КОНСТИТУЦИЯВИЙ СУДГА ЭЛЕКТРОН ШАКЛДА МУРОЖААТ ҚИЛИШ ТАРТИБИ ЖОРИЙ ЭТИЛАДИ

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 18 декабрь кунидаги “Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини янада такомиллаштириш ва замонавий рақамли технологияларни жорий этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ–253-сон Фармони қабул қилинди.

Ушбу Фармонга кўра, Конституциявий суд фаолиятини такомиллаштиришнинг устувор мақсадлари этиб қуйидагилар белгиланди.

Жумладан:

фуқаролар ва юридик шахсларнинг конституциявий одил

судловга эришиш, уларнинг бузилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини тиклаш имкониятларини кенгайтириш;

шахсларнинг мурожаатлари (шикоятлари)ни кўриб чиқиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, ортиқча бюрократик тўсиқлар ва оворагарчиликларни бартараф этиш.

Конституциявий судга тўғридан-тўғри мурожаат қилиш ҳуқуқи субъекти бўлмаган фуқаро ёки юридик шахс томонидан Конституциявий судга тааллуқли масала юзасидан йўлланган мурожаат Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга бўлган субъектга юборилади.

Конституциявий судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга субъект томонидан шахснинг мурожаатидаги масала Конституциявий судга киритилмаганда муаллифга ушбу масалани киритишга асос мавжуд эмаслиги тушунтирилиб хабар берилади ва Конституциявий судга ахборот тақдим этилади.

Конституциявий шикоят институти бўйича:

муайян иш бўйича суд томонидан қўлланилган қонуннинг Конституциявий суд томонидан Конституцияга мувофиқ эмас деб топилиши суд ҳужжатини ўрнатилган тартибда қайта кўришга;

муайян иш бўйича қўлланилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг Конституцияга мувофиқлиги тўғрисида судлар ташаббуси билан Конституциявий судга Олий суд томонидан мурожаат киритилиши ҳолатини судда тегишли иш бўйича иш юритувини тўхтатишга асос сифатида белгиланади.

Мазкур Фармонга кўра, 2026-2027 йилларда Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди фаолиятини рақамлаштириш дастури тасдиқланди. Унда қуйидагилар назарда тутилди:

суд иштирокчиларини Конституциявий суд мажлисининг вақти ва жойи ҳақида “Суд хабарномаси” электрон хизмати ва ЯИДХП (my.gov.uz)нинг мобил иловаси орқали электрон тарзда хабардор қилиш;

суд мажлислари видеоконференцалоқа режимида, шу жумладан, мобил иловадан фойдаланган ҳолда ўтказилишини таъминлаш;

суд мажлисларини аудиоёзув орқали қайд этиб бориш ҳамда суд мажлиси баённомаларини ушбу тизим ёрдамида шакллантириш.

Шунингдек, 2027 йил 1 августдан Конституциявий суд фаолиятига қуйидаги имкониятларга эга “E-KSUD” ахборот тизими синов тариқасида жорий этилади:

▪️ Конституциявий судга электрон шаклда мурожаат қилиш ва мурожаатларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн кузатиб бориш;

▪️ фуқаролар ва юридик шахсларга одил судловга эришишда қулайлик яратиш мақсадида интерактив хизматлар кўрсатиш;

▪️ суд мажлисларини жонли эфирга узатиш имкониятини яратиш;▪️ ногиронлиги бўлган шахслар учун зарур шарт-шароитларни яратиш.

ЖАМШЕД БОБОЕВ,

Сурхондарё вилоят маъмурий суди бош консультанти

БОЛАНИ НАЗОРАТСИЗ ҚОЛДИРМАНГ

очерк

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 77-моддасига кўра, ота-оналар ва уларнинг ўрнини босувчи шахслар ўз фарзандларини вояга етгунига қадар боқиши, уларнинг тарбияси, таълим олиши, соғлом, тўлақонли ҳамда ҳар томонлама камол топиши хусусида ғамхорлик қилишга мажбурдирлар.

Бироқ, жамиятга айрим ота оналар борки, бу мажбуриятларини бажармасдан, фарзандини чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлиги оқибатида қонун олдида жавобгар бўлмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2026-2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги  Фармони қабул қилинди.

Мамлакатимизда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларни ҳар қандай зўравонликдан асраш ва ғамхорлик қилиш Конституцияда мустаҳкамлаб қўйилган шунингдек, бир қанча қонунлар ҳам қабул қилинган.

Аммо айрим фуқаролар ҳозирги кунга қадар ўз фарзандларини чет эл давлатларида назратсиз қолдириши оқибатида жавобгарликка тортилмоқда.

