ҚОНУНЧИЛИКДАГИ ЯНГИЛИКЛАР

Эндиликда кредитни ундириш бўйича суд қарори чиқарилганда фоиз ва неустойка ҳисоблаш тўхтатилади. Муҳтарам Президентимиз томонидан жорий йилнинг 27 февраль кунида имзоланган ЎРҚ-914 сонли Қонуни билан айрим қонун ҳужжатларга ўзгартиришлар ва қўшимча киритилди.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга кўра:

Агар амалга оширилган тўлов суммаси қарз олувчи жисмоний шахсга ёки қарз олувчи тадбиркорга ажратилган микроқарз ёки кредит бўйича мажбуриятларни бажариш учун етарли бўлмаса, қарз олувчининг қарзи қуйидаги навбатда қопланади:

-асосий қарз бўйича муддати ўтган қарздорлик ва муддати ўтган фоиз тўловлари мутаносиб равишда;

-жорий давр учун ҳисобланган фоизлар ва жорий давр учун асосий қарз бўйича қарздорлик;

-неустойка (жарима, пеня);

-кредиторнинг қарздорликни узиш билан боғлиқ бўлган бошқа харажатлари.

Шунингдек, кредит бўйича қарздорликни ундириш тўғрисида суднинг ҳал қилув қарори чиқарилганда суд қарорида кўрсатилган, кредит бўйича ундириладиган суммага нисбатан белгиланган тартибда фоизлар, шунингдек неустойка ҳисобланиши тўхтатилади.

Бундан ташқари, “Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида”ги Қонунга киритилган ўзгартиришга кўра, микроқарзнинг энг юқори миқдори 50 миллион сўмдан 100 миллион сўмгача оширилди.

Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

Нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тушунчаси

Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг
790-моддасида нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда 792-моддасида эса тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар тўғрисида сўз боради.

Унга кўра, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширилиши мумкин.

Юридик шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, шунингдек фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириши билан боғлиқ ҳолда улар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пулсиз тартибда амалга оширилади. Кўрсатиб ўтилган шахслар ўртасидаги ҳисоб-китоблар, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, нақд пулда ҳам амалга оширилиши мумкин.

Агар қонундан бошқача тартиб келиб чиқмаса ва бундай тартибни фойдаланилаётган ҳисоб-китоблар шакли тақозо этмаса, нақд пулсиз ҳисоб-китоблар уларда қатнашаётган шахсларнинг ҳисобварақлари очилган банклар, бошқа кредит ташкилотлари (бундан буён – банклар) орқали амалга оширилади.

Нақд пулсиз ҳисоб-китобларнинг шакллари қуйидагича:

Нақд пулсиз ҳисоб-китоблар амалга оширилганда тўлов топшириқномалари, аккредитивлар, чеклар билан ҳисоб-китоб қилишга, инкассо бўйича ҳисоб-китоб қилишга, шунингдек қонунда, қонунга мувофиқ чиқариладиган банк қоидаларида ҳамда банк амалиётида қўлланилаётган иш муомаласи одатларида назарда тутилган бошқа шаклларда ҳисоб-китоб қилишга ҳам йўл қўйилади.

Шартномадаги тарафлар ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган ҳисоб-китоб қилиш шаклларининг исталганини танлаб олишга ва шартномада назарда тутишга ҳақли.

Тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига қонунчиликда назарда тутилган муддатларда, агар банк ҳисобварағи шартномасида қисқароқ муддат назарда тутилган бўлмаса ёки у банк амалиётида қўлланиладиган иш муомаласи одатларида белгиланган бўлмаса, ўтказиш мажбуриятини олади.

Тўлов топшириқномасида маблағларни олувчи сифатида кўрсатилган шахс банкдан тўловни амалга оширишни талаб қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди, бундай ҳуқуқ қонунда ёки мижознинг банк билан тузган шартномасида назарда тутилган ҳоллар бундан мустасно.

Тўлов топшириқномасининг ҳамда у билан бирга тақдим этиладиган ҳисоб-китоб ҳужжатларининг мазмуни ва шакли банк қоидаларида белгилаб қўйилган талабларга мос келиши керак.

Мижознинг топшириғи унинг ҳисобварағида маблағлар бўлган тақдирдагина, агар мижоз билан банк ўртасидаги шартномада бошқа ҳол назарда тутилган бўлмаса, банк томонидан ижрога қабул қилинади.

