УЙ-ЖОЙДАН УЛУШ АЖРАТИШ ҲАҚИДАГИ ДАЪВО СУДДА КЎРИБ ЧИҚИЛДИ
Маълумки, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 23-моддаси
1-қисмида, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланиши белгиланган.
Шунингдек, ушбу кодекснинг 28-моддаси 1-қисми талабига кўра, “Эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланади” дейилган.
Даъвогар Махмуд Маликов даъво ариза билан судга мурожаат килиб, даъво аризасида жавобгар Муниса Ярашева билан 1977 йилда қонуний никоҳдан ўтган ҳолда турмуш қурганлиги, ўрталарида 3 нафар фарзандлари борлиги, оилавий келишмовчиликлар сабабли 1994 йилдан буён бирга яшамаслиги, қонуний никоҳдан ажрашганлиги, бирга яшаган даврида Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй-жойни биргаликда олганлигини, уй-жой Муниса Ярашева номига расмийлаштирилганлиги, ҳозирда уй-жойдан улушини ўзаро келишган ҳолда олишнинг имкони бўлмаётган сабабли мазкур уй-жойдан улушини ажратиб беришни сўраган.
Ушбу даъво аризаси фуқаролик ишлари бўйича Сариосиё туманлараро суди 2023 йилда кўриб чиқилиб, даъвогарнинг даъво аризаси қаноатлантиришдан рад этиш ҳақида ҳал қилув қарори чиқарилган.
Аниқланишича, тарафлар ўзаро қонуний никоҳга кириш вақтида ёки ундан кейин ҳам никоҳ шартномаси тузишмаган.
Гарчанд, суд мажлисидаги тушунтиришида низоли уй тарафларнинг никоҳлари давомида орттирилган умумий мулк ҳисобланишлиги ҳақида важ келтирилсада, суд даъвогарнингдаъво талабида кўрсатилган Узун тумани Янгирўзғор қишлоғида жойлашган уй тарафларнинг умумий мулки ҳисобланганлигини эътироф этган ҳолда, даъвогар Махмуд Маликов жавобгар Муниса Ярашева билан суднинг 2016 йилдаги ҳал қилув қарорига асосан қонуний никоҳдан ажралган сўнг, Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 27-моддаси 9-қисми талабига мувофиқ уч йил давомида мол-мулк бўйича низолашмаганлиги, суд қарорлари билан даъвогарга мол-мулк низоси бўйича умумий тартибда судга мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилганлиги, бироқ, даъвогар томонидан қонун билан белгиланган муддат узрсиз сабабларга кўра ўтказиб юборилганлигини инобатга олиб, унинг келтирган важлар билан келишмаслиги аниқланган.
Туманлараро судида ишдаги ҳужжатларни тўлиқ ўрганиб ҳамда муҳокама қилиб, даъвогарнинг даъво талаби қаноатлантиришдан рад этилган ва даъвогар томонидан суднинг ҳал қилув қарорига нисбатан апелляция тартибида шикоят келтирган.
Судлов ҳайъати томонидан апелляция шикояти асосида фуқаролик иши кўриб чиқилиб, аниқланган иш ҳолатлар ва амалдаги қонун талабларига кўра, апеляция шикоятидаги важлар биринчи босқич судининг ҳал қилув қарорини бекор қилиш ёки ўзгартириш учун асос бўлолмаслиги боис, суднинг ҳал қилув қарорини ўзгаришсиз, берилган апелляция шикоятни қаноатлантирмасдан қолдирилган.
Хулоса ўрнида айтиш лозимки, қонунчилигимизда эр ва хотиннинг умумий мол-мулкини бўлишда ҳамда уларнинг шу мол-мулкдаги улушларини аниқлашда, агар эр ва хотин ўртасидаги никоҳ шартномасида бошқача ҳол назарда тутилмаган бўлса, эр ва хотиннинг улушлари тенг деб ҳисобланиши белгиланган.
Дилором Алмуратова
Сурхондарё вилоят суди судьяси