Хусусан, Санобар Кимсанова (исм-шарифлар ўзгаритирилган) 2025 йил 08 июнь куни вояга етмаган фарзандини Россия Федерациясига юбориб, чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдирганлиги аниқланган.

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судида кўриб чиқилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш юзасидагн ҳуқуқбузар Санобар Кимсанова суд мажлисида, айбига иқрорлик билдириб, у 2025 йил ва 2009 йилда туғилган фарзандларини акаси билан Россия Федерациясига даволаниш учун юборганини, тегишли тартибда васий тайинламасдан жўнатганини, чет давлат ҳудудида назоратсиз қолдиргани баён қилиб, енгиллик беришни сўради.

Суд ҳуқуқбузарнинг ҳаракатинит иш ҳужжатларида мавжуд бошқа объектив далиллар мажмуи билан тўлиқ  исботланган деб топиб, унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 476-моддаси 1-қисми билан жарима жазоси тайинлади ва унга вояга етмаган фарзандини Россия Федерациясидан қарор чиқарилган кундан бошлаб бир ой муддатда олиб келиш мажбурияти юклади.

Суд масъулиятсиз онага қилмишига яраша жазо тайинлаб, жазо муқаррарлигини таъминлади.

ХАДИЧА РАХИМОВА,

Жиноят ишлари бўйича Ангор туман судининг тергов судьяси

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро судининг 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасидаги ишлар сарҳисоби

Фуқароларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларининг ишончли ҳимоясини кафолатлайдиган суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш ҳуқуқий демократик давлат ва кучли фуқаролик жамиятини қуришдаги муҳим шартлардан биридир.

Шу муносабат билан мамлакатимизда суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликларининг ишончли ҳимоясини таъминлаш, шунингдек одил судловга эришиш даражасини ошириш, суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш соҳасида давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишлари этиб белгиланди.

Албатта, ҳар қандай жамиятдаги адолат мезони шу жамиятдаги фуқароларининг ҳуқуқ-эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиниши қай даражада кафолатланганлиги билан бевосита боғлиқдир.

Жумладан, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида одил судловни амалга ошириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилди.

Ўтган 2025 йилда фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди  томонидан жами 4.987  та фуқаролик ишлари  кўриб тамомланган. Ушбу кўриб тамомланган 4.987 та ишлардан 4.031 таси (ёки 80.8 фоизи) бўйича ҳал қилув қарори қабул қилинган. Шунингдек, 53 таси (ёки 1.06 фоизи) иш юритишдан тугатилган ҳамда 903 таси (ёки 18.1 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган.

Бу даврда ҳал қилув қарори чиқариб кўрилган 4.031 та ишлардан 3.507 таси (ёки 87 фоизи) бўйича даъволар қаноатлантирилган бўлса, 524 таси (ёки 12.9 фоизи) бўйича даъволар рад этилган.

Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан 2025 йил давомида кўрилган ишлардан асосий қисмини оилавий муносабатлар ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ низолар ташкил қилади.

Оилавий муносабатлар билан боғлиқ кўрилган 1.402 та ишлардан 634 таси (ёки 45.2 фоизи) никохдан ажратиш билан боғлиқ ишларни ташкил қилади. Бу даврда кўрилган 634 та ишлардан 345 таси (ёки 54.4 фоизи) қаноатлантирилган, 191 таси (ёки 30.1 фоизи) рад этилган, 81 таси (ёки 12.7 фоизи) бўйича даъволар кўрмасдан қолдирилган бўлса, яна 17 таси (ёки 2.6 фоизи) иш юритишдан тугатилган.

Таҳлилларга кўра, ўтган 2025 йил давомида никохдан ажратиш билан боғлиқ низоларни кўришда туманлараро суди томонидан 98 та иш бўйича тарафлар яраштирилиб, оилалар сақлаб қолинган.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси ва Сурхондарё вилоят ҳокими томонидан 2023 йил 8 октабрда тасдиқланган Сурхондарё вилоятининг суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича “Йўл харитаси”нинг 21-бандида оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш, низолар ҳамда ажримларнинг олдини олиш вазифаси қўйилганлиги, бунда мутасадди идоралар оилалардаги маънавий-аҳлоқий муҳитни янада яхшилаш, оилаларни мустаҳкамлаш, эрта никоҳ ва оилавий ажримларни олдини олиш бўйича ҳамкорликда қилинадиган чора-тадбирлар белгиланган.

Шунга асосан фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан Оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан ҳамкорликда ҳар чоракда маҳалла фуқаролар йиғинларида оилавий ажримларни олдини олиш ҳамда ажралиш ёқасига келган оилаларни яраштириш чораларини кўриш бўйича тадбирлар ўтказиб келинган.