Мижознинг тўлов топшириқномасини қабул қилган банк тегишли пул суммасини топшириқномада кўрсатилган шахснинг ҳисобварағига ўтказиш учун уни маблағ олувчининг банкига ушбу Кодекснинг 792-моддаси биринчи қисмида белгилаб қўйилган муддатларда ўтказиши шарт.

Банк мижознинг топшириқномасида кўрсатилган ҳисобвараққа пул маблағларини ўтказиш операцияларини бажариш учун бошқа банкларни жалб қилишга ҳақли.

Банк мижознинг талабига кўра, агар қонунда бошқача тартиб белгилаб қўйилган бўлмаса, топшириқнинг бажарилганлиги ҳақида унга дарҳол хабар бериши шарт.

Мижознинг топшириғи бажарилмаган ёки тегишли даражада бажарилмаган тақдирда, банк бунинг учун ушбу Кодекснинг 327-моддасига мувофиқ жавобгар бўлади.

Тўлов топшириқномаси бўйича ҳисоб-китоб операцияларини амалга оширишда иштирок этадиган банклар ушбу топшириқни берган шахс олдида солидар жавобгар бўладилар.

Хулоса ўрнида айтиш керакки, нақд пуллар билан ва нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳамда тўлов топшириқномалари билан қилинадиган ҳисоб-китоблар ўртасида фарқ шундаки, фуқароларнинг тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишлари билан боғлиқ бўлмаган ҳолда улар ўртасидаги ҳисоб-китоблар ва фуқаролар иштирокидаги ҳисоб-китоблар нақд пуллар билан ёки нақд пулсиз суммаси чекланмаган ҳолда амалга оширсалар, тўлов топшириқномаси билан ҳисоб-китоб қилинганида банк мижознинг топшириғига мувофиқ унинг ҳисобварағидаги маблағлар ҳисобидан маълум миқдор пул суммасини мижоз кўрсатган шахснинг шу ёки бошқа банкдаги ҳисобварағига ўтказиб бериш тушунилади.

БЕХРУЗ АВАЗОВ,

Сурхондарё вилоят суди судья катта ёрдамчиси

ОДИЛ СУДЛОВ ФАОЛИЯТИНИ АМАЛГА ОШИРИШ САМАРАЛИ ТАШКИЛ ЭТИЛДИ

Муҳтарам Президентимиз томонидан 2023 йил 16 январда  “Одил судлов фаолиятини амалга оширишни самарали ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги  ПФ-12-сонли Фармон қабул қилинди.

Ушбу Фармонда, одил судловни амалга оширишга кўмаклашиш бўйича ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 2023 йил 1 сентябрга қадар «Судларда прокурор иштироки» ахборот тизимини яратиб, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этиш, 2023 йил 1 июлдан Бош прокуратура ва Олий суд ахборот тизимларини интеграция қилиш йўли билан ўзаро ҳужжат алмашинувини тўлиқ йўлга қўйиш белгиланди.

Бундан ташқари, мазкур Фармон билан Ўзбекистон Республикаси Олий судининг эмблемаси намунаси тасдиқланди.

Фармонга кўра, Олий судга Судьялар олий кенгаши, Бош прокуратура ва Адлия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда:

-илғор хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш ваколатини тегишлилиги бўйича маъмурий органларга ўтказиш;

-айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартибини белгилаш;

-фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича тарафларни келиштириш ва медиация институтини кенг жорий этиш бўйича асослантирилган таклифларни ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритилишини таъминлаш юклатилди.

Шунингдек, мазкур Фармон билан Олий судга Судьялар олий кенгаши ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда 2023 йил 1 июлга қадар ушбу бандда назарда тутилган янги механизмлар жорий этилиши натижасида иш юкламаси мақбуллаштирилган судларнинг штат бирликларини самарали тақсимлаш бўйича асослантирилган таклифларни ва  Бош прокурорга Иқтисодиёт ва молия вазирлиги билан биргаликда икки ой муддатда илғор хорижий тажрибани ҳамда судларда кўриладиган иш ҳажмини инобатга олиб, айрим йўналишларда прокурор назоратини қисқартириш, шунингдек, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликларини мақбуллаштириш ҳисобидан Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сонини кўпайтириш бўйича таклифларни Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрациясига киритиш белгиланди.

