МАНФААТЛАР ТЎҚНАШУВИ НИМА ВА УНИ ТАРТИБГА СОЛУВЧИ ОРГАН ҚАЙСИ?

Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан 2024 йилнинг 5 июнь кунида манфаатлар тўқнашуви тўғриисдаги қонун имзоланди ушбу қонуннинг мақсади манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солишдан иборатдир.
Манфаатлар тўқнашуви — шахснинг шахсий (бевосита ёки билвосита) манфаатдорлиги унинг ўз лавозим ёки хизмат мажбуриятларини лозим даражада бажаришига таъсир кўрсатаётган ёхуд таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ҳамда шахсий манфаатдорлик билан фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг ҳуқуқлари, қонуний манфаатлари ўртасида қарама-қаршилик юзага келаётган (мавжуд манфаатлар тўқнашуви) ёки юзага келиши мумкин бўлган (эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви) вазият;
Ушбу қонун Ўзбекистон Республикасида муҳим аҳамиятга эга бўлиб қонун билан қуйидаги соҳалар тартибга солинади яъни ушбу қонуннинг амал қилиши давлат органларига ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, давлат муассасаларига, давлат унитар корхоналарига, давлат мақсадли жамғармаларига, шунингдек устав фондида (устав капиталида) давлат улуши 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган акциядорлик жамиятларига (бундан буён матнда давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар деб юритилади) нисбатан татбиқ этилади.
Ушбу Қонуннинг амал қилиши:
-ўз устав фондида (устав капиталида) давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан;
-ўз устав фондида (устав капиталида) ушбу модда учинчи қисмининг иккинчи хатбошисида кўрсатилган ташкилотларнинг улуши жами 50 фоиз миқдорда ва ундан ортиқ бўлган юридик шахсларга нисбатан фақат уларнинг давлат харидлари соҳасидаги муносабатларига татбиқ этилади.
Ушбу қонун билан Ўзбекистон Республикасининг Коррупцияга қарши курашиш агентлиги манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги махсус ваколатли давлат органи эканлиги белгиланган ва унга қуйидаги ваколатлар берилган.
-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ахборотни ва материалларни давлат органларидан ёки бошқа ташкилотлардан сўраб олади ва ўрганади;
-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштиради;
-давлат органларининг ёки бошқа ташкилотларнинг манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш соҳасидаги фаолиятини, шу жумладан жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари асосида ўрганади;
-манфаатлар тўқнашуви билан боғлиқ ҳолатлар аниқланганда, битимни бекор қилиш, қарорни ҳамда бошқа ҳужжатни ўзгартириш ёки бекор қилиш тўғрисида давлат органларига ёки бошқа ташкилотларга тақдимнома киритади ёхуд уларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақида судга даъво киритади;
-манфаатлар тўқнашувини ҳисобга олиш реестрининг, мавжуд манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги хабарноманинг ҳамда эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги декларациянинг намунавий шаклларини тасдиқлайди;
-давлат органлари ёки бошқа ташкилотлар учун манфаатлар тўқнашувини тартибга солиш бўйича услубий тавсияларни эълон қилади;
-манфаатлар тўқнашуви натижасида фуқароларнинг, ташкилотларнинг, жамиятнинг ёки давлатнинг манфаатларига етказилган зарарнинг ўрни тўлиқ қопланишига эришилиши устидан назоратни амалга оширади;
-махсус бўлинмалар ходимларининг тизимли равишда малакасини оширишни, уларда тегишли кўникмаларни шакллантиришга қаратилган ўқитишни ташкил этади;
-маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги қонунчиликка мувофиқ манфаатлар тўқнашуви тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этмаганлик билан боғлиқ маъмурий ҳуқуқбузарлик ҳақида баённомани тузади ва уни кўриб чиқиш учун судга юборади.
Махсус ваколатли давлат органи қонунчиликка мувофиқ бошқа ваколатларни ҳам амалга ошириши мумкин.
СОХИБ РАХИМОВ,
Сурхондарё вилоят суди судьяси