Шунингдек, оила ва хотин-қизлар бўлимлари билан биргаликда жойларда нотинч, ажралиш ёқасига келиб қолган оилалар билан суҳбат ўтказиш ҳамда оилавий ажримларни олдини олиш бўйича қўшма учрашувлар ўтказилиши йўлга қўйилиб, олиб борилаётган ишлар оммавий ахборот воситалари, веб-сайтларда ёритиб келинди.

Бундан ташқари, фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди томонидан томонидан 77 та хусусий ажрим, 76 та хабарномалар чиқарилиб, тегишли идораларга муҳокама қилиш учун юборилган.

Бугун суд-ҳуқуқ тизимида ўтказилаётган ислоҳотлар, фақат сўздангина иборат бўлиб қолмаслиги, балки амалий қиёфа касб этиши учун ислоҳотлар жараёни собитқадамлик билан давом эттирилмоқда.

Таъкидлаш керакки, судларнинг мустақиллиги, фуқароларнинг уларга нисбатан ишончининг ортиши, жамиятимизда кенг кузатила бошланди. Социологик тадқиқотлар, ўз муаммоларига ечим топиш учун, арзларини икки энлик қоғозга тушириб, турли катта-кичик ташкилотларнинг қабулхоналарида сарғайиб юргувчиларнинг сони камайиб, судларга мурожаат этишлар кўпая бошлаганини эътироф этмоқдалар. Бу эса юртдошларимизнинг ҳуқуқий онги, ҳуқуқий маданияти юксалиб бораётганидан ҳам дарак беради.

БОТИР САНАЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича
Термиз туманлараро суди судьяси

Ёпиқ суд мажлиси тафсилотларини ошкор этишга йўл қўйилмайди

Мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлар натижасида инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, унинг шахсий ҳаёти дахлсизлиги, шахсий ҳамда оилавий сири, шаъни ва қадр-қиммати ишончли ҳимоя қилинишини таъминлашга қаратилган бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 137-моддасига кўра ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ суд мажлисида кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилиши белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 12-моддасига кўра, давлат сирига, фарзандликка олиш сирига тааллуқли маълумотлар мавжуд бўлган ишлар бўйича ва қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса тутилган бошқа ҳолларда ишнинг муҳокамаси ёпиқ суд мажлисида ўтказилади.

Ишда иштирок этувчи шахсларнинг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотлар ошкор бўлишининг олдини олиш, ёзишмалар сирини ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни сақлаш мақсадида ёпиқ суд муҳокамаси ўтказилишига йўл қўйилади.

Иш суднинг ёпиқ мажлисида кўрилаётганида ишда иштирок этувчи шахслар, зарур ҳолларда эса гувоҳлар, экспертлар, мутахассислар ва таржимонлар ҳам ҳозир бўлади.

Ишни суднинг ёпиқ мажлисида эшитиш фуқаролик суд ишлари юритишнинг барча қоидаларига риоя қилинган ҳолда олиб борилади. Суднинг ёпиқ мажлисида видеоконференцалоқа тизимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди.

Суднинг ҳал қилув қарори барча ҳолларда ошкора ўқиб эшиттирилади.

Қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари тарафларнинг розилиги билан ёки шахсини кўрсатмаган тарзда суднинг расмий веб-сайтида эълон қилиниши мумкин, бундан суднинг ёпиқ мажлисида қабул қилинган суд ҳужжатлари мустаснодир.

Фуқаролик ишлари судида ёпиқ суд мажлислари қонунда назарда тутилган ҳолларда ишда иштирок этувчи шахсларнинг талабига ёки суднинг ташаббусига кўра ўтказилади.

Яъни, ёпиқ суд мажлисида иштирок этган судья, суд мажлиси котиби, прокурор, даъвогар, жавобгар, учинчи шахслар, умуман олганда барча суд мажлиси иштирокчилари ёпиқ суд мажлисида ўзларига маълум бўлган иш тафсилотлари ва бошқа маълумотларни бошқа шахсларга ошкор қилиши мумкин эмас.

Ҳозирги вақтда процессуал кодексларда ёпиқ суд мажлисларида иштирок этган шахслар маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик ҳақида огоҳлантирилиши кўрсатилган. Бироқ, қонунчиликда бундай маълумотларни ошкор қилганлик учун жавобгарлик чоралари назарда тутилмаган. Шу сабабли ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни жорий этиш зарурияти юзага келмоқда.

Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси ЎРҚ-1084-сонли қонуни қабул қилиниб, Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси, Жиноят- кодекси, Жиноят-процессуал кодекси, Фуқаролик-процессуал кодекси ва Маъмурий суд ишларини юритиш тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Мазкур қонун билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини ошкор қилишга йўл қўйилмаслиги ҳақидаги огоҳлантирилган ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар томонидан уларни суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланишини назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 60, 62, 64, 98, 208-моддаларига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, эксперт, мутахассис ва таржимон ёпиқ суд мажлиси муҳокамаси маълумотларини ҳамда тафсилотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланди.

Киритилган қўшимчаларга кўра, ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш учун асослар мавжуд бўлганда суд ишни ёпиқ суд мажлисида кўриш тўғрисида ажрим чиқаради.

Ажрим чиқарилганда ёпиқ суд мажлисида иштирок этаётган шахслар суд муҳокамаси маълумотларини суднинг рухсатисиз ошкор қилмаслик тўғрисида огоҳлантирилиб, улардан тилхат олинади.

Тилхатда мазкур мажбуриятни бузганлик учун Жиноят кодексининг 239-моддасига мувофиқ жавобгарлик ҳақидаги огоҳлантириш ҳам акс эттирилади.

Хулоса ўрнида, мазкур киритилган ўзгартириш ва қўшимчалар ёпиқ суд мажлисида кўрилган ишларни маълумотларини анонимлигини таъминлаш ва ушбу тафсилотларни ошкор этганлик учун жавобгарлик белгиланганлигини ҳамда фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини қонун билан ҳимояланганлиги суднинг нуфузини оширишга хизмат қилади.

НИЛУФАР ТЎРАЕВА,

Сурхондарё вилоят судининг фуқаролик ишлари бўйича судьяси

БОЛАЛАР КЕЛАЖАГИ – ЗЎРАВОНЛИКДАН ХОЛИ ДУНЁ: ЯНГИ СТРАТЕГИЯНИНГ МАЗМУН-МОҲИЯТИ

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат жамиятимизда бола ҳуқуқларини олий қадрият даражасига кўтариш йўлидаги қатъий ирода ифодасидир. Зеро, ҳар бир бола зўравонликдан қўрқмасдан, меҳр ва хавфсизлик муҳитида улғайишга ҳақли.

Стратегиянинг туб моҳияти ва мақсади:

​Янги стратегия болаларга нисбатан “муросасизлик” тамойили асосига қурилган бўлиб, бир нечта муҳим йўналишларни қамраб олади. Эндиликда нафақат жисмоний, балки руҳий, жинсий ва иқтисодий зўравонликка қарши курашиш тизими янги босқичга чиқади. Асосий эътибор муаммо билан унинг оқибатида эмас, балки пайдо бўлишидан олдин курашишга қаратилади. Маҳалла ва таълим муассасаларида хавф остида бўлган болалар билан ишлашнинг янги механизми жорий этилади.

Асосий ислоҳотлар ва чора-тадбирлар:

​Давлат сиёсатининг устувор йўналиши сифатида болаларга нисбатан зўравонлик учун жавобгарликни янада кучайтириш ва қонунчиликни халқаро стандартларга мослаштириш белгиланди. Жабрланган болаларга мажбурий тартибда бепул психологик, тиббий ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш тизими яратилмоқда. Шу билан бирга, ота-оналарнинг ҳуқуқий саводхонлигини, тарбия маданиятини ошириш ва мактабларда хавфсиз муҳитни таъминлаш чоралари кўрилади.

​Замон талабидан келиб чиқиб, болаларни интернетдаги таҳдидлар, хусусан, кибербуллинг ва номақбул контентдан ҳимоя қилиш механизми кучайтирилади. Болалар учун хавфсиз рақамли муҳит яратиш стратегиянинг ажралмас қисмига айланади.

Болалар учун янги кафолатлар:

​Стратегия доирасида жабрланган болаларга кўмак бериш тизими сезиларли даражада соддалаштирилади. Ҳимоя ордери бериш ва уни ижро этиш механизми такомиллаштирилиб, боланинг манфаатлари ҳар қандай ҳолатда биринчи ўринга қўйилади. Давлат томонидан болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича доимий мониторинг тизими йўлга қўйилиши ҳар бир боланинг хавфсизлигини кафолатлайди.

“Болаларга нисбатан зўравонлик – бу нафақат жиноят, балки миллат келажагига қилинган хиёнатдир. Бизнинг вазифамиз – ҳар бир боланинг табассумини ҳимоя қилишдан иборат”.

​Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, ушбу стратегиянинг муваффақияти нафақат давлат идораларига, балки ҳар бир фуқарога боғлиқ. Кўчада, қўшничиликда ёки ижтимоий тармоқларда бола ҳуқуқи бузилаётганига гувоҳ бўлганда бефарқ бўлмаслик – энг муҳим бурчимиздир. Янги Ўзбекистонда ҳар бир бола давлат ва жамиятнинг доимий ҳимоясида бўлади. Зеро, бахтли болалик – кучли ва фаровон давлат пойдеворидир.