Таъкидлаш жоизки, юқоридаги Фармоннинг аҳамияти – келгусида одил судловга эришиш имкониятлари янада кенгайиши ва судлар фаолияти самарадорлигини ошишига хизмат қилади.

МАНСУР АБДУРАХМАНОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

АВВАЛИГА ФИРИБГАРЛИК ЭНДИ ЭСА ТРАНСПОРТ ВОСИТАСИНИ ОЛИБ ҚОЧИШ

Санжар Бобоев (исм фамилиялар ўзгартирилган) муқаддам муқаддам бир неча марта фирибгарлик жиноятини содир этиб судланганидан ўзига тегишли хулоса чиқармади. Сўнгги маротаба содир этган жинояти учун панжара ортида умрини ўтказган бўлса ҳам, буни оқибатини тушунмади.

Санжар Бобоев Узун туманида яшаб келиб, 2023 йил 5 сентябрь куни соат тахминан 20-30 ларда туманнинг “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида жойлашган Автошоҳбекатга бориб, у ерда фуқаро Шароф Олимовга “Gеntra” русумли автомашинасида Узун тумани “Меҳнат” маҳалласида яшовчи бир қариндошини уйига олиб бориб келишини айтади. Шунда Шароф эса розиб бўлиб, Санжарнинг айтган манзили томон автомашинасини бошқаради, йўлда “Меҳнат” маҳалласи ҳудудига борганидан сўнг у ерда ҳайдовчи Шаров машинасини тўхтатиб, тушиб сув ичиб турганида Санжар ўз ниятини амалга оширишни кўзлаб, автомашинанинг рулига ўтириб, “Gеntra” русумли автомашинани ҳайдаб қочиб кетади. Шунда Шароф унга “тўхта” деб ишорасига қилишига қарамасдан автомашинани бошқаришини давом этади ва кейинчалик эса ушбу автомашинани “Ўзбекистон” маҳалласи ҳудудида қаровсиз ҳолда ташлаб кетган.

Олиб борилган тезкор-тергов қидирувлар натижасида 23 ёшли қахрамонимиз Санжар Бобоев ушланиб, ҳибсга олинади.

Суд мажлисида Санжар Бобоев айбига иқрорлик билдириб, ҳақиқатдан ҳам, муқаддам жиноят содир этгани учун озодликдан маҳрум этилганлигини, 2023 йил 22 август куни жазосининг бир қисми ахлоқ тузатиш ишлари жазосига алмаштирилиб, Қашқадарё вилоятидаги 35-сонли манзил колониядан озодликка чиққанлигини, шундан кейин бирор жойга ишга кирмасдан ва ИИБ га учрашмасдан юрганлигини, ҳозирда қилган иши учун жабрланувчидан кечирим сўраганлигини, ёшлигини, оилавий шароити оғирлигини инобатга олиб, ўзига нисбатан енгиллик беришни сўради.

Суд эса, судланувчи, жабрланувчининг кўрсатувларини тинглаб, жиноят иши ҳужжатларини ўрганиб чиқиб ва ишда мавжуд бўлган далилларга баҳо бериб, унга қилмишига яраша жазо тайинлади.

Жиноят ишлари бўйича бўйича Узун туман судининг тегишли ҳукми билан Санжар Бобоев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодекси 267-моддасининг 1-қисми билан айбли деб топилиб, унинг муқаддам қасддан содир этган жинояти учун тайинланган озодликдан маҳрум қилиш жазоси ахлоқ тузатиш иши жазосига алмаштирилгандан сўнг қасддан янги жиноят содир этганлиги сабабли, унга нисбатан озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинлашни ва жазони қаттиқ тартибли колонияларда ўташини белгилашни лозим топди.

Ҳаётда сўқир кўзи очилмайдиган, қилмишларидан тегишли хулоса чиқариб олишни хаёлига келтирмайдиган кимсалар ҳам учраб туради.

Хулоса ўрнида айтганда, жиноятга жазо муқаррар. Шундай экан, бебаҳо умрни эзгу ишларга бағишлаш, ҳаётда ўзидан яхши ном қолдиришга не етсин?!

ОЙБЕК ЖУМАНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди раиси

Сурхондарё вилоят судларига ишга кириш истаги бўлган номзодлар учун

Э Ъ Л О Н

Сурхондарё вилоят суди, вилоят судларидаги бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар)га ишга қабул қилиш юзасидан танлов эълон қилади.

