоаларида ўтказилаётган байрам тадбирлари қалбларга фахр, кўнгилларга қувонч улашмоқда. Тинч, осуда ва инсон қадри улуғланаётган Ватанда яшаётганидан шукроналик ҳиссини юксалтираётир. Ана шундай шодиёналардан бири Сурхондарё вилоят судида бўлиб ўтди.

Соҳада хизмат қилаётган хотин-қизлар шарафланган тантанали тадбирда вилоят суди раиси Аблқосим Рузиқулов суд тизимида фаолият юритаётган хотин-қизларга байрам табригини ўқиб эшиттирди.

Сурхондарё вилояти судларида 6 нафар судья, 88 нафар ходим хотин-қиз хизмат қилиб, одил судловни амалга ошириш ва адолатли жамият барпо этишга муносиб ҳисса қўшаётир.  

–Суд тизимида 41 йилдан буён хизмат қиламан,–дейди Сурхондарё вилоят суди судьяси Дилором Алмуратова. – Сўнгги йилларда суд тизимида катта ислоҳотлар амалга оширилди. Соҳада биз хотин-қизларнинг меҳнат қилишимиз учун ҳам кенг имкониятлар яратиб берилди. Байрамлар арафасида камтарона меҳнатларимиз алоҳида эътиборга олиниб, улуғланаётганидан ҳам фаҳр-ифтихор ҳиссини туямиз. Тизимда меҳнат қилаётган хотин-қизлар сафининг ортиб бораётгани қонун устуворлигини, гендер тенгликни таъминлаш ва хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда юз берган ўзгаришларга яққол мисол бўла олади ва одил судлов таъминланаётганидан қувончим чексиз.

Тантанали тадбирда соҳада хизмат қилаётган хотин-қизларга вилоят суди раисининг эсдалик совғалари топширилди.

САРВИНОЗ МЎМИНОВА,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

Олий суд раисининг ўринбосари Олимжон Исмаилов Сурхондарё вилоятида фаолият юритаётган судьялар билан мулоқот ўтказди

Тадбирда судга мурожаат билан келган фуқароларни қабул қилишда юксак муомала маданиятига риоя этиш, белгиланган қонун-қоида талабларидан оғишмаслик, судьялар ва ходимлар доимий равишда ўз билим ҳамда тажрибасини ошириб боришлари зарурлиги каби масалалар бўйича фикр билдирилди.

Шунингдек, одил судловни амалга ошириш орқали фуқаролар ва юридик шахсларнинг Конституция билан кафолатланган ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилиш, фаолиятдаги камчиликларни бартараф этиш орқали ягона суд амалиётини шакллантириш, Судьялар одоби кодекси қоида ва талабларидан оғишмаслик масалалари хусусида сўз юритилди.

Хусусан, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилмаслик ҳолатларни олдини олиш мақсадида судьяларга судьялик қасамёди, Судьялар одоби кодекси ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган меъёрларга қатъий ва оғишмай амал қилишлари, ҳалол ва виждонан фаолият олиб боришлари, одил судловни ҳамда ўз вазифаларини амалга оширишда қонунийлик, одиллик, инсонпарварлик, холислик ва ростгўйлик тамойилларига риоя қилишлари, судьялар томонидан ҳар бир суд ходимининг фаолияти устидан назорат ўрнатилиб, ходимларнинг ишдан ташқари вақтларда улар қандай ишлар билан машғул бўлаётганликларидан хабардор бўлиб, бу борада ходимларнинг ота-оналари иштирокида йиғилишлар ўтказиб боришлари лозимлиги, коррупцияга қарши курашиш борасида ишлар самарадорлигини янада ошириб бориш зарурлиги таъкидланди.

Мулоқотда сўз олганлар суд ҳокимиятининг обрўйи ва нуфузини сақлаш ҳар бир судья ва ходимнинг мажбурияти эканлигини қайд этган ҳолда, тизимнинг барча вакиллари судьянинг холислиги, мустақиллиги ва беғаразлигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган ҳар қандай хатти-ҳаракатлардан ўзини тийишлари шартлигини таъкидлади.