АКМАЛ ХАКИМОВ,

Жиноят ишлари бўйича Қизириқ туман судининг тергов судьяси

Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялашдир

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2025 йил 24 декабрда қабул қилинган фармонга мувофиқ, “2026–2030 йилларга мўлжалланган Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш стратегияси” тасдиқланди. Бу ҳужжат мамлакатда болалар ҳуқуқларини таъминлаш ва уларни турли кўринишдаги зўравонликдан асрашга қаратилган муҳим дастурий чора-тадбирлар мажмуасини белгилайди. 

Стратегиянинг асосий мақсади – болаларнинг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш, уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш, шунингдек, жамиятда муросасизлик муҳитини шакллантиришдир. Ҳужжатда болаларга нисбатан жисмоний, руҳий, иқтисодий ва рақамли зўравонликка қарши қатъий чоралар кўриш назарда тутилган. 

Фармонга кўра, мамлакатда профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади. Бу хизмат орқали ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган ёки хавфли вазиятга тушган болаларни вақтинча тарбияга олиш тизими шакллантирилади. Шу билан бирга, болаларни муассасаларга жойлаштириш ўрнига уларнинг жамиятга мослашуви учун ижтимоий интеграция марказлари ташкил этилади. 

Стратегияда ота-оналарни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилган. Болаларни тарбиялашда қийинчиликка дуч келган оилалар учун махсус хизматлар йўлга қўйилади. Бу орқали ота-оналарга маслаҳат, психологик ёрдам ва ижтимоий кўмак кўрсатиш тизими кенгайтирилади. 

Қонунчилик соҳасида ҳам муҳим қадамлар белгиланган. “Болаларни зўравонликнинг барча шаклларидан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонуннинг самарали ижросини таъминлаш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва таълим муассасалари ўртасида ҳамкорликни кучайтириш назарда тутилган. 

Фармонга мувофиқ, 2026 йил 1 февралдан бошлаб, зўравонлик натижасида оиласидан олинган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши хавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалар учун профессионал тутинган оила хизмати йўлга қўйилади.

Бунда:

-профессионал тутинган оилани ташкил этишга номзодлар зўравонликдан жабрланган ва ўзига нисбатан зўравонлик содир этилиши ҳавфи остида бўлган, шунингдек, ижтимоий жиҳатдан хавфли аҳволда бўлган болалардаги зўравонлик натижасида олинган руҳий жароҳатнинг салбий таъсирини камайтириш, хулқ-атворидаги оғишишларни ёки оила аъзолари, тенгдошлари билан муносабатларидаги бузилишларни ва уларнинг оқибатларини бартараф этишга қаратилган ижтимоий-реабилитация дастурлари асосида ўқитилади;

-зўравонлик натижасида оиласидан олинган ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар профессионал тутинган оилага “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари ва мазкур оилалар ўртасида тузилган шартнома асосида жойлаштирилади;

-профессионал тутинган оилага ҳар бир жойлаштирилган болани парваришлаш учун ҳар ойда Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан меҳнатга ҳақ тўлаш энг кам миқдорининг икки баравари миқдорида маблағ тўлаб борилади;

-профессионал тутинган оилага жойлаштирилган ҳар бир боланинг яшаш харажатлари учун Ижтимоий ҳимоя давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан қонунчилик ҳужжатларига мувофиқ оилавий болалар уйи тарбияланувчиларининг яшаш харажатлари учун белгиланган миқдорларда маблағ ажратилади;

-дастлаб Қашқадарё, Навоий ва Хоразм вилоятларида, 2026 йил якунига қадар республиканинг бошқа ҳудудларида ижтимоий ҳимояга муҳтож болалар учун Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги тизимида кичик ҳажмли ижтимоий кўмак марказлари фаолияти йўлга қўйилади;

-жинсий зўравонликдан жабрланганлиги туфайли оиласидан олинган болалар “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари томонидан Аёлларни реабилитация қилиш ва мослаштириш республика марказининг ҳудудий марказларига ҳам бошқалардан алоҳида жойлаштирилиши мумкинлиги белгиланди.