Бўш иш ўринлар (вакант лавозимлар):

Суднинг номиСудья ёрдамчисиДевонхона мудириАрхивариус
Жиноят ишлари бўйича Термиз шаҳар суди 1 
Жиноят ишлари бўйича Денов туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Жарқўрғон туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Қумқўрғон туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Сариосиё туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Ангор туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Узун туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Шеробод туман суди1  
Жиноят ишлари бўйича Шўрчи туман суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Термиз туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Қумқўрғон туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди1  
Фуқаролик ишлари бўйича Бойсун туман суди  1

Лавозим бўйича номзодга қўйилган талаблар:

а) Номзодлар юқори малакали, хорижий тилларни (қоида тариқасида) биладиган, вакант лавозим учун зарур билимга ва бенуқсон обрў-эътиборга эга олий юридик маълумотли Ўзбекистон Республикаси фуқароси бўлиши шарт.

Тақдим этиладиган ҳужжатларнинг рўйхати:

Ариза;

а) номзоднинг маълумотномаси ва яқин қариндошлари тўғрисида маълумотнома;

б) диплом (дипломдан кўчирма)нинг нусхаси, чет элда ўқиганлиги тўғрисида дипломга эса, диплом тан олинганлиги ва нострификация қилинганлигини тасдиқловчи гувоҳнома (агарда номзод олий таълим муассасасида ўқиётган бўлса, ўқиш жойидан маълумотнома);

в) номзоднинг паспорт нусхаси;

г) меҳнат дафтарчаси нусхаси (биринчи марта ишга кираётган шахслар бундан мустасно);

д) хорижий тилни билиш бўйича сертификат (мавжуд бўлса).

Боғланиш учун телефон рақами ва электрон почта манзили:

76-221-87-57             kadr.oliy@sud.uz

Сурхондарё вилоят суди кадрлар бўлими

СОБИҚ ҲАРБИЙ ХИЗМАТЧИГА МАЪНАВИЙ ЗАРАР УНДИРИБ БЕРИЛДИ

Даъвогар Шароф Аллаев (исм-фамилия ўзгартирилган) жавобгар Шўрчи  туман Молия бўлимига нисбатан судга даъво ариза билан мурожаат қилиб, аризасида ўзига нисбатан жиноят иши қўзғатилиб, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан айбдор деб топилганлиги, шундан сўнг мазкур суднинг ҳукмига нисбатан берилган апелляция шикоятига асосан Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанциясининг ҳукмига кўра, айбсиз деб топилиб оқланганлиги, анчадан буён терговма-тергов, судма-суд сарсон бўлганлиги, бўлиб ўтган ишлар натижасида ўн йил давомида қаттиқ руҳий тушкунликка тушганлиги, жисмоний ва руҳан азоб чекганлиги учун маънавий зарар кўрганлиги ҳамда ноҳақдан айбланганлиги натижасида зарар кўрганлигини баён этиб, ўзига етказилган моддий ва маънавий зарарни ундиришни сўраган.

Фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судига киритилган даъво аризаси юзасидан суд мажлисида тарафларнинг тушунтиришлари тингланиб, ишда тўпланган ҳужжатлар ва материалларни ўрганилиб, муҳокама ва таҳлил қилиниб, иш юзасидан қуйидаги асосларга кўра даъвогарнинг даъво аризасини қисман қаноатлантирилган.  

Хусусан, Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округ ҳарбий судининг ҳукмига асосан, Шароф Аллаев Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодекси 167-моддаси 1-қисми, 28,301-моддаси 1-қисми, 28,25,301-моддасининг 1-қисми билан айбдор деб топилиб, пул таъминотининг 20 фоизини давлат даромади ҳисобига ушлаб қолинган ҳолда 2 (икки) йил 6 (олти) ой муддатга хизмат бўйича чеклаш жазоси тайинланган.

Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди апелляция инстанцияси судлов ҳайъатининг 2023 йилдаги ҳукми билан Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи ҳарбий судининг ҳукмининг Шароф Аллаевга оид қисми бекор қилиниб, жиноят ишининг унга оид қисми тугатилиб, реабилитация этилган (оқланган).

Судлов ҳайъати ҳукми билан Шароф Аллаевга етказилган мулкий зиённи қоплаш ҳамда маънавий ва бошқа зиён оқибатларини бартараф қилиш юзасидан Жиноят-процессуал кодексининг 304-313-моддалари тартибида судга мурожаат этиш ҳуқуқига эга эканлиги тушунтирилган.