АСҚАР ҚУДРАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди Жамоатчилик

ва оммавий ахборот воситалари билан

алоқалар бўйича бош консультанти

МЕҲНАТГА ЛАЁҚАТСИЗЛИК ВАРАҚАСИ ВА УНИ РАСМИЙЛАШТИРИШ АСОСЛАРИ

Меҳнатга лаёқатсизлик тушунчаси меҳнат муносабатларини тартибга солувчи ҳуқуқий нормаларнинг ажралмас қисмларидан бири ҳисобланади. Ҳеч бир инсон саломатлиги билан боғлиқ муаммоларга дуч келмаслик бўйича кафолатларга эга эмас. Ана шундай ҳолатларда ташкилот, корхона ва муассасаларда меҳнат фаолиятини юритиб келувчи ходимлар ва иш берувчилар ўртасида меҳнат муносабатлари билан боғлиқ ҳуқуқий муаммолар юзага келиши мумкин.

Бу каби ҳолатлар юз берганида ходим ўзининг касаллиги ва бошқа узрли сабаблар туфайли вақтинча меҳнат вазифаларини бажара олмаслигини исботлаши зарур ҳисобланади. Ўз саломатлиги ёки оила аъзоларидан бирининг саломатлигидаги муаммолар сабабли меҳнат мажбуриятларини бажара олмаган шахс томонидан ушбу ҳолатнинг узрли эканлигини исботлаш учун иш берувчи томонидан меҳнатга лаёқатсизлик варақаси талаб қилинади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақаси – шахсни ишдан озод қилиш, вақтинча меҳнатга қобилиятсизлик нафақаси ёки ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тўлаш учун асос бўладиган ҳамда вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик билан кечадиган касалланишнинг ҳисоби юритиладиган ҳужжат ҳисобланади.

Ўзбекистон Республикаси Қонунчилигига кўра меҳнат муносабатлари билан боғлиқ қуйидаги ҳолатлар меҳнатга лаёқатсизлик варақаси билан тасдиқланиши лозим:

-ходимнинг касаллиги ёки шикастланганлиги;

-ҳомиладорлик ва туғиш ҳолатлари;

-ходимнинг оиланинг бетоб аъзосини парваришлаганлиги;

-протез қўйдирилганлик ҳолати;

-санаторий-курортда даволанганлик ҳолати;

-соғлиғи ҳолатига кўра бошқа ишга ўтказиш учун ва карантин туфайли меҳнатга вақтинча лаёқатсизлигини экспертиза қилиш натижаларига кўра аниқланган меҳнатга лаёқатсизлик ҳолати.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақасини бериш бўйича ваколатли давлат органи давлат соғлиқни сақлаш тизими даволаш профилактика-муассасалари ҳамда вазирлик, идоралар ва бошқа давлат ташкилотларига қарашли даволаш-профилактика муассасалари ҳисобланади.

Меҳнатга лаёқатсизлик варақалари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирининг 2015 йил 20 мартдаги 25-сонли буйруғига Иловада кўрсатиб ўтилган шаклда расмийлаштирилади.

Қуйидаги шахсларга меҳнатга лаёқатсизлик варақалари берилмайди:

-ишламайдиган шахсларга;

-иш ҳақи сақланмаган ҳолда меҳнат таътилида бўлган шахсларга;

-ҳарбий хизматчиларга.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекасининг 286-моддасига кўра, иш берувчи ходимга унинг ўз меҳнат мажбуриятларини бажариши билан боғлиқ ҳолда ишлаб чиқаришдаги бахтсиз ҳодиса ёки касб касаллиги натижасида вақтинча меҳнатга лаёқатсиз бўлиб қолганида унга ушбу ҳолат билан боғлиқ харажатларни компенсация қилиб бериши лозимлиги белгиланган.

Таъкидлаш жоизки Меҳнат кодекси нормалари ҳамда меҳнатга лаёқатсизлик билан боғлиқ муносабатларни тартибга солувчи бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларга риоя қилиш иш берувчи ва ходим ўртасида меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тушунмовчиликлар юзага келишининг олдини олишга ва меҳнат низоларининг камайишига хизмат қилиши шубҳасиздир.

ДИЛМУРОД ЖУМАЕВ,

Сурхондарё вилоят судининг судья катта ёрдамчиси

Skip to content