Ўзбекистон халқаро майдонда ҳам ўз позициясини мустаҳкамламоқда. Мамлакат Болаларга нисбатан зўравонликка чек қўйиш бўйича глобал альянсга қўшилди. Бу ташаббус орқали халқаро тажрибалардан фойдаланиш, илғор амалиётларни жорий этиш ва болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда ҳамкорликни кучайтириш имконияти яратилади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш керакки, жамият учун бу стратегиянинг аҳамияти катта. Болаларни зўравонликдан асраш – келажакда соғлом, барқарор ва маънавий етук авлодни тарбиялаш демакдир. Президент фармони билан тасдиқланган стратегия мамлакатда болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда янги босқични бошлаб берди.  Мазкур фармон билан тасдиқланган стратегия нафақат болаларни зўравонликдан асраш, балки келажакда маънавий етук ва соғлом авлодни тарбиялашга хизмат қилади. Бу эса мамлакатнинг ижтимоий барқарорлиги ва тараққиёти учун мустаҳкам асос бўлиб хизмат қилади.

БЕХРУЗ СИДИҚОВ,

Жиноят ишлари бўйича Музработ туман суди тергов судьяси

ТЕРМИЗДА ОҒУФУРУШГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

очерк

Гиёҳванд моддаларни истеъмол қилиш инсонни охир-оқибат залолатга, саломатликдан айрилиш ва жиноятга етаклаши ҳаммамизга маълум. Заҳри қотилни тарқатиш, сотиш эса катта жиноят саналади.

Асад Қаршиев (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 44 ёшни қаршилаган, 4 нафар фарзандни отаси, касби ҳам ёмон эмас. Анча йиллардан буён нонвойчилик билан шуғулланиб келарди. Лекин ҳалол меҳнат ва пешона тери эвазига топаётган даромади кўзига оз кўриндими, осон ва мўмай пул топиш йўлига ўтди.  

Нега дейсизми? Асад 2024 йилнинг баҳор фаслида ўзи истиқомат қилиб келган Денов туманидаги уйининг томорқасида “марихуана” гиёҳвандлик воситаси уруғини экиб, шундан ўсиб чиққан икки туп кўчатини парваришлайди. Оғуни етиштирганидан сўнг уни ўриб олади-ю, кейинчалик сотишни мақсад қилади. Орадан кунлар ўтиб, куз фасли келади, у сақлаб келган оғуларни 2 дона қутида жами 231 дона гугурт қутисига қадоқлаб қўяди.  

Тезкор ходимлар томонидан ўтказилган “Қорадори-2025” тезкор тадбири давомида А.Қаршиевнинг Термиз шаҳридаги хонадони кўздан кечирилганида, у сақлаб келаётган 231 дона “СПИЧКИ” ёзувли гугурт қутисига қадоқланган “марихуана” гиёҳвандлик воситаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинган.

Албатта, ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Асад Қаршиев жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди томонидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан айбдор деб топиб, унга 10 йилу 6 ойга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Унинг бу қилмишларига чек қўйилди.

ОДИЛ НОРМАҲМАТОВ,

Сурхондарё вилоят суди раиси ўринбосари –

жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати раиси

ТАВБАСИГА ТАЯНМАГАН АЁЛ

очерк

Музработлик Дилрабо Омонова (исм-шарифлари ўзгартирилган) муқаддам икки маротаба судланган суднинг қора курсисига ўтирган. Яъни, одам савдоси ва тан жароҳати етказиш жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Энг қизиғи, у ҳар галги судда қилмишидан пушаймонлигини билдириб, тавба-тазарру қилган. Аммо….

Бу гал у қўшмачилик касбини эгалламоқчи бўлди. Дилрабо ўзи вақтинча яшаб келаётган Термиз шаҳрида кўп қаватли уйларни бирида яшаб келарди. Кунларнинг бирида унга “мижоз” йигит телефон қилиб, буюртма беради. Яъни, дўсти билан унинг уйига бораётганини ва қиз топиб қўйишни айтади. Шунда Дилрабо синглиси ва ўзига таниш бўлган жувонни ташриф буюрувчи мижозларни буюртмасига кўра тайёрлаб қўяди.

Хонадонга келган икки йигитни жувонлар билан жинсий алоқа қилишлари учун эвазига ҳизмат хаққи сифатида 500.000 сўм пулларни олади. Билмайдики, бу қилмишини уни жиноят кўчасига етаклайди. Тадбирга жалб қилинган йигитлар жинсий алоқа қилиб бўлиб, тегишли ишора берганидан сўнг тезкор тадбир иштирокчилари Дилрабонинг хонадонига кириб келади. Шу онда йигитлар хонадонни ювиниш хонасида бўлади. Буни қарангки, Дилрабо ошхона пичоғини олиб, яшаш хонадонида бўлган ички ишлар ходимларига намойиш қилган ҳолда тадбирга жалб этилган йигитларни ўлдириш билан қўрқитиб, уларни бирига тан жарохати етказишга ҳам улгуради.

Кўза кунда эмас, кунида синади деганларидек тезкор тадбир давомида унинг қилмиши фош этилди.

Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар судида ўтказилган очиқ суд мажлисида Дилрабо Омоновага тегишли жазо тайинланди. Яна қилмиши уни панжара ортига етаклади ва суд залидан қамоққа олинди.

Инсон қадр-қиммати ҳамма нарсадан устун! Бироқ, ана шу қадриятни бир лаҳза йўққа чиқаришдан осони йўқ. Дилрабо ҳам ўзига қўлланилган жазодан бу гал тўғри хулоса чиқарармикан? Бу энди унинг виждонига ҳавола.

ОЙБЕК ҲАЙИТОВ,

Сурхондарё вилоят судининг жиноят ишлари бўйича судьяси

Суднинг хусусий ажрими – қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилувчи муҳим процессуал институт

Судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.

Хусусий ажрим эса, қонун ҳужжатлари асосида судларга юклатилган муҳим вазифаларнинг ижросини таъминлашнинг муҳим процессуал воситаларидан биридир. У қонунчилик ҳужжатларини бузилиш ҳолатларига ва уни бузаётган шахсларга нисбатан суд томонидан қўлланиладиган ҳуқуқий таъсир чораси ҳисобланади.

Бошқа суд ҳужжатлари каби суднинг қонуний кучда бўлган хусусий ажрими ҳам барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, мансабдор шахслар ва фуқаролар учун бажарилиши мажбурийдир. Хусусий ажримни ижро этмаганлик ва бу ҳақда судга хабар бермаганлик учун қонун ҳужжатларида қатъий жавобгарлик чоралари белгилаб қўйилган.

Жиноятнинг сабабларини ва унинг содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни бартараф қилиш тўғрисидаги тақдимнома ёки хусусий ажрим юборилган ташкилот, жамоа ёки мансабдор шахс зарур чораларни кўриши ва уларнинг натижалари тўғрисида кечи билан 1 ойлик муддат ичида тегишинча суриштирувчини, терговчи, прокурор ёки судни хабардор қилиши шарт.

Таҳлилларга кўра, Сурхондарё вилоят, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари томонидан 2025 йил 17  декабрь кунига қадар жами 1720 та хусусий ажримлар чиқарилган бўлиб, шундан 1575 та жиноятнинг сабаблари ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича, 85 та дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар бўйича ва 2 та фуқаро ижтимоий бурчини намунали бажарганлиги юзасидан хусусий ажримлар чиқарилган.

Хусусан, вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан жорий йилнинг ўтган даври мобайнида жами 18 та хусусий ажрим чиқарилган бўлиб, шундан 14 та жиноятнинг сабаблари ҳамда шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан, 1 та дастлабки тергов ўтказишда йўл қўйилган камчиликлар юзасидан, 1 та бошқа сабаблар юзасидан, шунингдек 2 та ҳимоячининг номуносиб хулқ-атвори юзасидан хусусий ажримлар чиқарилган.

Судлар томонидан чиқарилган хусусий ажримларнинг барчаси тегишли ташкилотларга ижро этишлик учун белгиланган тартибда юборилган бўлиб, уларнинг ижроси ўрганилганида, ижтимоий хавфлилиги юқори бўлган айрим жиноятлар юзасидан чиқарилган айрим хусусий ажримларнинг ижроси мазмунан умумий тарзда “муҳокама қилинди” деган мазмундаги қисқа хабарномалар билан чекланганлиги аниқланди.

Бундан ташқари, айрим хусусий ажрим бўйича ташкилотлар томонидан белгиланган талабларнинг тўлиқ бажарилмаётгани, хусусан уларнинг аксарияти хусусий ажрим ижроси бўйича расмий ахборот тақдим этиш интизомига етарли даражада амал қилмаётгани ҳам бор ҳақиқат.

Амалдаги Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 181-моддасига кўра, мансабдор шахс томонидан суд чиқарган хусусий ажримни (қарорни) кўриб чиқмаслик ёхуд ажримда (қарорда) кўрсатилган қонунни бузиш ҳолларини бартараф этиш чораларини кўрмаслик, худди шунингдек, хусусий ажримга (қарорга) ўз вақтида жавоб бермаганлик учун маъмурий жавобгарликка тортилиши белгиланган.

Ўз навбатида, Жиноят кодексининг 232-моддасида муайян ҳаракатларни содир этиш ёхуд содир этишдан ўзини тийиш мажбуриятини юкловчи суд ҳужжатини бажаришдан бўйин товлашни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин давом эттириш, шунингдек, суд ҳужжати ижро этилишига тўсқинлик қилиш жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланган.