Аниқланишича, даъвогарга нисбатан ноҳақдан жиноят иши қўзғатилиб, айбсиз бўлган ҳолда суд ва тергов органларида сўроқ ҳамда кўрсатма бериш учун сарсон бўлганлиги, 2014 йилдан 2023 йил июль  ойига қадар судланганлик ҳолати билан юрганлиги, тергов ҳибсхонасида 15 кун қамоқда сақланганлиги, нотўғри айбланиши натижасида оиласида тинчлик йўқолганлиги, иқтисодий қийинчилик юзага келганлиги, соғлиги ёмонлашганлиги, моддий зарар кўрганлиги, руҳий тушкунликка тушганлиги ва бошқа ҳолатларни инобатга олиб, маънавий зарар кўрган деб баҳолаб, унинг маънавий зарар ундириш ҳақидаги даъво талабини муҳокама қилиб, даъвогарга озодликни чеклаш ёки озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ жазо тайинланмаганлиги, қамоқхонада узоқ муддат сақланмаганлиги, жамиятдан ва оиласидан бутунлай ажралиб қолмаганлиги, жамият орасида шаъни ва қадр-қиммати камситилганлиги, ишдан ёки турар жойдан ва бошқалардан маҳрум бўлмаганлигини инобатга олиб, даъвони қисман қаноатлантириб, жавобгар Шўрчи туман Молия бўлими орқали давлат бюджетидан 60.000.000 сўм маънавий зарар ундирилган.

Мазкур биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорига нисбатан жавобгар Сурхондарё вилоят Иқтисодиёт ва молия бош бошқармаси томонидан келтирилган апелляция шикояти Сурхондарё вилоят суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанцияси томонидан кўриб чиқилиб, фуқаролик ишлари бўйича Денов туманлараро судининг ҳал қилув қарори ўзгаришсиз, келтирилган апелляция шикояти қаноатлантирилмасдан қолдирилган.

Хулоса қилиб айтганда, судлар инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади ҳамда бу каби низоларни судларда кўрилишида қонуний, асосли ва адолатли ҳал этилишини таъминлайди.

НУРАЛИ МУМИНОВ,

Фуқаролик ишлари буйича Денов туманлараро суди судьяси

ҚОНУНЧИЛИК ТАШАББУСИ ҲУҚУҚИ СУБЪЕКТЛАРИ

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига Ўзбекистон Республикаси Президенти, давлат ҳокимиятининг олий вакиллик органи орқали Қорақалпоғистон Республикаси, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси эга. Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди, Олий суди ва Бош прокурори ҳам ўз ваколатлари жумласига киритилган масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эгадир.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи қонун лойиҳасини қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикасининг сайлов ҳуқуқига эга бўлган, юз минг нафардан кам бўлмаган фуқаролари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси қонунчилик таклифларини қонунчилик ташаббуси тартибида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига киритишга ҳақли.

Қонун лойиҳаларини, қонунчилик таклифларини киритиш ва кўриб чиқиш тартиби қонун билан белгиланади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилиниб, Сенат томонидан маъқулланиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан имзолангач ва қонунда белгиланган тартибда расмий манбаларда эълон қилингач, юридик кучга эга бўлади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси томонидан қабул қилинган қонун қабул қилинган кундан эътиборан ўн кундан кечиктирмай Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатига юборилади.

Қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан олтмиш кун ичида кўриб чиқилади ва маъқулланган тақдирда, имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига ўн кундан кечиктирмай юборилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати қонунни маъқуллаш ёки рад этиш тўғрисида олтмиш кун ичида қарор қабул қилмаса, Қонунчилик палатаси томонидан қонун имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни олтмиш кун ичида имзолайди ва эълон қилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Агар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда Қонунчилик палатаси депутатлар умумий сонининг учдан икки қисмидан иборат кўпчилик овози билан қонунни яна маъқулласа, қонун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан қабул қилинган ҳисобланади ҳамда имзоланиши ва эълон қилиниши учун Ўзбекистон Республикаси Президентига Қонунчилик палатаси томонидан юборилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан рад этилган қонун юзасидан Қонунчилик палатаси ва Сенат юзага келган келишмовчиликларни бартараф этиш учун Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари орасидан тенглик асосида келишув комиссиясини тузиши мумкин. Палаталар келишув комиссияси таклифларини қабул қилганда қонун одатдаги тартибда кўриб чиқилиши керак.

Ўзбекистон Республикаси Президенти қонунни ўз эътирозлари билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига қайтаришга ҳақли.Қонунларнинг ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг эълон қилиниши улар қўлланилишининг мажбурий шартидир.

ШУКРУЛЛО ҒОЗИЕВ,

Қумқўрғон туманлараро иқтисодий суди судьяси

ЎҒИРЛИКНИНГ АЯНЧЛИ ОҚИБАТИ

Жарқўрғон туманида яшовчи фуқаро Мавлонов Бахром (исм, фамилияси ўзгартирилган) муқаддам 5 маротаба, шу жумладан ўғирлик жиноятлари учун судланиб, жазо ўтаб чиққан, Жиноят Кодексининг 34-моддасига асосан ўта хавфли рецидивист деб топилган бўлса-да, ўзига тегишли хулоса чиқармади.

Бахром Мавлонов ўта хавфли рецидивист бўлгани ҳолда, ўғирлик жиноятини содир қилиб, текин бойлик орттириш мақсадида 2022 йил 9 май куни соат 09:30 ларда Термиз тумани ҳудудидаги хусусий корхона биносига кириб, хусусий корхона раҳбари хонасидан 8.800.000 сўм пулларни яширин равишда талон-торож қилиб, ҳодиса жойидан яширинган.

Жиноят ишлари бўйича Термиз туман судининг ҳукмига кўра, Мавлонов Бахромга Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 169-моддаси 4-қисми “б” банди билан 8 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.

Суд ҳукмига нисбатан Бахром Мавлонов томонидан келтирилган апелляция шикоятига асосан иш Сурхондарё вилоят суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясида кўриб чиқилиб, суд томонидан адолатли жазо тайинланиб, асосли ҳамда қонуний тўхтамга келинганлиги сабабли унинг апелляция шикояти қаноатлантирмасдан, суд ҳукми ўзгаришсиз қолдирилди.

Хулоса шуки, қонун устувор ва жазо муқаррар.

МУХИДДИН МАЛИКОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

СУДДА ФУҚАРОНИНГ УЙ-ЖОЙДАН ФОЙДАЛАНИШ БИЛАН БОҒЛИҚ НИЗОСИ КЎРИБ ЧИҚИЛДИ

Судга даъвогар Назира Нориева (исм фамилия ўзгартирилган) мурожаат қилиб, жавобгар Бахром Буриев  билан  қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қуришганлигини, ўрталарида бир нафар фарзанди бор эканлигини, турмуш ўртоғи ва уйидагилари ҳеч бир асоссиз фарзанди билан чиқариб юборганлигини, ҳозирги кунда фарзанди билан  акасининг уйида яшаб келаётганлиги учун суддан ўзини ва фарзанди келин бўлиб борган уйга мажбурий тартибда киритиб қўйишни сўраган.

 Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси                                 1-қисмига кўра, Уй, квартира мулкдорининг оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар, агар уларни кўчириб келган пайтда ёзма равишда бошқа ҳол қайд этилган бўлмаса, уйдаги, квартирадаги хоналардан мулкдор билан тенг фойдаланишга ҳақлидирлар. Улар мулкдор берган турар жойга ўзларининг вояга етмаган фарзандларини кўчириб киритишга ҳақлидирлар, оиланинг бошқа аъзоларини эса, уй, квартира мулкдорининг розилиги билангина кўчириб киритишлари мумкин. Бу шахслар уй, квартиранинг, мулкдори билан оилавий муносабатларни тугатган тақдирда ҳам уларда турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи сақланиб қолади. Уй, квартиранинг мулкдори билан унинг собиқ оила аъзолари, шунингдек у билан доимий яшаётган фуқаролар ўртасида турар жойдан фойдаланиш тартиби тарафлар келишуви билан белгиланади.

Шу модданинг 2-қисмида, турар жой мулкдорининг оила аъзолари деб у билан доимий бирга яшаётган хотини (эри) ва уларнинг фарзандлари тан олинади. Эр-хотиннинг ота-онаси, шунингдек мулкдор билан доимий яшаётган оилали фарзандлари, агар илгари бу ҳуқуққа эга бўлмаган бўлсалар, фақат ўзаро келишувга биноан мулкдорнинг оила аъзоси деб тан олинишлари мумкин – деб белгиланган.