Шу каби, суднинг хусусий ажрими ижросини тўғри ташкил қилиш масаласида давлат органлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан семинар машғулоти ташкил этилиб, туман-шаҳар миқёсида давлат органлари, фуқароларни ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан бўлган чора-тадбирларни белгилаш, бажарилган ишлар ҳақида расмийлаштирилиши лозим бўлган ҳужжатларни тайёрлаш ва шу каби масалалар ҳақида тушунтириш ишлари олиб борилди.

Ўтказилган суд амалиёти таҳлилидан келиб чиқиб, туман (шаҳар) судлари томонидан чиқарилган хусусий ажримлар бўйича тегишли чоралар кўрмаган фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органи, жамоат бирлашмаси, жамоа ёки мансабдор шахсларга тегишли муносабатлар билдирилиши, суднинг хусусий ажрими ижросини тўғри ташкил қилиш масаласида давлат органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, жамоат бирлашмалари билан семинар машғулотлари ташкил этилиши, ижроси устидан ўрнатилган назоратнинг самарадорлигини ошириш ва чиқарилган хусусий ажримларнинг ҳолатини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиб борилиши, шунингдек ишларни кўришда қонун талабларига риоя қилиш юзасидан хато ва камчиликларга йўл қўймаслик борасида тегишли чора-тадбирлар белгилаш учун вилоят судининг кенгайтирилган навбатдаги йиғилишида барча судьяларнинг иштирокида муҳокама қилиш тавсия этилди.

Мамлакатимизда судларнинг асосий вазифаси фуқароларнинг Конституция ва қонунлар, халқаро шартномаларда, шунингдек, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда кафолатланган ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини, давлат ва жамоат манфаатларини, юридик шахслар ҳамда якка тартибдаги тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат.

Шу асосда судлар суд ишларини юритишда ўзига берилган қонуний ваколатлар асосида қонунчиликни мустаҳкамлаш ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, жамиятда қонунга ва судга нисбатан ҳурматда бўлиш муносабатини шакллантириш каби муҳим вазифаларни ҳам амалга оширади.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, суднинг хусусий ажрими ўз вақтида ва тўлақонли ижро этилиши жамиятда қонун устуворлигини мустаҳкамлашга, фуқароларнинг Конституция ҳамда қонунларга риоя қилиш руҳида тарбиялашга, жиноят ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Аблқосим Рузиқулов,

Сурхондарё вилоят суди раиси

ТЕРМИЗДА МИНИ-ФУТБОЛ БЎЙИЧА “СУРХОНДАРЁ ВИЛОЯТ СУДИ РАИСИ КУБОГИ” МУСОБАҚАСИ БЎЛИБ ЎТДИ

Сурхондарё вилоят судининг “Судья ва суд аппарати ходимларининг маънавиятини ҳамда маданиятини оширишга қаратилган чора-тадбирлар” Режасининг ижросини таъминлаш, шунингдек судья ва суд ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш мақсадида, Сурхондарё вилоят судларида фаолият олиб бораётган судья ва суд ходимлари ўртасида футзал бўйича «Вилоят суди раиси кубоги» мусобақаси ўтказилди.

Мусобақада Сурхондарё вилояти судлари, туманлараро ва туман (шаҳар) судларининг судьялари ҳамда ходимларидан иборат таркиб топган жамоалар иштирок этди.

Кўтаринки руҳ ва уюшқоқлик билан ўтказилган мусобақада жамоалар биринчилик учун қизғин баҳс олиб бордилар. Ярим финал ўйинларидан сўнг ҳал қилувчи учрашувда вилоят суди ҳамда Сариосиё ва Узун туман судлари жамоалари баҳслашди.

Мусобақа якунига кўра, биринчи ўринни Сурхондарё вилоят суди жамоаси қўлга киритди. Иккинчи ўрин Сариосиё ва Узун туман судлари жамоасидан иборат таркибга насиб этди. Учинчи ўрин эсa Жарқўрғон, Қумқўрғон ва Қизириқ туман судлари жамоаларидан ташкил топган таркибга берилди.

Тантанали тақдирлаш маросимида мусобақанинг ғолиб жамоалари ҳамда энг фаол иштирокчиларга кубок, диплом ва эсдалик совғалари топширилди.

Мазкур спорт тадбири судьялар ва суд аппарати ходимлари ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб этиш, жисмоний тайёргарликни мустаҳкамлаш ҳамда жамоавийлик муҳитини кучайтиришга хизмат қилди. Бундай ташаббуслар тизимда соғлом муҳит ва самарали меҳнат фаолиятини таъминлашда муҳим омил бўлиб қолади.

МЕҲРИДДИН ХОЛБЕКОВ,

Сурхондарё вилоят судининг Кадрлар бўлими бош консультанти

Skip to content