Даъвогар низоли уйга кўчириб киритилган ва рўйхатга қўйилиши вақтида унинг ушбу уй-жойдан фойдаланиш тартиби ва чиқиб кетиш шартларини ёзма равишда қайд этган ҳолда келишиб олмаган.

Даъвогар  вояга етмаган фарзанди билан низоли уйдан Ўзбекистон Республикаси Уй-жой кодексининг 32-моддаси талабларига кўра, фойдаланишга ҳақли.

Шу сабабли суд, Назира Нориева ва унинг вояга етмаган бир нафар фарзанди билан уйига мажбурий тартибда киритиб қўйиш ҳақида ҳал қилув қарори қабул қилиниб, Назира Нориеванинг ҳуқуқлари тикланди.

ЗАРИФ ХЎЖАМУРОТОВ,

Сурхондарё вилоят суди судьяси

ЕР УЧАСТКАСИНИ ЎЗБОШИМЧАЛИК БИЛАН ЭГАЛЛАБ ОЛГАН ШАХСГА СУД ҲУКМИ ЎҚИЛДИ

Ер-ризқ рўз манбаидир. Ўзбекистон Республикаси Ер кодексининг 16-моддасида “Ер умуммиллий бойликдир, ундан оқилона фойдаланилиши лозим ва у давлат томонидан муҳофаза этилади деб белгилаб қўйилган. Шунингдек, ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан амалга оширилган ер участкалари олди-сотдиси, уларни ҳадя қилиш, гаровга қўйиш (ер участкасига мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқини, шу жумладан ким ошди савдоси асосида олинган шундай ҳуқуқни, шунингдек ер участкасини ижарага олиш ҳуқуқини гаровга қўйиш бундан мустасно), ер участкаларини ўзбошимчалик билан айирбошлаш ҳақиқий эмас деб ҳисобланади. Бундай битимларни амалга оширишда айбдор шахслар қонунга биноан жавобгар бўладилар.

Энди эса бир жиноят тавсилотига тўхталсак.

Жумладан, Равшан Эрназаров (исм-фамилия ўзгартирилган) Бандихон тумани худудида жойлашган, ижара шартномаси асосида рахбарлик қилиб келаётган «А.А» боғдорчилик фермер хўжалиги қишлоқ хўжалиги харитасининг суғориладиган экин ер майдонининг 0,01 гектар ер майдонини ноқонуний равишда эгаллаб олиб, ушбу 0,01 гектар ер майдонига 2023 йилда нотурар жой молхона биносини қуриб, қурилиш ишларини амалга оширган ҳолда қишлоқ хўжалигига 9.915.811 (тўққиз миллион тўққиз юз минг ўн беш минг саккиз юз ўн бир) сўм миқдорида зарар етказганлиги аниқланган.

Равшан Эрназаров ўзининг бу ҳаракати билан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 2291-моддаси 2-қисмида назарда тутилган жиноятни қасддан содир этган.

Бу ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 6 августдаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-6243-сонли Фармони талабларига риоя қилинмаган.

Судда судланувчининг жиноят содир этганликдаги айби, ўзининг айбига иқрорлик билдириб берган суддаги кўрсатуви, дастлабки тушунтириш хатлар, унинг терговдаги ва суддаги кўрсатувлари ҳамда ишда тўпланган бошқа далиллар йиғиндиси билан тўлиқ ўз тасдиғини топган.

Шу каби, суд томонидан Равшан Эрназаровга нисбатан жазо тури ва меъёрини белгилашда Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг 2006 йил 3 февралдаги “Судлар томонидан жиноят учун жазо тайинлаш амалиёти тўғрисида”ги 1-сонли Қарорининг 1-бандида судларнинг эътибори жиноят учун жазо тайинлашда қонунийлик, инсонпарварлик, одиллик ва жавобгарликнинг муқаррарлиги принципларига қатъий амал қилиб, унга нисбатан тегишли жазо турини тайинлади.

Хулоса шуки, ўзбошимчалик билан эгалланган ер бир қатор салбий оқибатларга олиб келганлиги билан бир қаторда, унга суд томонидан жазо муқаррарлиги таъминланди.

МУРОТАЛИ АБДИМУМИНОВ,

Жиноят ишлари бўйича Бандихон туман суди раиси

Skip to content